Фан Техника

Бугунги журналистга бизнес кўникмалари нима учун керак?

Blog Image
Email : 3 0

Суҳбатдошимиз – Рустам МАМАТОВ Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги ОАВ учун Контент тайёрлаш маркази ходими, журналист, медиа ва коммуникация мутахассиси, ёшларнинг касбий ривожланиши масалаларини ўрганаётган тадқиқотчи. 2021 йилда “Шуҳрат” медали билан тақдирланган ҳамда Буюк Британияда “MBA” (бизнес бошқаруви магистри) даражасини олган.

Бугунги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатларида бизнес таълимининг “Entrepreneurship education” – тадбиркорлик таълими деб аталадиган йўналиши кенг қўлланилмоқда. Аксарият бу тушунчани фақат бизнес очиш ёки тадбиркорлик билан шуғулланишни ўргатадиган таълим сифатида қабул қилади. Аслида бу ёндашув ёшларнинг замонавий меҳнат бозорида рақобатбардош ва касбий жиҳатдан барқарор бўлишига хизмат қилади. Қолаверса, қарашлар, талаблар тез ўзгараётган айни даврда бундай билим ва кўникмаларнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда.

– Хусусан, бугунги журналистикада ҳам маркетинг, коммуникация ва ижтимоий тармоқлар соҳанинг ажралмас қисмига айланди, – дейди Рустам Маматов. – Дунё билан тобора кенг интеграциялашаётган Ўзбекистонда давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот хизматлари алоҳида институционал тизим сифатида ривожланмоқда. Энди журналист нафақат
ижодий салоҳиятга эга бўлиши, балки ижтимоий тармоқлар «тили»ни, аудитория билан ишлашни ва копирайтинг усулларидан тўғри фойдаланишни ҳам билиши лозим.

Табиийки, бундай ўзгаришлар меҳнат бозоридаги рақобатни кучайтиради. Айнан журналистдан ҳам ўз касбини пухта билиш билан бирга инновациялардан фойдаланиш, лойиҳа ва жамоани бошқаришни, маркетинг ҳамда молияни тушуниш талаб қилинади.

–Журналистика ва бизнес таълими борасида дунё амалиётида қандай янгиликлар кузатилмоқда?

– Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, бугун иш берувчилар фақат дипломдаги мутахассисликка эмас, инсоннинг фикрлаши, салоҳияти ва янги вазифаларни ўзлаштира олишига катта эътибор қаратади. Масалан, 2016 йилда Лондон Қироллик коллежи Карера ва бандлик хизмати келтирган маълумотга кўра, йирик халқаро компаниянинг бухгалтерлар тайёрлаш дастурига бошқа йўналиш вакилларига қараганда тарих факультети битирувчилари кўпроқ қабул қилинган. Бунинг сабаби уларда таҳлилий фикрлаш, тафсилотларга эътибор бериш ва сабаб-оқибатларни кўра олиш қобилияти яхши шаклланганида эди. Бухгалтерликнинг ўзига хос жиҳатларини эса компания уларга кейинчалик ҳам ўргата оларди.

Бугун ривожланган мамлакатлар университетларининг ўзи ҳам бу ўзгаришларга мослашмоқда. Масалан, Буюк Британиядаги Manchester Metropolitan университети журналистика дастурида журналистлар учун тадбиркорлик фани мажбурий модул сифатида ўқитилади. City St George’s университетида “Журналистикада тадбиркорлик” номли 15 кредитли модул мавжуд. Strathclyde университетида эса талабалар шахсий бренд яратиш, мустақил фаолият юритиш ва янги медиа лойиҳаларни йўлга қўйишни ўрганади. Нью-Йорк университети (АҚШ)да бизнес ғоясини ишлаб чиқиш ва уни амалий лойиҳага айлантиришга қаратилган тадбиркорлик ва илмий журналистика курси мавжуд. Нидерландиядаги Groningen университети медиа йўналишида эса инновация ва тадбиркорлик маданияти алоҳида модул сифатида ўқитилади.

Демак, бизнес таълимини журналистикага қўшиш шунчаки назарий таклиф эмас. Ривожланган давлатларнинг университетлари бу ёндашувни аллақачон амалиётга жорий этмоқда.

– Сиз журналистсиз, шу билан бирга бизнес бошқарувини ҳам ўргангансиз. Бу борадаги билимларингиз ва бугунги изланишларингизни ўз фаолиятингизда қай даражада қўллаяпсиз?

–Бизнес ва тадбиркорликка анчадан буён қизиқиб келаман. Ҳозир ҳам ўз стартапларим устида фаол ишлаяпман.

Журналистика ва коммуникация йўналишларида таҳсил олаётган ёшларни рақобат кучли бўлган меҳнат бозорига яхшироқ тайёрлаш учун улар ўз мутахассислиги билан бирга янгича фикрлайдиган ва ўз имкониятларини тўғри баҳолай оладиган мутахассис бўлмоғи айни зарурат эканига тобора ишончим ортмоқда. Афсуски, бундай қўшимча кўникмаларга кўп ҳолларда етарлича эътибор берилмайди. Аслида эса улар инсоннинг ўз касбида муносиб ўрин топишида жуда муҳим. Энг оддий мисол, CV (таржимаи ҳол) қандай ёзилади, унда нимага урғу берилади, иш берувчи ўнлаб номзодлар орасидан нега айнан унга эътибор қаратиши керак? Мана шуларни ҳар бир ёш мутахассис чуқур англамоғи керак. Бизнес таълими доирасидаги ташкилий психология ва инсон ресурсларини бошқариш каби фанлар иш берувчининг талабларини ҳамда ходим танлаш жараёнини яхшироқ тушунишга ёрдам беради.

Унутмаслик лозимки, бизнес таълимининг мақсади ҳаммани тадбиркор қилиш эмас, балки инсонга ўз йўлини мустақил танлаш ва қуриш имконини беришдир.

– Сизнингча, бизнес таълими алоҳида фан бўлгани яхшими ёки мавжуд фанларга сингдирилгани маъқулми?

– Дунё тажрибасига қаралса, бизнес таълимини алоҳида модул сифатида ўқитиш маъқул. Шунда таълим тизимли ва изчил бўлади. Агар унинг мавзулари турли фанлар орасига бўлиб юборилса, асосий мақсад йўқолиб, талабада яхлит тушунча шаклланмай қолиши мумкин.

Масалан, битирувчи курс талабалари учун бир семестрлик модул ташкил этилиб, унинг мазмуни ҳар бир таълим йўналишига мослаштирилиши мумкин. Модул инновация ва тадбиркорлик, маркетинг ва менежмент, стратегия ва етакчилик, ташкилий психология ҳамда молия асосларини қамраб олади. Лекин бу мавзулар умумий назария сифатида эмас, талабанинг асосий мутахассислиги билан боғланган ҳолда ўқитилади. Дейлик, журналистика талабаси янги медиа лойиҳа ғоясини ишлаб чиқади, унинг аудиторияси, жамоаси, тарғиботи ва молиявий томонларини режалаштиради. Асосий мақсад талабанинг ўз соҳаси бўйича билимларини меҳнат бозорида керак бўладиган қўшимча кўникмалар билан бойитишдир.

Аслида бизнес таълими фақат иқтисодчи ёки журналистларга эмас, деярли барча касб эгаларига керак. Юқорида айтиб ўтилган кўникмалар бугунги ўқитувчи учун қанчалик муҳим бўлса, шифокор, муҳандис, юрист ёки қурувчи учун ҳам шунчалик зарур. Чунки қайси соҳада ишлашидан қатъи назар, мутахассис янгиликка мослашиши, жамоа билан ишлаши ва ўз фаолиятини тўғри ташкил эта олиши керак.

“Ўзбекистон овози” мухбири
Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ суҳбатлашди.