АДОЛАТ ҚЎРҒОНИГА АЙЛАНАЁТГАН СУД ҲОКИМИЯТИ

Жамиятда инсон қадр-қимматини, барча соҳада қонун устуворлигини, адолат ва ижтимоий тенглик тамойилларини мустаҳкамлаш мустақил ҳамда кучли суд ҳокимиятини шакллантиришни тақозо этади. Истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ ушбу мақсад йўлида жиддий қадамлар қўйилди. Мамлакатимизда суд ҳокимияти ва судьялар мустақиллигининг ҳуқуқий-ташкилий механизмлари яратилди. Тизим том маънода либераллаштирилиб, инсонпарварлик ғоялари билан такомиллашди. Судларни одамларни жазоловчи орган эмас, балки уларнинг қонуний манфаатлари ҳимоячисига айлантиришга бел боғланди. Ўлим жазосини бекор қилиш, «Хабеас корпус» институтини жорий этиш, адвокатуранинг ролини ошириш чора-тадбирлари одил судловни таъминлаш жараёнини жадаллаштирди.

Тарихий манбалар шуни кўрсатадики, 1917 йилга қадар юртимиз ҳудудида мустақил суд ҳокимияти мавжуд бўлган. У халқ ва давлат тизимлари томонидан эътироф этилган, адолатпарварлик ва қонунийликнинг кафолати сифатида ажралиб турган. Туркистон ўлкасида минг йиллар давомида шаклланиб келган, халқнинг ишончини қозонган бу ҳокимият 1917 йилнинг октябрида юз берган сиёсий тўнтаришдан кейин бутунлай йўқ қилиб юборилган. 1924 йилда Ўрта Осиё халқларига қулайлик яратиш мақсадида эмас, балки Марказдан туриб бошқариш осон бўлиши учун миллий чегараланиш сиёсати амалга оширилган. Натижада РСФСР Олий судининг Туркистон бўлими тугатилиб, Ўзбекистон ССР Олий суди ташкил этилади.

Афсуски, етмиш йилдан ортиқ давом этган мустабид тузуми даврида қонунлар мавжуд бўлса-да, улар фақатгина номигагина қоғозда ёзилганича қолиб келди. Амалда эса суд органи тўлиқ ҳукмрон мафкура таъсирида бўлди. Табиийки, бундай вазиятда суд ва судьянинг мустақиллиги ҳақида гапириш ортиқча баҳоланар эди. Ўша пайтдаги қонунларда “судлар қонунга буйсунади” деган сўзлар гўёки одамларга ишонч бағишлаш учун алдов руҳида ёзилган қуп-қуруқ жумла эди, холос.

Бундан ташқари, шўро даврида амалда бўлган бирорта Конституцияда суд ҳокимияти тўғрисида мутлақо эслаб ўтилмагани ҳам тасодифий ҳол эмас. Чунки суд тоталитар, маъмурий буйруқбозлик тузумининг бошқариш осон бўлган таркибга, зўравонлик сиёсатини ўтказиш қуролига айлантирилган эди. Бу эса тоталитар тузум сиёсатининг бир қисмига айланиб, Ватанимиз бошига қирғинбаротларни келтиргани тарихдан маълум.

Яқин ўтмишда, яъни, 1933-1953, 1972-1977, 1983-1989 йилларда бўлиб ўтган қатағон сиёсатидаги тазйиқлар Олий судни ҳам четлаб ўтган эмас. Бу оғир даврларда кўплаб миллат ойдинлари, маърифатпарвар жадидчилар, таниқли давлат хизматчилари ҳамда диний уламолар асоссиз равишда суд қилиниб, оғир жазоларга тортилган. Уларнинг айримларига ҳатто суд ҳукми эълон қилинмасдан туриб, ўлим жазоси ижро этилган. Шундай даврлар бўлдики, Олий суд раҳбари, айрим судьялари ҳам ноҳақ туҳматга учраб, инсоннинг ҳаёт кечириши учун оғир бўлган шароитларда жазо ўташга маҳкум қилинди. Марказ томонидан қатағонлик сиёсати қораланиб, бундай бедодликларга бошқа йўл қўйилмаслигига ваъда берилган бўлса-да, одил судлов ташқаридан қилинадиган тазйиқлардан ҳимоя этилмади, аввалгидек қарам ва ҳуқуқсиз бўлиб қолаверди.

Шукрлар бўлсинки, Ўзбекистонимиз мустақилликка эришиб, ўз тараққиёт йўлини танлаб олди. Шахсан мен қалбимда бир умр нақшланиб қолган мўътабар сана – 1991 йилнинг 31 август кунини ифтихор билан эслайман. Чунки худди шу куни “Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Шундан сўнг юртимизда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига мувофиқ ҳолда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари амалга оширила бошланди.

Мустақил суд ҳокимияти вужудга келгани, Конституциявий суд ва Ҳарбий судларнинг ташкил этилиши, судьялар ҳамжамияти органларининг суд тизимини такомиллаштириш борасидаги ҳаракатларини бирлаштириш мақсадида Ўзбекистон Судьялари ассоциациясининг тузилиши, юқори малакали судьялар корпусини шакллантириш учун масъул бўлган орган мақомидаги Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг ташкил этилиши, суд тизимини бошқаришдаги бир-бирини такрорловчи функцияларга барҳам бериш ҳамда ягона суд амалиётини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик судларининг бирлаштирилиши, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни кўриш ваколатига эга бўлган маъмурий судларнинг йўлга қўйилиши соҳадаги изчил ислоҳотларнинг ёрқин намунасидир. Қувонарлиси, бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин.

Ўзбекистонда суд ҳокимиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар 2017 йилда янада туб ислоҳотларга йўл очди. Боиси ўша йили 13 июнь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев судьялар билан очиқ мулоқот ўтказиб, юртимизнинг 1 минг 300 нафар судьяси олдига «Судларни адолат қўрғонига айлантирайлик», деган талабни қўйди.

Давлатимиз раҳбарининг “Судьянинг онгида адолат, тилида ҳақиқат, дилида поклик устувор бўлиши шарт!” деган ҳаётий ҳақиқат ва фалсафий мазмун касб этган сўзларидан сўнг тизимда инқилобий ўзгаришлар рўй берди. Ўша учрашувда давлатимиз раҳбари билан ёнма-ён ўтириб, у кишининг судлардан фақат адолат кутаётганини, суд ҳокимиятининг фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги роли ва аҳамиятини тубдан яхшилаш учун камарбаста бўлаётганини ҳаммадан кўра кўпроқ ҳис қилганман.

Ислоҳотлар самараси ҳақида гап кетганда, суд ҳокимияти томонидан чиқарилаётган оқлов ҳукмлари тўғрисида тўхталмасликнинг асло иложи йўқ. Сўнгги етти-саккиз йил мобайнида судлар томонидан 6 минг 700 нафарга яқин шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди. Таққослаш учун яна бир маълумот: ўтган асрнинг 90-йиллари бошида мустақил Ўзбекистон Олий судининг ташаббуси билан мустабид тузум даврида “Пахта иши”, “Ўзбеклар иши” деб номланган, гўёки аксилинқилобий ҳаракатлар қилишда айбланган уч минг нафарга яқин шахс асоссиз айбланган, деб топилиб оқланган.

Давлатимиз раҳбари оқлов ҳукмлари тўғрисида тўхталар экан, “Мен Президент сифатида, судьяларнинг бундай жасорати ва қатъиятини бундан кейин ҳам тўлиқ қўллаб-қувватлайман”, деган гаплари судьяларимизга куч ва рағбат бағишлади.

Адолатни қарор топтириш, аҳолининг суд идораларидан розилигига эришиш ўта масъулиятли ва шарафли вазифа. Судьялик бурчи ва виждон амрига содиқ қолиб, судни том маънода адолат қўрғонига айлантириш эса осон иш эмас. Лекин сўнгги йилларда соҳада кечаётган жадал суръатдаги янги ислоҳотлар кишилар қалбига умид ва ишонч ҳиссини бахш этадиган мана шундай эпкинларга кенг йўл очмоқда. Зотан, ҳар қандай жамиятнинг тараққиёти одил судлов сифати билан чамбарчас боғлиқ. Адолат ва қонун устуворлигини кафолатлаш тараққиётнинг тамал тоши ҳисобланади.

Убайдулла МИНГ БОЕВ,

Ўзбекистон Судьялар ассоциацияси раиси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист.

Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар сифат ва натижадорлик гарови

Жорий йилнинг 7 май куни давлатимиз раҳбари тиббиётнинг бирламчи бўғини ва ихтисослашган муассасаларда хизматлар сифатини янада ошириш, дори воситалари истеъмолини тартибга солиш ҳамда тиббий таълимни такомиллаштириш бўйича устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар” дастури бошланишини эълон қилган эди.

1 июндан амалиётга киритилган ушбу дастурга кўра, қисқа муддатда тиббиёт муассасаларида аҳоли учун қулай шарт-шароитлар яратиш, соҳа ходимлари иш самарадорлигини ошириш, кераксиз, бюрократик жараёнларни аниқлаш, одамларнинг мақсадсиз вақт йўқотишига олиб келадиган бюрократик тартиб-қоидаларни қисқартириш чора-тадбирлари кўзда тутилган.

Хўш, ўтган вақт ичида бу дастур жойларда ўзининг нечоғлик ҳаётий тасдиғини топди? Тизимда қандай янгиликлар татбиқ қилинмоқда ва бу жараёнда тиббиёт таълими вакиллари ҳам иштирок этяптими?

Ўзбекистон Фанлар академияси Иммунология ва инсон геномикаси институти Бухоро филиали директори, тиббиёт фанлари доктори Нигина ҲИКМАТОВА билан суҳбатимиз, табиийки, шу мавзудан бошланди.

– Бирламчи тиббий муассасаларда сифат ўзгаришлари соғлиқни сақлашни халққа яқинлаштиришнинг, касалликликлар профилактикаси, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришнинг муҳим шартларидан ҳисобланади, – дейди Н.Ҳикматова. – Президентимиз томонидан жорий қилинган “Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар” дастури замирида ҳам шу мақсад турибди.

Жойлардаги оилавий шифокорлик пунктлари ва поликлиникалар фаолияти билан танишганимизда, ушбу дастур асосида белгиланган ишлар изчил амалга оширилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Мисол учун, тиббий муассасаларда кутиш заллари, замон талабларига мос рўйхатхоналар ташкил қилиниб, аҳоли учун онлайн қабулга ёзилиш имкониятлари кенгайтирилиши, беморлар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча имкониятлар яратилиши, “Она ва бола” хоналари очилиши, санитария-гигиеник ҳолатлари яхшиланиши инсонлар учун қулай ва муносиб муҳитни қарор топтиришга хизмат қилмоқда. Шу дамга қадар кўпчилик, айниқса, чекка ҳудудларда яшовчилар кўриб, кўникиб қолган манзара – санитария ҳолати бир аҳволда, ҳатто қўл ювишга ҳам шароит қилинмаган, шифокор эшиги олдида турнақатор навбатлар ҳосил бўлган, кутишга эса бўш ўриндиқ топилмайдиган шифохоналар юқоридаги дастур доирасида энди замонавий ва файзли масканларга айланмоқда.

Алоҳида таъкидлашни истардимки, “Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар” дастуридаги мақсад ва вазифаларни рўёбга чиқаришда биз ҳам четда турганимиз йўқ. Хусусан, ёз мавсумида институтимизга бириктирилган маҳаллаларда ижтимоий таъминотга муҳтож оилалардаги аёлларни тиббий текширувга жалб қилиб, уларга зарур маслаҳатлар бериб келиняпти. Масалан, яқинда Шофиркон туманида бўлиб, туғиш ёшидаги юзлаб аёлларнинг саломатлигини текширдик ва оғир ҳолатдаги беморлар учун консилиумлар ўтказдик.

Малакали ва кафолатланган тиббий хизматни қуйи бўғинлардан бошлаш, одамларнинг соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлардан розилик даражасини оширишга йўналтирилган мазкур саъй-ҳаракатлар бундан кейин ҳам фаолиятимизнинг ажралмас қисми бўлиб қолади.

– Келинг, шу ўринда сиз раҳбарлик қилаётган Иммунология ва инсон геномикаси институти Бухоро филиали ҳақида ҳам ўқувчиларимизга маълумот бериб ўтсангиз?

– Филиалимиз 2023 йилда очилган бўлиб, катта-кичик илмий ходимларнинг иммунология ҳамда инсон генетикасига оид илмий-тадқиқот ишларини Бухоро шаҳрида олиб бориш имкониятини яратди. Бу эса маҳаллий аҳоли орасида тез-тез кузатилаётган иммун ва ирсий касалликларни эрта ташхислаш, даволаш ҳамда олдини олиш ишларини янги босқичга олиб чиқишга туртки берди.

Муассасамиз тиббиёт илм-фанининг энг илғор салоҳияти жамланган марказлардан бири бўлиб, бугунги кунда инновацион ютуқларга асосланган қатор лойиҳалар амалга ошириляпти. Бундан ташқари, касбий фаолиятида шу йўналишни танлаган PhD тадқиқотчилар, магистрлар ва ординаторлар учун ҳам ўзаро билим ва тажриба алмашиш майдони саналади.

– Нигина Изатуллаевна, билишимизча, сизнинг илмий ва касбий фаолиятингиз бевосита аёллар саломатлигига дахлдор. 2012 йилда мастопатия мавзусида номзодлик, 2023 йилда иммунологик бепуштлик бўйича докторлик диссертациясини ҳимоя қилган экансиз. Айнан бу йўналишни танланишингиз ҳам бежиз эмасдир?

– Тўғри айтдингиз, илмий ва касбий фаолиятим ўзагида аёлларсаломатлиги туради. Аёнки, миллат генофонди, соғлом авлод тарбияси айнан аёллар саломатлиги билан чарбарчас боғлиқ. Турли ирсий касалликлар билан туғилишнинг, ногиронликнинг олдини олишдек муҳим вазифа ҳам хотин-қизлар ўртасида саломатлик кўрсаткичларини яхшилашни тақозо этади.

Хусусан, барча ёшдаги аёлларда учрайдиган мастопатия гормонал дисбаланс кўринишида пайдо бўлиб, ўз навбатида турли асоратли касалликларни келтириб чиқариши мумкин. Статистик маълумотларга кўра, мастопатиянинг тарқалиши 40-60 фоизни ташкил этади. Кейинги тадқиқотим мавзуси – иммунологик бепуштлик эса организмнинг ўз репродуктив тўқималарига қарши иммун жавоб шакллантириши билан боғлиқ бўлиб, замонавий биотиббиётда долзарб муаммолардан бири ҳисобланади.

Мен учун бу тадқиқотлар фақат илмий изланиш эмас. Улар ортида аёллар бахти, оилалар саодати каби кенг маънавий-ижтимоий тушунчалар турибди. Бинобарин, илм — бу биргина назария эмас, балки инсоният тақдирига таъсир қиладиган, келажакка умид бағишлайдиган куч.

– Бухорода ўзингиз очган “Doktor Nigin” клиникаси ҳам илмий-тадқиқот ва тиббий таълим маскани сифатида танилганидан хабаримиз бор. Очиғи, кўпчиликнинг наздида хусусий клиникалар – бу ташхис қўйиш ва даволаш ишларини пулли хизмат асосида кўрсатадиган муассаса сифатида шаклланган. Лекин бундай фаолиятнинг тиббий таълим ҳамда илмий-тадқиқот билан уйғунлашиши камдан-кам учрайдиган ҳолат, шундаймасми?

– “Doktor Nigin” клиникаси ташкил қилинганига олти йил бўлди. Муассасамиз Бухоро давлат тиббиёт институти учун клиник база сифатида ҳам хизмат қилади. Талабалар бу ерда амалий машғулотлар ўтказади, илмий ишлар учун тажриба базаси шакллантирилади.

Бундан ташқари, бизда маҳаллий аҳоли учун чуқурлаштирилган бепул кўриклар мунтазам ўтказилади. Маҳалла институти, шаҳар-туманлардаги оила ва хотин-қизлар бўлимлари ҳамда бирламчи тиббий муассасалар билан яқин ҳамкорлик клиникамизнинг, таъбир жоиз бўлса, “ижтимоий юзи”га айланган. Клиникамизда тадқиқот, таълим ва амалий тиббиёт уйғун ҳолда ривожланмоқда.

Мен тиббиётни танлаб, шу соҳанинг қаттиқ нонини ейишни ният қилган йигит-қизларга доим бир гапни айтаман: шифокорлик – бу фақат беморларни даволаш эмас, балки инсонларни юрак билан тинглаш, тушуниш ва уларга умид бағишлашдир. Бугунги тиббиёт янги-янги ўзгаришларга юз тутаётган бир даврда замонавий билимларни пухта эгаллаш баробарида ёнимизда юрган устозлардан ҳаёт илмини, улардаги камтарликни ва халққа қайишишдек эзгу фазилатни ўрганишларини бот-бот эслатаман.

Соғлиқни сақлаш тизимининг замон талаблари даражасида ривожланишида, янги сифат ўзгаришларида оилавий шифокорлик пунктидаги ўрта тиббиёт ходимидан тортиб, тиббиёт олийгоҳларидаги профессорларгача фаол иштирок этмоғи ҳаётий зарурат. Бу орқали биз мамлакатда ижтимоий барқарорликка, асосийси, халқимизнинг узоқ ва соғлом умр кечиришини таъминлашга ўз ҳиссамизни қўшамиз.

Журналист Гулчеҳра МИРЗАЕВА суҳбатлашди.

ОДАМЛАР ДЕПУТАТДАН НИМАНИ СЎРАЯПТИ?

Инсонни тушуниш нимадан бошланади?

Турмуши ва тафаккурини ҳис қилиш-чи? Бунга одамларнинг яқинида бўлиб, ёрдам бериб, хизмат қилиш завқини туйиш орқали эришилади. Ийманган ва самимий нигоҳлар қаршисида ўзини кўрган кишигина буни чуқур англайди. Ўзбекистондаги, маҳаллаю хонадонлардаги муҳит, вазиятни ўз кўзи билан кўрмасдан, одамларимизнинг тақир-туқур рўзғорларига, камтарингина дастурхонларига яқин бўлмасдан, оилалардаги нафасни унинг ичида туриб ҳис қилмасдан туриб бу ҳақида баралла гапириб бўлмайди. Чунки ҳеч қандай изҳор одамнинг қўли билан тутиб кўргани, қалби билан ҳис этганига етмайди. “Маҳаллага бор”, “уйма-уй юр”, “муаммоларни одамларнинг ўзидан эшитиб, уларга ёрдам бер”, деган топшириқлар моҳияти ҳам аслида шу. Бунинг таг заминида одамларга самимий ҳурмат, халққа хизмат қилиш саодати турибди.

Сўнгги йилларда халқ билан мулоқот анъанавий тусга киргани қанчадан-қанча

фуқароларнинг жонига оро кирди, йиллар мобайнида эътибор марказидан қолиб кетган муаммолар ечилди. Бу жараёнда муҳим аҳамиятга эга бўлаётган омил эса изчилликдир.

Хабарингиз бор, партиямизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва партия Марказий Кенгаши вакиллари, маҳаллий Кенгаш депутатларидан иборат ишчи гуруҳи аҳоли муаммоларини таҳлил қилиш ва уларга самарали ечимлар таклиф этиш мақсадида вилоятларда ўрганишлар олиб бормоқда.

Ана шундай ўрганишларнинг бири 23-25 июль кунлари Жиззах вилоятида

ўтказилди.

Фаолларимизнинг айтишига қараганда, бевосита мулоқот, юзма-юз учрашувларда нафақат шаҳар ва қишлоқларда аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган муаммолар ўрганилмоқда, балки айрим масалалар бўйича янги ва қўшимча маълумотлар юзага чиқмоқда, таклифлар билдирилмоқда.

Бу жараёнда таълим, тиббиёт, ижтимоий ҳимоя тизими, камбағалликни қисқартириш ва бандлик, коммунал, уй-жой, пенсия таъминотида амалга оширилаётган ишлар ўрганилиши кўзда тутилган эди.

Хўш, натижалар нималар ҳақида сўзлади? Хулоса ва таклифлар ҳақида яна нималар дейиш мумкин? Ишчи гуруҳи таркибида вилоятнинг шаҳар ва қишлоқларида бўлиб, сайловчиларнинг хоҳиш-истакларини ўрганган, муаммоларни ўз кўзи билан кўрган партиямиз фаоллари ушбу саволларимизга жавоб беришди:

Мавжуда Ҳасанова,

ЎзХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи:

Жиззах вилояти мамлакатимизнинг марказий қисмида жойлашган. Барча ҳудудлардаги каби вилоятда сўнгги йилларда катта ўзгаришлар бўлди. Шаҳар

ва қишлоқлар кундан-кунга ривожланиб боряпти. Аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий ҳимоясига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биз буни жойларга чиқиб, ўз кўзимиз билан кўрдик Ислоҳотлар бўй кўрсатаётганига яна бир бора гувоҳ бўлдик.

Ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ишларни ўрганиш мақсадида ишчи гуруҳ аъзолари 1 та шаҳар, 12 та тумандаги 50 га яқин ижтимоий соҳа ташкилотларига борди, аҳоли вакиллари билан юзма-юз учрашувлар ўтказилди. Шунингдек, соҳаларда фаолият олиб бораётган масъуллар билан суҳбатлашдик.

Ҳаёт бор экан, янгиланишга эҳтиёж сезилаверади. Йилдан-йилга кўпроқ эътибор қаратилаётган йўналишлардан бири, шубҳасиз, ижтимоий соҳадаги ислоҳотлардир. Дастурий мақсадларимизга ҳамоҳанг ва бевосита электоратимиз манфаатлари билан боғлиқ бўлгани учун пенсия тайинлаш борасидаги ишлар ҳолатини ўргандик.

Маълум бўлишича, айни дамда вилоятда бир ярим миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Шундан пенсионерлар сони 37474 нафар. Уларнинг 5926 нафари ёшга доир пенсионерлар, 23969 нафари ногиронлик пенсияси ҳамда 4229 нафари боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олувчилар ҳисобланади.

Аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар давомида пенсия таъминоти билан боғлиқ

савол-жавоблар жуда кўп бўлди.

Шу ўринда айтиш керакки, вилоятда муҳтож оилалар ва эҳтиёжманд инсонлар билан манзилли ишлашни кучайтириш керак.

Шунингдек, туманлардаги ижтимоий соҳа объектларида ҳам бўлдик. Соҳа мутахассислари билан суҳбатлашдик. Масалан, 40 дан ортиқ жамоалар даврасида бўлиб, уларнинг иш фаолиятини ўргандик.

Аҳолини қийнаётган муаммолар халқнинг ичига чуқур кириб борилгандагина яққол кўринади. Ўрганишлар, учрашувлар давомида 90 га яқин камчиликлар аниқланди.

Масалан, вилоят даражасида ҳал бўладиган масалаларга тўхталамиз. Ҳудудларда аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган масалалардан бири электр энергиясини тежашда маънан эскирган, хизматини ўтаб бўлган симёғочар ва кабелларни янгисига алмаштиришдир. Шунингдек, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларида кадрлар етишмовчилиги бор. Таълим ташкилотларини таъмирлаш ва реконструкция қилиш, дастурга киритиш учун қилинадиган ишлар кўп. Тўғри, улар баъзида аччиқ, аммо рўй-рост сўзлар.

Албатта, жойларда аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганиш, уларга холис ва ҳаққоний баҳо бериш билан бирга камчиликларни бартараф этиш ҳам асосий вазифамиздир.

Муаммолар шунчаки ўрганилмайди, ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди. Уларнинг натижаси юзасидан парламент назорати, депутатлик сўрови, парламент сўрови, парламент эшитуви ташкил этиш белгиланди. Бу ҳолатда 30 та ташкилотдан 39 та таклиф олинди, 40 та масала аниқланди. Парламентдаги ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз билан бирга ушбу

муаммонинг сабабларини ипидан игнасигача ўрганишга қарор қилдик.

Зулайҳо Акрамова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

Халқ ва давлат бир мақсад йўлида бирлашса, жуда катта қудратга эга бўлади. Ҳукумат ва аҳоли ўртасидаги ўзаро ишончни сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш учун ҳам мунтазам равишда мулоқот керак. Чунки қуруқ рақамлар билан фақат ўзимизнигина алдашимиз мумкин. Бир, икки мурожаат билан муаммолар ҳақида хулоса ҳам қилиб бўлмайди. Бунинг учун одамлар билан кўз-кўзга тушиб суҳбатлашиш керак.

Шундан келиб чиқиб, партиямиз фаоллари ва депутатлар билан муаммоларни жойида ўргандик, эҳтиёжлар ҳақида одамларнинг ўзидан эшитдик. Шунинг учун ҳам таклифлар аниқ асосга эга.

Масалан, маҳаллалар томонидан ижтимоий дафтарларда рўйхатда турадиган фуқароларга субсидия асосида маҳсулотлар ажратишни ва субсидия маҳсулотлари етказиб беришнинг адолатли ва шаффоф тизимини яратиш керак. Туманларда марказий кўчаларда тунги ёритгичларни янгилаш зарур.

Шунингдек, ногиронлиги бўлган болаларнинг ота-оналари учун бепул онлайн курсларда ўқитиш орқали болаларни сифатли парваришлаш хизматини жорий қилишга эҳтиёж бор. Ногиронлиги бўлган фуқаролар ўртасида адаптив спорт турлари билан шуғулланишни хоҳловчилар кўпчиликни ташкил этишини ҳисобга олиб, уларни етарли даражада спорт анжомлари билан таъминлаш керак. Чунки жамиятга қўшилиб, ҳаётини изга солган инсонлар қанча кўпайса, жамиятимиз асослари шунча мустаҳкам бўлади.

Шунингдек, Жиззах шаҳрида “Кимёгар” маҳалласидаги 13 та, “Қассоблик” маҳалласидаги 8 та ва “Иттифоқ” маҳалласидаги 30 та кўп қаватли уйларни ҳудудлардаги марказлашган иссиқлик тармоғига улаш кераклиги маълум бўлди. Ушбу муаммо ҳал этилса, юзлаб оилалар иситиш тизимига, иссиқлик манбаига эга бўлади.

Учрашувлар давомида шу каби муаммоларни очиқ-ойдин таҳлил қиляпмиз, мурожаатлар эшитиляпти, эътиборсиз қолмаяпти. Маблағ масаласида ҳам бугун маҳаллий ҳокимликларда имконият бор, фақат ҳомийларга таяниб қолмаган, бюджетнинг орттириб бажарилган қисмидан депутатлар фикрини инобатга олиб, ҳудуд ва аҳоли манфаати учун фойдаланиш мумкин.

Айниқса, аҳоли саломатлиги, ижтимоий ҳимояси учун ажратилаётган маблағ салмоғи йил сайин ошиб бормоқда. Шунинг учун бугун ҳокимлар ва бошқа раҳбарлар, депутатлар халқнинг олдига боришдан, дардини эшитишдан чўчимайди, қочмайди. Зеро, халқ билан бундай мулоқот нафақат мурожаатларни тинглаш, балки уларни жойида бартараф этишга ҳам қаратилган.

Нуриддин Холматов,

ЎзХДП Жиззах вилоят кенгаши раиси:

Бахмал туманида назорат-таҳлил ишларини олиб борганимизда “Илонли”, “Оқтепа” ва “Сайёд” маҳаллаларида давлат мактабгача таълим ташкилоти йўқлиги маълум бўлди. Аҳоли вакиллари ушбу масала бўйича мурожаат билан ҳам чиқишди.

Ўрганишларга кўра, давлат раҳбарининг 2021 йил 18 майдаги қарорида ҳудудда боғча ташкил этиш белгиланган, аммо уни қуриш пайсалга солиб келинмоқда. Ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказиш вазифаси олдимизда турган экан, бу масалага парда ортидан қарашга ҳаққимиз йўқ.

Назорат-таҳлил давомида маълум бўлишича, бугунги кунда камбағал оилаларга ҳоким ёрдамчиларининг тавсияномасига асосан кредит маблағлари

ажратиб берилмоқда. Бироқ камбағал оила аъзолари тадбиркорлик кўникмалари йўқлиги учун олинган кредит маблағлари тўғри ишлатилмаслиги сабабли қарзга ботиб қолиши ҳолатлари кузатилмоқда.

Шуниси аниқки, одамларга ёппасига кредит бериш ёки пул тарқатиш билан камбағалликни енгиб бўлмаслигини исботлашга ҳожат йўқ, албатта.

Шундан келиб, биз ўз таклифларимизни ишлаб чиқдик. Айтайлик, кредит олиш истагида бўлган камбағал оилаларнинг аниқ рўйхатини шакллантириш, шу асосида уларни тадбиркорликка бепул ўқитиш керак, деб ўйлаймиз.

Яна бир муҳим масала. Бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасаларида оилавий шифокорларга эҳтиёж бор. Чунки бўш ўринларга тиббиёт институтларини битириб келган ёш шифокорлар оилавий шифокор бўлиб бир ёки икки йил ишламасдан, ойлик маоши камлиги туфайли кетиб қолиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Шунингдек, туман марказий шифохонасида кардиология ҳамда лаборатория жиҳозлари эскирганлиги сабабли сифатли тиббий хизмат кўрсатишнинг имкони йўқ. Марказий шифохонада портатив УЗД ва портатив рентген, замонавий флюография ускуналарига эҳтиёж бор.

Кўриниб турибдики, жойларда ечимини кутаётган масалалар оз эмас. Қачонки, ҳар бир ҳудуд ва соҳадаги реал манзара, асл ҳолат ўрганилиб, муаммо юзага чиқсагина мутасадди ташкилотларнинг масъулияти, ҳисобдорлиги ҳам ошади.

Биз ушбу масалаларни ҳал этиш бўйича ишчи гуруҳи туздик. Маҳаллий Кенгаш депутатлари ва партия ҳудудий тузилмалари раҳбарлари ҳам аниқланган муаммо ва камчиликлар юзасидан ўзларига чора-тадбирлар белгилаб олишди. Уларни доимий комиссиялар ва сессиялар муҳокамасига ҳам киритамиз.

Чунки ўрганилган муаммоларнинг сессияларда муҳокама этилиши масаланинг илдизига янада чуқурроқ етиб бориш, уларни бартараф этишга қаратилган таклифларнинг кўпайишига хизмат қилади.

Мамат Гулбоев,

халқ депутатлари Жиззах вилоят кенгашидаги ЎзХДП депутати:

Аҳоли билан мулоқотлар давомида мурожаатларни кўриб чиқишда фуқароларнинг реал эҳтиёж ва талабларини чуқур таҳлил қилиш, уларнинг йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларини аниқлаш ва тизимли ҳал этишга алоҳида урғу берилди.

Назорат-таҳлил давомида маълум бўлдики, Жиззах шаҳридаги 2, 3, 11, 13, 20, 21- сонли умумий ўрта таълим мактабларининг моддий-техник базасини янгилаш зарур. Ҳудуддаги 18-, 29-сонли умумий ўрта таълим мактабларида эса янги қўшимча бинога эҳтиёж бор. Қолаверса, қатор таълим масканлари тўлиқ қайта таъмирлаш дастурига киритилиши зарур.

Шу билан бирга, Жиззах шаҳридаги мактабларнинг рус синфлари учун бошланғич таълим, кимё, биология, физика, география, математика, информатика фанларини ўқитадиган педагоглар мутахассисларга эҳтиёж бор.

Ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказиш вазифаси олдимизда турган экан, мактабларнинг моддий-техника базасини яхшилаш, ўқувчилар учун барча шароитларни яратиш масаласини энг олдинги ўринларга қўйишимиз керак. Бусиз мақсадга эришиб бўлмайди.

Яна бир муаммо. Вилоятимизга хорижий давлатлардан 120 та замонавий автобуслар келтирилган. Аммо Жиззах шаҳрида уларнинг йўналишлар бўйича

ҳаракатланишида кутиш бекатлари етишмайди ва мавжуд автобекатларда йўл белгилари тўлиқ ўрнатилмаган. Тўғри, транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга эътибор ниҳоятда катта. Аммо автомобиллар ва йўловчилар, пиёдалар учун қулайликни ошириш ҳам муҳим талаблардан бири.

***

Партиямиз фаолларининг айтишича, вилоятда олиб борилган ўрганишлардан яна кўплаб маълумот ва рақамлар бор. Гап кўрсаткичларда эмас, аниқланган

муаммоларни вақтида бартараф этишда.

Шунинг учун партиямиз фаоллари, депутатларимиз парламент қуйи палатасидаги фракциямиз билан ҳамкорликда ҳудудларда назорат-таҳлил ишлари доирасида маълум бўлган муаммоларни бирин-кетин ҳукуматга олиб

чиқиш чораларини кўради.

Лазиза Шерова ,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

ҲАР ОЙНИНГ ОХИРИДА ЭШИК ҚОҚИШ халққа хизматнинг бир кўриниши

Депутатлик бу фақатгина парламентда қонунлар ёзиш ёки минбарларда нутқ сўзлаш эмас, халқнинг дардига дармон бўлиш билан амалга ошадиган фаолият тури ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, ҳар ой якунида парламент вакиллари қоғозлардан ҳоли ҳолатда аҳоли, яъни, сайловчилар билан учрашувлар ўтказади. Парламентдаги мақомидан ҳақиқий ҳаёт сари йўналган эътибор эгалари бу сафар гапириш билан чегараланмайди, тинглайди, таклифлар тайёрлайди, масалаларга ечим топади. Қисқа қилиб айтганда, одамларни рози қилиш йўлларига бош уради. Чунки депутат унга овоз берган халқнинг қўли, тили ва юрагидир.

 

Тизим “ғилдираги”ни айлантирувчи таклиф

Халқ ноиблари айни шу кайфият билан жорий йилнинг 30 июль ва 2 август кунлари сайлов округларида бўлиб, одамларнинг дардига қулоқ тутди. Ижтимоий соҳа объектларида назорат-таҳлил тадбирлари олиб борилди. Улар бу сафар қандай масалаларга дуч келди? Жамият ҳаётини янада яхшилаш, одамларга қулайликлар яратиш ва муаммоларни ҳал қилиш бўйича қандай таклифлар илгари сурилди? Бир нечта ҳудудлар мисолида бу саволларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз.

Андижон Ўзбекистоннинг ҳудудий жиҳатдан энг кичик бўлишига қарамай, аҳоли сиғими бўйича биринчи ўринда турадиган, жуда зич вилояти саналади. Ҳудуднинг тор географик чегараси аҳолининг кўпайиши билан биргаликда бир қатор ижтимоий- иқтисодий муаммоларни юзага келтириши ҳам табиий жараёндир. Масалан, хизматларга бўлган юқори талаб натижасида инфратузилма имкониятларига юклама ортиши мумкин. Бу эса давлат хизматларидан фойдаланишда ҳақли эътирозларга сабаб бўлади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Анвар Нурматов ҳам ана шундай масаладаги мурожаат билан юзма-юз келди. Депутатнинг шу ойги ҳудудий ўрганишларида кадастр хизмати ходимлари томонидан хатлов ишларини олиб боришда тасдиқланган маҳаллалар режасидан ортда қолинаётгани маълум бўлди. Гап шундаки, бирор-бир ернинг харитаси қоғозда чизилган бўлса-да, уни ҳужжатлаштиришга келганда эса ортга суришлар кузатилмоқда.

Бу кечикишнинг асосий сабабларидан бири кадастр муҳандислари ҳар куни тушаётган аризалар босимида қолган, қурилиш ишлари эса тобора ортиб бормоқда. Иккинчи томондан, ҳар бир янги бино ва иншоот – бу ўлчовчилар учун ортиқча иш, ортиқча вақт, ортиқча босим демакдир. Жойларда алоҳида ўлчаш ва чизмалар чизиш жуда кўп вақт талаб этмоқда. Натижада одамлар амалда бор нарсанинг қоғозда тасдиқланиши ортидан сарсон бўляпти.

Депутат бу ҳолатни инобатга олиб, режалаштириш жараёнини тезлаштириш ва белгиланган муддатларни ўтказиб юбормаслик учун амалий ечим таклиф қилди.

– Масалан, хариталаш жараёнлари фақат ер майдонининг чегараларини аниқлаш билан чекланиб туриши керак, – дейди Анвар Нурматов. – Яъни, дастлаб биноларни батафсил ўлчаш ўрнига, Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган маъмурий меъёрларга мувофиқ равишда бинолар ва иншоотлардан фойдаланиш асосга олиниши ўринли бўлади, деб ўйлайман. Бунда ер майдонига нисбатан ҳуқуқ этироф этилгандан сўнг белгиланган маъмурий регламенга асосан бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш мақсадга мувофиқдир.

Шу тарзда, ерга эгалик ҳуқуқи ўз вақтида ҳужжатлаштирилади, бинолардан фойдаланиш эса кейинчалик қонун-қоидалар асосида олиб борилади. Бу ечим орқали на халқнинг мулк ҳуқуқи кечикади, на давлатнинг режалаштириш ишлари тўхтайди. Қисқаси, тизимнинг “ғилдираги” ўз вақтида айлана бошлайди, ишда барака ва унум бўлади.

 

Халқ корига ярайдиган натижа

Ургут, Булунғур, Жомбой бу партиядан сайланган яна бир депутатнинг учрашув ўтказган ҳудудлари рўйхати. ЎзХДП фракцияси аъзоси Жамол Очилов ҳам ўтган ҳафта якунида Самарқанд вилоятидаги сайловчилар билан мулоқотлар ўтказди. 10 дан ортиқ учрашувда 15 га яқин масала кўтарилди. Аҳоли вакиллари бандлик, тиббий хизмат, даволаниш учун йўланма, ижтимоий хизматлар сифатини яхшилаш каби кундалик ҳаётий эҳтиёжлари юзасидан мурожаатлар қилди. Эътиборлиси, мурожаатларнинг асосий қисмига жойида ечим топилди. Туман ҳамда вилоят даражасидаги масалалар эса белгиланган тартибда ва вақтда ҳал этиладиган бўлди.

– Ҳар сафар ҳудудларга учрашувларга чиққанимда бахтли, хотиржам яшаш учун юртдошларимизга кўп нарса керак эмаслигига такрор ва такрор гувоҳ бўламан, – дейди депутат Жамол Очилов. – Кимдир ишга киришда ёрдам сўраса, яна кимдир кўчасини асфальтлашда кўмак кутади. Депутат эса халқ хизматчиси, унга ёрдам қўли етиб бориши учун муҳим воситачи. Бу ишлар бир боланинг мактабга қийинчиликсиз қатнаши учун йўлни асфальтлаштиришдан тортиб, онахоннинг тиббиёт масканига тез ҳамда осон етиб олиши билан боғлиқ барча масалани қамраб олади. Баъзида эса давлат идорасидаги бирор муаммони ҳал этиш, айрим ҳолларда маҳаллага сув олиб келишга кўмаклашиш ҳам ишимизнинг бир парчаси саналади. Халқ бизга парламент деворлари ичида ёзган қонунларимиздан кўра, уларнинг ҳаётий эҳтиёжларини таъминлашга бош қўшиш масаласидаги хизматларимизга қараб баҳо беради. Оғзаки ваъдаларимиз, ҳужжатларни тасдиқлашимиз эмас, амалий натижалар уларда ишончни оширади.

Масалан, Жомбой туманидаги ҳолатни олайлик. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг “Инсон” маркази томонидан ногиронлиги бўлган шахсларга ваучер асосида ногиронлик аравачаларини буюртма бериш амалиёти йўлга қўйилган. Бироқ бу амалиёт баъзи муаммоларни ҳам қаршимизга чиқармоқда. Гап шундаки, ҳозирги кунда берилаётган аравачалар 110 килогача бўлган кишиларга мўлжалланган. Натижада ушбу вазндан ортиқ бўлган шахслар улардан фойдалана олмаяпти. Шу сабабли фуқароларнинг эҳтиёжларини ўрганган ҳолда тадбиркорларга буюртма бериш тизимини йўлга қўйиш керак, деб ўйлайман.

Иккинчи бир масала шуки, агентликнинг “Инсон” маркази томонидан ёшга доир пенсия олувчи эр ва хотинларга санаторийга рўйхатга бир вақтда ариза топширилгани ҳисобга олиниб, айни саналарга белгиланган тартибда йўланмалар бериш тартибини жорий қилиш ҳақида ҳам мурожаатлар бўлди. Ушбу масала юзасидан “Инсон” марказлари фуқаролар билан келишиб, уларнинг эҳтиёжларини ўрганган ҳолда амалга оширилса, мақсадга мувофиқ бўлади, менимча. Бу борада тегишли ташкилотларга таклифларимизни бердик. Умид қиламанки, навбатдаги учрашувлар ҳам халқ корига ярайдиган натижалар билан ниҳояланади.

Ярим асрлик муаммо ҳал этилди

Мирзачўл тумани ташкил топганига ярим асрдан ортиқроқ вақт бўлди. Кескин континентал иқлимга эга бўлишига қарамай, бу вақт давомида ҳудудда талайгина ўзгаришлар амалга оширилди. Айниқса, сўнгги йилларда бу ислоҳотлар бор бўй-басти билан намоён бўлмоқда. Биламизки, аҳоли сони динамикаси иқтисодий-ижтимоий ривожланишнинг суръатига таъсир қилувчи омиллардан биридир. Зеро, ўсиш бу эҳтиёжнинг ҳам ортиши, демакдир. Айниқса, ижтимоий соҳа объектларига, хизматларига бўлган талаб анча юқори. Жиззахда ҳам айни ҳолат кузатилаётганини таъкидлайди фракциямиз аъзоси Муқаддас Ўрозалиева.

Бунга Мирзачўл туман тиббиёт бирлашмаси мисолида назар солсак. Маълум бўлишича, у 1974 йилда ташкил топган бўлиб, тумандаги 48 801 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.

Тиббиёт бирлашмаси 115-ўринли туман марказий шифохонаси, 250 қатновга мўлжалланган кўп тармоқли марказий поликлиника, шунингдек, ҳар бири 100 қатновга мўлжалланган 2 та оилавий поликлиника ҳамда ҳар бири 50 қатновга мўлжалланган “Ипак йўли” ва “Гулзор” оилавий шифокорлик пунктларини ўз ичига олади.

– Мирзачўл туман тиббиёт бирлашмасининг қабул бўлими биринчи, унинг таркибидаги 6-ўринли реанимация бўлими эса иккинчи қаватда жойлашган экан, – дейди депутат Муқаддас Ўрозалиева. – Бино ўтган асрда қурилгани учун замонавий имкониятлардан бебаҳра қолган. Яъни, лифт ўрнатиш учун алоҳида жой назарда тутилган бўлса-да, шу кунгача бу иш якунига етмаган. Ваҳоланки, бу вақт орасида бино бир неча бор капитал таъмирланган, янги тиббий анжомлар билан жиҳозланган. Бироқ бу масала ортга суриб келинган.

Натижада беморларни тор тикка зинапоялардан замбилларда юқорига кўтариб чиқишга тўғри келган. Бу вазиятда беморнинг қариндошлари бўлмаса, кичик тиббий ходимлар ёки шифокорларга қўшимча қийинчиликлар келтириб чиқараётган экан. Февраль ойининг охирида туманга бориб, ўрганишлар ўтказганимизда ушбу муаммога дуч келгандик. Аҳоли мурожаати ҳамда таҳлиллар асосида Соғлиқни сақлаш вазири А.Худаяровга депутат сўрови юборгандим. Ушбу ҳужжат асосида Тиббиёт бирлашмаси биносини лифт билан таъминлаш масаласи дастурга киритилиб, узоқ йиллар ечилмаган муаммо ҳал бўлди.

Бу сафарги учрашувларим айни ушбу маскандан бошланди. У ердаги аҳоли ва ходимлар кайфиятидан куч олиб, вилоятимизнинг бошқа жойларидаги сайловчиларни тинглашга ошиқдим. Чиндан ҳам, халққа қанча яқин бўлсак, шунча ўзимизда ишонч, ишимизда самара бўларкан. Ечимини кутаётган масалалар оз эмас, лекин уларнинг ҳаммасига чора бор. Босқичма-босқич баҳамжиҳатликда камчиликларни бартараф этиш қўлимиздан келади. Ижтимоий-сиёсатнинг бош мезони ҳам шу аслида – халқ ичида бўлиш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш.

 

Ҳаракат хавфсизлиги бўйича эшитув режалаштирилди

Йўллар ҳаётий эхтиёжларимиздан бири саналади. Чунки улар орқали манзилимизга етамиз. Бироқ ҳудудлардаги айрим йўлларда фуқароларнинг хавфсиз ҳаракатланиши учун етарли шарт-шароит яратилмагани аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Бу каби норозиликларни фуқаролар томонидан ижтимоий тармоқларда билдирилаётган кўплаб фикр ва муносабаларда ҳам кузатиш мумкин. Ушбу масала сайлов округларида депутатлар ўтказган учрашувларда ҳам муҳокама қилинади. Сайловчилар томонидан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида кўплаб мурожаат ва таклифлар илгари сурилади. ЎзХДП фракция аъзоси Улуғбек Шерматов уларнинг хавотирида асос бор эканини қайд этди.

– Қачонки йўлларимиз равон бўлса, манзилимиз яқинлашади. Ҳаракат хавфсизлиги таъминланса, хотиржамлигимиз ортади. — дейди депутат. – Чунки бир оиланинг ҳаловати ишга ёки ўқишга кетган яқинларининг соғ-саломат уйга қайтиши билан боғлиқдир. Бу эса хоҳлаймизми, йўқми йўлларнинг талабга жавоб бериш даражаси билан ҳам ўлчанади. Аҳоли вакиллари билан учрашувларда йўл чизиқлари ва белгилар, ер ости ёки ер усти пиёдалар йўлаклари мавжуд эмаслигидан шикоятлар эшитамиз. Баъзи аҳоли яшаш жойларида транспорт воситаларининг юқори тезликда ҳаракатланиши ҳақидаги эътирозлар ҳам ўринсиз эмас.

Шундан келиб чиқиб, таҳлилий назорат тадбирларини олиб бордик. Ушбу масала бўйича ўтказилган ўрганишларда йўл инфратузилмасининг лозим даражада ташкил этилмагани сабабли инсон ҳаётига хавф солувчи кўплаб йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлаётгани маълум бўлди. Шунингдек, тирбандликлар ва ҳаракат хавфсизлиги билан боғлиқ қатор масалалар аниқланди. Муаммолар ечимини таъминлаш учун ҳуқуқий асосларимиз эса етарли.

Хусусан, 2022 йил 11 февраль куни Президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини камайтириш бўйича Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига қатор вазифалар юклатилган эди. Бундан ташқари, Президентнинг 2022 йил 4 апрелдаги қарори билан Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳузурида “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” республика жамғармаси ташкил этилган.

Ушбу жамғарма маблағлари шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчаларида йўл чизиқларини чизиш, йўл ҳаракатини ташкил этишнинг техник воситаларини ўрнатиш, йўл инфратузилмасини ривожлантириш йўналишидаги лойиҳаларни молиялаштириш каби мақсадлар учун сарфланиши белгиланган.

“2022 – 2026 йиллар давомида республика ҳудудида амалга оширилиши мўлжалланган “Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастури”да эса йўл инфратузилмасини такомиллаштириш ва хавфсиз ҳаракатланиш шароитларини яратиш орқали йўлларда авария ва ўлим ҳолатларини кескин қисқартириш, шу жумладан, ҳаракатни бошқариш тизимини тўлиқ рақамлаштириш ва жамоатчиликнинг ушбу соҳадаги ишларда кенг иштирокини таъминлашга қаратилган вазифаларни амалга ошириш назарда тутилган. “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг 87-мақсадида ҳам жиддий оқибатлар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари сонини камида 50 фоизга камайтириш белгиланган.

Бугунги кунга қадар нима ишлар қилинди? Қандай чоралар кўрилмоқда? Нега ҳануз муаммонинг илдизига тўлиқ етиб боришнинг имкони бўлмаяпти? Шу каби саволларнинг жавоби табиийки тегишли мутасаддиларда. Аниқланган камчиликлардан келиб чиқиб, ушбу масала бўйича йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга жавобгар субъектларнинг ахборотини фракция йиғилишида эшитиш режалаштирилган. Умид қиламанки, улардан олинадиган жавоблар сайловчилар ҳузурига ёруғ юз билан боришимизни таъминлайди.

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

Таълим ва ёшлар – Янги Ўзбекистон пойдевори

Мустақиллик – беқиёс неъмат, у халқимизнинг нафақат давлатчилик тимсоли сифатида, балки миллий ўзлигини, маънавиятини, қадриятларини тиклаш ва янги босқичга олиб чиқишда катта аҳамиятга эгадир.
34 йилда мамлакатимизда таълим соҳасини ислоҳ этишга қаратилган давлат сиёсати фақат замонавий талабларга жавоб бериш билан чекланиб қолмади, балки халқимизнинг асрий орзулари, маънавий эҳтиёжлари ва миллий руҳияти билан ҳам чамбарчас боғлиқ бўлди. Бугун таълим соҳаси фақатгина бир йўналиш эмас, балки жамият тараққиётининг асосий мезонига айланмоқда.
Ҳозирги кунда олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан, ёш авлодда интеллектуал салоҳият, миллий ўзлик, тарихий хотира ва замонавий билимларга интилишни рағбатлантириш – янги давр талаби сифатида ҳаётга жорий этилмоқда.
Aйниқса, қамров даражасидаги ўсиш рақамлари ўзига хос тараққиёт салоҳиятини акс эттиради. Мактабгача таълим қамрови сўнгги етти йил ичида 27 фоиздан 77 фоизга, олий таълим қамрови эса 9 фоиздан 42 фоизга етди. Бу рақамлар ортида – юз минглаб фарзандларимизнинг маърифатга, тенг имкониятларга, замонавий билимга эришиш йўлидаги орзу-умидлари мужассам.
Президент мактаблари, ихтисослаштирилган ва ижод мактаблари каби янги авлод таълим муассасалари тизими яратилди. Ушбу муассасалардаги таълим нафақат юқори савиядаги билим беришни, балки ёшларнинг ҳар томонлама баркамол шахс сифатида шаклланишини таъминламоқда.
Замонавий фан, ахборот технологиялари, инновациялар, чет тиллари, тадбиркорлик соҳаларида билим олаётган ёшларимиз халқаро олимпиадаларда муносиб иштирок этиб, юртимиз шарафини юксакка олиб чиқмоқда. Бу еса таълим ислоҳотларининг узвий натижасидир.
Ҳақиқатан ҳам, бугун таълимга берилаётган кенг эътибор – бу соҳага қилинган сармоя эмас, балки келажак авлодга, Янги Ўзбекистоннинг пойдеворига қўйилаётган ишонч ва масъулиятдир.
Мустақилликнинг 34 йиллиги арафасида юртимизда илм ва маърифат билан барпо этилаётган Янги Ўзбекистон ғояси барчамиздан янада масъулият, фидойилик ва ҳамжиҳатликни талаб қилмоқда.
Чунки бизнинг энг катта бойлигимиз ҳам, энг устувор сармоямиз ҳам – бу билимли, ташаббускор, фидокор, юртини севувчи ёшлар. Улар таълим масканларида тарбия олмоқда ва келажакнинг ҳақиқий эгаларига айланмоқда.
Шунинг учун ҳам, Янги Ўзбекистон пойдевори – илм, маърифат ва ёшлардир. Бу йўлда олға интилиш, ўзлигини англаган, билимли, ташаббускор ва юртига садоқатли ёшларни тарбиялаш — энг устувор мақсадимиз бўлиб қолади.

Малика РAШИДОВA,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири.
«Ўзбекистон овози».

 

УЛКАН САЛОҲИЯТДАН САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНМОҚ КЕРАК

Бозорларимиздаги маъмурчилик, дастурхонларимиздаги тўкинлик ортида омилкор деҳқонларимиз меҳнати турганини барчамиз яхши биламиз. Қолаверса, табиати мўътадил, йилнинг 300 кундан ортиқ даври қуёшли бўлган юртимиз замини саховатли. Соҳибкор-боғбонларимиз етиштираётган мева-сабзавотлар мазасининг қиёси йўқ. Айни пишиқчиликда етиладиган сархил меваларимиз қишнинг қаҳратон кунларида ҳам худди шохидан энди узилгандек барра ҳолда сотилиши, шифобахш резаворлар, ошкўклардан тортиб полиз маҳсулотларигача йил давомида бозорларимиздан узилмаслиги – бу мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида илғор ёндашувлар миллий тажриба билан уйғунликда амалиётга татбиқ этилаётганини кўрсатади.

Хусусан, иссиқхона деҳқончилиги озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажмини оширишда драйвер тармоқлардан бирига айланди. Лекин бугун бу тармоқ дуч келаётган муаммолар ҳам бор. Қиш мавсумида иссиқхоналар эгалари иситиш мақсадлари учун экологик жиҳатдан зарарли, аммо арзон ёқилғилардан – кўмир ва мазутдан фойдаланишга мажбур бўлаётгани сир эмас.

Бу эса яқин-атрофдаги ҳавонинг кескин ифлосланишига олиб келмоқда. Иссиқхона хўжаликларининг салмоқли қисми Тошкент вилоятида жойлашгани ҳолда уларда мана шу тажрибанинг қўлланилаётгани, неча йилдирки, мазкур хўжаликлар атрофидаги ҳудудлар ва Тошкент шаҳри аҳолиси учун «тоза ҳаво» муаммосини келтириб чиқаряпти. «Пойтахт атрофида “яшил ҳалқа“ ўрнига амалда иссиқхона хўжаликларидан иборат “кулранг ҳалқа“ шаклланди”, дея бонг ураётган экологларимиз хавотирида жон бор.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 30 июль куни мева-сабзавот ва озиқ-овқат экспортини кўпайтириш масалалари муҳокамаси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида экологик вазиятдан келиб чиқиб, Тошкент вилоятидаги иссиқхоналар фаолиятининг ҳаво сифатига салбий таъсири билан боғлиқ муаммоларни узил-кесил ҳал қилиш вазифаси қўйилгани алоҳида эътиборга моликдир.

Таҳлилий-танқидий руҳда ўтган йиғилишда таъкидланганидек, ҳозирда юртимизда 5 минг 100 гектар иссиқхоналар бўлиб, сўнгги етти йилда уларда етиштирилган маҳсулот ҳажми 110 минг тоннадан 546 минг тоннага кўпайган. Лекин тадбиркорлар кредит юки оғирлиги, ўғит нархи қимматлиги, узлуксиз газ таъминоти йўқлиги сабабли қийинчиликларга учраётгани ҳам кўз юмиб бўлмайдиган ҳақиқат. Хусусан, 600 гектардан ортиқ майдондаги иссиқхоналар фаолиятини тўхтатган, 128 гектари қарздорлик сабабли банк тасарруфига ўтган.

Давлатимиз раҳбари томонидан шу ва шу каби муаммоларнинг ечими ўлароқ иссиқхона хўжаликларини қўллаб-қувватлаш юзасидан қатор чоралар белгилаб берилди. Эндиликда ички бозор билан бирга экспортга ҳам маҳсулот етиштириш мажбуриятини олган, табиий газда ишлайдиган иссиқхоналар қишки мавсумда газ билан кафолатли таъминланиши, кўмир ёки бошқа муқобил ёқилғига ўтган ҳолатда эса табиий газга қайтиш имконияти яратилиши, иссиқлик насослари технологиясидан фойдаланаётганларга харажатларнинг 20 фоизгача қисми, бу ишлар кредит ҳисобидан бўлса, кредит ставкасининг 4 фоизи қоплаб берилиши шулар жумласидан. Бундан буён иссиқхоналар учун ер солиғи қишлоқ хўжалиги ерлари ставкасида тўланиши, 2028 йилга қадар иссиқхона ишчилари учун ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизга туширилиши иссиқхоначиларни мамнун қилаётган яна бир янгиликдир.

Ҳар бир экспорт бозори муҳим

Табиатга антропоген таъсирнинг тобора ортиб бораётгани, иқлим ўзгаришлари, сув танқислиги, геосиёсий қарама-қаршиликлар туфайли савдо, инвестиция соҳаларида тўсиқларнинг мавжудлиги озиқ-овқат хавфсизлигига сезиларли даражада таҳдид солмоқда. БМТ маълумотларига кўра, ўтган йили Ер юзида тўйиб овқатланмасликдан азият чекканлар сони 673 миллион кишини ёки дунё аҳолисининг тахминан 8,2 фоизини ташкил этди. 2,3 миллиард одам озиқ-овқат хавфсизлиги етарли даражада таъминланмаган шароитда яшаётганини ҳисобга олсак, вазият янада оғирроқ эканини англаш мумкин.

Ушбу глобал муаммога қарши юртимизда истиқболли чора-тадбирларни ишлаб чиқишга жиддий ёндашилмоқда. Йилига қарийб бир миллион нафарга ўсиб бораётган аҳолининг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжини кафолатлаш, бунинг учун аграр сиёсатнинг самарадорлигини ошириш мақсадида бор куч ва имконият сафарбар қилиняпти. Ер ҳамда сув манбалари чекланган бир шароитда бу мақсадга эришиш осон эмас, албатта.

Юқорида келтирилган йиғилишда мамлакатимиз учун жаҳон аграр ва озиқ- овқат бозорларига интеграциялашувни ҳамда валюта тушумини таъминлаб берувчи тармоқлардан бири бўлган мева-сабзавотчиликни ривожлантириш масаласи атрофлича таҳлил қилинди. Қўшимча имкониятлар кўрсатиб берилди.

Унда келтирилишича, сўнгги уч йилда мамлакатимизда 250 минг гектар пахта ва ғалла ерлари қисқартирилган ва озиқ- овқат маҳсулотлари учун ажратилган. 160 минг гектар янги боғ ва токзорлар барпо этилган, эскирган 107 минг гектар боғлар янгиланган. 1 миллиард долларлик 1 минг 500 та озиқ-овқат лойиҳаси ишга туширилган.

Мана шундай дадил ва жадал суръатдаги ислоҳотлар халқаро миқёсда ҳам муносиб баҳоланяпти. Яқинда Ўзбекистон БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти – ФАО Кенгаши аъзолигига сайлангани бунга мисол.

Дарҳақиқат, мева-сабзавотларимиз жаҳон бозорида қадрланади. Ташқи бозорларда “Ўзбекистонда етиштирилган” деган бренд шаклланган. Айниқса, юртимиз қуритилган олхўри ва ўрик, шафтоли, майиз, гилос, дуккакли маҳсулотлар экспорти бўйича дунёда юқори ўринларда туради.

Жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистоннинг озиқ-овқат экспорти 44 фоиз ўсиб, 1 миллиард 326 миллион долларга тенг бўлган. Экспорт географияси 16 та давлатга кўпайган.

Бироқ соҳада бу кўрсаткичларни янада ошириш бўйича улкан салоҳият мавжуд. Ахир, йиғилишда урғу берилганидек, ҳар бир экспорт бозори, ҳар бир доллар иқтисодимиз учун муҳим. Чунончи, Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон озиқ-овқат маҳсулотлари экспортининг суръати бўйича бошқа ҳудудлардан ортда қолгани, Навоий вилояти эса ўтган йилги кўрсаткичларга етмагани, 21 та туманда бу борада ўсиш 70 фоизлик маррани ҳам эгалламагани танқид қилинди.

Ёки, бу йилги мева-сабзавот экспортининг 80 фоизи 5 та давлатга бўлган. Буюк Британия, Италия, Швеция, Япония, Ҳиндистон, Қатар каби талаб юқори ташқи бозорларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кам экспорт қилинган. Бу эса ўз навбатида хориждаги элчихона ва консулхоналар, савдо маслаҳатчилари олдига ҳам долзарб вазифаларни қўяди.

Йиғилишда ҳудудлар кесимидаги таҳлиллар асосида экспорт бўйича янги захира ва имкониятлар кўрсатиб ўтилди. Об-ҳаво инжиқлари ва мавжуд шароитга мослашиб, иссиқ ва совуққа, сувсизликка чидамли маҳсулотлар етиштиришга ўтиш ғоятда зарур. Бинобарин, соҳада эскича усулда ишлашдан воз кечиш, инновацион технологияларни кенг жорий қилиш вақти аллақачон келган.

Дейлик, ўтган йили ўлкамиз мева-сабзавот экспортининг 75 фоизи май-октябрга, бошқача айтганда, жаҳон бозори бу турдаги маҳсулотларга тўйинган даврга тўғри келган. Бозор қонуни шундай: таклиф кўпайса, нарх тушади, камайса, нарх ошади. Демак, табиий ва такрорланмас таъмга эга мева-сабзавотларимизни қимматроқ сотиш, бир маромда етказиб бериш учун эса қайта ишлашни ривожлантириш мақсадга мувофиқ.

Ўзбекистон тўғридан-тўғри денгизга чиқиш имкониятига эга эмас, шу боис мева-сабзавотларни хорижий харидорларга сифатли етказиб бериш учун транспорт- логистика тизимларини такомиллаштириш, “яшил” йўлакларни барпо этишдан тортиб, маҳсулотлар имижини яратишгача бўлган жараёнда инновацион технологияларга талаб сезиляпти. Айниқса, пишиқчиликда мўл ва арзон бўлиб кетадиган мева-сабзавотларимизни қайта ишлайдиган корхоналарни кўпайтириш баробарида импортёр давлатлар томонидан маҳсулотларга қўйилаётган сифат, сертификатлаш, фитосанитария ва қадоқлашга оид талабларни бажариш экспорт ҳажми ва географиясини кенгайтиришнинг муҳим омилларидандир.

Йиғилишда бу йил жойларда 16 та замонавий қадоқ тайёрлаш корхонаси ишга тушгани, лекин бу етарли эмаслиги, экспортга чиқарилаётган мева-сабзавотларнинг атиги 18 фоизи замонавий қадоқланаётгани қайд этилди. Мутасаддиларга йил якунигача мазкур йўналишда яна 15 та корхонани ишга тушириш вазифаси қўйилди.

Бундан ташқари, ҳар йили ташқи бозорга 450 миллион долларлик ловия, мош, тариқ ва нўхат чиқарилаётгани, ваҳоланки, дуккакли маҳсулотлар катта экспорт захираларимиздан бири экани, деҳқонларимиз етиштирган бу экинлар ҳосилини йиғиб-териб олишда ривожланган давлатлар тажрибасини қўллаш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.

Бугунги кунда янги боғлар барпо қилиш ва эскиларини янгилаш учун 350 миллион дона серҳосил ва экспортбоп мева кўчатларига эҳтиёж бор. 16 та туманда ташкил этилган “Агростар” компаниялари шу мақсадга қаратилган. Улар ишни, аввало, шундан – уруғ, кўчат ва ўғитдан бошлаши кераклиги таъкидланди. Шу боис “Агростар” компаниялари учун “in vitro” лабораториялари, мазкур туманларда сақлаш, қадоқлаш, саралаш ва қайта ишлашни ўз ичига олган замонавий агро мажмуалар барпо этиш бўйича масъулларга аниқ топшириқ берилди.

Ризқ-рўзимиз ва фаровонлик манбаи

 

Мухтор ИЛҲОМОВ, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати:

– Бугун сайёрамизда чўлланиш ва қурғоқчиликнинг ортиб бораётгани ҳар бир давлат учун озиқ-овқат хавфсизлигини ҳаёт-мамот масаласига айлантирмоқда. Ушбу ҳолат қишлоқ хўжалиги, ичимлик сув таъминоти ва табиий экотизимларга жиддий таъсир кўрсатмоқда.

Видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари мана шундай мураккаб даврда энг бебаҳо ресурс – сувдан тежамкорона фойдаланиш ҳаётий зарурат эканига диққат қаратди. Юртимизда ҳозиргача 224 минг гектар экин майдонларида сувни тежовчи технологиялар жорий қилингани яхши самара бераётгани, натижада 420 миллион кубметр сув иқтисод қилиниб, қўшимча 65 минг гектарда мева-сабзавот етиштириш имконияти яратилгани эътироф этилди. Йил якунигача яна 10 минг гектар майдон томчилатиб ва ёмғирлатиб суғоришга ўтиши сувнинг ҳар бир томчиси қадрли бўлган ҳозирги кунда мақбул чоралардан биридир.

Дарахт экиб, боғ яратиш халқимизнинг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган, қадрият даражасига кўтарилган анъаналаридан. Бу анъана нафақат атроф-муҳитнинг ободлиги ва яшилликнинг кенгайишига хизмат қилади, балки озиқ-овқат хавфсизлигида ҳам муҳим ўрин тутади. Юртимизнинг қайси манзилига борманг, қайси хонадонга кирманг, бир қарич ер бўлса ҳам, мевали дарахт экилгани ёки экин-тикин қилинганини кўрасиз. Ҳатто 2 сотихли томорқасидан йил давомида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириб, мўмай даромад олаётган омилкор ҳамюртларимиз кўп. Улар ўз эҳтиёжидан ортганини бозорга олиб чиқиб, эл дастурхонига тортиқ қилмоқда, ризқ-рўз улашмоқда.

Халқимизнинг толейини қарангки, еримиз унумдор, адашиб чўп суқсангиз ҳам кўкариб, ҳосил беради. Аслида буларнинг бари мева-сабзавотчиликни ривожлантириш ва деҳқонларимизнинг ўз маҳсулотларини экспортга чиқаришини янада жадаллаштириш учун бемисл имконият! Фақат бу имкониятдан оқилона фойдаланиш, мавжуд муаммолар ечимини пайсалга солмаслик керак.

Йиғилишда бу бўйича ҳукуматга экспортчи, иссиқхоначи ва мева- сабзавот етиштирувчилар билан доимий мулоқотни йўлга қўйиб, давлат идораларига боғлиқ барча муаммоларини аниқлаб, жойида ҳал қилиб бориш вазифаси қўйилгани айни муддао бўлди. Ушбу вазифаларнинг сўзсиз ижроси қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш тармоқларида муқим, юқори ҳақ тўланадиган иш ўринларини яратишда, юртимиз аҳолисининг салмоқли қисми яшайдиган қишлоқ жойларда ишсизликни ҳамда камбағалликни камайтиришда қўл келади.

Фарида МАҲКАМОВА,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

ҚОНУНЛАРДА ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ ЮКИ ОРТМОҚДА

Кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси ўтказилди. Анъанавий тарзда кун тартибидан ўрин олган масалалар кетма-кетлик асосида кўриб чиқилди. Шу куни парламент минбарида тўртта масала муҳокама марказига қўйилди.

Қайсидир депутат сўз сўрайди, яна бир халқ вакили фикр айтади, муносабат билдиради. Ҳукумат вакили қонун ҳақидаги мулоҳазаларини тугатиши билан бошқа бир депутат сайловчилари, партия электорати манфаатларидан келиб чиқиб изоҳ талаб қилади ёки эътироз билдиради. Бу гал ҳам фаоллар қонун лойиҳасига нима сабабдан эҳтиёж борлигини ва ундаги меъёрларнинг мазмуни тушунтириб берилишини сўради.

 

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш – долзарб вазифа

Озиқ-овқат инсон учун ҳаво ва сувдан кейинги энг муҳим эҳтиёждир. Шу маънода айтадиган бўлсак, ҳар бир фуқаронинг тоза ва соғлом овқатланишга ҳаққи бор. Қолаверса, сифатли озиқ-овқат маҳсулотларига эга бўлиш истеъмолчилар ҳуқуқларининг ажралмас қисмидир. Аммо ҳозир озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ниҳоятда долзарб масалага айланди.

Кун тартибига кўра, дастлаб депутатлар томонидан “Озиқ- овқат маҳсулотининг хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси атрофлича кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси билан мазкур соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, принциплари, давлат органларининг ваколатлари аниқ белгилаб берилмоқда.

Озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги соҳасидаги санитария чоралари, қоида ва нормаларини ишлаб чиқиш ҳамда қўллаш тартиби эса халқаро қоида ва нормалар билан уйғунлаштирилмоқда.

Мажлисда қайд этилганидек, ушбу қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг шу йил 29 июль куни бўлиб ўтган мажлисида кўриб чиқилиб, ундаги айрим нормалар, хусусан, мактабгача ва мактаб ёшидаги болаларга тавсия этилмайдиган озиқ-овқат маҳсулотларининг маркетинг ва реклама маълумотлари болаларни қизиқтирмайдиган тарзда ифодаланиши ёки уларга қаратилган бўлмаслиги кераклигига оид модда қизғин баҳсларга сабаб бўлган эди.

Масъул қўмита томонидан депутатлар билдирган қатор таклифлар чуқур таҳлил қилиниб, улар асосида лойиҳадаги айрим нормалар такомиллаштирилди.

Қонун лойиҳасида белгиланаётган нормалар озиқ-овқат маҳсулоти хавфсизлиги соҳасидаги муносабатларни Жаҳон савдо ташкилоти қоидалари ва халқаро стандартларга мувофиқ тартибга солиш, соҳада давлат бошқаруви ва назорати механизмларини замон талаблари асосида такомиллаштириш ҳамда ваколатли давлат органларининг вазифаларини аниқ белгилашга хизмат қилади.

Қизғин муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси қабул қилинди.

Кам таъминланган шахслар давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиши мумкин

Кун тартибидаги иккинчи масала бўйича депутатлар кам таъминланган шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқишди.

Мазкур қонун лойиҳаси билан давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тоифаси кенгайтирилмоқда. Хусусан, кам таъминланган шахслар муайян ишда ўзига нисбатан суд томонидан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш тўғрисида Конституциявий судга мурожаат этганда, улар давлат ҳисобидан юридик ёрдам олишлари мумкинлиги белгиланмоқда.

Мажлисда қайд этилганидек, лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида депутатлар томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазалар инобатга олиниб, унинг матнига аниқлаштирувчи, таҳририй ҳамда юридик-техник характерга эга бўлган ўзгартиришлар киритилди.

Қонун лойиҳасида белгиланаётган нормалар фуқароларнинг конституциявий одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтиришга, давлат ҳисобидан малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини таъминлашга ҳамда ижтимоий давлат тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Реновация билан боғлиқ кафолат ва мажбуриятлар аниқ белгиланади

Очиғи, охирги пайтларда уйлар бузилиши билан боғлиқ кўп муаммолар юзага келди, мурожаат кўпайди, одамларимизда норозилик кайфияти келиб чиқди. Чунки, фуқароларнинг давлат эҳтиёжлари учун, дея олиб қўйилган ҳовлилари ўрнида кўп қаватли уйлар тикланди. Ўртада инсонлар сарсон-саргардон бўлди, вақт ва асаб кетди. Аслида ҳеч ким бировнинг уйини шунчаки келиб буза олмайди. Бунинг талаблари, қонунан тасдиқланган меъёрлари бор.

Мажлисда қайд этилганидек, республикада 42 мингдан ортиқ кўп квартирали уйларни ўз ичига олган турар жой фонди мавжуд бўлиб, уларнинг қарйиб 31 минги 1991 йилгача қурилган ҳамда 17 мингтаси 2-3 қаватдан иборат.

Шу билан бирга, ҳар йили 145 мингта турар жойга бўлган талабни қондириш учун 2019-2023 йиллар давомида ўртача 60 мингта, 2024 йилда эса 100 мингта янги турар жойлар қурилган бўлиб, бу борада ўсиб бораётган эҳтиёжларни қондириш учун қўшимча ер ресурслари талаб этилмоқда.

Сейсмик жиҳатдан заиф, эскирган ва фойдаланишга яроқсиз паст қаватли биноларни реновация қилиш учун ҳуқуқий асосларни яратиш келгуси йилларда қуриладиган уй-жойларни камида 5-7 фоиз қисмини реновация ҳисобига амалга ошириш имкониятини беради. Натижада, замонавий қурилиш тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда реновация орқали тахминан 20 минг гектар ер тежалади ва 4,5 миллион кишини уй-жой билан таъминлаш имконияти пайдо бўлади.

Мажлисда қонун ташаббускорлари қайд этганидек, ҳар йили 145 мингта турар жойга бўлган талабни қондириш учун 2019-2023 йиллар давомида ўртача 60 мингта, 2024 йилда эса 100 мингта янги турар жойлар қурилган бўлиб, бу борада ўсиб бораётган эҳтиёжларни қондириш учун қўшимча ер ресурслари талаб этилмоқда.

Шу сабабдан эскирган ва авария ҳолатидаги уй-жойларни қайта қуриш (реновация қилиш) орқали шаҳар ва маҳаллаларимизни ободонлаштириш, инфратузила объектларини замонавийлаштириш мақсадида мазкур қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Мажлисда шаҳарсозлик ҳужжатларига мувофиқ ҳудудларни меъморий, ижтимоий, иқтисодий ва экологик жиҳатдан яхшилаш, эскирган, яшаш ва фойдаланиш учун яроқсиз, авария ҳолига келиб қолган бино-иншоотларни янгилаш, қулай ва энергия самарадор ҳолатга келтириш мақсадида ишлаб чиқилиб, ҳукумат томонидан киритилган — “Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида концептуал жиҳатдан биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Мазкур қонун лойиҳаси билан шаҳарсозлик реновацияси асослари ва мақсадлари, мажбурий шартлари, асосий принциплари, реновация босқичлари, бу борада лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тартиби, соҳада давлат бошқаруви асослари белгиланмоқда.

Маълум қилинишича, қонун лойиҳаси уйи реновацияга тушган мулкдорларга бир қатор кафолатлар бермоқда. Масалан, сиз яшайдиган кўп квартирали уй реновацияга тушди. Қурувчи икки йил муддат ичида янги уйни қуриши, ўша уйдан сизга эски уйингизнинг ҳажмидан кам бўлмаган ва тайёр таъмирланган хонадонни пастки қаватдан бериш мажбуриятини олади. Бундан ташқари, қурувчи янги уй қурилгунча сиз ижарада яшаб турадиган уйнинг ижара пулини ҳам қоплаб беради.

Шунингдек, реновация қурилиш муддати қонун билан 2 йил этиб белгиланмоқда. Агар қурувчи 2 йилда қуриб улгурмаса, кечиккан ҳар бир кун учун мулкдорларга мулк қийматининг 0,5 фоизи миқдорида пеня тўлайди.

Лойиҳада турар ва нотурар жой мулкдорларига адолатли компенсация бериш тизими назарда тутилмоқда. Яъни, компенсация янги қуриладиган турар ва нотурар жой объектидан ёки бошқа жойдан мулк қилиб берилиши ёхуд турар ва нотурар жой объектларининг бозор қийматида пул маблағлари берилиши белгиланмоқда.

Яна бир аҳамиятли томони, қонун лойиҳасида ҳеч ким реновацияда иштирок этишга мажбурланмаслиги ҳамда реновация ихтиёрийлик принципига асосланиши мустаҳкамланмоқда. Яъни, шаҳарсозлик реновацияси лойиҳасини бошлаш учун барча ҳуқуқ эгалари билан нотариал тартибда келишув битими имзоланиши белгиланмоқда.

Шунингдек, лойиҳада шаҳарсозлик реновациясини амалга оширишда ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйиляпти. Хусусий мулк дахлсиз ва давлат ҳимоясида эканлиги, давлат хусусий мулкнинг бут сақланишини таъминлаш учун барча зарур шароитларни яратиши, давлат органлари, уларнинг мансабдор шахси ёки хизматчиси томонидан ҳуқуқ эгаларининг ҳуқуқларини бузишига йўл қйилмаслиги қатъий кафолатланмоқда.

Муҳокама жараёнида ЎзХДП фракцияси аъзоси Дилбар Мамажонова шундай савол берди:

Халқ демократик партиясининг электорати кам таъминланган, эҳтиёжманд қатлам ҳисобланади. Ушбу қонун лойиҳаси электоратимиз бўлган аҳолининг эҳтиёжманд қатлами манфаатларига бевосита таъсир қилади. Чунки реновация ҳудудида асосан ўзини яшаш имкониятини яхшилашга шароити бўлмаган аҳоли қатлами истиқомат қилиб келмоқда. Фракциямизнинг жиддий хавотири шундан иборатки, ушбу қонун лойиҳаси уларнинг вазиятини янада қийинлаштириб, мавжуд уй-жойидан ҳам маҳрум бўлиб қолишига олиб келмайдими? Қонун лойиҳасида белгиланган тартиб, кафолатлар эҳтиёжманд аҳоли қатлами манфаатларини етарлича ҳимоя қила оладими?

Ушбу саволга Адлия вазири ўринбосари Маҳмуд Истамов шундай жавоб берди:

Тўғри таъкидладингиз, реновация ҳудудида асосан моддий имконияти чекланганлиги сабабли уй-жойни яхшилаш имкониятига эга бўлмаган аҳоли тоифалари тушиш эҳтимоли катта. Биз ҳисоб-китоб қилдик, оддий икки хонали уйни капитал таъмирлаш учун ўртача 50-60 миллион сўм маблағ талаб этилади. Албатта, эҳтиёжманд аҳолининг ҳаммасининг ҳам бунга имконияти етмайди.

Шунинг учун бу қонуннинг пировард мақсади – аҳолининг турмуш даражасини ошириш. Яъни, реновация лойиҳасини амалга оширишда эҳтиёжманд аҳоли нимага эга бўлади? Пул сарфламасдан янги, шинам уйга кўчади. Реновация пайтида у бошқа ҳудудга кўчиб кетадиган бўлса, вақтинчалик уй учун ижара тўловлари ҳам тўлиқ ташаббускор зиммасида бўлади. Шунингдек, кўчиб ўтиш билан боғлиқ бир марталик товон мол-мулки қийматидан келиб чиқиб тўланади.

Қизғин муҳокамалар давомида қонун ташаббускорлари депутатларнинг саволларига атрофлича тушунтиришлар бериб, билдирилган таклифлар қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда маромига етказишда инобатга олинишини таъкидлашди. Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

 

Бола ҳуқуқлари устувор масала

Ялпи мажлисда болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда консептуал жиҳатдан муҳокама қилинди.

Қонун лойиҳасида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларини етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни аниқлаш, уларнинг ҳисобини юритиш ҳамда  муқобил жойлаштириш шаклларига бериш борасидаги ваколатлари белгиланмоқда.

Болаларга тарбия, таълим бериш ва соғлиғини сақлаш бўйича масъул шахсларга ўз мажбуриятларини бажармаганлик учун маъмурий жавобгарликни белгилаш назарда тутилмоқда. Шунингдек, васий ёки ҳомийни белгилаш ваколатини ҳокимлардан “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази директорига ўтказиш таклиф этилмоқда.

Лойиҳада нотариуслар зиммасига болани фарзандликка бериш (олиш), болани васийликка ёки ҳомийликка бериш ҳақида аризадаги имзонинг ҳақиқийлигини шаҳодатлаш бўйича мурожаат қилингани тўғрисидаги маълумотларни “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларига тақдим этиб бориш мажбуриятини юклатиш белгиланмоқда.

Мажлисда қонун лойиҳасининг қабул қилиниши болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилишни таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Лазиза Шерова,

“Ўзбекистон овози”мухбири.

РИВОЖЛАНИШНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

Янги Ўзбекистонда отаётган ҳар бир янги тонг хайрли мақсадларимиз сари йўл очаётгани халқимизнинг осойишта ва фаровон ҳаётида яққол акс этмоқда. Мана шундай шукуҳли кунларда миллий истиқлолимизнинг ўттиз тўрт йиллик шонли санасини ҳар томонлама муносиб, юксак савияда нишонлаш тадориги шаҳар-у қишлоқларимизда, ҳар бир маҳаллада қизғин бошлаб юборилди.

34 йил тарих учун кўз очиб-юмгулик фурсат. Аммо ушбу қисқа даврда, аввало, эл-у юртимизнинг хоҳиш-иродаси, куч- қудрати, машаққатли ва бунёдкорона меҳнати эвазига жаҳон харитасида янги, ўз кучи ва салоҳиятига таянган, тараққиёт йўлидан барқарор суръатлар билан ривожланиб бораётган суверен Ўзбекистон давлатининг пайдо бўлиши, ҳеч шубҳасиз, халқимизнинг тарихий ғалабасидир. Айниқса, сўнгги саккиз йилда Ватанимиз ривожланишнинг том маънода янги босқичига қадам қўйди. Мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий-ижтимоий, маданий соҳаларидаги ислоҳотлари халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланаётганига барчамиз гувоҳмиз.

Ўзбекистон ўз олдига қўйган узоқ муддатли мақсадлар орқали халқ фаровонлигини таъминлаш, иқтисодиётни янада мустаҳкамлаш ва сиёсий барқарорликни сақлашга интилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган “Ўзбекистон-2030” стратегияси асосида жамиятимизда тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини кучайтириш, инсон қадри, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, минтақамизда яхши қўшничилик алоқаларини янада ривожлантириш, дунё мамлакатлари билан фаол ҳамкорлик қилиш жараёни изчиллик касб этмоқда.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда мамлакат иқтисодий ва ижтимоий ҳаёти кескин ўзгарди. Барча жабҳада инсон қадри ва халқ манфаати устуворлигини таъминлаш йўлидаги дадил ислоҳотлар натижасида қисқа муддатда иқтисодиётимиз шиддат билан ўсиб, ялпи ички маҳсулот ҳажми тарихда биринчи марта 110 миллиард АҚШ долларидан ошди. Юртимизда “яшил” ва инновацион иқтисодиётга ўтиш, муқобил энергия манбаларини яратиш бўйича улкан дастур ва лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Шунингдек, таълим тизимида янги ривожланиш босқичи йўлга қўйилди. Халқ таълими, олий таълим ва илмий-тадқиқот соҳаларида замонавий имкониятлар яратилмоқда. Ёш авлодга сифатли таълим бериш учун давлат бюджетидан салмоқли маблағлар ажратилмоқда.

Мустақиллик куни – Ўзбекистон халқининг миллий байрами. Ҳар йили бу кун ўзгача тантана билан нишонланади, мамлакат бўйлаб турли маданий тадбирлар, концертлар, кўргазмалар ва илмий-амалий анжуманлар ўтказилади. Ушбу байрам халқимизнинг ўз эрки, юртга муҳаббати ва келажакка бўлган ишончини нишонлаш куни ҳамдир. Зеро, миллий суверенитет ва мустақиллик Ватан учун, миллат учун, халқ учун хизмат қиладиган мустаҳкам сиёсий- ижтимоий замин ҳамда куч-қудрат манбаи ҳисобланади.

Дилбар МАМАЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

САВОБЛИ АМАЛ САРОБГА АЙЛАНМАСИН

Мактаб қурган ва шифохона бунёд этган саховатпеша инсонларни кўрганмиз. Кам таъминланган оилаларга уй совға қилган-у беморларнинг энг қиммат жарроҳлик амалиётлари харажатини бўйнига олган олижаноб юртдошларимиз ҳақида тез-тез эшитамиз. Узун туманининг “Гулистон” маҳалласида яшовчи Илҳом Омонов ҳам ана шундай савобталаб замондошларимиздан. Жорий йилнинг бошида у тумандаги 8-умумтаълим мактаби филиалига ўз ҳисобидан кичик ўйингоҳ (мини стадион) қуриб беришга бел боғлаган эди. Орадан ярим йилдан ортиқ вақт ўтибдики, ҳамон амалий иш бошлангани йўқ.

Сабаби билан қизиқдик. Масалани атрофлича ўрганиш мақсадида аҳоли вакиллари ва ота-оналар билан учрашдик. Тадбиркорнинг фикрларини тингладик.

– Олтмиш беш ёшдаман, – дейди “Гулистон” маҳалласида яшовчи Абдуқаҳҳор Омонов. – Беш фарзандим, ўндан ортиқ набирам бор. Ўтган асрнинг 65- йилларида ҳашар йўли билан қурилган мана шу мактабда таълим-тарбия олган бўлсак, ундан кейин фарзандларимиз ўқишди. Бугун набиралар қатнаяпти. Аҳволни кўриб турибсизлар, бу ерда на 10 нафар ўқитувчига, на билим олаётган 108 нафар ўғил-қизга шароит бор.

…Ҳов анови жой – стадион. Эни – 10, узунлиги 15 метр келадиган супадек майдонда тўртта темирдан бошқа ҳеч вақо йўқ.

Қаровсиз жойда ўйингоҳ қуришни мақсад қилгандик. Барака топгур, қишлоқдошимиз Илҳом бунга бажонидил рози бўлганди ҳам. Нима бўлди-ю ишлар бирдан “тақа-тақ” тўхтади.

– Ўйингоҳ биз учун 60-65 йиллик орзу, – дейди яна бир меҳнат фахрийси Жўрақобил Йўлдошев. – Аслида, ўз даврида 8-мактаб ҳудуди 15 сотихча бўлган. Йиллар ўтиши билан майдони негадир қисқариб кетди. Фақат Узун туман прокуратурасининг аралашуви билан 2023 йилда 5 сотихча жой даргоҳ тасарруфига қайтарилган эди. Ҳозир 8 сотихдан нари- бери бўлса керак…

– Маҳалламизда 4 минг 500 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади, – дейди гулистонлик Намоз Қоржовов. – Уларнинг олтмиш фоизга яқинини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Навқирон авлод вакиллари учун на стадион бор бизда, на дам олиш маскани қурилган, на сайилгоҳни учратасиз. Болалар бегона ўтлари “жизғанак” бўлиб, тиканлар “бўй” кўрсатган мана шу бир парча жойда футбол ўйнашга мажбур. Яқинда тўп бехосдан электр симига тегиб кетибди, денг. Қисқа туташув натижасида шунақанги “жар-жур” бўлдики, асти қўяверинг. Трансформатор куйиб, бир кеча зимистонда қолдик. 15 миллион сўм эвазига ускуна созланди. Биз учун армон бўлган ўйингоҳ набираларга насиб қилсин, деб куюнамиз-да.

– Кўп йиллардан буён тадбиркорлик билан шуғулланаман, – дейди Илҳом Омонов. – Бир неча йил хорижда ҳам меҳнат қилдим. Жорий йилнинг бошида маҳалла фаоллари футбол майдончасини қуриш учун қарийб олтмиш йилдан буён фойдаланилмай турган бўш жой танлангани ва ҳомий зарурлигини айтиб қолишди. Фарзандларимизнинг соғлом бўлиб вояга етишларини ўйлаган ҳолда бу қурилишни зиммамга олдим. Ҳамжиҳатликда ҳикмат кўп, деганларидек бирпасда ҳомийлар кўпайди. Икки-уч кунда 220 миллион сўмдан ортиқ маблағ тўпланди.

Ҳужжат ишларига келганда эса Узун тумани ҳокимлиги масъуллари жиддий қаршилик қила бошлади. Ташландиқ жой гоҳ фуқарога тегишли эканлиги айтилса, гоҳ ирригация бошқармасига қарашли, деган баҳоналар рўкач қилинди. Диллар хира тортиб, кўнгил совиди. Ҳудуд ҳеч кимнинг тасарруфида эмаслиги аниқлангач, яна масъуллар эшигини қоқдим. Буни қарангки, тағин фойдаси бўлмади.

Шу ўринда бир гапни айтай. Бу ерда ҳеч қандай моддий манфаатдорлик йўқ. Ўйингоҳ қуриб, бир-икки сўм ишламоқчи ҳам эмасман. Худога шукр, бари етарли. Мактаб учун, ўқувчилар учун, маҳалла учун хайрли ишга бел боғлагандим, холос.

Тадбиркорнинг ранжиганича бор. Ахир саховатпеша ва олийҳиммат инсон ўйингоҳ барпо этмоқчи экан, бунинг нимаси ёмон? Аксинча, унга тасанно айтиш керак эмасми? Ҳолатга ойдинлик киритиш ва шу саволларга жавоб олиш мақсадида Узун туман ҳокимлиги мутасаддиларига учрашдик.

– Сиз айтган масала юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда, – дейди Кадастр агентлигининг Узун туман филиали масьул ходими Камол Набиев. – Тегишли ҳужжатларнинг асосий қисми тайёр бўлган. Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 августдаги “Ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланишга ажратишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига асосан ҳудудни мактаб тасарруфига ўтказиб бериш чоралари кўрилаяпти. Вилоят ҳокимининг қароридан кейин масала узил-кесил ечим топади.

Бунга қанча вақт талаб қилиниши билан қизиқамиз.

– Тахминан икки ойча кетса керак, – дейди К.Набиев.

– Савобли амал кун келиб саробга айланмайдими, ишқилиб? – сўраймиз ундан.

– “Гулистон”да ажойиб ўйингоҳ қурилишига кафолат бераман…

Масъулнинг ваъдасидан кўнглимиз бироз ёришади. Гулистонликлар орзу- ниятини Узун тумани ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимликлари масъуллари қўллаб-қувватлашига умид уйғонган ҳолда ортга қайтдик.

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

 

МУСТАҚИЛЛИК – ЮРТИМИЗ ТАРАҚҚИЁТИНИНГ КАФОЛАТИ

Мустақиллик – бу халқнинг тарихи, бугунги барқарорлиги ва келажаги таянчидир. Мустақиллик сабаб Ватанимиз тарихида янги давр бошланди – давлатчилигимиз тикланди, миллий қадриятларимизга асосланган янги сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тизим шаклланди.

Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси асосида қўлга киритилаётган ютуқлар мустақиллигимизнинг ҳаётий ва амалий самараси сифатида намоён бўлмоқда. Демократик, ижтимоий давлат барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, фуқароларнинг ҳаёт сифати ва имкониятларини кенгайтириш бугунги сиёсатнинг устувор йўналишига айланган.

Партиямиз бугунги янгиланиш ва тараққиёт жараёнларида ўзининг дастурий мақсадлари, ғоявий йўналишидан келиб чиқиб, фаол иштирок этмоқда. Партиямиз учун Мустақиллик байрами — халқ манфаатларини таъминлаш, ижтимоий барқарорлик ва тенгликни мустаҳкамлаш, адолатли кучли жамият барпо этиш йўлидаги ҳаракатларимиз билан ҳамоҳанг руҳда ўтказиладиган ғоявий-маънавий тантанадир.

Бу улуғ сана партиямизнинг “Кучли ижтимоий сиёсат – адолатли жамият таянчи” деган шиори мазмунини янада аниқ ва самарали акс эттиришга хизмат қилади.

Президент қарори асосида давлат мустақиллигимизнинг 34 йиллиги “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган эзгу ғоя билан нишонланиши – биз учун муҳим илҳом ва масъулият манбаидир.

Шу муносабат билан партиямизнинг Тошкент шаҳар кенгаши томонидан кенг кўламли тарғибот-ташвиқот тадбирлари ташкил этилади. Депутатларимиз, партия фаоллари иштирокида пойтахтимизнинг турли ҳудудларида, маҳаллаларда, бошланғич партия ташкилотларида аҳоли билан очиқ мулоқотлар, маънавий- маърифий суҳбатлар ва истиқлол ғояларини ёритувчи байрам тадбирлари ўтказилади.

Ёшлар – бизнинг энг катта бойлигимиз, эртанги кунимиздир. Шунинг учун “Ёшлар – Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” шиори остида учрашувлар, мулоқотлар ўтказилиб, уларга истиқлол тарихи, истиқболдаги мақсадлар, уларни амалга оширишда ёш авлоднинг роли, ҳуқуқ ва имкониятлари ҳақида кенг маълумотлар берилади. Партиямиз ёшларни замонавий билим ва касб-ҳунарларга, фуқаролик фаоллиги ва ватанпарварликка даъват этади.

Шунингдек, 34 йиллик байрам муносабати билан партия томонидан кам таъминланган оилаларга, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларга амалий ёрдам кўрсатиш, ҳашар ва ободонлаштириш ишларини ташкил этиш орқали халқ билан яқин алоқа янада мустаҳкамланади.

Мустақиллик – бу халқнинг эрки, миллий ғурури ва келажакка бўлган ишончи. Биз бу неъматни асраб-авайлаш, унинг мазмун-моҳиятини ёш авлод онгига сингдириш, юртдошларимиз ҳаётида ижобий ўзгаришлар ясашга ҳисса қўшишни ўзимизнинг устувор вазифамиз, деб биламиз.

Сирожиддин ШОНАЗАРОВ,

Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси в.в.б.