Партия ҳаёти

Юзма-юз учрашувлар — ҳаётий ва халқчил ёндашув

Blog Image
Email : 2 0

Сайловчилар билан учрашув… Бу шунчаки муаммо ва таклифларни тинглаш эмас. Бу — халқнинг кўзига қараш, уларнинг дардини ҳис этиш, айтилмаган гапларини ҳам тушунишга ҳаракат қилишдир. Зеро, халқ вакили бўлиш — халқ орасига киришдан бошланади. Уларнинг дардига ечим излаш билан эса ўзининг ҳақиқий мазмунини топади.

Депутатларимизнинг сайловчилар билан бу галги учрашувларини кузата туриб, шунга амин бўлдик.

Корхона ишчиларининг мурожаати

Ҳар бир мурожаат ортида инсон ҳаёти билан боғлиқ ва ўз ечимини кутаётган муаммо туради. Айниқса, одам ўз меҳнати учун ҳақини ўз вақтида ололмаётган бўлса, бу ҳолат унинг нафақат моддий имкониятларига, балки эртанги кунга бўлган ишончига ҳам таъсир қилади.

Тошкент вилоятидаги банкрот ҳолатида бўлган “Оҳангароншифер” АЖ ишчиларининг мурожаати ҳам жойига чиққан ҳолда ўрганилди.

Маълум бўлишича, корхона ишчиларининг иш ҳақи уч йилдан буён тўланмаган. Бу йиллар давомида ўз меҳнати билан корхона фаолиятига ҳисса қўшиб келган фуқароларнинг оилавий ва ижтимоий шароитига жиддий таъсир кўрсатмоқда.

Мазкур мурожаат юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари Улуғбек Шерматов ва Қизилгул Қосимова иштирокида корхона ишчилари билан учрашув ўтказилди. Учрашувда ишчиларнинг дарди ва талаблари батафсил тингланди. Улар ўзларини йиллар давомида қийнаб келаётган муаммолар, иш ҳақи бўйича қарздорлик, банкротлик жараёни ҳамда келгусида ушбу масала қандай ҳал этилиши юзасидан фикр ва таклифларини билдирди.

Депутатлар томонидан таъкидланганидек, корхонанинг банкротлик ҳолатида экани ишчиларнинг меҳнат ҳуқуқлари таъминланишига тўсқинлик қилмаслиги керак. Инсон ўз меҳнати учун ҳақ олиши қонун билан кафолатланган ҳуқуқ. Шу нуқтаи назардан, иш ҳақи бўйича юзага келган қарздорликни қонуний тартибда бартараф этиш бўйича аниқ чораларни белгилаш муҳим.

Ўрганиш жараёнида мазкур муаммонинг ечими биргина ташкилот доирасида ҳал бўладиган масала эмаслиги, банкротлик жараёнида иштирок этаётган масъул ва ваколатли ташкилотларнинг ҳамкорлиги зарурлиги қайд этилди.

Шу муносабат билан банкротлик жараёнида ишчиларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, иш ҳақи бўйича қарздорликни бартараф этиш имкониятларини аниқлаш ва масалани қонуний асосда ҳал қилиш бўйича тегишли чораларни кўриш юзасидан масъул ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олинди.

Гулистонда ички йўллар қай аҳволда?

Аҳоли учун йўл — шунчаки бир манзилдан иккинчи манзилга олиб борувчи қатнов қисми эмас. У кундалик ҳаёт, ишга бориш, фарзандларни мактаб ва боғчага элтиш, тез тиббий ёрдам ёки бошқа хизматлардан фойдаланиш, энг муҳими, одамларнинг эркин ва хавфсиз ҳаракатланиши билан бевосита боғлиқ.

Сирдарё вилояти Гулистон туманидаги айрим маҳаллаларда эса ички йўлларнинг бугунги ҳолати аҳолини қатор қийинчиликларга дуч келтирмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Зуҳра Шодиева сирдарёлик аҳоли вакилларининг мурожаатлари асосида Гулистон туманидаги “Бахмал” ва “Зарфдор” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида бўлиб, ички йўллар билан боғлиқ муаммоларни жойига чиққан ҳолда ўрганди.

Ўрганиш давомида маҳалла аҳолиси билан очиқ мулоқот қилиниб, уларни йиллар давомида қийнаб келаётган масалалар тингланди. Хусусан, Ойқар, Обод, Ёркент, Камолот, Келажаксари, Бахт ва Файзилобод кўчалари аҳолиси ушбу йўлларга асфальт қопламаси ётқизиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш масаласини кўтарди.

Аҳолининг таъкидлашича, айниқса, ёғингарчилик кунларида кўчаларнинг ҳолати янада ёмонлашади. Нотекис ва таъмирталаб йўллар пиёдалар, ёши катталар ва болалар ҳаракатига ноқулайлик туғдириши, транспорт воситалари қатновини қийинлаштириши табиий. Бу эса оддий маиший масала бўлиб қолмай, маҳалладаги одамларнинг кундалик турмуш сифатига бевосита таъсир қилади.

Мурожаатлар ўрганилар экан, мазкур кўчаларни таъмирлаш ва асфальтлаш бўйича аввал ҳам ташаббуслар илгари сурилгани маълум бўлди. Бироқ муайян сабабларга кўра, ушбу лойиҳалар “Ташаббусли бюджет” жараёнида етарли овоз тўплай олмаган. Натижада режалаштирилган ишлар амалга ошмай, аҳоли кутган йўл таъмири ортга сурилган.

Бу ҳолат жойларда аҳоли мурожаатларини чуқур ўрганиш, мавжуд механизмлардан самарали фойдаланиш ва муаммони ҳал этишнинг муқобил имкониятларини излаш зарурлигини кўрсатмоқда.

Депутат З.Шодиева аҳоли билан мулоқот жараёнида нафақат йўлларнинг бугунги ҳолатини кўздан кечирди, балки муаммонинг келиб чиқиш сабаблари, уни бартараф этиш имкониятлари ва амалий ечимларини ҳам муҳокама қилди.

Суҳбатларда аҳоли ўз таклиф ва истакларини билдириб, кўчаларни босқичма-босқич таъмирлаш, энг аввало, аҳоли учун энг зарур ва ҳаракат серқатнов бўлган йўналишларни ободонлаштириш зарурлигини таъкидлади.

Ўрганиш натижалари асосида тегишли мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда мавжуд имкониятларни кўриб чиқиш, ички йўлларни таъмирлаш ва асфальтлаш бўйича амалий чораларни белгилаш юзасидан таклифлар билдирилди.

Бағдодда ижтимоий соҳа объектларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати муҳокама қилинди

Куз-қиш мавсуми яқинлашар экан, ижтимоий соҳа объектларининг совуқ кунларга қай даражада тайёрлиги алоҳида аҳамият касб этади. Айниқса, мактабгача таълим ташкилотларида бу масала янада долзарб. Чунки бу муассасаларда тарбияланаётган болаларнинг хавфсизлиги, саломатлиги ва таълим-тарбия олиши учун зарур шароитлар йилнинг ҳар қандай фаслида таъминланиши керак.

Шу мақсадда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари Зокиржон Зоҳидов ва Шокиржон Аҳмедов ҳудудий масъуллар билан биргаликда Бағдод туманидаги ижтимоий соҳа объектларининг 2026–2027 йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини жойига чиққан ҳолда ўргандилар.

Ўрганиш жараёнида туман марказида жойлашган 26-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти алоҳида кўздан кечирилди.

Муассаса 90 ўринга мўлжалланган бўлса-да, айни пайтда унда 107 нафар тарбияланувчи қамраб олинган. Бу эса муассасада мавжуд имкониятлардан юқори юкламада фойдаланилаётганини кўрсатади. Шу боис бинодаги шароитлар, хоналарнинг ҳолати ва муҳандислик-коммуникация тизимларининг ишлашига қўйиладиган талаблар янада юқори бўлиши табиий.

Жойига чиққан ҳолда муассасанинг моддий-техник базаси, бино ва иншоотлари, гуруҳ хоналари, ёрдамчи хоналар, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, иситиш тизими ҳамда тарбияланувчилар учун яратилган шароитлар атрофлича кўздан кечирилди.

Ўрганиш давомида муассаса биносининг таъмирталаб ҳолатда эканига эътибор қаратилди. Айниқса, куз-қиш мавсумида болалар бўладиган хоналарда иссиқликни барқарор таъминлаш, муҳандислик тармоқларининг ишончли ишлаши ва бинонинг умумий техник ҳолати муҳим экани қайд этилди.

Шу нуқтаи назардан, фақат мавсумий таъмир ишларини амалга ошириш билан чекланиб қолмасдан, бинонинг умумий техник ҳолатини комплекс баҳолаш зарур. Муассасани капитал таъмирлаш имкониятларини таҳлил қилиш билан бир қаторда, унинг ўрнига замонавий талабларга жавоб берадиган янги мактабгача таълим ташкилоти биносини қуриш масаласини ҳам кўриб чиқиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Ўрганишлар давомида тумандаги 16-сонли умумий ўрта таълим мактабида “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши, қурилиш ва реконструкция ишларининг бориши ҳамда бажарилаётган ишлар сифати кўздан кечирилди.

Масъуллар билан мулоқотда ажратилган маблағлардан самарали ва мақсадли фойдаланиш, қурилиш ишларида белгиланган талабларга риоя этиш, аниқланган камчиликларни ўз вақтида тугатиш масалалари муҳокама қилинди.

Ўз навбатида масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда аниқланган муаммоларни бартараф этиш, 26-сонли мактабгача таълим ташкилотида тарбияланувчилар учун муносиб, хавфсиз ва қулай шарт-шароитларни таъминлаш, муассасанинг куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлигини таъминлаш бўйича амалий тавсиялар берилди.

Шунингдек, 16-сонли умумий ўрта таълим мактабида “Ташаббусли бюджет” доирасида амалга оширилаётган қурилиш ва реконструкция ишларини белгиланган муддатларда ва сифатли якунлаш, ажратилган маблағларнинг самарали ўзлаштирилишини таъминлаш юзасидан масъулларга тегишли вазифалар белгилаб берилди.

Ижтимоий соҳа объектларининг тайёргарлигини ўрганишдан асосий мақсад — мавсум бошланганидан кейин муаммога дуч келиш эмас, балки муаммони олдиндан аниқлаб, уни ўз вақтида бартараф этишдир. Айниқса, мактаб ва боғчаларда бу ёндашув болаларнинг хавфсизлиги ва муносиб таълим-тарбия олиши учун муҳим аҳамиятга эга.

“Ташаббусли бюджет” орқали қурилаётган ёпиқ спорт иншооти лойиҳаси кўздан кечирилди

Бугун ёш авлод учун замонавий ва хавфсиз спорт майдонларини яратиш нафақат жисмоний тарбия масаласи, балки болаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни соғлом турмуш тарзига жалб қилиш ва иқтидорини рўёбга чиқаришнинг муҳим шарти ҳисобланади.

Айниқса, қишлоқ ҳудудларида аҳоли ташаббуси асосида амалга оширилаётган бундай лойиҳаларнинг аҳамияти янада катта. Чунки улар маҳалладаги мавжуд эҳтиёж ва муаммоларни бевосита аҳолининг ўзи белгилаши ва уларни ҳал этишда фаол иштирок этишини таъминлайди.

Шу мақсадда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Муқаддас Ўразалиева Жиззах вилоятининг Зомин тумани, “Ширин” ҚФЙ ҳудудидаги Қудуқча қишлоғида жойлашган 7-сонли умумий ўрта таълим мактабида “Ташаббусли бюджет” тизими орқали қўллаб-қувватланган ёпиқ спорт иншоотини барпо этиш лойиҳасининг амалга оширилиш ҳолатини ўрганди.

Депутат маҳаллий масъуллар ва аҳоли вакилла ри билан учрашиб, лойиҳа доирасида бажарилаётган ишлар, қурилишнинг бугунги ҳолати, белгиланган вазифалар ижроси ва мавжуд муаммолар билан танишди.

Мулоқот давомида аҳоли ва мактаб жамоасининг фикрлари тингланиб, қурилиш ишларини белгиланган талаблар асосида олиб бориш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, иншоотни барпо этишда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиш, лойиҳа-смета ҳужжатларида белгиланган талабларни бажариш, қурилиш материаллари ва бажарилаётган ишлар сифатини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

Зеро, бу иншоотдан асосан болалар ва ёшлар фойдаланади. Шу боис унинг ташқи кўриниши ёки фойдаланишга топширилиш муддати билан бир қаторда, энг аввало, мустаҳкамлиги, хавфсизлиги ва узоқ йиллар давомида хизмат қилиши муҳим.

Учрашувда аҳоли томонидан мактабга қатнаб ўқийдиган ўқувчилар хавфсизлиги билан боғлиқ яна бир муҳим масала кўтарилди. Хусусан, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва болаларнинг мактабга бориб-келишини енгиллаштириш мақсадида пиёдалар йўлакчаси барпо этиш таклифи билдирилди.

Бу таклифнинг ўзи ҳам маҳаллада инфратузилма масалалари бир-бири билан узвий боғлиқ эканини кўрсатади. Спорт иншооти қурилиши билан бирга, унга олиб борувчи йўл, пиёдалар ҳаракати хавфсизлиги ва мактаб атрофидаги ша роитлар эътибордан четда қолмаслиги керак.

Шунингдек, аҳоли ва мактаб жамоаси томонидан ўқувчилар сони ортиб бораётгани инобатга олиниб, келгусида таълим олиш учун зарур шароитларни кенгайтириш мақсадида мактаб ҳудудида қўшимча бино қуриш таклифи ҳам илгари сурилди.

Депутат барча мурожаат ва таклифларни тинглаб, ҳар бир масалага алоҳида эътибор қаратди. Кўтарилган муаммоларни тегишли мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда кўриб чиқиш, мавжуд имкониятларни таҳлил қилиш ва амалий ечимларини белгилаш бўйича зарур чоралар белгиланди.

Албатта, ҳар бир учрашув, ҳар бир суҳбат ортида халқнинг умиди бор. Энг муҳими, одамлар олдига кириб бориш, уларни тинглаш ва берилган ваъдаларни уддалашдир. Чунки халқнинг ишончи гап билан эмас, вақт ўтиб кўринадиган натижа билан мустаҳкамланади.

Биз эса депутатларимиз халқ билан бирга бўлиб, мурожаатларни шунчаки тинглабгина қолмай, уларнинг ечими учун амалий ҳаракат қилишларига ишонамиз.

Лазиза Шерова,
“Ўзбекистон овози” мухбири.