Uncategorized

Ободлик шукуҳи

Blog Image
Email : 5 0

Пойтахтимизнинг энг дилтортар, сўлим манзилларидан бири – Олмазор туманида ёшликнинг олтин фасли ҳукм сураётгандек. Бу ҳудудга қадам қўйган киши, аввало, илмга, изланишга, интилишларга тўла муҳитни ҳис этади. Зеро, республикамиздаги йирик ва нуфузли олий таълим даргоҳлари жамланган Талабалар шаҳарчаси ҳам шу заминга уйғунлашиб, йиллар давомида минглаб йигит-қизларнинг орзу-умидларига қанот бериб келмоқда.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти, шунингдек, ўрта махсус таълим масканлари — буларнинг барчасида бугун ёшликнинг шижоати, илмнинг завқи, келажакка ишонч мужассам.

Талабалар шаҳарчаси бўйлаб кезар эканман, бу масканнинг бугунги қиёфаси, янгиланиш ва ободлик манзараларидан беихтиёр завқ туяман. Шу ердаги улуғ даргоҳлар орасида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг алоҳида ўрни бор. Бу — улуғлар сабоғи, илм ва маърифат анъаналари давом этаётган қутлуғ даргоҳ. Университет мамлакатимизда олий таълим, илм-фан, техника, маданият ва маърифат ривожига йиллар давомида беқиёс ҳисса қўшиб келмоқда. Бу даргоҳдан етишиб чиққан кўплаб буюк олимлар, илм-фан намояндалари ва замонамизнинг таниқли инсонлари ўзларининг илк катта қадамларини айнан шу масканда қўйган, уни ўзлари учун ҳақли равишда alma mater (лотинча ибора бўлиб, “меҳрибон она» маъносини беради) деб билганлар.

Университетнинг йигирма уч нафар энг машҳур олимлари турли йилларда Ўзбекистон Фанлар академиясининг президенти ва вице-президентлари бўлгани, юздан ошиқ олим эса шарафли академик номини қозонганини эътироф этишнинг ўзиёқ бу маърифат масканининг муқаддаслигини намоён этади. Умримнинг олтин даври—талабалигим ушбу масканда ўтганини эслар эканман, кўз ўнгимда ҳаёти ва фаолиятини маърифатга бағишлаган улуғ устозларим гавдаланади…

Профессор Бегали Қосимов Қорақамиш даҳасида яшар эди. Биз, талабалар унинг дарси охирги парада бўлишини жуда-жуда истардик. Дарс тугаганда эса устозни кузатиш учун унинг Қорақамишдаги уйигача эргашиб борардик.

Устознинг уйига олиб борадиган йўл 30 – 35 дақиқа чамаси эди. Бу йўл дарсдан сўнг ҳаёт ва маънавият сабоқларига айланарди. Бегали Қосимов “Талабалар шаҳарчаси китоблар шаҳарчасига айланиши керак”, деб такрорлар эди. Устознинг бу орзуси, не ажабки, бугунги кунга келиб амалга ошди, десам муболағага йўймайсиз!

Йўлингиз тушса, Талабалар шаҳарчасидаги замонавий Ахборот-ресурс марказига, албатта, киринг. Ана шунда менинг бу сўзларим ҳақиқат эканига иқрор бўласиз.

Электрон-ресурслар, даврий адабиётлар, мутолаа, мультимедиа ва конференция залларини ўз ичига олган марказ фаолияти том маънода кенгайтирилиб, муҳташам мажмуа сифатида қад ростлаган. Бугунги кунда мажмуа Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон талабаларининг миллий илмий-маърифий маркази ҳисобланади. Бу ерда барча фанлар бўйича маълумотлар базаси мавжуд. Энг илғор технологиялар воситасида мазкур базадан мамлакатимиздаги барча олий таълим муассасалари фойдаланади. Дунёнинг етакчи университетлари билан ҳамкорлик ўрнатилиб, улардаги маърузаларни онлайн кузатиш имконияти яратилган. “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасида марказ атрофида боғ барпо этилгани диққатга сазовор.

Дарҳақиқат, сўнгги ўн йилда нафақат Талабалар шаҳарчаси, балки бутун Олмазор тумани янада кўркамлик, муаззамлик касб этди.

Гап ҳудуддаги бунёдкорликлар ҳақида борар экан, авлодларимизга улуғ мерос бўлиб қолгувчи Ислом цивилизацияси марказининг барпо этилганини ифтихор билан тилга олмасликнинг иложи йўқ.

Мамлакат раҳбари ташаббуси билан бунёд бўлган бу қутлуғ маскан дунёда ислом тарихи, маданияти ва цивилизацияларини ўрганиш ва тарғиб этишга қаратилган йирик мажмуалар қаторида эътироф этилмоқда.

Олмазорда, бундан ташқари, улкан бунёдкорлик намуналаридан бири сифатида Нурафшон ва Форобий кўчалари кесишган нуқтада барпо этилган уч қаватли “Эски шаҳар” савдо марказини ҳам келтириш жоиздир. Бу ерда харидорларга қулайликлар яратиш мақсадида кафе, галерея, болалар ўйин майдончалари, автомобиллар тўхташ жойи ва бошқа объектлар қурилган. Ҳозирда 250 киши иш билан таъминланган марказнинг учинчи қаватида “Китоб олами” дўкони ва миллий кино санъатимиз хазинасидан ўрин олган фильмлар намойиши учун мўлжалланган кинозал ҳам мавжуд.

Кичик ҳалқа йўли ва Қорасарой кўчаси кесишган ҳудудда 7 қаватли 12 та турар жой Олмазорнинг кўркига ажиб кўрк қўшиб турибди. 800 хонадонга мўлжалланган бу уйлар эҳтиёжманд оилаларнинг яшаш шароитини яхшилаш, уларни арзон, замонавий турар жой билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этди.

Уйларни қуриш учун 5 гектардан зиёд ер ажратилди. Турар жойларни лойиҳалаштиришда иқлим шароити, санитария ва хавфсизлик талаблари ҳамда халқимизнинг миллий ҳаёт тарзига хос бошқа жиҳатлар ҳисобга олинган.

Бир пайтлар атрофи харобазор, тиканзор бўлиб, йўқликка юз тутган “Қичқириқ” канали чиқиндилардан тозаланиб, соҳили ободонлаштирилиб турли чироқлар ўрнатилиб, янги маданият ва истироҳат боғи қурилгани олмазорликлар учун янада қувончли бўлди.

Шунингдек, туманнинг ўз тарихига эга элликдан ортиқ маҳаллалари идоралари ҳам сўнгги меъморчилик услубида қайта қурилди.

Давлат раҳбари пойтахтимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида ушбу туманда бўлиб, ана шу маҳаллалардан бири – “Қичқириқ”қа ташриф буюрди.

Ўттиз йилдан ортиқ тарихга эга “Қичқириқ” маҳалласида 23 та кўп қаватли уй, 1 минг 416 та хонадон бўлиб, 5 минг 400 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Президентнинг 2024 йил 25 июндаги қарори асосида амалга оширилган ободонлаштириш ишлари натижасида маҳалла замонавий ва экологик ҳудудга айланди.

Ҳудудда республикадаги илк замонавий минорали автотураргоҳлардан бири ҳам барпо этилди. Маданий тадбирлар учун амфитеатр ташкил этилди.

Маҳалладаги таълим муассасалари ҳам янгиланмоқда. 1976 йилда қурилган 441-боғча реконструкция қилиниб, 450 ўринли иккита янги бино барпо этилди ва муассаса қуввати 835 ўринга етказилди. Бу ерда инглиз тили, ментал арифметика, шахмат, таэквондо ва бошқа тўгараклар ташкил этилган.

Боғчада “Ўзбек тилини ўйнаб ўрганамиз” интерактив платформаси ва йўл ҳаракати хавфсизлиги тўгараги жорий этилган. Бу ташаббуслар болаларнинг билим ва кўникмаларини эрта ёшдан ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Давлат раҳбари томонидан Олмазорга ташриф асносида “Қичқириқ” маҳалласидаги бундай янгиланишлар, ўсиб келаётган авлод бахту иқболи йўлида амалга оширилаётган ташаббуслар намуна қилиб кўрсатилди. Ва бу бежиз эмаслигини барчамиз англаб, ҳис қилиб турибмиз.

***
Куни кеча набираларим билан Олмазордаги “Қичқириқ” канали бўйлаб оқшом сайлига чиқдим. Минглаб чироқлар ёритиб турган йўллар ва йўлаклар нурга тўлган. Кузнинг салқин оқшоми. Соҳил бўйида хотиржам, мамнун чеҳраларни кўриб, жажжи болаларнинг кулгиларини эшитиб, кўнгилга янада завқу шавқ инади. Бир томондаги мини футбол майдонида маҳалла болалари тўп тепмоқда. Бир томонда эса шахмат доналарини сураётган болажонларни ёнида боболар ва бувилар қўллаб-қувватлаб турибдилар. Китоб дўконига янги китоблар туширилмоқда. Бежирим ўриндиқларда суҳбатлашаётган нуронийларнинг сўзлари дуоларга уланиб кетмоқда.

Буларнинг бари эзгу ўзгаришларнинг рамзи — маҳалла ҳаётига кириб келган ёруғ кунларнинг ёрқин ифодаси, десак янглишмаймиз.

Зулфия МЎМИНОВА,
“Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати.