Ўзбекистон

Хоразмда “тўсиқсиз муҳит” ҳолати таҳлил қилинди

Blog Image
Email : 2 0

Кўчага чиқиш, йўлакдан бемалол юриш, автобусга чиқиш, шифохона ёки таълим муассасасига кириш ногиронлиги бўлган шахс учун баъзан жиддий тўсиққа айланиши мумкин. Нотекис йўлак, баланд бордюр, пандуснинг йўқлиги ёки талабга жавоб бермайдиган лифт — ким учундир майда ноқулайлик, бошқа бир инсон учун эса мустақил ҳаёт кечириш имкониятига таъсир қиладиган муаммо.

Шу маънода, қулай ва тўсиқсиз муҳит яратишни фақат қурилиш, инфратузилма ёки ободонлаштириш масаласи сифатида баҳолаб бўлмайди. Бу аввало, инсоннинг жамият ҳаётида тенг иштирок этиши, ўз эҳтиёжларини мустақил қондириши ва ўзини жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида ҳис қилиши билан боғлиқ ҳаётий заруратидир.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси учун ҳам аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, инклюзив муҳитни шакллантириш масаласи фақат алоҳида объектлар эмас, балки бутун шаҳар ва ҳудудларни инсон учун қанчалик қулай қилиб яратаётганимиз билан ўлчаниши керак.

Халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП депутатлик гуруҳи йиғилишида айнан шу масала — ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўсиқсиз ҳаракатланиши, инфратузилма ҳамда хизматлардан эркин фойдаланишига халақит бераётган муаммолар муҳокама қилинди.

Йиғилишда депутатлар пиёдалар йўлакларининг ҳолати, пандуслар, лифтлар, махсус белгилар, светофорлар ва жамоат транспортининг мослаштирилганлиги масалаларига эътибор қаратишди. Айниқса, ер юзининг турли минтақаларидан миллионлаб туристларни ўзига жалб қиладиган тарихий қадамжоларда ногиронлиги бўлган инсонлар учун мавжуд имкониятлар алоҳида эътибор марказида бўлди.

Ижтимоий инспекциянинг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан тақдим этилган маълумотга асосан, кўплаб тарихий обидаларда ногиронлиги бўлган шахслар эркин ҳаракатланиши учун етарли даражада шароит яратилмаган. Янги ва тарихий объектлар инфратузилмасини босқичма-босқич мослаштиришга эҳтиёж борлиги маълум қилинди.

Рахимберган Юсупов,
ЎзХДП Хоразм вилоят кенгаши раиси:

– Бироқ тақдим этилган маълумотлар айрим тарихий обидаларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг эркин ҳаракатланиши учун ҳали етарли шароит йўқлигини кўрсатмоқда. Ўрганишлар давомида биз бунга оддий техник камчилик сифатида эмас, балки инсоннинг ўз ҳуқуқидан қанчалик эркин фойдалана олиши билан боғлиқ масала сифатида қарадик.

Менимча, бу ерда энг муҳим жиҳат — пандуснинг бор-йўқлиги эмас. Асосий савол: ногиронлиги бўлган инсон ушбу пандусдан мустақил, хавфсиз ва қулай фойдалана оладими? Агар пандус мавжуд бўлса-ю, унинг нишаблиги, узунлиги ёки бошқа параметрлари белгиланган талабларга мос келмаса, у ўз вазифасини тўлиқ бажара олмайди.

Ўрганишлар давомида Урганч шаҳридаги Хоразм вилояти мусиқали драма театри, Суратхона галереяси, Салимжонов Қосимжон комплекси каби объектларда ҳам ана шундай ҳолатларга дуч келдик. Масалан, айрим жойларда кириш қисми сезиларли баланд бўлишига қарамай, уларга чиқиш учун қурилган пандуслар белгиланган меъёрларга мос эмас. Ташқаридан қараганда пандус бор. Лекин аравачасида ҳаракатланаётган инсон учун у ҳақиқий ечим бўлмаслиги мумкин.

Бунинг инсон ҳаётида нимани англатишини тасаввур қилиш қийин эмас. Театрга, музейга ёки бошқа бир жамоат объектига борган инсон эшик олдида тўхтаб қолиши, кимнингдир ёрдамига муҳтож бўлиши ёки умуман ортига қайтиши мумкин. Аслида эса у бошқалар каби ушбу жойга мустақил кириш ва хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Хива шаҳридаги «Ичан қалъа» давлат музей-қўриқхонаси ҳудудида ўтказилган ўрганишлар ҳам бизга жиддий ўйланиш учун асос берди. Кўҳна арк, Зиндон, Ёқуббой Хўжа мадрасаси каби тарихий объектларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаракатланиши учун мавжуд шароитлар белгиланган талабларга тўлиқ жавоб бермаслиги аниқланди.

Албатта, тарихий обидаларда масала бироз мураккаб. Биз тарихий меросни асрашимиз керак. Обиданинг меъморий қиёфаси, асл кўриниши ва тарихий аҳамияти сақланиши лозим. Лекин шу билан бирга, бу обидаларни имконияти чекланган инсонлар учун ҳам очиқ қилиш йўлларини излашимиз шарт.

Мен бу икки вазифани бир-бирига зид деб ҳисобламайман. Аксинча, замонавий муҳандислик ва архитектура ечимлари орқали тарихий меросни асраш ҳам, тўсиқсиз муҳит яратиш ҳам мумкин. Бунинг учун ҳар бир объектга алоҳида ёндашув, малакали мутахассислар хулосаси ва, энг муҳими, инсон манфаатини биринчи ўринга қўядиган ёндашув зарур.

Муаммони аниқлаш — биринчи қадам. Энди асосий вазифа аниқланган камчиликларни бартараф этиш, янги объектларни лойиҳалашда инклюзивлик талабларига қатъий риоя қилиш ва мавжуд инфратузилмани босқичма-босқич мослаштиришдан иборат, деб ўйлайман.

Раимбой Шержанов,
халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгаши депутати:

– Ўрганиш натижасида эътибор қаратиш лозим бўлган яна бир асосий масала кўзга ташланди. Яъни айрим маданий мерос объектларида қурилган пандуслар амалдаги шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига тўлиқ мувофиқ эмас.

Айниқса, Хива каби бутун дунё сайёҳларини жалб қилаётган тарихий шаҳарда бу масаланинг аҳамияти янада юқори. Тарихий обидаларнинг сақланиши қанчалик муҳим бўлса, улардан имконияти чекланган фуқаролар ва сайёҳларнинг ҳам баҳраманд бўлиши учун шароит яратиш шунчалик зарур.

Албатта, тарихий-маданий мерос объектларида замонавий инфратузилмани жорий этиш осон вазифа эмас. Бундай объектларнинг тарихий қиёфаси ва меъморий хусусиятларини сақлаш талаб этилади. Бироқ бу ҳолат инклюзив муҳит яратиш вазифасини четга суриш учун асос бўлмаслиги керак. Аксинча, тарихий меросни асраш ва замонавий қулайликларни уйғунлаштиришнинг мақбул ечимларини излаш айни муддао.

Муаммонинг яна бир муҳим жиҳати — янги объектлар қурилишида ҳам, мавжуд объектларни реконструкция қилишда ҳам тўсиқсиз муҳит талабларини лойиҳанинг бошидан ҳисобга олишдир. Кейинчалик камчиликни бартараф этиш кўпинча қўшимча маблағ ва вақт талаб қилади. Энг муҳими, нотўғри ечим инсоннинг кундалик ҳаётига бевосита таъсир қилади.

Шу боис депутатлик назорати доирасида нафақат мавжуд камчиликларни қайд этиш, балки уларни бартараф қилишнинг аниқ муддати, масъул ташкилотлар ва амалий чора-тадбирларни белгилаш муҳим.

Йиғилишда депутатлар тарихий обидаларда тўсиқсиз муҳит яратилиши ички ва ташқи туризмни ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлашди. Мазкур йўналишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш, маданий мерос объектларида ногиронлиги бўлган шахслар учун хавфсиз ва қулай ҳаракатланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда белгиланган вазифалар ижроси устидан депутатлик назоратини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, маданий мерос ва туристик объектларда тўсиқсиз муҳит яратиш ишларини тизимли равишда давом эттириш, янги объектларни лойиҳалаш ва мавжудларини реконструкциялашда инклюзивлик талабларига қатъий риоя қилиш таклиф этилди.

Депутатлар аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича масъул ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш, натижаларни мунтазам муҳокама қилиб бориш зарурлигини билдиришди.

Лазиза Шерова,
“Ўзбекистон овози” мухбири.