Олий Мажлис Қонунчилик палатасида мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг турли йўналишларига оид масалалар муҳокамаси давом этмоқда. Навбатдаги мажлис кун тартибидан ҳам қонунчиликни такомиллаштириш, мавжуд муаммоларга ечим топиш ва аҳоли манфаатларини таъминлашга қаратилган қатор масалалар ўрин олди.
Дастлаб “Кўп квартирали уйларни ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш киритиш асосида қуриш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, Президентимизнинг 2025 йил 27 январдаги фармони билан улушли қурилишда эскроу тизими босқичма-босқич жорий этилмоқда. 2025 йил 1 июлдан бошлаб фуқароларнинг уй-жой қурилиши учун киритадиган маблағларини банкдаги махсус эскроу ҳисобварағида сақлаш ихтиёрий тартибда йўлга қўйилган. Яъни ҳозирда уй-жой харид қилаётганлар ушбу тизимдан фойдаланишлари мумкин.
Фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 январдан бошлаб бундай маблағларни фақат эскроу ҳисобварақлари орқали жалб қилиш белгиланган. Янги қонун лойиҳаси эса бу жараённи ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб, фуқароларнинг пулларини ҳимоя қилишга қаратилган.
Энди фуқаролар уй-жой қурилиши учун тўлаган пуллар тўғридан-тўғри қурувчига берилмайди, балки банкдаги махсус ҳисобварақда сақланади. Қурувчи уйни белгиланган талаблар асосида қуриб, фойдаланишга топширганидан кейингина ушбу маблағларни олади. Бу эса уй қурилиши чўзилиб кетиши ёки тугалланмай қолиши билан боғлиқ хавфларни камайтиришга хизмат қилади.
Шунингдек, энди ҳар қандай қурувчи аҳолидан уй-жой учун пул жалб қила олмайди. Бунинг учун у қонунда белгиланган талабларга жавоб бериши, Ягона ахборот тизимида рўйхатдан ўтиши, ваколатли банк билан келишув тузиши ва ўз қурилиш лойиҳаси ҳақидаги маълумотларни расман эълон қилиши керак бўлади.
Яна бир муҳим жиҳат — фуқаро билан қурувчи ўртасидаги шартнома нотариус орқали тасдиқланади ва давлат рўйхатидан ўтказилади. Бу бир хонадонни бир неча кишига сотиш ёки қонунга зид шартномалар тузиш каби ҳолатларнинг олдини олади.
Агар қурувчи қонунда белгиланган талабларни бузиб, фуқаролардан пул жалб қилса, улар ўз маблағларини қайтаришни ҳамда ушбу пулдан фойдаланганлик учун фоиз тўлашни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
Қонун лойиҳасида қурилиш ишлари тўхтаб қолмаслиги ва уйлар ўз вақтида битказилишини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, зарур ҳолларда қурувчини ёки ваколатли банкни алмаштириш, қурилишни давом эттириш учун маблағ билан таъминлаш механизмлари назарда тутилмоқда. Бу орқали қурилишда муаммо юзага келган тақдирда ҳам ишларни давом эттириш ва фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш имконияти яратилади.
Бундан ташқари, уй-жой қурилиши ҳақидаги барча муҳим маълумотлар Ягона ахборот тизимига жойлаштирилади. Фуқаролар ушбу тизим орқали қурувчи, қурилаётган уй ва лойиҳанинг қай даражада амалга оширилаётгани ҳақида маълумот олишлари мумкин бўлади.
Шу тариқа, қонун уй-жой харид қилаётган фуқароларнинг маблағларини ҳимоя қилиш, қурувчилар масъулиятини ошириш ва қурилиш соҳасида очиқликни таъминлашга қаратилган.
Тадбиркорлардан қонунда назарда тутилмаган ҳужжатлар талаб қилинишининг олдини олиш мақсадида ноаниқ бўлган «қўшимча маълумотлар» шаклидаги нормалар чиқариб ташланди, 10 дан ортиқ ҳаволавий норма бўйича қонуности ҳужжатларини ишлаб чиқиш муддатлари аниқ белгиланди. Ўтиш тартиби назарда тутилиб, қонун кучга кирганидан кейин қурилишига рухсатнома олинган объектларга нисбатан татбиқ этилиши белгиланди.
Қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
Шаҳарсозлик кодексига ўзгартиришлар киритилмоқда
Мажлисда «Урбанизация соҳаси такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан урбанизация жараёнларини ҳисобга олган ҳолда шаҳарларнинг жамият ва иқтисодиёт ривожидаги ролини ошириш, аҳолининг турмуш тарзини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш ҳамда экологик муҳитни ва шаҳар инфратузилмасини янада яхшилаш, аҳоли пунктларини, ҳудудларни комплекс ривожлантириш асосида мутаносиб режалаштириш шаҳарсозликда асосий принциплар сифатида белгиланмоқда.
Шунингдек, урбанизация соҳасида давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, Ўзбекистон Республикаси Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитасининг ҳуқуқий мақоми ва ваколатлари Шаҳарсозлик кодексида аниқ кўрсатилмоқда.
Қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
Миграция соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилмоқда
Мажлисда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига миграция ва персоналлаштириш бўлинмалари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳаси миграция ва персоналлаштириш соҳасидаги ташкилий ўзгаришларни қонунчиликда акс эттириш, ваколатли давлат органларининг номланиши ва ваколатларини ўзаро мувофиқлаштириш, иш берувчиларнинг чет эл фуқаролари учун меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқномаларни олиш юзасидан мурожаат қилиш имкониятларини кенгайтириш, давлат хизматлари кўрсатишда қўшимча қулайликлар яратиш ҳамда соҳада ҳуқуқий аниқликни таъминлашга қаратилган.
Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида масъул қўмита томонидан депутатлар билдирган таклиф ва мулоҳазалар атрофлича кўриб чиқилиб, унинг айрим нормалари янада аниқлаштирилди.
Хусусан, қонун лойиҳасида назарда тутилган нормаларнинг ҳуқуқий жиҳатдан аниқ ва тушунарли ифодаланиши, амалдаги қонунчилик ҳужжатлари билан ўзаро уйғунлигини таъминлаш мақсадида тегишли таҳририй тузатишлар киритилди.
Қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
Суд ва молиявий муносабатларга оид янгиликлар
Мажлисда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси билан Фуқаролик процессуал кодексига, «Давлат божи тўғрисида»ги ҳамда «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»гиқонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Хусусан, фуқаролик ҳолати ҳужжатлари ёзувларидаги нотўғриликларни суд тартибида аниқлаш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқишнинг аниқ процессуал тартиби белгиланмоқда. Бу фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигини камайтириш, ўз ҳуқуқларини тиклаш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Шунингдек, қонун лойиҳасида тўловга қобилиятсизлик ишлари доирасида суд бошқарувчиси ўз вазифаларини лозим даражада бажармаган тақдирда, унга тўланадиган ҳақ миқдорини камайтириш, айрим суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш имкониятларини кенгайтириш, судгача санация қилиш ҳамда суд бошқарувчиларини вазифасидан озод этиш тартиблари кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, давлат божи билан боғлиқ айрим нормаларни ўзаро мувофиқлаштириш, тўловга қобилиятсизлик жараёнларида кредиторлар ва қарздорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш ҳам белгиланмоқда.
Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Шунингдек, мажлисда «Яйловлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори А. Закировга «Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил этиш, рақамлаштириш ҳамда шаффоф ва коррупциядан холи тизимни шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида» Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақидаги масала кўриб чиқилди.
Лазиза Шерова,
“Ўзбекистон овози” мухбири.
