Депутатлик сўрови. Бу — «Мен бу масалани кўрдим», деган гап, «Мен бунга бефарқ эмасман», деган муносабат, «Бу ерда бир нарсани ўзгартириш керак», деган масъулият аслида.
Гап мутасаддиларга юборилган хатда эмас, сўров юборилгандан кейин нима бўлади, деган саволга жавоб топишда. Кимдир жавоб берадими? Кимдир муаммони жойига чиқиб ўрганадими? Кимдир «Бу масалани ҳал қилиш керак», деб ўз зиммасига масъулият оладими? Гап ана шу саво ллар очиқ қолиб кетмаслигида…
Шу маънода айтадиган бўлсак, депутатлик сўрови шунчаки расмий ҳужжат эмас, бу халқ номидан берилган савол. Ва ҳар бир саволнинг ортида унга жавоб кутаётган қанчадан-қанча инсонлар бор. Демак, сўровнинг аҳамияти — унинг сонида эмас, ортидан келган ўзгаришда.
Чиқиндилар билан боғлиқ ишлар тартибга солинди
Андижон вилоятининг Бўстон туманида маиший чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиб кетиш, аҳоли яшаш ҳудудларини чиқинди контейнерлари билан таъминлаш ҳамда хизмат кўрсатиш қамровини кенгайтириш масалалари юзасидан «Юксак орзу барака» МЧЖ Бўстон тумани филиали раҳбарига халқ депутатлари туман Кенгаши депутати М. Тўйчиева томонидан депутатлик сўрови юборилди.
Боиси, сайловчилар билан учрашувлар ва мурожаатларни ўрганиш, шунингдек, ҳудудлардаги мавжуд ҳолатни таҳлил қилиш жараёнида маиший чиқиндиларни белгиланган график асосида олиб чиқиб кетиш, чиқинди контейнерларининг етарли эмаслиги, махсус техникалар ҳамда ишчи ходимлар билан боғлиқ айрим муаммолар борлиги маълум бўлган эди.
Мазкур муаммолар баён этилган депутатлик сўрови юзасидан масъул ташкилот томонидан расмий жавоб тақдим этилди. Унда муаммоларни бартараф этиш мақсадида тегишли чоралар кўрилгани айтилган.
Хусусан, чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш жараёнини тартибга солиш, хизмат кўрсатишдаги мавжуд камчиликларни бартараф қилиш, зарур техника ва ишчи кучидан самарали фойдаланиш бўйича тегишли ишлар бажарилгани қайд этилган.
Янги болалар майдончаси қурилади
Халқ депутатлари Зарбдор тумани Кенгашига 14-Янгикент сайлов округидан сайланган депутат Ф. Саримсаков томонидан “Янгикент” маҳалласи Дўстлик кўчасида жойлашган кўп қаватли уйлар атрофини ободонлаштириш ҳамда болалар майдончаси ҳолатини яхшилаш масаласида депутатлик сўрови юборилган эди.
Мазкур мурожаат аҳоли томонидан билдирилган таклиф ва муаммолар асосида шакллантирилган бўлиб, унда кўп қаватли уйлар атрофидаги ҳудуднинг ободонлашув даражаси ва санитария ҳолати талабга жавоб бермаслиги ҳамда болалар учун мўлжалланган ўйин майдончаси жиҳозларининг эскириб, таъмирталаб ҳолга келиб қолгани қайд этилган.
Мурожаат юзасидан масъул ташкилот — «KUXINUR SITISSS» МЧЖ БСК томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганиш натижаларига кўра, бир қатор чора-тадбирлар белгиланди ҳамда улар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Жумладан, санитария ва ободонлаштириш ишлари доирасида кўп қаватли уйлар атрофи ҳамда уларга туташ ҳудудлар қуриб қолган ўт-ўланлар ва турли чиқиндилардан тозаланди. Ҳудуд тартибга келтирилиб, санитария ҳолати яхшиланди, бу эса аҳоли учун янада тоза, озода ва қулай яшаш муҳитини яратишга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, мавжуд болалар майдончаси жиҳозларининг эскиргани ва хавфсизлик талабларига тўлиқ жавоб бермаслиги инобатга олинган ҳолда, уни янгилаш масаласи давлат дастурлари асосида ҳал этилиши белгиланди. Хусусан, тегишли ҳужжатларга мувофиқ, маҳалла ҳуд удида 2026 йил якунигача қиймати 350 миллион сўм бўлган замонавий, хавфсиз ва барча талабларга жавоб берадиган янги болалар майдончасини барпо этиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, мазкур дастур доирасида кўп қаватли уйлар атрофида пиёдалар йўлакларини бетонлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш ҳам белгиланган.
Ушбу ишлар натижасида нафақат ҳудуднинг ташқи қиёфаси яхшиланади, балки болалар учун хавфсиз ўйин майдони, аҳоли учун эса қулай ва замонавий яшаш муҳити яратилади.
Шу тариқа, депутатлик сўрови орқали кўтарилган масала босқичма-босқич амалий ечимини топиб бормоқда ҳамда аҳоли турмуш шароитини яхшилаш йўлида муҳим қадамлар қўйилмоқда.
27 дона бетон таянч устуни етказиб берилди
Халқ депутатлари Ғаллаорол туман Кенгаши д епутати А. Исмоилов томонидан киритилган депутатлик сўровида кўтарилган масала ижобий ечим топди.
Аҳолининг электр таъминотини яхшилаш, мавжуд электр тармоқларининг барқарор ишлашини таъминлаш билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш мақсадида ҳудудга қўшимча равишда 27 дона бетон таянч устуни етказиб берилди.
Ушбу натижа депутатлик сўровида кўтарилган масаланинг масъул ташкилотлар томонидан ўрганилиб, амалий чоралар кўрилганини кўрсатади.
Энг муҳими, депутатлик сўрови орқали сайловчиларни қийнаётган масала эътиборга олиниб, уни бартараф этиш бўйича аниқ амалий ишларга туртки берилди.
Энди ичимлик суви тармоғида носозлик кузатилмайди
Халқ депутатлари Олтинкўл туман Кенгашига ЎзХДПдан депутат Холмирза Исoмиддинов томонидан сайлов округи ҳудудида истиқомат қилувчи аҳолидан келиб тушган мурожаат асосида ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ муаммо ўрганилиб, уни бартараф этиш юзасидан «Сув таъминоти» АЖ раҳбари Д. Бурхоновга депутатлик сўрови юборилган эди.
Депутатлик сўрови асосида «Марказ» МФЙ ҳудудидаги ичимлик суви таъминоти тармоғида юзага келган носозлик масъул мутасаддилар томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганилди.
Ўрганиш давомида муаммонинг келиб чиқиш сабаблари аниқланиб, уни бартараф этиш бўйича зарур амалий чоралар кўрилди. Тегишли таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, сув таъминоти тармоғининг фаолияти тикланди.
Натижада аҳолининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи таъминланиб, фуқароларни бир муддатдан буён қийнаб келаётган муаммо бартараф этилди.
Энг муҳими, аҳолидан келиб тушган навбатдаги мурожаат эътиборсиз қолмади. У депутат томонидан ўрганилиб, масъул ташкилот олдига аниқ масала сифатида қўйилди ва уни ҳал этиш бўйича амалий ишлар олиб борилди.
Мазкур ҳолат депутатлик сўровининг моҳияти фақатгина расмий ҳужжат юбориш билан чекланмаслигини, балки аҳоли мурожаатини ечимга йўналтириш, муаммонинг ижросини назорат қилиш ва натижага эришишда муҳим восита эканини яна бир бор исботлайди.
***
Бугун бир муаммо ҳал бўлиши мумкин. Эртага эса бошқа бир масала кўтарилади. Муҳими, одамлар ўз муаммоси билан ёлғиз қолмаслигида. Депутатлик сўрови эса одамларнинг овозини юқори ташкилотларга етказадиган кўприкдир. Шу маънода, ҳар бир ҳал этилган масала — ким учундир енгиллашган шароит, ҳал бўлган бир ташвишдир. Мақсад ҳам аслида шу, яъни натижа одамларнинг кундалик ҳаётида, турмушида кўринсин!
Лазиза Шерова,
“Ўзбекистон овози” мухбири.
