Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллик тараққиёт йўлига назар ташлар эканмиз, таълим тизимида амалга оширилган ислоҳотлар мамлакатимиздаги янгиланиш ва ўзгаришларнинг энг муҳим йўналишларидан бири бўлганини кўрамиз. Чунки миллий таълим тизимини замон талаблари асосида такомиллаштириш ва келажак авлод учун муносиб шарт-шароитлар яратиш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланган. Бугун 35 йиллик тараққиёт сарҳисобида таълим соҳасидаги ўзгаришлар нафақат мактаб ва боғчалар сони, балки таълим сифати, қамрови, ўқитувчи мақоми ва ҳар бир бола учун тенг имкониятлар яратиш борасидаги улкан ишлар билан намоён бўлмоқда.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳам ўзининг 35 йиллик сиёсий фаолияти давомида ҳар бир инсон учун сифатли таълим олиш имкониятини кенгайтириш, ижтимоий адолат тамойилларини мустаҳкамлаш ва ёш авлоднинг муносиб келажаги учун мустаҳкам пойдевор яратишни ўзининг устувор мақсадларидан, деб билди.
2017 йилдан таълим тизимида янги ислоҳотлар тўлқини бошланди. Шу даврдан бошлаб янги мактаблар қуриш, таълим муҳитини модернизация қилиш, педагог мақомини ошириш, ўқувчилар билимини баҳолаш ва таълим мазмунини янгилаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Бунда таълим сифатига нафақат бугунги кун эҳтиёжи, балки миллий тараққиётнинг узоқ муддатли пойдевори сифатида қаралди.
Қамровдан – юқори босқичга
Мустақилликнинг дастлабки йилларида мамлакат олдида янги давлатчилик асосларини барпо этиш, иқтисодий ва ижтимоий тизимларни шакллантириш билан бир қаторда, миллий таълим тизимини ислоҳ қилиш ва уни янги давр талабларига мослаштириш вазифаси турган эди.
Рақамларга қарайдиган бўлсак, 1991 йилда мамлакатимизда 8557 та умумтаълим муассасаси ва 9834 та мактабгача таълим ташкилоти мавжуд бўлган.
Бу рақамларни бугунги кўрсаткичлар билан шунчакий таққослаш, албатта, тўғри эмас. Чунки ўша даврда мамлакат янги тараққиёт йўлини танлаган, жамият ҳаётининг деярли барча соҳаларида туб ўзгаришлар кечаётган эди.
Бироқ йиллар ўтиши билан таълим тизими олдига янги вазифалар қўйилди. Аҳоли сони ўсди, болалар контингенти кўпайди, таълим хизматларига эҳтиёж ортди. Энг муҳими, энди масала фақат мавжуд тизимни замон талаблари асосида янгилаш ва сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишдан иборат эди.
Айниқса, мактабгача таълимдаги ҳолат жиддий эътиборни талаб қиларди. 1991-2017 йиллар оралиғида Ўзбекистонда болалар боғчалари сони деярли икки баробар камайди, аммо аҳоли сони мунтазам равишда ошиб борди. Хусусан, 2016 йилда юртимиз аҳолиси 31,5 миллиондан ортиқ бўлса-да, лекин мактабгача таълим ташкилотларида 690 минг 975 нафар бола тарбияланган. Аслида статистик маълумотларда ўртача аҳоли сонининг 4–8 фоизини боғча ёшидаги болалар ташкил қилиши келтирилади. Ушбу маълумотни таҳлил қилсак, 2016 йилда мактабгача таълимга болаларни қамраб олишда қанчалик катта муа ммоларимиз бўлганини англашимиз мумкин.
2017 йилдан бошлаб мактабгача таълимга бўлган ёндашув тубдан ўзгарди. Ўша йили мамлакатда 5200 та мактабгача таълим ташкилоти мавжуд бўлган бўлса, 2026 йилга келиб уларнинг сони 39 мингтага етди.
Натижада 2016 йилдаги қамров 27,7 фоизни ташкил қилган бўлса, бу кўрсаткич ўн йил ичида 78 фоизга етди. Яъни қамров деярли 3 баробарга ошди.
Мактабгача таълим масканларида нафақат қиёфа, балки дастурлар ҳам ўзгарди. Ҳар бир янги боғча — яна бир бола учун таълим ва тарбия имконияти, ота-она учун қулайлик, маҳалла учун эса ижтимоий инфратузилманинг ажралмас бўғинига айланди.
Тизимнинг кенгайиши педагогларга бўлган талабни ҳам оширди. Мактабгача таълим ташкилотларидаги педагог ходимлар сони 2017 йилдаги 58 минг 400 нафардан 2026 йилда 179 минг 500 нафарга ошди.
Аслида таълимда бинони қуришдан кўра, сифатли таълим берадиган мутахассисни тайёрлаш анча мураккаб жараён. Шунинг учун бугун таълим сиёсатида инфратузилма билан бир қаторда педагогнинг касбий маҳорати, малакаси ва нуфузи масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Янги мактаб — янги муҳит
Мактаб таълимида ҳам сўнгги йилларда катта ўзгаришлар кузатилди.
1991 йилда мамлакатда 8557 та умумтаълим муассасаси мавжуд бўлса, 2016 йилда уларнинг сони бор-йўғи 9720 тага етган.
2017 йилдан таълим тизимида бошланган туб ислоҳотлар натижасида бугунги кунда мамлакатимизда 11 минг 200 га яқин умумтаълим мактаблари фаолият кўрсатмоқда.
Шу йиллар оралиғида 304 та янги мактаб қурилди, 3598 та мактаб реконструкция қилинди, 1955 таси капитал таъмирдан чиқарилди. Натижада 750 мингта янги ўқувчи ўрни яратилди.
Бу рақамлар ортида эса юз минглаб ўқувчилар учун янги имкониятлар, замонавий синфхоналар, лабораториялар, спорт майдонлари ва илғор таълим муҳити мужассам.
Асосий мезон — сифат
Замонавий мактаб болага мустақил фикрлаш, таҳлил юритиш, қарор қабул қилиш ва ўз қобилиятини юксалтириш имконини берадиган даргоҳ бўлиши асосий мақсадга айланди.
3434 та мактабда Президент ва ихтисослаштирилган мактаблар тажрибаси асосида баҳолаш тизими жорий этилди. Бунда ўқувчининг фақат маълумотни ёдлаб қолиши эмас, балки олган билимини амалиётда қўллай олишига ҳам эътибор қаратилмоқда.
Бу — таълим мазмунидаги муҳим ўзгариш.
Чунки XXI асрда боладан фақат кўп маълумот билиш эмас, балки фикрлаш, таҳлил қилиш, танқидий ёндашиш, жамоада ишлаш ва ўз билимини ҳаётий вазиятларда қўллай олиш талаб этилади.
2020 йилда давлат раҳбарининг муҳим фармони қабул қилинди. Унга кўра, Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари белгиланди. Натижада таълим тизимини янада такомиллаштириш бошлаб юборилди.
Тизимнинг асоси бўлган янги Миллий ўқув дастури яратилиб, у аввалги ёндашувлардан фарқли равишда кўпроқ амалий билим ва компетенцияларни шакллантиришга йўналтирилди.
Таълимдаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси ҳам мустаҳкамланди. Янги таҳрирдаги «Таълим тўғрисида»ги қонун қабул қилиниши замонавий таълим шакллари ва принципларини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлади.
Ўқитувчи — тизим ислоҳотининг асосий қаҳрамони
Мактаб қанчалик замонавий, технологиялар қанчалик илғор бўлмасин, унинг ҳақиқий самараси педагогнинг билими, маҳорати ва масъулияти билан белгиланади.
«Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши ўқитувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, касбий нуфузини ошириш йўлидаги катта қадам эди.
Ўқитувчини мажбурий меҳнатга жалб қилиш амалиётига чек қўйилди. Бу нафақат педагогнинг ҳуқуқини ҳимоя қилди, балки унинг асосий вазифаси — болага таълим ва тарбия бериш эканлигини қонун билан мустаҳкамлади.
Янги даврда нафақат маҳаллий педагогларнинг билим ва маҳоратини оширишга эътибор қаратилди. Шу билан бирга хорижий тилларни ўқитадиган “тил эгаларини” жалб қилишга ҳам катта аҳамият берилди. Бугун мамлакатимиздаги 883 та мактабда 1 443 нафар хорижий тил эгалари ўқувчиларга таҳсил бериб келмоқда.
Тенглик — бир хиллик эмас
Таълимда тенглик деганда, яшаш жойи ёки ижтимоий-иқтисодий ҳолатидан қатъи назар, ҳар бир бола сифатли таълим олиш имкониятига эга бўлиши кераклиги тушунилади.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси таълим соҳасида ислоҳотларнинг бош мезони сифатида ижтимоий адолат ва тенг имкониятлар таъминлашни лозим, деб ҳисоблайди. Зеро, ҳар бир боланинг сифатли таълим олиш имконияти унинг оилавий ёки ижтимоий ҳолати, яшаш ҳудуди ва моддий имкониятларига боғлиқ бўлиб қолмаслиги керак. Шу маънода, таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари, имконияти чекланган болалар ҳамда чекка ҳудудларда яшаётган ўқувчилар учун тенг шароитлар яратиш билан уйғун бўлиши муҳим.
Шу маънода, инклюзив таълимни ривожлантириш, бошланғич синф ўқувчиларини бепул дарсликлар билан таъминлаш, нодавлат таълим секторини ривожлантириш каби чоралар таълимда тенг имкониятларни кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Юртимизда бу борада тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бугун мактаб ва боғчаларда “Таълим барча учун” тамойили асосида инклюзив таълим йўлга қўйилди.
Инклюзив синфлар ташкил этилган мактаблар сони 2 023 тага етиб, қамраб олинган алоҳида таълим эҳтиёжи бўлган болалар сони 4 509 нафарни ташкил қилмоқда. Бундан ташқари, инклюзив таълим гуруҳлари ташкил этилган боғчалар сони 208 та, жалб этилган болалар сони 1 200 нафардан ошган.
Мазкур таълим муассасаларида ногиронлиги бўлган болаларнинг мустақил ҳаракатланишлари учун давлат бюджети, халқаро лойиҳалар ҳамда ҳомийлик маблағлари ҳисобидан республикадаги ҳар бир туман (шаҳар)да намунавий шаклда “тўсиқсиз муҳит” яратилди ва бу жараён доимий давом эттирилмоқда.
Шунингдек, онкологик, гематологик касалликлардан даволанаётган болажонлар даволаниш давомида таълимдан узилиб қолмаслик учун “Меҳрли мактаб” давлат таълим муассасаси ташкил этилган.
Иқтидорни кашф этиш — келажакни қуриш
Бугун таълим тизими олдида иқтидорли болаларни эрта аниқлаш ва уларнинг салоҳиятини ривожлантириш билан боғлиқ муҳим вазифа турибди.
Президент мактаблари, ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг ташкил этилиши ана шу мақсадга хизмат қилмоқда.
Бундан ташқари, 14 та ҳудудда болаларни ривожлантириш инновацион марказларини ўз ичига олган «Янги авлод» мактабгача таълим ташкилотлари тармоғи шакллантирилмоқда.
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг ташкил этилиши, STEM, IT, робототехника ва муҳандислик йўналишларига эътибор кучайтирилаётгани ҳам таълим мазмунининг замон талабларига мослашаётганини кўрсатади.
Ўқувчиларнинг халқаро фан олимпиадаларидаги натижалари яхшиланиб, ғолиблар ва уларнинг устозларини рағбатлантириш механизмлари такомиллаштирилди.
Ўзбекистонлик ўқувчиларнинг PISA, PIRLS ва TIMSS каби халқаро дастурларда иштирок эта бошлагани эса миллий таълим сифатини халқаро мезонлар асосида баҳолаш учун муҳим имконият яратди.
Сўнгсўз ўрнида
Бугун мактабгача ва мактаб таълими тизимида 11 мингдан ортиқ мактаб, қарийб 39 мингта мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритмоқда. Уларда 8,5 миллионга яқин тарбияланувчи ва ўқувчига салкам 700 минг нафар педагог таълим-тарбия бермоқда.
Сўнгги беш йилда 422 та давлат мактабгача таълим ташкилоти қурилиши ҳамда 21 мингдан ортиқ нодавлат муассаса очилиши ҳисобига 1 миллион 200 минг ўрин яратилди. Мактабгача таълим билан болаларни қамраб олиш даражаси 78 фоизга етди.
Бир сўз билан айтганда, изчил амалга оширилган ташаббус ва ислоҳотлар, дастур ҳамда стратегиялар замонавий, янгича бир тизимни шакллантирди. Энди асосий мақсад — натижа! Чунки қамров — биринчи қадам. Сифат эса асосий мақсад ҳисобланади.
Бугун мактабда яратилган муҳит, ўқитувчига берилган эътибор, болага яратилган имконият эртага мамлакатнинг иқтисодий тараққиёти, ижтимоий барқарорлиги ва интеллектуал салоҳиятига бевосита таъсир қилади.
Халқ демократик партияси таълим соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, уларнинг ижтимоий самарасига, энг аввало, оддий инсонлар ва оилалар ҳаётидаги ўзгаришларга эътибор қаратади. Чунки таълимга киритилган инвестиция бу нафақат инсон капиталига, балки жамиятда ижтимоий барқарорлик, тенглик ва фаровонликни таъминлашга қаратилган узоқ муддатли сармоядир.
Шу маънода мустақилликнинг 35 йиллик тараққиёт йўлида таълим соҳасида амалга оширилган ишлар — кечаги натижалар сарҳисоби эмас, балки келажак авлод олдидаги янада катта вазифалар учун мустаҳкам пойдевордир. Зеро, таъкидланганидек, Янги Ўзбекистоннинг келажаги мактаб остонасидан бошланади.
Аброр Қурбонов, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари.
