Партия ҳаёти

Меҳнатнинг муносиб эътирофи ҳар бир инсон учун катта бахт

Blog Image
Email : 8 1

Мустақиллигимизнинг ўттиз беш йиллиги муносабати билан Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик туйғуси билан яшаб, сидқидилдан меҳнат қилаётган 558 нафар фидойи юртдошларимиз юксак давлат мукофотлари билан тақдирландилар.

Куни кеча Кўксарой қароргоҳида бир гуруҳ ватандошларимизга давлат мукофотларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Тантанали тадбирда бунёдкор ватандошларимизга, мустақилликнинг энг катта кучи ва таянчи бўлган бутун халқимизга чуқур миннатдорлик билдирилди. Қайси соҳа ва вазифада ишламасин, ўз меҳнатининг муносиб эътирофини кўриш ҳар бир инсон учун катта бахт экани таъкидланди.

Президент фармонига мувофиқ давлат мукофотлари билан тақдирланганлар орасида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг жонкуяр аъзолари ҳам бор.

Партиядошларимизни мукофотлар билан табриклаш асносида уларнинг ҳаяжонларига, қалб кечинмаларига шерик бўлдик.

Комила КАРОМОВА, Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилоят бўлими раҳбари, сенатор, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳибаси:

– Бу хушхабарни уйда, оила даврасида ўтирган пайтимда эшитдим. Ҳаяжондан, хурсандлигимдан бошим осмонга етди. Кейин яқинларимга қарасам, уларнинг қувончи меникидан-да баланд… Уларнинг шодлигини кўриб, янада таъсирландим. Инсон учун ўз ютуғидан ҳам кўра, яқинларининг у билан бирга қувониши бошқача бахт экан.

Одатда ҳар куни эрталаб ишга борамиз, одамлар билан учрашамиз, кундалик ташвишлар билан андармон бўламиз, кечқурун уйга қайтамиз. Йиллар шу йўсинда ўтади. Лекин бир куни ана шу йиллар давомидаги меҳнатингиз эътироф этилганини эшитсангиз, албатта, қалбингизда алоҳида бир туйғу пайдо бўлар экан.

Мен Халқ демократик партияси аъзосиман, ҳар куни одамлар орасидаман. Сайловчиларим билан биргаман. Уларнинг ташвиши, қувончига шерик бўлишга ҳаракат қиламан.

Буюк мутафаккир Алишер Навоий ҳазратлари айтганлар: «Олам аҳли билсинларки, ишнинг энг шарафлиси – инсон қалбига йўл топиш ва уни маърифат нури билан ёритишдир. Чунки қалб – ҳақиқат акс этадиган кўзгудир».

Биз, маънавият тизими ходимлари олдида ҳам худди шу – инсонлар, айниқса, ёшларимизнинг қалбига кириб бориш, уларни ёт ғоялардан асраб, эзгуликка бошлаш вазифаси турибди. Мамлакатимизда бугунги кунда миллий қадриятларимиз, китобхонлик ва маърифат тарғиботи давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бунинг самарасида эса ижтимоий-иқтисодий ривожланишга ҳамоҳанг тарзда маънавий уйғониш даври бошланди.

Маънавият – бу халқнинг қалби. Бугун ушбу соҳа вакилларига кўрсатилаётган эътибор юртимизда маърифатли жамият барпо этилаётганининг яққол исботидир.

Менга берилган юксак мукофот ҳудудимизда маҳаллабай тизимда, мактабларда ва оилаларда маънавий тарбия билан шуғулланаётган барча зиёлиларимизнинг умумий ютуғидир.

Фурсатдан фойдаланиб, Янги Ўзбекистонни барпо этишда фидокорона меҳнат қилиб келаётган барча юртдошларимни улуғ ва азиз байрамимиз – мустақиллигимизнинг 35 йиллиги билан табриклайман. Ватанимизга, халқимизга кўз тегмасин!

Малика ҚОДИРХОНОВА, Олий Мажлис Сенати аъзоси, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси:

– Келинг, бу ҳақида қандай билганимни, ҳаяжонимни бошидан айтиб берай!

Президентимизнинг бир гуруҳ юртдошларимизни мукофотлаш тўғрисидаги фармонида келтирилган рўйхатга бир-бир кўз югуртиряпман. Танишларимнинг исмларини кўриб, “Муборак бўлсин”, деб қўяман. Бир пайт ўз исм-шарифимга кўзим тушиб қолди. Ростини айтсам, бир зумга ишонмай турдим. Кўзойнагимни олиб, қайта ўқиб кўрдим… Ўша пайтда юрагимда қандай ҳислар бош кўтарганини сўз билан таърифлашим қийин. Инсоннинг меҳнати шундай эътироф этилса, албатта, юрак қувончдан ҳапқириб кетади.

Ўша лаҳзада бир нарсани яна бир бор ҳис қилдим: инсон ўз вазифасига, зиммасидаги улкан масъулиятга виждонан ёндашса, бу мева бермай қолмас экан. Албатта, мукофот учун ишламаймиз. Лекин йиллар давомида қилган меҳнатингиз, халқ билан учрашувлар, элнинг ишончини оқлаш йўлидаги интилишларингиз қадрланганини билиш одамга ўзгача куч беришини англадим.

Бугун раҳбарлар, депутатлар ва сенаторлар фаолиятида халқ билан яқиндан мулоқот қилиш, одамларнинг мурожаатларини эшитиш ва уларни ҳал этишга кўмаклашиш муҳим вазифалардан бирига айланган.

Биз ҳам жойларга чиқиб, сайловчилар билан учрашганимизда, баъзан бир қарашда оддийдек кўринган, аммо муайян оила учун жуда муҳим бўлган масалаларга дуч келамиз.

Менимча, депутат ёки сенатор учун қанча учрашув ўтказгани эмас, ана шу учрашувлардан кейин қанча инсоннинг муаммоси ҳал бўлгани иш самарадорлиги мезонидир. Бир оиланинг ташвиши енгилласа, бир ёшнинг ишга жойлашишига кўмак берилса, бир маҳалладаги муаммо ҳал этилса – мана шуни халқ билан мулоқотнинг ҳақиқий натижаси, деб биламан.

Давлат мукофотига муносиб кўришганлари кишини ғоятда мамнун этади. Шу билан бирга «Энди янада кўпроқ ишлаш керак», дея қатъий аҳд қиласан. Халқ ишончига муносиб бўлиш эса янада фидойиликни, элпарварликни, оддий одамлар турмуш тарзини, ҳудудлар ҳаётини яхшилаш учун ғайрат билан меҳнат қилишни талаб этади.

Дилбархон МАМАДЖАНОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Дўстлик” ордени соҳибаси:

– Фаолиятимнинг турли даврларида ҳар хил масъулиятларни зиммамга олдим. Аввало, партиянинг вилоят кенгашида раис сифатида ишлаб, ҳудудлардаги одамлар билан кўп мулоқот қилдим. Партия ташкилотига келган мурожаатлар, маҳаллалардаги учрашувлар, одамларнинг таклиф ва муаммоларини ўрганиш жараёнида халқ билан ишлашнинг нақадар муҳим эканини янада чуқур ҳис этдим.

Ўша йилларда кимнингдир иши, кимнингдир оилавий шароити, яна кимнингдир маҳалласидаги муаммо кўтариларди. Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири турганини англаб, имконимиз борича уларга амалий ёрдам беришга ҳаракат қилардик.

Партия вилоят кенгашидаги фаолиятим давомида одамларнинг дардини жойларда эшитган бўлсам, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сифатида бу масалаларни парламент минбарига олиб чиқиш, қонунлар ва қарорларда уларнинг манфаатларини акс эттириш имкониятига эга бўлдим.

Яъни, вазифа ва ваколатлар ўзгарган бўлса-да, мен учун бош мақсад ўзгармади – халққа хизмат қилиш, одамларнинг ишончини оқлаш!

Мустақиллигимизнинг ўттиз беш йиллиги муносабати билан давлат мукофотига муносиблар рўйхатида ўз исм-фамилиямни кўрганимда, беихтиёр мана шу ўтган йиллар кўз олдимда гавдаланди. Партияда ишлаган даврларим, ҳудудлардаги учрашувлар, депутат сифатида сайловчилар билан мулоқотлар, уларнинг мурожаатлари…

Шунда бир нарсани ҳис қилдим: инсон йиллар давомида қилган меҳнатининг баъзан ўзи ҳам сарҳисобини юритмайди. Аммо бир кун келиб, шу меҳнатингиз давлат томонидан эътироф этилса, барча чарчоқлар унутилади.

Лавозимлар ўзгаради, вазифалар ўзгаради, аммо инсон учун энг муҳим қадрият – халққа қилган хизмати ва эл орасида яхши номи абадий қолади.

Сайёра АБДИКАРИМОВА, Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари, “Дўстлик” ордени соҳибаси:

– Мукофот ҳақидаги хабарни эшитган пайтимда биринчи бўлиб 2019 йил ёдимга тушди. Ўша йили «Содиқ хизматлари учун» медали билан тақдирланган эдим. Орадан йиллар ўтиб, яна давлат мукофотига муносиб кўрилганимни эшитиш мен учун ростан ҳам кутилмаган бахт бўлди.

Лекин бу сафарги туйғу бироз бошқача. Чунки инсон йиллар ўтган сари ортга боқиб, ўз-ўзига савол берар экан: «Шу вақт ичида халқ учун нималар қила олдим? Кимнингдир иши битишига сабаб бўлдимми? Қайсидир муаммони ҳал қилишга ҳисса қўшдимми? Эл-юрт учун қандай нафим тегди?» Мукофот ҳақидаги хабарни эшитганимда, ана шу саволлар яна хаёлимдан ўтди.

Сенатор сифатида мен учун энг муҳим жиҳат ҳам шу — одамлар билан шаффоф алоқани узмаслик. Қабулда ўтириб мурожаат қабул қилишнинг ўзи камлик қилади. Ҳудудга бориш, одамлар билан гаплашиш, уларнинг турмуш шароитини кўриш, масалани жойида ўрганиш керак. Шундагина нимани ўзгартириш кераклигини теран тушунасиз.

Мен мукофотни эшитиб, қувондим, албатта. Лекин шу қувонч билан бирга «Энди нима қиламан?» деган савол ҳам пайдо бўлди. Чунки эътироф инсонни хотиржам қилиб қўймаслиги керак. Аксинча, унга яна бир туртки бериши лозим.

2019 йилдаги медаль ҳам, бугунги мукофот ҳам мен учун битта маънони англатади: ишонч билдирилди. Бу ишончни оқлаш эса энди янада кўпроқ меҳнатни, жонкуярликни талаб қилади.

Шунинг учун бугун мен «Мукофот олдим», деб эмас, «Меҳнатим эътиборсиз қолмабди», деб қувонаман. Бу эътирофни келгуси ишларим учун катта рағбат, деб биламан.

Мана шундай умидбахш кайфиятда халқимизни, сайловчиларимизни, электоратимиз вакилларини энг улуғ, энг азиз байрамимиз билан чин дилдан қутлаймиз.

“Ўзбекистон овози” мухбири
Лазиза ШЕРОВА ёзиб олди.