Баҳс, таклиф, савол ва аниқ вазифалар. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида кун тартибига киритилган масалалар юзасидан депутатлар фаол позиция билдирди.
Энг муҳими, парламент минбарида айтилган ҳар бир фикрнинг ўз манзили бор. Яъни у ҳаётга, одамлар турмушига бориб тақалади. Йиғилишда муҳокама этилган қонун лойиҳаларининг ҳар бири ана шу нуқтаи назардан муҳокама қилинди.
Саноат ва радиация хавфсизлиги талаблари такомиллашмоқда
Мажлисда саноат, радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш соҳаларидаги қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси билан амалдаги қонун ҳужжатларига саноат, радиациявий ва ядро хавфсизлиги ҳамда атом энергиясидан фойдаланиш соҳаларида давлат назорати тизимини, ҳуқуқий муносабатларни такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидаларни бузганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда. Қолаверса, кейинги йиллардаги маъмурий ислоҳотлардан келиб чиқиб, бир қатор қонунларда ваколатли органларнинг ваколатлари, ҳуқуқий мақоми аниқлаштирилиб, ўзгартиришлар киритилмоқда.
Шунингдек, лойиҳада превентив чораларни кучайтириш, хусусан, «Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида»ги қонунда юридик шахсларга нисбатан молиявий санкциялар қўллашга оид қоидалар назарда тутилмоқда. Бу соҳадаги субъектлар масъулиятини ошириш ва қонунчилик талабларига риоя этилишини кучайтиришга хизмат қилади.
Мунозаралар давомида қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида масъул қўмита томонидан бир қатор ишлар амалга оширилгани, жумладан, депутатлар таклиф ва тавсиялари асосида ҳужжат матни янада такомиллаштирилгани қайд этилди. Хусусан, тадбиркорлик субъектлари манфаатларини инобатга олган ҳолда айрим нормалар лойиҳадан чиқарилгани, шунингдек, ундаги қатор нормалар амалдаги қонунчиликка мувофиқлаштирилиб, мазмунан аниқлаштирилгани ва таҳририй жиҳатдан такомиллаштирилгани таъкидланди.
Мажлисда қонун лойиҳаси қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Суд ҳокимияти мустақиллиги янада мустаҳкамланади
Мажлисда «Судьяларнинг мақоми тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Ушбу ҳужжат судьяларнинг мақомини алоҳида қонун даражасида белгилаш ҳамда суд ҳокимияти мустақиллигини янада мустаҳкамлашга қаратилган.
Қонун лойиҳаси билан судьялик лавозимига номзодлар учун айрим талаблар қайта кўриб чиқилмоқда. Хусусан, судья ва халқ маслаҳатчилари учун ёш цензини 35 ёшдан 30 ёшга тушириш кўзда тутилган.
Судьяни дастлаб 5 йилга, кейин эса муддатсиз даврга тайинлаш тартибини жорий этиш, судья, суд раиси ва раис ўринбосари лавозимларига қўйиладиган талабларни кучайтириш назарда тутилмоқда. Шунингдек, лойиҳада судьялар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш чоралари билан боғлиқ нормалар акс эттирилмоқда.
Лойиҳа билан «истеъфодаги судья» институти миллий қонунчиликка татбиқ этилмоқда. Истеъфодаги судьяга бошқа ҳуқуқлар қаторида профессионал медиаторлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи тақдим этилмоқда.
Бундан ташқари, Олий суд ва қуйи судлар аппарати фаолиятини янада самарали ташкил этишга доир айрим нормалар киритилмоқда.
Халқ вакиллари томонидан қонун лойиҳаси билан белгиланаётган нормаларнинг амалиётда самарали ишлашини таъминлашга қаратилган таклифлар билдирилди.
Мажлис якунида қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилиниб, иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида депутатлар томонидан билдирилган таклиф ва тавсиялар асосида маромига етказишга келишиб олинди.
Давлат харидларида шаффофлик ва ҳисобдорлик кучайтирилади
Давлат маблағларидан оқилона, самарали ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш, давлат харидлари жараёнларида шаффофлик ва очиқликни ошириш, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда давлат буюртмачилари фаолияти устидан самарали назоратни йўлга қўйиш бугунги кунда муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Шу нуқтаи назардан, давлат харидлари тизимини янада такомиллаштириш, мавжуд ҳуқуқий механизмларни кучайтириш ва харид жараёнларида иштирок этувчи субъектларнинг масъулиятини оширишга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Депутатлар қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилишди.
Ушбу ҳужжат билан давлат харидлари соҳасида ҳисобдорликни кучайтириш, харидлар тўғрисидаги маълумотларнинг очиқлигини таъминлаш ҳамда давлат буюртмачилари фаолияти устидан назорат механизмларини такомиллаштириш назарда тутилмоқда.
Хусусан, давлат харидларида сотилган товарлар ва кўрсатилган хизматлар тўғрисидаги маълумотларни ҳудудлар кесимида эълон қилиб бориш таклиф этиляпти. Бу орқали давлат харидларининг ҳудудлар бўйича ҳолатини таҳлил қилиш, қайси турдаги товар ва хизматларга талаб юқори эканини кузатиб бориш ҳамда харид жараёнларининг очиқлигини ошириш имконияти яратилади.
Лойиҳада давлат харидлари устидан парламент назоратини кучайтириш мақсадида Давлат бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар таркибига давлат буюртмачилари томонидан амалга оширилган давлат харидлари натижаларини киритиш ҳам назарда тутиляпти.
Бунда тўғридан-тўғри шартномалар асосида амалга оширилган харидлар тўғрисидаги маълумотларни ҳам ҳисоботларда алоҳида акс эттириш белгиланмоқда. Бу депутатларга бюджет маблағларининг давлат харидлари орқали қандай сарфланаётганини тизимли таҳлил қилиш, харид усуллари ва натижаларини баҳолаш ҳамда зарур ҳолларда парламент назорати чораларини қўллаш имкониятини кенгайтиради.
Қонун лойиҳасида давлат харидлари жараёнида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, тадбиркорларнинг давлат харидлари жараёнида юзага келадиган шикоятларини жойларда тезкор кўриб чиқиш мақсадида Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссиянинг доимий фаолият юритувчи ҳудудий комиссияларини ташкил қилиш таклиф этилмоқда. Бу эса шикоятларни жойларда тезроқ кўриб чиқиш, низоларни қисқа вақтда ҳал қилиш, тадбиркорларнинг вақт ва харажатларини тежашга хизмат қилади.
Муҳокамалар давомида депутатлар давлат харидлари тўғрисидаги маълумотларнинг очиқлигини ошириш, тўғридан-тўғри шартномалар бўйича ахборотларни парламент назорати доирасига киритиш ҳамда тадбиркорлар шикоятларини тезкор кўриб чиқиш механизмларини кучайтириш давлат харидлари тизимида шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлашга хизмат қилишини таъкидлашди. Шу билан бирга, қонун лойиҳасида назарда тутилган нормалар давлат харидларида соғлом рақобат муҳитини кенгайтириш, тадбиркорлик субъектларининг харид жараёнларида фаол иштирокини рағбатлантириш ҳамда бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш устидан назоратни кучайтиришга қаратилган.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Маданият вазирининг жавоби кўриб чиқилди
Боланинг мусиқага, санъатга ёки рақсга бўлган қизиқиши — унинг келажакдаги истеъдоди ва ижодий салоҳиятини намоён этиш учун дастлабки қадамдир. Бу қадамни қўллаб-қувватлаш эса, аввало, сифатли таълим, замонавий шароит ва зарур жиҳозлар билан таъминланган мусиқа ҳамда санъат мактабларидан бошланади.
Бугун юртимизда минглаб ёшлар ана шундай даргоҳларда ўз қобилиятини ривожлантириб, миллий санъатимиз анъаналарини ўрганмоқда. Бироқ болаларга муносиб таълим бериш учун фақат истеъдод ва хоҳишнинг ўзи етарли эмас. Бунинг учун замонавий ўқув базаси, соз ва яроқли мусиқа чолғулари, сифатли ўқув адабиётлари ҳамда малакали педагоглар ҳам зарур.
Шу боис депутатлар томонидан «Болалар мусиқа, санъат ва ихтисослаштирилган мактабларидаги таълим сифатини ошириш, уларнинг зарур жиҳозлар билан таъминланиш ҳолати тўғрисида» парламент сўрови юборилган эди. Мажлисда маданият вазирининг ушбу парламент сўровига жавоби атрофлича кўриб чиқилди.
Маълум бўлишича, сўнгги йилларда қабул қилинган 20 дан ортиқ Президент фармон ва қарорлари асосида соҳанинг ҳуқуқий ва институционал асослари мустаҳкамланиб, 8 та ихтисослаштирилган мактаб-интернат, 22 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, малака ошириш маркази ҳамда илмий-тадқиқот институти ташкил этилди.
Шу билан бирга, депутатлар эътибор қаратганидек, соҳада таълим сифатини янада ошириш учун моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, мусиқа чолғулари ва ўқув адабиётлари билан таъминлаш, тор ихтисосликлар бўйича педагог кадрлар етишмовчилигини бартараф этиш каби масалалар долзарблигича қолмоқда.
Парламент сўровига жавобда ҳудудларда бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилган. Жумладан, Бухоро, Қарши ва Урганч шаҳарларида ихтисослаштирилган бошланғич рақс санъати мактаб-интернатлари фаолияти йўлга қўйилган. Урганчдаги муассаса биноси реконструкция қилиниб, зарур жиҳозлар билан таъминланмоқда. Намангандаги мактаб-интернат биносини эса қуриш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда.
Шунингдек, 2027–2029 йилларда Қаршидаги мактаб-интернат ўқув биноси қурилишига 5 миллиард сўм, Бухородаги ихтисослаштирилган санъат мактаби ва ётоқхонаси қурилишига 7 миллиард сўм, Намангандаги муассасани капитал таъмирлаш бўйича лойиҳа-қидирув ишларига 500 миллион сўм йўналтириш белгиланган.
Мажлисда таълим муассасаларининг мусиқа чолғулари билан таъминланганлик ҳолатига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Вазирлик маълумотига кўра, 2025-2026 ўқув йили якуни бўйича ўтказилган хатловда болалар мусиқа ва санъат мактабларидаги 1 229 та миллий ва 1 483 та Европа мусиқа чолғуси маънан эскирган ёки фойдаланишга яроқсиз экани аниқланган. Айни пайтда муассасаларда жами 9 779 та мусиқа чолғусига эҳтиёж мавжуд бўлиб, уларни харид қилиш учун 115,9 миллиард сўм талаб этилади.
Эҳтиёжни босқичма-босқич қоплаш мақсадида 2023–2025 йилларда 5,7 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 4 789 та миллий мусиқа чолғуси харид қилинган. 2026 йилда эса 27 та мактабга 71 та фортепиано етказиб берилган. Бундан ташқари, 6,4 миллиард сўм эвазига 19 номдаги 158 минг нусха ўқув адабиётлари ва нота тўпламлари тарқатилган.
Келгусида мактабларни ўқувчилар контингенти ва ҳақиқий эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда манзилли жиҳозлаш режалаштирилган.
Мажлисда санъат таълими сифатини таъминлашда педагоглар ва концертмейстерларнинг касбий маҳорати ҳал қилувчи аҳамиятга эга экани қайд этилди. Шу мақсадда олис ҳудудларга малакали мутахассисларни жалб қилиш, тор ихтисосликлар бўйича кадрлар тайёрлаш ҳамда педагогларни моддий рағбатлантириш механизмлари такомиллаштирилмоқда. Жумладан, Президентнинг тегишли Фармони билан нуфузли танловлар ғолибларини тайёрлаган педагогларга бир йил давомида 100 фоизгача, 2026-2027 ўқув йилидан эса ўқувчиларнинг ижрочилик даражасидан келиб чиқиб ҳар ойда 20 фоизгача устама тўлаш белгиланган. Шунингдек, педагоглар меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорларини умумий ўрта таълим муассасалари педагоглари даражасига тенглаштириш назарда тутилган.
Педагогларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида ҳам муайян натижаларга эришилмоқда. 2025 йилда 1 063 нафар, 2026 йил август ҳолатига 703 нафар педагог малака ошириш курсларидан ўтган. 2025–2026 йилларда аттестация натижаларига кўра, 5 680 нафар педагогнинг малака тоифаси оширилган.
Соҳада бошқарув жараёнларини рақамлаштиришга ҳам эътибор қаратилмоқда. Хусусан, «Маданият ERP» ахборот тизими орқали ўқувчиларни қабул қилиш, уларни синф ва гуруҳларга тақсимлаш, педагогларга бириктириш, ўқув юкламалари ҳамда кадрларга оид маълумотларни электрон юритиш имконияти яратилган.
Тизимни Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва «UzASBO» билан интеграция қилиш эса бошқарув жараёнларининг шаффофлиги ва самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Муҳокамаларда депутатлар соҳада амалга оширилаётган ишларни эътироф этган ҳолда, мавжуд муаммоларни ҳал этиш суръатини ошириш зарурлигини таъкидладилар. Хусусан, мактаблар қувватини мавжуд талабга мос равишда кенгайтириш, таъмирталаб муассасаларни манзилли дастурларга киритиш, яроқсиз мусиқа чолғуларини босқичма-босқич янгилаш, педагог ва концертмейстерлар етишмовчилигини бартараф этиш ҳамда рақамлаштириш ишларини якунига етказиш устувор вазифалар сифатида белгиланди.
Мажлисда парламент сўровида кўтарилган масалалар бўйича вазирлик томонидан атрофлича маълумотлар тақдим этилгани қайд этилиб, вазирнинг жавоби маълумот учун қабул қилинди.
Лазиза Шерова,
“Ўзбекистон овози” мухбири.
