Uncategorized

МАЪНАВИЯТ – ЖАМИЯТ ҲАЁТИНИНГ ЖОНИ ВА РУҲИ

Blog Image
Email : 10 0

Мамлакатимизда миллий қадриятларни асраш, тарихий хотирани уйғотиш ва маънавий-маърифий соҳани тубдан янги босқичга олиб чиқиш борасида асрларга татигулик ишлар амалга оширилганигагувоҳ бўламиз. Айниқса, кейинги йилларда маънавиятни жамиятни ҳаракатлантирувчи кучга, ислоҳотларнинг энг таъсирчан ва қудратли қуролига айлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланди.

Бугун Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, халқ манфаатларини таъминлаш ва маънавий тараққиётни мустаҳкамлаш давлатимиз мустақиллигининг бош кафолати бўлиб хизмат қилмоқда. Бу борада Президентимизнинг “Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир”, деган чуқур маъноли, фалсафий концепцияси юртимиздаги барча янгиланишларнинг туб мазмун-моҳиятига айланди. Мазкур улуғвор ғоя мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳаётбахш кучини ифода этади. Иқтисодий ва технологик тараққиёт қанчалик муҳим бўлмасин, у маънавий ба ркамоллик, инсоний фазилатлар ва миллий қадриятларга таянмаса, жамиятда барқарор юксалишни ҳамда келажак авлод осойишталигини таъминлай олмайди.

Миллий қадриятлар — халқнинг кўп асрлик тарихи, урф-одатлари, анъаналари, она тили, муқаддас дини, бой маданияти ва маънавий меросини ўзида мужассам этган беқиёс бойликдир. Буюк аждодларимиз ҳам жамият ва давлат тараққиётида маънавиятнинг ҳал қилувчи ўрнига алоҳида эътибор қаратганлар. Хусусан, шарқнинг буюк мутафаккири Абу Наср Форобий: “Инсон камолоти жамият камолоти билан чамбарчас боғлиқдир”, дея таъкидлаган бўлса, сўз мулкининг султони, ҳазрат Алишер Навоий: “Одамий эрсанг, демагил одами, Ониким йўқ халқ ғамидин ғами”, деб инсонпарварлик, эл-юрт дарди билан яшаш ва жамият олдидаги масъулият ғояларини юксак даражага кўтарган.

Янги Ўзбекистонда ана шу буюк маънавий мерос давлат ва жамият тараққиётининг муҳим таянчи сифатида намоён бўлмоқда. Кейинги йилларда юртимизда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, китобхонлик маданиятини юксалтириш ҳамда аҳоли, айниқса, ёш авлод ўртасида ёт ғояларга қарши мустаҳкам маънавий иммунитетни шакллантириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бу борадаги ишлар фақат тарғибот ва тадбирлар билан чекланиб қолаётгани йўқ. Маънавий-маърифий муҳитни яхшилаш, айниқса, ёшларни китоб, илм ва ижодга кенг жалб этишга қаратилган лойиҳалар тобора оммавий ва тизимли тус олмоқда. Жумладан, “Ёш китобхон” танлови орқали 2017–2025 йиллар давомида 4,7 миллиондан ортиқ ёшлар бадиий тафаккур ва салоҳиятини синовдан ўтказди. “Мутолаа” лойиҳаси доирасида эса 3 миллион нафар ёш қамраб олиниб, 1 827 та аудио ва 2 382 та электрон китоб яратилган. Бу рақамлар китобхонликни оддий маърифий тадбирдан ёшларнинг кундалик интеллектуал эҳтиёжига айлантиришга қаратилган ёндашув шаклланаётганини кўрсатади.

Айниқса, китобхонликни оила муҳитига олиб киришга қаратилган ташаббуслар эътиборга молик. “Ёш китобхон оила” танлови бу борада ота-онанинг шахсий намунаси ва оилавий мутолаанинг тарбиявий аҳамиятини кучайтиришга хизмат қилмоқда. 2025 йилги мавсумда танловда 96 мингдан ортиқ ёш оила иштирок этгани, 2026 йил март ойида эса республика босқичи ғолиблари тақдирлангани лойиҳанинг кенг жамоатчиликка сингиб бораётганидан далолат беради.

Китобларнинг мазмун ва сифат жиҳатидан бойитилаётгани ҳам муҳим. “Ёшлар учун минг китоб” лойиҳаси доирасида жаҳоннинг сара илмий-оммабоп асарларини ўзбек тилига таржима қилиш йўлга қўйилди. 2025 йилда 27 номдаги китоб 81 минг нусхада чоп этилиб, олий таълим муассасалари, кутубхоналар ва бошқа таълим муассасаларига етказилди. 2026 йилда яна 60 та китобни ўзбек тилига таржима қилиш режалаштирилган. Бу ташаббус ёшларнинг миллий адабиёт билан бир қаторда замонавий илм-фан ва жаҳон тафаккури намуналаридан баҳраманд бўлиши учун имкониятларни кенгайтирмоқда.

Эътиборли жиҳати шундаки, китобхонликни тарғиб қилиш усуллари ҳам замон талабларига мослашмоқда. “Китоб карвони” каби ташаббуслар орқали китоблар мактаб, кутубхона ва маҳаллаларга етказилмоқда, электрон ва аудио форматлардан фойдаланиш кенгаймоқда. Айрим ҳудудларда эса уюшмаган ёшларни ҳам жараёнга жалб этиш мақсадида “Сайёр кутубхона”, китоб тақдимотлари, адабий кечалар ва мутолаа мусобақалари ташкил этилмоқда.

Шу билан бирга, маънавий-маърифий ишларнинг мазмунини янгилаш ва уларнинг самарадорлигини баҳолашга ҳам эътибор кучаймоқда. 2025 йилдан давлат идораларида маънавий-маърифий ишлар ҳолатини аниқ мезонлар асосида баҳолаш, уларнинг натижадорлигини рейтинг орқали таҳлил қилиш бўйича таклифлар илгари сурилди. Бу эса маънавият соҳасидаги ишларни фақат ўтказилган тадбирлар сони билан эмас, балки уларнинг инсон онги, дунёқараши ва хулқ-атворига таъсири билан баҳолаш зарурлигини кўрсатади.

Бугунги ахборот маконида ёшларни турли ёт ва зарарли ғоялардан ҳимоя қилишнинг энг самарали йўли фақат тақиқ ёки чекловлар эмас, балки уларда мустақил фикрлаш, ахборотни таҳлил қилиш, ҳақиқатни ёлғондан ажратиш ва миллий қадриятларга таянган ҳолда ўз позициясини шакллантириш кўникмасини ривожлантиришдир. Шу маънода, китобхонлик, сифатли таълим, миллий тарих ва маданий меросни чуқур ўрганиш, оила ва маҳалла муҳитидаги тарбияни кучайтириш бир-бирини тўлдирувчи ягона тизим сифатида намоён бўлмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мустақилликнинг қутлуғ 35 йиллик байрами остонасида халқимизнинг асрий орзу-армонлари, бой маънавий мероси ва миллий қадриятлари асосида Янги Ўзбекистонни, Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш йўлида эришилаётган тарихий ютуқлар ҳар бир юртдошимиз қалбида чексиз ифтихор ва юксак фуқаролик масъулиятини уйғотмоқда. Бугун олдимизда турган улуғвор вазифаларни бажариш ва глобал таҳдидларга қарши туришда маънавият энг енгилмас кучимиз бўлиб қолади. Президентимиз таъкидлаганларидек, бугунги тез ўзгараётган дунёда ким ютади? Маънавий жиҳатдан уйғоқ, ўз миллий манфаатини, миллий қадриятларини қатъий ҳимоя қила оладиган халқ ютади. Миллий қадриятлар барқарор, маънавий ҳаёт юксак бўлган жамиятда ҳамиша тинчлик, тараққиёт, миллатлараро тотувлик ва умумий фаровонлик бардавом бўлаверади. Бу йўлда фидокорона меҳнат қилиш эса ҳар бир зиёлининг, маънавият тарғиботчисининг муқаддас бурчидир.

Комила Каромова,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.