Сиёсат

Камбағалликни қисқартириш сиёсати: сўл қанот ғоялари билан уйғунлик

Blog Image
Email : 11 0

Мамлакатимизда жадал суръатдаги ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида камбағалликни қисқартириш тизимида комплекс ёндашув шаклланди. Бу ёндашув аниқ манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш баробарида эҳтиёжманд қатламни камбағаллик ҳолатидан чиқариш, улар учун муқим даромад манбаини яратиш, касб-ҳунарга йўналтириш, тадбиркорлик имкониятларини кенгайтириш чора- тадбирларини қамраб олгани билан беҳад аҳамиятли.

Бу ўринда айни жараён Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадлари билан чуқур ҳамоҳанг эканини таъкидламоқ жоиздир. Зотан, партиянинг 2024 йилги Сайловолди дастурида ҳам ижтимоий тенглик ва адолат тамойиллари асосида жамиятда ижтимоий тафовутларни камайтириш, муҳтожларга ёрдам бериш устувор вазифалар сифатида белгиланган.

3 сентябрь куни давлат раҳбари раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш масалалари муҳокама қилинган видеоселектор йиғилиши шуниси билан диққатга сазоворки, унда мазкур жабҳада рўёбга чиқарилган тажриба ва натижалар, мавжуд муаммолар таҳлил қилиниб, янги ташаббуслар илгари сурилди.

Республикада камбағаллик даражасининг йил бошидаги 5,8 фоиздан бугунга келиб 3,9 фоизга тушгани, эҳтиёжманд аҳоли сони эса 2,2 миллиондан 1,5 миллион нафарга камайгани ижтимоий сиёсатда дадил ўзгаришлар амалга ошаётганини яққол тасдиқлайди. Ҳудудлар кесимида 49 та туман ва 3 минг 429 та маҳаллада ишсизлик ва камбағалликни бартараф этиш бўйича ижобий натижалар қайд этилгани қувонарли, албатта.

Йиғилишда маблағ ва ресурснинг ўзи етарли эмаслиги, дейлик, бир хил ҳажмда ресурс олган ҳудудларда натижаларнинг кескин фарқ қилиши бу масалада бошқарув сифати, лойиҳаларни танлаш, тадбиркорлик муҳити ва маҳалладаги масъул ходимларнинг салоҳияти ҳал қилувчи аҳамиятга эга экани айтиб ўтилди.

Келтирилишича, камбағалликни қисқартириш мақсадлари учун Шароф Рашидов ва Қарши туманларининг ҳар бирига 2 триллион 300 миллиард сўмдан кредит ресурси берилган. Аммо тегишли равишда биринчи туманда 30 минг аҳоли камбағалликдан чиқарилган бўлса, Қарши туманида бу кўрсаткич 13 минг нафарни ташкил этган. Демак, эндиликда “Қанча маблағ берилди?” деган саволдан кўра “Қанча одам барқарор даромадга эга бўлди?” деган савол муҳимроқ.

Кредит эмас, даромад асосий мезон

Сўнгги уч йилда маҳаллалардаги тадбиркорлик лойиҳалари учун 314 триллион сўм ресурс ажратилган. Бироқ айрим ҳудудларда кредитлар самарадорлигининг пастлиги, бизнес лойиҳаларининг тўхтаб қолиши ва қарздорликнинг ортиши молиявий ресурсни инсоннинг иқтисодий салоҳияти билан боғлаш зарурлигига ишора қилмоқда. Охирги бир йилда ташкил этилган 86 мингта кичик корхонанинг 15 мингтаси фаолиятини тўхтатгани, 62 минг нафар фуқаро эса олган кредитларини қайтаришда қийналаётгани бунга далилдир.

Кредит бериш билан қўли калта инсонларни камбағалликдан чиқариб бўлмайди. Яъни аҳоли ва тадбиркорга фақат маблағ эмас, балки бозор, технология, касб, бизнес режа ва сотув занжирини қамраб олган комплекс ечим таклиф қилиш зарур.

Дарвоқе, бу ёндашув ҳам ЎзХДПнинг ижтимоий адолат ғоясига мос келади. Чунки инсонларга бир марталик ёрдам бериш эмас, уларнинг ўз меҳнати, жисмоний ва ақлий салоҳияти билан муносиб даромад топиши учун барча имкониятни таъминлаш ҳаётий зарурат.

Давлат сиёсати ва инсон манфаати туташган нуқта

Камбағалликни қисқартиришда маҳаллага катта ваколат ва ресурсларнинг берилиши эндиликда кўзда тутилаётган янги тизимнинг энг муҳим хусусиятларидан бири ҳисобланади. Энди асосий вазифа юқоридан умумий кўрсатма бериш эмас, балки ҳар бир оиланинг шароити, эҳтиёжи ва салоҳиятидан келиб чиқиб ишлашга кўпроқ боғланмоқда.

Янги тизимга кўра, вилоят, туманларда махсус штаблар ташкил этилиб, банклар, бандлик идоралари ва иқтисодий тузилмаларнинг аҳолини иш билан таъминлаш ҳамда даромадини ошириш бўйича фаолияти бир жойда мувофиқлаштирилиши белгиланган.

Шу билан бирга, ресурс ва қарор қабул қилиш ваколатларининг туман даражасига туширилиши ҳудудларнинг ўз имкониятларидан самарали фойдаланишига замин яратади. Туман штабларига оилавий ва ёшлар тадбиркорлиги бўйича кредит ресурсларини бошқариш ваколатининг берилиши ҳам шу мақсадга хизмат қилади.

Бундан шундай хулоса қилиш мумкинки, марказлашган ресурсни маҳаллий эҳтиёж билан уйғунлаштириш самарадорликни ошириши мумкин, аммо бунинг учун маҳаллий бошқарувнинг масъулияти ҳам мутаносиб равишда ортиши лозим.

Шу маънода ЎзХДПнинг депутатлик ва жамоатчилик назоратидаги вазифаси ҳам долзарблашади. Ресурс маҳаллага туширилган экан, унинг қандай сарфланаётгани, қайси лойиҳалар молиялаштирилаётгани ва бу маблағлар қанча оиланинг реал даромадини ошираётганини баҳолаш механизмлари ҳам кучли бўлиши керак.

Бўш иш ўринлари бор, аммо…

Йиғилишда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирларининг реал амалий натижаси Хоразм вилояти мисолида ўрганилгани, аниқроғи, яъни 19 минг оиланинг шароити билан яқиндан танишилгани, улар таркибида 12 минг нафар ишсиз ва 10 минг нафар даромади паст аҳоли борлиги аниқлангани қайд этилди. Қизиғи, шундай шароитда ҳудудда қурилиш, хизмат кўрсатиш ва саноат соҳаларида минглаб бўш иш ўринлари мавжудлиги кузатилган.

Бу маълумотлар камбағаллик муаммосининг яна бир муҳим жиҳатини очиб беради: иш ўрни бор, аммо ишчи унга мос эмас, ишчи бор, аммо унинг кўникмаси бозор талабига тўғри келмайди.

Демак, муаммонинг ечими фақат янги иш ўринларини яратишда эмас. Меҳнат бозори талабини, касбий тайёргарликни ва аҳолининг имкониятларини бир тизимга бирлаштириш зарур. Бунинг учун касбга ўқитиш тизими меҳнат бозоридан орқада қолмаслиги керак. Қайси ҳудудда қайси мутахассисга талаб юқори бўлса, ўша йўналишда тайёргарликни кучайтириш лозим.

Бундан ташқари, Хоразмда ўрганилган эҳтиёжманд оилаларда 48 минг нафар бола борлиги ва уларни ҳозирдан касб-ҳунар ҳамда замонавий кўникмаларга йўналтириш кераклигига ҳам эътибор қаратилгани бежиз эмас. Чунки оиладаги етишмовчилик ўз-ўзидан фарзандлар таълими, касб-ҳунар кўникмаларини эгаллашига таъсир кўрсатмай қолмайди. Мана шундай оилаларда вояга етаётган болаларнинг келажагига сармоя киритиш жамиятда камбағалликни бартараф этишнинг энг узоқ муддатли механизмларидан экани кундек равшан.

Келгуси йилдан Ижтимоий реестрга киритилган оилалар фарзандларининг давлат ва хусусий боғча тўловлари, ўқув марказларида таълим олиш харажатлари, йўлкираси ҳамда олий таълим муассасаси ётоқхонаси учун тўловлар ваучер асосида қоплаб бериш тизими йўлга қўйилиши камбағалликни қисқартиришда жиддий қадамлардан бири бўлади, десак янглишмаймиз. Ваучер 12 ой муддатга берилиб, оила Ижтимоий реестрдан чиқарилганидан кейин ҳам белгиланган муддат охиригача амал қилади.

Хотин-қизлар фаоллиги ҳам муҳим

Камбағалликни қисқартиришда хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллиги алоҳида аҳамиятга эга. Йиғилишда Хоразмда камбағал оилалардаги 10 мингдан зиёд аёл фарзанд парвариши билан банд экани, уларнинг уйида ёки маҳаллада даромадли меҳнат қилиши учун шароит яратиш, болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш орқали опа-сингилларимизнинг меҳнат бозорида ўрин топишига кўмаклашиш вазифаси қўйилгани бизга бир ҳақиқатни намоён этади. Бу ерда ижтимоий ва иқтисодий сиёсат бир нуқтада кесишиб, аёлларга меҳнат қилиш имкониятини яратиш орқали оилалар даромадининг узоқ муддатли манбасини шакллантириш мақсадга мувофиқдир.

Камбағалликни қисқартириш сиёсатида оила, бола парвариши, мактабгача таълим ва бандлик масалалари бир-биридан ажратилмаслиги ғоятда мақбул ечим.

Камбағалликни фақат оила даромади билан ўлчаш ҳар доим ҳам унинг ҳақиқий ижтимоий ҳолатини тўлиқ акс эттирмайди. Оилада ногиронлиги бўлган шахс, сурункали касалликка чалинган инсон, кўп фарзандлилик ёки меҳнатга лаёқатли аъзоларнинг хорижда бўлиши каби омиллар ҳам оиланинг реал эҳтиёжини белгилайди.

Шу сабабли Ижтимоий реестрга киритиш мезонларини кўп ўлчовли баҳолаш тизимига ўтказиш режалаштирилган.

Бу ўзгаришни ижтимоий адолат нуқтаи назаридан баҳоласак, манзиллиликнинг сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилаётганини кўриш мумкин.

Шунингдек, йиғилишда туманлар ихтиёрига жами 3 триллион 200 миллиард сўм ресурс берилиши ва маблағларнинг аниқ натижа бериши асосий мезон этиб белгиланиши маълум қилинди. 8 минг 992 та маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари фаолияти қайта баҳоланиб, уларга бизнес лойиҳасини тайёрлаш, молиялаштириш воситасини танлаш ва тадбиркор билан ишлаш кўникмалари ўргатилиши ҳам назарда тутиляпти.

ЎзХДП учун қандай вазифалар долзарб?

Данагул Бердалиева,
халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши депутати:

-Камбағалликни қисқартиришнинг янги босқичи ЎзХДП олдига ҳам янги вазифаларни қўяди.

Камбағалликдан чиқарилган оилалар сонининг ўзи етарли мезон эмас. Уларнинг қанчаси барқарор ишга эга бўлгани, даромади қанчага ошгани ва бу ҳолат қанчалик барқа рор экани ҳам таҳлил қилиниши зарур.

Иккинчидан, депутатлик назоратида кредит ва субсидияларнинг ҳажми билан бирга уларнинг ижтимоий самарадорлигига ҳам эътибор қаратиш лозим. Шу билан бирга, меҳнат бозори ва касбий таълим ўртасидаги боғлиқликни кучайтириш партиянинг бандлик сиёсатида муҳим йўналиш бўлиши мумкин.

Эҳтиёжманд оилалар фарзандларининг таълим ва касбий имкониятларини кенгайтириш орқали камбағалликнинг қайсидир маънода «мерос» шаклида ўтишининг олдини олишга қаратилган чораларни қўллаб-қувватлаш зарур. Хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган шахслар, кўп болали оилалар ва бошқа ижтимоий эҳтиёжманд қатламлар учун умумий эмас, балки уларнинг ҳолатига мос ечимлар ишлаб чиқилишига эътибор қаратиш муҳим.

Йиғилишда билдирилган янги ташаббуслар Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш сиёсати сифат жиҳатдан юқори босқичга кираётга нини кўрсатади. Бу сиёсат негизида фақат ижтимоий ёрдам эмас, балки инсонни меҳнатга, тадбиркорликка, касбга ва барқарор даромадга олиб чиқиш вазифаси тургани шубҳасиз.

Қолаверса, янги ёндашувлар ЎзХДПнинг ижтимоий адолат, тенг имконият ва аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ғояларини амалий мазмун билан бойитади.

Ҳар бир инсоннинг ўз пешона тери ва интилиши эвазига муносиб ҳаёт кечириши учун шарт-шароит яра тиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ижтимоий ислоҳотларнинг ҳаётбахшлигини кафолатлайди.

Фарида МАҲКАМОВА,
“Ўзбекистон овози” мухбири.