Фан Техника

Энг улуғ ва олижаноб касб эгалари

Blog Image
Email : 10 0

Шундай касб эгалари борки, уларнинг меҳнати самараси йиллар бадалида инсонлар тақдирида, миллатнинг салоҳиятида, мамлакат тараққиётида намоён бўлиб бораверади. Ўқитувчилик ана шундай шарафли ва масъулиятли касб, зотан. Бугун синфхонада айтилган ҳар бир сўз, берилган ҳар бир билим, билдирилган ҳар бир ишонч эртанги авлоднинг дунёқараши ва ҳаёт йўлига таъсир кўрсатмай қолмайди. Давлатнинг иқтисодий қудрати, илм-фан ривожи, жамиятнинг маънавий юксалиши ва инсон капиталининг сифати бевосита таълим билан боғлиқлиги, бошқача айтганда, бу ишнинг бошида турган педагоглар маҳорати, дунёқараши, касбига бўлган садоқати ҳал қилувчи аҳамият касб этиши айни ҳақиқатдир.

Ана шу ҳақиқатга таянган ҳолда мамлакатимиз таълим тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганига барчамиз бирдек гувоҳмиз. Бу жараёнда мактаблар инфратузилмасини яхшилаш, ўқув дастурлари ва дарсликларни янгилаш, таълимга рақамли технологияларни кенг жорий этиш билан бир қаторда ўқитувчининг жамиятдаги мақоми ва нуфузини оширишга устувор эътибор қаратилаётгани кишини қувонтиради.

Статистикага кўра, Ўзбекистон умумтаълим муассасаларида бугунги кунда салкам 600 минг нафар ўқитувчи фаолият юритмоқда. Мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги педагог кадрлар сони эса 650 минг нафардан ошган.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда педагогнинг мақомини оширишга қаратилган чора-тадбирлар мазмунан янги босқичга кўтарилди. Ўқитувчиларни фақат меҳнат жараёнида қўллаб-қувватлаш эмас, балки уларнинг касбий маҳоратини рағбатлантириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва жамиятдаги нуфузини мустаҳкамлашга қаратилган механизмлар кенгайтирилмоқда. Малака тоифаси, миллий ва халқаро сертификатлар, чет тилини билиш, ўқувчиларнинг олимпиадалардаги натижалари каби кўрсаткичлар асосида педагогларни моддий рағбатлантириш имкониятлари ошиб бораётир. Айрим устамалар ва рағбатлантиришлар ҳисобига минглаб ўқитувчиларнинг даромади сезиларли даражада ортмоқда. Бу эса педагог меҳнатини баҳолашда касбий салоҳият ва натижадорликка тобора кўпроқ урғу берилаётганини кўрсатади.

Педагогларнинг ижтимоий ҳимояси масаласи ҳам эътибор марказида. Узоқ йиллик иш стажига эга ва юқори малакага эришган ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш, улар учун ипотека ҳамда бошқа ижтимоий имкониятлар тақдим қилинмоқда. Бундай ёндашув ўқитувчини фақат таълим берувчи мутахассис эмас, балки жамиятнинг стратегик интеллектуал ресурси сифатида баҳолаш зарурати ўзининг ҳаётий тасдиғини топаётганини англатади.

Айни пайтда педагогнинг касбий ривожланишига қўйилаётган талаблар кучаймоқда. Замонавий ўқитувчи ўз фанини яхши билиши билан бирга рақамли технологиялардан фойдаланиши, янги педагогик методларни ўзлаштириши, ўқувчининг индивидуал қобилиятини ҳисобга олиши ва таълим жараёнини замонавий талаблар асосида ташкил эта олиши керак. Шу мақсадда педагогларни аттестациядан ўтказиш, малака тоифаларини бериш ва қайта тайёрлаш тизимлари такомиллаштирилмоқда. Педагогнинг ўз устида мунтазам ишлаши, янги билим ва кўникмаларни эгаллаши таълим сифатининг муҳим шарти сифатида қаралмоқда. Бу эса ўқитувчилик касбининг мазмуни ўзгараётганидан далолат беради: энди педагог фақат билим берувчи эмас, балки ўқувчини мустақил изланишга, таҳлил қилишга ва янгилик яратишга йўналтирувчи шахс бўлиши керак.

Шу ўринда педагог кадрлар тайёрлаш тизимидаги ўзгаришлар ҳам алоҳида эътиборга молик эканини қайд этмоқ жоиз. Педагогика олий таълим муассасаларини трансформация қилиш, бўлажак ўқитувчиларнинг назарий билими билан бирга амалий тайёргарлигини кучайтириш, уларни мактаб муҳитига эрта мослаштириш бўйича янги ёндашувлар жорий этилмоқда. Хусусан, «4+2» каби ёндашувлар талабаларнинг педагогик амалиётини кучайтиришга қаратилган. Бу ислоҳотлар пировардида бир мақсадга — таълим сифатини ошириш орқали инсон капиталини ривожлантиришга замин яратаётир.

Шубҳасиз, таълимга эътибор – келажакка эътибор демак. Шу маънода юртимизда соҳа ходимларининг мақоми ва нуфузини ошириш, уларнинг машаққатли меҳнатини қадрлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлангани пировардида жамиятда ўқитувчи-педагог, мураббийлик касбига бўлган ҳурматни юқори поғонага олиб чиқмоқда.

Янги Ўзбекистоннинг олтин авлодини тарбиялашдек шарафли йўлда билимини, куч-ғайратини аямай меҳнат қилаётган, соҳада ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, илғор тажрибаларни, инновацион педагогик ва рақамли технологияларни кенг жорий этиш ишларига муносиб ҳисса қўшаётган таълим-тарбия тизимидаги ходимлардан бир гуруҳи куни кеча Президент Фармонига биноан давлат мукофотлари билан тақдирлангани сўзимиз далилидир.

Абдуғани ТУРДИБОЕВ,
Фарғона шаҳридаги ногиронлиги бўлган болалар учун “Ғамхўрлик” маркази директори, II даражали “Саломатлик” ордени соҳиби:

— Мамлакатимизда 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиши эзгу анъанага айланган. Бу қутлуғ айём арафасида соҳа ходимларининг давлат мукофотлари билан тақдирланиши эса устозлик касбига, инсон қадрига бўлган юксак ҳурматнинг яққол намунасидир. Куни кеча Президентимизнинг тегишли Фармонига кўра камтарона меҳнатларим юксак баҳоланиб, II даражали “Саломатлик” орденига муносиб кўрилганимдан, рости, бошим осмонга етди.

Имконияти чекланган, аммо қалби дунёдек кенг, меҳрга ва эътиборга ташна болажонлар билан ишлаш оддий касбий мажбурият эмас, балки юксак инсонийлик, чексиз сабр ва улкан матонат талаб этадиган муқаддас вазифа. Мен раҳбарлик қилаётган “Ғамхўрлик” маркази бугунги кунда нафақат таълим ва реабилитация маскани, балки шу ерга қадам қўйган ҳар бир боланинг ўз уйидек қадрли ва иссиқ гўшасига айланган. Мураббий учун энг катта бахт — ўз тарбияланувчисининг юзидаги табассум, ҳаётга бўлган қизиқишининг ортиши ва жамиятда ўз ўрнини топишидир.

Қувонарлиси, сўнгги йилларда салмоқли ижобий ўзгаришлар нафақат умумий таълимда, балки инклюзив ва ихтисослаштирилган ўқитиш тизимида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Давлатимиз томонидан алоҳида эҳтиёжга эга бўлган болаларнинг сифатли таълим олиши, уларнинг ижтимоий мослашуви учун яратилаётган замонавий шароитлар, илғор авлод дарсликлари ва методикаларининг жорий этилиши соҳада янги саҳифа очмоқда. Асосийси, улар эндиликда жамиятнинг тўлақонли ва фаол аъзоси сифатида камол топмоқдалар.

Айни пайтдаги ҳаяжонларимни сўз билан тўла ифодалаб беролмайман. Шуни айтишим мумкинки, мен ва жамоамга билдирилган ишонч, қўллаб-қувватлаш биз, соҳа ходимларини янгидан-янги марралар сари ундайди, имконияти чекланган болажонларнинг яширин иқтидорларини кашф этишга ҳамда уларнинг қалбида Ватанга бўлган муҳаббатни кучайтиришга янада руҳлантиради.

Батпа Разова,
Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактабининг биология фани ўқитувчиси, “Дўстлик” ордени соҳибаси:

-Давлатимиз раҳбари Фармонига кўра «Дўстлик» ордени билан мукофотланганим нафақат менга, мактабимиз жамоасига, вилоятимиз таълим фидойиларига берилган юксак эътироф деб биламан. Педагогик фаолиятим, ёш авлодга биология фани сирларини ўргатиш ва уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш йўлидаги камтарона меҳнатимнинг бундай эъзозланиши менга чексиз фахр ва улкан масъулият бағишлайди.

Мамлакатимизда таълим тизими замонавий стандартлар асосида изчил такомиллашиб бораётгани барчага яхши маълум. Айниқса, табиий фанларни ўқитишга бўлган эътибор, барча жиҳозлар билан таъминланган лабораторияларнинг ташкил этилиши биз, биология фани ўқитувчиларига назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштириш учун чексиз имкониятлар очди.

Биз таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг фаол ижрочиси сифатида Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш йўлида фаоллик ва намуна кўрсатиб, давлат раҳбари томонидан илгари сурилаётган эзгу ғояларни ҳаётга татбиқ қилишга ҳисса қўшамиз. Бор билим ва тажрибамизни ишга солиб, замонавий билимларни пухта эгаллаган, халқаро талабларга жавоб берадиган кадрларни тарбиялашдек шарафли бурчимизни сидқидилдан адо этишга ҳаракат қиламиз.

Ф. ИБРОҲИМОВА.