ЎзХДП – 35 ёшда. Бу — шунчаки рақам эмас. Бу ўтган йилларда тўпланган тажриба, жамиятдаги ўзгаришларда фаол иштирок, ютуқлар ва мақсадлар тарихидир.
Бу давр ичида жамият, одамларнинг дунёқараши ўзгарди, янги авлод вояга етди. Кечаги одам билан бугунги одамнинг саволи ҳам, эҳтиёжи ҳам бир хил эмас. Шундай экан, энг муҳими 35 йиллик тажрибадан қандай хулоса чиқаришимиздир. Албатта, бу жараёнда аввало, партиянинг мамлакатимизда демократик қадриятларни мустаҳкамлаш, кучли фуқаролик жамиятини қарор топтиришга қўшган муносиб ҳиссасини эътироф этиш жоиз.
Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят партия кенгаши ташаббуси билан Зангиота туманида «35 йил ХАЛҚ БИЛАН БИРГА» шиори остида ёшлар билан ўтказилган учрашувда ана шулар ҳақида сўз юритилди.
Таъкидландики, ўтган йиллар давомида партиямиз нафақат ташкилий жиҳатдан мустаҳкамланди, балки мафкуравий ва сиёсий фаолияти ҳам замон талаблари асосида янгича мазмун билан бойиб борди. Ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ташаббус ва ғояларини рўёбга чиқаришга кўмаклашишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Йигит-қизларнинг мурожаатлари эшитилди, муаммолари ўрганилди ва уларнинг ечими бўйича ташаббуслар кўпайди.
Шу нуқтаи назардан, ўтган даврда амалга оширилган ишлар партиянинг ташкилий жиҳатдан кучайиши билангина эмас, балки сайловчилар, хусусан, ёшларимиз билан янада яқинлашиши, жойлардаги муаммоларга бевосита муносабат билдириши ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни кучайтириши билан аҳамиятлидир.
Акмал Умаралиев,
Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси:
– 35 йил — қисқа муддат эмас. Бу йиллар давомида партиямизнинг тажрибаси ошди, ташкилий салоҳияти мустаҳкамланди, жамиятдаги ўрни ва масъулияти янада юксалди.
Бугун биз ўтган йўлга назар ташлар эканмиз, эришилган натижалар билан бир қаторда, ҳали олдинда турган вазифаларни ҳам аниқ кўришимиз керак. Чунки замон ўзгармоқда, одамларнинг талаб ва эҳтиёжлари ҳам янгиланмоқда.
Шунинг учун 35 йиллик тажриба биз учун якуний натижа эмас, балки келгуси тараққиёт учун мустаҳкам пойдевордир. Энди асосий вазифа — ана шу тажрибадан тўғри хулоса чиқариб, партиянинг халқ билан мулоқотини янада кучайтириш, қуйи бўғинлар фаоллигини ошириш ва одамлар ишончига муносиб бўлишдир.
Партиямиз ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни қўллаб-қувватлаб келмоқда ва жуда тўғри йўл танланган. Ижтимоий тенглик ва бирдамлик, халқ демократияси мезонларига мос келадиган давлат ва жамият барпо этишни ўзининг олий мақсади, деб белгилаган.
Бугун Тошкент вилояти ХДП сафида 140 713 нафар аъзо бўлиб, улардан 52 698 нафарини аёллар ва 38 802 нафарини ёшлар ташкил этади. Бу рақамларнинг ўзиёқ партия ҳаётида ёшлар ва хотин-қизларнинг фаол қатлами шаклланганини кўрсатади. Вилоятда 13 нафар вилоят Кенгаши депутати ва 104 нафар маҳаллий Кенгаш депутатлари бор. Уларнинг 8 нафари ёш депутатлар.
Биламизки, ҳар қандай ташкилотнинг келажаги унинг бугунги ёшларга қандай муносабатда экани билан ҳам чамбарчас боғлиқ.
Шу нуқтаи назардан, партиямиз фаолиятида ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани муҳим. Ёшларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва жамият ҳаётида ўз ўрнини топиши учун имкониятлар яратиш — бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан.
Айниқса, бу борада амалга оширилаётган лойиҳаларнинг аҳамияти катта. Партиямиз ташаббуси билан жойларда мунтазам равишда ўтказилиб келинаётган «Сиёсатдаги ёшлар», “Беш ташаббус – беш имконият”, “Меҳр улашинг”, “Қонунчилик ёшлар нигоҳида” ва яна бир қатор тадбирлар орқали ёшларимиз қўллаб-қувватланмоқда.
Энг муҳими, биз ёшларга фақат ёрдамга муҳтож қатлам сифатида эмас, балки ташаббускор, билимли, ўз келажаги ва юрт тақдири учун масъулиятни зиммасига олаётган куч сифатида қараймиз. Чунки, ҳар бир ёшнинг орзусига қанот берсак, унинг муаммосига ечим топсак, унга ўзини намоён этиши учун имконият яратсак — биз фақат бир ёшга эмас, бутун жамиятнинг келажагига хизмат қилган бўламиз.
Очиқ мулоқот давомида сенатор Малика Қодирхонова ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиш, шунингдек, бу жараёнда учраётган муаммо ва тўсиқларни аниқлаш муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди.
Сенатор ёшлар билан мулоқотда уларнинг фикр ва таклифларини тинглаш, кўтарилган масалаларни таҳлил қилиш ҳамда амалий ечимини топишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, учрашувда билдирилган таклифларни умумлаштириш, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда кўриб чиқиш ва парламент назорати доирасида ижросини таъминлаш муҳимлигига урғу берди.
Мулоқот давомида ёшлар ижтимоий ҳимояга муҳтож тенгдошларини қўллаб-қувватлаш, маҳаллий Кенгашлар фаолиятида ёшлар иштирокини кенгайтириш ҳамда ёшларга оид давлат дастурларининг ҳудудларда самарали амалга оширилишини таъминлаш юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Учрашувда ўз сиёсий қарашлари, ижтимоий фаоллиги ва партиянинг мақсад ҳамда вазифаларини қўллаб-қувватлаш истагини билдирган 35 нафар йигит-қиз партия аъзолигига қабул қилинди.
М. Насиров,
ЎзХДП аъзоси:
– Ўзбекистон Халқ демократик партияси сафига қабул қилинганимдан мамнунман.
Бугунги «Депутат ва ёшлар» учрашувида иштирок этиб, партиянинг мақсад ва вазифалари ҳақида кўпроқ маълумот олдим. Айниқса, депутатлар ва партия раҳбарлари билан бевосита мулоқот қилиш биз учун катта имконият бўлди.
Мен партия аъзолигини шунчаки мақом эмас, балки катта масъулият деб биламан. Бундан буён жамият ҳаётида фаол иштирок этиб, ўз ташаббусларим билан ҳисса қўшишга ҳаракат қиламан.
Ишонаманки, ҳар бир ёш ўз билими, ҳаракати ва ташаббуси билан юртимиз ривожига ҳисса қўшади.
Бугунги учрашув ва бизга билдирилган эътибор учун партия раҳбариятига ҳамда депутатларимизга миннатдорлик билдираман!
Энг муҳими, ёшлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олди. Уларни эшитадиган ва йўл кўрсатадиган катталар борлигини ҳис қилди.
Тадбир якунида ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, улар билан очиқ мулоқотни тизимли давом эттириш ҳамда билдирилган таклифларнинг ижросини таъминлаш муҳимлиги қайд этилди.
Малоҳат Эргашева,
Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши бўлим мудири.
