Сиёсат

Қонунчиликда нималар ўзгармоқда?

Blog Image
Email : 11 0

Қонун қабул қилиниши — бу шунчаки янги қоида пайдо бўлиши эмас. Унинг ортида инсонларнинг ҳаёти, ҳуқуқи ва манфаатларига дахл қиладиган ўзгаришлар турибди. Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида ҳам ана шу нуқтаи назардан бир қатор қонун лойиҳалари атрофлича муҳокама қилинди.

Конституциявий суд фаолияти такомиллаштирилади

Дастлаб «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини кучайтириш, Конституциявий суд қарорларининг амалиётда самарали ижросини таъминлаш ҳамда Конституциявий суд ишларини юритишга доир процессуал тартибларни аниқ белгилашга қаратилган нормаларни ўз ичига олган.

Мазкур Конституциявий қонун лойиҳаси билан фуқаролар ва юридик шахсларнинг шикоят билан мурожаат қилиш ҳуқуқини амалга ошириш учун қўшимча ҳуқуқий кафолатлар яратилмоқда. Хусусан, суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган ва судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги юзасидан шикоят қилиш механизми аниқлаштирилмоқда.

Депутатлар қайд этганидек, мазкур нормалар конституциявий одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг суд ҳимоясига бўлган конституциявий ҳуқуқларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Наркожиноятларга қарши курашиш кучайтирилади

Мажлисда «Наркотиклар ва кучли таъсир қилувчи моддалар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. Ушбу ҳужжат наркотиклар ва кучли таъсир қилувчи моддалар муомаласини тартибга солиш, гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг олдини олиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда соҳада давлат органларининг ўзаро ҳамкорлигини янада кучайтиришга қаратилган.

Қонун лойиҳаси билан наркотиклар, кучли таъсир қилувчи моддалар ва прекурсорлар муомаласини, шунингдек, гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш соҳасини комплекс тартибга солиш назарда тутилмоқда. Шунингдек, соҳада қўлланилаётган «наркотиклар», «наркожиноят», «нарковазият», «гиёҳвандликка қарши курашиш», «наркожиноятларга қарши курашиш» каби тушунчаларга ҳуқуқий таърифлар берилмоқда.

Лойиҳада наркотиклар, кучли таъсир қилувчи моддалар ва прекурсорлар муомаласини назорат қилиш ҳамда гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш соҳасида давлат органлари ва ташкилотларининг ваколатлари аниқлаштирилмоқда. Жумладан, соҳадаги давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикасининг Наркотиклар устидан назорат қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан амалга оширилиши белгиланяпти.

Ҳужжат билан наркожиноятларнинг янги, айниқса, интернет тармоғидаги усулларига қарши курашиш, ноқонуний нарколабораторияларни аниқлаш ва уларнинг фаолиятига чек қўйиш, наркотикларнинг ноқонуний муомаласи каналларини бартараф этиш бўйича тезкор-қидирув ва бошқа чораларни амалга ошириш юзасидан масъул давлат органлари ва ташкилотларига аниқ вазифалар ҳам белгиланмоқда.

Шу билан бирга, наркотиклар ва кучли таъсир қилувчи моддалар муомаласини назорат қилиш билан бир қаторда профилактика йўналишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан масъул давлат органлари ва ташкилотларига аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларда гиёҳвандликка қарши иммунитетни шакллантиришга, таълим муассасаларида наркотиклар тарқалишининг олдини олишга, наркологик ёрдам, профилактика, диагностика, даволаш ва тиббий-ижтимоий реабилитация тизимини такомиллаштиришга қаратилган муҳим вазифалар юклатилмоқда.

Бундан ташқари, наркожиноятлардан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши қаратилган янги механизмлар назарда тутиляпти. Хусусан, наркожиноятга йўл қўйган ёки наркожиноятлар натижасида олинган даромадларни легаллаштириш мақсадида молиявий операцияларни амалга оширган юридик шахсни суд қарорига асосан тугатиш мумкинлиги белгиланмоқда.

Мазкур қонун лойиҳасида наркожиноятларга қарши курашишда замонавий технологиялар ва илмий ёндашувлардан фойдаланишни рағбатлантириш, соҳадаги илмий, амалий ва технологик тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, наркожиноятлар ҳақида хабар берган ёки уларга қарши курашишга кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш ва уларнинг шахсига доир маълумотлар сир сақланишини кафолатлашга қаратилган нормалар ўз ифодасини топмоқда.

Депутатлар лойиҳани ишлаб чиқишда миллий қонунчилик билан бир қаторда, хорижий давлатларнинг соҳага оид тажрибаси ўрганилиб, улардаги мақбул механизмлар инобатга олинганини таъкидлашди.

Мажлисда қонун лойиҳаси қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Миграция соҳасида рўйхатдан ўтказиш тартиби мувофиқлаштирилмоқда

Бугун миграция масаласи кўплаб фуқароларнинг кундалик ҳаёти билан боғлиқ мавзуга айлангани сир эмас. Яшаш ёки турган жойи бўйича рўйхатдан ўтиш, ҳужжатларни расмийлаштириш каби жараёнларда аниқ ва тушунарли қоидалар бўлиши муҳим. Шу сабабли миграция соҳасидаги қонунчиликни замон талабларига мослаштиришга қаратилган ўзгартиришлар таклиф этилмоқда.

Мажлисда “Миграция соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Ушбу ҳужжат қонунларни бир-бирига мослаштириш, миграция соҳасидаги қоидаларни замон талабларига мувофиқ равишда тартибга солиш ва қонунларни амалда қўллашда ягона тартибни таъминлашга қаратилган.

Лойиҳада фуқаролар, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни меҳмонхоналар, мотеллар, туристик лагерлар, дам олиш уйлари ва зоналари, санаторийлар, даволаш пансионатлари, давлат тасарруфидаги ва хусусий клиникалар, шифохоналар, касалхоналарга келганда ушбу ташкилот ва муассасаларда турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тартибини бузганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтиришга қаратилган нормалар киритилмоқда.

Шунингдек, амалдаги қонун ҳужжатлари “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисида”ги қонун нормаларига мувофиқлаштирилди. Хусусан, фуқароларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ атама ва тушунчалар қонун ҳужжатларида бирхиллаштирилди. Амалдаги бир қатор кодекс ва қонунлардаги “доимий яшаш жойи” ва “вақтинча турган жойи” каби тушунчалар тегишинча “яшаш жойи” ва “турган жойи” тушунчаларига мувофиқлаштирилди.

Мажлисда қайд этилганидек, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида депутатлар таклифлари, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиёти атрофлича ўрганилиб, унинг айрим нормалари янада такомиллаштирилди. Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳасининг такомиллаштирилган нормалари, уларнинг ҳуқуқни қўллаш амалиётига таъсири ҳамда белгиланаётган ҳуқуқий механизмларнинг самарали ишлаши юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Муҳокамалар якунида қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.

Болалар зўравонлиги: жавобгарлик янада қатъийлашмоқда

Бола ўзини, энг аввало, оиласида, мактабда ва жамиятда хавфсиз ҳис қилиши керак. Афсуски, болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари учраб туради ва бундай вазиятларда уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш алоҳида ёндашувни талаб этади. Шу мақсадда қонун лойиҳасида болаларга нисбатан оғир жиноятлар учун жавобгарликни кучайтириш таклиф этилмоқда. Жабрланган болаларни тергов ва суд жараёнларида ҳимоя қилиш механизмлари ҳам кучайтирилмоқда.

Шундан келиб чиқиб, ялпи мажлисда шунингдек, болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси ҳам муҳокама этилди.

Қонун лойиҳаси билан Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар ҳамда қатор қонун ҳужжатларига болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари учун жавобгарлик чораларини кескин кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилган.

Унда болаларга нисбатан содир этиладиган зўравонлик ва жинсий тажовузлар учун жазо чораларини кучайтириш, жабрланган болаларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш, зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш ҳамда масъул ташкилотлар ва мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини оширишга қаратилган нормалар акс этмоқда.

Энг аввало, болаларга нисбатан содир этилган ўта оғир жинсий жиноятлар учун жазо кескин кучайтирилмоқда. Хусусан, ўн тўрт ёшга тўлмаган шахсга нисбатан номусга тегиш ёки жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш жиноятлари учун узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш кўзда тутилмоқда.

Қонун лойиҳасида боланинг жинсий эркинлигига қарши жиноятларни содир этган шахсларни жавобгарликка тортиш муддати ўтганлиги сабабли жавобгарликдан ва жазони ижро этиш муддати ўтганлиги боис жазодан озод қилинмаслиги белгиланмоқда. Бу орқали бола ҳаётига тажовуз қилган оғир қилмишлар учун жазо муқаррарлигини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий кафолатлар кучайтирилади.

Болаларни ҳимоя қилиш фақат жиноят содир этилганидан кейин жазо тайинлаш билан чекла нмайди. Зўравонликнинг олдини олиш, жабрланган боланинг ҳуқуқларини таъминлаш ва унинг манфаатларини тергов ҳамда суд жараёнларида ҳимоя қилиш ҳам бирдек муҳимдир.

Шу мақсадда зўравонликдан жабрланган вояга етмаганларни сўроқ қилиш жараёнини видеоёзув орқали қайд этиш, жинсий эркинликка қарши жиноятлар бўйича жа брланган бола билан гумон қилинувчи, айбланувчи ёки суд ланувчини юзлаштиришни махсус тартиб асосида ўтказиш таклиф этилмоқда. Болага яқин шахслар томонидан зўравонлик содир этилган ҳолатларда эса жиноят ишини судга қадар юритиш ва суд муҳокамаси жараёнларида васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг иштирокини таъминлаш назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, зўравонликдан жабрланган ёки унга гувоҳ бўлган болаларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш механизми ҳам жорий этилмоқда. Бу болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда уларнинг моддий аҳволидан қатъи назар, малакали юридик ёрдам олиш имкониятини кенгайтиради.

Қонун лойиҳаси болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишда масъулиятсизликка ҳам чек қўйишга қаратилган. Жумладан, болага ғамхўрлик кўрсатмаслик, Болалар масалалари бўйича комиссиялар қарорларини ижро этмаганлик ёки уларнинг ижросига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни белгилаш таклиф этилмоқда.

Вояга етмаганга нисбатан қасддан баданга оғир ва ўртача оғир шикаст етказиш, бир гуруҳ шахслар томонидан ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этилишини оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳолаш, шунингдек, вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилганлик учун жазо чораларини кучайтириш назарда тутилмоқда.

Ҳужжатда болаларнинг хавфсизлиги учун ота-она ва таълим муассасалари ходимларининг масъулияти ҳам алоҳида белгиланмоқда. Болаларни тарбиялаш мажбуриятини бажармаслик, шаҳвоний шилқимлик қилиш ва никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни бузиш каби ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жазо чораларини кучайтириш, таълим-тарбия жараёнида педагог томонидан болага нисбатан зўравонлик содир этилган тақдирда эса меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига кўра бекор қилиш учун ҳуқуқий асос яратиш таклиф этилмоқда.

Шу билан бирга, болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун жавобгарлик белгилаш ҳам назарда тутилган.

Қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти шундан иборатки, болаларга нисбатан зўравонликнинг ҳеч бир кўриниши эътиборсиз қолмаслиги, ҳар бир аниқланган ҳолат қонун доирасида баҳоланиши, айбдорлар эса қилмишига яраша қатъий жавоб бериши керак. Бу борада нафақат зўравонлик содир этган шахслар, балки болаларни ҳимоя қилиш бўйича ўз вазифаларини бажармаган масъулларнинг ҳам жавобгарлигини белгилаш муҳимдир.

Мажлисда қайд этилганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши болаларнинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, зўравонликнинг олдини олиш, жабрланган болаларнинг ҳуқуқларини тиклаш ҳамда жамиятда бундай қилмишларга нисбатан муросасиз муносабатни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Йиғилишда шунингдек, жамият ва фуқаролар ҳаётининг турли соҳаларига дахлдор бўлган яна бир қатор қонун лойиҳалари ҳам муҳокама этилди. Уларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тадбиркорлик учун қулай шароит яратиш ҳамда амалдаги қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган муҳим нормалар назарда тутилмоқда. Бу ўзгаришлар одамларнинг кундалик ҳаётида учраётган масалаларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳал этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Лазиза Шерова,
“Ўзбекистон овози” мухбири.