Жаҳон харитасидан миттигина жой эгаллаган, аммо аҳоли жон бошига тўғри келувчи ялпи ички маҳсулот ҳажми бўйича дунёда етакчи ўринлардан бирини эгаллайдиган Люксембург давлати — сиёсий барқарорлик ва иқтисодий фаровонликнинг ёрқин намунасидир. Бугунги кунда дунёдаги ягона Буюк Герцоглик мақомини сақлаб қолган ушбу мамлакат муваффақиятининг сири нимада? Олтин захираларидами ёки қулай географик жойлашувда? Аслида, бу муваффақият ортида тарихий синовлардан ўтган, энг муҳими, инсон манфаатларини ҳар нарсадан устун қўядиган ўзига хос парламент тизими ётибди.
Рамзий кенгашдан чинакам халқ ҳокимияти сари
Люксембургнинг қонун чиқарувчи органи бўлмиш Депутатлар палатаси (Chambre des Députés) бугунги қудратли ва мустақил қиёфасига бир кунда эришгани йўқ. Тарихга назар ташласак, 1841 йилдаги биринчи Конституцияга кўра, бу орган мутлақ монарх қўл остидаги фақатгина маслаҳатгўйлик ваколатига эга бўлган 34 кишилик рамзий ассамблея эди. У даврда оддий халқнинг овози қарорлар қабул қилиш жараёнида деярли эшитилмас, давлат тақдири ва бойликлари фақатгина тор доирадаги элита манфаатларига хизмат қиларди. Бироқ, жамиятнинг сиёсий онги ўсиб, ижтимоий адолатга бўлган талаб кучайиб боргани сари 1919 йилга келиб мамлакат ҳаётида туб бурилиш ясалди: сайловларда фақатгина бадавлат қатламга овоз бериш имконини берувчи адолатсиз тизим бекор қилинди. Энг аввало, ишчилар, деҳқонлар ва ўрта қатлам вакиллари давлат бюджети қандай тақсимланиши ва қандай қонунлар қабул қилинишида тўғридан-тўғри иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Ҳокимият монархдан расман халқ қўлига ўтди ва жамиятда ижтимоий тенгликнинг мустаҳкам пойдевори яратилди.
Демократик тараққиёт шу билан тўхтаб қолмади. 2008 йилда Депутатлар палатаси ва ҳукумат бир овоздан Буюк Герцогнинг қонунларни тасдиқлаши (қироллик розилиги) ҳақидаги конституциявий талабни ҳам бекор қилди. Бу шунчаки қоғоздаги ўзгариш эмасди. Бу — мамлакат тақдирига оид ҳар қандай муҳим қарор, хоҳ у ижтимоий ҳимоя бўлсин, хоҳ солиқ сиёсати, ҳеч қандай монархнинг аралашувисиз, тўлиқ халқ вакилларининг хоҳиш-иродаси билан ҳал этилишини таъминлади. Халқ ўз келажагини ўзи қуришдек мутлақ суверенитетга эришди.
Бугунги кунда парламент 60 нафар депутатдан ташкил топган. Бундай ихчамлик ва ортиқча бюрократиянинг йўқлиги жамият учун нимаси билан манфаатли? Биринчидан, қарорлар тез ва самарали қабул қилинади — давлат турли хил ижтимоий ва иқтисодий инқирозларга зудлик билан муносабат билдира олади (масалан, фавқулодда ҳолатлардаги тезкор кўмак дастурлари). Иккинчидан, 60 нафар депутатнинг ҳар бири оддий сайловчи учун очиқ ва яқин. Халқ вакиллари баланд минбарларда эмас, балки одамлар орасида юради, шу боис қабул қилинаётган қонунлар реал ҳаётдан узилиб қолмайди ва бевосита инсонларнинг кундалик турмушини яхшилашга хизмат қилади.
Сайловларда қатнашиш ҳуқуқ эмас, мажбурият!
Люксембург сиёсий тизимининг биз учун энг ғайриодатий ва ҳайратланарли жиҳати шундаки, бу давлатда сайловларда овоз бериш шунчаки фуқаролик ҳуқуқи эмас, балки қатъий қонуний мажбурият саналади. Бир қарашда, бу қоида инсоннинг демократик эркинлигини чеклашдек, гўёки одамларни мажбурлашдек туюлиши мумкин. Аммо масаланинг ижтимоий ва сиёсий моҳиятига теранроқ қаралса, манзара бутунлай ўзгаради.
Ушбу қатъий тартиб жамиятда юксак сиёсий маданиятни шакллантиришнинг ўзига хос «генератори»га айланган. Аҳоли, айниқса, ёшлар давлат тақдирига четдан туриб бефарқ қарай олмайди. Айнан шунинг ҳисобига сайловчилар давомати доимий равишда 90 фоизга яқин кўрсаткични қайд этади. Бундан ташқари, мажбурий овоз бериш тизими сиёсатчиларни ҳам бутун жамият билан ҳисоблашишга мажбур қилади — улар фақатгина маълум бир фаол қатламнинг эмас, балки барчанинг, шу жумладан, сиёсатга энди кириб келаётган ёшларнинг манфаатини ўйлаб қарор чиқаришга маҳкумдир.
Бундай шаффоф муҳитда ҳар бир фуқаро ўзининг битта овози эртанги солиқлар миқдори қандай бўлишини, уй-жой нархларини ёки транспорт тизимининг сифатини бевосита ҳал қилаётганини аниқ англайди. Шу боисдан ҳам, оилада, мактаб ва университетларда сиёсий фаоллик бўйича қуруқ тарғиботга ўрин қолмайди, чунки бу жараён кундалик турмуш тарзига айланиб улгурган. Ёшлар жамиятнинг пассив кузатувчиси эмас, балки унинг фаол бунёдкори бўлиш масъулиятини болалигиданоқ ўз елкасига олади.
Қонунларнинг жамият ҳаётига таъсири
Хўш, энг бой давлат парламенти фақат глобал иқтисодиёт билан бандми? Йўқ. Бугунги Люксембург парламентининг кун тартибидаги асосий масалалар бевосита оддий халқ ва ёшларнинг кундалик ҳаёти билан боғлиқ.
Люксембург тажрибасида бунинг ёрқин мисоли сифатида 2017 йилда муҳим институционал қарор қабул қилинганини кўриш мумкин. Ўша йили мамлакатдаги «Тенг муносабатлар маркази» (CET) ижро этувчи ҳокимият — вазирликлар тасарруфидан тўлиқ олиниб, бевосита халқ вакиллари органларига — парламент қарамоғига ўтказилди. Аввало, ушбу қадам ҳар қандай фуқаро — у қайси миллат, дин, ижтимоий қатлам ёки дунёқарашга эга бўлишидан қатъи назар, унинг ҳуқуқлари давлатнинг идораларидан мустақил равишда, энг юқори миқёсда ҳимоя қилинишига бўлган ишончни тубдан оширди. Ижро этувчи тузилмалардан мустақил бўлган марказ эндиликда фуқароларнинг тенглигини таъминлаш, турли камситилишларнинг олдини олиш ва адолатни қарор топтиришда чинакам эрки бор мустақил «ижтимоий қалқон»га айланди. Бу эса жамиятда ўзаро ишонч муҳитини мустаҳкамлаб, ҳар бир инсон ўзини давлат ҳимоясида ҳис этишини бугунгача таъминлаб келмоқда.
2020 йилда Люксембург дунёда биринчи бўлиб барча турдаги жамоат транспортини (автобус, трамвай ва поездлар) бутунлай бепул қилди. Четдан қараганда, бу сайловчилар кайфиятини овлашга қаратилган навбатдаги «бошқарув популизми»дек туюлиши мумкин. Бироқ Парламентнинг мазкур тарихий қарори реал ҳаётда ўзининг юксак ижтимоий ва иқтисодий самарасини кўрсатди ҳамда жамият ҳаётида чинакам инқилоб ясади.
Сир эмаски, Люксембургнинг беқиёс иқтисодий жозибадорлиги бутун Европадан юқори малакали мутахассисларни ўзига оҳанрабодек тортади. Бироқ бу жараён танганинг иккинчи томонини — кўчмас мулк ва ижара нархларининг осмон қадар кўтарилиб кетишини келтириб чиқарди. Хўш, бундай шароитда маҳаллий ёшлар ва ўрта маошга яшовчи оилалар қандай бошпанали бўлади? Бу ўткир ижтимоий муаммонинг ечими бўйича қонунчилик палатасидаги барча етакчи партиялар бир ёқадан бош чиқариб, аҳоли учун ҳамёнбоп бўлган ижтимоий уй-жойлар фондини кенгайтиришни биринчи рақамли вазифага айлантирган. Давлат ёш оилаларни тизимли қўллаб-қувватлаш мақсадида нафақат молиявий кўмак бермоқда, балки янги уй-жойлар қурилишини тезлаштириш учун соҳадаги ортиқча қоғозбозлик ва бюрократик тўсиқларни қонун йўли билан дадил олиб ташламоқда.
Одатда, кўпчилик Люксембург иқтисодиётини фақатгина молия ва банк сектори билан боғлайди. Аммо парламент мамлакат иқтисодиётини диверсификациялаш, яъни кўп тармоқли қилиш мақсадида бутунлай янги ва инновацион йўналиш — коинот саноатини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратмоқда. Энг қизиғи, қонунчилик палатаси ҳаттоки астероидлардан (коинот жисмларидан) фойдали қазилмалар қазиб олишдек ўта замонавий дастурларни молиялаштиришга оид тарихий қонунларни қабул қилмоқда. Тўғри, бундай глобал ва мураккаб лойиҳаларнинг оддий жамиятга, хусусан, ёшларга қандай фойдаси бор, деган ҳақли савол туғилиши табиий. Аслида, мазкур қарорлар замирида катта ижтимоий ҳимоя ётибди. Давлат бу орқали бугунги ёшлар учун ўн-йигирма йилдан кейин ҳам долзарблигини йўқотмайдиган, юқори маошли ва технологик иш ўринларини ҳозирданоқ кафолатламоқда. Бошқача айтганда, парламент фақатгина бугуннинг муаммолари билан чекланиб қолмай, келажак авлоднинг эртага ишсиз қолмаслигини, янги авлод вакилларининг жаҳон меҳнат бозорида энг талабгир ва рақобатбардош кадрлар бўлиб етишишини таъминламоқда.
Люксембург тажрибаси шуни кўрсатадики, давлатнинг қудрати унинг майдони қанчалик катталиги ёки табиий ресурсларининг кўплиги билан ўлчанмайди. Асл қудрат — халқчил парламентнинг тарихий эволюциясида, қонунларга сўзсиз итоат этиш маданиятида ва қабул қилинаётган ҳар бир қарор, энг аввало, оддий инсоннинг, келажак авлоднинг кундалик ҳаётини яхшилашга хизмат қилишидадир.
Азим АХТАМОВ
