Спорт

САМАРҚАНДДА ПОРЛАГАН “ОЛТИН АВЛОД”

Blog Image
Email : 3 0

Азим Самарқанд шаҳри мезбонлик қилган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ўзбек миллатининг ғурурини, шон-шуҳратини бутун дунёга маълуму машҳур қилди. 200 дан зиёд мамлакатдан 2 мингга яқин энг кучли гроссмейстерлар жам бўлган нуфузли ақл-заковат жангида Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси тенгсиз деб топилди ва мамлакатимиз тарихида иккинчи бор олимпиада чемпиони деган юксак шарафга сазовор бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу буюк зафар муносабати билан терма жамоа аъзоларига табрик йўллаб, оламшумул ғалаба замирида ётган теран маъно ва ёшларимизнинг матонатини алоҳида эътироф этди.

Шунингдек, давлат раҳбарининг фармонига кўра мамлакатимизда, қадимий Самарқанд шаҳрида илк бор ўтказилган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ва 3-Парашахмат олимпиадасида муваффақиятли қатнашиб, ўзининг юксак профессионал маҳорати, ақл-заковати, ирода ва матонатини яққол намоён этгани, дунёнинг 200 дан зиёд давлатидан келган энг кучли шахматчи ва гроссмейстерлар ўртасида ғолибликни қўлга киритиб, Янги Ўзбекистоннинг халқаро нуфузи ва шон-шуҳратини оширишга муносиб ҳисса қўшгани, шунингдек, республикамизда спортни кенг оммалаштиришда шахсий намуна кўрсатиб келаётгани, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, уларда миллий ғурур ва ватанпарварлик фазилатларини камол топтириш борасидаги катта хизматлари учун шахматчиларимиз, уларнинг устозлари ва соҳа вакиллари давлат мукофотлари билан тақдирланди.

Турнирнинг очиқ (Open) йўналишида Ўзбекистон терма жамоаси дастлабки 7 турнинг барчасида зафар қучди. Гарчи 8-турда Германияга имконият бой берилган бўлса-да, йигитларимиз дарҳол ўзларига келиб, АҚШ (9-тур) ва Арманистонни (10-тур) таслим этишди. Сўнгги турда Ҳиндистоннинг Венгрия билан дуранг ўйнаши Ўзбекистоннинг муддатидан аввал чемпионлигини кафолатлади.

Якуний жадвалга кўра, очиқ йўналишда Ўзбекистон 20 очко жамғариб, мутлақ чемпионга айланди. Ундан кейинги ўринларни 18 очкодан тўплаган Ҳиндистон (кумуш) ва Германия (бронза) терма жамоалари эгаллади.

Аёллар ўртасидаги баҳсларда эса Хитой қизлари 20 очко билан шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Қозоғистон терма жамоаси 18 очко билан иккинчи, Ҳиндистон эса 17 очко билан учинчи ўринни банд этди.

Самарқанддаги ушбу олимпиада Ўзбекистоннинг жаҳон шахматидаги нуфузи нечоғлик ошганини кўрсатиб берди. FIDE томонидан Ўзбекистон шахмат федерацияси 2026 йилда «Энг яхши федерация» деб топилди. Гроссмейстер Рустам Қосимжонов FIDE нинг фахрий вице-президенти, Ҳулкар Тоҳиржонова эса Марказий Осиё давлатлари бўйича минтақавий президент этиб сайлангани юртимиз шахмат мактабининг глобал миқёсдаги эътирофидир.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бу юксак ғалаба бутун ха лқимизга янги куч-ғайрат, руҳ ва илҳом бағишлайди. Эндиги навбат — ноябрь ойида Жаҳон тожи учун бўлиб ўтадиган тарихий беллашувга. Бутун Ўзбекистон халқи шахматимиз фахри, FIDE томонидан 2026 йилда илк бор таъсис этилган « FIDE Excellence Awards» мукофотининг « Энг яхши эркак шахматчи» (Best Chess Player (Male)) номинациясида ғолиб чиққан Жавоҳир Синдоровдан янги зафарларни кутмоқда.

Азим АХТАМОВ ,
“Ўзбекистон овози” мухбири.