Иқтисод

Минглаб оилалар учун даромад ва мамлакат тараққиётининг муҳим манбаи

Blog Image
Email : 25 0

Жорий йил 16 март куни Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг 3-мис бойитиш фабрикаси биринчи навбати ишга туширилиши нафақат корхонамиз жамоаси, балки бутун мамлакатимиз саноати тараққиётида, таъбир жоиз бўлса, янги босқични бошлаб берди.

Қиймати 2 миллиард 700 миллион долларлик фабрика йилига 60 миллион тонна маъданни қайта ишлаб, 900 минг тоннага яқин мис концентрати ишлаб чиқаради.

Давлатимиз раҳбари ушбу йирик стратегик аҳамиятга эга фабрикамизнинг очилиш маросимида иштирок этар экан, соҳадаги, хусусан, корхонамиз фаолиятида эришилаётган ютуқларни алоҳида санаб ўтди.

Дарҳақиқат, соҳада шаффоф тизим яратилгани ҳисобига сўнгги тўққиз йилда 10 миллиард доллар хорижий инвестиция киритилгани, бугунги кунда 65 та хусусий корхона фаолият юритаётгани, тармоқда ишлаб чиқариш 1,7 баробар ўсиб, ўтган йилнинг ўзида 270 триллион сўмга етгани узоқни кўзлаб олиб борилаётган ислоҳотларнинг ёрқин натижасидир. Шу билан бирга, хорижий ҳамкорлар билан юқори малакали кадрларни тайёрлашнинг йўлга қўйилгани ҳам энг катта ютуқлардан бири бўлди.

Мисол учун, Олмалиқда «Москва пўлат ва қоришмалар институти» университети филиали, Олмалиқ техника институти, Тошкент шаҳрида Геология фанлари университети (Ухань геология университети билан ҳамкорликда) ҳамда Италиянинг Пиза университети филиали ташкил қилинди. Навоийкончилик технологиялари университетида ҳам Россия, Канада, АҚШ, Франция ва Чилининг илғор олийгоҳлари билан қўшма дастурлар йўлга қўйилди. Бунинг самараси ўлароқ қимматбаҳо ва рангли металларни фақат хом ашё шаклида эмас, балки уларни қайта ишлаб, юқори қийматли маҳсулот яратиш қамрови ошди. Бу эса, табиийки, малакали маҳаллий кадрларни тайёрлаш тизими билан чамбарчас боғлиқдир.

Президентимиз 2026 йилнинг ўзида ишга тушадиган лойиҳалар ҳисобига мисни чуқур қайта ишлаш қувватлари 240 минг тоннага етишини таъкидлади. Ва бу кўрсаткич яқин икки уч йилда янада ўсиб бориши кутилмоқда.

Биламизки, мис саноат, энергетика, электротехника, рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект, «яшил» тараққиёт учун стратегик хом ашё ҳисобланади. Айтиб ўтилганидек, мис саноатида юқори қиймат занжири яратилса, бу хом ашёни чуқур қайта ишлаш учун замонавий инфратузилма барпо этилса, минглаб оилаларга даромад, ҳудудларга тараққиёт, мамлакатга қудрат олиб келади.

Шу нуқтаи назардан янги ишга туширилган 3-мис бойитиш фабрикаси ҳам мамлакатимизда шаклланаётган “мис кластери”нинг стратегик таянч нуқтаси сифатида намоён бўлмоқда.

Фабриканинг стратегик аҳамияти, аввало, унинг ижтимоий-иқтисодий таъсирида яққол кўринади. Лойиҳа тўлиқ қувватга чиққанидан сўнг 4 мингдан ортиқ янги иш ўринлари юзага келади. Бу илғор билим ва кўникмаларга эга маҳаллий ёшларимизга катта имконият демакдир.

Юқорида келтириб ўтганимдек, йилига ишлаб чиқариладиган 900 минг тоннага яқин мис концентрати таркибидан 166 минг тоннадан ортиқ мис, шунингдек, олтин, кумуш ва бошқа қимматбаҳо рангли металлар ажратиб олиниб, кейинги босқич – Мис эритиш заводига узлуксиз равишда етказиб берилади.

Лойиҳанинг ноёблиги унинг юқори технологик даражаси ва замонавий автоматлаштирилган тизимлари билан ҳам белгиланади. Фабрикада дунёнинг етакчи компаниялари – “Metso Outotec”, “FLSmidth”, PAO “Uralmashzavod”, “Weir Minerals” ва “Siemens” ускуналари асосида ягона интеграциялашган технологик мажмуа яратилган. Жумладан, “HPGR” технологияси энергия сарфини сезиларли даражада камайтириб, қайта ишлаш самарадорлигини оширади. Замонавий флотация ва фильтрлаш ускуналари эса юқори сифатли концентрат олишни таъминлайди. “Siemens PCS 7” ва “AVEVA PI Vision” платформалари орқали барча технологик жараёнлар реал вақт режимида назорат ва бошқарув қилинади.

Олдимизда, шубҳасиз, улкан марра ва вазифалар турибди. Энергия тежамкорлигини таъминлаш, ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини изчил ошириш ҳамда мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш асосий мақсадимизга айланди. Хусусан, 2026 йил якунига қадар технологик линияларни барқарор иш режимига ўтказиш орқали 20 миллион тонна маъданни қайта ишлаш, 288 минг тоннадан зиёд мис концентрати ишлаб чиқариш ҳамда уни Мис эритиш заводига узлуксиз ва барқарор етказиб беришга қаратилган аниқ режаларни ишлаб чиққанмиз.

Бундан ташқари, ишлаб чиқариш жараёнларида қўлланиладиган реагентлар, сарф материаллари ва эҳтиёт қисмларни маҳаллийлаштириш даражасини изчил ошириш, муқобил ҳамда инновацион ечимлардан самарали фойдаланиш орқали маҳсулот таннархини сезиларли даражада камайтиришга қаратилган ишлар ҳам белгилаб олинди.

Олий таълим муассасалари билан узвий ва самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, дуал таълим тизимини саноат талаблари билан уйғунлаштириш орқали замонавий билим ва компетенцияларга эга юқори малакали муҳандис техник кадрларни мақсадли тайёрлаш ва ишлаб чиқаришга кенг жалб этиш устувор вазифаларимиз сирасига киради.

Мухтасар айтганда, билдирилаётган юксак ишончни масъулият билан, салмоқли амалий натижалар, юқори меҳнат унумдорлиги ва Ватанимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлашга қўшаётган муносиб ҳиссамиз орқали оқлаш пировард мақсадимиздир.

 

Эркин AРТИКБАЕВ,

Олмалиқ КМК” AЖ 3-мис бойитиш фабрикаси директори.