Сиёсат

Мустақиллик, ислоҳот ва муштарак фикрлар

Blog Image
Email : 5 0

Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги байрами яқинлашаётган бугунги кунларда орқага назар ташласак, жуда катта йўлни босиб ўтганимизни кўрамиз. Дарҳақиқат, Ўзбекистон тарихан қисқа вақт ичида иқтисодиёт, сиёсат ва ижтимоий ҳаётда улкан ютуқларга эришди.

Энг муҳими, кейинги йилларда олиб борилаётган очиқ ва дўстона ташқи сиёсат туфайли қўшни давлатлар билан алоқаларимиз мутлақо янги босқичга чиқди. Марказий Осиёда тинчлик ва бирдамлик муҳити яратилди.

Пойтахтимизда “Мустақил Ўзбекистон – 35 йиллик тараққиёт йўли: ислоҳотлар, натижалар ва истиқболлар” мавзусида бўлиб ўтган йирик халқаро анжуманда шулар хусусида сўз борди. Мазкур тадбирда Беларусь, Озарбайжон, Грузия, Тожикистон, Туркманистон, Туркия ва Қирғизистон каби давлатлардан парламент вакиллари, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус ҳамда экспертлар ҳамжамияти иштирокида Ўзбекистоннинг 35 йиллик тараққиёт тажрибаси юзасидан фикр алмашилди.

Конференцияда сўзга чиққанлар юртимиздаги янгиланишларга жуда юқори баҳо берди. Таъкидланганидек, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг, қабул қилинаётган ҳар бир қонуннинг марказида инсон қадри ва унинг манфаати устуворлиги турибди. Яъни, давлат иқтисодиётни ривожлантириш билан бирга, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва ижтимоий тенгликни таъминлашни бош мезон қилиб олган. Бу жараёнда халқ сайлаган депутатларнинг, парламентнинг ҳам роли кучаймоқда. Эндиликда парламент шунчаки қонун чиқарадиган идора эмас, балки ижрони назорат қиладиган, ғояларни ҳаётга татбиқ этадиган ҳақиқий кучга айланмоқда.

Бугун тез-тез тилга олинаётган «Парламент дипломатияси» — бу халқ вакиллари бўлган депутатларнинг халқаро миқёсда дўстлик кўпригини қуришидир. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов урғу берганидек, бугунги замон депутатлари фақат ички қонунлар билан чекланиб қолмаслиги керак.

Анжуманда Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари мустаҳкамланиб, парламентлараро алоқалар изчил ривожланаётгани, халқаро ва минтақавий ҳамкорлик соҳасидаги тажрибаси эътироф этилди.

Хусусан, тожикистонлик вакил Гулзода Махмадшо Ўзбекистоннинг очиқ ва прагматик сиёсати туфайли бир-бирига қардош икки эл ўртасидаги тўсиқлар олиб ташланганига эътибор қаратди. Унинг айтишича, бугун Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатларида янги давр кузатилмоқда, савдо-сотиқ ривожланяпти, янги транспорт йўллари очилмоқда, маданий тадбирлар ўтказиляпти. Давлат раҳбарлари орасидаги бу ишонч, табиийки, энди икки давлат депутатларига ҳам катта масъулият юклайди. Улар икки давлат ўртасида имзоланган шартномалар ҳаётда қандай ишлаётганини ўрганиб бориши, оддий одамларга фойда келтиряптими-йўқми — шуни назорат қилиши лозим. Бундан ташқари, экология (масалан, сув муаммолари), транспорт, савдо ва рақамли технологиялар соҳасида икки давлат депутатлари биргаликда иш олиб бориши керак.

Анжуманнинг катта ютуғи — «Парламентлараро ҳамкорлик бўйича Тошкент декларацияси» номли тарихий ҳужжатнинг қабул қилиниши бўлди. Мазкур ҳужжат иштирокчи давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳурматни мустаҳкамлаш, қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш ҳамда қўшма ташаббусларни илгари суриш учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор вазифасини ўтайди.

Умуман олганда, “Мустақил Ўзбекистон — 35 йиллик тараққиёт йўли: ислоҳотлар, натижалар ва истиқболлар” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман мамлакатимизнинг мустақиллик йилларида эришган ютуқларини холис ва илмий асосда таҳлил қилиш, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини халқаро ҳамжамиятга кенгроқ етказиш ҳамда истиқболдаги вазифалар юзасидан муштарак фикрларни шакллантириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Имомназар Турсунов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.