Автор: root_super
Янгиланмайдиган қонун бўлмайди
Инсонга турли ҳуқуқлар берилган. Улар орасида энг бебаҳоси ва тортиб олиниши мумкин бўлмагани бу яшаш ҳуқуқидир. Шунинг баробарида моддий ва маънавий таъминот, ўқиш, билим олиш, касб-ҳунар эгаллаш, шахс сифатида камолга етиш ҳамда орзу-мақсадлар сари одимлаш каби ҳаётий эҳтиёжлар ҳам ҳуқуқлар сирасига киради.
Қонунлар ва қонуности ҳужжатлар Конституциямизда акс эттирилган ҳуқуқ ва мажбуриятлар ижросини таъминлаш, жавобгарликни белгилаш, кези келганда, жазо ёки мукофот тайинлашга хизмат қилади. Парламент палаталари миллий қонунчиликдаги аҳоли ҳаётига дахлдор бўлган энг кичик таҳририй ўзгаришдан тортиб, йирик кодексгача барча масалани муҳокама қилади, фикр билдиради, эътирозини айтади. Ҳафта бошида бўлиб ўтган фракциялар йиғилишлари ҳамда қуйи палата мажлисида айни жиҳатлар кузатилди.
Жарималар ўзгармайди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида қатор қонунлар биринчи ва иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. Ана шулардан бири суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини рақамлаштириш ҳамда ижро иши юритиш самарадорлигини янада оширишга қаратилган қонун лойиҳаси бўлди.
Иккинчи ўқишда муҳокама қилинган қонунга кўра, фуқаролардан қарздорлиги учун ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган энг кам кафолатланган даромадни ўрнатиш назарда тутилган. Шу билан бирга, давлат ижрочилари томонидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ мажбурий ижро ҳаракатларини амалга оширишда мобил видеокузатув воситаларидан фойдаланишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Қайд этилдики, иккинчи ўқишда депутатларнинг таклифлари инобатга олинди. Бу, айниқса, жавобгарлик белгилашдаги жарималар миқдори билан боғлиқ меъёрларда акс этган. Хусусан, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун белгиланаётган жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача қилиб ўзгартирилган. Биринчи ўқишда бу базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан йигирма бараваригача этиб кўрсатилган эди. Шунингдек, жарималар миқдорини камайтиришга оид ва фуқаролар ҳуқуқлари билан боғлиқ қатор таклифлар иккинчи ўқишда инобатга олинган.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоларининг фикрича, киритилаётган меъёрлар суд ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда инсон омилининг камайишига, мажбурий ижро этиш тизимини янада такомиллаштиришга, одил судлов самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади. Шундан келиб чиқиб, лойиҳа иккинчи ўқишда қўллаб-қувватланди.
Озиқ–овқат хавфсизлигини таъминлаш учун ҳуқуқий механизм етарлими?
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бугуннинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Нуфузли халқаро ташкилотлар ҳам мазкур масалага алоҳида эътибор билан ёндашиши унинг нақадар долзарб аҳамият касб этишини ифодалайди. Мутахассислар эса озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ва уларни тақсимлаш бўйича ёндашувни мутлақо ўзгартириш вақти келганини таъкидламоқда. Зеро, идеал ҳолатда қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжаликлари барчани озиқ-овқат билан тўлиқ таъминлаш, рисоладагидек даромад манбаини яратиб беришга қодир. Шу билан бирга, бундай ҳолатда инсон манфаатлари йўлида ҳам қишлоқ хўжалиги ривожланади, ҳам атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирлар ижроси таъминланади.
Амалдаги “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун 1997 йил 30 августда қабул қилинган. Бироқ мазкур ҳужжат озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлашдаги замонавий талабларга, ЖСТнинг санитария-фитосанитария чораларини (СФС чоралари) қўллаш тўғрисидаги келишуви тамойилларига ва бошқа қатор стандартларга жавоб бермайди.
Ваҳолонки, озиқ-овқа т маҳсулотининг хавфсизлигини бутун озиқ-овқат занжирида “даладан дастурхонгача” ёндашувига асосланга н принцип асосида таъминлаш талаб этилади. Соҳанинг реал ривожланиш ҳола тини ва ма вжуд илмий сал оҳиятни ҳисобга олган ҳолда, унинг хавфсизлигини бошқаришнинг интеграллашган ва самарали тизимини жорий этиш зарур. Ривожланга н давлатлар тажрибаси эса қонунни қайта кўриб чиқишни тақозо этад и. Демак, қонунчилигимизда ҳам бу борада яхлит ҳужжатга эҳтиёж мавжуд. Шундан келиб чиқиб тайёрланган қонун лойиҳаси қуйи пала та мажлисида муҳокама қилинди.
Аввалроқ ХДП фракцияси йиғилишида кўриб чиқилган масала юзасидан депутатлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирган эди. Хусусан, Дилбар Мамаджанова амалдаги қонун нормаларининг аксариятида озиқ-овқат маҳсулоти хавфсизлигини таъминлашда қўлланиладиган халқаро принциплар, стандартлар ва амалиётлар акс эттирилмаганига эътибор қаратди. Бундан ташқари, ваколатли давлат органларининг вазифаларини аниқ белгилаш борасида қонуннинг ҳуқуқий механизмларини қайта кўриб чиқиш кераклиги таъкидланди.
Фракция аъзоси Зокиржон Зоҳидов бугунги кунда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқараётган тадбиркорларнинг қонунга, хусусан, Алиментариус кодекси стандартларига риоя қилиши учун қандай назорат механизми борлиги билан қизиқди. Уларнинг фаолиятини ўрганиш ва таҳлил олиб бориш учун тегишли ташкилотлар ёки депутатларга ҳуқуқий асос кера к. Амалд аги тартибга кўра, ҳудудларда махсус комиссия бор ва унинг розилиги асосида бир йилда фақат бир марта ишчи гуруҳи билан бирга тадбиркорлик субъектларини мониторинг қилиш мумкин. В аҳолонки, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳар куни ишлаб чиқарилади.
Депутат бу жуда мураккаб жараён бўлиб, хорижий тажрибада озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи корхоналарда давлат томонидан қўйилган назорат органлари борлигини таъкидлади. Ўзбекистонда мазкур масала қай тартибда амалга оширилиши хусусидаги савол билан мурожаат қилди.
Ташаббускорларга кўра, ҳозирда Бизнес – омбудсман билан келишган ҳолда текшириш тизими мавжуд. Қонун лойиҳаси билан эса тадбиркорлик субъектларини ягона реестрга киритиш режалаштирилган. Шундан кейин уни меъёрларга мувофиқ текшириш имконияти юзага келади.
Бундан ташқари, Алиментариус кодекси стандартларига мувофиқлаштириш бўйича санитария қоидалари меъёрлари ишлаб чиқилмоқда. Бугунги кунда 6 та асосий горизонтал йўналишлар тайёрланган ва бу борадаги ишлар давом эттирилади.
Фракция аъзолари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши Санитария ва фитосанитария чораларини қўллаш бўйича битимни қабул қилишни талаб этишини таъкидлади. Бунинг учун билдирилган таклифлар инобатга олиниши, қонун лойиҳасидаги меъёрларни кучайтириш чоралари кўрилиши зарурлигига урғу берилди.
Умуман олганда, қонун қабул қилиниши аҳолини хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга йўналтирилган амалдаги қонунчилик базасини тўлдиради. Бундан ташқари, озиқ-овқат маҳсулоти истеъмоли билан боғлиқ касалланишларни камайтиради ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Муҳокама ва савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳасининг концепцияси маъқулланди.
«Ўзбекистон овози», 5.3.2025, №9
Аёл бахти – оила ва жамият бахти
8 март – Халқаро хотин–қизлар куни
Айтадиларки, Ер юзида агар биргина аёл қолса ҳам, демак, ҳаёт бор, меҳр-муҳаббат бор… Яратганнинг мўъжизаси саналмиш аёл қалби энг муаззам туйғуларга бешик бўлиб, унинг чеҳрасида нафосатни, ёруғ оламга зеб бериб турган назокатни кўрамиз. Вужудида инсоният келажагини улғайтирадиган бу тилсимот фидойилик, садоқат тимсоли ҳамдир. У миллатнинг буюк тарбиячиси, давлат ва жамиятни ривожлантиришнинг муҳим иштирокчиси эканига, неча минг йилдирки, бани башар гувоҳ бўлиб келмоқда.
Бугун дунё олдиндан айтиб бўлмайдиган даражада шиддат билан ўзгаряпти. Қарашлар, тутумлар, ёндашувлар, ҳаттоки баъзи жамиятларда умуминсоний қадриятлар ҳам тамомила янгича мазмун-моҳиятга эга бўлиб бормоқда. Аммо бир ҳақиқат аниқ: жамиятнинг маданий даражаси, ундаги ижтимоий тенглик ва адолат айнан хотин-қизларга бўлган муносабат билан белгиланишига оид улуғ мезон глобал доирада ҳамон қиймати ҳамда аҳамиятини зарра қадар йўқотгани йўқ.
Илм-фан ва техника энг юқори чўққига чиқаётган, инсон закоси ила ақл бовар қилмас кашфиётлар турмуш тарзимизга кириб келаётган янги замонда ШАХС тарбияси ўз тақдири ҳақида қайғураётган халқ ва миллат учун ҳаёт-мамот масаласига айлангани ҳам бор гап. Бу вазифани уддалаш эса, сўзсиз, аёллар ақлу заковати, салоҳияти, маърифати ва фидойилигига боғлиқлигини ортиқча таъриф этиш на ҳожат.
– Қандай қонун ва қарорларни қабул қилмайлик, қандай ислоҳотларни ҳаётга жорий этмайлик, давлат раҳбари сифатида менинг кўз ўнгимда аввало мунис оналаримиз, меҳрибон опа-сингилларимиз сиймоси, уларнинг дарду ташвишлари туради. Сиз, азизларимнинг оила даврасида тинч-омон, соғ-саломат, фаровон ва бахтли турмуш кечиришингиз, жамият ҳаётида фаол иштирок этишингиз учун хизмат қилишни мен ўзим учун нафақат асосий вазифа, балки шарафли бурч, деб биламан. Чунки оила таянчи, жамият устуни бўлган оналаримиз, аёлларимиз ҳаётдан рози бўлса, бутун халқимиз ҳаётдан рози бўлади, – деган эди Президентимиз.
Самимиятга йўғрилган мазкур сўзлар замирида аёлни улуғлашдек олижанобликни кўрамиз. Қолаверса, бугун юртимизда хотин-қизларга оид давлат сиёсати юқори босқичга ўз-ўзидан чиқмаётгани, бунинг ортида мана шундай юксак эътибор, ғамхўрлик, азму шижоат турганини яна бир карра ҳис қиламиз.
Янги одимлар, халқаро эътирофлар
Янги Ўзбекистоннинг хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги дадил одимлари халқаро даражада эътироф этилмоқда. Жаҳон банки индексида мамлакатимиз гендер тенгликка эришиш йўлида дунёдаги энг тез ривожланаётган 5 та давлат қаторига киритилгани бунга мисолдир.
Очиқ гендер маълумотлар индексида Ўзбекистон энг яхши 20 давлат қаторида қайд этилди. Парламентлараро иттифоқ томонидан юритиладиган “Парламентдаги аёллар” рейтингида эса мамлакатимиз 193 давлат орасида 36-ўринга кўтарилди.
Сўнгги йилларда мамлакатимиз аҳолисининг қарийб ярмини ташкил этадиган хотин-қизлар учун жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятни кафолатлашга доир конституциявий тамойил амалиётга тизимли жорий қилинаётгани жаҳон жамоатчилиги диққатини тортмоқда. Бу борада ҳуқуқий ва институционал асослар тубдан такомиллаштирилаётгани эса айни муддао.
Янги Ўзбекистон хотин-қизларни ҳар қандай камситиш ва таҳқирлашлардан ҳимоя қиладиган барча асосий халқаро ҳужжатларга қўшилди. «Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Женева конвенцияси, «Хотин-қизларнинг сиёсий ҳуқуқлари тўғрисида»ги ҳамда «Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида»ги Нью-Йорк конвенциялари, Пекин ҳаракатлар платформаси каби халқаро ҳужжатлар шулар жумласидан. Бундан ташқари, «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида», «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида», «Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди. Аёлларни қўллаб-қувватлаш масалаларида давлат раҳбарининг бевосита ташаббуси билан ўнлаб фармон ва қарорлар ҳамда ҳукумат қарорлари ижрога йўналтирилди.
Бир сўз билан айтганда, жамиятда ва оилада аёл қадрини юксалтириш, бу жабҳада самарали давлат сиёсатини рўёбга чиқариш мақсадида юзга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар амалиётга киритилгани кенг қамровли ислоҳотларга туртки бермоқда.
Стереотиплар ўзгармоқда…
Ёдингизда бўлса, ўтган йили май ойида кўҳна Самарқанд шаҳрида йирик анжуман – Осиё хотин-қизлар форуми бўлиб ўтган эди. Ўттиздан ортиқ давлатлардан нуфузли меҳмонлар ташриф буюрган бу форумда Ўзбекистоннинг, таъбир жоиз бўлса, дадиллик билан олиб бораётган гендер сиёсати самарадорлиги аниқ рақамлар асосида кўрсатилди.
Келтирилганидек, мамлакатимизда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 2017 йилдаги 27 фоиздан 35 фоизга етган. Охирги беш йил ичида Ўзбекистонда ишбилармон аёллар сафи кенгайиб, хотин-қизларнинг тадбиркорлик соҳасидаги улуши 45 фоизга етди.
Cоғлиқни сақлашда банд бўлган аҳоли ўртасида хотин-қизлар улуши 77, таълимда 74, иқтисодиёт ва саноат соҳасида 46 фоизга етган. Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган қизлар сони олти баробарга кўпайган.
Аёлларнинг парламентга келиши эса ҳамма давлатда ва ҳамма даврда ижтимоий-сиёсий феномен сифатида жуда катта резонанс берган.
Маълумки, ўтган йил октябрь ойидаги парламент сайловлари натижасида Қонунчилик палатаси таркиби қарийб 60 фоизга янгиланиб, 87 нафар янги депутат сайланди. Уларнинг 38 фоизини ёки 57 нафарини аёллар ташкил этгани – минтақадаги энг юқори кўрсаткич бўлди. Шунингдек, янги Сенат аъзоларининг қарийб 27 фоизи ёки 16 нафари, маҳаллий Кенгашларга янги сайланган депутатларнинг 32,6 фоизи хотин-қизлардан иборат.
Натижада Миллий парламентлар бўйича халқаро рейтинги (IPU Parline)да парламентдаги хотин-қизлар салмоғи бўйича Ўзбекистон дунёдаги 193 та давлатлар ўртасида 49-ўриндан 34-ўринга кўтарилди.
Буларнинг бари нимадан далолат? Табиийки, хотин-қизларнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий фаоллигини ошириш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, гендер тенгликка эришиш, аёлларнинг фақат оилада эмас, балки жамиятда ҳам мавқеини юксалтириш, барча жабҳада ўз салоҳияти ва лаёқатини намоён этишига имконият яратиш йўлидаги тизимли ишлар маҳсулидир.
Шахсан мени энг мамнун қилаётган жиҳат нима, биласизми? Одамларимиз онгу шуурида узоқ йиллар турғун бўлиб келган “Аёлнинг ўрни – оилада. Унинг вазифаси қозон-товоқ, фарзанд тарбиялаш” қабилидаги стереотиплар ўзгариб бораётир. Аёл аталмиш хилқат оналик, бекалик миссияларини бажариши баробарида лидерлик қобилиятини, сиёсий иродаси ва шижоатини намоён эта олишига, қатъият ва фаоллигига жамиятимизда ишонч уйғонмоқда. Бу Ўзбекистоннинг гендер сиёсатида катта қадам, десак янглишмаймиз.
Таълим ва бандлик узвий бўлмоғи учун
Маърифатли хотин-қизлар келажак бунёдкорлари ҳисобланади. Юқоридаги фикримизнинг давоми сифатида айтиш мумкинки, аёлларни илмли қилиш, салоҳияти ва иқтидорини намоён этишига кўмаклашиш оила учун ҳам, жамият учун ҳам ҳаётий зарурат эканини одамларимиз аста-секин тушуниб етмоқдалар. Кўзининг қорачиғи, жонидан азиз қизи олий ўқув юртига кириши учун мадад бўлаётган оталар, рафиқасига қизиққан соҳада билим ва тажриба ошириши учун шароит яратиб бераётган оила беклари сафи бугун оз эмас. Ўз навбатида давлатимиз томонидан хотин-қизларнинг илм олишга бўлган рағбатини қўллаб-қувватлаш йўлида кўрилаётган чора-тадбирлар суръати ва кўлами ҳам ошиб бормоқда.
Хусусан, 2020-2024 йилларда 8 минг 653 нафар эҳтиёжманд хотин-қизлар олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди. 5 йиллик меҳнат стажи бор, лекин олий маълумотли бўлмаган 1 минг 256 нафар қизларимиз, сингилларимиз ОТМда тўлов-контракт асосида таҳсил олиш имконига эга бўлди. 2021 йилдан 2024 йилга қадар 6 минг нафарга яқин эҳтиёжманд аёллар ва боқувчисини йўқотган қизларнинг контракт тўлови қоплаб берилди. Давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловларини ҳам давлат зиммасига олди. 181 минг 500 нафардан зиёд талаба қизларимизга фоизсиз таълим кредитлари ажратилди. Ҳозирга келиб юртимиз ОТМда таҳсил олаётган 1 млн 479 минг 384 нафар талабанинг 52,2 фоизини хотин-қизлар ташкил этаётгани кишини қувонтиради, албатта. Ваҳоланки, бу кўрсаткич 2017 йилда 39 фоиз бўлган, холос.
2022/2024 ўқув йилида олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабаларнинг STEAM таълим йўналишлари бўйича кўрсаткичи таҳлил қилинганда, физика йўналишида ўқиётган талабаларнинг 64 фоизини хотин-қизлар ташкил этаётгани маълум бўлди. Шунингдек, математика (60 фоиз), хизмат кўрсатиш (34 фоиз), қишлоқ хўжалиги (36 фоиз), ишлаб чиқариш ва ишлов бериш (32 фоиз) каби йўналишлар бўйича ҳам бу борада ўсиш кузатилган. Бу сингилларимизда, қизларимизда амалий ва аниқ фанларга бўлган қизиқиш ортаётганини, пировардида халқаро меҳнат бозорига рақобатдош кадрлар сифатида кириб бораётганини кўрсатади.
Таълим билан бир қаторда бандлик соҳасида ҳам хотин-қизларнинг узвий ҳуқуқини таъминлаш энг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Айни йўналишда эътирофга арзирли натижалар қўлга киритилаётганини қайд этиш жоиз. Чунончи, ўтган йилнинг ўзида 889 минг нафар хотин-қизларнинг бандлигига кўмаклашилди. 289 минг 419 нафар аёлларимиз меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитилди. 543 минг 504 нафар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, ўзини ўзи банд қилиш истагида бўлган сингилларимизга 240 млрд сўм субсидия маблағлари ажратилди. 520 дан ортиқ маҳаллада хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари очилди.
Таъкидлаш ўринлики, қўмитамиз Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда “Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш” ягона автоматлаштирилган мониторинг ахборот платформасини ишга туширди ва тегишли тизимлар билан интеграция қилинди.
Бундан ташқари, ишбилармон ҳамда тадбиркорлик қилиш истагидаги аёлларнинг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида республиканинг барча ҳудудларида жами 3,5 мингга яқин хотин-қизлар билан учрашув-мулоқотлар ўтказилди. Ушбу тадбирлар давомида уларни қийнаб келаётган муаммолар аниқланди. Муаммолар фақат ўрганилиб қолмай, балки амалий ечимларига киришилди. Шу тариқа 1 минг 646 нафар хотин-қиз тадбиркорлик лойиҳалари учун кредит, 610 нафари субсидия маблағларини олишга муваффақ бўлди. Натижада 2 минг 480 та иш ўрни яратилди.
Дарвоқе, жорий йилда яна 635 минг 366 нафар ишга талабгор аёлларимизни ўқитиш ва бандлигини таъминлаш вазифаси олдимизда турибди. Бунинг учун бор куч ва саъй-ҳаракатларимизни сафарбар қилмоқдамиз. Токи, жамиятимизда бугунги кунига бефарқ, эртанги кунига эса умидсиз боқадиган, ўз салоҳиятига ишонмайдиган бирорта ҳам аёл қолмасин.
Оналар саломатлиги – миллат саломатлиги
Миллат генофондини асраш, соғлом авлодни вояга етказиш биринчи галда хотин-қизлар саломатлиги муҳофазасини кучайтиришни тақозо этади. Шу нуқтаи назардан мамлакатимизда аёллар соғлиғини мустаҳкамлаш, репродуктив кўрсаткичларни мониторинг қилиш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш ишлари қадамба-қадам такомиллаштирилмоқда.
Хусусан, фарзанд кўриш ёшидаги аёллар учун “Тиббий кўмак берилиши лозим бўлган хотин-қизлар билан ишлаш тартиби” ишлаб чиқилди. Унга кўра, ўтган йили 99 минг 976 нафар хотин-қизларга тиббий маслаҳатлар берилди.
“Соғлом оила – келажак пойдевори”, “Эрта ва яқин қариндошлар никоҳига қарши бирга курашамиз” рисолалари, “Репродуктив саломатлик тамойиллари” мавзусида тиббий ахборот материаллари ишлаб чиқилиб, 9 минг 452 та маҳалладаги хотин-қизлар фаолларига етказилди.
Яна бир масала. Олиб борилган ўрганиш натижалари оилада фарзанд кўришни ихтиёрий режалаштириш бўйича билим ва тушунча аҳоли ўртасида етарли даражада шаклланмаганини кўрсатмоқда. Бундан келиб чиққан ҳолда Вазирлар Маҳкамаси ишчи гуруҳи томонидан фарзанд кўриш бўйича мустақил ва онгли равишда қарор қабул қилишда оиланинг ижтимоий-иқтисодий имкониятини инобатга олишга қаратилган “Масъулиятли ота-оналик” лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур лойиҳа асосида таълим муассасалари, ташкилот, идоралар ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун ўқув дастурлари жорий этилади. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида “Масъулиятли ота-оналик” мобил иловаси яратилади.
Интиқлик билан кутилган фарзанднинг соғлом туғилиши оила учун чинакам қувонч. Лекин, борди-ю фарзанд жисмонан ёхуд ақлан заиф бўлса, кўпинча бунинг жабрини она тортади. Кузатишлар кўрсатадики, оилада носоғлом ва ногиронлиги бор фарзанд дунёга келса, аксар ҳолларда оталар бу синов қаршисида туришни истамай, ажрашишни ихтиёр қилади. Бундай фарзандни минг уқубат билан парваришлаш эса она гарданига тушади.
Мана шундай нохуш ва оғриқли ҳолатларнинг олдини олиш, бошқача айтганда, аёлларимизни бу каби аянчли тақдир билан рўбарў қилмаслик учун ҳам “Масъулиятли ота-оналик” сингари лойиҳалар жуда муҳим.
Эзгулик мезони
Оғир аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш, уларни манзилли қўллаб-қувватлаш мақсадида йўлга қўйилган “Аёллар дафтари”, энг аввало, ёрдамга муҳтож опа-сингилларимизга кўмак бериш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни узил-кесил ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда.
Жумладан, ўтган йили “Аёллар дафтари”га киритилган 1 млн 265 нафар аёлнинг 995 минг 239 нафарига тегишли ёрдамлар кўрсатилди: 548 минг 857 нафари ишли бўлди, 35 минг 968 нафарига эса тадбиркорлик билан шуғулланиши учун имтиёзли кредитлар ажратилди. Шу билан бирга 160 минг 893 нафар боқувчиси йўқ, ногиронлиги бўлган ва ногирон фарзандлари бор аёлларга моддий ёрдамлар берилди.
5 минг 891 нафар уй-жойга муҳтож хотин-қизларнинг 432 нафари муқим бошпана билан таъминланди, 5 минг 459 нафарига ижара компенсацияси тўлаб берилди.
Гувоҳи бўляпмизки, хотин-қизларнинг ижтимоий, иқтисодий ҳуқуқларини таъминлашга йўналтирилган бундай амалий ишлар юзлаб, минглаб аёлларимизга қаддини тиклаб, жамиятда ўз ўрнини топиши, фарзандларини муносиб шароитда тарбиялаб, вояга етказишлари учун имкон бермоқда.
Гап хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳақида кетаркан, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш масаласида ҳам сезиларли ўзгаришларга эришилаётганини тилга олмасликнинг иложи йўқ.
Жамиятда хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонликларнинг олдини олиш, бу иллатга нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантириш мақсадида 2024 йилнинг ўзида иккита қонун ва Президентнинг тегишли қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжатларга мувофиқ аёлларнинг ва болаларнинг оилада ҳамда жамиятда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид ташкилий-ҳуқуқий механизмлар янада мустаҳкамланди.
Асосийси, “Аёлни эъзозлаш – эзгулик ва ад олат мезони” деган ғояни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида хотин-қизларни ҳимоя қилиш, ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам бериш тизими йўлга қўйилди.
***
Тақвим бўйича баҳорнинг илк кунларидамиз. Бироқ қиш ҳамон навбаҳорга ўрнини бўшатгиси келмаётир. Баҳорий айём – Халқаро хотин-қизлар куни ҳам тобора яқинлашмоқда.
Юртимизда бу айём умумхалқ байрами сифатида шарқона урф-одатлар, халқимизнинг миллий қадрият ва анъаналари асосида нишонланади.
Шуниси аниқки, хотин-қизларга юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш фақат бу байрамда эмас, балки йил бўйи давом этади. Бу соҳадаги жараённи сарҳисоб этарканмиз, эришилаётган ютуқлар, муаммолар ечими сари қатъий ҳаракат жамиятимизда ҳар бир аёл бахт ҳиссини туйиб яшаши учун хизмат қилаётганини англаймиз. Зеро, аёл бахти – оила саодати, жамият кўркидир.
Зулайҳо МАҲКАМОВА,
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари –
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси.
«Ўзбекистон овози», 5.3.2025, №9
Қонунлар қаерда «дунёга келади»?
Бу саволга биргина жумла билан, яъни, парламентда, деб жавоб бериш мумкин. Аммо қандай «туғилиши» ҳақида сўралса, бир неча босқичли, мураккаб жараён кўз олдимизда гавдаланади.
Биламизки, ҳар бир тизим маълум бир механизм асосида, белгиланган тартиб-қоидаларга риоя этиш орқали ўз фаолиятини олиб боради. Таъкидлаш керакки, Олий Мажлис палаталари ҳам айни шу мезонларга бўйсунади. Яъни, Қонунчилик палатаси қонунларни бир неча босқичда кўриб чиқади, Сенат эса уларни тасдиқлайди. Қуйи палата қўмиталарида, фракцияларда мутахассислар, экспертлар билан биргаликда бизга кўринмаган узоқ йўлни «босиб ўтган» қонун лойиҳалари палата мажлисига киритилади.
Кеча Қонунчилик палатаси мажлисида ҳам ана шундай лойиҳаларнинг бир қанчаси навбати билан кўриб чиқилди. Депутатлар фикрлари, савол-жавоблари, фракциялар эса позициялари билан уларнинг қай бирига кўпроқ, қай бирига камроқ «ҳужум» қилди.
Шиорлардан иборат таклифлар эмас, аниқ механизм керак
Бола ҳуқуқларини таъминлаш давлат сиёсатининг муҳим стратегик йўналиши саналади. Юртимизда ҳам бу борада муайян чора-тадбирлар йўлга қўйилган. Хусусан, қонунчилигимизда бола ҳуқуқлари билан боғлиқ 40 дан ортиқ ҳужжатлар қабул қилинган. Янги таҳрирдаги Конституциямизга боланинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш кафолатларини кучайтиришга қаратилган янги меъёрлар киритилди. Натижада боланинг жисмоний, ақлий ва маънавий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш бўйича кафолатлар кучайтирилди, бу борада давлатнинг ижтимоий мажбуриятлари кенгайтирилди.
Палата мажлисида Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани)нинг 2024 йилдаги бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан риоя этилиши ҳолати ҳақидаги маърузаси кўриб чиқилди.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Сурайё Раҳмонованинг айтишича, 2024 йилда 35 та шахсий қабуллари ташкил этилган бўлиб, уларда жисмоний ва юридик шахслардан 160 та мурожаат тушган. Мурожаатлар таҳлили ва мониторинги асосида давлат органлари томонидан бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилишига йўл қўйилгани юзасидан таъсир ҳужжатлари орқали муносабат билдирилган. Хусусан, 9 та огоҳлантириш, 3 та тақдимнома, 18 та хулоса ва 6 та суд ҳужжати устидан протест келтириш тўғрисида илтимоснома киритилган. Бола ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчиликда мавжуд муаммолар таҳлили негизида давлат органлари ва ташкилотларга 40 та таҳлилий ахборот йўлланган.
Маърузага кўра, 2024 йилда фуқароларнинг мурожаатлари ва болаларга нисбатан содир этилган жиноятларга оид суд хабарномалари асосида Болалар омбудсмани ва унинг котибияти ходимлари 46 та фуқаролик, жиноий ва маъмурий ишлар юзасидан судларда кузатувчи сифатида қатнашган.
Депутатлар болаларнинг шахсан ўзидан ҳам мурожаат бўлган ёки йўқлигига оид масалада маълумот сўради. Вакилнинг таъкидлашича, 8 ёшдан 17 ёшгача бўлган болалардан ҳисобот даврида 44 та мурожаат келиб тушган. Афсуски, ҳар учинчи мурожаат болага нисбатан зўравонликка оид. Хусусан, болалар таълим муассасаси ёки оилада зўравонликка дуч келаётгани ифодаланган.
Шунингдек, боланинг билим олиш ёки оилавий муҳитга бўлган ҳуқуқи чекланаётгани юзасидан ҳам мурожаат қилинган. Айримларида бола судда иштирок этган бўлса-да унинг овози инобатга олинмаганига оид масала ҳам ўрин олган. Бундай мурожаатларни ҳамда унга оид бўлган суд ҳужжатларини ўрганиш натижасида суд қарорларига протест киритиш тўғрисидаги илтимосномалар ҳам юборилган. Вояга етмаган қизларни мажбуран турмушга узатишга уриниш ҳолатлари рўй берган ва улар доимий назоратга олинган.
Айтиш керакки, ушбу масала аввалроқ Ўзбекистон ХДП фракцияси йиғилишида атрофлича муҳокама қилинган эди. Депутатлар маъруза бўйича ўз саволлари, бироз кескин таклиф ва муносабатини билдирди.
Жумладан, инклюзив таълим тизимини ҳам чуқурроқ ўрганиш лозимлигига эътибор қаратилди. Хусусан, фракция аъзоси Ирина Токарева бу борадаги ўрганишларига тўхталиб ўтди. Яъни, мактабларда ногиронлиги бўлган болалар билан махсус сертификатга эга бўлган мутахассислар эмас, оддий ўқитувчилар ишлаётгани маълум бўлган. Айрим кўзбўямачиликлар, ногиронлиги бўлган болаларнинг дарсга қатнаши билан боғлиқ муаммолар ҳам Болалар омбудсманининг ҳамиша эътиборида бўлиши зарурлигига урғу берилди.
Болалар омбудсманига кўра, 2024 йилнинг январь ойидан бошлаб, Ижтимоий ҳимоя агентлигининг ҳудудий бошқармаларида ягона психологик-тиббий педагогик комиссиялар шакллантирилди. Айнан уларнинг берган хулосаси асосида болаларни ихтисослаштирилган таълим муассасаси ёки умумий тартибдаги муассасада ўқишига оид масала ҳал қилинди.
«Шу билан бирга, Болалар омбудсмани Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига инклюзив синфлар борасида ўз позициясини билдирган. Тўғри, бугунги бирламчи босқичда инклюзив синфлар сони ошиб бормоқда. Лекин инклюзив таълимнинг сонидан сифатига ўтиш жараёни биргаликда олиб борилиши шарт», — деди Бола ҳуқуқлари бўйича вакил.
Қуйи палата мажлисида бошқа партиялар қатори ХДП фракцияси ҳам ўз позициясини билдирди. Унга кўра, Болалар омбудсмани институти бугунги кунда болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишнинг институционал ва ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
2024 йилда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида»ги қонуни асосида Болалар омбудсманининг давлат ва жамият ҳаётида таъсир чоралари ҳамда имкониятлари ортиб бораётгани маърузада акс этган.
Натижада келиб тушган мурожаатларнинг 84,3 фоизи Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан тўлиқ назоратга олинган. Шунингдек, давлат органлари томонидан бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг бузилишига қўл қўйилгани юзасидан таъсир ҳужжатлари орқали муносабат билдирилиб, 1 та огоҳлантириш, 6 та хулоса, 6 та суд ҳужжати устидан протестлар келтириш тўғрисидаги илтимосномалар киритилган.
Ҳисобот даврида Болалар омбудсмани томонидан боланинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилгани ҳолатларини ўз ташаббусига кўра текшириш билан боғлиқ материаллар асосида Олий Мажлис Сенатига 5 ахборот, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш борасида маҳаллий ҳокимият органлари томонидан чора-тадбирлар кўрилиши бўйича Вазирлар Маҳкамасига 6 та, бошқа давлат органларига 981 та сўров киритилган.
Айниқса, Болалар омбудсмани институтининг маҳаллий ҳамда миллий даражадаги сиёсатни ишлаб чиқишда болалар ва ёшларнинг манфаатларига таъсир кўрсатадиган қарорлар қабул қилишда уларнинг фикрини инобатга олиш кўзда тутилган. Бунинг учун амалиёт ҳамда механизмни кучайтириш учун 18 та аниқ мақсад ва вазифаларни амалга ошириш борасидаги фаоллиги алоҳида эътироф этилди.
Бироқ амалга оширилган ижобий ишлар билан бирга, Болалар омбудсмани кейинги фаолиятида эътибор қаратиши лозим бўлган жиҳатлар ҳам бор. Партия фракцияси бу борадаги ўз фикрларини билдирди.
Биринчидан, маъруза сўнггида келтирилган таклифларнинг аксарияти умумий кўринишга эга бўлиб, уни амалга ошириш механизмларини аниқ тарзда белгилаш лозим.
Иккинчидан, ҳисоботда келтирилган 18 та амалга оширилган мақсад ва вазифалар кўрсатилган таклифлар билан мантиқан мос келмайди.
Учинчидан, уларнинг айримларида ижтимоий аҳамияти жиҳатидан муҳимроқ бўлган мавзуларга урғу қаратиш лозим. Хусусан, фракция болаларнинг инклюзив таълим олиш борасида бузилган ҳуқуқларини таъминлаш масаласини маърузада тавсия этилаётган болалар рақамли саводхонлигини ошириш борасидаги ташаббусларидан муҳимроқ, деб ҳисоблайди.
Тўртинчидан, Олий Мажлиснинг бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисидаги қонунда белгиланган вазифалар доирасида амалий ишлар, жумладан, аҳоли ўртасида бола ҳуқуқлари билан боғлиқ масалалар бўйича сўровномалар ўтказиш, шунингдек, бола ҳуқуқлари амалга оширилиши тўғрисида статистик маълумотлар таҳлилий-танқидий жиҳатдан етарли даражада эмас.
Бешинчидан, фракция фикрича, ҳудудларда болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этишда минтақавий вакилларнинг ўрни жуда катта. Маълумотларга кўра, улар жамоатчилик асосида фаолият кўрсатмоқда. Бу эса ўз навбатида жойларда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатади.
Юқорида келтирилган фикрлар, албатта, тавсиявий характерга эга бўлиб, Болалар омбудсмани институтининг бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан самарали парламент назоратини амалга ошириш борасида натижадорлигига жиддий таъсир кўрсатмайди.
Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов фракциялар позицияларини тинглар экан, уларда билдирилган таклифларнинг барчаси асосли ва Болалар омбудсманининг келгуси фаолиятида асқотишини таъкидлади. Айниқса, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг фикрлари, тавсиялари жуда ўринли экани қайд этилди. Шундан келиб чиқиб, маърузанинг охирги қисмига ўзгартириш ва тузатишлар киритилиши кераклигига эътибор қаратилди.
«Маърузада қатор таклифлар ўрин олган. Лекин уни ким қилади, қандай қилади, деган саволларга жавоб йўқ. Масалан, стратегия қабул қилиниши айтилган. Бироқ ким қабул қилади, қачон қабул қилинади, нима учун керак бу ҳужжат, деган масалалар бор. Ўйлаймизки, барчасининг эгаси ва ижрочисини аниқлаб бериш керак бўлади», — деди Спикер.
Таклиф ва тавсиялар асосида вакилнинг маърузаси қабул қилинди.
Табиий бойликлар туганмас эмас
Мажлисда, шунингдек, ер ости сув ресурсларини муҳофаза қилиш соҳаси такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масаласига оид қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Ташаббускорлар биринчи ва иккинчи ўқиш орасидаги ўзгаришлар ҳақида маълумот бергач, лойиҳага моддама-модда муносабат билдирилди.
Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида депутат Зуҳра Шодиева масала юзасидан фикр билдириб, ўз таклифларини ифода қилган эди. Депутатнинг айтишича, сўнгги йилларда энергия ресурслари каби сув ости ресурслари тақчиллиги юзага келаётгани, шу боис, қонуннинг концептуал қисмида ер ости сувларидан ерларни суғориш ва бошқа мақсадларда фойдаланиш кескин ошган. Бундан ташқари, қудуқларни рухсатсиз бурғулаш ва назоратсиз, ҳисобга олмасдан сувдан фойдаланиш ҳолатлари ҳам давом этмоқда. Шунинг учун ер ости сув ресурсларини муҳофаза қилиш чораларини кучайтиришга доир меъёрларни аниқлаштириш, такомиллаштириш зарур. Зеро, чексиз ва туганмас бўлмаган табиий бойликларни асраш ва муҳофазалаш шартдир.
Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.
Наманганда 4 миллиард, Сурхондарёда 18 миллион сўм, Бухорода эса ҳисоби юритилмаган
Бу нимани англатади? Гап шундаки, сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда бошқа бир шахснинг расми кўрсатилиб, касаллиги айтилиб, ёрдам сўраш авж олди. Тўғри, халқимиз хайрсевар, бироқ бундан фирибгарлар ҳам фойдаланиб қолмоқда. Юқорида кўрсатилган рақамлар эса биргина исм-шариф ёки сохта хайриячилар томонидан ўзлаштириб юборилган маблағлар миқдори.
Хусусан, 2022 йилда «Саховат-Наманган» фонди раҳбарлари шахсий банк карталарида йиғилган 4 миллиард сўм хайрияларни ўзлаштириб юборган. 2023 йилда Бухоро шаҳридаги бир аёл ижтимоий тармоқларда бемор ҳолатда ётган эркакнинг расмини олиб, масжидлар олдида расмдаги шахс оғир аҳволда қолган эри эканини айтиб, пул йиғиб юрган. 2024 йилда Термиз шаҳрида «Эҳсон ҳадялар (Сурхондарё)» телеграмм канали очилган ва унда йиғилган 18 миллион сўм шахсий эҳтиёжлар учун ишлатиб юборилган. Афсуски, бу каби ҳолатлар талайгина.
Шундан келиб чиқиб, қонунчиликка янги тартиб киритилмоқда. Яъни, жисмоний ва юридик шахслар, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳомийлик фаолиятини янада рағбатлантириш, қўллаб-қувватлаш ҳамда тадбиркорлик субъектларини бу жараёнга кенгроқ жалб этишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси биринчи ўқишда фракциялар йиғилишларида ҳамда палата мажлисида кўриб чиқилди.
Ҳомийлик маблағлари йиғишни қонуний жиҳатдан тартибга солишни назарда тутувчи мазкур лойиҳа 10 га яқин қўшимча ва ўзгартиришларни ўз ичига олган. Масалан, ҳомийлик хайрияларини йиғишда хайрия қутиси ва ҳомийлик ташкилоти тушунчасига ойдинлик киритилмоқда. Шу билан бирга, бу борадаги ахборотни ошкор этиш ва жараённинг очиқлигини таъминлашга доир меъёр ҳам ўрин олган. Ҳомийлик хайрияларини йиғиш тартиби, ташкилотларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари ҳам кўрсатилган.
Депутатлар муҳокама жараёнида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари йиғишга оид ҳаракатларини тартибга солиш масаласига доир қонун лойиҳасида жисмоний шахсларнинг мажбуриятлари очиқ қолаётганини таъкидлади. Ваҳоланки, тушунтириш хатида жисмоний шахсларнинг ҳуқуқбузарликлари мисол қилиб олинган. Шундан келиб чиқиб, жисмоний шахсларнинг мажбуриятлари аниқ кўрсатилиши, уларга ҳам муайян жавобгарлик белгиланишига оид меъёрлар келтирилиши лозим.
Ташаббускорларга кўра, жисмоний шахслар кўнгилли сифатида бошқа одамнинг манфаатини кўзлаб фақатгина эълон бериш ҳуқуқига эга бўлади. Яъни, ҳомийлик хайрия оладиган одам ёки унинг яқин қариндоши (оила аъзолари)нинг номига очилган банк ҳисобварақлари ёхуд пластик карта рақами кўрсатилган ҳолдаги маълумотлар тарқатилади. Шунингдек, ҳомийлик ёрдами олувчи жисмоний шахслар хайрия маблағларининг миқдори ва улардан мақсадли фойдалангани тўғрисидаги маълумотларни хайрия берган шахсларнинг талабига асосан тақдим этиши ҳам белгиланмоқда. Яъни, ҳомийлик ёрдамлари олувчиларнинг ҳисобдорлиги юзага келади ва шаффофлик таъминланади. Буларнинг барчаси турли фирибгарликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Депутатлар қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватлади.
Қоидабузар ҳайдовчига ҳам жавобгарлик, ҳам назорат керак…ми?
Қуйи палата мажлисида муҳокама қилинган қонун лойиҳасига кўра, ҳуқуқбузарликлар профилактикасига тегишли бўлган меъёрий ҳужжатга айрим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Айни масала Ўзбекистон ХДП фракцияси йиғилишида ҳам кўриб чиқилган эди. Унда депутат Зуҳра Шодиева шу мазмундаги савол билан мурожаат қилди.
Гап шундаки, ташаббускорлар ҳуқуқбузарликлар профилактикаси билан боғлиқ масалаларни тартибга солувчи қонунга қўшимча ва ўзгартиришлар киритишга оид лойиҳани парламентга киритган. Унда оилавий зўравонлик содир этгани учун МЖтКнинг 592 (прим 2) -моддасига асосан жавобгарликка тортилган ҳамда содир этган маъмурий ҳуқуқбузарлиги учун суд томонидан транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахсларни профилактик ҳисобга олинадиган шахслар қаторига киритиш назарда тутилмоқда.
Қайд этилдики, ички ишлар органларида профилактик ҳисобга олинган шахслар билан ишлаш амалиёти самарадорлигини янада ошириш мақсадида хавф даражаси паст бўлган маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган фуқароларнинг қайта-қайта суҳбатга чақирилиши ҳақли эътирозлар ҳамда иш ҳажмининг ошишига олиб келаётганлиги сабабли, замон талаблари асосида профилактик ҳисобга олиш тартибини қайта кўриб чиқиш ҳамда оптималлаштириш зарурати вужудга келмоқда.
Зуҳра Шодиевага кўра, қонунчиликда белгиланган меъёрлар билан бир шахс ҳуқуқбузарлиги сабабли жарима тўлайди, ҳайдовчилик гувоҳномасидан айрилади, транспорт бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Гувоҳномага эга бўлиши учун қайта ўқиши эса вақт, маблағ талаб қилади. Шунинг ўзиёқ бир фуқаро ўзини ўзи тарбиялаши учун етарли. Зеро, бугунги кунда қайта ўқиш ва ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлишнинг ўзи катта машаққатга айланиб бормоқда. Депутат ҳуқуқбузарни профилактик назоратга олишнинг сабаби билан қизиқди.
Ташаббускорларга кўра, буларнинг ҳеч бири бир инсоннинг ўлимига сабаб бўлиши қадар оғир жавобгарлик эмас. Чунки одамларнинг ҳаётига нуқта қўйишдек аянчли оқибат билан тугаган автоҳалокат сабабчисининг ҳайдовчилик гувоҳномаси бекор қилинади. Транспорт қоидаларини ана шу тариқа қўпол равишда бузиб, хулоса чиқариш ўрнига ўзбошимчалик билан автомобиль бошқариш ҳолатларининг олдини олиш кўзда тутилган. Ҳар бир профилактика инспектори ўз ҳудудидаги транспорт бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахслар устидан назорат ўрнатса, ҳуқуқбузарликлар жиноятга айланиб кетишининг олди олинади.
ХДП фракцияси аъзоси Қизилгул Қосимованинг таъкидлашича, мамлакатимизда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарлик содир этиш эҳтимоли юқори бўлган шахслар билан профилактика чора-тадбирларини кучайтиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Шунга қарамай, бундай ҳолатлар ёшлар орасида тез-тез учрамоқда. Афсуски, уларнинг айримлари қайта-қайта ҳуқуқбузарлик содир этмоқда. Депутат ташаббускорлардан қонунда айнан жиноятларнинг мотивларини, ижтимоий оқибатларини ўрганиш бўйича амалий чора-тадбирларни кучайтириш лозимлигига алоҳида урғу берди.
Қонун ташаббускорлари депутатлар билдирган фикрларни кейинги ўқишларга ўрганиб чиқиши ва тегишли тартибда лойиҳага киритишини қайд этди. Шу тариқа мазкур қонун биринчи ўқишда маъқулланди.
Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,
«Ўзбекистон овози» мухбири.
Аср аёлининг қабртоши ҳам сотилди
Кеча, 31 март куни Америкалик қўшиқчи, модель Мерилин Монро ва “Плайбой” журнали асосчиси Хю Хефнерга тегишли кўплаб буюмлар, жумладан, актриса бир пайтлар кийган пушти либоси, шунингдек, Хефнерга тегишли смокинг ва шиппак кимошди савдосида сотилди. Бу ҳақда “Тҳе Ҳоллйwоод Репортер” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Лос-Анжелесдаги “Пирс Бротҳерс мемориал” парки Хю Хефнер ва Мерилин Монрога тегишли турли хил буюмларни сотган. “Жулианʼс Ауcтионс” маълумотларига кўра, тарихий кўйлак 325 000 долларга сотилиб, у кимошди савдосидаги олдинги рекордларни янгилаган.
Шу билан бирга, Монро қабрининг эскирган тоши 88 900 долларга баҳоланган. Хефнернинг рангли смокинги, шиппаклари, пижамалари ва трубкаси 13 000 долларга ва унинг учун буюртма қилинган махсус захира думалоқ кровати 13 000 долларга сотилган.
Хефнернинг думалоқ кроватини, Монронинг чўмилиш костюмини сотиб олган мижоз кўп йиллик орзуси ушалганини таъкидлаган.
“Мен умримнинг қолган қисмини Мерилин Монронинг ёнида ўтказмоқчиман”, деган у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Америкалик рассом Энди Уорхол томонидан 1960 йилларда яратилган актриса Мерилин Монронинг портретлари сериясидан бири Чристиэʼс аукционида 195 миллион долларга сотилганди.
“Мона Лиза”ни портлатиб юбормоқчи бўлишди
20 март, чоршанба куни Лувр музейига ҳужум таҳдиди режалаштирилаётгани бўйича Париж полициясига шикоят келиб тушди. Бу ҳақда Франциянинг “Ле Фигаро” нашри маълум қилди.
Қайд этилишича, 17 март куни эрталаб соат 04:00 лар атрофида юборилган хабарда номаълум шахслар Мона Лиза ва бошқа кўплаб дурдоналарни портлатиш ниятида экани айтилган.
“Биз “Мона Лиза” ва бошқа кўплаб дурдона асарларни портлатиш ниятидамиз. Фақат огоҳлантириш: 100 кг C4 бомба жуда кўп зарар келтиради”, дейилади хатда.
Лувр музейига хабар келиб тушганидан сўнг, Маданият вазирлиги фаол мудофаа ва хавфсизлик хизмати навбатчиларидан музейда шубҳали нарсаларни қидиришни сўралган, бироқ ҳеч нарса топилмаган.
Маълумот учун, бу Луврга портловчи моддалар билан таҳдид қилинган биринчи воқеа эмас. Ўтган йилнинг октябр ойида дунёнинг энг кўп ташриф буюрадиган сайёҳлик жойларидан бири бўлган машҳур Париж музейи ва Версал саройи бомба таҳдиди туфайли эвакуация қилинган эди. Париж полицияси биноларни синчиклаб текширган, аммо воқеа жойида ҳеч нарса топилмаган ва эртаси куни музей қайта очилганди.
Машҳур рассом Леонардо Да Винчининг дурдона асари “Мона Лиза” (Жоконда) эса сўнгги 20 йил ичида вандалларнинг бир неча бор ҳужумига учраган. 2009 йилда бир сайёҳ расмга чой улоқтириб, ўша пайтдаги оддий қоплама ойнани синдириб ташлаган, шундан сўнг расм устига зирҳли экран ўрнатилган. 2022 йил май ойида зирҳли ойнага торт суртилган, Жорий йил бошида эса экофаоллар портретга шўрва улоқтирди.
ЧЕКЛАШ ЭМАС, ТЕНГЛИК ЗАРУР
“Оскар”да яна бир номинация
Дунёнинг энг нуфузли кино мукофоти – “Оскар” 2026 йилда янги категорияга эга бўлади. Бу ҳақда ББC хабар берди.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда кастинг режиссёрлари кино саноатининг бошқа мутахассислари, жумладан, овоз муҳандислари, кийим дизайнерлари ва бўяниш санъаткорлари билан бир қаторда эътирофга эришдилар.
Жумладан, “Энг яхши кастинг” номинациясини қўшиш кампанияси бошланганига бир неча йил бўлган. АФП баёнотига кўра, каскадёрлар ҳам ўзларининг “Оскар” мукофотига номзод бўлишлари учун лоббичилик қилмоқда, бироқ ҳозирча ҳеч қандай натижа йўқ.
Шунингдек, Кастинг режиссёрларининг номинацияга киритилиш сабаби улар фильмни яратиш жараёнида асосий рол ўйнайди – актёрларни танлаш, иккала А-лист ва ёрдамчи ўйинчиларни ёллаш учун масъулдирлар.
Академия бош директори Билл Крамер ва президент Жанет Янг қўшма баёнотда: “Кастинг режиссёрлари кино ижодида муҳим рол ўйнайди ва Академия ривожланиб бораётгани сари биз тан олган ва нишонлайдиган фанлар қаторига кастингни қўшганимиздан фахрланамиз”, дейди.
“Энг яхши кастинг” ҳайкалчаси тақдирлаш маросимида топшириладими ёки йўқми, аниқмас. Ҳозирда гала-спектакль давомида барча 23 номинация бўйича мукофотлар жонли эфирда топширилмоқда.
Охирги марта “Оскар”га 2002 йилда “Энг яхши анимацион фильм” номинацияси қўшилган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Оскар” мукофотининг навбатдаги тақдирлаш маросими қачон ўтказилиши маълум қилинган эди.
Европа Иттифоқи Полина Гагаринани “қора рўйхат”га…
Европа Иттифоқи Россия Федерациясига қарши санкцияларнинг 14-пакети доирасида россиялик қўшиқчи Полина Гагарина, Шаман тахаллуси билан танилган қўшиқчи Ярослав Дронов ва актёр Иван Охлобистинни “қора рўйхат”га киритди. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг расмий журналида чоп этилган ҳужжатда айтилади.
Бундан ташқари, актёр Вячеслав Манучаров ҳам рўйхатга киритилди. Ҳужжатда қайд этилишича, ушбу маданият арбоблари Россия Қуролли кучларини қўллаб-қувватлаш тадбирларида қатнашган. Европа Иттифоқи чекловлари синхрон сузиш бўйича уч карра Олимпия чемпиони Мария Киселевага нисбатан ҳам жорий этилди, у оммавий баёнотларда Украинадаги урушни қўллаб-қувватлади.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 24 июнь куни ЕИ 14-санкция пакети доирасида Россиянинг 116 жисмоний ва юридик шахсларига нисбатан чекловлар киритганди. Ҳужжатга кўра, Европа Иттифоқи ҳамжамиятдан ташқари давлатлар, жумладан Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари ва Туркиядан 61 фирмага нисбатан икки томонлама мақсадли товарлар ва технологиялар экспортига чекловлар жорий қилган.
Мен янада таъсирчан ўлимни ҳохлагандим
“Тахтлар ўйини”да бош қаҳрамон кимлигини сўрасангиз, мухлислар ё иккига бўлинади ёки шунчаки жавоб бера олмайди. Ижодкорлар ҳам бу борада баъзи қийинчиликларга дуч келишди.
Якуний мавсумга келиб, продюсерлар ҳар бир эпизод учун 1,2 миллион доллар олган бешта етакчи актёрни ажратишди. Бироқ улардан фақат биттаси учун гонорар дақиқасига 69 минг долларни ташкил қилган.
Гап Эмилия Кларк (Дейнерис Тайргариен), Питер Динклаж (Тирион Ланнистер), Кит Харингтон (Жон Сноу), Николай Костер-Валдау (Жейми Ланнистер) ва Лина Хиди (Серсей Ланнистер) ҳақида кетмоқда.
Улар орасида Лина Хиди бутун бошли фильмда атиги 25 дақиқа экранда кўринган, бу эса уни суратга олиш гуруҳи ичида энг кўп гонорар олган актрисага айлантирган.
Қизиғи шундаки, Хиди шундай катта гонорарга қарамай фильмдан ҳафсаласи пир бўлган. Актрисанинг сўзларига кўра, у ўз қаҳрамони учун янада қизиқарли ва таъсирчан ўлимни хоҳлаганди.