Ўзбекистон

Тошкентга тоза ҳаво қачон қайтади?!

Blog Image
Email : 9 0

Ўзбекистон Республикасининг “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунида “Атмосфера ҳавоси табиий ресурсларнинг таркибий қисми бўлиб, у умуммиллий бойлик ҳисобланади ва давлат томонидан муҳофаза қилинади”, деб қатъий белгилаб қўйилган. Хўш, бу умуммиллий хазинамиз амалда қанчалик асраб-авайланяпти? Агар у шунчалик мустаҳкам ҳимояланаётган бўлса, нега йилдан-йилга тоза ҳавога муҳтож бўлиб боряпмиз?

Ахир, давлатимиз раҳбари 2024 йилнинг 29 январь куни ўтказилган йиғилишда ҳаво ифлосланишининг олдини олиш бўйича илмий асосланган таклиф ва ҳисоб-китоблар қилинмаётгани юзасидан тегишли вазирлик ҳамда идоралар фаолиятидаги қолоқликларни кескин танқид қилиб, қатъий огоҳлантириш берган эди. Орадан шунча вақт ўтди.

Ўшанда Экология вазирлиги ҳам Тошкент шаҳрида ҳаво ифлосланишининг асосий омиллари сифатида ИЭСларда кўмир ва мазутдан фойдаланиш ортгани, тартибсиз қурилишлар ва дарахтларнинг кесилиши кўпайгани, сифатсиз ёнилғида ҳаракатланувчи транспорт воситаларидан чиқаётган заҳарли ташламаларни санаб ўтганди. Демак, касалликнинг ташхиси барчага кундай равшан! Бироқ шу экологик фожиаларга сабаб бўлган, минглаб йиллик дарахтларни аёвсиз кесган кимсаларга, шаҳарсозлик бош режалари тасдиқланмасдан туриб, шамол йўлакларини тўсиб, бетартиб қурилиш қилаётган корхона ва ташкилот раҳбарларига қачон қатъий чора кўрилади? Ёки қачонгача пойтахт ҳавосини ифлослантиришда асосий айбдор сифатида тандирда иккита сомса пишириб, рўзғор тебратаётган оддий сомсапазларни кўрсатиб, ўзимизни ўзимиз алдаб юрамиз?!

Атмосферани яхшилаш мақсадида “Яшил белбоғ”, “Яшил макон” каби улкан лойиҳалар ишлаб чиқилганидан барчамиз хабардормиз. Бу ташаббуслар эълон қилинганига ҳам бир неча йиллар бўлди. Табиат қонунига кўра, меҳр билан парваришланган ниҳол икки-уч йил ичида бўй чўзиб, соя-салқин берадиган дарахтга айланиши керак эди. Унда нега ҳисоботларда экилгани айтилаётган миллионлаб кўчатлар ҳалигача яшил ўрмонларга айланмади? Аксинча, пойтахтимиз чўлланишда давом этяпти. Сувсизлик ва қаровсизликдан қадалган новдалар ёз келмаёқ қуриб қоляпти. Ҳар мавсумда миллионлаб кўчат экилгани ҳақида баландпарвоз рақамлар қулоғимизга чалинади-ю, аммо у кўчатларнинг кейинги тақдири мавҳумлигича қолиб кетмоқда.

Тўғри, халқимиз сабрли, келажакка умид билан қарайди. Бироқ бугунги чанг-ғубор эртанги авлоднинг генофондига ҳозирданоқ зарба бермоқда.

Экологик вазият вилоятларга ҳам кўчмоқдами?

Ҳар куни эрталаб деразадан ташқарига эмас, халқаро www.iqair.com порталига қараб қандай ҳаводан нафас олаётганимизни текшириш одат тусига кириб бормоқда. Рақамлар эса одамни ваҳимага солади. Хусусан, 19 октябрь ҳолатига кўра, Тошкентда ҳавонинг ифлосланиш даражаси белгиланган меъёрдан нақ 11 баравар ошиб кетди! Пойтахтдаги мониторинг станциялари 153 AQI (ҳаво сифати индекси) натижасини қайд этди. Энг хавотирлиси, бу экологик офат энди фақатгина пойтахт чегарасида қолмаяпти. 19 октябрь куни Самарқанд шаҳрида ҳам ҳаво сифати сезиларли даражада ёмонлашиб, индекс кўрсаткичи 105 AQI га етди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай ҳаво нафас олиш йўллари ва оғир хасталиги бор инсонлар, айниқса, гўдаклар ҳамда кексалар саломатлиги учун бевосита хавфли ҳисобланади.

Ифлосланган ҳаво шунчаки ёқимсиз манзара эмас, у секин таъсир қилувчи қотилдир. Тиббиёт хулосаларига кўра, бундай заҳарли атмосфера юрак-қон томир касалликлари, ўпка саратони, деменция, сурункали бронхит, оғир аллергия ва асаб тизими бузилишларини келтириб чиқаради. Дунё миқёсида ҳар куни ўн минглаб инсонлар, жумладан, минглаб бегуноҳ болалар айнан ифлосланган ҳаво оқибатида келиб чиққан хасталиклардан бевақт вафот этмоқда.

Қолаверса, бу ҳолат мамлакат иқтисодиётига ҳам кўринмас, оғир зарба беради. Кислород етишмаслиги ва заҳарли ҳаво туфайли инсонларнинг меҳнат қобилияти пасайиб, иш унумдорлиги йўқолади. Чанг бўронлари ва кислотали чўкиндилар қишлоқ хўжалигига, экин ва боғларга зарар етказади. Энг асосийси, биз бутун дунёга тарғиб қилаётган туризм салоҳиятимизга соя солади.

Нима қилиш керак?

Халқимизда “Тоза ҳаво — дардга даво” деган нақл бор. Бугун эса нафас олаётган ҳавомизнинг ўзи дард устига чипқон бўлмоқда. Шундай бўлса-да, умидни сўндирмаслигимиз шарт. Ахир, ўзбек халқи янтоқ битмайдиган қақроқ чўлларни-да бўстонга айлантира олган бунёдкор миллат. Фақат бунга хоҳиш, қатъий ирода ва тизимли ёндашув бўлса бас.

Тарихга назар ташлайлик: Иккинчи жаҳон урушида атом бомбаси фожиасини бошидан кечирган Япония халқи оғир синов олдида таслим бўлмади. Миллат бирлашди, иродаси букилмади — улар нафақат вайрон бўлган иқтисодиётини, балки заҳарланган табиатини, экологиясини ва сўлим боғларини ҳам қайтадан тиклай олди. Шундай экан, нега биз тинч ва фаровон замонда яшаб туриб, ўз шаҳарларимиз ҳавосини тозалашни, яшилликни қайтаришни уддалай олмаслигимиз керак?! Қўл қовуштириб ўтирсак, ўз уйимиздаги экологияга бефарқ бўлсак, бизни келажак авлод кечирадими?

Бугун кўчага чиқсангиз, ҳар қадамда турли хил «House», «City», «Residence» каби жарангдор номли қурилиш компанияларининг улкан реклама баннерларига кўзингиз тушади. Хўш, аҳволимиз шу қадар жиддий экан, уларнинг ўрнида “Ҳар бир оиладан — 10 туп дарахт”, “Шаҳримизга тоза нафас қайтарайлик!” каби ижтимоий тарғибот чақириқларини кўрмаймиз? Нега дарахт экиш ва уни кўкартиришни виждон ишига айлантирмаяпмиз?

Албатта, муаммодан қочишнинг осон йўли ҳам бор: имкони борлар пойтахтни ташлаб, ҳавоси нисбатан тоза бўлган Бўстонлиқ, Зомин, Оқтош томонларга ёки бўлмаса чет элларга кетиши мумкиндир. Лекин миллионлаб оддий халқ шу ерда яшайди, шу заминда нафас олади. Шундай экан, пойтахтимизга тоза ҳаво қайтишида барчамиз фаол бўлайлик.

Азим АХТАМОВ,
“Ўзбекистон овози” мухбири.