Сиёсат

ЎЗГАРИШЛАР – ЖАДАЛ СУРЪАТДА

Blog Image
Email : 10 0

Бош кентимиз – Тошкент мамлакат иқтисодий тараққиётининг энг йирик маркази, инвестициялар учун муҳим майдон, янги иш ўринлари ва замонавий касблар шаклланадиган, илм-фан, таълим ва инновациялар жамланадиган улкан макон. Бу ерда рўёбга чиқарилаётган ҳар бир ўзгариш, янгиланиш, қиёсан айтганда, юртимиз бўйлаб акс-садо беради.

Президент раислигида Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инвестиция ва бандликни ошириш, маҳаллаларда замонавий инфратузилма яратиш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида пойтахтнинг ана шу стратегик аҳамиятидан келиб чиқиб, аниқ ва кенг қамровли вазифалар белгилаб берилди.

Йиғилишда ҳар бир туман ва маҳалланинг мавжуд имкониятларини тўлиқ ишга солиш, қўшимча қиймат яратиш, инвестицияларни кўпайтириш ва юқори даромадли иш ўринларини ташкил этишга янгича ёндашиш зарурлиги таъкидланди. Пойтахт туманларининг иқтисодий салоҳиятидан келиб чиқиб, ихтисослаштириш вазифаси қўйилди. Жумладан, Сергели, Янгиҳаёт ва Бектемир туманларида йирик логистика мажмуаларини ташкил этиш, марказий туманларда замонавий бизнес ва молиявий марказларни кўпайтириш, Олмазор, Чилонзор ва Учтепада эса таълим, тиббиёт, савдо ва сервис соҳаларига инвестицияларни фаол жалб қилиш учун мавжуд имкониятлардан муносиб фойдаланишга урғу берилди.

Бу вазифаларнинг ўзиёқ пойтахт иқтисодиётини янги босқичга олиб чиқиш бўйича пухта ёндашув шаклланаётганига ишора қилади. Ҳар бир туман ўзининг иқтисодий драйверига эга бўлиши, мавжуд ер, инфратузилма, меҳнат ресурслари ва истеъмол бозоридан келиб чиқиб, аниқ йўналишда ривожланиши керак.

Тошкентнинг 12 та тумани бўйича жорий йилда 9 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш режалаштирилган. Йиғилишда айрим ҳудудларда белгиланган кўрсаткичларга эришиш учун ишларни жадаллаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Келгуси йилда эса пойтахтга 10 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш ҳамда 150–200 мингта юқори даромадли доимий иш ўрни яратиш бўйича тугал режа ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Бу эса Тошкент иқтисодиётининг сифат жиҳатидан янги босқичга чиқишидан далолат беради.

Шу мақсадда инвесторлар билан ишлаш тизими ҳам ўзгармоқда. Инвесторларни идорама-идора сарсон қилмасдан, уларнинг масалаларини бевосита жойида ҳал этишнинг янги тизими йўлга қўйилади. Республика ва шаҳар даражасидаги масъуллар ҳар ҳафта туманларга чиқиб, тадбиркор ва инвесторлар билан учрашади. Юқори даражада ечим талаб қиладиган масалалар бўйича эса шу куннинг ўзида асосланган таклифлар Президент Администрациясига киритилади.

Бу вазифа, моҳиятан, инвестиция муҳитида энг муҳим масалалардан бири — тезкорликни таъминлашга қаратилган. Инвестор учун вақт ҳам капитал. Шу боис унинг ер, инфратузилма, электр энергияси, рухсатнома ёки бошқа масалаларини тез ҳал қилиш янги лойиҳаларни ишга тушириш суръатига бевосита таъсир қилади.

Йиғилишда маҳаллаларни комплекс ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада Олмазор туманидаги тажриба намуна сифатида кўрсатилди. Йил бошидан тумандаги 9 та кўча бизнес, аҳоли ва сайёҳлар учун жозибадор ҳудудга айлантирилди. Айниқса, “Қичқириқ” маҳалласида амалга оширилган ишлар эътиборга лойиқ. Илгари инфратузилмаси етарли бўлмаган ҳудудда 450 ўринли боғча, спорт майдончалари, сайилгоҳ, амфитеатр, пиёдалар йўлаги ва фавворалар барпо этилди. Натижада 5,5 минг нафар аҳоли учун замонавий ва қулай муҳит яратилди.

Мана шу “Қичқириқ” тажрибаси эндиликда Олмазорнинг яна 8 та кўчаси ва пойтахтнинг бошқа туманларига ҳам жорий этилиши кутилмоқда. Тошкент шаҳридаги 100 та кўчани комплекс янгилаш учун 1 триллион сўм ажратилиб, 400 та маҳаллани “Қичқириқ” намунаси асосида обод қилиш бўйича 4 йилга мўлжалланган 10 триллион сўмлик дастур ишлаб чиқилади.

Бу рақамлар пойтахтни ривожлантиришда маҳалла даражасигача тушиб борилаётган янги ёндашувни кўрсатади. Яъни шаҳар тараққиёти энди фақат марказий кўчалар, йирик бинолар ва магистрал йўллар билан эмас, ҳар бир маҳалладаги ҳаёт сифати билан баҳоланади.

Тошкентнинг тарихий қиёфасини сақлаш ва уни замонавий имкониятлар билан уйғунлаштириш ҳам устувор вазифалардан бири. Пойтахтнинг тарихий қисми — “Эски шаҳар” ҳудудини комплекс ривожлантириш учун хорижий компанияларни жалб қилган ҳолда 1 ноябрга қадар ягона концепция ва аниқ лойиҳалар портфелини ишлаш кўзда тутилаётгани шу жиҳатдан ҳаётий заруратдир. Бу эса Тошкентнинг тарихий мероси ва замонавий иқтисодий салоҳиятини бир нуқтада бирлаштириш имконини беради.

Шаҳар иқтисодиётида ҳали тўлиқ ишга солинмаган захиралардан бири давлат идораларига тегишли бинолар экани ҳам қайд этилди. Бугун Тошкентда умумий майдони 765 минг квадрат метр бўлган 497 та маъмурий бино мавжуд. Йиғилишда бўш ва самарасиз фойдаланилаётган майдонларда савдо, сервис, хусусий тиббиёт ва таълим хизматларини йўлга қўйиш учун тадбиркорларга шароит яратиш вазифаси белгиланди.

Давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнларини янги бизнес лойиҳалари билан боғлаш зарурлиги таъкидланди. Биргина Олмазор туманида қиймати 100 миллиард сўм бўлган 52 та давлат объекти савдога чиқарилмоқда. Агар бу объектлар янги ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва иш ўринларига айланса, хусусийлаштириш жараёни иқтисодий ўсишнинг қўшимча манбасига айланади.

Пойтахтда инсон учун қулай шаҳар муҳитини шакллантириш вазифаси аниқ лойиҳалар билан боғланди.

Тошкент шаҳрида кунига 1,5 миллионта транспорт воситаси ҳаракатланаётгани ҳисобга олиниб, тирбандликни фақат йўлларни кенгайтириш ҳисобига эмас, интеллектуал транспорт тизимларини жорий этиш орқали ҳал қилиш жуда муҳим. Бу йўналишда амалий ишларни йил якунига қадар бошлаш мўлжалланмоқда.

Бандлик масаласига доир янги вазифалар ҳам диққатга молик. Инчунун, Тошкент шаҳрида бизнес бошламоқчи бўлган тадбиркорлар учун гаровсиз кредит лимити 100 миллион сўмдан 200 миллион сўмга оширилади. Олмазорда йил якунига қадар 300 нафар янги тадбиркорни қўллаб-қувватлаш ва 1 мингта иш ўрни яратиш, пойтахт бўйича эса 10 минг нафар аҳолини даромадли иш билан таъминлаш ташаббуслари илгари сурилди. Бу чоралар маҳаллаларда кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга янада туртки бериб, йирик саноат корхоналари қаторида маҳаллий хизматлар, оилавий тадбиркорлик ва кичик бизнес ҳам шаҳар иқтисодиётининг муҳим таянчига айланишига олиб келади.

“Мискин” ва Иброҳим ота маҳаллаларидаги 305 гектар саноат зонаси эса Тошкентнинг саноат ва экспорт салоҳиятини ошириш учун катта захирадир. Йиғилишда бу ерда иш ўринларини ҳозирги 35 мингтадан 100 мингтага, экспорт ҳажмини 600 миллион долларга етказиш имконияти борлиги кўрсатиб ўтилди. Тадбиркорларга саноат ипотекаси, кредит ва лизинг каби молиявий воситалар таклиф этилади.

Шу билан бирга, меҳнат бозори талабларига мос кадрлар тайёрлаш масаласи тилга олинди. Олмазордаги иш берувчиларга 5 мингга яқин турли малакадаги ходимлар керак. Демак, иш ўринлари бор, аммо уларга мос кадр тайёрлаш тизимини тезлаштириш зарур. Шу мақсадда Олмазор касбий кўникмалар марказида ахборот технологиялари ва илғор инновациялар йўналишида 400 ўринли техникум ташкил этилади, мавжуд биноларда замонавий касб-ҳунар марказлари йўлга қўйилади. Германия билан 500 кишига мўлжалланган тил курслари, Чехия ва Словакия учун тиббиёт ходимларини мақсадли тайёрлаш лойиҳалари амалга оширилади. Ривожланган давлатлардан 20 та йирик рекрутинг компаниясини жалб қилиш белгиланди.

“Ёшлар шаҳарча”сидаги 42 гектар майдонда IT-парк, юқори технологияли саноат ва таълим объектларидан иборат инновацион кластер ташкил этиш ишлари ҳам бошланади. Бу ташаббус Тошкентни замонавий технологиялар ва инновациялар марказига айлантириш мақсадининг муҳим қисми бўлади.

Пойтахтнинг таълим салоҳиятини ҳисобга олганда, бу йўналишнинг аҳамияти янада ортади. Олмазорда бир вақтнинг ўзида 75 минг нафар талаба таҳсил олмоқда. 7 та олийгоҳга қарашли 41 та талабалар ётоқхонасида қарийб 18 минг нафар ёш истиқомат қилади.

Йиғилишда уларнинг ўқиши, яшаши, бандлиги, ижтимоий таъминоти, маданий ҳаёти ва хавфсизлигини қамраб оладиган яхлит бошқарув тизимини жорий этиш вазифаси қўйилди. Бунинг учун алоҳида Дирекция ташкил қилинади. “Талабалар шаҳарча”сидаги Вазиятлар маркази орқали олийгоҳ ва ётоқхоналарга кириб-чиқиш ҳамда давоматни онлайн назорат қилиш тизими йил якунигача пойтахтнинг бошқа туманларида, келгуси йилда эса мамлакатдаги барча олий таълим муассасаларида жорий этилади.

Йиғилишда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича Олмазор тажрибаси таҳлил қилинди. Гап шундаки, ушбу тумандаги 64 та маҳалланинг 13 тасида жиноят содир этилмаган, криминоген вазияти оғир маҳаллалар қолмаган, аёллар иштирокидаги жиноятлар сезиларли камайган. Энди ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларни кескин камайтириш бўйича Олмазор тажрибасини шакллантириш айни муддаодир.

Шак-шубҳасиз, замонавий шаҳар тараққиётини иқтисодий ўсишдан айро тасаввур қилиб бўлмайди. Янги иш ўринлари билан хавфсизлик, таълим билан бандлик, инфратузилма билан аҳоли фаровонлиги ўзаро боғлиқ. Шу маънода видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифаларнинг барчаси ягона мақсадга — Тошкентни инсон учун қулай, тадбиркор ва инвестор учун жозибадор, ёшлар учун имкониятлари кенг шаҳарга айлантиришга қаратилганки, уларнинг амалий тасдиғини топиши пойтахтнинг ривожланиш суръатига янада ҳаётийлик ва жадаллик бахш этади.

Ф.ИБРОҲИМОВА.