Ҳар бир қонун ва қарорнинг замирида инсон ҳаёти, унинг манфаати ва эртанги куни бор. Шунинг учун ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамасида киритилажак ўзгартириш ва янгиликларнинг ҳаётда қандай акс этиши, одамларга қандай наф бериши ҳақида фикр алмашиш муҳимдир.
Парламент қуйи палатасидаги ЎзХДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида ҳам ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди. Энг муҳими, муҳокамаларда масалага турли нуқтаи назардан ёндашилиб, аниқ таклифлар айтилди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суд ишларини юритиш, айрим қонун ҳужжатларига якка тартибдаги тадбиркорларнинг лизинг олиш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, давлат органлари мансабдор шахсларининг ўз зиммасига юклатилган вазифаларни тўлақонли амалга ошириши учун зарур ҳуқуқий кафолатларни мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳалари атрофлича муҳокама қилинди.
Дастлаб депутатлар Конституциявий суд ишларини юритишга оид конституциявий қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Унда фуқаролар ва юридик шахсларнинг ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда Конституциявий судга мурожаат қилиш имкониятларини янада кенгайтиришга қаратилган муҳим нормалар назарда тутилмоқда.
Хусусан, Конституциявий судга келиб тушадиган шикоятларни қабул қилиш ва уларни кўриб чиқиш тартиби, мурожаатларни ўрганиш жараёни, конституциявий суд ишларини юритишнинг процессуал асослари, шунингдек, суд томонидан тегишли хулоса ва қарорларни қабул қилиш билан боғлиқ масалалар аниқ белгилаб берилмоқда.
Муҳокамалар давомида мазкур нормаларнинг амалиётда самарали ишлаши, фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари янада тушунарли ва қулай бўлишига алоҳида эътибор қаратилди. Депутатлар қонун лойиҳасида назарда тутилаётган тартиб-таомилларнинг ҳаётда қўлланиши билан боғлиқ жиҳатлар юзасидан ўз фикр ва таклифларини билдиришди.
Фирдавс Шарипов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:
– Бугунги йиғилишимизда бир қатор муҳим қонун лойиҳаларини муҳокама қилдик. Хусусан, Конституциявий суд ишларини юритиш билан боғлиқ нормаларни янада аниқлаштириш ва фуқароларнинг конституциявий одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш масаласи ўрганилди.
Шунингдек, амалдаги қонун ҳужжатларидаги айрим ҳуқуқий ноаниқликларни бартараф этиш, Конституциявий судга мурожаат қилиш ва мурожаатларни кўриб чиқиш механизмларини янада такомиллаштириш назарда тутилмоқда. Бу, энг аввало, фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятларини кучайтириш нуқтаи назаридан долзарб. Чунки фуқаро ўз ҳуқуқи бузилган, деб ҳисоблаган ҳолатда қаерга ва қандай тартибда мурожаат қилишини аниқ билиши, унинг мурожаати қонуний асосда кўриб чиқилиши муҳим. Шу маънода, Конституциявий судга мурожаат қилиш механизмларининг аниқ ва тушунарли бўлиши фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим ҳуқуқий кафолат бўлиб хизмат қилади.
Яна бир масала — якка тартибдаги тадбиркорларнинг лизинг хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш. Бугун кўплаб кичик тадбиркорлар фаолиятини йўлга қўйиш ёки кенгайтириш учун замонавий ускуналарга эҳтиёж сезади, лекин бунинг учун етарли маблағ ҳар доим ҳам бўлавермайди.
Шу нуқтаи назардан, лизингдан фойдаланиш имкониятининг кенгайиши тадбиркор учун қўшимча молиявий дастак яратади. Яъни, тадбиркор зарур ускунани бирданига катта маблағ сарфламасдан, лизинг асосида олиб, ўз фаолиятини ривожлантириши мумкин бўлади.
Менимча, бу каби ўзгаришлар, энг аввало, кичик бизнес ва ўз меҳнати билан даромад топаётган инсонлар учун амалий аҳамиятга эга. Энг муҳими, қонунларда белгиланаётган нормалар ҳаётда ишлаши ва тадбиркорга реал қулайлик яратиши керак.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси дастурларида ҳам кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, имтиёзли молиялаштириш механизмларини ривожлантириш ҳамда аҳоли учун даромад манбаларини кўпайтириш устувор вазифалар сифатида белгиланган.
Шу нуқтаи назардан, фракция аъзолари мазкур ташаббуснинг аҳамияти фақат лизинг муносабатларини техник жиҳатдан тартибга солишда эмас, балки фуқаронинг ўз меҳнати ва тадбиркорлик салоҳияти орқали барқарор даромад топиши учун молиявий имкониятлар доирасини кенгайтириш ҳамда аҳолини камбағалликдан чиқишига кўмаклашишдан иборат бўлиши зарурлигини таъкидлашди.
Шу боис, таклиф этилаётган мазкур янги механизм билан бир қаторда, шаффоф шартномалар, тушунарли тўлов жадвали, ортиқча молиявий юкнинг олдини олиш ва тадбиркорнинг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш масалаларига ҳам эътибор қаратилиб, ушбу қонун лойиҳаси кичик тадбиркорликни ривожлантириш ва фуқароларнинг иқтисодий фаоллигини рағбатлантиришга қаратилган ҳуқуқий кафолат сифатида аҳамиятли экани қайд этилди.
Шунингдек, йиғилишда энергетика вазирининг соҳадаги ислоҳотлар ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик юзасидан ахборотини эшитиш ҳамда рақамли технологиялар вазирига “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 2026 йилга мўлжалланган айрим мақсадли кўрсаткичларига эришиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида” парламент сўровини юбориш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Кун тартибидан ўрин олган масалалар юзасидан Ўзбекистон Халқ демократик партияси электорати манфаатлари ҳамда партия дастурий ғояларидан келиб чиқиб тегишли қарорлар қабул қилинди.
Лазиза ШЕРОВА,
“Ўзбекистон овози” мухбири.
