Ҳар бир қонуннинг замирида жамиятдаги муайян эҳтиёж, ҳал этилиши лозим бўлган масала ва кутилаётган натижа бор. Ана шу эҳтиёжларни қонунчиликда акс эттириш парламент зиммасидаги муҳим вазифалардан биридир.
Кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида айнан шу масъулият билан боғлиқ қатор масалалар кўриб чиқилди.
Фармацевтика ходимлари моддий ва маънавий қўллаб-қувватланади
Дастлаб мажлисда “Фармацевтика ходимлари кунини белгилаш муносабати билан «Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги Қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, фармацевтика соҳаси жадал ривожланмоқда. Бугунги кунда юртимизда 50 мингдан ортиқ фармацевтика мутахассиси фаолият юритмоқда. 504 та фармацевтика ишлаб чиқариш корхонаси, 478 та дистрибьютор ташкилот ва 14 мингдан ортиқ дорихона аҳолига хизмат кўрсатмоқда.
Қонун лойиҳасига кўра, амалдаги қонундаги «Тиббиёт ходимлари» деган сўзлар «Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари» деган сўзлар билан алмаштирилиб, ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни этиб белгиланиши назарда тутилмоқда.
Ушбу ўзгартириш «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги ҳамда «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги қонунларда қўлланиладиган тушунчалар билан уйғунликни таъминлайди.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жамиятда фармацевтика ходимларининг мавқеини ошириш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Ҳарбий ёки идоравий кийимларга ўхшаш форма кийганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда
Мажлисда «Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 209¹-моддасига ўзгартириш ва қўшимча киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси учинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда айрим ташкилотлар, идоралар, ҳатто айрим фуқаролар томонидан белгиланган тартибда тасдиқланган формали кийим-бошга адаштириб юбориш даражасида ўхшаш кийим-бошлардан фойдаланиш ёки айрим ташкилотлар томонидан ўз ходимлари учун шундай кийим-бошларни жорий этиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Бу эса фуқароларни чалғитиши, давлат органлари обрўсига салбий таъсир кўрсатиши ҳамда айрим шахсларга ўзини давлат органи ходими сифатида кўрсатиб, одамлар ишончини суиистеъмол қилиш имкониятини яратиши мумкин. Натижада ҳақиқий давлат хизматчисини бошқа шахсдан ажратиш қийинлашади.
Шу муносабат билан қонун лойиҳаси орқали Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига давлат органларининг тасдиқланган ҳарбий ёки идоравий формали кийим-бошига адаштириб юбориш даражасида ўхшаш ҳамда унга хос фарқловчи белгилар ва (ёки) рамзларга эга формали кийим-бошни жорий этганлик ёки ундан фойдаланганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда.
Белгиланаётган нормалар, энг аввало, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат органларига бўлган ишончни мустаҳкамлаш, давлат хизмати обрўсини ҳимоя қилиш ҳамда формали кийим-бошлардан ноқонуний ва ғаразли мақсадларда фойдаланишнинг олдини олишга қаратилган.
Қонун лойиҳасини такомиллаштириш жараёнида ҳуқуқни қўллаш амалиётида юзага келиши мумкин бўлган турли талқинларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилди.
Қонун лойиҳаси қабул қилиниб, Сенатга тақдим этилди.
Янги тартиб ва рағбатлантириш чоралари
Ҳарбий хизмат бу нафақат Ватан ҳимояси, балки интизом, билим ва юксак маънавият мактабидир. Бугунги кунда ҳарбий хизматчиларнинг касбий салоҳиятини ошириш билан бирга, уларнинг интеллектуал ривожланишига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Парламент қуйи палатасида ҳарбий хизматни ўташ тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси айнан шу жиҳатларни қамраб олган.
Иккинчи ўқишда кўриб чиқилган «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ҳарбий хизматни ўташ тартибини такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси билан олий ҳарбий, шунингдек, хорижий олий ҳарбий таълим муассасаларининг учувчи мутахассислиги бўйича битирувчилари билан янги контракт тузишнинг ҳуқуқий асосларини белгилаш назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар тизимида муддатли ҳарбий хизмат ўтаётган ҳарбий хизматчилар ўртасида ўтказиладиган «Маънавият қалқони» китобхонлик танловининг республика босқичида биринчи, иккинчи ёки учинчи ўринни эгаллаган ҳарбий хизматчиларнинг хизмат муддатини бир ойга қисқартиришни назарда тутувчи қўшимча киритилмоқда.
Муҳокамалар жараёнида мазкур рағбатлантириш чораси ҳарбий хизматчилар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини кенг тарғиб қилиш, уларнинг маънавий-интеллектуал салоҳиятини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
Жарималарни қўллашда шаффофлик
Мажлисда молиявий жарималарни қўллаш тартибини енгиллаштириш, улар устидан шикоят қилиш ҳамда ноқонуний ундирилган маблағларни қайтаришга қаратилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Ушбу ҳужжат молиявий жарималарни қўллашнинг ягона, аниқ ва шаффоф тартибини белгилаш, молиявий санкцияларни ихтиёрий ва енгиллаштирилган тартибда ижро этиш механизмларини жорий қилишга қаратилган.
Қонун лойиҳасида молиявий жарима қўллаш тўғрисидаги қарорлар бекор қилинган ёки ҳақиқий эмас деб топилганда, қонунга хилоф равишда ундирилган маблағларни ўз вақтида ва тўлиқ қайтариш орқали тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, молиявий жавобгарликни қўллаш тартибини янада енгиллаштириш белгиланмоқда. Бу эса тадбиркорларни асоссиз ёки ортиқча молиявий жазолардан ҳимоя қилишга имкон беради.
Лойиҳа билан молиявий жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб бир ой муддатда жарима миқдорининг эллик фоизини ихтиёрий равишда тўлаш шарти билан жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод этиш ёки жаримани олти ой давомида бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти ҳам яратилмоқда.
Молиявий жарима солиш тўғрисидаги қарор бекор қилинган ёки ҳақиқий эмас деб топилганда, жарима суммасини қисқа муддатларда қайтариш, кечиктирилган тақдирда эса Марказий банк асосий ставкасининг уч юздан бирига тенг миқдорда фоиз тўлаш тартиби жорий этилмоқда.
Ушбу қонун лойиҳаси ҳам маъқулланди ва юқори палатага юборилди.
Тадбиркорлар ҳуқуқлари ҳимояси йўлида
Мажлисда «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 11¹-моддасига тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартириш киритиш ҳақида»ги Қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Ҳуқуқни қўллаш амалиёти таҳлили айрим ҳолатларда тадбиркор ташқи савдо операциялари бўйича мажбуриятларни бажариш учун ўзига боғлиқ барча чораларни кўрган бўлса-да, хорижий ҳамкорнинг ҳаракатлари, тўлов тизимларидаги чекловлар ёки бошқа объектив омиллар сабабли активларни ўз вақтида қайтариш имкони бўлмаслигини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, амалдаги тартиб судларга бундай ҳолатларни тўлиқ инобатга олиб, жарима миқдорини мутаносиб равишда камайтириш имконини етарлича бермайди.
Маълумотларга кўра, иқтисодий судлар томонидан мазкур тоифадаги ишлар бўйича 2024 йилда 3,5 мингга яқин тадбиркорга 752 млрд. сўмлик, 2025 йилда эса 9,1 мингдан ортиқ тадбиркорга 3,3 трлн. сўмлик молиявий жарималар қўлланилган. Бу эса ташқи савдо фаолиятида инсофли ҳаракат қилган тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилишнинг қўшимча ҳуқуқий механизмларини яратиш заруратини кўрсатади.
Шу боис қонун лойиҳаси билан жавобгарликни енгиллаштирувчи, ҳеч бўлмаганда битта ҳолат мавжуд бўлганда, жаримани суд томонидан 50 фоизга камайтириш назарда тутилмоқда.
Лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида активларнинг айнан ярмини қайтарган тадбиркорларга ҳам ушбу енгилликни татбиқ этиш белгилангани депутатларнинг бизнес манфаатларига эътиборининг амалий ифодасидир. Мазкур ўзгаришлар инсофли тадбиркорлар зиммасидаги молиявий юкни сезиларли енгиллаштириб, айланма маблағларини сақлаб қолиш ва фаолиятини барқарор давом эттириш учун қўшимча имконият яратади.
Қонун лойиҳаси қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
Саноат хавфсизлиги талаблари кучайтирилмоқда
Мажлисда саноат хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
Мазкур қонун лойиҳаси айнан шу вазифалардан келиб чиқиб, саноат хавфсизлиги талабларига риоя этилишини таъминлаш, хавфли ишлаб чиқариш объектларида авариялар ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, шунингдек, бу борада масъул шахсларнинг жавобгарлигини кучайтиришга қаратилган.
Хусусан, Жиноят кодексига саноат хавфсизлиги талабларини бузиш оқибатида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказиш билан боғлиқ ҳолатлар учун қатъий жавобгарлик чораларини белгилашни назарда тутувчи нормалар киритилмоқда. Бу орқали инсон ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солувчи ҳуқуқбузарликларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларини кучайтириш кўзда тутилган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган қўшимча ва ўзгартиришлар эса саноат хавфсизлиги талабларига риоя этмаслик, хавфли ишлаб чиқариш объектларида давлат назоратини ташкил этмаслик, аварияларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этишга тайёргарлик кўриш талабларини бажармаслик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини белгилаш ва кучайтиришни назарда тутади. Қолаверса, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлардан келиб чиқиб, ваколатли органларнинг вазифалари аниқлаштирилмоқда.
Қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
Чиқиндилар соҳасида мукаммал ҳуқуқий асослар яратилади
Мажлисда чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишни янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Таҳлилий ўрганишлар натижалари амалдаги «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонунда айрим бўшлиқлар ва ҳаволавий нормалар мавжудлигини кўрсатмоқда. Хусусан, бошқарув асослари ва асосий йўналишлар, чиқиндиларга нисбатан мулкий муносабатлар ҳамда соҳани молиялаштириш ва қўллаб-қувватлаш механизмлари тўлиқ белгилаб берилмаган. Бу эса янги «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонунни қабул қилишни тақозо этмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси орқали чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида махсус ваколатли давлат органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ваколатлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларининг иштироки аниқлаштирилмоқда.
Лойиҳада чиқиндиларни таснифлаш тизимини жорий этиш, соҳани иқтисодий рағбатлантириш, саноат объектларида хавфли чиқиндиларни, тиббиёт ва биологик чиқиндиларни йиғиш, зарарсизлантириш ва утилизация қилиш тизимини ташкил этиш назарда тутилмоқда.
Ҳужжатда қурилиш чиқиндиларидан такроран фойдаланиш, санитария тозалашга ихтисослаштирилган ташкилотлар фаолиятининг ҳуқуқий асослари ҳам белгилаб берилмоқда. Шунингдек, қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта юклаш станцияси ҳамда чиқиндилар полигонларига доир талаблар қонун даражасида белгиланмоқда.
Бундан ташқари, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида қонунчилик ҳужжатлари талабларининг бузилиши туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш институти жорий этилмоқда.
Ушбу ҳужжат чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ижтимоий-иқтисодий муносабатларни тизимли тартибга солишнинг мукаммал ҳуқуқий асосларини яратишга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Ялпи мажлисда, шунингдек, «Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг хавфсизлигига таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш бўйича универсал марказ тўғрисидаги Битимни (Тяньцзинь, 2025 йил 1 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматовнинг «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган айрим мақсадли кўрсаткичларга эришиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги парламент сўровига жавоби ҳам мажлис кун тартибидан ўрин олди.
Мажлисда парламент сўровига жавобда кўтарилган масалалар бўйича атрофлича маълумотлар тақдим қилингани қайд этилиб, рақамли технологиялар вазирининг жавоби маълумот учун қабул қилинди.
Лазиза Шерова,
“Ўзбекистон овози” мухбири.
