Аҳоли маблағларини ҳимоя қилиш, қурилиш соҳасида шаффофликни таъминлаш ва қурувчилар масъулиятини ошириш — янги қонунчилик ислоҳотларининг устувор йўналиши.
Бугун мамлакатимизда аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш, замонавий ва қулай турар жойлар барпо этиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланган. Кейинги йилларда юртимиз бўйлаб кўп квартирали уй-жойлар қурилиши жадал суръатда ривожланмоқда. Бу эса минглаб оилаларнинг ўз уйига эга бўлиш орзусини рўёбга чиқариш билан бирга, соҳадаги ҳуқуқий муносабатларни янада такомиллаштириш заруратини ҳам юзага келтирмоқда.
Маълумотларга кўра, сўнгги ўн йилда мамлакатимизда 16 317 та кўп қаватли уй қурилиб, 713 846 та квартира фойдаланишга топширилган. Хонадонлар сони 2017 йилга нисбатан қарийб уч баробарга ошган. Бу рақамлар қурилиш соҳасидаги улкан ўзгаришлар кўламини яққол намоён этади.
Бироқ соҳада эришилаётган ижобий натижалар билан бир қаторда, айрим муаммолар ҳам мавжудлигини инкор этиб бўлмайди. Хусусан, баъзи ҳолларда қурувчилар томонидан шартнома мажбуриятларининг бажарилмаслиги, қурилиш ишларининг белгиланган муддатларда якунланмаслиги, фуқаролардан жалб қилинган маблағларнинг мақсадсиз сарфланиши каби ҳолатлар аҳолининг асосли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Энг муҳими, бу ерда гап фуқароларнинг йиллар давомида меҳнат қилиб, тежаб-тергаб жамғарган маблағлари, фарзандлари келажаги ва ўз бошпанасига эга бўлиш орзуси ҳақида бормоқда. Шунинг учун ҳам ҳар бир улушдорнинг ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш давлат ва жамият олдидаги муҳим вазифалардан биридир.
Ўз вақтида Халқ демократик партияси Сайловолди дастурида айни шу масалага алоҳида эътибор қаратилган, аҳоли маблағларини ҳимоя қилиш бўйича тегишли қонунни қабул қилиш ташаббуси илгари сурилган эди. Партиямиз таклифи бугун амалга ошаётгани, бу электоратимиз манфаатларига хизмат қилишини ҳам таъкидлаш лозим.
Эскроу тизими — маблағлар хавфсизлиги
Айнан шу эҳтиёждан келиб чиқиб, «Кўп квартирали уйларни ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш киритиш асосида қуриш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Мазкур қонун лойиҳасининг асосий мақсади — улуш киритиш асосида уй-жой харид қилаётган фуқароларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, уларнинг маблағлари хавфсизлигини таъминлаш ҳамда қурилиш соҳасида шаффоф ва самарали механизмларни жорий этишдан иборат.
Бу борада халқаро амалиётда кенг қўлланиладиган эскроу тизимини қонунчилик асосида мустаҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этади.
Хўш, эскроу тизими нима ва унинг аҳамияти нимада?
Оддий қилиб айтганда, эскроу — бу уй-жой харидорининг маблағини тўғридан-тўғри қурувчига эмас, балки банкда очилган махсус ҳисобварақда сақлаш тизимидир. Бунда харидор шартномага мувофиқ маблағни эскроу ҳисобварағига ўтказади. Қурувчи эса белгиланган талаблар асосида қурилишни амалга оширади. Банкда сақланаётган маблағлардан фойдаланиш эса қонунда белгиланган шартлар асосида таъминланади.
Ушбу механизмнинг энг муҳим жиҳати шундаки, фуқаронинг маблағи қурувчининг ихтиёрига тўғридан-тўғри берилмайди. Бу эса маблағларнинг мақсадсиз сарфланиши, қурилиш жараёнидаги молиявий таваккалчиликлар ва турли суиистеъмолчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Мамлакатимизда мазкур тизимни босқичма-босқич жорий этиш бўйича ҳам аниқ чоралар белгиланган. Жумладан, 2025 йил 1 июлдан 31 декабрга қадар улушдорларнинг маблағларини эскроу ҳисобварақлари орқали жалб қилиш тарафларнинг ихтиёрий танловига кўра амалга оширилган бўлса, 2026 йил 1 январдан бошлаб бу тартиб мажбурий этиб белгиланган.
Бугунги кунда 251 та уй-жой мажмуасида эскроу тизими асосида қурилиш ишлари олиб борилмоқда ва беш мингдан зиёд шартнома расмийлаштирилган.
Бу, шубҳасиз, қурилиш соҳасида янги босқич бошланганидан далолат беради.
Депутатлар ва жамоатчилик таклифлари асосида
Қонун лойиҳасини такомиллаштириш жараёнида энг асосий эътибор фуқароларнинг манфаатларига қаратилди. Биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқулланган ҳужжат иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида атрофлича қайта кўриб чиқилди.
Бунда депутатлар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар, ижтимоий тармоқларда кўтарилган муаммолар, фуқароларнинг мурожаатлари, қурувчилар ва девелоперлар билан ўтказилган учрашувларда билдирилган таклифлар чуқур ўрганилди. Шунингдек, 16 та вазирлик ва идора билан муҳокамалар ўтказилиб, халқаро экспертларнинг таклифлари ҳам инобатга олинди.
Натижада қонун лойиҳасига бир қатор муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Биринчидан, улушли иштирок этиш шартномаларини ҳуқуқий жиҳатдан янада мустаҳкамлаш мақсадида ҳар бир шартнома ҳамда унга киритиладиган қўшимча келишувларни нотариал тартибда тасдиқлаш талаби белгиланди. Бу фуқароларнинг шартномавий муносабатлардаги ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилади.
Иккинчидан, қуриб битказилган хонадонлар майдонининг шартномада кўрсатилган майдондан фарқ қилиши билан боғлиқ эътирозлар инобатга олинди. Шу мақсадда қонун лойиҳасининг 34-моддасига ўзгартиш киритилиб, улушли қурилиш объекти майдонининг шартномада белгиланган майдондан рухсат этилган ўзгариш даражасини беш фоизгача белгилаш ҳамда лойиҳа ҳужжатларидаги «жиддий ўзгариш»ни муайян фоиз билан чеклашга оид қоидалар чиқариб ташланди.
Учинчидан, қурилиш ишларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш, объектларни ўз вақтида якунлаш ва хонадонларни улушдорларга топширишда кечикишларнинг олдини олиш мақсадида молиялаштириш тартиби такомиллаштирилди. Унга кўра, қурилиш қийматининг камида 70 фоизи банк кредити, кўпи билан 30 фоизи эса қурувчининг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши назарда тутилмоқда.
Тўртинчидан, фуқароларнинг маблағларини қонунда белгиланган шакл ва тартибдан ташқари усулларда жалб қилиш ёки шартномани давлат рўйхатидан ўтказмаслик ҳолатлари учун жавобгарлик белгиланмоқда. Бу эса қурилиш соҳасида қонунийлик ва интизомни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Бешинчидан, янги тартибларнинг амалдаги қурилиш лойиҳаларига таъсири ҳам эътибордан четда қолмади. Қурилиши бошланган объектлар тўхтаб қолишининг олдини олиш мақсадида қонуннинг 79-моддасига тегишли ўтиш нормаси киритилди. Унга мувофиқ, янги механизмлар қонун кучга кирганидан кейин қурилишига рухсат олинган объектларга нисбатан татбиқ этилади.
Қурувчилар жавобгарлиги кучайтирилди
Албатта, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фақат маблағларни кафолатли сақлаш билан чекланмаслиги керак. Бу жараёнда қурувчи ва девелоперларнинг масъулиятини ошириш, қонун талабларига риоя этилишини таъминлаш ҳам муҳим ўрин тутади.
Сўнгги даврда қабул қилинган қонунлар билан ҳам бу борадаги жавобгарлик чоралари сезиларли даражада кучайтирилди.
Жумладан, 2026 йил 28 сентябрдаги қонун билан кўп квартирали уйларни тегишли рухсатномаларсиз қурганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 450 бараваригача жарима, бундай ҳуқуқбузарликни такроран содир этганлик учун эса жиноий жавобгарлик белгиланди.
2026 йил 2 ноябрдаги қонун билан қурилиш объектларига мансаб ваколатидан фойдаланиб, қонунга хилоф равишда аралашганлик учун маъмурий, бундай қилмишни маъмурий жазодан кейин такроран содир этганлик учун жиноий жавобгарлик чоралари назарда тутилди.
Шунингдек, фойдаланишга қабул қилинмаган кўп квартирали уйларга фуқароларнинг кўчиб киришига йўл қўйганлик учун ҳам жиноий жавобгарлик белгиланган.
Ушбу чораларнинг барчаси бир мақсадга — қурилиш соҳасида қонунийликни таъминлаш, фуқароларнинг маблағлари ва мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган.
Депутатлик фаолиятимизда аҳолининг мурожаатлари, ҳаётий муаммолари ва қонуний талабларини ўрганиш биз учун доимий вазифадир. Қонунчиликдаги ҳар бир ўзгартиш, ҳар бир янги норма, аввало, оддий инсон ҳаётида қандай ижобий натижа бериши билан баҳоланиши керак.
Уй-жой харид қилиш кўпчилик оилалар учун бир неча йиллик меҳнат, тежамкорлик ва катта умидлар маҳсулидир. Шу боис ҳеч бир фуқаро ўз маблағини йўқотишдан, қурувчи томонидан алданишдан ёки узоқ вақт давомида уйига эга бўлолмасликдан хавотирланмаслиги лозим.
Ишончли ҳуқуқий кафолатлар, шаффоф молиявий механизмлар, масъулиятли қурувчилар ва самарали давлат назорати — соҳа ривожининг асосий шартларидир.
Ишончимиз комилки, «Кўп квартирали уйларни ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш киритиш асосида қуриш тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг қабул қилиниши бу борадаги ҳуқуқий кафолатларни янада мустаҳкамлаш, улушдорларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, қурилиш соҳасида соғлом рақобат ва очиқлик муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.
Уй-жой — бу шунчаки бино ёки кўчмас мулк эмас. У оиланинг осойишталиги, фарзандлар келажаги, инсоннинг эртанги кунга бўлган ишончи демакдир. Ана шу ишончни қонун билан ҳимоя қилиш эса барчамизнинг масъулиятли вазифамиздир.
Шокиржон Аҳмедов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.
