Мустақиллик — халқимиз учун эркин ва фаровонҳаёт, миллий қадриятларимиз, ўз тақдиримиз ва келажагимизни ўз қўлимиз билан белгилаш имкониятини берган буюк неъмат. Бу неъматнинг қадри ва беқиёс аҳамиятини яна бир бор чуқур англаган ҳолда, бу йил Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллигини эзгу мақсадлар билан муносиб кутиб олмоқдамиз. Ўзбекистон Халқ демократик партияси депутатлари ҳам барчамиз учун бирдек қадрли айём муносабати билан жойларда амалга оширилаётган ишлар, мустақилликни асраш масъулияти ва юртдошларимизнинг байрам арафасидаги кайфияти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Муқаддас ЎРОЗАЛИЕВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:
– Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, эришилаётган натижалар ва олдимизда турган вазифалар ҳақида мушоҳада юритиш айни муддао. Мустақиллик — шунчаки тарихий сана ёки ҳуқуқий мақом эмас, балки инсоннинг эркин ва муносиб ҳаёт кечириши учун яратилган имкониятдир.
Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда ислоҳотлар марказига инсон, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари қўйилди. Давлат бошқаруви, таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, бандлик ва камбағалликни қисқартириш соҳаларидаги ўзгаришларнинг замирида эса инсон қадрини юксалтириш, халқ фаровонлигини таъминлаш ғояси мужассам.
2023 йил 30 апрелда ўтказилган умумхалқ референдумида янги таҳрирдаги Конституцияни фуқароларнинг 90,21 фоизи қўллаб-қувватлагани ҳам халқимизнинг мамлакат тараққиётининг янги босқичига бўлган ишончини намоён этди. Янги таҳрирдаги Конституциянинг 1-моддасида Ўзбекистон ижтимоий давлат сифатида белгилаб қўйилди.
“Ижтимоий давлат” тушунчаси инсон ҳаётнинг турли мураккаб вазиятларида ёлғиз қолмаслиги, унинг асосий ҳуқуқ ва имкониятлари таъминланиши учун зарур шароит яратилишини англатади. Бу фақат моддий ёрдам ёки нафақа билан чекланмайди. Сифатли таълим ва тиббий хизмат, муносиб меҳнат, ижтимоий таъминот, уй-жой ва замонавий турмуш шароитларини таъминлаш ҳам ижтимоий давлатнинг муҳим вазифаларидир.
Бу борада ижтимоий ҳимоя тизимини инсонга яқинлаштириш, маҳалла институти имкониятларидан самарали фойдаланиш тажрибаси ўзини ҳар томонлама оқламоқда. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилиши, маҳаллаларда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари фаолиятининг йўлга қўйилиши эҳтиёжманд оилаларга ёрдамни манзилли ташкил этиш имконини кенгайтирди. Асосийси, инсон муаммоси ортидан идорама-идора юриши эмас, балки унинг эҳтиёжи жойида аниқланиб, зарур кўмак кўрсатилишига эътибор кучаймоқда.
Ижтимоий давлат барпо этишда камбағалликни қисқартириш долзарб йўналишлардандир. Бир марталик ёрдам инсонни қийин вазиятдан чиқариши мумкин, аммо барқарор натижага эришиш учун унга меҳнат қилиб, доимий даромад топиш имкониятини яратиш зарур. Шу боис аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини касб-ҳунарга йўналтириш, бандликни таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, имтиёзли кредитлар ажратиш каби чоралар камбағалликни қисқартиришнинг самарали механизмларига айланмоқда.
Инсон капиталига инвестиция киритиш ҳам ижтимоий давлат олдидаги устувор шартлардан бири. Шу нуқтаи назардан сўнгги йилларда мактабгача таълим қамрови 78 фоизга, олий таълимда эса бу кўрсаткич 47,7 фоизга етиши таълим соҳасидаги ўзгаришлар кўламини кўрсатади. Бу эса ёш авлоднинг билим олиши, касб эгаллаши ва жамиятда муносиб ўрин топиши учун янги имкониятлар яратилаётганидан далолат беради. Соғлиқни сақлаш тизимида сифатли тиббий хизматни халққа яқинлаштириш, бирламчи тиббий ёрдамни кучайтиришга қаратилган жадал суръатдаги ишларни мамнуният билан эътироф этиш мумкин.
Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида эришилган натижалар билан бир қаторда, олдимизда турган вазифаларни ҳам теран англашимиз зарур. Бугун эҳтиёжманд оилага ёрдам бериш муҳим бўлса, эртага унинг барқарор даромад манбаига эга бўлишини таъминлаш ҳаётий заруратдир. Бугун болани таълим билан қамраб олиш вазифаси турган бўлса, эртага унга сифатли ва замонавий билим бериш масаласи долзарб аҳамият касб этади.
Шу маънода, мустақилликнинг ҳақиқий мазмуни инсон ҳаётида намоён бўлади. Уни асраш ва мустаҳкамлашнинг энг ишончли кафолати эса ҳар бир фуқаронинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлашдан иборат.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги барчамизга тинчлик, осойишталик, эзгу ниятлар ва янги ютуқлар олиб келсин.
Шоҳруҳ ЎКТАМОВ, Ўзбекистон ХДП Фарғо на вилоят кенгаши раиси, Олий Мажлис Қо нунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти раиси ўринбосари:
– Янги дунёда “суверенитет” тушунчасининг ўзи ҳам ўзгариб бормоқда. Бугунга келиб рақамли инфратузилма, киберхавфсизлик, сунъий интеллект соҳасидаги салоҳият, энергетик барқарорлик ва инсон капитали давлат мустақиллигининг муҳим устунларига айланмоқда. Бошқача айтганда, замонавий давлатлар ўзининг рақамли платформалари, интеллектуал ресурслари ва инновацион экотизими орқали суверенитетини намоён этишга ҳаракат қилаётир. Шу боис мамлакатимизда ҳам 2030 йилгача рақамли давлат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари мустақилликнинг янги мазмунини ифода этмоқда.
Ўзбекистон аҳолиси бугунга келиб 38 миллиондан ошди. Эндиликда демографик ўсиш ўз-ўзидан устунлик бермайди. Агар ёшларимиз билимли бўлса, бу келажакка дивиденд демакдир. Қолаверса, Ўзбекистоннинг географик жойлашуви эмас, геостратегик имкониятларимиз, Марказий Осиёни боғловчи транспорт ва логистика йўлаклари, минтақавий ҳамкорлик ташаббуслари, савдо ва инвестициялар учун очиқ муҳит мамлакатимизни Евроосиё маконида муҳим мулоқот майдонига айлантирмоқда.
Асрлар давомида Буюк Ипак йўли чорраҳасида шаклланган бағрикенглик, турли маданият ва дин вакилларининг тинч-тотув яшаш тажрибаси бугун глобал зиддиятлар кучайиб бораётган бир даврда алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Инсон капиталига таянадиган тараққиёт модели асносида ёшлар таълимига, замонавий касбларга, рақамли иқтисодиётга, илм-фан ва инновацияга йўналтирилаётган инвестициялар мамлакатнинг энг муҳим стратегик сармояси ҳисобланади. Келажакда Ўзбекистоннинг асосий экспорт маҳсулоти хомашё эмас, билим, технология ва малакали кадрлар бўлиши учун ҳаракат қилинмоқда.
Кейинги йилларда амалга оширилаётган институционал, иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришлар мамлакатни очиқлик, рақобат ва фуқаролар манфаатларига хизмат қилувчи бошқарув тамойиллари асосида ривожлантиришга қаратилган. Ҳар бир давлатнинг тараққиёт йўли ўзига хос бўлса-да, самарали ислоҳотлар тажрибаси халқаро мулоқотнинг муҳим қисмига айланиши мумкин.
Шундай экан, мустақилликнинг бугунги мазмуни ўзгармоқда. Давлатнинг буюклиги фақат ўз муаммоларини ҳал қила олишида эмас, балки бошқалар учун ҳам қимматли ғоялар, ечимлар ва имкониятлар ярата олишида намоён бўлади. Бугун дунё Янги Ўзбекистонни ана шундай давлатлар сирасида эътироф эта бошлагани кишига ғурур бағишлайди.
Агар бугун тинч осмон остида яшаб, эркин фикр билдириб, фарзандларимиз келажагини ишонч билан режалаштираётган бўлсак, буларнинг ҳаммаси мустақиллик шарофатидан, албатта.
Буюк давлатлар, аввало, маънавий жиҳатдан кучли авлодни тарбиялаган халқлар қўлида барпо этилган. Шу боис фарзандларимизга мустақилликнинг қандай машаққатлар эвазига қўлга киритилганини, бу зиммамизга қандай масъулият юклашини тушунтиришимиз зарур. Ватанпарварлик оиладан бошланади, таълим муассасаларида мустаҳкамланади ва бутун жамиятда ҳаёт тарзига айланади.
Феруза РАҲИМОВА, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Самарқанд вилоят кенгаши депутатлик гуруҳи раҳбари:
– Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги — босиб ўтган тараққиёт йўлимизни сарҳисоб қилиш ва олдимизда турган янги мақсад ва вазифаларни белгилаб олиш учун ҳам ҳал қилувчи палла.
Бугун ён-атрофимизга разм солсак, мамлакатимизда амалга оширилаётган янги ислоҳотлар самараси ҳудудлар ҳаётида, маҳаллаларда, одамларнинг кундалик турмушида акс этаётганига гувоҳ бўламиз. Худди шундай, Самарқанд вилоятида ҳам иқтисодиёт, тадбиркорлик, инфратузилма, таълим, тиббиёт ва бошқа соҳалардаги янгиланишлар ҳудудларнинг салоҳиятини юксалтириш ва аҳоли учун қулай шароитлар яратишга хизмат қилмоқда. Ана шу ислоҳотларнинг бардавомлигини таъминлаш ва бунда халқнинг талаб ва истакларини эътиборга олишда депутатларнинг ўрни, масъулияти тобора ортиб бораётганини таъкидламоқ ўринлидир.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Самарқанд вилоят кенгашидаги депутатлик гуруҳи таркибида фаолият юритаётган биз, ўн нафар депутат биринчи галда сайловчилар билан очиқ мулоқот орқали уларнинг фикр-мулоҳазаларини доимий ўрганиб боришга ҳаракат қилмоқдамиз. Бу эса жойлардаги реал ҳолатдан бохабар бўлиш, муаммонинг сабабларини билиш ва уларнинг ечими бўйича тегишли ташкилотлар олдига аниқ масалаларни қўйишимизда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Аёнки, Самарқанд вилоятининг ҳар бир тумани ва шаҳри ўзига хос иқтисодий, ижтимоий ва меҳнат салоҳиятига эга. Шунинг учун ҳудудларни ривожлантиришда ягона ёндашув билан чекланиб қолмасдан, ҳар бир шаҳар ва туманнинг мавжуд имкониятларидан самарали фойдаланиш зарур.
Айниқса, маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш, кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, ёшларни замонавий касбларга йўналтириш борасида алоҳида ёндашувлар тақозо этилади. Бундай ёндашувларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ қилишда эса айнан депутатлар аҳоли ва давлат идоралари ўртасида кўприк вазифасини бажаради.
Бугунги кунда депутатлик гуруҳимиз учун асосий мақсад — халқ билан мулоқотни янада кучайтириш, сайловчилар мурожаатларини эътиборсиз қолдирмаслик, ҳудудлардаги долзарб масалаларни Кенгаш муҳокамасига олиб чиқиш ва уларнинг ижросини изчил назорат қилишдан иборат бўлмоқда. Айниқса, маҳаллаларда аҳолини қийнаётган масалаларни барвақт аниқлаш, уларни мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этиш, бюджет маблағларининг натижадорлигини ва ижтимоий аҳамиятини таъминлаш ҳар қачонгидан долзарб.
Мустақилликнинг энг муҳим қадриятларидан бири — инсоннинг ўз келажагига ишонч билан қараши, ўз фикрини эркин билдириши ва давлат эътиборини ҳис этишидир. Халқимизда ана шу ишончни мустаҳкамлаш эса ҳар бир депутатдан сидқидилдан меҳнат қилишни, масъулият ва амалий натижани талаб этади.
Умида НИШАНБЕКОВА, халқ депутатлари Янгиҳаёт туман Кенгаши депутати:
– Мустақиллик йилларида яратилган имкониятлар ва ҳар соҳадаги туб янгиланишларни мен депутат сифатида, аввало, ўз сайлов округим — 23-“Бинокор” ҳудудида рўй бераётган ўзгаришлар мисолида кўриб, ҳис этиб келяпман.
Янгиҳаёт — пойтахтимизнинг энг ёш ва жадал ривожланаётган тумани. Бугун одамларимизнинг талаби ҳам ўзгарган: улар ўз маҳалласи ободлигига бефарқ эмас, аксинча, бу жараёнда фаол иштирок этмоқда. Халқ вакили ўлароқ ана шу ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, аҳолини қийнаётган муаммоларни ўз вақтида кўтариб чиқиш ва уларнинг амалий ечимини таъминлашга интиламан.
Ҳудудимизда ишлаб чиқариш корхоналари кўплиги сабабли яшил майдонларни яратишни устувор вазифалардан бири сифатида белгилаганмиз. Бир неча йилдан буён “Менинг боғим” лойиҳасида аҳоли билан биргаликда иштирок этиб келмоқдамиз. Бундан ташқари, 750 миллион сўм маблағ жалб қилиниб, 1,5 гектар майдонда боғ барпо этилмоқда. Унда болалар майдончаси, ўриндиқлар ва пиёдалар йўлаклари ҳам ташкил этилади. Бу боғ маҳалламиз аҳолиси учун нафақат яшил ҳудуд, балки дам олиш ва фарзандларимиз учун қулай маскан бўлади.
Фаолиятимнинг 33 йилдан ортиқ даври таълим тизими билан боғлиқ. Шунинг учун мактаб ва ёшлар масаласи мен учун алоҳида аҳамиятга эга. Янги ўқув йили арафасида ҳудудимиздаги таълим муассасаларининг тайёргарлик ҳолатини ўргандик. Жумладан, ўзим учун қадрдон бўлган 292-сонли мактабда бўлиб, иссиқлик қувурларини таъмирлаш ишлари ва ўқувчилар хавфсизлиги билан боғлиқ масалаларни кўздан кечирдик. Мактаб кутубхонаси дарсликлар билан тўлиқ таъминланганми-йўқми, бу масалалар ҳам диққат
марказимизда бўлди. Айни пайтда ўқувчилар сони кўпайиб, синф хоналари етишмаётгани сабабли мактабга қўшимча бино қуриш масаласи устида ишлаяпмиз.
Бугун одамлар биздан баландпарвоз ваъдаларни эмас, аниқ натижани кутади. Биз, халқ вакиллари бу ҳақиқатни унутмасак, бас. Яна шунда ислоҳотлар самарасини одамлар ўз ҳаётида сеза бошлайди.
Мустақилликнинг энг катта қадри ҳам шунда — инсон ўз ҳаёти, маҳалласи ва юрти келажагига дахлдор эканини ҳис қилиб яшайди. Обод маҳалла, яшил боғ, хавфсиз мактаб ва фаровон хонадонлар ана шу улуғ неъматнинг ёрқин маҳсулидир.
“Ўзбекистон овози” мухбири Фарида МАҲКАМОВА ёзиб олди.
