“Микрокредитбанк” – кичик бизнесга кўмакчи

Микрокредитбанк республикамизда кичик бизнес, хусусий ва якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш, ҳунармандчилик ҳамда касаначиликни қўллаб-қувватлаш йўли билан янги иш ўринларини яратиш, айниқса, қишлоқ жойларда микромолиявий хизматларни кенгайтириш борасида сезиларли ютуқларга эришмоқда. Хусусан, ўтган йили банкнинг 92 та ҳудудий бўлинмасига бириктирилган 1 минг 62 та маҳаллада 320 нафар маҳалла банкири, уларга ёрдамчи агентлар фаолияти йўлга қўйилди.

Бу ҳақида Миллий матбуот марказида “Микрокредитбанк” АТБ томонидан аҳоли бандлигини ошириш, камбағалликни қисқартириш бўйича 2025 йилда амалга оширилган ишлар сарҳисобига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида сўз юритилди.

Қайд этилишича, 2025 йилда банк томонидан 10,2 триллион сўм кредитлар ажратилган, шунингдек, кичик ва ўрта бизнесга 7,9 триллион сўм, турли дастурлар доирасида 4,2 триллион сўм кредит тақдим қилинган ҳамда 345 минг 895 нафар аҳоли бандлиги таъминланган. Уларнинг 122 минг 66 нафари доимий ишга жойлаштирилган бўлса, қарийб 224 минг нафари тадбиркорликка жалб қилинган.

Бундан ташқари, 47 минг 975 та микролойиҳага 905,1 миллиард сўм кредит ажратилиб, 98 минг 305 та иш ўрни яратилди. Кам даромадли 11 минг 142 та хонадон 318 миллиард сўмлик лойиҳа пакетлари билан қўллаб-қувватланди, бу эса 16 минг 700 дан зиёд ишсиз фуқаролар учун муқим даромад манбаи яратилишига олиб келди.

“Бир контур – бир маҳсулот” тамойили доирасида 5 минг 210 нафар аҳоли 34 минг 764 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирди. Аҳамиятлиси, бу маҳсулотларнинг муайян қисми экспортга чиқарилди.

“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида 181 та ҳудудий бўлинма раҳбарлари ва ёрдамчи агентлар 412 та оиланинг турмуш шароитини яхшилаш орқали уларни Ижтимоий реестрдан чиқаришга муваффақ бўлди.

2026 йил ҳам “Микрокредитбанк” учун қизғин ва самарали келди. Мисол учун, биринчи чоракнинг ўзида 1,7 триллион сўм кредит ажратилиб, аҳоли бандлиги борасида муҳим қадамлар қўйилмоқда.

Ёшлар учун “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида 362 та намунали лойиҳа амалга оширилиши учун агрегаторларга 5,85 миллиард сўм кредит ажратилган. Масалан, Тошкент вилояти Паркент тумани “Шампан” маҳалласида 10 нафар йигит-қизга 1 гектардан ер ижарага берилган бўлиб, ушбу экин майдонларида помидор етиштириш кўзда тутилмоқда. Бу бўйича “Транспорт Глобус” корхонаси ва ер эгалари ўртасида фьючерс шартномаси имзоланиб, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, биринчи экинда 350 тонна маҳсулот етиштирилади ва ҳар бир ёш 60 миллион сўм даромад олиши режалаштирилган.

Бир сўз билан айтганда, “Микрокредитбанк” бу сингари муҳим лойиҳалар орқали камбағалликни камайтириш ва маҳаллий маҳсулотларнинг экспорт салоҳиятини оширишни, айниқса, қишлоқ ҳудудларда иқтисодий фаолликни янада ривожлантиришни мақсад қилган.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

 

“Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ: Фаолият шаффофлиги ва ҳисобдорлик – устувор

“Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастурининг асосий таянч банки ўлароқ тадбиркорликни қўллаб қувватлаш, янги иш ўринлари ва аҳоли учун қўшимча даромад манбаларини яратишга салмоли ҳисса қўшиб келмоқда. Буни ўтган – 2025 йилда эришилган натижалар ҳам яққол кўрсатиб турибди.

Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида ўтказилган анжуманда шу ҳақида сўз борар экан, “Инсон қадри учун” тамойили билан уйғун лойиҳалар мазкур банк хизматларини замон талабларига мослаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилди.– 2026 йил 1 январь ҳолатига банкнинг умумий капитали 5,27 триллион сўмга етди, – дейди Бизнесни ривожлантириш банки Стратегия бош директори Бахтиёр Раҳматов. – Бу ўтган йилга нисбатан қарийб 25 фоизга юқорилаганини кўрсатади. Банк активлари ҳам ўсишда давом этиб, 38 триллион 167 миллиард 731 миллион сўмни ташкил қилди. Бу 2024 йилга нисбатан 18,8 фоизга кўпдир. Даромад келтирувчи активлар 32 триллион 184 миллиард 800 миллион сўмга етди. Ўтган йили банк томонидан жами 10 триллион 380 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди. Бу маблағлар иқтисодиётнинг турли соҳаларида янги лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилди.

Таъкидланишича, Бизнесни ривожлантириш банки мижозлари сони 1 миллион 865 минг 608 нафар бўлиб, шундан 1 миллион 768 минг 254 нафари жисмоний, 97 минг 354 нафари юридик шахслар ҳисобланади.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, 2026 йил 1 январь ҳолатига банкнинг хизмат кўрсатиш офислари сони 76 тани ташкил этди. Шунингдек, мижозлар учун 156 та халқаро пул ўтказмалари, 198 та валюта айирбошлаш ва 327 та 24/7 режимда хизмат кўрсатувчи шохобчалар йўлга қўйилган.

– “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” дастури доирасида 7 601 нафар тадбиркорга 820 миллиард сўм кредит ажратилди, – дейди банкнинг Стратегик ривожлантириш департаменти директори Озода Шукурова. – Бунинг натижасида 7 минг 800 дан ошиқ иш ўрни яратилди. Банкка бириктирилган 610 та маҳаллада 2025 йил давомида 5 триллион 215 миллиард сўм кредит ажратилди. Натижада 262 минг 293 нафар аҳолининг бандлиги таъминланди. Шундан 97 минг 328 нафари доимий ишга жойлаштирилди, 164 минг 965 нафар фуқаро тадбиркорликка жалб қилинди. “Сайхунобод тажрибаси” асосида 6 минг 689 та молиявий пакет шакллантирилди. 28 минг 12 та микролойиҳа амалга оширилиб, 704 миллиард сўм кредит ажратилди.

“Уйчи тажрибаси” доирасида жойларда 1 минг 368 та учрашув ўтказилди. Бу бўйича 5 минг 620 та мурожаат ўрганилиб, амалий чоралар самарасида 8 минг 688 та иш ўрни очилди. “Аёл тадбиркор” кредит маҳсулоти доирасида 1 минг 530 нафар опа-сингилларимизга 192,4 миллиард сўм кредит берилди.

Аҳолининг турар жойга бўлган талабидан келиб чиқиб, 2025 йилда 6 минг 919 нафар фуқарога 1 триллион 892 миллиард сўмлик ипотека кредитлари ажратилди. Уларнинг қарийб ярмига субсидияли ипотека кредитлари тақдим этилгани эътиборга моликдир.

Тадбирда банкнинг 2026 йилдаги устувор вазифалари ҳақида ҳам маълумот берилди. Унда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашни кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш, инновацион хизматларни жорий этиш ва жамоатчилик билан очиқ мулоқотни кучайтиришга алоҳида диққат қаратилиши айтиб ўтилди.

Бундан ташқари, жамоатчилик билан очиқ мулоқотни мустаҳкамлаш, фаолият шаффофлиги ва ҳисобдорлигини таъминлаш банк фаолиятининг доимий устувор йўналишларидан бири бўлиб қолиши таъкидланди.

Ўз навбатида, инновацион молиявий ечимлар ва янги хизмат турларини жорий этиш орқали мижозларга янада кенг имкониятлар яратиш кўзда тутилган.

Тадбир якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

 

“Саккизинчи мўъжиза”

Миллий матбуот марказида “Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталари кутубхонаси” рукнида чоп этилган “Саккизинчи мўъжиза” бадиий-публицистик китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Унда юртимизнинг таниқли журналистлари, адабиётшунос олимлар, медиа соҳасида таҳсил олаётган ёшлар, босма оммавий ахборот воситалари ва электрон нашрларнинг раҳбарлари иштирок этди.

Таъкидланганидек, “Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталари мамлакатимизда кечаётган туб янгиланишлар билан бирга жамият ҳаётида учраётган муаммоларни дадил, чуқур илмий, таҳлилий, танқидий тарзда ёритишда намуна бўлиб келмоқда. Уларда чоп этилган сара мақолаларни жамлаб, ҳар йили “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталари кутубхонаси” сериясида китоб ҳолида ўқувчиларга тақдим этиш яхши анъанага айлангани яна бир эътиборли жиҳатдир. “Саккизинчи мўъжиза” китобида 2025 йилда эълон қилинган ва жамоатчилик эътирофига сазовор бўлган қатор публицистик, таҳлилий-танқидий, мулоҳазали мақолалар, суҳбатлар ўрин олган.

– Тўпламни варақлар эканман, таҳририятда танқид ва таҳлил уйғунлашгани, жойларда учраётган муаммолар далил-исботи ва фактлар билан кўтарилганига амин бўлдим, – дейди филология фанлари доктори Қозоқбой Йўлдошев. – Масалан, Ҳусан Эрматовнинг “Мақсад нечоғлиқ мантиқли?”, Жаҳонгир Наҳановнинг “Ғоялар майдонидаги бўшлиқ”, Дармон Ибрагимовнинг “Пластикка айланаётган одам”, Машҳура Жўрақулованинг “Z авлод қаршисида”, Нурилло Нўъмоновнинг “Тежамаганнинг таги танг” каби мақолаларида жиддий муаммолар бор бўйи ва кўлами билан очиб берилганига амин бўлдим.

– Тўпламда биз яхши таниган журналистлардан Абдунаби Ҳайдаровнинг “Қайта алангаланган чўғ”, Алижон Абдураҳмоновнинг “Сўнгги қўнғироқ – нимага чорлов, нимага зарба?”, Ғуломжон Мираҳмедовнинг “Пойтахт кўчаларидаги пулли парковка”, Аброр Зоҳидовнинг “Кредит, “рассрочка”, “вариант” каби мақолалари эътиборимни тортди, – дейди “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев. – Ушбу тўплам журналистика йўналишида таҳсил олаётган талабалар учун тайёр дарслик бўлиб хизмат қилади. Демак, таҳририят жамоаси бундай анъанани давом эттириши айни муддао бўларди. Тақдимотда сўзга чиққанлар томонидан ОАВ, умуман, журналистлар ҳамиша ўз даври сўзини баралла ва журъат билан айта олиши, шундагина улар жамият ва одамлар олдидаги бурчини тўлақонли адо этишига урғу берилди.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

 

Шиддатли давр, руҳий инқироз, дарз кетаётган одамийлик

Жамиятимиздаги ўзгаришларнинг, жамоатчилик кайфиятининг ўзига хос кўзгуси бўлиб улгурган ижтимоий тармоқларда баъзан киши кўнглини хижил қиладиган янгиликлар кўзга ташланиб қолади: кимдир ўзини юқори қаватдан ташлаб, жонига қасд қилган, қайсидир эркак (ёки аёл) дарғазабликда жуфтига пичоқ санчиган, мусофирдаги эридан аламини олиш ўйида ҳатто жондай азиз фарзандини аямай дўппослаётган она…

Инсонийликнинг юксак мақомига ярашмаган шундай оғриқли манзараларни, бизнингча, бир сабаб боғлаб туради. Бу – руҳий инқирознинг одамийлик мезонларини парчалаб юбораётганидир. Бинобарин, сўнгги йилларда руҳий саломатлик мавзуси бот бот тилга олинаётгани бежиз эмас.

ЖССТ ҳисоб-китобларига кўра, дунёда ҳар саккиз кишидан бири руҳий касалликдан азият чекмоқда. Аниқроқ айтганда, руҳий саломатлик глобал муаммолардан бири ҳисобланмоқда.

Халқаро экспертларнинг фикрича, бу масалага етарлича эътибор қаратмаслик мамлакатлар ва жамиятларнинг наинки ижтимоий барқарорлиги, балки иқтисодиёти учун ҳам қимматга тушади. Бироқ ҳали кўпгина давлатларда соғлиқни сақлаш учун ажратилаётган харажатларнинг жуда кам қисми руҳий саломатликка йўналтирилмоқда. Аксарият жамиятларда расмий руҳий саломатлик хизматлари умуман мавжуд эмас. Натижада кўпинча руҳий инқироз ичида яшаётган одамлар ўз муаммолари билан ёлғиз қолаётир.

Хўш, бизда-чи, деган савол туғилиши табиий.

Сўзимиз аввалида келтирганимиз – кунда-шунда рўй бериб турган таассуфли ҳолатларга қўшимча равишда айтиш мумкинки, мазкур глобал муаммо юртимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Ўтган йили руҳий саломатлик индексида Ўзбекистон 83 давлат ичида 74-ўринда қайд этилгани фикримиз исботи.

– Бугунги кунда руҳий саломатлик масаласи бутун дунёда тиббиётнинг энг долзарб йўналишлари қаторидан жой олган, – дейди Республика руҳий касалликлар клиник шифохонаси бош ҳамшираси, олий тоифали мутахассис Муяссар Мирзаева. – Халқаро илмий-амалий тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, рақамлаштириш даврига келиб дунё аҳолисининг катта қисми ҳаёти давомида камида бир марта бўлса ҳам руҳий бузилиш билан тўқнаш келяпти. “Руҳий бузилиш” деганда фақат оғир психик касалликлар эмас, балки депрессия, хавотир, стресс билан боғлиқ клиник ҳолатлар ҳам тушунилади.

Авваллари психиатрияга оид муаммоларга унчалик ҳам диққат қаратилмаган бўлса, ҳозирга келиб руҳий саломатлик очиқ муҳокама этилаётган, ижтимоий ва иқтисодий аҳамиятга эга мавзуга айланди. Ўрганишлар замонавий ҳаёт тарзи, яъни ахборот оқимининг кескин ошгани, интернет ва ижтимоий тармоқларга қарамлик, экологик таназзул ва озиқ-овқат хавфсизлиги бунинг асосий сабаблари эканини кўрсатмоқда.

Айни тезкор даврда, таъбир жоиз бўлса, бутун ҳаёт тарзи рақамлашиб бораётган инсониятни руҳий инқироз билан юзма-юз қилаётган сабаблар ичида озиқ-овқат хавфсизлиги ҳам борлиги кишини ўйлантиради.

– Бунинг ажабланадиган жойи йўқ, – давом этади М.Мирзаева. – Генетик олимлар биз истеъмол қилаётган озиқ овқатлардаги сунъийлик туфайли танамизда турли мутациялар содир бўлишини аллақачон аниқлашган. Мутациялар сони ошиши инсонда руҳий оғишларни келтириб чиқаради. Мана шундай сабаблар оқибати ўлароқ ҳозирги пайтда амалиётда аутизм ташхиси қўйилган болалар, руҳий синдромлардан азият чекаётган ёши катта беморлар сони ошиб бораётганини кузатишимиз мумкин.

 

Нима қилмоқ керак?

– Одамларимизда истеъмолчилик кайфиятининг юқорилиги, бошқача айтганда, чегара билмаётган ҳою ҳаваслар, дейлик кредит олиб бўлса ҳам, уйини қўшнисиникидан бир қават юқори қилиб қайта қуриш, тўй-маъракани ҳашаматга айлантириш, барча соҳада шиддатли ўзгаришлар кечаётган замонга мослашиш юки, қашшоқлик, зўравонлик, ижтимоий тенгсизлик билан боғлиқ муаммолар фонида руҳий касалликлар хавфи ҳам юқори бўлади, – дейди тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори Наргиза Нуралиева. – Гўдаклик, болалик ва ўсмирлик даврлари инсоннинг руҳий соғлиғига таҳдид солувчи хавф омилларига таъсирчан, заиф бўлади. Айнан шу даврдаги тарбия, ғамхўрлик ва ўрганиш учун қулай шароитлар келажакда руҳий саломатликни муҳофаза қилишнинг кучли омиллари бўлиши мумкин. Демак, аҳоли ўртасида руҳий саломатлик кўрсаткичларини яхшилаш учун биринчи навбатда ёш авлоднинг руҳий саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирларига устувор эътибор қаратмоқ керак.

Биламизки, мактабларда штатдаги психолог лавозимлари жорий этилган, улар асосан ўқувчиларнинг ижтимоий мослашуви, хулқ-атворидаги муаммолар, стресс ва конфликт ҳолатлари билан ишлайди. Бироқ амалиётда битта психологга жуда кўп ўқувчи тўғри келиши, бунинг устига, ишнинг кўпроқ ҳисобот ва формал тадбирлар билан чекланиб қолаётгани каби муаммолар мавжудки, бу профилактика ишларига ўз таъсирини ўтказмай қолмаяпти.

Аҳоли ўртасида руҳий муаммоларни эрта аниқлаш ва профилактика механизмини йўлга қўйиш учун бирламчи тиббий бўғин — поликлиника ва оилавий шифокорлар тизимида психологик ёрдам йўлга қўйилиши шарт. Мазкур масалага меҳнат жамоаларида ҳам эътибор қаратилиши, иш берувчилар ходимларнинг руҳий саломатлигига жиддий ёндашиши ҳаётий заруратдир. Касбий чарчоқ, стресс ва турли конфликтлар энг камида агрессияларга, ўзаро жанжал ва бошқа хунук ҳолатларга олиб келади.

Мухтасар айтганда, аҳоли кенг қатлами руҳий саломатлик бўйича етарли маълумотга эга бўлиши лозим. Чунки бугун кишиларнинг руҳий ҳолатига фақат шахсий масала сифатида қараб бўлмайди. Аҳолининг руҳий саломатлиги иқтисодий ўсишга, оилаларнинг тинчлигига, таълим сифатини оширишга, жиноятчиликни камайтиришга ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Қадам қўйилди

Мамлакатимизда халқимиз саломатлигини муҳофаза қилиш, миллат генофондини асраш тараққиётни таъминловчи стратегик масалалар сирасига киритилган. Бу борада қатор қонун ҳужжатлари, давлат раҳбарининг тегишли фармон ва қарорлари қабул қилиниб, амалиётга татбиқ этилмоқда. Яқинда эълон қилинган «Аҳолига наркологик ва психиатрик хизмат кўрсатиш тизимини трансформация қилиш чора тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори лойиҳаси замирида ҳам ана шу мақсадлар турибди.

Лойиҳа билан танишиш асносида юртимизда аҳолининг руҳий саломатлигини яхшилаш, соҳадаги муаммоларга ҳақчил, тезкор ечим топиш йўлида янги қадамлар қўйилаётганини англаш мумкин.

Лойиҳага кўра, 2027 йил 1 январдан бошлаб Руҳий саломатлик миллий тиббиёт маркази ва унинг 14 та ҳудудий филиалини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Тошкент шаҳар болалар психоневрология маркази Республика болалар руҳий саломатлик маркази этиб қайта ташкил этилиши кўзда тутилмоқда. У болалар психиатрия хизмати бўйича бош муассаса ҳисобланади ҳамда тиббиёт олий таълим муассасаларининг тегишли кафедралари учун асосий клиник база вазифасини бажаради. Шу билан бирга, республика, жумладан, Тошкент шаҳри аҳолисига хизмат кўрсатади.

Руҳий саломатлик хизматларини бирламчи тиббий ёрдам тизими билан интеграция қилиш, ёш психиатрлар тайёрлаш, уларни амалиётга кенг жалб этиш ҳамда аҳолига яқин, қулай хизматлар кўрсатиш вазифалари ҳам қамраб олинган. Ушбу мақсадда кўп тармоқли марказий поликлиникалар ва маслаҳат-диагностика бўлимларида катталар психиатри, болалар психоневрологи (болалар психиатри), нарколог, тиббий психолог ва ҳамширалардан иборат бирламчи руҳий саломатлик бўлинмалари ташкил этилади.

Шунингдек, психиатр ва клиник психологлар тайёрлаш тизими кенгаяди. Қарор лойиҳасида келтирилишича, 2026—2027 ўқув йилидан бошлаб наркология, психиатрия ва тиббий психология йўналишлари бўйича магистратура ҳамда клиник ординатура (резидентура)да ўқиш муддати 2 йил этиб белгиланиши, уларни битирган мутахассислар катталар ва болалар психиатри (психоневролог), суицидолог шифокори сифатида ишлаш ҳуқуқига эга бўлиши мумкин. 2030 йил якунига қадар аҳолининг руҳий саломатлик хизматига бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб, психиатрия, наркология ва тиббий психология мутахассисларини магистратура ҳамда клиник ординатура босқичларида тўлиқ давлат гранти асосида тайёрлаш таклиф қилинмоқда.

***

Замонамизга келиб руҳий саломатлик мавзуси кун тартибига чиқаётганига, назаримизда, инсонларнинг маънавий руҳий озуқадан йироқлашиб бораётгани ҳам ҳал қилувчи сабаблардан биридир. Маҳдудлик, ахборотга, янгиликка, ижтимоий муносабатларга эҳтиёжни фақат гаджетлар орқали қондириш, илму маърифатнинг, китобхонлик ва асл санъатнинг инсон руҳиятидаги кемтикларга қай даражада даво бўлишини унутиб қўйиш пировардида руҳий инқирозга олиб келмаяптимикан?! Буниси энди алоҳида мавзу!

 

Фарида ИБРОҲИМОВА.

 

Сукутдан ҳосил бўлган бўшлиқни бошқалар тўлдиради

Бугун дунё анъанавий урушлардан анча узоқлашиб, инсон онги учун кураш майдонига айланиб бўлди. Қуроллар шовқини ўрнини ахборот оқимлари, танклар ўрнини эса манипулятив нарративлар эгаллади. Айтиш мумкинки, ахборот уруши, мафкуравий босим, қадриятларнинг унутилиши – булар, аввало, жамиятнинг интеллектуал иммунитетини синовдан ўтказмоқда.

Ижтимоий тармоқларда кучайиб бораётган ахборот провокациялари, сохта кун тартиблари, ҳис-туйғуга қаратилган таъсирлар бунга яққол мисол. Сиёсий маданият тамойиллари четлаб ўтилган ҳолда, давлатларнинг ички ишларига аралашиш, жамият онгини беқарорлаштиришга қаратилган уринишлар тобора тизимли тус олмоқда. Турли ахборот хуружлари орқали халқлар ва миллатлар ҳис-туйғуларига таъсир қилиш, уларни қўзғашга ундовчи жараёнлар кучайиб бормоқда.

Шу нуқтада бир ҳақиқатни аниқ айтиш лозим: ҳар қандай жамиятда куч, пул ёки маъмурий ресурслардан ҳам устун турадиган асосий омил бор – бу унинг интеллектуал салоҳиятидир. Ана шу устунликни шакллантирадиган, йўналиш берадиган, жамият онгини ҳаракатга келтирадиган қатлам, табиийки, зиёлилар ҳисобланади.

Хўш, зиёли ким? Мустафо Чўқай зиёли одам ҳақида фикр юритаркан, шундай дейди: “Биз ҳар қандай ўқиган одамни зиёли деб аташимиз мумкинми? Зеро, зиёлилик таҳсил олганлик билан ўлчанмайди. Зиёли инсонларни эса ғоя бирлаштиради”. Улар миллатнинг ақли, маънавий йўлбошчиси, тараққиёт ва таназзул ўртасидаги ноёб мезондир. Чинакам зиёли фақат ақл ва билим эмас, катта қалб ва маънавият эгаси ҳам бўлмоғи зарур. Умуман олганда, зиёли деганда, инсонга, айниқса, ёшларга ҳар томонлама ижобий таъсир кўрсатувчи шахслар тушунилиб, улар турли соҳаларга мансуб бўлишлари мумкин.

Биз, зиёлилар бугун глобал ахборот замонида бирлаша оляпмизми?

Сўнгги йилларда жамиятдаги айрим тенденциялар мени ўйлантирмоқда: зиёлилар сўзи кўпинча кечикаётгани, айрим муҳим масалаларда сукут устун келаётгани кузатилади. Агар зиёлилар сукут қилса, бу сукутдан ҳосил бўлган бўшлиқни бошқалар тўлдиради. Бу сукут жамиятда маънавий вакуумни юзага келтириб, уни бегона ғоялар эгаллашига шароит яратади. Ва кўпинча бу ёлғон, манипуляция ва зўравон ғоялар бўлади. Шунинг учун зиёлининг вазифаси фақат кузатиш эмас, балки йўл кўрсатиш, огоҳлантириш, маънавий устунликни сақлаб қолишдир.

Тарих буни кўп бор исботлаган: қайси жамиятда зиёли қатлам фаол, бирлашган ва келажак олдида жавобгарликни ҳис этган бўлса, ўша ерда ислоҳотлар чуқур, тараққиёт барқарор кечган. Аксинча, зиёлилар сукутга кетган, пароканда бўлган ёки четга сурилган даврларда жамият инерцияга тушган, оқибатда таназзул юз берган.

Бугунги мураккаб геосиёсий шароитда бир ҳақиқат янада равшан кўринади: тинчлик – тасодиф эмас, у онгли танлов, ақлли сиёсат ва маънавий баркамоллик самарасидир. Шу маънода, бугунги осуда ҳаётимиз, барқарорлик ва хотиржамлик учун шукроналик ҳисси ҳар бир фуқаро, айниқса, зиёли инсон қалбида мустаҳкам ўрин эгаллаши шарт.

Жамиятда турли фикрлар, қарашлар мавжуд бўлиши табиий. Аммо улар қарама-қаршиликка эмас, мулоқотга, зиддиятга эмас, ҳамжиҳатликка айланиши керак

Бугунги асосий хавф фақат ташқи таҳдидлар ёки четдан уюштирилаётган тарғиботлар эмас. Энг хавфли омил ички бефарқлик ва умумий мақсад атрофида бирлаша олмасликда кўринади.

Шунинг учун ҳам зиёлилар уйғоқ бўлиши ҳаётий зарурат. Уйғоқлик – воқеаларга кечикиб эмас, ўз вақтида муносабат билдириш билан намоён бўлади. Уйғоқлик – жараёнларни чуқур таҳлил қилиш, ташқи таъсирларга танқидий ёндашиш, халққа тиниқ фикр бериш демакдир.

Фикрлар уйғунлиги, мақсадлар бирлиги ва умумий позиция жамиятни ҳаракатга келтиради. Миллатни уйғотиш орқали жамият онги тиниқлашади, хавф ва имконият ўртасидаги чегара аниқ кўринади. Бу вазифа фақат билим билан эмас, маънавий жасорат билан амалга оширилади. Зиёли сифатида соҳавий масалаларда фикрларимиз бир жойдан чиқмаслиги мумкин, соғлом маънода тортишувлар бўлиши аниқ, аммо Ватан масаласида қарашларимиз бир, ғояларимиз бир. Бу Ватанга садоқатдир! Зеро, бизни олим қилган, эл учун, хотиржамлик ила оиламиз билан бир дастурхонда ўтириб суҳбатлашмоқ завқи учун, шогирдларимизга илму урфонларни улашмоқ учун, шу юрт учун, шу халқ учун миллат зиёлилари бедор бўлмоғи лозим.

Ватанни асраш чегараларни қўриқлаш билан чекланмайди. Шукрки, миллий армиямиз кучли, мудофаа қобилиятимиз мустаҳкам. Қайсидир минтақада сониялар олдин тирик бўлган фарзандини лаҳза қадар кўз олдида вафотини кўраётган оналарни, уруш вайроналарига боққанча бахтли кунларини қўмсаб йиғлаётганларни, алп йигитларнинг қурбон бўлаётганини кўз олдимизга келтира оламизми? Шунда ҳам шукр айтмаймизми?!

Осуда кунларимиз, тўй-у томошаларимиз, фарзандларимизнинг оламшумул ютуқлари учун ҳам шу Ватанни шараф билан, илму зиё нурини сочиб асрамоғимиз керак! Олимликнинг ҳам, орифликнинг ҳам буюк миссияси шу аслида!

Уйғоқ онг, якдиллик ва маънавий устунлик бор жойда тинчлик мустаҳкам бўлади. Ва айнан шу йўл – зўравонликка қарши энг кучли жавоб, ахборот урушига қарши энг пўлат қалқондир.

 

Маҳфуза ЮЛДАШЕВА,

сиёсий фанлар доктори, Тошкент давлат иқтисодиёт университети доценти.

 

Барқарор ривожланиш бўйича глобал ҳисобот: қайси давлатлар етакчи?

Бугунги кунда инсоният тараққиётининг энг муҳим стратегик масалаларидан бири барқарор ривожланиш ҳисобланади. Иқлим ўзгариши, камбағаллик даражасини қисқартириш, озиқ-овқат хавфсизлиги, ижтимоий тенгсизлик ва экологик муаммолар каби глобал таҳдидлар жаҳон ҳамжамиятини иқтисодий ўсиш, ижтимоий адолат ва экологик мувозанатни уйғунлаштирган янги моделни шакллантиришга ундамоқда.

Шу мақсадда 2015 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 2030 йилгача мўлжалланган, бани башар тараққиётининг асосий 17 та йўналишини қамраб олган Барқарор ривожланиш мақсадлари қабул қилинди.

2025 йилда эълон қилинган Барқарор ривожланиш бўйича ҳисоботда мазкур мақсадларга эришиш жараёнида дунё давлатлари қандай натижаларга эришгани таҳлилдан ўтказилди.

Маълум бўлишича, барқарор ривожланиш ғояси глобал миқёсда кенг қўллаб-қувватланаётган эса-да, уни амалга ошириш жараёнида ҳали ҳам қатор жиддий муаммолар сақланиб қолмоқда.

БМТга кўра, дунёдаги 193 давлатдан 190 таси барқарор ривожланиш бўйича миллий стратегиялар ва дастурларни қабул қилган. Бу ҳолат барқарор ривожланиш тамойиллари халқаро ҳамжамият томонидан умумий тараққиёт йўли сифатида қабул қилинганини кўрсатади.

Шу билан бирга, мамлакатлар Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш жараёнида Ихтиёрий миллий шарҳ механизми орқали ўз тажрибалари ва натижаларини тақдим этмоқда. 2015 йилдан буён кўплаб давлатлар камида икки марта миллий шарҳ тақдим этган бўлиб, 2025 йилда яна 39 та мамлакат ўз ҳисоботини эълон қилишини билдирган. Фақат уч давлат – Гаити, Мьянма ва АҚШ ушбу жараёнда иштирок этмаган. Шунингдек, маҳаллий даражада ҳам барқарор ривожланиш сиёсатини баҳолаш учун Ихтиёрий маҳаллий шарҳлар амалиёти кенгайиб бормоқда.

Бироқ амалий натижалар барқарор ривожланишга эришиш йўлидаги мураккабликларни ҳам кўрсатмоқда. Ҳисоботга кўра, жаҳон миқёсида Барқарор ривожланиш мақсадларининг атиги 17 фоизигина белгиланган режа бўйича амалга оширилмоқда, қолган қисмида эса секинлашиш ёки орқага кетиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Айниқса, озиқ-овқат хавфсизлиги, экологик мувозанат ва биохилма хиллик, шаҳарлар инфратузилмасининг барқарорлиги, адолат ва ҳуқуқий институтлар самарадорлиги каби соҳаларда муаммолар сақланиб қолмоқда.

Мутахассислар фикрича, бу ҳолатга геосиёсий можаролар, иқтисодий инқирозлар, молиявий ресурслар етишмаслиги ҳамда иқлим ўзгариши асосий сабаб бўлмоқда.

2025 йилги ҳисоботга кўра, Барқарор ривожланиш индекси бўйича етакчилик асосан Европа давлатларига тўғри келмоқда. Хусусан, Финляндия биринчи, Швеция иккинчи ва Дания учинчи ўринни эгаллаган. Шунингдек, Германия ва Франция ҳам юқори натижаларга эришган давлатлар қаторига киради.

Бу мамлакатларда ижтимоий ҳимоя тизими, таълим ва тиббиёт соҳалари юқори даражада ривожланган бўлиб, давлат бошқарувида шаффофлик ва самарадорлик таъминланган. Бироқ, ҳатто ушбу давлатлар ҳам барқарор истеъмол ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ муаммоларга дуч келмоқда.

Шу билан бирга, Шарқий ва Жанубий Осиё мамлакатлари сўнгги ўн йил ичида барқарор ривожланиш бўйича энг тез ўсишни намойиш этмоқда. Масалан, Непал, Камбоджа, Филиппин, Бангладеш ва Мўғулистон индекси сезиларли даражада ўсган. Шу қаторда Бенин, Перу, Бирлашган Араб Амирликлари, Коста-Рика, Саудия Арабистони ва Ўзбекистон ҳам барқарор ривожланиш бўйича жадал тараққиётга эришган мамлакатлар қаторига киритилган.

Ҳисоботда Ўзбекистон Марказий Осиё ва Шарқий Европа минтақасида барқарор ривожланиш бўйича энг тез тараққий этаётган давлатлардан бири сифатида қайд этилган.

2025 йилги рейтингга кўра, Ўзбекистон 167 та давлат орасида 73,1 балл билан, 19 поғонага кўтарилиб, 62-ўринни эгаллади. Бошқача айтганда, юртимиз 2015 йилдан буён Марказий Осиё ва Шарқий Европа минтақаларида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида фаол суръатда тараққиётга эришган давлат сифатида эътироф этилди. Бу кўрсаткичлар мамлакатимизда кенг қамровли ислоҳотлар самарадорлигини ва жамиятнинг фаол иштирокини намоён этмоқда.

Шу билан бирга, ҳисоботда барқарор ривожланишга эришишдаги асосий тўсиқлардан бири – молиявий ресурслар етишмаслиги ҳам таъкидланади. Дунё аҳолисининг қарийб ярми барқарор ривожланиш дастурларини амалга ошириш учун етарли молиявий имкониятларга эга бўлмаган давлатларда яшайди.

Ривожланаётган мамлакатлардаги ташқи қарзларнинг ортиши, инвестиция ресурсларининг чеклангани, халқаро молиявий тизимдаги тенгсизлик муаммолари ўз таъсирини кўрсатмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, барқарор ривожланишга эришиш учун халқаро молиявий архитектурани ислоҳ қилиш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда ҳисобот муаллифлари ривожланаётган мамлакатларга имтиёзли кредитлар ажратиш, ташқи қарзларни қайта кўриб чиқиш, халқаро экологик жамғармаларни кенгайтириш, глобал инвестиция оқимларини уларга йўналтириш каби амалий чораларни таклиф қилмоқда.

Шунингдек, ҳисоботда барқарор ривожланишда инсон капиталига сармоя киритиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланади. Мутахассислар таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларига инвестиция киритиш узоқ муддатда иқтисодий ўсишни таъминлашини қайд этмоқда. Айрим ҳисоб-китобларга кўра, инсон капиталига киритилган инвестициялар 20 фоизгача иқтисодий натижа бериши мумкин.

Бундан ташқари, сунъий интеллект, рақамли иқтисодиёт, яшил энергетика ва инновацион технологиялар барқарор ривожланишни тезлаштирувчи муҳим омиллар сифатида баҳоланмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам барқарор ривожланишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Камбағалликни қисқартириш дастурлари, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш, яшил иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда рақамли трансформацияни жадаллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар мамлакатнинг бу йўлдаги қатъий позициясидан далолат бермоқда.

Экспертлар томонидан халқаро ҳамкорликни янада кучайтириш, глобал молиявий тизимни ислоҳ қилиш, инновацион технологияларни кенг жорий этиш, инсон капиталига инвестицияларни ошириш, экологик барқарорликни таъминлаш каби устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги тавсия этилган.

Хулоса қилиб айтганда, таҳлиллар жаҳон тараққиётида барқарор ривожланиш ғояси тобора марказий аҳамият касб этаётганини яққол намоён қилмоқда. Ҳисобот натижалари бир томондан кўплаб мамлакатлар барқарор ривожланиш йўлида сезиларли ютуқларга эришаётганини кўрсатса, иккинчи томондан глобал миқёсда ҳали ҳам жиддий муаммолар мавжудлигини кўрсатади.

Геосиёсий зиддиятлар, молиявий ресурслар тақчиллиги, экологик инқирозлар ва ижтимоий тенгсизлик каби омиллар барқарор тараққиёт жараёнини секинлаштирмоқда. Шу сабабли барқарор ривожланиш фақат алоҳида давлатларнинг эмас, балки бутун инсониятнинг умумий масъулиятига айланмоқда. Акс ҳолда 2030 йилгача белгиланган Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш нафақат қийинлашади, балки инсониятнинг келажак ҳаёти ҳам хавф остида қолиши мумкин.

 

Элёржон САМИНОВ,

Барқарор ривожланиш маркази директори.

 

 

Рақамлар эмас, реал натижа муҳим

Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш депутатлик фаолиятининг ҳам энг муҳим ва самарадорлигини белгиловчи механизмларидан бири ҳисобланади. Чунки халқ билан мулоқот жараёнида кўтарилган ҳар бир муаммо айнан мурожаатлар орқали расмий тус олади ва ҳал этиш жараёни бошланади. Агар мурожаат фақат қабул қилиниб, рўйхатга олиниб, кейин жавобсиз ёки юзаки жавоб билан ёпиб қўйилса, бу на мулоқотнинг, на депутатлик институтининг ҳақиқий маъносини акс эттиради. Шу боис замонавий бошқарувда мурожаатлар билан ишлаш фақат “жавоб бериш” эмас, балки муаммони реал натижага олиб чиқиш тизими сифатида шаклланмоқда.

Аввало, мурожаатларни қабул қилиш механизми очиқ ва қулай бўлиши муҳим аҳамият касб этади. Бугунги кунда фуқаролар депутатларга бевосита қабул вақтида, сайёр қабулларда, маҳаллаларда ўтказиладиган мулоқот ва учрашувларда, ёзма аризалар, электрон платформалар ва телефон орқали мурожаат қилиш имкониятига эга. Бу эса жамиятнинг турли қатламлари учун тенг қулайлик яратади: кимдир шахсан келиб муаммосини айтади, кимдир ёзма шаклда баён қилади, кимдир эса онлайн мурожаат йўллайди. Муҳими, ҳар бир мурожаат эътибордан четда қолмайди ва расмий тартибда қайд этилади. Бу босқичнинг шаффофлиги фуқароларда “Мурожаатим идоралар ўртасида йўқолиб кетмайди”, деган ишончни шакллантиради.

Ҳар бир мурожаатнинг индивидуал кўриб чиқилиши эса тизимнинг энг муҳим жиҳатларидан биридир. Чунки муаммолар бир хил мазмунда бўлса-да, уларнинг сабаби, кўлами ва оқибати турлича бўлиши мумкин. Масалан, бир ҳудудда сув муаммоси техник носозлик сабабли юзага келган бўлса, бошқа жойда инфратузилманинг эскиргани оқибати бўлиши мумкин. Шунинг учун мурожаатларни умумий шаблон жавоблар билан ёпиш эмас, балки ҳар бир ҳолатни жойига чиқиб ўрганиш, масъул ташкилотлар билан биргаликда таҳлил қилиш ва аниқ ечим ишлаб чиқиш амалиёти йўлга қўйилмоқда. Бу ёндашув мурожаатни “рақам” сифатида эмас, балки инсон тақдири билан боғлиқ масала сифатида кўриб чиқишга хизмат қилади.

Натижага йўналтирилган ёндашув мурожаатлар билан ишлаш тизимининг асосий мақсадини белгилайди. Шунга кўра, эндиликда мурожаат натижаси ҳақида сўз борганда биринчи навбатда “Муаммо ҳал бўлдими?” деган савол ўртага ташланмоқда. Агар фуқаро электр таъминоти узилиши ҳақида мурожаат қилган бўлса, оддий тушунтириш хати эмас, балки носозлик бартараф этилгани натижа бўлиб ҳисобланади. Агар йўл таъмири талаб этилса, муаммо режа-жадвалга киритилиб, аниқ муддатда бажарилиши таъминланади. Шундай қилиб, мурожаат ижросининг реал натижаси тизим самарадорлигининг бош кўрсаткичи бўлиб қолмоқда. Бу эса депутатлик фаолиятини қоғозбозликдан амалий ечимлар майдонига олиб чиқмоқда.

Зарур ҳолларда такрорий мурожаатлар, депутатлик сўровлари ёки жамоатчилик муҳокамалари орқали масаланинг тезкор ҳал этилиши таъминланади. Бу механизм масъул идораларни бефарқ бўлиб қолишдан сақлайди ҳамда фуқаролар муаммосига жиддий ёндашишга мажбур этади. Натижада мурожаатлар жавобсиз қолмайди, балки амалий ечимга олиб келади.

 

Депутатлик сўровлари – муаммоларни ҳал қилиш воситаси

Депутатлик сўровлари бугунги вакиллик ҳокимияти фаолиятида муаммоларни тизимли ва мажбурий тартибда ҳал этишга хизмат қилувчи энг самарали ҳуқуқий механизмлардан биридир. Агар халқ билан мулоқот ва мурожаатлар муаммони аниқлаш босқичи бўлса, депутатлик сўрови ана шу муаммони давлат идоралари кун тартибига қатъий олиб чиқадиган, уни ижрога йўналтирадиган восита саналади.

Депутатлик сўровининг моҳияти шундаки, у муаммони шахсийлик даражасидан чиқариб, жамоатчилик манфаатига дахлдор масала сифатида кўриб чиқишга мажбур этади. Масалан, бир фуқаронинг электр ёки сув муаммоси депутатлик сўрови орқали бутун ҳудуд инфратузилмасига оид тизимли муаммога айланиши мумкин. Сўровда муаммо далиллар билан асосланади, унинг сабаблари кўрсатилади ва масъул ташкилотлардан аниқ муддатларда ечим тақдим этиш талаб қилинади. Бу ёндашув масалани юзаки “кўриб чиқилди” даражасида эмас, балки реал ижрога йўналтиради.

Назорат механизми сифатидаги аҳамияти эса депутатлик сўровининг энг кучли жиҳатларидан биридир. Депутат муаммо юзасидан сўров юборгач, унинг ижроси доимий кузатувга олинади, белгиланган муддатларда натижа талаб қилинади. Зарур ҳолларда масала қайта кўтарилади, кенг муҳокамага чиқарилади ёки юқори даражадаги органлар эътиборига ҳавола этилади. Бу жараён давлат идораларининг масъулиятини ошириб, “жавоб бердик – иш тугади” деган ёндашувнинг олдини олади. Эндиликда асосий мезон ҳужжат эмас, балки муаммонинг амалда ҳал бўлишидир.

Сўнгги йилларда депутатлик сўровлари институтининг аҳамияти янада кучайтирилди. Жумладан, Президентнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида бундан буён депутат сўровлари ижроси ҳар чоракда чуқур таҳлил қилиниши, сусткашликка йўл қўйилган ҳолатлар бўйича прокуратура органларига тақдимномалар киритилиши алоҳида таъкидланди. Бу ташаббус депутатларга кўрсатилаётган юксак ишонч билан бирга, уларнинг ваколатлари реал кучга эга эканини ҳам амалда мустаҳкамлади.

Бироқ муаммоларни ҳал қилиш фақат депутатлик сўровлари билан чекланиб қолмайди. Айрим масалалар кенг ҳамкорлик, жойларда тизимли иш олиб бориш ва маҳалла институтлари билан узвий алоқани талаб қилади. Яъни депутатларнинг маҳаллалар билан олиб бораётган тизимли ҳамкорлиги, жойлардаги муаммоларни биргаликда ҳал этиш амалиёти қандай йўлга қўйилгани бугунги кунда долзарб масалалардан бирига айланди.

 

Маҳаллалар билан тизимли ҳамкорлик

Маҳаллалар билан тизимли ҳамкорлик бугунги депутатлик фаолиятининг энг муҳим таянчларидан бири сифатида шаклланмоқда. Чунки маҳалла — бу жамиятнинг энг қуйи, аммо энг реал ҳаёт акс этадиган бўғини бўлиб, аҳолининг кундалик муаммолари, эҳтиёжлари ва ташаббуслари айнан шу бўғинда юзага чиқади. Депутат фаолияти маҳалла билан узвий боғланмаган тақдирда у фақат умумий масалалар билан чекланиб қолади, ҳаётдан узоқлашиб кетади. Шу боис, замонавий бошқарувда депутат ва маҳалла ўртасидаги ҳамкорлик муҳим бўлиб, улар бир бутун механизм сифатида ишлаши айни заруратдир.

Биргаликдаги ташаббуслар депутат ва маҳалла ҳамкорлигининг яна бир муҳим йўналишидир. Кўплаб муаммоларни фақат давлат маблағи билан эмас, балки жамоатчилик иштироки орқали ҳам ҳал этиш мумкин. Масалан, ободонлаштириш ишлари, яшил ҳудудлар яратиш, спорт майдончалари барпо этиш, ёшлар учун тадбирлар ташкиллаштириш каби ташаббуслар маҳалла фаоллари, тадбиркорлар ва депутатлар ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Бундай ташаббуслар нафақат муаммоларни тезроқ ҳал этади, балки фуқароларда ўз маҳалласига эгалик ҳиссини кучайтиради. Натижада одамлар ҳудуд ривожига бефарқ бўлмай, фаол иштирок этишга интилади.

Ижтимоий лойиҳалар эса ҳамкорликнинг стратегик йўналишига айланмоқда. Кам таъминланган оилаларни қўллаб қувватлаш, ёшлар бандлигини ошириш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, ногиронлиги бўлган шахслар учун шароит яратиш каби лойиҳалар депутатлар ташаббуси ва маҳаллалар ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Бундай лойиҳалар муаммоларни вақтинчалик эмас, балки узоқ муддатли барқарор ечим асосида ҳал этишга хизмат қилади. Шу орқали маҳалла ижтимоий ёрдам марказидан ижтимоий ривожланиш майдонига айланиб бормоқда.

 

Санжар СОБИРЖОНОВ,

Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори,

халқ депутатлари Юнусобод туман Кенгаши депутати.

 

Гендер тенглик инсон ҳуқуқлари кафолатининг муҳим мезонидир

Баъзан “гендер тенглик” деган гапни эшитсак, жуда катта, расмий ва узоқ тушунчадек туюлади. Лекин аслида бу ҳар бир оила, ҳар бир иш жойида инсонга, яъни барчага тенг имконият берилиши демакдир. Яъни кимдир фақат аёл бўлгани учун четлатилмаслиги ёки ўзини ожиз ҳис қилмаслиги керак.

Илгари айни мавзу унчалик очиқ гапирилмасди. Ҳозир эса қонунлар қабул қилинди, янги имкониятлар пайдо бўлди, аёлларга кўпроқ эътибор қаратиляпти.

ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши ташаббуси билан парламент ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари иштирокида гендер тенглик ва хотин-қизлар мурожаатларини самарали ҳал этиш масалалари бўйича ўтказилган давра суҳбатида шу мавзуга эътибор қаратилди.

Суҳбат жараёнида иштирокчилар томонидан бугунги кунда имкониятлар кенгайгани, қонунчилик такомиллашгани, аёлларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар кучайгани, лекин шу билан бирга, хотин-қизларнинг бу борадаги мурожаатлари ҳам кам эмаслиги, яратилган имкониятлардан фойдаланишда айрим қийинчиликлар сақланиб қолинаётгани қайд этилди.

 

Акмал УМАРАЛИЕВ,

ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари:

– Гендер тенглик ижтимоий адолат ва барқарор тараққиёт асоси ҳисобланади. Чунки жамиятда эркаклар ва аёллар учун тенг имкониятлар яратилмас экан, ҳақиқий ривожланишга эришиб бўлмайди.

Оддий қилиб айтганда, жамиятнинг ярми тўлиқ имкониятдан фойдалана олмаса, бу жамият тўлиқ куч билан ҳаракат қилмаяпти дегани. Шунинг учун ҳам гендер тенглик масаласи фақат аёллар муаммоси эмас, балки бутун жамиятнинг келажаги билан боғлиқ масаладир.

Ўзбекистон аҳолисининг 49,6 фоизини аёллар ташкил этади ва бу кўрсаткич уларнинг жамиятдаги ўрни нақадар муҳим эканини яққол ифодалайди. Хусусан, Тошкент вилоятида 1 миллион 574 мингдан ортиқ аёл истиқомат қилаётгани ҳудудий сиёсатда хотин қизлар масаласига алоҳида эътибор қаратишни талаб этади.

Биламизки, 2019 йилда қабул қилинган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонун жамиятда гендер тенгликни таъминлашда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. У нафақат ҳуқуқларни ҳимоя қилади, балки аёллар ва эркаклар учун тенг имкониятларни амалга ошириш жараёнини тизимли равишда қонуний тартибга солади.

Бу қонун орқали аёлларнинг таълим олиш, соғлиқни сақлаш, тадбиркорлик ва давлат бошқарувидаги иштироки кенгайиб бормоқда. Бу энг асосий ижобий натижа ҳисобланади, чунки аёлларнинг фаоллиги жамиятдаги қарорлар қабул қилинишида ҳам ҳис этилади ва иқтисодий ҳамда ижтимоий тараққиётга сезиларли таъсир кўрсатади.

Шу билан бирга, хотин-қизлар мурожаатларини самарали кўриб чиқиш ва уларга тез ва аниқ ечим топиш жараёнлари ҳам бу қонуннинг амалий аҳамиятини янада оширмоқда. Бу эса нафақат ҳуқуқий адолатни таъминлайди, балки аёлларнинг ўз ҳаёти ва имкониятлари устидан ишончини мустаҳкамлайди.

Албатта, ушбу жараёнда хотин-қизлар мурожаатларини самарали кўриб чиқиш ва уларга тез ва аниқ ечим топиш учун қатор амалий чоралар кўрилиши муҳим. Бу борада бир қатор таклифларни баён этмоқчиман.

Айтиш керакки, мурожаат олганидан кейин тезкор қайта алоқа муҳим аҳамиятга эга. Аёлга унинг мурожаати қай даражада кўриб чиқилаётгани ҳақида маълумот бериш орқали ишонч ва очиқлик таъминланади. Бу ортиқча қўрқув ва шубҳаларни камайтиради. Ҳар бир мурожаат текширилишида қонун ва амалдаги йўриқномалар асос қилиб олиниши, аёлларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилиши керак. Бу нафақат адолатни таъминлайди, балки аёлнинг ҳуқуқини ҳимоя қилади.

Шу билан бирга, психологик ва маслаҳат бўйича қўллаб-қувватлаш ҳам муҳимдир. Мурожаат қилган аёллар психолог ёки ҳуқуқшунос билан учрашиб, ўз муаммосини тушунтириши ва ечим топишда қўллаб-қувватланиши лозим. Бу тизим самарадорлигини оширади ва аёлларнинг ўзини ишончли ҳис қилишини таъминлайди.

Шундай қилиб, оиладан бошлаб иш жойигача бўлган барча муҳитда аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фикрини эшитиш ва имконият бериш орқалигина ҳақиқий натижага эришиш мумкин.

 

Коммуна ШЕРМАТОВА,

Чиноз тумани “Тадбиркор аёл” уюшмаси раиси:

– Аёлларнинг жамиятдаги ўрни ва ролини мустаҳкамлаш – бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда аёллар нафақат оила бекаси, балки иқтисодий ва ижтимоий ҳаётнинг фаол иштирокчисига айланган. Улар таълим олади, тадбиркорлик қилади, давлат ва жамоат бошқарувида фаол иштирок этади.

Аёлларнинг иқтисодий фаоллиги — бу нафақат оила фаровонлиги, балки бутун мамлакатнинг иқтисодий ўсиши учун муҳим омилдир. Улар тадбиркорлик билан шуғулланса, янги иш ўринлари яратилади, бизнес ва инновациялар ривожланади. Шу билан бирга, давлат бошқарувида аёлларнинг иштироки қарор қабул қилиш жараёнини мукаммаллаштиради ва жамиятнинг турли қатламлари фикрини ҳисобга олишга имкон беради.

Шу маънода партиямиз ташаббуси билан жойларда ўтказилаётган учрашувлар, давра суҳбатлари ва маърифий тадбирлар орқали аёлларнинг муаммолари ўрганилмоқда, уларнинг мурожаатлари жойида ҳал этиляпти. Масалан, иш бошлаш ниятида юрган аёлларга молиявий маслаҳатлар ва кредит олиш имкониятлари бўйича кўмак кўрсатилмоқда, шунингдек, кичик бизнесни ривожлантириш учун тегишли давлат дастурларига йўналтирилмоқда.

Шунингдек, таълим ва касб-ҳунар соҳасида мурожаат қилган хотин-қизларга тегишли тренинглар ва малака ошириш курслари таклиф этилиб, уларнинг билим ва кўникмалари кучайтирилмоқда. Бу аёлларга нафақат ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш, балки жамиятда фаол иштирок этиш имконини ҳам беради.

Шу тариқа, жойлардаги тадбирлар орқали аёллар ҳаётида ҳақиқий ўзгаришлар юзага келмоқда, уларнинг имкониятлари кенгаймоқда ва жамиятда аёллар иштироки тобора фаоллашмоқда. Бу эса нафақат гендер тенгликни таъминлайди, балки барқарор тараққиёт ва ижтимоий адолатнинг асоси ҳисобланади.

Давра суҳбатида халқ депутатлари Оҳангарон шаҳар Кенгаши депутати Наргиза Холтўраева гендер тенгликни таъминлашда амалий ёндашувлар ҳақида гапириб ўтди. У жойларга чиқиб ўрганишлар ўтказиш, аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш орқали муаммоларни аниқлаш ва ечиш самарали натижа бераётганини қайд этди.

“Аёллар дафтари” тизими орқали эҳтиёжманд аёлларни қўллаб қувватлаш, уларни иш билан таъминлаш ва касб-ҳунарга ўргатиш бўйича эришилган натижаларга алоҳида тўхталди. Шунингдек, депутатлик сўрови институти орқали муаммоларни ҳал қилиш амалиёти самарали ишлаётгани таъкидланди.

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси бўлим бошлиғи Ўғилой Ўразова ўз сўзида гендер тенглик тизимли сиёсат ва стратегик ёндашув маҳсули эканини қайд этди. У мамлакатимизда бу йўналишда мустаҳкам ҳуқуқий база яратилганини, 110 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганини таъкидлаб, янги таҳрирдаги Конституция, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳамда гендер тенглик стратегиясида ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилганига урғу бериб ўтди. Шунингдек, халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг ўрни сезиларли даражада яхшиланганига мисоллар келтирилди.

– Парламентлараро иттифоқ рейтингида 36-ўрин, гендер индексида 52-ўрин ва Жаҳон банки рейтингида 48-ўрин эгаллаши – амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳақиқий самарадорлигини кўрсатади. Бу натижалар гендер тенгликка эътибор қаратилган чора-тадбирлар фойда бериши ва уларнинг ҳаётда сезиларли ўзгаришларга олиб келаётганини исботлайди, – деди Ўғилой Ўразова.

ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири, халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги ЎзХДП депутати Мухсиддин Низомиддинов бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасини аниқ рақамлар ва таҳлиллар орқали изоҳлаб берди.

Маърузачи, айниқса, қизларнинг интеллектуал салоҳияти тобора ортиб бораётганини таъкидлади. Масалан, қизлар орасида олий ва касб ҳунар таълими билан шуғулланувчи фуқаролар сони йилдан-йилга ўсмоқда, бу эса уларнинг билим ва кўникмалари кенгайиб, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этиши учун имкон яратмоқда.

Таъкидландики, 2024–2025 ўқув йилида республика бўйича 11-синфни 433 503 нафар, 9-синфни эса 633 952 нафар ўқувчи тамомлаб, жами 1 067 455 нафар битирувчига шаҳодатнома берилган. Шу билан бирга, 13 686 нафар иқтидорли битирувчи олтин ва кумуш медаллар билан тақдирланган бўлиб, уларнинг катта қисмини айнан қизлар ташкил этгани бугунги таълим тизимидаги муҳим тенденцияни кўрсатади.

Бу рақамлар таълим соҳасида аёлларнинг интеллектуал салоҳиятининг тобора ортиб бораётганини кўрсатади. Қизлар нафақат билимли, балки фаол ва мақсадлилик хусусияти билан ҳам ажралиб турибди. Бу эса уларнинг келажакда иқтисодий, ижтимоий ва давлат бошқарувидаги фаол иштирокини таъминлайди.

Гендер тенгликни кафолатлаш фақат давлат органларининг эмас, балки ҳар биримизнинг вазифамиздир. Чунки адолатли ва барқарор жамият айнан тенг имкониятлар асосида қурилади.

 

Лазиза ШЕРОВА,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

 

Навоийда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари қандай натижа беряпти?

Кейинги йилларда мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш чора тадбирлари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Аҳоли ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, кучли ижтимоий сиёсат юритишни мақсад қилган Халқ демократик партияси учун ҳам бу принципиал масала ҳисобланади. Шу сабабдан партия мазкур соҳадаги стратегик вазифаларнинг ҳудудлардаги ижроси бўйича доимий ўрганиш ва таҳлиллар олиб бормоқда.

Навоий шаҳрида ўтган “Камбағалликни қисқартириш: натижалар, муаммо ва ечимлар” мавзусидаги жамоатчилик эшитувида вилоятдаги мавжуд ҳолат масъул идоралар мутасаддилари иштирокида атрофлича муҳокама қилинди.

Кун тартибидаги масала юзасидан Навоий вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси, шунингдек, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси раҳбарларининг ахбороти эшитилди.

Қайд этилишича, 2025 йил бошида вилоятда Ижтимоий реестрда турган камбағал оилалар сони 13,8 мингта бўлиб, камбағаллик даражаси 5,7 фоизни ташкил қилган. Йил давомида 10,2 минг оила камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик даражаси 4,2 фоизга тушган.

Ўтган йили вилоятда 156,7 минг нафар аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаш режа қилинган бўлса, амалда бу рақам 162,7 минг нафарни ташкил этган.

Навоий, Зарафшон ва Ғозғон шаҳарларида ишсизлик даражаси 4 фоиздан пасайиб, “табиий ишсизлик” даражасига яқинлашгани ҳам муҳим натижа сифатида қайд этилди.

Эшитувда депутатлар камбағалликни қисқартиришда эришилган натижалар билан бир қаторда, ҳали ечимини кутаётган масалаларга ҳам тўхталиб ўтдилар. Хусусан, бугунги кунда вилоятдаги 310 та маҳалладан 143 таси камбағалликдан чиқарилгани, айрим ҳудудларда аҳолини доимий ва барқарор даромад манбалари билан таъминлашда учраётган муаммолар таҳлил қилинди.

Мутахассисларнинг фикрича, камбағалликни қисқартиришда таълим тизими билан меҳнат бозори ўртасидаги узвий боғлиқликни таъминлаш муҳим. Касб-ҳунарга ўқитиш марказларида бозорда талаб юқори бўлган мутахассисликлар бўйича ўқув курсларини ташкил этиш ва битирувчиларни ишга жойлаштиришнинг аниқ механизмларини жорий этиш орқали самарадорликни ошириш мумкин.

Шунингдек, камбағалликни қисқартиришга фақат ижтимоий нафақалар ажратиш ва бир марталик ёрдамлар билан эмас, балки аҳолининг доимий даромадга эга бўлиши, янги иш ўринлари яратиш орқали эришиш мумкинлиги таъкидланди.

Жамоатчилик эшитувида партия электорати вакиллари мутасаддиларга бевосита мурожаат қилиш имкониятига эга бўлди, фуқароларни ўйлантираётган қатор масалалар юзасидан аниқ чоралар белгиланди.

Халқ демократик партияси депутатлари ҳудудлардаги ўрганиш натижалари асосида фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдиришди. Камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимоянинг манзиллилигини ошириш муҳимлиги билдирилди. Айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш устувор вазифалардан бири экани қайд этилди.

Халқ демократик партияси сўл қанот сифатида мазкур йўналишдаги ишларнинг ижроси устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, аҳоли мурожаатлари билан яқиндан ишлаш, уларни янада самарали ҳал этиш бўйича саъй-ҳаракатларини изчил давом эттириши таъкидланди.

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши Ахборот хизмати.

 

Мурожаатлар – жамият кайфиятини кўрсатувчи муҳим кўзгу

Мамлакатимизда аҳоли билан мулоқот маданиятини янада мустаҳкамлаш, фуқароларнинг мурожаатларини тизимли ўрганиш ва уларга ўз вақтида ечим топиш масалалари давлат бошқарувидаги устувор йўналишлардан бирига айланмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, Халқ қабулхоналари фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш ва жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бу борадаги ишларнинг навбатдаги муҳим босқичи бўлди.

Сўнгги йилларда юртимизда “давлат халқ учун хизмат қилиши керак” деган тамойил амалда ўз ифодасини топаётгани барчамизга маълум. Аҳолининг ижтимоий фаровонлигини ошириш, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, одамларнинг турмуш даражасини кўтаришга қаратилган кенг кўламли дастурлар изчил олиб борилмоқда. Жумладан, жорий йилда маҳаллаларда инфратузилма ва аҳоли турмуш шароитини яхшилаш учун 56 триллион сўм маблағ ажратилаётгани давлат сиёсатининг инсон манфаатларига йўналтирилганини яна бир бор тасдиқлайди.

Йиғилишда шунча имконият ва механизмлар мавжуд бўлишига қарамасдан, айрим ҳудудларда аҳоли мурожаатларига ўз вақтида ечим топилмаётгани, баъзи ҳолларда муаммолар ижтимоий тармоқларда катта муҳокамага сабаб бўлганидан кейин ҳаракат бошланаётгани жойлардаги ижро интизоми ва масъулият масаласини жиддий кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Аслида мурожаатлар — бу фақатгина ариза ёки шикоят эмас. Улар жамиятдаги реал кайфият, одамларнинг кундалик ҳаётида учраётган муаммолар, айрим соҳалардаги тизимли камчиликларни намоён этувчи кўзгудир. Шу боис мурожаатларни фақат расмий тартибда кўриб чиқиш билан чекланиб қолмасдан, уларнинг келиб чиқиш сабабларини чуқур таҳлил қилиш, тизимли муаммоларни бартараф этиш давлат бошқарувининг муҳим вазифасига айланмоқда.

Йиғилишда алимент масаласи, энергетика ва коммунал инфратузилма, йўллар ҳолати, ичимлик суви таъминоти каби соҳалар бўйича мурожаатлар кўплиги алоҳида қайд этилди. Бу эса мазкур йўналишларда хизматлар сифати ва мавжуд муаммоларни чуқур таҳлил қилиш, манзилли чора-тадбирларни кучайтириш зарурлигини англатади.

Айниқса, Халқ қабулхоналарини фақат мурожаат қабул қилувчи идора сифатида эмас, балки жойлардаги муаммоларни тизимли таҳлил қиладиган, масъул идоралар фаолиятига таъсир кўрсатадиган ва амалий ечимлар ишлаб чиқадиган марказга айлантириш ҳақида билдирилган фикр ва ташаббуслар давлат бошқарувида сифат жиҳатидан янги босқични бошлаб бериши шубҳасиз.

Бу жараёнда сиёсий партиялар вакиллик органлари фаолияти ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Чунки аҳоли мурожаатларини тизимли ўрганиш ва уларни давлат қарорлари қабул қилиниши жараёнига етказишда партиялар муҳим кўприк вазифасини бажаради. Шу маънода, Ўзбекистон Халқ демократик партияси учун аҳоли мурожаатлари билан ишлаш партиянинг дастурий мақсадлари ва ижтимоий адолат тамойилларини амалга оширишнинг муҳим механизми ҳисобланади.

Партиянинг жойлардаги кенгашлари, маҳаллий Кенгашларда фаолият юритаётган депутатлари ҳамда Жамоатчилик қабулхоналари аҳоли билан доимий мулоқот ўрнатиш, уларни ўйлантираётган муаммоларни ўрганиш ва бу масалаларни парламент ҳамда маҳаллий вакиллик органлари кун тартибига олиб чиқишда янада фаол бўлиши зарур.

Бугунги кунда партия Жамоатчилик қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, фуқароларни энг кўп ташвишга солаётган масалалар иш билан таъминлаш, коммунал хизматлар сифати, уй-жой таъминоти, ижтимоий ҳимоя ва тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари билан боғлиқ. Бу эса, ўз навбатида, партия депутатлари ва кенгашлари олдида турган устувор вазифаларни янада аниқ белгилаб беради.

Шу нуқтаи назардан, партия депутатлари жойлардаги мурожаатларни чуқур таҳлил қилиш, уларнинг сабабларини ўрганиш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш юзасидан маҳаллий ҳокимликлар ва тегишли идоралар фаолияти устидан депутатлик назоратини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиши лозим. Шунингдек, аҳолини ўйлантираётган масалаларни маҳаллий Кенгашлар сессиялари кун тартибига киритиш, улар бўйича аниқ қарорлар қабул қилинишига эришиш ҳам партия вакилларининг муҳим вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда.

Айни пайтда партиянинг барча даражадаги кенгашлари ва депутатлик корпуси аҳоли мурожаатлари билан ишлашда фақат уларни кўриб чиқиш билан чекланиб қолмасдан, муаммонинг илдиз сабабларини аниқлаш ва уларни бартараф этишга қаратилган амалий таклифлар ишлаб чиқишга ҳам алоҳида эътибор қаратиши зарур.

Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, оила манфаати, ижтимоий адолат масаласи туради. Шунинг учун ҳам Халқ демократик партияси аҳоли мурожаатларини жойлардаги ижтимоий муаммоларни аниқлаш, уларни ҳал этиш бўйича самарали парламент ва жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг муҳим манбаи сифатида кўради.

Одамларнинг дарди эшитилган, муаммолари ўз вақтида ҳал этилган жамиятда давлатга бўлган ишонч мустаҳкамланади, ижтимоий барқарорлик ва адолат тамойиллари янада кучаяди.

 

Аброр ҚУРБОНОВ,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари.