Мамлакатимизда банк фаолияти турлари кенгаймоқда

Ҳозирда жаҳонда ҳукм сураётган мураккаб бир даврда мамлакатимиз иқтисодий ривожини жадал суръатда олиб боришда халқаро молия ташкилотлари билан ҳамкорлик масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, микромолия ташкилотлари томонидан исломий молия хизматлари кўрсатилиши учун ҳуқуқий асос 2024 йилнинг июль ойида яратилганига қарамай, исломий молия хизматларини солиққа тортиш масалалари ҳал этилмагани сабабли мазкур хизматларнинг микромолия ташкилотлари кредит портфелидаги улуши атиги 3,8 млрд. сўмни ёки 0,04 фоизни ташкил этган.

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий қилишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан исломий банк фаолиятининг ҳуқуқий асослари ва банклар томонидан исломий молия хизматлари кўрсатилиши тартиби белгиланди.

Қонун билан Марказий банкка Кредит ташкилотлари учун исломий молия стандартларини тасдиқлаш ва Исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияни бериш, қайта расмийлаштириш ва чақириб олиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ваколатлари берилмоқда.

Таъкидлаш лозимки, банклар исломий банк фаолиятини амалга ошириш лицензиясини олган ҳолда бир вақтнинг ўзида ҳам анъанавий молия операцияларини, ҳам исломий молия операцияларини амалга ошириш имкониятига эга бўлади.

Шунингдек, Бош регулятор томонидан Исломий молия фаолияти билан боғлиқ масалаларни мувофиқлаштирувчи Марказий банкнинг исломий молия кенгашини ташкил этиш ва тугатиш тўғрисида қарорлар қабул қилиши ва унинг фаолиятига доир талабларни белгилаши нормаси киритилди.

Марказий банкнинг исломий молия кенгаши МБ назорат қилиши керак бўлган шахслар томонидан амалга ошириладиган исломий молия фаолиятини мувофиқлаштирувчи коллегиал орган ҳисобланади.

Марказий банк исломий молия кенгаши исломий молия стандартларини ишлаб чиқади, ушбу соҳада норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда Марказий банкка кўмаклашади, баҳс мунозараларга сабаб бўлувчи масалалар юзасидан тушунтиришлар ва изоҳлар беради ҳамда исломий молия фаолияти билан боғлиқ низолар бўйича хулосалар тақдим қилади.

Банк томонидан банк ҳисобварақларини очиш ва юритиш, тўловларни амалга ошириш, омонатларга (депозитларга) пул маблағларини жалб этиш, ўз номидан кредитлар (қарзлар) бериш бўйича банк фаолияти операциялари бўйича банкларга нисбатан белгиланган қоидалар исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкларга нисбатан ҳам татбиқ этилиши мумкин.

Исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия орқали банклар фойдани тақсимлаш шарти асосида мижозни молиялаштириш ёки пул маблағларини инвестициявий омонатларга жалб этиш, вакиллик шартномаси орқали пул маблағларини бериш ёки инвестициявий омонатларга жалб этиш, товарни насияга сотиш орқали мижозни молиялаштириш, товарлар учун олдиндан ҳақ тўлаш орқали мижозни молиялаштириш, биргаликдаги фаолиятни (шерикчилик) амалга ошириш ёки юридик шахсларнинг устав капиталида иштирок этиш орқали мижозни молиялаштириш ва мол-мулкни исломий ижарага бериш каби фаолиятни амалга ошириши мумкин.

Исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган банкларнинг тегишли фаолияти исломий молия стандартларига мувофиқлиги юзасидан ҳар йили камида бир маротаба исломий молия бўйича ташқи аудит текшируви ўтказилиши лозим. Исломий молия операцияларини солиққа тортишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳам белгиланди, жумладан, солиққа тортиш мақсадларида банклар ва микромолия ташкилотлари томонидан исломий молия фаолияти доирасида мижозга реализация қилинадиган товарларга қўйиладиган устам ҚҚСдан озод қилинади.

Шунингдек, республикамиздаги банклардаги аҳоли омонатларини кафолатлаш механизмлари исломий молия соҳасидаги илғор амалиётларга мувофиқ исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкларга ҳам татбиқ этилиши белгиланди.

Исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия жорий қилинаётгани муносабати билан исломий банк фаолиятини лицензиялаш учун давлат божи белгиланган.

Мамлакатимизда исломий банк хизматлари босқичма-босқич йўлга қўйилиши яширин иқтисодиёт улушини камайтиришга, хорижий инвестицияларни жалб этишга хизмат қилади.

 

Эркин ГАДОЕВ,

Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси.

 

Ташаббусли бюджет электорат манфаатларига хизмат қиладиган лойиҳаларни амалга ошириш учун янги имкониятлар бермоқда

Ҳар бир давлат ва жамият аъзоларининг ўзаро ҳамкорлиги, фикрлар муштараклиги, шунингдек, фуқароларнинг ижтимоий, сиёсий жараёнларда фаол иштироки демократик ислоҳотларнинг муҳим ва асосий индикатори ҳисобланади. Айниқса, давлатнинг молия, иқтисодиёт борасидаги сиёсати шаффоф кўринишга эга бўлиши аҳолининг ишончи ошишида катта роль ўйнайди.

Бундай имкониятларни яратган мамлакатларга нисбатан «good governance» (яхши ҳукумат) ёки «рublic governance» (халқ ҳукумати) мақомини бериш амалиёти ҳам мавжуд. “Халқ ҳукумати” қарорларни қабул қилишда ва уни бажаришда фуқароларнинг кенг иштироки билан белгиланади.

1990 йилда Жаҳон банки томонидан дунёнинг ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлари учун тажриба кўринишида иқтисодий лойиҳаларда аҳолининг фаол иштирокига қаратилган биринчи дастур ишлаб чиқилган ва бунда дастлаб аҳолининг фикрини олиш ташаббуси берилган эди.

Бугун дунё мамлакатларида аҳолининг давлат бошқарувида бевосита иштирокини таъминлашда ахборот технологияларининг ўрни ва таъсири ошиб бормоқда. Аммо бу ўринда савол туғилади. Бунинг самарасини қандай баҳоланади? Унинг натижалари қандай аниқланади?

Таҳлилларга кўра, “электрон ҳукумат” ёки “электрон ҳужжат” айланмаси биринчи навбатда инсон омилининг аралашувини кескин камайтиришга хизмат қилади. Чунки кимларнидир бундай лойиҳаларга “суқилиб” киришига умуман йўл қўйилмайди. Бу биринчидан.

Иккинчидан, аҳоли лойиҳада кўрсатилаётган масала ҳақида тўлиқ ёки қисман хабардор бўлади. Буни сиёсий амалиётда “электрон демократия” ёндашуви деб ҳам номлаш урф бўлган, шу билан бирга, кўплаб ривожланган мамлакатларда бу қулай, содда механизм сифатида қўллаб келинмоқда.

Ўзбекистонда бошланган “Очиқ бюджет” лойиҳасида дастлаб 300 мингдан ортиқ аҳоли қатнашган. Бугунги кунда бу лойиҳа аҳолининг фаоллигини ошириш билан бирга, ислоҳотларда шахсан иштирок этишларини таъминлашга хизмат қилмоқда.

 

Президент ташаббуси

Кейинги йилларда Ўзбекистондаги ислоҳотлар бу борада қанчалик тўғри йўналиш танланганини кўрсатиб бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 29 августдаги “Ташаббусли бюджет жараёнларини такомиллаштириш доирасида халқ вакиллари ва сайловчилар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, “Ташаббусли бюджет” учун ажратиладиган маблағлар кўлами янада кўпайтирилиб, бу жараёнда Қонунчилик палатаси депутатларининг иштироки ва ташаббускорлигини қўллаб қувватлаш белгиланган.

Унга кўра, депутатлар ўз сайлов округларида ғолиб бўлмаган лойиҳалар орасидан бир йил давомида иккита лойиҳани танлаб, ғолиб деб топади. “Очиқ бюджет” ахборот порталида депутатлар танлови учун алоҳида бўлим очилган ва депутатларнинг танловни амалга ошириши аҳолига кўриниб туради. Бу очиқликни оширади, сиёсий фаолликни ривожлантиради.

Эндиликда ташаббусли бюджет доирасида ғолиб бўлмаган лойиҳани депутат ташаббусига кўра ғолиб, деб эълон қилиш имконияти қатор янгича ёндашувларга асосланади.

Биринчидан, бу тизим депутатларнинг сиёсий фаоллигини ва сайловчилар олдидаги сиёсий масъулиятини янада ошириш, ижтимоий масалаларни ҳал этишда ташаббускорликни янада кучайтиришга туртки беради.

Иккинчидан, депутатларнинг ҳар йили аҳолининг кундалик ҳаётига ва ҳудудни ривожлантиришга бевосита таъсир қиладиган 2 та лойиҳани танлаш имконияти яратилади.

Учинчидан, сайлов округларида ижтимоий масалаларни ҳал этиш бўйича депутатларни зарур ресурслар билан таъминлаш амалиёти йўлга қўйилади.

Тўртинчидан, ташаббусли бюджет лойиҳаларини молиялаштиришда олий давлат вакиллик органи назорати кучайтирилади.

Лойиҳанинг биринчи босқичидаёқ аҳоли ва депутатлар ўртасида ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Сайлов округларидан қайтган депутатлар ташаббуснинг аҳоли ижтимоий кайфиятига катта таъсир этганини, уларнинг мамнун эканини алоҳида таъкидлашмоқда.

Хусусан, Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари энг мақбул лойиҳаларни жойларга чиқиб, аҳоли вакиллари билан кенг қамровли мулоқотлар ўтказиш орқали танлашга эътибор қаратди. Ғолиб бўлмаган лойиҳаларнинг долзарблиги, аҳоли учун қай даражада аҳамиятли экани ҳар томонлама ўрганилди. Энг асосийси, ҳаммаси шаффоф тарзда амалга оширилди, буни жамоатчилик ҳам эътироф этди.

Фракциянинг йиғилишида қайд этилишича, давлатимиз раҳбарининг ташаббусли бюджет жараёнларини такомиллаштириш, депутатлар ва сайловчилар, айниқса, электорат вакиллари орасида ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган қарори катта ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлмоқда. Ушбу ташаббус орқали республика бўйича ижтимоий қиймати юқори бўлган, халқимиз орзиқиб кутаётган 300 та қўшимча лойиҳани амалга ошириш имконияти очилади.

Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари сайлов округларидаги фаолияти давомида турли лойиҳалар билан бевосита танишиб, электорат вакилларининг фикр-мулоҳазалари асосида қатор лойиҳаларнинг амалга оширилишини қўллаб-қувватламоқда.

Хусусан, маълумотларга кўра, таълим муассасаларини таъмирлаш, қўшимча бинолар қуриш ёки реконструкция қилиш бўйича 10 та, йўлларни таъмирлаш бўйича 7 та, ирригация ва сув тармоқларини таъмирлаш бўйича 3 та, жами 20 та ижтимоий лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.

Хулоса қилиб айтганда, ташаббусли бюджет жараёнларида депутатларнинг иштироки – бу нафақат назорат ва вакиллик вазифасини бажариш, балки жамият ва давлат ўртасида ишончни мустаҳкамлаш, қарор қабул қилиш жараёнларини янада демократлаштириш демакдир. Шу боис, ушбу жараёнларда депутатларнинг фаол иштирокини таъминлаш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Ҳақиқатан ҳам, бу янгилик муҳим сиёсий қарор бўлди, десам хато бўлмайди. Бу бизларга яна бир бор ишонч, шунингдек, халқимизнинг янада фаоллашувига асос бўлди. Яқинда ҳудудларда бўлганимизда асосий масалалар қаторида бу янгиликни сайловчилар билан ўртоқлашганимизда, уларнинг нечоғли хурсанд бўлганликларини тасаввур қилишингиз мумкин.

Хусусан, мен танланган лойиҳа аввал 15 минг овоз йиғиб ҳам юта олмаган экан. Аммо ижтимоий жиҳатдан муҳимлигини ҳисобга олиб, Денов туманидаги “Қизилжар” МФЙдан ўтувчи йўл учун овоз бердим. Сабаби, бу лойиҳа ҳудуд аҳолисининг ҳаракатланиши, айниқса, мактабларга қатнаётган ёшларимиз учун зарур.

 

Сайёра ИМОМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Туман Кенгашида, Жўқорғи Кенгесда, мана, энди Олий Мажлис Қонунчилик палатасида уч чақириқ депутат бўлиш насиб этди. Лекин шунча йиллик тажрибамда депутатни халқ билан, сайловчилар билан яқинлаштирувчи бундай механизмни кўрмаганман, десам ҳам бўлади.

Ўзим Қорақалпоғистон Республикасидан сайланганим, ҳудудни яхши билганим учун бу ташаббус мен учун катта имконият бўлди, деб ўйлайман. Энг асосийси, Президентимизнинг ташаббуси орқали яна қўшимча имконият берилиши, айниқса, алоҳида сумманинг кафолатли ажратилиши тарихий ўзгаришларнинг яна бир дебочаси эканига ишонаман.

Мен Беруний туманидаги “Мустақиллик” маҳалласида ички йўлларни таъмирлаш лойиҳасига овоз бердим, бу йўл иккита мактаб ўқувчиларининг ўқишга қатнаш имкониятини яхшилайди. Сайловчилар, минглаб ота-оналар бу лойиҳа, бу ташаббусдан жуда хурсанд.

 

Қизилгул ҚОСИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Ҳудудларга бориб, аҳоли билан учрашганимизда бир қатор ижтимоий масалаларга дуч келардикки, баъзан уларни ечишда ўзимизда ҳам имкониятлар, керак бўлса, ресурслар етишмас эди.

Президентимизнинг депутатларнинг сиёсий фаоллиги ва ташаббусларига куч берган қарори мени ҳам қаттиқ хурсанд қилди. Тошкент вилоятидан сайланганим учун Ангрен шаҳри “Кимёгар” МФЙ ҳудудидаги 1992 йилдан бери таъмирланмаётган ички йўлларни, яъни аҳоли учун сувдек зарур бўлган лойиҳани танладим, асосийси, халқ мамнун. Бу ишонч биз, депутатлар учун катта шараф.

 

Шарофиддин НАЗАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Мен ўзим иқтисодчиман. Ҳар бир сарфланган пул амалий натижага йўналтирилиши муҳим, деб ҳисоблайман. Тажрибамда мени бунчалик руҳлантирадиган бундай ёндашувлар кам бўлган. Шу боис, пулни тўғри йўналтиришда ўзим иштирок этаётганим ва буни Президент барча депутатларга ишонч сифатида тақдим этиши мени ҳам хурсанд қилди. Ўзим ҳам энг оғир, энг зарур лойиҳаларга эътиборимни қаратдим. Кўкдала туманида касб-ҳунар техникуми билан боғлиқ лойиҳага овоз бердим. Техникум бор, амалий ишлар учун устахона йўқ, жиҳоз йўқ. Бу лойиҳага овоз беришимнинг сабаби, эртага ёшларнинг касб эгаси бўлиб чиқиши, бандлиги таъминланишида катта имкониятларни яратади.

 

Шокиржон АҲМЕДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Бизнинг партиямиз электорати, яъни ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам вакиллари манфаатларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан ушбу лойиҳани депутатларга катта имконият, масъулият ва ваколат, деб қабул қиламан.

Мен Фарғона вилояти Бувайда туманидаги 39-умумтаълим мактабини жиҳозлаш, моддий-техник базасини яхшилаш лойиҳаси учун овоз бердим. Мактаб, ўқувчи ва ўқитувчилар анча йилдан бери шундай лойиҳа молиялаштирилишига муҳтож бўлиб юрган экан. Таълим ва билимга сарфланган маблағ ҳар доим ўзини оқлайди.

 

Зокиржон ЗОҲИДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Ташаббусли бюджет уникал десам, хато қилмаган бўламан. Бу сафарги сайлов округларидаги учрашувларим ҳамда сайловчиларнинг кайфиятини тасаввур ҳам эта олмайсиз.

Риштон туманидаги спорт муассасаларини таъмирлаш ва моддий-техник базасини ривожлантириш тадбирлари учун, туман болалар ва ўсмирлар спорт мактабига овоз бердим.

Амалга ошадиган лойиҳалар партиямизни, фракциямизни электоратимиз вакиллари билан янада ҳамжиҳатлаштиришга хизмат қилади.

 

Ғолибжон МАҲАММАДЖАНОВ,

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши шўъба мудири,

сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори(Phd).

 

Қардошлик алоқаларида янги босқич

Ўзбек ва тожик халқларини умумий тарих, ўхшаш маънавий қадриятлар, ўзаро ҳурмат, яхши қўшничиликнинг кўп асрлик анъаналари бирлаштириб туради. Сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик тамойиллари асосида изчил ривожланиб бормоқда. Давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.

Қардошлик ришталари ривожида мисли кўрилмаган ютуқларга эришилиб, икки томонлама алоқалар сезиларли даражада фаоллашди. Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида уч мамлакат давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартнома имзолангани минтақа халқлари ўртасида яхши қўшничилик муносабатларига кенг йўл очди.

Давлатларнинг яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ўзаро ишонч ва минтақани барқарор ривожлантиришга интилишини қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшма декларация қабул қилинди. Эришилган келишувлар кўп йиллик чегара масалаларини ҳал этиш, Марказий Осиёда барқарорлик ва шерикликни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди.

Ўзаро савдода барқарор ижобий суръат кузатилаётгани алоҳида эътирофга лойиқ. Икки мамлакат парламентлари ўртасидаги алоқалар ҳам кейинги йилларда жадал ривожланди. Парламент делегацияларининг ўзаро ташрифлари мунтазамлик касб этиб, парламентдаги дўстлик гуруҳлари доирасидаги алоқалар мустаҳкамланмоқда.

Давлатимиз раҳбари таклифига биноан Тожикистон Республикаси Президентининг мамлакатимизга давлат ташрифи кўп қиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, янги стратегик йўналишларни белгилаш ҳамда минтақавий барқарорликни таъминлаш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.

Айниқса, икки давлат раҳбарлари раислигида Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилиши ўтказилиши нафақат жорий кун тартибини мувофиқлаштириш, балки ҳамкорликнинг узоқ муддатли истиқболларини шакллантириш имконини бериб, икки томонлама ҳамкорликда янги саҳифа очди.

Ҳамкорликнинг янги йўналишлари батафсил муҳокама қилиниб, ишга солинмаган имкониятлардан фойдаланиш йўллари таҳлил этилди. Ўзаро манфаатли Ўзбекистон – Тожикистон ҳамкорлигини мустаҳкамлашга катта суръат бағишлайдиган бир қатор муҳим қарорлар қабул қилинди. Бу, ўз навбатида, иқтисодий ривожланиш, савдо ҳажмини ошириш, қўшма корхоналарни кўпайтиришга имкон беради.

Ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик орқали икки халқ ўртасидаги дўстлик янада мустаҳкамланиб, ҳудудий барқарорлик таъминланади. Энг муҳими, мазкур йиғилиш ва унда қабул қилинган қарорлар ҳар икки давлатнинг иқтисодий ўсиши, аҳоли фаровонлиги ва минтақавий тараққиётга ижобий таъсир кўрсатади.

Йиғилишда 2030 йилга келиб, ўзаро савдони 2 миллиард долларга етказиш имкониятлари кўриб чиқилди. Бу эса экспорт ва импорт ҳажмини кўпайтириш, янги бозорлар очиш ҳамда ишлаб чиқаришни кенгайтиришга туртки беради. Савдо кўпайса, корхоналар кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқаради. Бу, ўз навбатида, янги иш ўринлари яратилишига, аҳоли даромадларининг ошишига хизмат қилади.

Энергетика, сув ресурсларини бошқариш, транспорт ва бошқа кўплаб соҳалардаги шериклик атрофлича кўриб чиқилиб, ҳамкорлик истиқболлари белгилаб олинди. Бу эса келажакда энергия танқислигини камайтириш ва барқарор таъминотни таъминлашга, сувдан оқилона фойдаланишга, экологик мувозанатни сақлашга ҳамда товар айирбошлашни тезлаштириб, бизнес учун янги имкониятлар яратади.

Ташриф давомида давлат раҳбарлари йирик кооперация лойиҳаларини ишга тушириш маросимида ҳам иштирок этиб, 10 та қўшма лойиҳани бошлаб берди. Мазкур лойиҳалар икки мамлакат ўртасидаги савдо иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиришга кучли суръат бағишлайди.

Умуман айтганда, икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш бутун Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва жадал тараққиётни таъминлаш нуқтаи назаридан ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

 

Имомназар ТУРСУНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Самарали ҳуқуқий нормалар ҳаётга жорий этилмоқда

Кеча парламент қуйи палатасининг навбатдаги йиғилиши ҳам қизғин баҳслар асосида ўтди. Залда ўтирган депутатларнинг ҳар бири муҳокама қилинаётган масалалар бўйича ўз фикри, қараши ва таҳлилий ёндашувига эга. Аммо бирор қонун лойиҳасининг қабул қилиниши учун барча депутатларнинг турли фикрлари маълум бир уйғунликка келиши талаб этилади.

Бу осон жараён эмас. Чунки муҳокамаларда фикрлар хилма-хил бўлади ва ҳар бири асосли равишда илгари сурилади. Қонунчилик палатасининг биргина мажлисини кузатган инсон ҳам шуни англайдики, ҳар бир қонун лойиҳаси, ҳуқуқий ҳужжат чуқур ва ҳар томонлама муҳокамадан ўтади.

Энг муҳими, бу муҳташам ва ўта масъулиятли залда “дунёга келаётган” ҳар бир қонун, қабул қилинаётган ҳар бир қарор одамларимизнинг ҳаётини енгиллаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Йиғилиш кун тартибига кўра, дастлаб “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Ушбу қонун лойиҳаси билан “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатининг мажбуриятларини аниқ белгилаш, жамғарма томонидан сарфланган маблағларни ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судларга даъво киритишда давлат божини тўлашдан озод қилишни назарда тутувчи нормани киритиш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, лойиҳада идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишиш тартибини соддалаштириш ҳамда муддатларни қисқартириш назарда тутилмоқда.

Хусусан, бундай ҳужжатлар лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси муддатини 10 кун этиб белгилаш, 5 кун ичида таклиф келиб тушмаган тақдирда лойиҳани ҳуқуқий экспертизага киритиш имкониятини бериш, шунингдек, Адлия вазирлиги томонидан ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш муддатини 20 кунга қисқартириш таклиф этилмоқда.

Қизғин ўтган мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.

 

“Реклама тўғрисида”ги қонуннинг айрим моддаларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда

Мажлисда суғурта хизматларига оид рекламаларни такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Ушбу қонун лойиҳаси билан “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг айрим моддаларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш назарда тутилмоқда. Унга кўра, суғурта саводхонлигини оширишга қаратилган ахборотни ижтимоий ахборот этиб белгилаш ҳамда ижтимоий ахборотнинг реклама берувчилари сифатида соҳалардаги ваколатли давлат органларини ҳам киритиш таклиф этилмоқда.

Қонун лойиҳаси суғурта бозори профессионал иштирокчилари томонидан кўрсатиладиган хизматлар тўғрисида истеъмолчиларни кенг қамровли ва ишончли ахборот билан таъминлаш орқали уларнинг бу хизматлардан фойдаланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, аҳолида суғурта хизматларига бўлган ишончни оширишни назарда тутади.

Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳасининг аҳамияти ҳақида ўз фикр мулоҳазаларини билдириб, ундаги айрим нормалар бўйича қонун ташаббускорларига аниқлаштирувчи саволлар берди. Мутасаддилар барча саволларга тушунтиришлар бериб ўтди.

Муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

 

Экспорт тартиб таомиллари жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига мувофиқлаштирилади

Мажлисда “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига экспорт тартиб-таомилларини Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига мувофиқлаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Ушбу қонун лойиҳаси билан “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб таомиллари тўғрисида”ги қонунга Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати қарорларига биноан олиб чиқиладиган буюмлар ва маҳсулотларни экспорт қилишга доир рухсатнома бериш тартибини бекор қилишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Шунингдек, лойиҳа билан лицензиялаш ва рухсат бериш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга қўлланиладиган жарималар рўйхатидан экспортга оид чекловлар чиқариб ташланмоқда.

Депутатларнинг таъкидлашича, белгиланаётган нормалар маҳсулотлар экспортини кенгайтириш, экспортдаги мавжуд чекловларни бартараф этиш, рақобат ва очиқ бозор муҳитини яратишга, шунингдек, миллий қонунчилигимизни ЖСТ қоидаларига уйғунлаштиришга хизмат қилади.

Қизғин ўтган мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.

 

Транспорт вазири парламентга ахборот беради

Депутатлар транспорт вазири И.Маҳкамовнинг “Темир йўл транспорти соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда йўловчи ва юк ташиш хизматларини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги ахборотини эшитиш ҳақидаги масалани кўриб чиқдилар.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда темир йўл транспорти соҳасини жадал ривожлантириш, замонавий инфратузилмани шакллантириш, логистика тизимини такомиллаштириш, юк ва йўловчи ташиш хизматлари самарадорлигини ошириш, шунингдек, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини ишончли, узлуксиз ва сифатли транспорт хизматлари билан таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, Қонунчилик палатаси депутатларининг жойларга чиқиб ўрганишлари жараёнида темир йўл транспортида йўловчи ва юк ташиш хизматлари даражасини ошириш, вагонлар сонини кўпайтириш ва сифатини яхшилаш, вокзаллар инфратузилмасини ривожлантириш, сервис ва рақамли хизматлар билан боғлиқ айрим масалалар кузатилмоқда. Мажлисда шундан келиб чиқиб, мазкур масала юзасидан транспорт вазирининг ахборотини эшитиш ҳақида тегишли қарор қабул қилинди.

 

Лазиза Шерова,

“Ўзбекистон овози” мухбири.