Сўнгги йилларда Ўзбекистон халқаро ҳамкорлик ва кўп томонлама муносабатларга қатъий содиқлигини амалда намоён этмоқда. Мамлакатимиз иқлим ўзгаришига қарши курашиш, давлат хизмати самарадорлиги, парламентаризмни ривожлантириш, ёшлар фаоллигини ошириш ҳамда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга бағишланган йирик халқаро анжуманларга мезбонлик қилди. Очиқ ва прагматик ташқи сиёсат туфайли Янги Ўзбекистон халқаро ҳамжамият билан мулоқот ва шериклик алоқаларини изчил мустаҳкамлаб бормоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг глобал муаммоларни ҳал этишдаги ягона универсал майдон сифатидаги ўрнини бир неча бор алоҳида таъкидлаган. 2025 йил апрель ойида Тошкентда бўлиб ўтган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеясида сўзлаган нутқида давлатимиз раҳбари БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг Ташкилотни янада самарали ва тезкор тузилмага айлантиришга қаратилган ислоҳотларини Ўзбекистон тўлиқ қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади.
Ушбу саъй-ҳаракатлар халқаро миқёсда юксак эътирофга сазовор бўлмоқда. 2024 йил июль ойида Ўзбекистонга ташрифи чоғида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Президент Шавкат Мирзиёевни «кўприклар бунёдкори, холис воситачи ва тинчлик элчиси» дея эътироф этиб, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни инсон ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш йўлидаги улкан қадам сифатида юқори баҳолади.
Ўзбекистон БМТ доирасида глобал хамкорликни шакллантиришга ҳам тобора салмоқли ҳисса қўшмоқда. Сўнгги йилларда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Ўзбекистон ташаббуси билан илгари сурилган 15 та резолюция қабул қилинди, жумладан, уларнинг иккитаси 2026 йилнинг ўзида маъқулланди.
Бунинг ёрқин мисоли сифатида 2026 йил 24 июль куни БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан «Ижтимоий тараққиётни жадаллаштиришда парламентлар ролини кучайтириш тўғрисида»ги резолюциянинг қабул қилинишини келтириш мумкин. Дунёнинг барча минтақаларидан 61 та БМТга аъзо давлат ушбу ҳужжатга ҳаммуаллиф бўлгани ижтимоий ривожланишни илгари суриш ва Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришишда парламентлар ролини ошириш борасидаги ташаббуслар кенг халқаро қўллаб-қувватловга эга эканидан далолат беради.
Мазкур халқаро ташаббуслар Ўзбекистоннинг ўзида кечаётган изчил демократик ислоҳотларнинг мантиқий инъикосидир. Бугун мамлакатда миллий тараққиётни қўллаб-қувватлашга ва парламент дипломатиясига муносиб ҳисса қўшишга қодир кучли ҳамда масъулиятли парламентни шакллантириш устида тизимли иш олиб борилмоқда.
«Ўзбекистон – 2030» стратегиясида парламентни ривожлантириш муҳим миллий устувор йўналиш сифатида белгиланган. Сўнгги йилларда қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг нуфузини кучайтириш, унинг жамият ҳаёти ва давлат бошқарувидаги ўрнини оширишга қаратилган 20 дан ортиқ қонунлар қабул қилинди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Барқарор ривожланиш мақсадларини ҳаётга татбиқ этишда салмоқли ютуқларга эришмоқда. «Барқарор ривожланиш тўғрисида»ги 2025 йилги глобал ҳисоботга кўра, мамлакатимиз 167 та давлат орасида 19 поғонага кўтарилиб, 62-ўринни эгаллади.
Ушбу ижобий ўзгаришлар юртдошларимизнинг кундалик ҳаётида тобора яққол акс этмоқда. Камбағаллик даражаси 2021 йилдаги 17 фоиздан 2025 йилда қарийб 5,8 фоизгача қисқарди. Сифати яхшиланган давлат хизматларидан 12,8 миллион нафар фуқаро баҳраманд бўлди, мактабгача таълим қамрови эса 78 фоизга етиб, қарийб 2,4 миллион нафар болани қамраб олди.
Ўзбекистон тажрибаси учта муҳим хулосани яққол намоён этмоқда:
Биринчидан, Барқарор ривожланиш мақсадлари алоҳида халқаро кун тартиби сифатида эмас, балки миллий сиёсат ва давлат институтлари фаолиятига узвий сингдирилганда энг юқори самара беради. Ўзбекистон миллий БРМ мақсадларини белгилади, икки маротаба Ихтиёрий миллий шарҳни тақдим этди, парламент иштирокини кучайтирди ҳамда барқарор тараққиётга хизмат қилувчи халқаро ташаббусларни илгари сурди.
Иккинчидан, ислоҳотлар кучли ҳисобдорлик билан уйғун бўлиши шарт. Қонунлар, бюджет маблағлари ва давлат дастурлари ҳар бир вилоят, туман ва маҳалладаги инсонлар ҳаётида реал натижа беришини таъминлашда парламент ҳал қилувчи ўрин тутади.
Учинчидан, самарали бошқарув ишончли маълумотлар ва аниқ далилларга таянади. Миллий статистика ва аҳолини рўйхатга олиш маълумотларининг такомиллашуви давлат сиёсатини юритувчиларга аҳоли эҳтиёжларини чуқурроқ англаш ва ресурсларни энг зарур йўналишларга манзилли йўналтириш имконини беради.
Ушбу тамойиллар БМТнинг Ўзбекистон билан 2026–2030 йилларга мўлжалланган Барқарор ривожланиш соҳасидаги янги Ҳамкорлик дастурида ўз ифодасини топган. Унинг бош мақсади — инсон капиталига сармоя киритиш орқали Ўзбекистонга ўз демографик салоҳиятидан оқилона фойдаланишда кўмаклашишдир. Ёш ва ўсиб бораётган аҳолига эга бўлган мамлакат сифатли таълим, соғлиқни сақлаш, муносиб бандлик, ижтимоий ҳимоя ва замонавий инфратузилмани ривожлантириш орқали тараққиётни жадаллаштириш учун ноёб имкониятга эга.
Ислоҳотлар жараёнида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ўзбекистоннинг ишончли ҳамкори бўлиб келмоқда. 2021–2025 йиллар мобайнида БМТ тизими миллий устувор йўналишларни қўллаб-қувватлаш ва Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштириш йўлида Ҳукумат, Парламент, фуқаролик жамияти, ривожланиш бўйича ҳамкорлар ҳамда маҳаллий ҳамжамиятлар билан яқин ҳамкорликда фаолият юритди. Бу саъй-ҳаракатлар давлат институтларини мустаҳкамлаш, давлат хизматлари сифатини ошириш ва мамлакат бўйлаб миллионлаб инсонлар учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилди.
Энг кўзга кўринарли натижалардан бири давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида қайд этилди. 12,8 миллиондан ортиқ фуқаро такомиллаштирилган давлат хизматларидан фойдаланиш имконига эга бўлди, бу эса харажатлар ва маъмурий тўсиқларни қисқартириб, аҳоли маблағларининг йилига тахминан 2,1 миллион АҚШ доллари миқдорида тежалишига олиб келди. Шу билан бирга, одил судловдан фойдаланиш имкониятлари кенгайиб, 5 800 дан ортиқ кишига бепул юридик ёрдам ва рақамли ҳуқуқий маслаҳатлар кўрсатилди. БМТ томонидан қўллаб-қувватланган дастурлар орқали 700 дан зиёд коррупцияга қарши курашиш мутахассислари ва прокурорлар ўз касбий салоҳиятини оширди.
Мазкур шериклик бандлик ва ижтимоий ҳимоя соҳаларидаги муҳим ислоҳотларни ҳам қўллаб-қувватлади. Меҳнаткашларни, жумладан, норасмий секторда банд бўлган қарийб 800 минг нафар фуқарони ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган янги тизимлар жорий этилди. Касбий кўникмаларни ривожлантиришга масъул муассасаларнинг салоҳияти юксалтирилиб, бу тахминан 75 минг нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қамраб олувчи инклюзив дастурларни амалга ошириш имконини берди, ёшлар эса замонавий қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорлик кўникмаларини эгаллаш имкониятига эга бўлди.
Айниқса, оналар ва янги туғилган чақалоқлар саломатлигини муҳофаза қилиш борасида салмоқли натижаларга эришилди. ЮНИСЕФ, ЮНФПА ва ЖССТ томонидан амалга оширилган «ИШОНЧ» қўшма жамғармаси дастури доирасида Ўзбекистондаги барча 231 та перинатал марказнинг шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш салоҳияти мустаҳкамланди. Қарийб 87 минг нафар тиббиёт ходими малака оширди, тўрт миллиондан ортиқ аёллар ва янги туғилган чақалоқлар сифатли тиббий хизматлардан баҳраманд бўлди.
Энг муҳими, ушбу сармоялар аллақачон ўлчовли ва аниқ натижалар бермоқда. Олдини олиш мумкин бўлган оналар ўлими улуши камайди, энг кичик ва заиф чақалоқларнинг яшаб қолиш кўрсаткичи эса тахминан 13 фоизга ошди. Бу Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорлик мамлакат бўйлаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш ва оилалар саломатлигини мустаҳкамлашга қандай хизмат қилаётганининг ёрқин намунасидир.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти гендер тенглигини таъминлаш ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларни ҳам фаол қўллаб-қувватлайди. Ўзбекистонда махсус дастурлар аёллар учун иқтисодий имкониятларни кенгайтирди, етакчилик ва тадбиркорликни рағбатлантирди ҳамда зўравонлик ва камситишнинг олдини олишга қаратилган хизматларни кучайтирди. Шу билан бирга, 14 700 дан ортиқ мутахассис гендер жиҳатларини ва болалар манфаатларини инобатга олувчи хизматлар кўрсатиш бўйича ўз малакасини оширди.
Кўп ўлчовли камбағаллик индексининг жорий этилиши аҳолининг реал эҳтиёжларига жавоб берадиган сиёсатни ишлаб чиқиш имкониятларини кенгайтирди. Шунингдек, БРМга эришиш учун қўшимча ресурсларни сафарбар этиш мақсадида «яшил», ижтимоий ва барқарор молиялаштириш тизимларини ўз ичига олган янги молиявий механизмлар йўлга қўйилди.
Биргаликда олганда, ушбу ютуқлар Ўзбекистон ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўртасидаги шериклик нафақат ислоҳотларни қўллаб-қувватлаётганини, балки одамларнинг кундалик ҳаётида сезиларли ижобий ўзгаришлар ясаётганини яққол намоён этади.
Ҳар бир статистик рақам ортида Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорлиги туфайли ҳаёти яхши томонга ўзгарган реал инсонлар тақдири мужассам. Келинг, БМТ агентликларининг фаолияти оддий инсонларга янада хавфсиз, соғлом ва фаровон ҳаёт қуришда қандай ёрдам берганига оид бир нечта ҳаётий мисолларга назар ташлайлик.
Бўстонлиқ туманилик сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиси Маъмура Мингбоева 30 йилдан ортиқ вақт давомида ўзининг кичик бизнесини анъанавий усулларда юритиб, ҳар куни эрталаб қарийб икки соат вақтини қўл сепараторида сутни қайта ишлашга сарфлар эди. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан қўллаб-қувватланган дастур орқали у махсус ўқув курсларида қатнашди, янги кўникмалар ва замонавий ускуналарга эга бўлиб, сутни қайта ишлаш жараёнини модернизация қилди. Натижада ишлаб чиқариш ҳажми ошди, озиқ-овқат хавфсизлиги яхшиланди, маҳаллий дўконларга маҳсулот етказиб бериш кенгайди ва унинг ўз вақтини оқилона бошқариш имконияти ортди. Ушбу кўмак оғир қўл меҳнатига асосланган уй хўжалиги фаолиятини мустаҳкам ва даромадли оилавий корхонага айлантириб, ҳам оила даромадини, ҳам турмуш сифатини юксалтирди.
Оролбўйи минтақасида асаларичи Бахтиёр Джубаев БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) кўмаги ва Япония Ҳукумати молиявий ёрдами билан атиги 10 та асалари уясидан иборат кичик хўжаликни муваффақиятли ва барқарор бизнесга айлантирди. Унга замонавий асални қайта ишлаш ускуналари ҳамда асалари уялари ишлаб чиқариш устахонасини ташкил этиш бўйича ёрдам кўрсатилди. Ушбу ташаббуснинг самараси унинг оиласи доирасидан ҳам кенгроқ ёйилди: БМТТД билан ҳамкорлик орқали Бахтиёр 70 дан ортиқ кишини, жумладан, аксарият хотин-қизларни ушбу касбга ўргатди. Бугунги кунда унинг ўғли ҳам оилавий бизнесга қўшилган бўлиб, бу билим ва кўникмалар, даромад имкониятлари ҳамда оилавий корхонанинг кейинги авлодга муваффақиятли ўтишини таъминламоқда.
Наманган вилоятида тадбиркорлар Жавҳарой Иномова ва Муниса Иномова БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД), Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги кўмаги ҳамда Финляндия ҳукумати молиявий ёрдами билан меваларни қуритиш бўйича кичик оилавий бизнесини экспортга йўналтирилган йирик корхонага айлантирдилар. 2025 йилда корхона оғир қўл меҳнати ўрнини босувчи замонавий ювиш, саралаш ва қуритиш ускуналари билан жиҳозланди. Натижада ишлаб чиқариш қуввати соатига бир тоннагача етди, маҳсулот сифати яхшиланди ва корхона йил давомида узлуксиз ишлаш имконига эга бўлди. Ишлаб чиқаришнинг кенгайиши натижасида 26 та янги иш ўрни яратилиб, уларнинг аксариятига хотин-қизлар қабул қилинди, маҳаллий фермерлар билан ҳамкорлик мустаҳкамланди ҳамда халқаро бозор учун янги имкониятлар очилди.
2027 йилда Ўзбекистон БМТга аъзо бўлганининг 35 йиллиги нишонланади. Шуниси аниқки, Ўзбекистондаги БМТ жамоаси мамлакатдаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашда давом этади – токи ҳар бир инсон юрт тараққиётига ўз ҳиссасини қўшсин ва унинг самарасини ўз ҳаётида ҳис этсин.
Анвар Мелибоев,
БМТ Глобал коммуникациялар департаментининг Ўзбекистондаги раҳбари, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили маслаҳатчиси.
