Кеча бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида депутатлар “2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисида”ги ҳукумат ҳисоботини кўриб чиқишди.
Ҳукумат ҳисоботи аввал сиёсий партиялар фракциялари, хусусан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида ҳам атрофлича муҳокама этилди. Депутатлар томонидан берилган саволларга вазирликлар вакилларининг жавоблари эшитилди. Фракция аъзолари ижтимоий соҳага йўналтирилган маблағларнинг қанчалик самарали сарфланганига алоҳида эътибор қаратишди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари партия Сайловолди дастури ва сиёсий ғоялари билан бевосита боғлиқ бўлган ушбу соҳаларда амалга оширилган ишлар натижадорлигига жиддий эътибор қаратиб, Ҳукумат вакилларига ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди.
Жумладан, депутат Ш. Аҳмедов мактабгача ва мактаб таълими тизими мутасаддиларидан мактабларда дарсликларни янгилаш ҳамда янги ўқув йилида ўқувчиларнинг дарслик билан таъминланиш ҳолати қандайлиги ҳақида атрофлича маълумот беришини сўради.
Фракция аъзоси Қ. Қосимова соғлиқни сақлаш билан боғлиқ масалага аҳамият қаратди. Жумладан, онкология, кам учрайдиган (орфан) ва бошқа ирсий-генетик касалликларга чалинган болаларга тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш, оналар ва болалар, репродуктив ёшдаги аёллар саломатлигини таъминлаш ҳамда юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш ва даволаш сифатини ошириш каби тиббиётнинг энг жиддий йўналишларига ажратилган маблағларни ўзлаштириш даражаси паст эканлигининг сабаблари билан қизиқди.
Депутатларнинг ҳар бир саволига Ҳукумат вакилларининг жавоблари тинглангач, Давлат бюджети ва Давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2026 йил I ярим йилликдаги ижросига оид Ҳукумат ҳисоботидаги айрим камчиликларни бартараф этиш ва ажратилган маблағларни соҳаларга тизимли йўналтириш зарурлиги таъкидланди.
Ялпи мажлисда ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж. Қўчқоров тақдим этди.
Таъкидланганидек, жаҳон иқтисодиётида ноаниқликлар ва хавф-хатарлар сақланиб қолаётган мураккаб шароитда мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар макроиқтисодий барқарорлик ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш имконини берди.
2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида мамлакат ялпи ички маҳсулоти 8,5 фоизга ўсиб, бундай ўсиш суръатлари бозор хизматларида 16,9, саноат ишлаб чиқаришида 8,0, қурилиш ишларида 13,8 ва қишлоқ хўжалигида 4,7 фоизни ташкил этган. Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида йил бошига нисбатан инфляция даражаси 3,3 фоизгача пасайди.
Асосий капиталга инвестициялар 17,5 фоизга ошиб, 338,9 трлн сўмни ташкил этди. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар 12,4 млрд долларга етди. Экспорт ҳажми олтин экспортини ҳисобга олмаган ҳолда 31,6 фоизга ўсиб, 14,4 млрд долларни ташкил этди.
Давлат бюджети даромадлари 207,4 трлн сўмга етказилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 63,2 трлн сўмга ошди. Бевосита солиқлар 77 трлн сўмни (+75,1%), билвосита солиқлар 61,6 трлн сўмни (+20%), ресурс ва мол-мулк солиқлари 29,1 трлн сўмни (+48,7%) ташкил қилди.
Маҳаллий бюджетларда 6,2 трлн сўм қўшимча манбалар шакллантирилди. Бюджет харажатларининг 51,5 фоизи ёки 105,8 трлн сўми ижтимоий соҳани молиялаштиришга йўналтирилди. Бунда таълим соҳасига 49,5 трлн сўм, соғлиқни сақлашга 22,7 трлн сўм, нафақа ва моддий ёрдам тўловларига 7,3 трлн сўм а жратилди. Барқарор ривожланиш миллий мақсадлари тамойиллари доирасида харажатларнинг 78,5 фоизи (161,3 трлн сўм) миллий барқарор ривожланиш мақсадларига йўналтирилди.
Депутатлар томонидан ушбу натижалар Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида иқтисодий ўсиш ва молиявий барқарорликни таъминлаш, энг аввало, аҳоли турмуш шароити ва фаровонлигини юксалтириш, барқарор даромад манбаларини кўпайтириш ва камбағалликни қисқартириш борасида олиб борилаётган тизимли ва изчил ислоҳотларнинг амалий самараси экани алоҳида эътироф этилди.
Бу, айниқса, давлат ўз зиммасига олган ижтимоий мажбуриятларини тўлиқ бажараётганлигида намоён бўлмоқда. Ижтимоий соҳа харажатлари 8,7 фоизга ўсиб, жами харажатларнинг
51,5 фоизини ташкил этгани, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш ва яшаш шароитини яхшилаш борасидаги дастурлар ва лойиҳалар тўлиқ
молиялаштирилаётгани бунинг яққол далили.
Муҳокамалар давомида депутатлар Давлат бюджети ижроси борасида айрим соҳаларда бюджет маблағларининг ишлатилиши ва мақсадли кўрсаткичларга эришилиши ҳолатига ҳам алоҳида эътибор қаратишди.
Аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўйича ипотека кредитларига 814,2 млрд сўм субсидия берилгани, “Ташаббусли бюджет” тадбирларига 3,2 трлн сўм ажратилгани, ичимлик суви ва оқова сув тармоқларини яхшилашга 837,2 млрд сўм йўналтирилгани аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бюджетдан ажратилган 13,0 трлн сўмлик субсидияларнинг 5,5 трлн сўми ижтимоий аҳамиятга эга соҳаларга (нодавлат мактабгача таълим муассасалари, жамоат транспорти, ижара ва контракт тўловлари), 5,0 трлн сўмга яқини энергетика ва иссиқлик таъминотида тарифлар фарқини қоплашга йўналтирилгани ижобий баҳоланди.
Мажлисда депутатлар томонидан Ҳисоб палатаси хулосасида қайд этилган тизимли муаммолар ва маблағлардан фойдаланишдаги камчиликларга танқидий муносабат билдирилди. Жумладан, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида ажратилган марказлашган инвестиция харажатлари режага нисбатан 88,6 фоизга, фан соҳаси харажатлари 85,4 фоизга, ободонлаштириш ишлари 89,2 фоизга ижро этилгани танқид қилинди. Ажратилган маблағларнинг тўлиқ ишлатилмаслик сабаблари сўралди.
Солиқ ва божхона имтиёзлари самарадорлиги масалалари ҳам халқ вакилларининг диққат марказида бўлди. Ярим йилликда берилган солиқ ва божхона имтиёзларининг бюджет даромадларига ҳамда бюджет тақчиллигига таъсирини баҳолаш, шунингдек, уларнинг иқтисодий ва ижтимоий самарадорлигини мониторинг қилиш ишлари ҳали талаб даражасида эмаслиги кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, вазирлик ва идораларнинг ички аудит хизматлари томонидан бюджет маблағларидан мақсадсиз ва ноўрин фойдаланиш ҳолатларини барвақт аниқлаш ва олдини олиш ишлари етарлича йўлга қўйилмагани қайд этилди.
Муҳокамаларда депутатлар томонидан Давлат бюджети ижроси самарадорлигини ошириш ва бюджет интизомини кучайтириш мақсадида бюджет маблағларини ажратишда натижадорлик ва мақсадли индикаторларга эришиш устидан мониторингни кучайтириш, инвестиция дастурларига киритилган объектларни фойдаланишга топшириш муддатларига қатъий риоя этиш, солиқ ва божхона имтиёзларининг самарадорлигини ҳар бир соҳа ва корхона кесимида чуқур таҳлил қилиш таклиф этилди.
Шунингдек, вазирлик ва идораларнинг ички аудит тузилмалари масъулиятини ошириш, бюджет маблағларининг мақсадсиз сарфланишига сабаб бўлувчи омилларни олдиндан бартараф этишга қаратилган профилактик чораларни кучайтириш тавсия этилди.
Фаол муҳокамалардан сўнг Қонунчилик палатасининг 2026 йил биринчи ярим йиллигида Давлат бюджети ва Давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаш ҳамда билдирилган таклиф ва тавсияларни амалга оширишга қаратилган тегишли қарори қабул қилинди.
СУДЬЯЛИК ЛАВОЗИМИГА НОМЗОДЛАР УЧУН АЙРИМ ТАЛАБЛАР ҚАЙТА КЎРИБ ЧИҚИЛМОҚДА
Мажлисда “Судьянинг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Ушбу ҳужжат судьяларнинг мақомини алоҳида қонун даражасида белгилаш ҳамда суд ҳокимияти мустақиллигини янада мустаҳкамлашга қаратилган. У билан судьялик лавозимига номзодлар учун айрим талаблар қайта кўриб чиқилмоқда. Хусусан, судья ҳамда халқ маслаҳатчилари учун ёш цензини 35 ёшдан 30 ёшга тушириш белгиланмоқда.
Шунингдек, судьяни дастлаб 5 йилга, кейин эса муддатсиз даврга тайинлаш тартибини жорий этиш, судья, суд раиси ва раис ўринбосари лавозимларига қўйиладиган талабларни кучайтириш назарда тутилмоқда. Лойиҳада судьялар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш чоралари билан боғлиқ нормалар акс этмоқда.
Қонун лойиҳасини иккинчи ўқиш муҳокамаси учун такомиллаштириш давомида судья фаолиятининг асосий принципларига доир нормалар қайта тизимлаштирилгани, хусусан, судьянинг қарор қабул қилишда сиёсий қарашлардан ва бошқа ташқи таъсирлардан холи бўлиши алоҳида принцип сифатида мустаҳкамлаб қўйилгани қайд этилди. Шу билан бирга, судьянинг мустақиллигига оид нормалар тегишли моддада тизимли ва яхлит тарзда ифодаланганлиги таъкидланди.
Лойиҳа билан қонунчиликка янги кириб келаётган истеъфодаги судьянинг мақомига ва унинг фаолияти кафолатларига оид нормалар янада аниқлаштирилгани ҳам айтиб ўтилди. Жумладан, истеъфодаги судьяга гувоҳнома бериш, уни ўз розилиги билан судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятига жалб этиш, судья сифатида ишлаган даврида одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ билдирган фикрлари ва қабул қилган қарорлари учун дахлсизлик кафолатларини сақлаш, шунингдек, профессионал медиаторлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи тақдим этилишига оид масалалар аниқ ифодаланмоқда.
Яна бир муҳим ўзгаришлардан бири — судьяларни интизомий жавобгарликка тортишга сабаб бўладиган ҳаракатлар аниқ мезонлар асосида қайта ифодаланди. Хусусан, “қонунийликни қўпол равишда бузиш” тушунчасининг мазмуни очиб берилди, бундай ҳолатни юқори инстанция суди томонидан аниқлаш ва тегишли хусусий ажримда қайд этиш механизми белгиланди. Бу, ўз навбатида, интизомий ишларни юритишда аниқлик, шаффофлик ва адолатлиликни кучайтиришга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
ПРОФИЛАКТИКА ИНСПЕКТОРИ ФАОЛИЯТИНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ МУСТАҲКАМЛАНМОҚДА
Маҳаллада тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда профилактика инспекторининг ўрни алоҳида. Чунки у аҳоли билан энг яқин ишлайдиган, ҳудуддаги муаммоларни бевосита ўрганадиган масъул ходим ҳисобланади. Шу боис унинг мақоми, ваколатлари ва масъулиятини аниқ белгилаш муҳим аҳамиятга эга. Мажлисда айни шу масалаларни қамраб олган “Ички ишлар органлари профилактика инспекторининг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
Ушбу ҳужжат билан профилактика инспекторининг мақоми, асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, жавобгарлиги ҳамда хизматни ўташ тартиби белгиланмоқда. Хусусан, инспекторнинг касбий фаолиятига асоссиз аралашиш, уни хизмат вазифалари билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш ва унга қўшимча вазифалар юклашга йўл қўймаслик назарда тутиляпти.
Қонун лойиҳасида профилактика инспекторининг асосий ва кўмаклашувчи вазифалари ҳам аниқ белгилаб берилмоқда. Жумладан, профилактика инспектори ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги мурожаатларни қабул қилиб, уларга тезкор муносабат билдириши, шахсларни профилактик ҳисобга ва маъмурий назоратга олиши, умумий, махсус ва виктимологик профилактикани амалга ошириши, ҳуқуқбузарликларни аниқлаши ва уларга чек қўйиши, маъмурий ишларни юритиши, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланганларга ҳимоя ордери бериши, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида профилактика ишларини олиб бориши ҳамда жамоат хавфсизлиги ва рўйхатдан ўтиш қоидаларига риоя этилишини таъминлаши назарда тутилмоқда.
Шунингдек, у қидирув тадбирларида иштирок этиши, тегишли органларга профилактика ишларида кўмаклашиши, пробация назоратидаги шахсларни текшириши, қурол ва ўқ- дориларни сақлаш қоидаларига риоя этилишини назорат қилиши, тақиқланган ва экстремистик гуруҳларга алоқадор шахсларни аниқлашда иштирок этиши ҳамда оилалардаги ижтимоий-маиший муаммоларни ўрганиб, уларни бартараф этишда ваколатли органларга кўмаклашиши белгилаб қўйилмоқда.
Шу билан бирга, профилактика инспекторининг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини кучайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Унинг ҳар чоракда хизмат ҳудудида амалга оширилган ишлар юзасидан аҳоли ва жамоатчилик олдида ҳисобот бериши белгиланмоқда. Қолаверса, аҳолининг профилактика инспектори фаолиятига нисбатан “ишончсизлик ташаббуси”ни билдириш механизми жорий этиляпти.
Ҳужжатда профилактика инспекторларининг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш, хизмат ва уй-жой шароитларини яхшилаш ҳамда самарали фаолият юритаётган ходимларни рағбатлантиришга оид кафолатлар белгиланмоқда.
Мажлисда қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида депутатлар томонидан унинг айрим нормаларини аниқлаштириш ва янада такомиллаштириш бўйича берилган таклифлар тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, соҳа мутахассислари иштирокида чуқур таҳлил қилингани қайд этилди.
Мажлисда қонун лойиҳаси қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Лазиза ШЕРОВА,
“Ўзбекистон овози” мухбири.
