Бебаҳо қадриятларимизни асраб қолайлик

Ахборот тезлашган замонда яшаяпмиз. “Нега газета журнал ўқимайсиз?” деган саволга ҳатто ёши катталар ҳам “Ҳамма янгиликларни телевизордан кўраман, интернетдан ўқийман”, деб жавоб беришади. Демак, улар учун матбуот фақатгина ахборот олинадиган майдон.

Аслида эса газета ва журналларнинг ҳар бир сони бир асар кабидир. Шунинг учун ҳам энг ривожланган давлатларда матбуотга ёшларнинг китобхонлик кўникмасини шакллантирадиган муҳим восита сифатида қарайдилар. Ўзини зиёли санаган ҳар бир инсон эрта тонгни газета варақлаш билан бошлайди.

Бизда ҳам бир пайтлар шундай эди. Катта ва ўрта ёшли авлод яхши эслайди, болалигимизда ҳар бир хонадонга газета-журналлар кириб борар, кечқурунлари бобо-бувилар, ота-оналар дастурхон йиғилгач, уларни ўқишга киришардилар. “Гулхан”, “ғунча” сингари болаларбоп нашрлар эса деярли ҳар бир мактаб ўқувчисининг дарс столи устида турган.

Телевизор томоша қилишнинг ҳам ўз қоидаси, вақти бор эди. Бундан ташқари, оилавий бўлиб китоб ўқиш, ўша китоб ҳақида фикрлашиш, баҳслашиш мароқли эди. Ҳозирда эса оиланинг барча аъзолари қўлида биттадан телефон. Оилада ўзаро мулоқот, фикр алмашиш, дардлашиш, бир-бирига маънан-руҳан суяниш деярли йўқ.

Хусусий каналларда намойиш этилаётган иллюзиялар баъзи ёшларимизни реал ҳаётдан йироқлаштирмоқда. Улар экрандаги енгил-елпи ҳаётни кўриб, кўнгли тусагандек яшашни, меҳнат қилмаслик, илм олиш йўлида машаққат чекмасликни хоҳламоқдалар. Эътибор берган бўлсангиз, маиший мавзудаги телесериалларимизда воқеаларнинг барчаси ҳашаматли ҳовлиларда, осмонўпар қилиб қурилган ва қимматбаҳо жиҳозлар билан жиҳозланган уйларда тасвирга олинади.

Аслида ўша ҳашаматли ҳовлиларни, қимматбаҳо машиналарни сериал ташкилотчилари фалон пулга ижарага олишади. Ижара шартномаси тугаши билан тасвирга олиш гуруҳи у ҳашаматдан чиқиб кетади. Ҳалиги қасрларни, мовий ҳовузларни, фаввораларни, боғ ва ундаги товуслару, сайроқи қушларни кўрган ёшлар шинамгина бўлса-да, ўз бошпанасига норози қарай бошлайди. Ҳатто ўзини камбағал сезиб ўксинади. Экрандаги ҳаётни бера олмаган ота-онасидан норозилик кайфияти пайдо бўлади. Ота онасининг ҳалол луқма топиб келаётгани ва асл бахт шунда эканини билмайди.

Шундай ҳаётга учган ёшлар ҳаммадан айб қидира бошлайди. Гап қайтарай, деса отасига ҳадди сиғмайди. Унинг ҳаддини кўтарадиган биргина инсон — онадир. Бола онасига баланд пардада гапира бошлайди. Бола онага нисбатан қўполлашиб боради. Кундан-кунга жиззакилик билан оқибатда экранда кўрган тенгқурлари каби ҳамма-ҳаммага иззатсизлик қилади.

Дарвоқе, ўғил бола аёл зотига муомала қилишни, энг аввало, отасидан ўрганади. Отасидан аёл зотига ҳурмат кўрмаган болани мингта мактаб ҳам тарбия қилолмайди. Энг ёмони, экрандан ва отасидан юққан қўполлик ва аёл зотини пастга уриш унинг борлиғига чирмовуқдек чирмашиб, бирга ўсади. Сариқ чирмовуқ ёпишган гул хазонга маҳкум бўлади.

Онага эҳтиром, опа-сингилларга эъзоз шарқона қадриятлардан ҳисобланади. Оиладаги қадим урф-одатларни, миллий тарбияни маҳв этишга хизмат қилаётган ҳар қандай сериаллардан воз кечиш вақти келди, назаримизда.

 

Енгил-елпи сериаллар жамиятга нима беряпти?

Экран орқали ёки ижтимоий тармоқларда кўрсатилаётган сериаллар жамият ҳаётига бамисоли табиий офат кабидир.

Масалан «Seviмli» каналида намойиш этилган “Кечир” сериалида арзимаган рашкдан бошланган гумон гулдек оиланинг пароканда бўлишига олиб келиши кўрсатилган. Фильм қаҳрамонлари оила деб аталмиш қўрғоннинг муқаддаслигини бутунлай унутган. Сериалнинг бош қаҳрамонларидан бири – мулкдор эркак ўз уйида умр бўйи унга садоқат билан яшаган хотинига очиқчасига хиёнат қилади. Даволанишга ётган шифохонасида ҳамшира бўлиб ишлаётган Пари исмли оилали аёлга кўнгли тушиб, ҳар қандай йўл билан бўлса-да, уни ўзиники қилиш учун макр тузоғини ташлайди. Эркак ўз уйида унга содиқ яшаб, фарзандлар туғиб берган аёлни камситиб, хўрлайди. Энг ёмони, бош қаҳрамоннинг хотинига хиёнатини унинг ўз ўғли ёқлайди. Ўз онасининг ота томонидан қилинаётган хиёнатнинг аламли ўтида куяётганига бола бепарво. Ҳатто ўғил хиёнаткор отанинг хизматида. Сериалнинг яна бир персонажи – ҳийлакор хотин тузоғига илинган йигит ҳам оиласидан воз кечади. Хиёнатдан зарба еган яна бир шўрлик аёл бу зарбаларни кўтара олмай, жонига қасд қилади. Маккора измидаги йигит эса етим қолган болаларининг ўгай она зуғмидан қочиб, саргардон бўлиб қолишигача бепарво яшайди.

Қани бу сериалдаги эзгу мақсад? Қани вафога вафо билан жавоб бериш? Чалкаш ҳаётлар, бузилган оилалар… Менимча, одамлар онгига тескари таъсир қиладиган, миллий қадриятларимизга мутлақо ёт бўлган шу каби на бадиий қиммати, на маънавий озуқаси бор сериаллар жамиятга нима наф беради?

Оилавий қадриятларимиз ота ва онанинг бир-бирига иззат-ҳурмати, қариндош-уруғга, қўни-қўшнига марҳамат кўрсатиш, маҳалла-кўй билан елкама-елка бўлишдек эзгуликлар билан суғорилган. Буни унутиш, азалий шарқона урф-одатларимизга эскилик қолдиқлари деб қараш бир кун келиб қимматга тушади!

Дейлик, бугун баъзи қайноналарнинг ҳеч бир инсонийликка тўғри келмайдиган тутумлари, фақат моддиятга асосланган тор қарашлари туфайли кўплаб ёш оилалар ажрим ёқасига келиб қоляпти. Шунинг ўзи ҳам муқаддас қадриятларимиздан узоқлашаётганимиз белгисидир. Яъни қайнонанинг ўзи турмуш машаққатларини, баъзи ҳоллардаги етишмовчиликларни сабр-бардош ва тежамкорлик билан енгишга тоқати йўқ. ёшгина келинини эса уқувсиз, малакасизга чиқаради. Оилани энг гўзал фазилат – қаноат асрайди. Қаноат — бу энг ёруғ йўл. Бу йўлни босиб ўтиш учун телеэкранда берилаётган сериаллардаги кибор хонимлар қиёфасига кириб бўлмайди. Ҳолбуки, “миллий” деб аталаётган сериалларимизнинг аксариятида асабий, жиззаки, калондимоғ оилалар турмуш тарзи гўёки намуна қилиб кўрсатилаётгани таассуфли.

Сиз оилангизга келин туширдингиз. Оилангизга ўзга бир боғдан нав- ниҳолни кўчириб келдингиз. У бирдан сизнинг тутумингизга, феъл – атворингизга ўз болангиздек кўникиб кетолмайди. У сизнинг рўзғорингиз ғорларини бирдан ёритиб, тўлдириб ташлайдиган сеҳргар эмас. Шундай экан, унга ўзига ёт бўлган муҳитга кўникиши учун вақт беринг. Хатоларини тузатишга шароит яратинг. Энг муҳими, оилавий қадриятларни асрашда унга намуна бўлинг.

 

Муқаддас ришталар узилмасин!

Оилада фарзандлар билан бирга дарс қилиш одати ҳам йўқолиб борётганига аниқ хулосалар бор. Бу ҳам асл қадриятларимиздан бири. Бола билан ҳар кеч ўтилган дарсни такрорлаш энг масъулиятли ишлардан бири. Ҳар қандай бола уйга келиб дарсликларга яқинлашмасликни, шунчаки гаджетлар билан “дам олиш”ни истайди. Атрофдагилар ундан дарс тайёрлашни талаб қилмаса, бора–бора бола қолоқлашиб боради. Мактаб ўқитувчиси унга мактабда дарс беради. Аммо 30 нафар ўқувчининг ҳар бирининг уйига бориб, уй вазифасини тайёрлаб бера олмайди. Боланинг уй вазифасини тайёрлаши, дарсдан ташқари ўқиши, қўшимча адабиётлар сотиб олиб, ўзини ривожлантириши учун масъул шахслар — ота-оналар, бобо – бувилардир. Боланинг ўзлаштиришида бутун оила ёрдамга келиши керак. Унинг ўқишга қизиқиши ва қобилияти йўқолиб кетишига сизнинг лоқайдлигингиз, фақат ўзингизни қизиқтирган сериалларни томоша қилишингиз, телеграм, инстаграм сингари ижтимоий тармоқларга шўнғиб кетишингиз туфайли бўлиши керак эмас. Қолоқ бола бугун синфни, мактабни орқага тортса, эртага жамиятни орқага тортади. Ҳаёти буткул издан чиқади.

Баъзи оилаларда ота-она ва фарзандлар ўртасидаги ўзаро бир-бирини тушуниш, бир-бирига кўмаклашиш ҳамда ҳаё ҳисси кўтарилаётганига ҳам тийиқсиз ижтимоий тармоқлар, сериаллар сабаб эмасмикан?!

Оиладан ҳаё кўтарилмаслиги керак. Акс ҳолда бу ғоят хатарли, мудҳиш оқибатларга олиб келиши мумкин.

Бизнинг бебаҳо оилавий қадриятларимиз бор. Бу қадриятлар ўзаро ҳаё қилиш, каттага ҳурмат, кичикка иззат, жон-жигарлар ва атрофдагиларга мурувват кўрсатиш, юртга садоқат ҳисси билан яшашда яққол намоён бўлади.

Оилавий бахтимиз, ёшларнинг келажаги мана шу муқаддас ришталардан узилиб қолмаслиги учун бугун сизу биз жавобгар эканимизни унутмайлик. Бошқача айтганда, ижтимоий тармоқлару тутуриқсиз сериаллар томошасини газета журналлар ва китоб мутолаасига алишайлик!

 

Зулфия МЎМИНОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими,

Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси.

 

Халқ ўйинларида миллат руҳи яшайди

Баҳор, Наврўз деганда кўз олдимизда гўё ранг баранг манзаралар жонланади: сумалак иси анқиган ҳовлилар, кулгуга тўлган сайиллар, миллий либосларда безанган одамлар… Яқиндагина шукроналик туйғуси билан ҳаммамиз учун қадрли айём бўлмиш Наврўзни, Рамазон ҳайитини нишонладик. Шундай қутлуғ кунларга етказганига шукр, деб оила аъзоларимиз, фарзандларимиз, дўст ва яқинларимиз билан сайилларга чиқдик, қувончли учрашувлар ўтказдик.

Ана шундай паллада хаёлимга халқ ўйинлари келади. миллий ўйинлар, пойгалар, беллашувлар, турли мусобақалар, маросимлар авлоддан-авлодга ўтиб, тарихий меросга айланиб, сақланиб келмоқда. Улар шунчаки ўйин эмас. Улар — одамларимизнинг руҳи, тарихи ва тарбиясини ўзида мужассам этган бебаҳо меросдир. Ҳар бир ўйинда аждодларимиздан қолган донолик, жасорат ва бирдамлик ҳисси яширинган.

Қизиғи шундаки, биз болалигимизда бу ўйинларни фақат Наврўзда эмас, деярли ҳар куни ўйнар эдик. Кўчаларда кулгу, баҳс, шовқин-сурон авж олар, дўстлар билан тортишиб-тортишиб бўлса ҳам ўйинни давом эттирар эдик. Бугунги болалар эса бундай ўйинларни камроқ билади, камроқ ўйнайди…

Шу ўйлар билан болалигимизни, ўша беғубор кунларни эсладим. Дўстларимиз, тенгдошларимиз, ака-укаларимиз, опа сингилларимиз билан талашиб, кулиб, баъзан ранжишиб ҳам ўйнаган миллий ўйинларимиз хотираси яна бир бор кўнглимни тўлқинлантирди. Шунинг учун ҳам шу унутилмас ўйинлар, улар ортидаги самимий хотиралар ҳақида ёзмоқликка қарор қилдим.

 

Ўтмишга назар

Азалдан халқ ўйинларининг тарихий илдизлари ота-боболаримизнинг ҳаёт тарзи, меҳнат фаолияти ва урф-одатлари билан чамбарчас боғлиқ бўлиб келган. Аввалги замонларда аждодларимиз кундалик ҳаётда зарур бўлган чаққонлик, куч ва эпчилликни ошириш учун турли машқларни бажаришган. Вақт ўтиши билан улар аста-секин ўйин шаклига кириб, халқ орасида оммалашиб кетган. Шу тариқа миллий ўйинлар шаклланиб, авлоддан авлодга мерос бўлиб ўтган келган.

Халқ ўйинлари ўзининг хусусиятларига кўра, шартли равишда гўдакликда, болалик ёшида, ўсмирликда ва йигитлик ёшида ўйналадиган жисмоний ва ақлий ўйинларга бўлинади. Масалан, илгариги замонларда ёшларни жасоратли, чидамли ва жисмонан бақувват қилиб тарбиялаш муҳим ҳисобланган ва шу сабабли кўплаб ўйинлар кураш, чавандозлик, куч синашга асосланган.

Фольклоршуносларнинг ёзишича, тарихий манбаларда халқ ўйинларининг келиб чиқиши ҳамда ривожланишига доир қизиқарли ҳикоялар, воқеалар талайгина. Айрим олимлар ҳаттоки халқимиз севиб ўйнаган ўйинлар эрамиздан аввалги даврларга бориб тақалишини ҳам асослаб берган. Уларнинг фикрини археологик, этнографик, фольклор ва бошқа манбалар тўла-тўкис тасдиқлашига тааллуқли асослар мавжуд. Улардан бирида ёзилишича, саклар, массагетлар ва бошқа қабилалардаги ўйинлар, мусобақаларни бугун ҳам халқимиз севиб ўйнайди. Отлар иштирокидаги ёки кураш услубидаги ўйинлар ана шулар жумласидандир.

Кураш, кўпкари сингари ўйинлар қадимдан саховат белгиси сифатида қаралган. Сабаби, ўша пайтларда машҳур улоқчилар, полвонлар ва бошқа иштирокчилар тез-тез мусобақалар ўтказиб, тўпланган маблағ ёки совринни етим-есирлар, кўп болали оилалар ҳамда қарияларга ҳадя этган. Шундан бўлса керак, халқ ўйинлари ёшларни жасорат ва адолат, ватанни севиш, халққа хизмат қилиш, меҳнатсеварлик, меҳр-саховат, ҳалоллик ва поклик руҳида тарбиялайди. Шунингдек, улар жамиятда бирлик, дўстлик ва ўзаро ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилган.

Демак, ўйинларнинг тарихий илдизлари халқнинг узоқ ўтмиши, турмуш тарзи ва маданияти билан узвий боғлиқ. Улар орқали биз аждодларимизнинг ҳаёти, қадриятлари ва дунёқараши ҳақида тасаввур ҳосил қиламиз. Шу сабабли ўйинлар нафақат кўнгилочар фаолият, балки халқ тарихининг жонли акс-садоси сифатида ҳам катта аҳамиятга эга.

 

Юрагимизга яқин ўйинлар

Ўзбек халқининг ўзигагина хос ўйинлари жуда бой ва ранг-баранг. Улар орасида жисмоний куч талаб қиладиган, зеҳнни чархлайдиган ҳамда жамоавий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлайдиган турли ўйинлар мавжуд.

Миллий ўйинларимиз қадимдан халқ ҳаётининг ажралмас қисми бўлиб келган. Бу ҳақда буюк аллома Маҳмуд Кошғарийнинг “Девони луғотит турк” асарида ҳам қимматли маълумотлар учрайди. Ушбу асарда 150 га яқин миллий ўйинлар ва 20 дан ортиқ болалар ўйини тавсифлангани бежиз эмас. Жумладан, “қоранғуни” (қоронғида қўрғон олиш), “бандол” (асир олиш), “ўтиш-ўтиш” (давра ўйини), “чавгон” (тўп ўйини), “ўт бандал” (таёқ ўйини), шунингдек, қиличбозлик ва найзадорлик каби ўйинлар ҳақида ҳам маълумотлар келтирилган. Мавсумий ўйинлардан “толбаргак”, “гул ўйини”, “қорхат”, “ёмғир ёғалоқ”, “топишмоқ топ”, “тез айтиш”, “ким айтди” кабилар ҳам шулар жумласидандир.

Ўғил болалар одатда “Чиллак”, “Тортишмачоқ” каби ҳаракатли ўйинларни севиб ўйнашган бўлса, қизлар “Супур супур”, “Оқ теракми, кўк терак?”, “Ҳаппак тош” каби ўйинларга кўпроқ қизиқиш билдиришган. Бу ўйинларга эътибор берсак, уларнинг деярли барчаси ҳаракат, жисмоний фаоллик ёки ақлий машқ билан боғлиқ эканини кўрамиз. «Беркинмачоқ», «Ошиқ», «Бойчечак», «Хола-хола», «Қорхат», «Кўпкари» каби ўйинлар рўйхатини мингга етказиш мумкин.

Вақт ўтиши билан бундай ўйинлар янада такомиллашиб, янги кўринишларда намоён бўла бошлади. “Тош кўтариш”, “От устида кураш”, “Кўпкари”, “Ланка”, “Арқон тортиш”, “Чиллак” каби халқ ўйинлари халқ сайиллари ва байрамларининг ажралмас қисмига айланиб, ёшларнинг севимли машғулоти ва мусобақалари сифатида давом этиб келмоқда.

Энг, муҳими, уларнинг ҳар бири болалар учун фойдали. Масалан, “тез айтиш” орқали болалар нутқидаги айрим нуқсонлар тўғриланган, топишмоқлар эса уларнинг зеҳнини чархлаган. “Тортишмачоқ”, “Чиллак” каби ўйинлар эса болаларнинг жисмоний бақувватлиги ва чаққонлигини оширишга хизмат қилган.

Кўриш, эшитиш, ҳис қилиш каби туйғуларни ривожлантиришга хизмат қилувчи ўйинлар ҳам талайгина. “Оқ теракми, кўк терак”, “ғозлар” каби ўйинлардаги қўшиқ ва шеърларнинг куйланиши нуқтни ўстириш, томоқ йўлларини чиниқтириш каби хусусиятларга эга.

Биз болалигимизда кўп ўйнаган “Гулчамбар” ўйинини олайлик. Бу ўйин баҳорнинг айни гуллар очилган пайтида ўйналади. Унда тахминан 10 нафар бола иштирок этарди.

Ҳар бир иштирокчининг қўлида исталганча турли-туман гул бўлиши мумкин. Ўйинбоши доира шаклида турган болаларнинг ўртасига чиқиб, бир гулнинг номини айтади. Шу гулни ушлаб турган иштирокчи гулнинг ўсиш шароити ҳақида гапириб беради.

Бундай ўйинлар болаларнинг табиатга меҳр уйғотиш, қолаверса, сўзларни тўғри талаффуз қилиш, кўпчилик орасида ўз фикрини қўрқмай айта олиш қобилиятларини шакллантиради.

Бундан ташқари, болалар ўйин пайтида ижодий фаолият кўрсатиш орқали ўзларидаги ташкилотчилик қобилиятини ҳам шакллантириб борган. Айниқса, жамоавий ўйинларда бу яққол акс этган. Мисол учун, етакчи ва ақлли болалар мақсадга эришиш йўлида ўртоғига ёрдам беришни ўрганган ва бу борада тўғри қарор қабул қилиш кўникмасини оширган. Бу эса ижодий ташаббускорлик саналади.

 

Холида ЗИЯЕВА,

ЎзмУ ижтимоий фанлар факультети доценти, PhD.

– Халқимиз азалдан табиат билан уйғун яшаб келган ва шу боис экологик мазмунга эга ўйинларни ҳам ардоқлаган. Асрлар давомида табиатни асраш, уни авайлаш ва унга меҳр қўйиш ота-боболаримиз томонидан юксак қадрият даражасига кўтарилган. Шунинг учун ҳам турна, қарға, олмахон, лайлак каби қуш ва ҳайвонлар билан боғлиқ ўйинлар халқимиз орасида кенг тарқалган.

Халқ ўйинларини ўрганар экансиз, уларнинг аксариятида тошдан фойдаланилганини ҳам кўриш мумкин. Айниқса, қизлар ўйнайдиган бундай ўйинлар жуда кўп. Масалан, ҳаракатли ўйинлардан асфальтга чизилган катаклар ва рақамлар билан жанубий вилоятларда “Ҳаппак”, водий тарафларда “Лаппак” деб аталадиган ўйинлар ўйналган. Шунингдек, майда тошчалар билан ўйналадиган “Тўп тош”, бир нечта иштирокчи ва копток ёрдамида ўйналадиган “Жамбил” каби ўйинлар ҳам болаларнинг севимли машғулотларидан бўлган.

Ёшлигимизда байрамда дугоналар билан кўришиш ва шу асносида тўдалашиб ўйинлар ўйнаш имкони пайдо бўларди. Улар орасида энг осони “5 тош” деб аталиб, 5 та тошни ҳар хил шаклда қўлдан қўлга ўтказиш, тўп ёрдамида 2 гуруҳга бўлиниб, ўртага кирган рақибларни тўп билан уриш, резинка ёрдамида ўйин қисмларини ўзимизча 1 дан 11 гача бўлган ҳолда сакраб рақиблардан ўзиб кетиш каби ҳаракатлар билан кун кеч бўлиб қолганини ҳам сезмасдик. Байрамлар дўстлар ва улар билан ўйналадиган ўйинлар сабаб янада завқли эди.

Бу каби ўйинлар нафақат болаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишга хизмат қилган, балки уларни чаққонликка, эпчилликка, сабр-тоқатга ва жамоада ҳаракат қилишга ҳам ўргатган. Айниқса, жамоавий ўйинлар орқали болалар ўзаро дўстлик, ҳамжиҳатлик ва бир-бирини қўллаб қувватлаш каби инсоний фазилатларни ҳам ўрганишган.

Умуман олганда, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос урф-одат ва анъаналари бўлгани каби, ўша ҳудудларда оммалашган миллий ўйинлар ҳам шу муҳитга мос равишда шаклланган. Шу боис айрим ўйинлар бир вилоятда бошқача ном билан аталса, бошқа ҳудудда унга ўхшаш, лекин бироз фарқ қилувчи қоидалар асосида ўйналган. Бу эса миллий ўйинларимизнинг қанчалик бой ва ранг-баранг эканидан далолат беради.

 

Қизилгул ҚОСИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Миллий ўйинлар нафақат болаликнинг шодон кулгуси, балки халқнинг унутилмас хотираларидир. Биз ҳам болалигимизда “Мак-мак” “Оқ теракми, кўк терак” ўйинларини кўп ўйнардик.

Илгарилари болалар кўчаларда тўпланиб, турли миллий ўйинларни қувноқлик билан ўйнар эди. Ҳозир эса уларнинг ўрнини кўп ҳолларда турли гаджетлар, телефон ва компьютер ўйинлари эгаллаб бормоқда. Таҳлилларга кўра, 2010 йилдан кейин деярли ўйналмай қўйган ва улар компьютер, телефонларга кўчган. Лекин, шуни унутмайликки, миллий ўйинларнинг болани жамиятга қўшишдаги ўрнини ҳеч нима билан тўлдириб бўлмайди.

Тўғри, биз ХХI аср – ахборот, фан ва техника юксак тараққий этган даврда яшаяпмиз. Хоҳлаймизки, йўқми ҳозир рақамли технологияларсиз ҳаётимизни тасаввур қила олмаймиз. Аммо унинг ҳам меъёри, чегараси бўлиши керак. Айниқса, болаларимиз компьютер, телефондаги ўйинларига ружу қўймаслиги лозим. Чунки бу уларнинг соғлиғига ҳам зарар.

Технологияларга термулиб эмас, табиат қўйнида чопиб, ҳайқириб ўйнаб юришга нима етсин? Сабаби, ҳаракат ўйинлари инсонни фаол ва соғлом бўлишига ҳисса қўшади.

Яна бир афзаллиги, халқ ўйинлари фақат кўнгилочар машғулот эмас, балки болаларни жисмонан бақувват, зеҳнан теран ва жамоада ҳамжиҳат бўлиб улғайишига хизмат қилувчи муҳим тарбия воситасидир. Улар болаларни чиниқтиради ва соғлом бўлиб вояга етишига хизмат қилади.

Психологлар бу ўйинлар болаларнинг руҳиятига ижобий таъсир кўрсатишини, уларни қувноқ, фаол, эпчил бўлишида муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлайди. Шу сабабли миллий ўйинларни мактаб дарсликларига, боғча машғулотларига янада кўпроқ киритиш лозим. Боғчаларда эса ҳар жума болаларга халқ ўйинларини ўргатадиган маданий кун сифатида белгиланса яхши бўларди. Чунки бу ўйинларнинг тарбиявий аҳамияти ниҳоятда катта.

Шунинг учун ҳам бу ўйинларни асраб авайлаш, уларни яна болалар ҳаётига қайтариш ва келажак авлодга етказиш барчамизнинг муҳим вазифамиздир.

Истардимки, фарзандларимиз югурсин, қувласин, сакрасин, кулсин, куйласин, умуман, кўпроқ ҳаракатда бўлишсин. Бунда эса биз катталарнинг ўрни ва эътибори талаб этилади.

 

***

Албатта, халқ ўйинлари бу шунчаки ўйин эмас, балки тарихимиз, маданиятимиз ва тарбия мактабини ўзида мужассам этган бебаҳо меросдир. Шунинг учун ҳам уларни унутмаслик, байрамлар, сайиллар, мактаб ва маҳалла тадбирларида кенг тарғиб этиш, энг муҳими, ёш авлодни улар билан янада кўпроқ таништириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Ана шундагина аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган халқ ўйинлари келажак авлод қалбида ҳам яшаб қолади.

 

Лазиза ШЕРОВА,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

 

Ҳаёти – мен учун ибрат мактаби

Ёшликда бирга ўниб-ўсган дўстинг ҳақида сўзлаш осон. Чунки бақамти кечирган воқеа-ҳодисалар, ҳис-туйғуларни баён этиш билан кўз олдингда ўша даврлар гавдаланади, сўзлаш ҳам, ёзиш ҳам осон.. лекин ўзингдан олдин бир-икки кўйлакни йиртиб, кечмоқчи бўлган дарёларингни сендан олдин сузиб ўтган, забт этмоқни орзу қилган чўққиларга аллақачон байроқ қадаган инсон ҳақида фикр билдириш кишини ўйлантириб қўяр экан. Аслида, бундай зотларнинг олган унвонлари ва бошқа эришган натижаларини жамлаб, баён этишдан-ку осони йўқ, аммо Устоз – Қаландар Абдураҳмоновнинг муборак айёми муносабати билан улар ҳақида ўзим билганларим ва эшитганларимни баён этишда анча масъулият қаршисида қолдим, бироқ нима бўлганда ҳам уларни қоғозга туширишни афзал билдим.

Устоз Қаландар ака билан Чироқчи туманида бир вақтда бўлмаса-да бир мактабни (ўша пайтларда “Тельман номли 1-мактаб” деб юритилар эди) тамомлаганимиз менга ҳар доим ғурур бағишлаб келган. Мактабнинг 9-10 синфларида ўқиб юрган (70-йилларнинг иккинчи ярмида) пайтларда ўқитувчиларимиз бизга намуна сифатида шу мактабни битириб, айни пайтда Тошкент ва Самарқанд олийгоҳларида таҳсил олиб, илм ва амалиётда катта ютуқларга эришган инсонларни намуна қилиб кўрсатишар, улар қаторида биринчилардан бўлиб Қаландар акани алоҳида зикр этишар эди. Айниқса, устозимиз ёқуб Ҳамроев георграфия фанидан дарс ўтганларида Чироқчининг Қалқама тоғ бағрида жойлашган Лангар, Тарағай, Қуруқсой, Говхона ва бошқа қишлоқлари тўғрисида жўшиб гапирар экан, Тўлақул қишлоғига алоҳида тўхталиб: “Бу қишлоқ ўзи кичкинигина, лекин одамлари жуда қизиқувчан, зийрак ва ҳаракатчан. Биласизларми, ким чиққан бу қишлоқдан? Қаландар Абдураҳмонов чиққан, у мактабимизнинг битирувчиси. Ҳозир иқтисодиёт бўйича номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилиб, Тошкентдаги нуфузли институтнинг катта домласи бўлиб ишламоқда”, дея фахр билан Устозга таъриф берганлари ҳеч эсимдан чиқмайди.

Мактабимизда нафақат Чироқчи, балки бутун вилоятда юқори савияга эга бўлган математика, физика, химия, география ва адабиёт ўқитувчилари фаолият олиб боришар эди. Бир куни адабиёт ўқитувчимиз ҳамда мактаб директорининг ўринбосари Жўра Лутфуллаев “Иншо ёзишни қишлоқдан келиб ўқиётган болалардан ўрганинглар. Мана, Тўлақулдан Қаландар Абдураҳмонов қандай иншолар ёзар эди. Таппа тайёр журналист эди-я, лекин ўзини иқтисодиётга уриб кетди. Шунда ҳам хато қилмабди, фан номзоди бўлди, қандини урсин”, деб қўярди.

Физика ўқитувчимиз Эшман Абдалов даср оралиғида ёки пахта даласида юрганимизда қишлоқдан Тошкентга бориб, илм олишнинг машаққатлари ҳақида кўп гапириб берар эди. Марказда қолиб, давлат хизматида ишлаётган, илм-фан, ижод билан шуғулланаётган мактабимиз битирувчилари Жаббор Рўзиев, Муродулла Нормуродов, Мусақул Усмонов, Жовли Ҳакимов ва бошқалар қаторида Қаландар акани ҳам тилга олар экан, мен бундай тиришқоқ, интилувчан, илмга берилган ва шу билан биргаликда одамохун йигитни кўрмаганман, деб таъриф берар эди. Шунда биз: “Нега у кишини одамохун дейишган, бу сўз нимани англатади”, деб сўраганимизда: “Одамохунлик хислати инсонпарвар, инсонларга ҳурмат кўрсатувчи, олижаноб, саховатли кишиларга хос фазилат”, деганлари эсимда қолган.

Устозга нисбатан бундай таъриф бежизга берилмаган экан. Ўтган асрнинг 60-70-йиллари, Тошкентда қолиб илм билан шуғулланишга ҳар кимнинг ҳам юраги дов бермаган. Кўпчилик: “Илм қиламан деб Тошкентда қолсам-у, лекин эплолмасдан қишлоғимга шумшайиб қайтиб борсам ким деган одам бўламан?”, қабилидаги андиша билан юрган. Шу тахлит қобилияти бўлса ҳам дипломни олиб кетворганлар кўп бўлган. Қолганлар эса илмда ёки амалда ўз ўрнини топиши учун не-не синовлардан ўтиши керак бўлган. Ана шундай пайтларда ўзини аллақачон тутиб олиб, катта давраларга қўшилишга улгурган Қаландар ака кўпгина толиби илмларга, аспирантларга, ҳаттоки олимлик йўлига кирган ёш домлаларга ҳам қўлидан келган ёрдамни аямаганлигини кўп эшитганмиз.

Ўрта мактабни битиргунимга қадар Қаландар акани ҳеч кўрмаган эканман. Лекин у киши тўғрисида жуда кўп яхши фикрларни эшитардик. Мана шу эшитганларимдан у киши жуда ўзига ишонган, виқорли, салобатли, олдига унча-мунча одам ҳадди сиғиб бора олмайдиган, образли қилиб айтганда, худди “қуёшдек кўзни қамаштирадиган” инсон бўлса керак, деган тасаввур шаклланган эди менда.

Тақдир тақозоси билан 1978 йил Тошкент халқ хўжалиги институтига ўқишга кирдим. Кутубхонада айрим “тақчил” адабиётларни уйга олиб ўқиш учун деканатнинг рухсати керак экан. Биз, шаҳарни энди кўриб, довдираб юрган талабалар учун деканнинг олдига кириш жуда катта матонат талаб этар эди.Мана шундай бир ҳолатда деканнинг эшиги қаршисида мен ва яна бир нечта талабалар навбат кутиб турганимизда, хонадан бир домла чиқди-да, “Сизлар бу ерда нимани кутиб турибсизлар?”, деб сўраб қолди. Бизнинг масаламизни эшитгандан сўнг, “Унда, юринглар орқамдан”, деб ҳаммамизни кабинетига олиб кирди ва бир зумда масаламизни ҳал қилиб берди. Чиққанимиздан кейин, “Бу киши ким?”, деб суриштирсак, умумиқтисодиёт факультети деканининг ўринбосари Қаландар Хўжаевич Абдураҳмоновнинг ўзи экан. Ўшанда у кишида кўрганим оддийлик, самимийлик мени ҳайрон қолдирди ва физика ўқитувчимизнинг “Одамохун” деган таърифларини қайта эсладим. Энди менинг тасавуримдаги “виқорлилик” ўрнини “оддийлик”, кўзни қамаштирадиган қуёш нурини эса илиқлик эгаллаган эди.

Устоз билан биринчи учрашишимиз мана шундай бўлган. Яна бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Мен олийгоҳни битираётган пайтимда устоз менга: “Агар хоҳласангиз Давлат режа қўмитаси қошида илмий-тадқиқот институти бор. Меҳнат муносабатлари билан шуғулланадиган бўлимга тавсия қиламиз, ўша ерда илмий иш билан машғул бўлаверасиз”, деб таклиф билдирди. Мен ўйлаб кўришга вақт сўрадим. Тошкентда қолиб ишлаш учун “прописка” талаб қилинар экан, нима қилса бўлади, деб ўйлаб кетаётганимда олдимдан диплом ишим бўйича раҳбарим Мирсоли ака Ҳайдаров чиқиб қолди ва “Давлат имтиҳон комиссияси раиси сени Фанлар академиясидаги кибернетика институтига ишга таклиф қилаяпти, бормайсанми?” деб қолди. Улардан ҳам ўйлаб кўриш учун вақт сўраб, уйдагилар билан маслаҳатлашиш учун Чироқчига қараб йўл олдим.

Уйдагилар ҳам менга аниқ бир маслаҳат бериша олмади. Лекин “Кибернетика янгича, жарангдорроқ эшитилаяпти”, дейишгани худди “Шуни танлай қол” дегандек туюлди менга. Тақдирнинг изми билан Кибернетика институтида илмий ишим битгунга қадар Қаландар ака билан рўпара бўлишдан чўчиб, ўзимни олиб қочиб юрдим. Олдиларига бориб, узримни айтишга ботинолмадим. Орадан тўрт йил ўтиб, номзодлик илмий ишимни тугатиб, автореферат чиқарганимдан сўнг, минг истиҳола билан билан домла нима дер экан, деб қўрқа-писа олдиларига бордим. Устоз ўзининг самимийлиги ва очиқ кўнгилилиги билан мени яна бир бор лол қолдирди. “Ҳамма ишларингиздан хабарим бор, нега келмайсиз, балки бирор ёрдам керакдир, иш битиб қолдими?”, деб саволга тутди. Қўлимдаги авторефератни узатганимдан кейин, “Эй, яшанг, мана бу бошқа гап, зўр иш бўлибди”, деб самимий қутлади ва ишларини бир четга суриб, авторефератимга тақриз ёзиб берди. Четдан қаралса, бу хотиралар кундалик, оддий бир ҳол сингари туюлар, лекин мендек илм қиламан деб Тошкентда “дарбадар” бўлиб юрган аспирант учун бу катта бир мадад эди.

Устоз шогирдлари билан суҳбатлашганда Имом Бухорийнинг “Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай” деган сўзини кўп қайтарганларининг гувоҳи бўлганмиз. Устознинг ўзлари ҳам Буюк Муҳаддиснинг ушбу шиорига содиқ бўлиб, бутун ҳаётини фақат илм-маърифатга бағишлаганлигини бу борада эришган ютуқлари амалда исботлаб турибди.

Бугун умидларга тўла, ҳаяжонли кунларни эслар эканман, ўша пайтларда кўз олдимда улкан чинор бўй кўрсатаётганини ҳис қилганман. Аввало, одамгарчиликдан сабоқ берган Устоз илмий фаолияти давомида юксак бир чўққини ҳам забт этганига ўзим гувоҳ бўлиб турибман. Академик Қаландар Абдураҳмоновнинг номи иқтисодиёт илми билан шуғулланаётган дунё афкор оммасига яхши маълум, десам муболаға бўлмайди. Бунга Устоз яратган илмий меросни қисқача таснифлаб, тўла ишонч ҳосил қилиш мумкин. Академик Қ. Абдураҳмонов умумий ҳажми 1600 босма табоқдан ошиқ кўплаб илмий асарлар муаллифи саналади. Устоз олиб борган тинимсиз илмий изланишлар натижалари рус, ўзбек, инглиз тилларидаги йирик илмий монографиялар, дарсликлар, ўқув қўлланмаларида ўз аксини топган. Унинг Буюк Британиянинг “Scientifie Publishing House IVG” нашриётида инглиз тилида чоп этилган “Labour economics” китоби айни пайтда кўплаб мамлакатларда дарслик сифатида фойдаланилмоқда. Муаллифнинг “Меҳнат иқтисодиёти” китоби Ўзбекистонда ва Россия Федерациясида бир неча маротаба қайта нашр этилган ва кўплаб олийгоҳларда дарслик сифатида қўлланилмоқда.

Юқоридагилардан ташқари, Қаландар Абдураҳмонов томонидан тайёрланган “Меҳнат иқтисодиёти”, “Ташкилот персоналини бошқариш”, “Персонал менежментининг назарий асослари”, “Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш”, “Аҳолининг турмуш даражаси”, “Демография”, “Инсон тараққиёти”, “Меҳнат иқтисодиёти ва социологияси”, “Ижтимоий соҳа иқтисодиёти”, “Меҳнат бозори” каби дарсликлар нафақат олийгоҳларда, шунингдек, бошқарув соҳасида кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш борасида Давлат бошқаруви академияси ва бошқа малака ошириш институтлари томонидан дарслик ва ўқув қўлланмалари сифатида кенг фойдаланилмоқда.

Умуман олганда, иқтисодиёт фанида олиб борган кўп йиллик меҳнати натижасида академик Қаландар Абдураҳмонов мактаби яратилганлигини нафақат мамлакатимиз, шунингдек, хориждаги илмий доираларнинг йирик вакиллари ҳам эътироф этишган. Устознинг бевосита раҳбарлигида 100 га яқин фан номзоди ва докторлар етишиб чиқди. Тошкент давлат иқтисодиёт университети қошида академик Қ.Абдураҳмоновнинг “Меҳнат иқтисодиёти ва инсон капитали” илмий мактаби фаолият олиб бормоқда.

Қаландар Хўжаевич кейинги йилларда меҳнат иқтисодиёти билан биргаликда меҳнат социологияси фанини ривожлантириш соҳасига ҳам катта эътибор қаратмоқда. Олим “Бозор ислоҳотлари шароитида меҳнат иқтисодиёти ва социолигияси” соҳасидаги янги иқтисодий назария ва амалий тавсияларни шакллантирибгина қолмасдан, уларнинг халқаро майдонда кенг тарқалишига ҳисса қўшиб келмоқда. Унинг раҳбарлигида кейинги йилларда 7 марта халқаро илмий конференция ўтказилди.

Устознинг илмий ишлари РИНЦ ва SCOPUS халқаро илм-фан манбалари индексига эга ҳамда ушбу манбалар орқали чет эл олим ва тадқиқотчилари ҳам олимнинг илмий натижаларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмоқда. Бундан ташқари, Устоз Муҳаммад Мусо ал Хоразмий ижодига катта қизиқиш билан қараб математик таҳлил, хусусан, эконометрик усулларни иқтисодий тадқиқиотларга кенг қўллаш борасида ҳам изланишлар олиб бормоқда. Эконометрика фанининг иқтисодий таҳлилда муҳим аҳамиятга эга эканлигини ҳисобга олган ҳолда ушбу фан дарслик сифатида университет программасига киритилган.

Ўзбекистоннинг улкан туризм салоҳиятига эга эканлигини ҳисобга олиб, Устоз Қ.Абдураҳмонов томонидан иккита йирик “Manajement of Tourism” ва “Manajement and marketing of Tourism” ўқув қўлланмалари тайёрланиб, 2013 йилда Индонезия ва Малайзия давлатларида нашрдан чиқарилди. Ушбу қўлланмалар Германия ва Россия Федерациясининг олийгоҳлари ва илмий-тадқиқот институтлари ва марказлари томонидан ўқув ва амалий тадқиқотларда қўлланма сифатида ҳам фойдаланилмоқда.

Қаландар Хўжаевичнинг илм фан соҳасидаги ютуқларини ҳисобга олиб Россия Федерациясининг гуманитар фанлар ҳамда табиий фанлар академиялари ўзларининг ҳақиқий аъзолигига қабул қилишган, шунингдек, 1998 йилдан Олий мактаб халқаро академиясининг ҳақиқий аъзоси ва шу академиянинг илмий котиби, 1999 йил апрель ойидан бошлаб Нью-йорк университетининг академиги бўлиб сайлангани биз ўзбекистонликларга фахр ва ғурур бағишлайди.

Ўзбекистон иқтисодиёти ва тараққиёти юксалишини таъминлашда ўзининг сермаҳсул илмий ва маърифий ютуқлари билан муносиб иштирок этиб келаётган Устоз кенг қамровли фаолият олиб бормоқда, десак муболаға бўлмайди. Олий ўқув юрти талабалари ва малакали илмий ходимларни тайёрлаш билан биргаликда Қ. Абдураҳмонов ўзининг лидерлик ҳамда ташкилотчилик қобилиятларини ҳам намоён этиб келмоқда. Унинг раҳбарлигида Тошкент шаҳридаги Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг филиалига асос солинди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистонда илк халқаро даражадаги етакчи олий ўқув юртининг филиалини ташкил этишга ҳар ким ҳам жазм эта олмас эди. Бунинг учун жуда кўп тўсиқ ва ғовларни енгиб ўтиш талаб этилар эди.

Қ.Абдураҳмонов Тошкент шаҳридаги Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг филиали ректори лавозимида иш бошлаганидан кейин кадрлар тайёрлаш миллий дастурини ҳаётга самарали татбиқ этиш билан бирга таълим соҳасидаги интеграцион алоқаларни ривожлантиришга катта эътибор қаратиб келмоқда.

Қаландар Абдураҳмоновни хориждаги илмий доиралар иқтисодиёт назарияси, туризм менежменти, ижтимоий-меҳнат муносабатларини ташкил этиш ва бошқариш муаммолари бўйича таниқли олим сифатида тан олишади.

Шарқда, хусусан, мусулмон дунёсида “Олимнинг қаламидан томган сиёҳ томчиси шаҳидларнинг қонидан муқаддасроқ” деган ҳикмат азалдан маълум. Дунёнинг роҳат–фароғатидан ўзини чеклаб, деярлик 60 йил мобайнида илм йўлида изланган Қаландар Абдураҳмонов Ўзбекистоннинг иқтисодиёт фанида ўз номини олтин ҳарфлар билан тарих саҳифасига битиб бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Юқорида айтганимдек, ёшликда журналистикага бўлган иштиёқ Устоз етук иқтисодчи олим бўлиб шаклланганда ҳам сўнмаган экан. Вақти келиб, у Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг аъзолигига ҳам қабул қилинди ва бу шунчаки фахрий аъзолик эмас эди. Устознинг “Ўзбекистон: кеча, бугун ва келажакда” номли китоби нафақат Ўзбекистонда, шунингдек, Жанубий Корея ҳамда Германия мамлакатларида инглиз тилида чоп этилди. “Оламни маҳлиё айлаган диёр” номли китоби Ўзбекистондек жаннатмакон юртни англамоқчи бўлган чет элликлар учун ўзига хос “йўл кўрсатувчи” бўлиб хизмат қилаётганлиги билан таҳсинга лойиқ бўлди. 2017 йилда “Ўзбекистонда инсон омили ва манфаатлари – энг олий қадрият” номли китоби, 2018 йил ва 2021 йилларда Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов хотирасига атаб “Буюклар каҳкашонида”, “Ўзбекистон – дилбар Ватаним” каби бадиий асарларни чоп этиб, китобсеварларнинг юксак ҳурмат ва эътиборига сазовор бўлди.

Устознинг илмдаги машаққатли синовларни енгиб ўтиб, бугун биз сиз билан гувоҳи бўлиб турган даражага етиши, энг аввало, уларнинг авлодларидан мерос бўлиб ўтиб келаётган маърифий салоҳият, ота-онаси ҳамда устозлари томонидан берилган таълим ва тарбиянинг самараси, деб биламан. Нафақат Тўлақулда, дарҳақиқат, бутун Чироқчи туманида Устознинг падари бузрукворлари – Абдураҳмон бобони билмаган, эшитмаганлар топилмайди. Туманимизда ул зот қишлоқ оқсоқолларининг (ўша даврдаги қишлоқ совети раисларининг) ичида энг саводли, халқнинг дарди ва ғами билан яшаган инсон сифатида эсланади. Қашқадарёча қилиб, бир сўз билан айтганда – “Кайвони инсон бўлган”, деб таърифлашади.

Хуллас, Қаландар аканинг ибратли ҳаёти ва илмий асарлари ўсиб келаётган ёш авлодга таълим ва тарбия беришда қимматли манба бўлиб хизмат қилади. Устоз Қаландар аканинг илм йўлидаги машаққатларни енгиб ўтиб эришган ютуқлари, таълим ва тарбияга нисбатан ёндашувлари шахсан мен учун катта ибрат мактаби бўлган, деб баралла айта оламан. Устоздан илм олишда бардавомлик, маслаҳатсиз иш бошламаслик, илмни доимо мукаммаллаштириб бориш, илм йўлида машаққатга сабр ва бардошли бўлиш, илм ҳосилидан бошқаларни ҳам баҳраманд қилиш каби хислатларни ўрганиш мумкин.

Президентимиз ташаббуслари билан олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар Устоз сингари илму маърифат йўлида хизмат қилаётган инсонлар учун ёш авлодни соф эътиқод, чиройли ахлоқ ва одоб соҳиби бўлиши борасида катта масъулият юклайди. Устоз Қаландар Абдураҳмонов доимо таълим-тарбия масаласини ўзининг жамият олдида турган муҳим вазифаси ҳисоблаб келган. ёшларга таълим беришда Устознинг ибратли ҳаёти ва илмий асарларини ўрганиш, ёшларимизда илм-маърифатга бўлган қизиқишни юксалтириб, уларни юксак маънавиятга тарғиб этишига ишончим комил. Шунингдек, Устознинг меҳнат иқтисодиёти фани соҳасида юксак даражани забт этган таълим методикаси бу борада малакали иқтисодчилар ва социологларни етиштириб чиқишда катта аҳамият касб этади.

Ушбу муборак дамларда Устозга ўзлари яратган илмнинг юксак натижаларини узоқ йиллар давомида кўриб юришини ҳамда буюк аждодларимизга хос кўплаб ворислар тайёрлаш борасида улкан зафарлар тилайман.

 

Шарофиддин НАЗАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.

 

Меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик манзили

Қўли калталик – бу танлов эмас, қисмат. Ҳар бир инсон тақдирнинг тайёрлаб қўйган синовларини темир иродаси, заҳматли меҳнати билан енгиб, таъбир жоиз бўлса, қувонч ва ташвишларга тўла ўз асарини битишга ҳаракат қилади. Қимирлаган қир ошади, албатта. Бироқ орамизда ҳаёт машаққатлари қаршисида қаддини тик тутиб, уларни ёриб чиқишга маълум бир имкониятлари чеклангани сабаб куч топа олмайдиган инсонлар ҳам бор. Улар бундай паллада жамиятнинг, давлатнинг кўмагига, мурувватига, мададига суянади. Ўз навбатида инсонпарвар, ижтимоий адолат тамойиллари олий мезон саналган давлат бу эҳтиёжманд шахслар манфаатларини тўла-тўкис таъминлашга интилади.

Якунига етган мўътабар Рамазон ойи мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий сиёсатнинг изчиллиги, манзиллилиги ва, табиийки, натижадорлигини яққол амалда намоён этган, жамиятда меҳр-оқибат, саховат ва ўзаро қўллаб-қувватлаш муҳити янада кучайган давр сифатида муҳрланди. Бинобарин, давлат раҳбарининг 16 февралдаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорида “Рамазон — меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” деган эзгу ғоя асосида қатор чора-тадбирларни рўёбга чиқариш белгилангани ушбу даврда юзлаб ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга умид ва шодлик улашишдек хайрли ишларга туртки берди.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бўлим бошлиғи Фарид НАЗАРОВ бу борада қуйидагиларни баён қилади.

– Қон-қонимизга сингиб кетган қадриятларимизга кўра, улуғ Рамазон ойида халқимизнинг кам таъминланганларга ёрдам қўлини чўзиш, кишиларнинг бир-бирига янада эътиборли ва меҳрли муносабат бўлиш фазилатлари бир қадар юксалади, – дейди Ф. Назаров. – Айниқса, ижтимоий ҳимоя тизимида фаолият юритаётган ижтимоий ходимлар учун мана шу ўттиз кун юксак инсонпарварлик қадриятларини амалда намоён этиш ойига айланади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя тизими тубдан ислоҳ қилиниб, унинг марказида инсон манфаати ва унинг қадрини улуғлаш тамойили мустаҳкам ўрин олди.

Ижтимоий хизматларни ташкил этишда замонавий ёндашувлар жорий этилди, аҳолига кўрсатиладиган хизмат турлари кенгайтирилди ва энг асосйси, ижтимоий ходим институти шакллантирилди. Бугунги кунда тизимдаги ходимларимиз инсон тақдири билан ишлайдиган, ижтимоий муаммоларнинг илдизигача етадиган ва уларни ҳал этиш учун давлатнинг мавжуд имкониятларини сафарбар қиладиган муҳим ижтимоий институтга айланди.

Айни пайтда юртимиздаги маҳаллаларда 8 мингдан ортиқ ижтимоий ходимлар фаолият юритмоқда. Уларнинг 60 фоиздан ортиғини аёллар ташкил этяпти. Маҳаллада фаолият юритаётган ижтимоий ходимлар аҳолининг ижтимоий ҳолатини ўрганиш, эҳтиёжманд оилаларни аниқлаш, уларга комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатиш ҳамда инсонларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда ҳал қилувчи ўрин тутаётирлар. Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда жаҳон амалиётида ижтимоий ходимлар жамиятдаги энг муҳим касблардан бири сифатида эътироф этилган. Ўзбекистонда ҳам сўнгги йилларда мазкур институтнинг ҳуқуқий ва институционал асослари яратилди. Ижтимоий ходим бугун маҳалладан бошлаб республика даражасигача бўлган ижтимоий ҳимоя тизимининг муҳим бўғинига айланиб, унинг вазифаси фақат моддий ёрдам кўрсатиш билан чекланмасдан, аксинча, ижтимоий ходим инсонларнинг турмуш тарзини, маиший ҳолатини комплекс баҳолайди, муаммонинг сабабларини таҳлил қилади ва уни ечиш учун турли давлат органлари ва ташкилотларини бирлаштирувчи механизмни ишга туширади. Ижтимоий ҳимоя тизимида амалга оширилаётган устувор ислоҳотлардан бири ижтимоий хизматларни ягона нуқтада ҳисобга олиш ва мувофиқлаштириш механизмидир. Илгари аҳоли турли давлат органларига мурожаат қилиб, ҳар бир хизматни алоҳида тарзда олишга мажбур бўлган бўлса, бугунги кунда мазкур жараён анча соддалаштирилди. Яъни яхлитлаштирилди. Мана шу ўзгариш ва янгиланишлар, хусусан, давлат раҳбарининг Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказишга доир қарори ижросини самарали таъминлашда ҳам айни муддао бўлди, десак, янглишмаймиз. Рамазон ойи ижтимоий ҳимоя тизимида фаолият юритаётган мутахассислар учун алоҳида масъулиятли даврга айланди. Бу ойда аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига ёрдам бериш қамрови бир карра ортди.

Президентимизнинг юқорида келтирилган қарорида Рамазон ойи муносабати билан эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш бўйича манзилли ижтимоий ёрдам чоралари назарда тутилган. Шунга кўра, оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган фуқароларга жарроҳлик амалиётларини ўтказиш, тиббий даволанишни ташкил этиш, шунингдек, бир марталик моддий ёрдам ажратиш каби кўмак турлари тизимли йўлга қўйилди.

Жумладан, Бир марталик моддий ёрдам дастури доирасида эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида 696 мингдан ортиқ фуқаролар рўйхати шакллантирилди, уларга ажратиладиган маблағлар умумий ҳисобда 467,2 млрд сўмни ташкил этмоқда.

Янада аниқроқ айтганда, мазкур дастурга 216 мингдан ортиқ давлат таъминотида бўлган оилалар, 415 мингдан ошиқ камбағал оилалар, 17 мингдан зиёд ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, 4 мингдан ортиқ етим болалар яшайдиган хонадонлар, 43 мингдан ортиқ “маҳалла еттилиги” томонидан шакллантирилган қўшимча рўйхатга киритилган эҳтиёжманд фуқаролар қамраб олинди.

Тиббий кўмакка муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида олиб борилган ўрганишлар натижасида 1 минг 668 нафар фуқаро даволанишга муҳтож экани аниқланиб, улар соғлиғини тиклаш ва зарур тиббий ёрдам билан таъминлаш мақсадида босқичма-босқич тиббий чора тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳозирга қадар 1 минг 310 нафар фуқаро вилоят шифохоналарида, 358 нафар ҳамюртимиз эса республика ихтисослаштирилган тиббий марказларида чуқур тиббий кўриклардан ўтказилиб, зарур даволаш ишлари, жарроҳлик амалиётлари бажарилди.

Бу каби ишлар эҳтиёжманд фуқароларнинг саломатлигини асраш, уларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш ҳамда ижтимоий ҳимоя тизими инсонпарварлик тамойилларининг амалдаги ёрқин намунасидир.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, жамиятда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш мақсадида “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан озиқ-овқат харажатларини қоплаш бўйича ҳам манзилли ишлар амалга оширилди.

Маълумки, “Саховат ва кўмак” жамғармасининг асосий мақсади оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган, моддий ёрдамга муҳтож фуқаролар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларга манзилли кўмаклашишдан иборат. Жамғарма томонидан Рамазон ойида республика бўйича 50 мингта оилага озиқ-овқат маҳсулотлари (ҳар бир оилага 412 минг сўм миқдорида маблағ ажратган ҳолда) тарқатиш белгиланди. Бу ташаббус саховат, бағрикенглик ва инсонларга ғамхўрлик қилиш каби қадриятларнинг жамият ҳаётидаги устунлигини кафолатлашга хизмат қилмоқда.

Мазкур жараёнда “маҳалла еттилиги” маҳаллалар кесимида оилаларнинг ижтимоий ҳолатини ўрганиб, ҳақиқатан ҳам ёрдамга муҳтож фуқароларни аниқлаш, рўйхатларни шакллантириш ва ажратилаётган ёрдамнинг манзилли ҳамда адолатли тарзда баҳолаб, уларнинг эҳтиёжларини аниқлаш ва тегишли қўллаб-қувватлаш чораларини ташкил этиш орқали эзгу ишларга салмоқли ҳисса қўшди.

Яна бир масала. Ҳозирга келиб, янги давр руҳи ва талабларига мувофиқ ижтимоий хизматларнинг наинки кўлами, балки мазмуни ҳам ўзгармоқда. Илгари асосан моддий ёрдамга эътибор қаратилган бўлса, бугунги кунда инсонларни мустақил ҳаётга қайтариш, уларнинг имкониятларини очиш ва ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган хизматларга устуворлик берилмоқда. Рамазон ойида бу борада ҳам кўп ва хўп ишлар қилинди.

Ижтимоий ҳимоя тизимининг самарали ишлаши фақат давлат органларининг фаолияти билан чекланиб қолмайди. Бу жараёнда жамоат ташкилотлари, хайрия фондлари, фуқаролик жамияти институтлари ва оддий фуқароларнинг иштироки ҳам сув ва ҳаво каби зарур.

Жамиятдаги саховат ва меҳр-оқибат муҳити ижтимоий ҳимоя тизимининг имкониятларини янада кенгайтиради. Ижтимоий ходимлар бу жараёнда кўприк вазифасини бажаради. Улар давлат, жамоат ташкилотлари ва аҳоли ўртасидаги ҳамкорликни таъминлаб, ёрдамнинг манзилли ва самарали бўлишига хизмат қилади. Шу маънода, файзу баракали ўтган Рамазон ойи юртимиз ижтимоий ҳимоя тизими ходимлари учун нафақат маънавий, балки катта амалий аҳамиятга эга бўлди.

 

Миннатдорлигимни сўз билан таърифлай олмайман”

Бекободлик Моҳира Пўлатова кўп йиллардан буён юриш билан боғлиқ муаммодан азият чекиб келаётган эди. У учун уй остонасидан ўз оёғида кириб чиқиш ушалмас бир орзудек туюлар, тўшакка михланиб қолганидан руҳан синиб борарди. Лекин бу йилги муборак Рамазон ойи кўплар қатори у учун ҳам хайрли келди. Маҳалладаги ижтимоий ходим ва “маҳалла еттилиги” томонидан унинг турмуш шароити ўрганилиб, жарроҳлик амалиётига эҳтиёжи борлиги аниқлангач, тиббий ёрдам кўрсатиладиган фуқаролар рўйхатига киритилди.

Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида Моҳира Пўлатованинг жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказилди. Айни пайтда у ўзини жуда яхши ҳис этмоқда. Муҳими, энди у юра бошлади.

– Миннатдорлигимни сўз билан таърифлолмайман, – дейди Моҳира. – Менинг ҳолатимни мен каби узоқ вақт юриш орзусида яшаган, шифтга тикилганча Яратгандан умидини узмаган инсонлар тушунади. Тўғри, баъзан “Бошқалар каби юролмасам, оиламдагиларга юк бўлиб, яшаб нима қилдим?” деган тушкун хаёлларда кун ўтказган пайтларим ҳам бўлди, яширмайман. Аммо юртимизда ҳеч бир инсон давлатнинг эътиборидан четда эмаслигини бугун ўзимнинг ҳаётим мисолида кўриб, ҳис қилиб турибман. Мана, бепул жарроҳлик амалиётидан кейин ўша оғир кунларим ортда қоладиган бўлди. Бунинг учун давлатимизга, ўзгалар дардини ўзиникидек қабул қилиб, биз каби эҳтиёжмандлар ҳаётига нур олиб кираётган яхши инсонларга раҳмат дейман.

 

Оламни тингламоқ бахти

23 ёшли Озода Римбаева Қорақалпоғистон тиббиёт институтида ўқийди, бўлғуси шифокор. У юқори синфда ўқиб юрган чоғларида хасталик асорати ўлароқ эшитиш қобилиятини йўқотган. Тасаввур қилинг, кечагина ота-онасининг, ўртоқларининг овозини, қушларнинг чуғур-чуғурини, дарахтларнинг шовқинли тебранишини, бу оламдаги жамики сас садони тинглаб, ўйнаб-кулиб юрган қиз бирдан эшитмай қолса…

Озода тақдирга тан бериб, бор кучини, вақтини ўқишга бағишлади. “Эшитмасам ҳам, дунёни кўряпман-ку!” деди ўзига ўзи. Билим ва интилиши билан тиббиёт олийгоҳига ўқишга кирди. Кейинчалик ўқиб-ўрганиб билдики, эшитиш қобилиятини тиклаш мумкин экан. Фақат бу қиммат операция бўлиб, яхшигина маблағ талаб қилар эди. Оилавий шароит эса буни кўтармасди.

Рамазон ойи муносабати билан Президентимизнинг тегишли қарори асосида эҳтиёжманд беморларнинг даволаниш харажатлари қоплаб берилаётганидан хабар топгач, онаси билан бирга пойтахтга, Республика ихтисослаштирилган оториноларингология ва бош-бўйин касалликлари илмий-амалий тиббиёт марказига етиб келди.

Марказда зарур тиббий текширувлардан сўнг унда кохлеар имплантация амалиёти муваффақиятли ўтказилди. Яъни хасталик туфайли зарарланган нерв толалари ўрнига махсус датчиклар киритилиб, ички қулоқ қисмига кохлеар имплант ўрнатилди. Муолажа жараёнидан кейин Озоданинг эшитиш қобилияти тиклана бошлади.

– Кўнглимдаги кемтиклик ариди, -дейди Озода. – Энди мен ҳам бошқалар каби одамлар билан бемалол мулоқот қиламан, мусиқа тинглайман… Бунинг қанчалар бахт эканини билсангиз эди… Келгусида яхши шифокор бўлиб, дардига дармон излаётган инсонларни соғлом ҳаётга қайтаришга ҳисса қўшишни, яхшиликка яхшилик билан жавоб беришни ният қилганман.

 

Фарида МАҲКАМОВА,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

 

Саратонга қарши кураш: Тошкент шаҳрида бу борада вазият қандай?

Тирик жон борки дардга чалинади, шифо излайди. онкология мавзусига таҳлилий ёндашганда, энг аввало, бир муҳим фикрни таъкидлаш лозим, у инсоният учун жиддий муаммо бўлса-да, мутлақ ҳукм ёки умидсизлик белгиси эмас. илмий асосларга кўра, бу касаллик ҳужайраларнинг назоратсиз кўпайиши натижасида юзага келади, аммо замонавий тиббиёт уни аниқлаш ва даволаш борасида катта ютуқларга эришмоқда.

Ўзбекистонда ҳам ана шундай ютуқлар туфайли онкологик касалликларни эрта аниқлаш, самарали даволаш ва беморларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш имкониятлари сезиларли даражада кенгаймоқда.

Айни пайтда мамлакатимизда онкология соҳасини ривожлантириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш ва касалликни эрта босқичларда аниқлаш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ихтисослаштирилган онкология марказларини модернизация қилиш, замонавий ташхислаш ускуналари билан таъминлаш, скрининг дастурларини кенг жорий этиш ҳамда малакали мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2024 йил 22 ноябрдаги “Аёллар орасида онкологик касалликларни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида мамлакатда аёллар саломатлигини муҳофаза қилиш, онкологик касалликларни эрта босқичда аниқлаш ҳамда уларни самарали даволаш тизими тубдан такомиллаштирилмоқда.

Мазкур қарор ижросини ўрганиш, тизимдаги самарадорликни баҳолаш ва аниқланган муаммолар юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши ташаббуси билан депутатлар ва партия вакилларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилди.

Ишчи гуруҳ фаолияти қарор ижросини фақат ҳисоботлар асосида эмас, балки бевосита жойига чиқиб, тиббиёт муассасалари фаолиятини кўздан кечириш, масъул раҳбарлар ва тиббиёт ходимлари билан мулоқот қилиш ҳамда реал ҳолатни аниқлашга қаратилди.

 

Назорат-таҳлил натижалари…

Ишчи гуруҳ томонидан пойхатимизнинг Шайхонтоҳур, Миробод ва Мирзо Улуғбек туманларида манзилли ўрганиш ишлари амалга оширилди. Хусусан, Шайхонтоҳур тумани тиббиёт бирлашмасида аёллар ўртасида онкологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича олиб борилаётган скрининг тадбирлари ўрганилди.

Ўрганиш жараёнида туман тиббиёт бирлашмасининг стационар маммографик ускунаси орқали аёллар орасида скрининг ва маммография тадбирлари ўтказилаётгани кузатилди. Бу ҳолат қарорда белгиланган стационар ва мобиль маммографик скринингни жорий этиш вазифалари муайян даражада амалга оширилаётганини кўрсатади. Шу билан бирга, мазкур тадбирлар доимий ва оммавий тус олмагани, қамров чеклангани ва скрининг асосан акциялар ёки алоҳида тадбирлар доирасида ташкил этилаётгани маълум бўлди.

Миробод туманида қарор ижроси депутатлик назоратининг институционал механизми – депутат сўрови орқали ўрганилди. Яъни халқ депутатлари туман Кенгашидепутатлари томонидан туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокорига расмий депутат сўрови юборилди. Президентимизнинг тегишли қарори ижроси, скрининг тадбирларининг қамрови, кадрлар билан таъминланганлик ва ташкилий масалалар юзасидан маълумотлар сўралди.

Тиббиёт бирлашмасидан келиб тушган расмий жавоб таҳлил қилинди. Таҳлил натижаларига кўра, қарор ижроси бўйича муайян ишлар амалга оширилган бўлса-да, айниқса, маммографик скрининг қамрови, икки сменали иш тизимини жорий этиш ва бирламчи бўғинда аёлларни фаол жалб қилиш масалаларида қарор талаблари тўлиқ таъминланмагани кузатилди.

Мирзо Улуғбек туманидаги назорат-таҳлил натижаларига кўра, туман кесимида бачадон бўйни саратони ва кўкрак бези саратони бўйича 2025 йил учун алоҳида тармоқ режалари ишлаб чиқилган, режалар оилавий поликлиникалар ва КТМПлар кесимида ойлар бўйича тақсимлангани ҳужжатлар асосида тасдиқланган.

Масалан, Мирзо Улуғбек туманида 30–65 ёшдаги аёллар сони 63 минг нафардан ортиқ бўлиб, бачадон бўйни саратони скрининги учун 2025 йилга 15 минг нафардан ортиқ аёлни қамраб олиш режалаштирилган, кўкрак бези саратони скрининги бўйича эса 11 минг нафардан ортиқ аёл қамраб олиниши кўзда тутилган. Бу ҳолат қарор талабларига мувофиқ режалаштириш ишлари амалга оширилганини кўрсатади.

Бироқ ишчи гуруҳ ўрганишлари шуни кўрсатдики, режаларнинг мавжудлиги уларнинг амалда тўлиқ ва сифатли бажарилаётганини англатмайди. Саволнома асосида олиб борилган таҳлилларга кўра, Тошкент шаҳрида аёллар ўртасида онкологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича скрининг ишлари икки йўналишда – маммографик скрининг ва “онко-назорат” хоналари орқали клиник кўриклар шаклида амалга оширилмоқда.

2025 йилда шаҳар бўйича маммографик скрининг орқали 11 688 нафар аёл қамраб олинган бўлса, “онко-назорат” хоналари орқали 120 171 нафар аёл клиник кўрикдан ўтказилган. Маммография орқали 63 нафар аёлда кўкрак бези саратони аниқлангани ушбу усулнинг юқори самарадорлигини яққол кўрсатади.

Шу билан бирга, қарорга мувофиқ 45-65 ёшли аёлларда кўкрак бези саратонини аниқлашда асосий усул сифатида маммография белгиланган бўлса-да, амалда скринингнинг асосий юки клиник кўриклар ҳисобига тўғри келмоқда. Бу эса қарорда белгиланган скрининг кўрсатгичлари билан амалдаги ҳолат ўртасида муайян тафовут мавжудлигини кўрсатади.

Саволнома натижалари шуни ҳам кўрсатдики, “онко назорат” хоналари фаолияти ҳудудлар кесимида бир хил эмас. Айрим поликлиникаларда клиник кўриклар фаол ўтказилаётган бўлса, айрим жойларда тиббиёт ходимларининг онкологик ҳушёрлиги ва скрининг кўрсатгичлари бўйича билимлари етарли эмас. Шубҳали ҳолатларни ўз вақтида маммографияга ёки ихтисослаштирилган муассасаларга йўналтиришда узилишлар борлиги аниқланди. Электрон рўйхатга олиш ва мониторинг тизими ҳам барча муассасаларда тўлиқ ишламаяпти, бу эса қарорда назарда тутилган электрон база ва регистр тизимининг амалда тўлиқ жорий этилмаганини кўрсатади.

Ижобий жиҳат сифатида шуни қайд этиш лозимки, скрининг жараёнида касаллик аниқланган беморлар билан ишлаш тизими Тошкент шаҳрида нисбатан барқарор йўлга қўйилган. Беморлар Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказига йўналтирилиб, чуқурлаштирилган диагностика, морфологик тасдиқ, консилиум ва комплекс даволаш билан давлат бюджети ҳисобидан таъминланмоқда. Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар учун бепул диагностика ва даволаш имкониятлари мавжудлиги қарор ижросидаги муҳим ижобий натижа ҳисобланади.

Шу билан бирга, кадрлар билан таъминланганлик масаласида ҳам муаммолар бор. Туман даражасида врач онкологлар етишмовчилиги, айрим “онко-назорат” хоналарида тўлиқ штат билан ишламаслик ҳолатлари қарор талабларининг тўлиқ бажарилишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ахборот маърифий ишлар эса асосан мавсумий характерга эга бўлиб, қарорда белгиланган доимий ва тизимли тарғибот талабларига тўлиқ жавоб бермайди.

Ўрганиш хулосаларига кўра, Президентимизнинг тегишли қарори ижроси асосида туманларда ижобий натижалар мавжуд. Бироқ қарорнинг асосий мақсади — аёллар ўртасида онкологик касалликларни оммавий ва самарали равишда эрта аниқлаш ҳали тўлиқ таъминланмаган. Маммографик скрининг қамровини кенгайтириш, бирламчи бўғинда фаол жалб қилиш механизмларини кучайтириш, икки сменали иш тизимини тўлиқ жорий этиш, кадрлар билан таъминлашни яхшилаш ва электрон мониторингни амалда ишлайдиган тизимга айлантириш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

 

Партия фаоллари ва депутатлар нима дейди?

Мавжуда ҲАСАНОВА,

ЎзХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи:

– Очиғи, Ўзбекистонда ҳам ўсма касалликларини даволаш нафақат соғлиқни сақлаш тизимининг, балки бутун жамиятнинг доимий эътиборини талаб қиладиган соҳа эканлиги маълум.

Ҳудудларда олиб борилган кенг кўламли таҳлиллар, яъни ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилган манзилли ўрганишлар, саволнома асосида тўпланган маълумотлар ҳамда тиббиёт муассасалари раҳбарлари ва соҳа мутахассислари билан амалга оширилган мулоқотлар аёллар орасида онкологик касалликларнинг ҳолати ва уларни назорат қилиш тизимидаги мавжуд камчиликларни очиқ кўрсатди.

Партиямиз депутатлари ва ҳудудий мутахассислар фикрларини инобатга олган ҳолда, қарор ижроси самарадорлигини ошириш бўйича қатор стратегик таклифлар ишлаб чиқдик.

Аввало, қисқа муддатли чоралар сифатида аёллар ўртасида онкологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича скринингни ташкил этишда “фаол чақирув” механизмини кучайтириш зарур ҳисобланади. Қарорда белгиланган 30-65 ёшли аёллар электрон базаси асосида ҳар бир оилавий поликлиника ва маҳалла кесимида аниқ мақсадли рўйхат шакллантирилиб, SMS-хабарнома, қўнғироқ ва патронаж орқали скринингга таклиф қилиш амалиётини жорий этиш лозим. Бу чора қисқа муддатда скринингга келувчи аёллар сонини ошириш, қамров кўрсаткичларини барқарор ўсишга олиб чиқишга хизмат қилади.

Шу билан бирга, қисқа муддатда маммографик ускуналарнинг икки сменали иш режими тўлиқ жорий этилиши лозим. Бу қарорда тўғридан тўғри белгиланган бўлиб, унинг амалга оширилиши ишловчи аёллар учун қулайлик яратиш орқали маммографик скрининг қамровини кенгайтириш имконини беради. Натижада клиник кўриклар билан чекланиб қолиш ҳолатлари қисқариб, аниқ ташхис қўйиш улуши ортади, бу эса диагностика сифатини яхшилайди.

Қисқа муддатли чоралар қаторида бирламчи бўғин тиббиёт ходимларининг онкологик ҳушёрлигини оширишга қаратилган мақсадли ўқувларни ташкил этиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Қарорда белгиланган скрининг алгоритмлари бўйича қисқа модулли ўқувлар жорий этилса, шубҳали ҳолатларни ўз вақтида аниқлаш ва юқори бўғинларга йўналтириш яхшиланади. Бу эса эрта босқичда аниқланган касалликлар улушини ошириш орқали даволаш самарадорлигини кўтаради ва кейинчалик юқори харажатли даволаш эҳтиёжини камайтиради.

Шуни унутмайликки, давлат томонидан тизимга кўрсатилаётган эътибор саратонга чалинган юртдошларимизнинг тузалиб, яшаб кетиш даражасининг ортишига салмоқли ҳисса қўшади. Фақат қарор ижросини қатъий таъминлаш, белгиланган текширувларни вақтида олиб бориш зарур. Ахир, шифокорлар жуда кўп айтишади: саратон хасталиги қанча эрта аниқланса, уни даволаш имкони шунча ортади.

 

Мухтор ИЛҲОМОВ,

халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП депутати:

– Онкология соҳасидаги илмий изланишлар ҳар йили янги натижалар бермоқда. Янги дори воситалари, генетик тадқиқотлар ва инновацион терапия усуллари келажакда бу касалликни янада самарали даволаш имкониятини кенгайтирмоқда.

Президентимизнинг 2024 йил 22 ноябрда қабул қилинган қарори мамлакатда онкологик касалликларга қарши курашишда янги босқични бошлаб берди.

Назорат-таҳлил натижаларидан келиб чиқиб шуни айта оламанки, ўрта муддатли стратегик чоралар сифатида, аввало, ушбу қарорда назарда тутилган электрон мониторинг ва регистр тизимини тўлиқ ишлайдиган ҳолатга келтириш зарур. Скринингдан ўтган ҳар бир аёлнинг натижаси, қўшимча текширувлар, ташхис ва даволаш босқичлари ягона электрон тизимда акс эттирилса, скрининг натижадорлигини баҳолаш имконияти ошади. Бу орқали ресурслар мақсадли йўналтирилиб, такрорий текширувлар ва асоссиз харажатлар қисқартирилади.

Ўрта муддатда кадрлар билан таъминланганлик масаласини тизимли ҳал этиш ҳам долзарб ҳисобланади. Хусусан, “онко-назорат” хоналари ва маммографик скринингда ишловчи мутахассислар учун мақсадли қайта тайёрлаш, рағбатлантириш ва иш юкламасини қайта тақсимлаш механизмларини жорий этиш таклиф этилади. Бу чора хизмат сифати ошишига, кадрлар алмашинуви камайишига ва скрининг жараёнларининг барқарор ишлашига хизмат қилади.

Шунингдек, қарорда белгиланган тарғибот ишлари йил давомида узлуксиз ташкил этилса, аёлларнинг онкологик касалликлар ҳақидаги хабардорлиги ошади, профилактик кўрикларга муносабат ўзгаради. Бу эса қамровнинг ошиши, касалликларни эрта аниқлаш ва умумий ўлим кўрсаткичларининг пасайишига олиб келади.

Бу борадаги қонунчилик, имтиёз ва имкониятларни маҳалларга бориб, аёллар, умуман, аҳоли орасида тарғиб қилиш керак, деб ўйлайман. Учтепа туманидаги маҳаллаларда соҳа мутахассислари билан тушунтириш тадбирларини ўтказишни режалаштирдик. Бу жорий йилдаги муҳим вазифаларимиздан бири этиб белгиланди.

 

***

Ҳақиқатан ҳам, сўнгги йилларда онкологик касалликларни даволашда сезиларли ютуқларга эришиляпти. Тошкентдаги клиникаларда бу йўналишда муҳим жарроҳлик амалиётлари ҳам ўтказилмоқда.

Дунёда давосиз дарднинг ўзи йўқ. Ишонч, сабр ва ҳаракат ҳар қандай дардни енгади. Белгиланган чоралар ижроси ўз вақтида ижро этилса, бу соҳада катта ютуқларга эришиш, минг минглаб одамлар ҳаётга, оиласи бағрига қайтиши учун имконият яратилади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва унинг депутатлари мазкур масалани доимий депутатлик назоратига олади. Президент қарори ижросини таъминлашга, аёллар саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган чора-тадбирларнинг самарадорлигини оширишга, партиямизнинг Сайловолди дастурида белгиланган ижтимоий адолат ва аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш бўйича устувор вазифалар нуқтаи назаридан жиддий эътибор қаратишда давом этади.

 

Лазиза ШЕРОВА,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

 

 

 

Депутатлар кўмаги билан одамларнинг ташвиши аримоқда

Маҳаллий кенгашлар олдида бугун бир қатор масъулиятли вазифалар турибди. Хусусан, халқимизнинг ҳаётий талаб ва эҳтиёжларини таъминлаш, одамларни рози қилиш, инсон манфаати ҳар нарсадан улуғ, деган эзгу ғояни изчил давом эттириш орқали дуч келинаётган муаммоларни ўз вақтида аниқлаб, ҳал қилишга кўмаклашишда маҳаллий кенгаш депутатларидан ташаббускорлик, жонбозлик ва фаоллик талаб этилади.

Хўш, бугун халқ депутатлари маҳаллий кенгашлардаги депутатларимиз ва партия ташкилотлари фаолиятига назар ташласак, нималарни кўрамиз?

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, жамоатчилик қабулхоналари орқали келиб тушган мурожаатлар, депутатлик сўровлари ҳамда маҳаллий Кенгашлар сессияларида кўтарилаётган долзарб масалалар орқали ҳудудларда аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилган амалий ишлар изчил олиб борилмоқда.

2026 йилнинг январь-февраль ойларида партия кенгашлари қошидаги 217 та жамоатчилик қабулхонаси орқали 1486 та мурожаат қабул қилиниб, уларнинг 1305 таси ёки 88 фоизи ижобий ҳал этилган.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан 142 та депутатлик гуруҳи йиғилиши, 102 та доимий комиссия муҳокамаси ва 67 та сессия ўтказилиб, жойлардаги муҳим ижтимоий масалалар муҳокама қилинган.

Шу ўринда айтиш керакки, барча йўналишларда фаоллиги ва амалий натижалари билан ажралиб турган Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Навоий, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари тажрибаси алоҳида эътиборга лойиқ.

 

Қорақалпоғистонда ташаббуслар амалий натижа бермоқда

Қорақалпоғистон Республикасида партия депутатлик гуруҳлари томонидан аҳоли мурожаатларини ўрганиш ва уларга амалий ечим топишга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Жумладан, 2026 йил январь–февраль ойларида партия кенгашлари қошидаги жамоатчилик қабулхоналарига 166 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 160 таси ижобий ҳал этилган, бу эса 96 фоиз натижадорликни ташкил этади.

Аҳоли мурожаатлари асосида жойларда қатор масалалар ўрганилиб, уларни ҳал этиш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинмоқда.

Жумладан, Мўйноқ тумани “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини, Бердақ кўчаси 15-уй 18-хонадонда яшовчи фуқаро В.Комекова томонидан ўз уйида яшамаслигига қарамасдан чиқинди пули ҳисоблангани юзасидан мурожаат қилинган. Масала депутатлар иштирокида ўрганилиб, “Nukus Eko City Trans” МЧЖ Мўйноқ тумани филиали билан биргаликда кўриб чиқилган ва фуқаро мурожаати ижобий ҳал этилган. Амударё туманида ҳам фуқаролар мурожаатларига ижобий ечимлар топилиб, қатор ижтимоий муаммолар бартараф бўлган.

Умуман олганда, маҳаллий Кенгашларда партия депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан 15 та депутатлик гуруҳи йиғилиши, 11 та доимий комиссия муҳокамаси ва 10 та сессия ўтказилган. Шунингдек, 82 нафар депутат томонидан 66 та депутатлик сўрови юборилиб, уларнинг 51 таси ижобий ҳал этилган.

Бу каби амалий ишлар депутатлик корпуси аҳоли муаммоларига бефарқ эмаслигини, жойлардаги долзарб масалаларни ҳал этишда депутатлик назоратининг таъсирчан механизми шаклланаётганини кўрсатади.

 

Андижонда ижтимоий ҳимоя ва бандлик масалаларига алоҳида эътибор

Андижон вилоятида партия депутатлик гуруҳлари томонидан аҳоли мурожаатларини ўрганиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб қувватлаш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган амалий ишлар изчил давом этмоқда.

2026 йил январь-февраль ойлари давомида вилоятда партия депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан 21 та депутатлик гуруҳи йиғилиши, 6 та доимий комиссия муҳокамаси ҳамда 8 та маҳаллий Кенгаш сессияси ўтказилди. Шунингдек, депутатлар томонидан 22 та депутатлик сўрови юборилиб, уларнинг 9 таси ижобий ҳал этилди. Қолган депутатлик сўровлари бўйича депутатлик назорати ўрнатилди.

Аҳоли билан мулоқотни кучайтириш мақсадида ташкил этилган жамоатчилик қабулхоналари орқали ҳам фуқароларнинг долзарб муаммолари ўрганилди. Ҳисобот даврида вилоят бўйича 155 та мурожаат келиб тушиб, уларнинг 148 таси ижобий ҳал этилди, бу эса 95 фоиз натижадорликни ташкил этди.

Мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, фуқаролар асосан ижтимоий ёрдам, бандлик, тиббий хизмат, пенсия ва нафақа, уй-жой коммунал хизматлари билан боғлиқ масалаларда кўпроқ мурожаат қилишган.

Жумладан, Андижон шаҳри “Пистамозор” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Дилбар Набиева кам таъминланганлиги сабабли ижтимоий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Мурожаат 5-“Водий” сайлов округи депутати Дилдорахон Талипова иштирокида атрофлича ўрганилиб, маҳалла фаоллари ва ҳомийлар билан ҳамкорликда фуқарога зарур амалий кўмак кўрсатилди. Шўрбулоқ маҳалласида яшовчи Азизбек Хурбоевга эса депутатлар ташаббуси билан озиқ овқат маҳсулотлари ҳамда ногиронлар аравачаси берилди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари ҳам депутатлар диққат марказида бўлиб келмоқда. Жумладан, Андижон тумани Қўқонлик маҳалласида яшовчи Маҳамматжон Ашуров “Мухтор” МЧЖга, Ўғилой Мирзакаримова 29-сонли умумтаълим мактабига, Бекобод маҳалласида яшовчи Шохсанам Абдуманнопова эса 12-сонли мактабгача таълим муассасасига ишга жойлаштирилди.

Шу билан бирга, аҳоли мурожаатлари асосида инфратузилмани яхшилашга доир масалалар ҳам кўриб чиқилди. Масалан, Асака тумани “Чек” маҳалласи фуқаролари томонидан Ҳамдўстлик кўчасини шағаллаштириш ва ички йўлларни асфальтлаш масаласи кўтарилди. Мазкур мурожаат асосида депутатлик сўрови тегишли ташкилотларга юборилиб, масала назоратга олинди.

Шунингдек, ушбу маҳалладаги “Ҳумо” кўчасини шағаллаштириш бўйича мурожаат асосида ободонлаштириш, техникалар жалб этилган ҳолда йўлни текислаш ишлари амалга оширилди.

 

Навоийда депутатлик сўровлари орқали инфратузилма яхшиланмоқда

Навоий вилоятида партия депутатлик гуруҳлари аҳоли мурожаатларини ўрганиш ва жойлардаги ижтимоий иқтисодий муаммоларни ҳал этишга қаратилган депутатлик назоратини изчил амалга оширмоқда. Хусусан, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш ва ҳудудларни ободонлаштиришга қаратилган масалалар мунтазам муҳокама қилиб келинмоқда.

2026 йил январь-февраль ойлари давомида вилоятда партия депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан 8 та депутатлик гуруҳи йиғилиши, 8 та доимий комиссия муҳокамаси ҳамда 8 та маҳаллий Кенгаш сессияси ўтказилди. Шу билан бирга, масъул идоралар раҳбарларининг 13 та ҳисоботи эшитилди.

Ҳисобот даврида туман ва шаҳар Кенгашларидаги депутатлар томонидан 52 та депутатлик сўрови юборилиб, уларнинг 46 таси ижобий ҳал этилди. Бу эса депутатлик назорати орқали жойлардаги муаммоларни бартараф этиш самарадорлиги юқори эканини кўрсатади.

Аҳоли билан мулоқотни кучайтириш мақсадида ташкил этилган жамоатчилик қабулхоналари орқали ҳам фуқароларнинг долзарб муаммолари ўрганилди. Ҳисобот даврида вилоят бўйича 76 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 66 таси ижобий ечим топди.

Мурожаатлар асосида жойларда яна қатор амалий ишлар бошлаб юборилди. Жумладан, Хатирчи туманидаги маҳаллалар инфратузилмаси яхшиланмоқда. Шунингдек, Навоий шаҳрида оғир касаллик билан даволанаётган фуқаро томонидан қилинган мурожаат депутатлар томонидан ўрганилиб, унга жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун молиявий ёрдам ажратиш масаласи ижобий ҳал этилди.

Маҳаллий Кенгашлар сессияларида эса аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилган қатор масалалар муҳокама қилинди. Хусусан, маҳаллаларни кўкаламзорлаштириш ишларини кенгайтириш, тиббиёт муассасаларини замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш, шунингдек, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича дастурлар ижроси юзасидан масъул идоралар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди.

Фарғонада долзарб масалалар муҳокама қилинди

Фарғона вилоятида партия депутатлик гуруҳлари томонидан жойлардаги муаммоларни ўрганиш, аҳоли мурожаатларини тезкор ҳал этиш ва ижтимоий масалаларга амалий ечим топишга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Ҳисобот даврида вилоятда партия депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан 15 та депутатлик гуруҳи йиғилиши, 12 та доимий комиссия муҳокамаси ва 2 та маҳаллий Кенгаш сессияси ўтказилди. Ушбу йиғилиш ва муҳокамаларда ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммолар, аҳоли бандлигини таъминлаш ва инфратузилмани яхшилашга қаратилган масалалар атрофлича кўриб чиқилди.

Жамоатчилик қабулхоналари орқали аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ҳам самарали ташкил этилган. Ҳисобот даврида 129 та мурожаат қабул қилиниб, уларнинг 118 таси ижобий ҳал этилди.

Масалан, Қўқон шаҳридаги маҳалла аҳолиси томонидан ички йўлларни таъмирлаш масаласида қилинган мурожаат депутатлар иштирокида ўрганилди. Натижада маҳалла ҳудудидаги ички йўллар таъмирланиб, тартибга келтирилди.

Маҳаллий Кенгаш сессияларида эса аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилган қатор долзарб масалалар муҳокама қилинди. Хусусан, аҳоли бандлигини таъминлаш дастурлари ижроси, коммунал хизматлар сифатини ошириш, таълим муассасаларини таъмирлаш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш каби масалалар юзасидан масъул идоралар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

***

Юқорида келтирилган таҳлиллар шуни кўрсатадики, маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлари фаолияти жойлардаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишда таъсирчан ва амалий механизмга айланмоқда. Жамоатчилик қабулхоналари орқали фуқаролар мурожаатларини ўрганиш, депутатлик сўровлари орқали масъул идоралар фаолиятини назорат қилиш ҳамда маҳаллий Кенгашлар сессияларида долзарб масалаларни муҳокама қилиш амалиёти аҳоли манфаатларини таъминлашга хизмат қилаётгани яққол намоён бўлмоқда.

 

Сирожиддин ШОНАЗАРОВ,

ЎзХДП марказий кенгаши бўлим бошлиғи.

 

 

Минглаб оилалар учун даромад ва мамлакат тараққиётининг муҳим манбаи

Жорий йил 16 март куни Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг 3-мис бойитиш фабрикаси биринчи навбати ишга туширилиши нафақат корхонамиз жамоаси, балки бутун мамлакатимиз саноати тараққиётида, таъбир жоиз бўлса, янги босқични бошлаб берди.

Қиймати 2 миллиард 700 миллион долларлик фабрика йилига 60 миллион тонна маъданни қайта ишлаб, 900 минг тоннага яқин мис концентрати ишлаб чиқаради.

Давлатимиз раҳбари ушбу йирик стратегик аҳамиятга эга фабрикамизнинг очилиш маросимида иштирок этар экан, соҳадаги, хусусан, корхонамиз фаолиятида эришилаётган ютуқларни алоҳида санаб ўтди.

Дарҳақиқат, соҳада шаффоф тизим яратилгани ҳисобига сўнгги тўққиз йилда 10 миллиард доллар хорижий инвестиция киритилгани, бугунги кунда 65 та хусусий корхона фаолият юритаётгани, тармоқда ишлаб чиқариш 1,7 баробар ўсиб, ўтган йилнинг ўзида 270 триллион сўмга етгани узоқни кўзлаб олиб борилаётган ислоҳотларнинг ёрқин натижасидир. Шу билан бирга, хорижий ҳамкорлар билан юқори малакали кадрларни тайёрлашнинг йўлга қўйилгани ҳам энг катта ютуқлардан бири бўлди.

Мисол учун, Олмалиқда «Москва пўлат ва қоришмалар институти» университети филиали, Олмалиқ техника институти, Тошкент шаҳрида Геология фанлари университети (Ухань геология университети билан ҳамкорликда) ҳамда Италиянинг Пиза университети филиали ташкил қилинди. Навоийкончилик технологиялари университетида ҳам Россия, Канада, АҚШ, Франция ва Чилининг илғор олийгоҳлари билан қўшма дастурлар йўлга қўйилди. Бунинг самараси ўлароқ қимматбаҳо ва рангли металларни фақат хом ашё шаклида эмас, балки уларни қайта ишлаб, юқори қийматли маҳсулот яратиш қамрови ошди. Бу эса, табиийки, малакали маҳаллий кадрларни тайёрлаш тизими билан чамбарчас боғлиқдир.

Президентимиз 2026 йилнинг ўзида ишга тушадиган лойиҳалар ҳисобига мисни чуқур қайта ишлаш қувватлари 240 минг тоннага етишини таъкидлади. Ва бу кўрсаткич яқин икки уч йилда янада ўсиб бориши кутилмоқда.

Биламизки, мис саноат, энергетика, электротехника, рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект, «яшил» тараққиёт учун стратегик хом ашё ҳисобланади. Айтиб ўтилганидек, мис саноатида юқори қиймат занжири яратилса, бу хом ашёни чуқур қайта ишлаш учун замонавий инфратузилма барпо этилса, минглаб оилаларга даромад, ҳудудларга тараққиёт, мамлакатга қудрат олиб келади.

Шу нуқтаи назардан янги ишга туширилган 3-мис бойитиш фабрикаси ҳам мамлакатимизда шаклланаётган “мис кластери”нинг стратегик таянч нуқтаси сифатида намоён бўлмоқда.

Фабриканинг стратегик аҳамияти, аввало, унинг ижтимоий-иқтисодий таъсирида яққол кўринади. Лойиҳа тўлиқ қувватга чиққанидан сўнг 4 мингдан ортиқ янги иш ўринлари юзага келади. Бу илғор билим ва кўникмаларга эга маҳаллий ёшларимизга катта имконият демакдир.

Юқорида келтириб ўтганимдек, йилига ишлаб чиқариладиган 900 минг тоннага яқин мис концентрати таркибидан 166 минг тоннадан ортиқ мис, шунингдек, олтин, кумуш ва бошқа қимматбаҳо рангли металлар ажратиб олиниб, кейинги босқич – Мис эритиш заводига узлуксиз равишда етказиб берилади.

Лойиҳанинг ноёблиги унинг юқори технологик даражаси ва замонавий автоматлаштирилган тизимлари билан ҳам белгиланади. Фабрикада дунёнинг етакчи компаниялари – “Metso Outotec”, “FLSmidth”, PAO “Uralmashzavod”, “Weir Minerals” ва “Siemens” ускуналари асосида ягона интеграциялашган технологик мажмуа яратилган. Жумладан, “HPGR” технологияси энергия сарфини сезиларли даражада камайтириб, қайта ишлаш самарадорлигини оширади. Замонавий флотация ва фильтрлаш ускуналари эса юқори сифатли концентрат олишни таъминлайди. “Siemens PCS 7” ва “AVEVA PI Vision” платформалари орқали барча технологик жараёнлар реал вақт режимида назорат ва бошқарув қилинади.

Олдимизда, шубҳасиз, улкан марра ва вазифалар турибди. Энергия тежамкорлигини таъминлаш, ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини изчил ошириш ҳамда мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш асосий мақсадимизга айланди. Хусусан, 2026 йил якунига қадар технологик линияларни барқарор иш режимига ўтказиш орқали 20 миллион тонна маъданни қайта ишлаш, 288 минг тоннадан зиёд мис концентрати ишлаб чиқариш ҳамда уни Мис эритиш заводига узлуксиз ва барқарор етказиб беришга қаратилган аниқ режаларни ишлаб чиққанмиз.

Бундан ташқари, ишлаб чиқариш жараёнларида қўлланиладиган реагентлар, сарф материаллари ва эҳтиёт қисмларни маҳаллийлаштириш даражасини изчил ошириш, муқобил ҳамда инновацион ечимлардан самарали фойдаланиш орқали маҳсулот таннархини сезиларли даражада камайтиришга қаратилган ишлар ҳам белгилаб олинди.

Олий таълим муассасалари билан узвий ва самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, дуал таълим тизимини саноат талаблари билан уйғунлаштириш орқали замонавий билим ва компетенцияларга эга юқори малакали муҳандис техник кадрларни мақсадли тайёрлаш ва ишлаб чиқаришга кенг жалб этиш устувор вазифаларимиз сирасига киради.

Мухтасар айтганда, билдирилаётган юксак ишончни масъулият билан, салмоқли амалий натижалар, юқори меҳнат унумдорлиги ва Ватанимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлашга қўшаётган муносиб ҳиссамиз орқали оқлаш пировард мақсадимиздир.

 

Эркин AРТИКБАЕВ,

Олмалиқ КМК” AЖ 3-мис бойитиш фабрикаси директори.

 

Янги ҳаёт, янги тарих, янги келажак – Ватан учун фидойиликка чорловчи ғоя

Йил йилга ўхшамас, дейдилар. Аслида отаётган ҳар бир мусаффо тонгимиз, хотиржам, ҳаловатга тўла кунларимиз биз учун қадрли ва фазилатли. Бу йил ўзгача келган Наврўз шукуҳи ҳар биримизнинг қалбимизни чексиз фахр ва ифтихор туйғулари билан тўлдираётгани айни ҳақиқат. Чунки Наврўз нафақат ҳусн таровати, куй-қўшиқ ва ўланлари, сумалагу, сайиллари балки Рамазон билан уйғун қадриятлари, баҳор тутимларига монанд юртимизни яшилликка буркаш каби эзгу мақсадга йўғрилган тадбирлари билан ҳам ўзгача мазмун-моҳият касб этди.

Бу эзгу ишлар одамларимизнинг кайфияти, ҳаётидан розилик ҳисси, шукроналик туйғусини янада оширди. Дарҳақақат “Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлашдир” ғояси халқимизнинг меҳр- мурувват, бағрикенглик, бунёдкорлик салоҳиятини нафақат бутун юртимизнинг шаҳар қишлоқлари, маҳаллалару овуллари бўйлаб кенг ёйди, балки янада юксакка кўтарди десак муболаға бўлмайди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кўламли ислоҳотлар туфайли инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, фаровонлигини ошириш, жамиятда тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини, ижтимоий адолат тамойилларини мустаҳкамлаш йўлидаги улкан ишлар яна бир бор ўзини намоён этди.

Наврўз умумхалқ байрами куни Президент иштирокида Янги Ўзбекистон боғида ўтган тантанали маросим эса ҳар бир юртдошимизга унутилмас таассуротлар бахш этгани муқаррар. Ушбу тантанада инсон қадри, тинчлик, бирдамлик каби эзгу ғоялар нафаси уфуриб турди. Соҳибқирон Амир Темур давридаёқ давлат сиёсатининг муҳим йўналиши бўлган яхши қўшничилик, миллатлараро тотувлик, юксак инсонийлик намойиши қалбимизни ларзага солди.

Давлат раҳбари ўз табрик нутқида эзгу ғояларни илгари сурди. “Азалий анъаналаримизни давом эттириб, кўчат экиб, боғ яратайлик, уйимиз, маҳалламизни обод қилиб, ҳаётимизни янада гўзал ва фаровон этайлик!

Яхши қўшничилик, аҳиллигимиз ва эзгу ишларимиз билан юксак марраларга интилаётган халқ эканимизни дунёга намоён этайлик!

Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт, янги тарих, янги келажак яратайлик!”.

Бу сўзлар барчамизни шу муқаддас она юртимиз тараққиёти учун фидойиликка чорловчи даъват сифатида жаранглади. Аслида жуда машаққатли, аммо аллақачон пойдевори қўйилган буюк мақсадлар бу.

Юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакилларининг ягона ватанда ягона халқ бўлиб, аҳил ва тотув яшаётганининг ўзи шу буюкмақсадларни рўёбга чиқаришнинг асосий омилидир.

Бугун бутун халқимиз янги ҳаёт нашидасини сурмоқда деб бемалаол айта оламиз. Барча ҳудудларимизга, қишлоқ ва овуллар, маҳаллаларимизга Янги Ўзбекистон нафасини олиб кириш бўйича бошланган катта ҳаракатлар эса унинг мазмун-моҳияти ва сурурини янада оширади.

Дарҳақиқат, янги иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш борасида улкан қадамлар қўйилмоқда. Янги-янги замонавий корхоналар, коммуникация тармоқлари, шинам уй жойлар, таълим, тиббиёт, маданият ва спорт объектлари барпо этилмоқда. Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси, “Мен ҳам кўчат экаман” акциялари, умумхалқ ҳашарлари ташкил этилмоқда.

Янги Ўзбекистон мамлакатимиз ёшлари учун юксак парвозлар, катта-катта ғалабалар майдонига айланиб бораётгани ҳам айни ҳақиқат. Президентимиз ўз табригида ёшларга мурожаат этиб “ Бугун Учинчи Ренессанс бунёдкорлари бўлишдек улкан бахт ва юксак шараф сизларга насиб этмоқда. Қанча қанча аждодларимиз интилиб яшаган шу буюк орзуни рўёбга чиқаришга сизлар албатта қодирсиз”, дея ишонч билдиргани бежиз эмас.

Тинч юртга байрамлар ярашади. Дунёда қанча-қанча одамлар нотинчлик, урушлар, вайронагарчиликлар гирдобида тинч ва осойишта ҳаёт орзуси билан умр кечираётган бир пайтда, қалбида мамнуният ва ҳаловат, ўзининг ва фарзандларининг келажагига катта ишонч билан яшаётган халқимизнинг байрамлари байрамларга уланмоқда. Буни бугун ҳар бир юртдошимиз ҳис қилаётгани, англаётгани, қўллаб-қувватлаётгани, шу тинч, осуда Ватан тараққиётига ҳисса қўшишга интилаётгани шубҳасиз.

Шу жиҳатдан ҳам бу йилги Наврўз ўзининг байрамона шукуҳи, қадрият ва анъналари, ҳикмати, фалсафаси, мазмун моҳияти билан нафақат элимиз, балки дунё эътирофига мушарраф бўлди.

 

Назира МАТЯКУБОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи кенгеси депутати.

 

Бетакрор ва буюк мажмуа

Муқаддас Рамазон ойи ва Наврўз байрами муносабати билан мамлакатимизда меҳр-оқибат янада кучайиб, эҳтиёжманд инсонларга ҳар томонлама эътибор ва кўмак кўрсатилди, халқимиз эзгу ва савобли амалларга бош-қош бўлди.

Давлат ва нодавлат ташкилотлари, саховатли ҳамюртларимиз томонидан муҳтож оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилаётгани Ватанимизда файзу баракани оширмоқда, инсон қадрининг улуғланиши тинчлик ва умуммиллий бирлик руҳи тобора мустаҳкамланишига асос бўлмоқда.

Тошкент шаҳрида дунёда аналоги бўлмаган Ислом цвилизацияси марказининг расмий очилиши, шу куни бутун мамлакатимиз бўйлаб ифторлик ўтказилиши, Қуръон тиловат қилиниб, дуолар ўқилиши, эзгу ниятлар билдирилиши халқимизнинг нафақат ижтимоий, балки руҳий бирдамлик ҳиссини янада мустаҳкамлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти расмий очилиш маросимидаги нутқида ушбу улуғвор ва ноёб мажмуа халқимизнинг ақл-заковати, фидокорона меҳнати билан бунёд этилганини таъкидлаб, не-не аждодларимизнинг орзу-ниятлари, армонлари рўёбга чиққан унутилмас кун, чинакам илм-маърифат байрами эканини қайд этгани бежиз эмас.

Дарҳақиқат, бетакрор ва буюк мажмуа она Ватанимизнинг уч минг йиллик шонли тарихи ва беқиёс маданиятининг, Янги Ўзбекистон имкониятларининг ёрқин кўзгуси сифатида пойтахтимиз тарихий маънавий марказида мағрур салобат тўкиб турибди.

Тўғри таъкидланганидек, бу марказ Янги Ўзбекистон ривожланган давлат, эркин жамият пойдеворини бунёд этиш учун, энг аввало, илм ва таълимга таянаётганининг ёрқин ифодаси бўлди.

Бундай улкан мажмуа тарихан қисқа даврда ҳар томонлама мукаммал бунёд этилгани мажмуага ташриф буюрган қатор давлатларнинг раҳбар ва сиёсатчилари, етук ташкилотлар ва халқаро экспертлар томонидан эътироф этилмоқда. БМТ Бош Aссамблеясининг 72-сессиясида эълон қилинган эзгу ташаббус жаҳон жамоатчилиги, айниқса, ислом ҳамжамияти томонидан қўллаб қувватлангани марказнинг халқаро аҳамиятини ҳам оширади.

Ушбу марказда Ўзбекистоннинг қадимий тарихи ва цивилизацияси дурдоналарини бир пайтнинг ўзида ягона маърифий маконда кўриш, шу асосда ўзбек халқининг интеллектуал ва маданий салоҳиятини яққол англаш мумкинлиги алоҳида қайд этилди. Маскан билан танишган ҳар бир инсон, ёшидан, касби ёки ишлаётган соҳасидан қатъи назар, қандай улуғ зотлар аждоди эканидан, муқаддас динимизнинг маънавий-руҳий қудратидан ғурур ва ифтихорга тўлади.

Ноёб мажмуадаги “Ўзбекистон заминида исломгача бўлган давр”, “Биринчи ва Иккинчи Ренессанс”, “Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс пойдевори” каби экспозиция заллари тарихан боғлиқлиги ва бир-бирини тўлдириб туриши юртимиз тарихини кенг қамровли акс эттиришга хизмат қилади.

Марказда тарихий ноёб экспонатлар энг илғор технологиялар ёрдамида тақдим этилиши ёш ва келгуси авлоднинг буюк тарихимизни атрофлича ўрганиши, ислом динининг эзгу асосларини кенг тушунишида алоҳида аҳамиятга эга бўлади.

Давлат раҳбари Ислом цивилизациясимаркази маънавий-маърифий йўналишдаги фаолиятимиз учун фундаментал база бўлишини таъкидлади, AYSESKO, IRSIKA, Oksford ислом тадқиқотлари маркази, TURKSOY каби ва бошқа кўплаб халқаро ҳамда хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш учун зарур шароитлар яратиб берилишини билдирди. Демак, бу ерда диний, маърифий, илмий ва ижодий жараёнлар бир-бирига уйғун равишда ривожланиши учун янги имкониятлар очилади. Буларнинг барчаси мажмуанинг аҳамияти ва фаолият қамрови доимий равишда кенгайиб боришини ҳам англатади.

Ноёб ва буюк мажмуадан халқимиз асрлар давомида баҳраманд бўлишига, бу ерга келган ёшларимиз билим ва маърифатга, тараққиётга интилишига ишонамиз.

 

Улуғбек ИНОЯТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари.

 

 

Тоза муҳит – соғлом келажак кафолати

Бугунги кунда экологик муаммолар глобал чақириққа айланган. Хусусан, Тошкент шаҳри ва бошқа саноатлашган ҳудудларда ҳаво сифати билан боғлиқ муаммолар долзарблигича қолмоқда.

Атмосфера ифлосланишига саноат ривожи, транспорт воситалари сонининг ортиши, ёқилғи турларидан самарасиз фойдаланиш ва назорат механизмларининг етарли эмаслиги таъсир кўрсатмоқда.

23 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида 2026–2030 йилларга мўлжалланган устувор умуммиллий лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Ушбу ташаббуслар нафақат табиатни асраш, балки аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, иқтисодий барқарорликни таъминлаш ва келажак авлодлар учун муносиб муҳит яратишда муҳим аҳамиятга эга.

Шу нуқтаи назардан, “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳаси жуда долзарб ва ўз вақтида қабул қилинган қарордир. Ушбу лойиҳа доирасида атмосферага чиқарилаётган зарарли моддаларни қисқартириш, саноат корхоналарида замонавий фильтр ва мониторинг тизимларини жорий этиш, транспорт соҳасида экологик стандартларни кучайтириш каби аниқ вазифалар белгилаб олинган.

Айниқса, транспорт воситаларини экологик тоифаларга ажратиш, жамоат транспорти улушини ошириш ва эски автомобилларни босқичма босқич янгилаш каби чоралар шаҳарлардаги ҳаво сифатига ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз.

Шунингдек, “яшил белбоғ”лар барпо этиш, ботаника ва дендрология боғларини кўпайтириш, жумладан, пойтахтда Миллий дендрология боғини ташкил этиш ташаббуси экологик барқарорликни таъминлашда муҳим қадамдир. Бу каби лойиҳалар нафақат ҳавони тозалаш, балки шаҳар микроиқлимини яхшилаш ва аҳолининг дам олиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Экологик маданиятни юксалтириш ҳам устувор вазифалардан бири сифатида белгиланмоқда. “Экомаданият” лойиҳаси доирасида таълим тизимига янги йўналишларни жорий этиш, замонавий мутахассислар тайёрлаш ва аҳоли ўртасида барқарор турмуш тарзини шакллантириш кўзда тутилгани айниқса, эътиборлидир.

Бугунги кунда юртимиз ҳудудининг катта қисми арид зоналардан иборат бўлиб, чўлланиш жараёнлари иқтисодиёт ва экологияга жиддий таъсир кўрсатмоқда. Шу боис, илмий ёндашув асосида чўлланишга қарши курашиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва минтақавий ҳамкорликни кучайтириш устувор аҳамият касб этади.

Хулоса қилиб айтганда, таклиф этилган лойиҳалар мамлакатимизнинг экологик хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва барқарор ривожланишни таъминлашга хизмат қилади. Уларнинг самарали амалга оширилиши эса барчамизнинг фаол иштирокимиз ва масъулиятли муносабатимизга боғлиқ.

Тоза табиат – бу фақат давлат сиёсати эмас, балки ҳар бир фуқаронинг ҳаётий қадриятига айланиши лозим.

 

Сайёра AБДИКАРИМОВА,

Сенатнинг Aграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари.