Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жанубий Кореяга амалга оширган давлат ташрифи нафақат сиёсий ва иқтисодий доираларда, балки шу ўлкада яшаб, фаолият юритаётган ватандошларимиз қалбида ҳам чуқур акс-садо берди.
Сеул шаҳрида ватандошлар билан ўтган самимий учрашув ташрифнинг муҳим воқеаларидан бири бўлди.
Бугунги кунда Корея Республикасида 110 мингга яқин Ўзбекистон фуқароси, жумладан, 20 мингга яқин талаба-ёшлар истиқомат қилмоқда. Ушбу учрашувда давлатимиз раҳбари хорижда билим ва тажриба орттираётган биз, ёшларга катта ишонч билдириб, янги ғоялар, улкан салоҳият билан Ватан равнақига ҳисса қўшишга чорлади. Энг муҳими, она юртдан олисда бўлсак-да, давлат ва халқимиз эътиборидан четда эмаслигимизни яна бир карра чуқур ҳис қилдик. Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги бугунги дўстлик ва ҳамкорлик ришталари эса биз, ёшлар учун катта имкониятлар эшигини очаётганини ҳам таъкидлаб ўтмоқ ўринлидир.
Ташриф давомида икки томонлама муносабатларни мутлақо янги босқичга олиб чиқувчи салмоқли ташаббуслар илгари сурилди. Фан, таълим, замонавий технологиялар ва сунъий интеллект соҳаларида Ўзбекистон – Корея ҳамкорлигини янада ривожлантириш бўйича муҳим келишувларга эришилди. Бугунги кунда икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар жадал ривожланаётган бир пайтда, келгусида сунъий интеллект, ярим ўтказгичлар, робототехника, электр транспорти, биофармацевтика, “ақлли қишлоқ хўжалиги” ва “ақлли шаҳарлар” каби юқори технологик йўналишларда ўзаро алоқаларни кучайтириш кўзда тутилмоқда.
Ҳар қандай илғор технология уни ўзлаштирадиган ва янада такомиллаштирадиган билимли мутахассис мавжуд бўлгандагина тараққиёт омилига айланади. Шу сабабли ўзаро музокараларда таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида урғу берилгани бежиз эмас.
Умуман олганда, Жанубий Корея тажрибасини ўрганган ҳолда, мамлакатимизда юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш асосий мақсад этиб белгиланди. Бундай кенг кўламли ҳамкорликнинг марказида, табиийки, инсон капиталини ривожлантириш ғояси турибди.
Давлат ташрифи нафақат иқтисодий шартномалар, балки келажак авлод омилини давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлантиргани билан тарихда қоладиган бўлди, десак адашмаймиз.
Маржона ҚИЁМОВА,
Жанубий Кореянинг Ёнсеи университети магистранти,
Ўзбекистон ХДП ёшлар фаоли.
