Самарқандда ўтаётган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ўзининг энг қизғин ва муросасиз палласига кирди. Турнирнинг мутлақ марказий баҳси — амалдаги чемпионлар, Ўзбекистон терма жамоаси ҳамда асосий фаворитлардан бири бўлмиш Ҳиндистон терма жамоаси ўртасидаги тўқнашув юртимиз шахматчиларининг зафарли ғалабаси билан якунланди.
Ушбу принципиал ва ниҳоятда кескин кечган матчда вакилларимиз 2,5:1,5 ҳисобида зафар қучиб, олимпиада турнир жадвалида якка пешқадамликни ўз қўлларига олишди.
Баҳснинг дастлабки учта тахтасида кечган беллашувлар ниҳоятда эҳтиёткорлик ва юқори тактик аниқлик билан кечди. Етакчиларимиз — Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров ҳамда Шамсиддин Воҳидов ўз партияларини дуранг билан якунлаб, жамоага муҳим ярим очкодан тақдим этишди.
Бутун турнир ва олимпиада тақдирини ҳал қилиши мумкин бўлган асосий тугун Нодирбек Ёқуббоев ҳамда ҳиндистонлик маҳоратли гроссмейстер Ниҳал Сарин ўртасидаги партияда ечилди. Дебютда кутилмаган юриш билан рақиб вақт бўйича кучли босим ўтказишга эришди ва 40-юришга яқинлашиб қолганда баҳсда сезиларли устунликни ўз томонига оғдириб олди. Аммо мураккаб ва оғир вазиятда қолган Нодирбек ирода ва совуққонлик кўрсатиб, рақибига устакорлик билан тузоқ қўйди. Ниҳал Сарин томонидан йўл қўйилган қўпол хато ва мазкур тузоққа тушиши учрашув тақдирини бутунлай ўзгартириб юборди. Нодирбек Ёқуббоев терма жамоамизга олтинга тенг бўлган ғалабани туҳфа этди.
Учрашувдан сўнг мазкур тарихий ғалабанинг бош қаҳрамони Нодирбек Ёқуббоев ўз таассуротлари ва партиянинг муҳим деталлари билан ўртоқлашди:
«Ўйин ниҳоятда оғир кечди. Рақибим дебютда кутилмаган тактика қўллади ва вақт орқали босим ўтказишга ҳаракат қилди. Шу сабабли 40-юришга яқин унда анча катта устунлик бор эди. Аммо битта нотўғри юриш ҳаммасини йўққа чиқарди. Мен тузоқ қўйгандим ва у ўша тузоққа тушди. Рақибим ‘Nf5’ (от f5) юришини амалга оширганда, ортиқ эмоцияларимни яшира олмадим — ичимда жуда хурсанд бўлиб кетдим. Сабаби, Ҳиндистонга қарши кечадиган матч биз учун ҳамиша алоҳида ва жуда муҳим аҳамиятга эга. Ченнай олимпиадасидан бери ҳисобласак, умумий ҳисобда Ҳиндистонни мағлуб этиб келяпмиз ва бу анъанани сақлаб қолганимиздан хурсандман.
Ниҳал Сарин мен учун ҳамиша ноқулай рақиб бўлиб келган, айниқса, онлайн мусобақаларда унга айтиларли даражада кўп мағлуб бўлганман. Лекин бу сафар ўтмишдаги ғалаба ёки мағлубиятларни бир четга суриб, шунчаки сифатли юриш қилишга ҳаракат қилдим. Болаларнинг барчаси ўз тахтасида жуда яхши ўйин кўрсатди, менда вазият бироз ёмонроқ эди, аммо омадим келиб ғалаба қозондик.
Буни узил-кесил “Чемпионлик баҳси” деб бўлмайди. Олдинда бизни Хитой, Германия, Америка каби кучли терма жамоалар кутиб турибди. Босиб ўтиладиган йўл ҳали узун, шу сабабли асло бўшашишга ҳаққимиз йўқ. Энди бир кунлик дам олишдан унумли фойдаланиб, кейинги муҳим матчларга пухта тайёргарлик кўрамиз».
Самарқанд тахталарида қўлга киритилган ушбу зафар ўзбек шахмат мактабининг яна бир бор жаҳонда тенгсиз эканини кўрсатди. Якка пешқадамликни қўлга олган терма жамоамизга бўлажак муҳим турларда ҳам зафарлар ёр бўлишини тилаб қоламиз.
Ўз мухбиримиз.
