Қоровулбозор чўллари бағрида қад ростлаган Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини бежиз «Саҳродаги мўъжиза» деб аташмайди. Яқинда — 2026 йилнинг 3 ноябрь куни корхонанинг қарийб ўттиз йиллик тарихида илк бор Президент Шавкат Мирзиёевнинг бу ерга ташриф буюриши ва улкан модернизация лойиҳасига старт бериши заводда меҳнат қилаётган 3 200 нафардан зиёд инсоннинг қалбида ўзгача ғурур уйғотди. Биз бу гал рақамлар ва ҳисоботларга эмас, балки умрини мана шу улкан корхона билан боғлаган турфа ёш, турфа касб эгаларининг сўзларига қулоқ осдик. Улар ўз ҳаёти, кечаги куни ва бугунги ўйларини шундай ҳикоя қиладилар.
Акбар ФАЗИЛОВ,
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи директори:
— Корхонамиз мустақиллигимизнинг илк йилларида мамлакатнинг энергетик мустақиллиги рамзи сифатида бунёд этилган эди. Аммо технология бир жойда тўхтаб турмайди.
Ташриф чоғида давлатимиз раҳбарига тақдим этилган кенг кўламли модернизация лойиҳаси корхонамизни мутлақо янги технологик босқичга олиб чиқади.
Лойиҳа доирасида хорижий ҳамкорлар билан биргаликда замонавий гидротозалаш ва изомеризация қурилмалари барпо этилади, хомашёни фракцияларга ажратиш ҳамда оғир қолдиқларни чуқур қайта ишлаш жараёни тубдан такомиллаштирилади. Бу содда қилиб айтганда, — яқин келажакда заводимизда «Евро-5» халқаро экологик стандартига тўлиқ жавоб берадиган юқори октанли АИ бензинларини ишлаб чиқариш ҳажми кескин ошади, ички бозоримиз тоза ва сифатли ёнилғи билан барқарор таъминланади ҳамда воҳамиз экологиясига чиқариладиган зарарли ташламалар минимумга туширилади, деганидир.
Давлатимиз раҳбарининг цехларни кўздан кечириб, муҳандис ва ишчиларнинг меҳнатига юксак баҳо бергани Янги Ўзбекистонда инсон энг олий қадрият эканини яна бир бора амалда исботлади. Ўттиз йиллик юбилейимиз арафасида бошланган бу тарихий янгиланиш нафақат заводимиз, балки бутун Бухоро вилояти ва мамлакатимиз иқтисодиёти учун янги уфқларни очади.
Акбар БОБОЕВ ,
Асосий ишлаб чиқариш цехи қурилма бошлиғи:
— Мен қурилма бошлиғи даражасигача бўлган барча поғоналарни ўз пешона терим билан босиб ўтдим. 2001 йилда иш бошлаган пайтим билан сўнгги етти-саккиз йилдаги ислоҳотлар даврини солиштирсам, фарқ ер билан осмонча эканини кўраман. Фаолиятимнинг илк йилларида кўп жараёнлар қўл кучига таянарди: Қоровулбозорнинг ёзда 50 даражага чиқадиган жазирамасида ҳам, қишнинг изғиринида ҳам қурилмалар оралаб югуриб, оғир темир зулфинларни қўл билан бурардик, кўрсаткичларни қоғоз дафтарларга ёзиб юрардик.
Бугун қурилмаларимиз тўлиқ автоматлаштирилган электрон тизим орқали бошқарилади. Сўнгги йилларда айнан мана шу қурилмаларимизни қайта созлаш ва янги катализаторларни жорий этиш орқали илгари импорт қилинган юқори октанли АИ русумли бензинларни ҳамда халқаро стандартдаги «Jet A-1» авиа ёнилғисини ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Ислоҳотлар нафақат темир қурилмаларни, балки биз — ишчиларнинг ҳаётини, турмуш даражасини ҳам тубдан ўзгартирди. Бугун оддий ишчининг меҳнати, унинг соғлиғи ва оиласи фаровонлиги ҳамма нарсадан устун қўйилган. Бир томонда туғилиб ўсган Олотим таниб бўлмас даражада гўзал шаҳарчага айланган бўлса, иккинчи томонда Қоровулбозордаги хонадонимизда тинчлик ва тўкинлик ҳукмрон.
Давлатимиз раҳбарининг яқинда заводимизга келиб, биз каби саҳро заҳматкашларининг меҳнатини эътироф этгани ва янги модернизация лойиҳасига старт бергани йигирма беш йиллик меҳнат фаолиятимдаги энг унутилмас воқеа бўлди.
Мунира ҚОДИРОВА,
завод марказий таҳлилхонаси бошлиғи ўринбосари:
— Нефть заводи деганда кўпчилик қора мойга беланган темир қувурлару фақат эркаклар ишлайдиган оғир саноатни тасаввур қилади. Мен эса 2002 йилнинг августида мана шу улкан корхона остонасига қадам қўйганман. Меҳнат фаолиятимни марказий таҳлилхонада энг қуйи поғонадан — оддий ишчи, намуна олувчи вазифасидан бошладим.
Бизнинг марказий таҳлилхонамиз — заводнинг «виждони» ва сифат қалқонидир. Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан экологияга зарар келтирувчи паст сифатли АИ бензинидан босқичма-босқич воз кечилиб, юқори октанли ва экологик тоза ёнилғи ишлаб чиқаришга ўтилгани бизнинг ишимиз мазмунини тубдан ўзгартирди. Заводимизда халқаро стандартларнинг жорий этилиши иш маданиятимизни ҳам янги босқичга олиб чиқди. Масалан, илгари иш жараёнидаги қоғозлар ёки таҳлилдан ортган нефть қолдиқларига оддий чиқинди сифатида қаралган бўлса, бугун ISO 14001 халқаро экологик стандарти асосида ҳатто бир варақ макулатурани ҳам алоҳида саралаб топширамиз.
Шу даргоҳда ҳалол меҳнат ортидан болаларимизни ҳеч кимдан кам қилмай вояга етказяпмиз. Президентимизнинг заводимизга ташрифи ва янги модернизация лойиҳасининг бошланиши бизга чексиз қувонч бағишлади. Лойиҳа доирасида таҳлилхонамиз энг сўнгги русумдаги рақамли анализаторлар билан қайта жиҳозланиши ишлаб чиқаришда янги сифат ва самарадорликни таъминлайди.
Жасур ҚЎЗИЕВ,
Сув таъминоти ва оқава цехи машинисти:
— Ташқаридан қараган одам «Нефть заводида сув цехи нима қилади?» дейиши мумкин. Ваҳоланки, сув тақчил бўлган Қоровулбозор чўлида минг даражали ҳароратда ишлайдиган технологик қурилмаларни совутиш ва буғ ҳосил қилиш учун узлуксиз сув оқими зарур. Фаолиятимнинг дастлабки йилларида эски насослар кўп электр сарфлар, сув йўқотишлари ҳам катта эди. Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг сув ресурсларини тежаш ва саноатни модернизация қилиш сиёсати цехимиз ишини тубдан ўзгартирди. Бугун цехимизга энергия тежамкор, частотали бошқариладиган замонавий насос агрегатлари ўрнатилган, назорат тўлиқ автоматлашган.
Кўпчилик «машинист дегани куни бўйи насос ва қувурлар орасида қора терга ботиб юрадиган одам бўлса керак», деб ўйлайди. Илгари шундай эди ҳам. Бугун эса рақамли бошқарув ва хавфсиз меҳнат шароитлари туфайли ишчи жисмонан эзилмайди, балки агрегатлар ишини ақл билан бошқаради. Иш жойидаги мана шу енгиллик ва барқарор маош туфайли сменадан чиқиб уйга тетик ҳолда қайтаман.
Мақсадимиз аниқ — табиатдан олинадиган сув ҳажмини оширмаган ҳолда, замонавий қайта ишлаш технологиялари ҳисобига янги қурилмаларнинг эҳтиёжини тўлиқ қоплаш ва мамлакатимиз энергетик қудратига муносиб ҳисса қўшишдир.
Сулаймон МЎМИНОВ,
Таъмир-механика цехи бошлиғи ўринбосари:
— Заводимизни бежиз «Саҳродаги мўъжиза» деб аташмаган. Айниқса, сўнгги йилларда бошланган «Яшил макон» умуммиллий ҳаракати ва саноат корхоналари атрофида экологик қалқон яратиш сиёсати чўл бағрида ҳақиқий бурилиш ясади. Минглаб саксовул ва манзарали дарахт кўчатлари замонавий усулда парваришлаб кўкартирилгач, завод ҳудуди ва шаҳарчамиз ям-яшил воҳага айланди — бир пайтлар кўз очирмайдиган чанг бўронлари бугун тарихда қолди.
Мана шу даргоҳда оддий чилангарликдан токарь, уста ва йигирма йилдан зиёд вақт мобайнида цех бошлиғи ўринбосари даражасигача бўлган масъулиятли йўлни босиб ўтдим. Таъмир-механика цехини бежиз заводнинг «юрак жарроҳлиги» марказига қиёслашмайди: корхонада кечаю кундуз тўхтовсиз ишлайдиган юзлаб қудратли насос, компрессор ва турбиналарнинг бир сония ҳам тўхтаб қолмаслиги бевосита бизнинг цехимизга боғлиқ. Илгари бирор мураккаб агрегатнинг вали ёки ноёб эҳтиёт қисми едирилса, уни хориждан катта валюта эвазига буюртма қилиб, ойлаб кутишга тўғри келар, бу эса ишлаб чиқариш суръатига таъсир қиларди. Президентимиз томонидан саноатда маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ва импорт ўрнини босиш бўйича қўйилган қатъий вазифалар цехимиз фаолиятини бутунлай янги босқичга олиб чиқди. Мутахассиснинг меҳнати ва изланиши қадр топгач, хонадонига ҳам барака кирар экан — шу ҳалол меҳнат ортидан рўзғорим бут бўлди, уч фарзандимни ўқитиб, уйли-жойли қилдим. Умримнинг энг кучга тўлган йиллари шу заводга бағишланганидан бугун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ фахрланаман.
Ирода ФАТКУЛИНА,
“Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ жамоатчилик билан алоқалар, гендер тенглик ва ижтимоий сиёсат хизмати бошлиғи,
директор маслаҳатчиси.
