АҲИЛЛИК ЎЗАРО ИШОНЧ АСОСИДА

Ён қўшни – жон қўшни. Қўшнинг тинч – сен тинч… Асрлар давомида тилдан-тилга, авлоддан авлодга ўтиб келаётган бу мазмундаги ўнлаб мақолларимизда кўпни кўрган донишманд халқимизнинг қўни-қўшничилик ришталарини нечоғлик азиз билиши ўз аксини топган. Агар бу ришталарни давлатлар миқёсида олиб қарасак-чи? Қўни қўшничилик муносабатлари замиридаги аҳиллик, бағрикенглик, ўзаро ишонч ва беғараз муроса бир-Бирига чегарадош ўлкаларнинг ҳар томонлама ривож топишида, халқаро майдонда обрў-эътибор қозонишида, муҳими, минтақада тинчлик осойишталикни мустаҳкамлашда ҳал қилувчи роль ўйнашини англаш мушкул эмас. Ўтган ҳафтада Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан ушбу мамлакатга амалий ташрифи давлатларимиз ўртасидаги кенг қиррали ҳамкорлик кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик асосида мустаҳкамланиб бораётганини яна бир бор намоён этди. Шубҳасиз, бир дарёдан сув ичган, тили, дини, қадриятлари ўхшаш ўзбек ва туркман халқларининг дўстлиги, қон-қардошлиги бир неча минг йилларга бориб тақалади. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг Туркманистонга 2017 йил март ойида амалга оширган илк хорижий ташрифи билан икки томонлама алоқаларда том маънода янги давр бошланди. Бугунги кунда республикамизда яшаётган 200 мингдан зиёд туркман миллатига мансуб аҳоли ўз миллий маданиятини, тили, анъана ва урф одатларини ривожлантириши учун барча шароит яратилган. Яқинда яна бир қизиқ маълумотга дуч келдим. Расмий статистикага кўра, 2025 йилнинг январь июнь ойларида 2 минг 622 нафар туркман ёшлари юртимизга ўқиш мақсадида келган. Бу далил икки қардош давлат ўртасида таълим-гуманитар йўналишларда ҳам ўзаро ишончли муносабатлар равнақ топаётганини кўрсатади. Йил бошидан буён товар айирбошлаш 600 млн долларни ташкил этгани, саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги ҳамда иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида кооперациячуқурлашиб бораётгани, ҳудудлараро алоқалар фаоллашгани икки давлат ўртасидаги конструктив мулоқот маҳсули, албатта. Хабарингиз бор, мазкур ташриф доирасида давлатимиз раҳбари Туркманбоши шаҳридаги “Aваза” миллий сайёҳлик зонасида ўтган БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференциясида иштирок этиб, нутқ сўзлади. Президентимиз нутқида ҳозирги мураккаб даврнинг мавжуд шарт-шароитларидан келиб чиққан ҳолда диққатга молик қатор ташаббусларни илгари сурди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Транзит кафолатлари тўғрисидаги глобал битимни ишлаб чиқиш, логистика интеграциясига кўмаклашиш жамғармасини таъсис этиш, донор мамлакатлар, халқаро ривожланиш институтлари ва глобал дастурлар ресурсини кенг жалб қилиш, денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган мамлакатларнинг “Заифлик индекси”ни яратиш, бунда давлатларнинг чекланган имкониятларини холис кўриб чиқиш, рақобатбардошлик ҳамда ишбилармонлик муҳитини адолатли баҳолаш таклифлари моҳияти ва аҳамиятига кўра ғоятда долзарб. “Бугун бизни бирлаштирган кун тартиби фундаментал масала – адолат масаласига дахлдордир. Бу – денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган давлатларга жаҳон иқтисодиётида тенг шароитларда иштирок этиш имкониятини таъминлашдир”, деди давлатимиз раҳбари. Ушбу конференция натижаси ўлароқ Aваза сиёсий декларацияси ва ҳаракатлар дастури қабул қилинди. Конференция асносида Президентимизга Туркманистоннинг “Ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” орденининг тантанали топширилгани барчамизга ўзгача ифтихор бағишлагани рост. Бундай юксак эътироф бой тарихий тажриба, қардошлик ва ўзаро ҳурматга асосланган Ўзбекистон – Туркманистон стратегик шериклик муносабатларида янги босқич бошланганига ишора беради.

Саят ГИЧГЕЛДИЕВА,

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати.

Давлат дастури ижроси: ижтимоий соҳаларга қанча маблағ йўналтирилган?

Давлат дастури – давлатнинг маълум вақт учун мўлжалланган чора-тадбирлар режаси ҳисобланади. Бу муддат одатда бир йилни ташкил этади. Давлат дастури ижтимоий-иқтисодий муносабатларни ҳам ифодалайди. Чунки жамиятнинг ҳар бир жабҳасида олиб бориладиган ислоҳотлар жамият ривожи, аҳоли фаровонлиги, иқтисодий барқарорликка хизмат қилади. Савол туғилади: у ҳар доим кўзланган мақсадга етиб борадими? Мутасаддилар унинг ижроси учун қанчалик жон куйдиришади?

Парламент қуйи палатасининг навбатдаги мажлисида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2025 йил биринчи ярим йилликдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботи орқали бу саволларга жавоб топиш мумкин. Кун тартибидаги масала юзасидан Бош вазир ўринборсари — Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ахборот берди.

Таъкидланганидек, мамлакатимиз барқарор иқтисодий ўсиш йўлида аниқ натижаларга эришяпти. Хусусан, 2025 йилнинг биринчи ярмида мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажми 7,2 фоизга ошган. Бунда бозор хизматлари 8,2, саноат ишлаб чиқариш 6,6, қурилиш ишлари 10,7 ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 4 фоизга ошди.

Мажлисда қайд этилганидек, ҳисобот даврида жами 21 млрд долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, бу кўрсатгич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,3 фоизга ўсган. Қиймати 2,5 млрд долларлик 30 та лойиҳани ишга тушириш орқали 3 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилган, 66 та туманга 50 млн доллардан кўп сармоя киритилган.

Давлат бюджети даромадлари 144,2 трлн сўмга етган, харажатлар эса 173,3 трлн сўмни ташкил этмоқда. Шундан ижтимоий соҳаларга йўналтирилган маблағ 86,2 трлн сўм бўлиб, бу ўтган ойнинг шу даврига нисбатан 16,4 фоизга кўп.

Давлат дастурининг ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб  шароитларни яратиш борасида белгиланган устувор йўналишлари доирасида муайян ишлар амалга оширилган. Жумладан, болаларни мактабгача таълим билан қамров даражаси 77, мактабга тайёрлов тизимида қамров 96 фоизга етказилган.

Ҳисобот даврида “Ёшлар дафтари” орқали ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 121,8 млрд сўм маблағ ажратилган. 4 377 нафар ёшлар илм-фан, замонавий касбларга ўқитилган, 934 нафарининг бандлиги таъминланган. Ёшларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, ишсизликни камайтириш мақсадида “Ёшлар бандлик дастурлари” тасдиқланган.

Қолаверса, 156290 нафар хотин-қиз тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўқитилган, 1771 нафарининг уй-жойини яхшилаш чоралари кўрилган, 99 нафари бошпанали бўлган. “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида энг оғир аҳволдаги 1042 та маҳалла инфратузилмасини яхшилаш, туман ва шаҳарларда “Драйвер” лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда комплекс ривожлантириш харажатларига 3,2 трлн сўм маблағ йўналтирилган.

Мажлисда депутатлар ижтимоий соҳага устуворлик берилгани, ёшлар бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш борасида алоҳида дастурларнинг қабул қилингани ҳамда рақамли индустрия ва IT-стартаплар йўналишида эришилаётган натижаларни юқори баҳолашди.

Шу билан бирга, давлат дастурида муддати узайтирилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш чораларини кўриш, бунда мутасадди вазирлик ва идораларнинг масъулиятини янада ошириш лозимлиги таъкидланди. Бюджет харажатлари устидан самарали назорат ўрнатиш, ўз вақтида ўзлаштириш, бюджет интизомини мустаҳкамлаш борасида таклиф ва тавсиялар илгари сурилди.

ЎзХДП фракцияси аъзоси Дилбар Мамажонова ҳукумат вакилларига мурожаат қилди:

— Мулоқотлар давомида айниқса, ёшларни муносиб иш билан таъминлаш масаласи долзарб аҳамиятга эга эканига гувоҳ бўляпмиз. Ҳисоботда келтирилганидек, 2025 йилда Ёшлар бандлиги дастури доирасида 384,4 минг нафар йигит-қиз қўллаб-қувватлангани бу борадаги кўп муаммоларни ижобий ҳал этишга хизмат қилади, деб ҳисоблайман.

Лекин расмий маълумотларга кўра, бугунги кунда мамлакатимизда бир миллиондан ортиқ ёшлар ишсиз. Ҳисоботга солиштирадиган бўлсак, бунда иш билан таъминланган ёшларнинг улуши 16 фоизга тўғри келади. Қолган 84 фоиз йигит-қизларнинг тақдири нима бўляпти? Уларни иш билан таъминлаш масаласига қай даражада эътибор бериляпти?

Мамлакатимизда бугунги кунда замонавий касб-ҳунарга эга ёшларга эҳтиёж юқори. Умуман, бугун талаб юқори бўлган касб- ҳунарларни ёшларга ўргатиш, ҳудудлар эҳтиёжидан келиб чиқиб, мутахассисларни тайёрлаш борасида вазирлик қандай чора- тадбирларни амалга оширяпти?

Шунингдек, ҳисоботда ёшларга деҳқончилик учун икки ярим минг гектар ер ажратилгани айтилди. Бироқ ушбу ерларда ҳосилдорлик даражаси, маҳсулотдан олинадиган йиллик даромад, бозорга чиқиш имкониятлари ҳақида маълумот берилмаган. Бу бўйича вазирлик қандай муносабат билдиради? Ёшлар ерлардан самарали фойдалана оляптими? Уларга берилаётган ерларнинг унумдорлиги бугун қандай аҳволда?

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўринбосари Сирожиддин Бобоқулов депутат саволига шундай жавоб берди:

— Ёшлар бандлигини таъминлаш мамлакатимизда энг устувор масалалардан биридир. Йил бошидан мавжуд 9452 та маҳалланинг ҳар бирида хатлов ўтказилди. 9 миллиондан ортиқ йигит-қизнинг баланси шакллантирилиб, индивидуал дастур ишлаб чиқилди. Ушбу дастур асосида 384 минг ёшлар ишсиз деб, муаммолар рўйхати шакллантирилди. Шу асосида ёшлар бандлиги дастури қабул қилинди ва ҳар бир вилоят кесимида тасдиқланди.

Жорий йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, 161 минг нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди. Жумладан, 73 минг нафари ишга жойлаштирилди, 83 минг нафарига “Ёшлар бизнеси”, “Келажакка қадам”, “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш” дастурлари доирасида 474 миллиард сўм кредит ажратилди ва уларнинг бандлиги таъминланди.

Бундан ташқари, 5 минг нафар йигит-қизга 2,5 минг гектардан ортиқ ер ажратилди. Унда 7 минг тоннадан ортиқ маҳсулотлар етиштирилди ва 35 миллиард сўмга яқин даромад олинди. Маълумот учун, 1 август ҳолатида ушбу дастур доирасида 208 минг нафар йигит-қизнинг бандлиги таъминланди. Бу 54 фоизни ташкил этмоқда. Қолган 176 минг нафар ёшларни ишли қилиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб олганмиз. Ҳар бир ёш билан индивидуал шуғулланиб, уларни хорижий тилга ва касб-ҳунарга ўқитиб, тадбиркорликни ривожлантириш, бизнес лойиҳаларини амалга ошириш чораларини кўрамиз.

Бугунги кунда мамлакатимизда 1 миллион нафар эмас, балки 782 минг нафар ишсиз ёшлар бор. Тўғри, меҳнат бозорига 821 минг нафар ёшларимиз кириб келяпти. Шуни ҳисобга олганда бу кўрсаткич 1 миллионга яқинлашяпти. Ҳисоб-китобларга кўра, уларнинг 493 минг нафари таълимнинг кейинги босқичига, яъни, олий таълимга қамраб олинади. Қолган ёшларимиз бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олганмиз.

Иккинчи саволингизга келсак, 2025 йилда ёшларнинг замонавий касбларга бўлган талабларидан келиб чиқиб, ўтган давр мобайнида 12 та касб-ҳунарга ўқитиш йўналиши йўлга қўйилди. Йигит-қизларга ажратилаётган ер майдонлари бўйича вазирликнинг онлайн маҳалла платформасида алоҳида платформа бор ва у орқали ерга нима экилгани, у қайси пайтда кимга сотилганининг ҳисобини юритиб борамиз.

Мажлисда кун тартибидаги масала юзасидан ҳар бир сиёсий партиялар фракцияларининг муносабатлари эшитилди.

Давлат дастури ижроси бўйича ЎзХДП фракцияси муносабати қандай?

Улуғбек Иноятов,

ЎзХДП фракцияси раҳбари:

— Аввало таъкидлаш керакки, мамлакатимиз иқтисодиётини янада юксалтириш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш

бўйича олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар эҳтиёжманд аҳоли қатлами вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Ҳисобот даврида Давлат бюджетининг 86,2 трлн сўми ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилгани партиямизнинг дастурий мақсадларини амалга оширишда жуда муҳим, деб ҳисоблаймиз. Хусусан, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида оғир аҳволдаги 1000 та маҳалла инфратузилмасини яхшилаш ва туман, шаҳарларни комплекс ривожлантириш харажатларига 2,4 трлн сўм маблағ йўналтирилган.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож 3 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган ва бемор ёшларга тиббий хизмат харажатлари тўлаб берилган. Қарамоғида ногирон фарзанди бўлган 40 мингдан ортиқ хотин-қизга моддий ёрдам кўрсатилиб, 2 мингга яқин опа-сингилларимизнинг уй-жой шароитларини яхшилаш чоралари кўрилган.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси парламентдаги мухолифат фракция сифатида ҳукумат ҳисоботи бўйича бир қатор конструктив таклиф-тавсияларини билдиради. Ҳисоботнинг умумий конструкцияси кўпроқ маълумот шаклида тайёрланган бўлиб, амалга оширилган ишларнинг натижадорлиги бўйича таҳлилий ҳисобот келтирилмаган. Дастур ижроси бўйича умумий кўрсаткичлар билан чекланилгани, бажарилган ишлар соҳалар ва ҳудудлар кесимида кенгроқ очиб берилмагани ҳисоботни комплекс таҳлил қилиш, зарурий хулосаларга келишда мураккабликлар туғдирди.

Масалан, транспорт, йўл, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳаси бўйича ҳудудлардаги ислоҳотлар натижалари, уларнинг қиёсий таҳлили келтирилмаган. Шуларни ҳисобга олиб, Вазирлар Маҳкамасига келгуси ҳисоботларда устувор йўналишлардаги натижаларни соҳалар ва ҳудудлар кесимида, қиёсий таҳлиллар асосида тақдим этишни тавсия қиламиз.

Давлат дастури ижроси ҳақидаги ҳисобот нафақат амалга оширилган ишларни кўрсатиб бериши, шу билан бирга, мамлакат миқёсидаги долзарб ижтимоий-иқтисодий вазифалар хусусида хулоса чиқариш имкониятини яратиши лозим, деб ҳисоблаймиз. Юқоридагилардан келиб чиқиб, фракциямиз Давлат дастурининг биринчи ярим йилликдаги ижроси бўйича ҳукумат ҳисоботини қўллаб-қувватлайди.

Муҳокамалар якунида Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи маъқулланиб, Ҳукуматнинг фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар акс этган тегишли қарор қабул қилинди.

Муҳим қонунлар ва катта масалалар

Жамият, давлат ривожлангани сари унинг қонунлари ҳам такомиллашиб бориши лозим бўлади. Сабаби, тараққиёт ҳаётимизга янгидан-янги тушунчаларни, ижтимоий муносабатларни олиб киради. Уларни мунтазам тартибга солиш ва мослаштириб бориш жамиятни ортиқча муаммолардан халос қилади.

Парламент қуйи палатасининг ушбу йиғилишида амалдаги қонунчилигимизни такомиллаштиришга хизмат қиладиган бир қатор қонун лойиҳалари ҳам муҳокама қилинди.

Хусусан, сунъий интеллектни қўллаш орқали юзага келадиган муносабатларни тартибга солишга қаратилган лойиҳа иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди. Унда сунъий интеллект технологиялардан фойдаланган ҳолда шахсга доир маълумотларга қонунга хилоф равишда ишлов бериш ва уни ОAВ ҳамда интернетда тарқатганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланяпти.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди.

Мажлисдан ўрин олган яна бир масала “Ижтимоий иш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўлди. Ушбу қонун лойиҳаси билан ижтимоий иш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принциплари, ижтимоий иш соҳасида махсус ваколатли давлат органи ҳамда унинг ваколатлари, ижтимоий ходимнинг вазифалари ва мажбуриятлари белгиланмоқда.

Лойиҳада ижтимоий ҳимояга муҳтож оила (шахс)ни аниқлаш ва уларни ижтимоий ҳимояга муҳтож оила (шахс) деб топиш асослари, ижтимоий хизматлар ва ёрдамдан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳам акс этмоқда. Қолаверса, ижтимоий хизматлар ва ёрдамнинг турлари ва шаклларига аниқлик киритиляпти.

Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Мажлисда, шунингдек, ҳакамлик судлари фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокамаси ҳам қизғин кечди. Тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда юқори қўшилган қийматли товарлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди ва қабул қилинди.

Бундан ташқари, ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси ҳам муҳокамалар марказида бўлди.

Қонун лойиҳаси билан соддалаштирилган тартибда ижро этиладиган ижро ишлари тоифаси кенгайтирилмоқда. Хусусан, видеоконференцалоқа харажатларини, коммунал хизматлар ҳамда кўп квартирали уйлар мулкдорларининг мажбурий бадалларини ёки тўловлар бўйича қарздорликларни, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан кўп бўлмаган миқдордаги ижро ҳужжатларининг соддалаштирилган тартиби назарда тутиляпти.

Мунозараларда лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида масъул қўмита томонидан бир қатор ишлар амалга оширилгани қайд этилди. Хусусан, парламентдаги мухолифат фракцияси аъзолари таклифларидан келиб чиқиб, соддалаштирилган тартибда ижро этиладиган юқоридаги ишлар юзасидан ундирувни қарздор жисмоний шахснинг банклардаги ҳисобварақларида турган пул маблағларига қаратилмаслиги белгиланмоқда. Баҳс-мунозаралар ва савол-жавоблардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

Лазиза ШЕРОВА,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

МАҚСАД НЕЧОҒЛИҚ МАНТИҚЛИ? Сенатда қабул қилиниши рад этилган қонун ҳақида халқона хулосалар

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида Қонунчилик палатаси томонидан маъқуллаш учун юборилган бир қатор қонунлар атрофлича муҳокама қилинди. Уларнинг аксарияти маъқулланди, айни чоғда, қайтарилгани ҳам бор. Жумладан, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аҳолига тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмига кирадиган хизматларни кўрсатиш, шунингдек тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг касбий фаолиятини амалга ошириш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун Сенат томонидан маъқулланмади.

Нега?

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис Сенати биринчи ялпи мажлисида сенаторлар олдига қўйган вазифалардан бири қонунларнинг ҳаётий бўлиши ва бевосита ишлашига эришиш масаласи эди. Шу билан бирга, уларнинг мавжуд қонунчиликка мувофиқ бўлиши, жамиятдаги тегишли масалаларни ҳал этиши, тартиб-таомилларни енгиллаштириши, қулайлаштириши каби мезонларга жавоб бериши ҳам зарурлиги таъкидланганди.

Айни шу талаблардан келиб чиқиб, Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан юқоридаги ҳужжат мутасадди идоралар, тегишли экспертлар билан атрофлича муҳокама қилингач, уни қабул қилишни рад этиш масаласи юзага чиқди.

Гап нимада?

Қонун билан «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Қонуннинг 41-моддаси қайта таҳрир этилиб, унинг:

биринчи қисмида: тиббиёт ва фармацевтика фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига ўзига тиббиёт соҳасида олий, ўрта махсус ёки профессионал таълим, шу жумладан, касб-ҳунар коллежларида таълим олганлик тўғрисидаги диплом берилган ва давлат рўйхатидан ўтказилган шахслар эга бўлиши;

иккинчи қисмида: тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш берилган малака тоифаси бўйича автоматик равишда амалга оширилиши;

учинчи қисмида: тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши назарда тутилмоқда.

Шунингдек, «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 21-моддаси учинчи ва тўртинчи қисмлари қайта таҳрир этилиб, унда:

дорихона мудири олий тиббий ёки олий фармацевтика маълумотига эга бўлиши ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтиши кераклиги;

дорихона филиалининг мудири тиббий ёки фармацевтика маълумотига эга бўлиши ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтиши кераклиги белгиланмоқда.

Аммо ушбу нормаларни ишлаб чиқишда қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари инобатга олинмаган. Жумладан:

«Таълим тўғрисида»ги Қонуннинг 40-моддасининг олтинчи қисмида давлат томонидан тасдиқланган намунадаги таълим тўғрисидаги ҳужжат тегишли мутахассислик ва касб бўйича ишлаш ҳуқуқини бериши мустаҳкамланган.

Шунингдек, «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Қонуннинг 2-моддасида махсус маъмурий тартиб-таомилларни белгиловчи қонунчилик жисмоний шахсларнинг ҳолатини ёмонлаштирмаслиги кераклиги, 12-моддасида эса, манфаатдор шахсларга мажбуриятлар орқали қийинчилик туғдириш, фақат расмий қоидалар ва талабларга риоя этилиши мақсадидагина уларга ҳуқуқлар беришни рад этиш ёки уларнинг ҳуқуқларини бошқача тарзда чеклаш маъмурий органларга тақиқланиши назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йилдаги 5505-сонли Фармони билан тасдиқланган Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясининг 7-бандида тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларни қабул қилишнинг самарали механизмларини жорий этиш назарда тутилган. Шунингдек, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида»ги қонуннинг 14-моддасида маъмурий тартиб-таомилларнинг мавжуд эмаслиги – маъмурий тартиб-таомиллар билан боғлиқ бўлган коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар жумласига киритилган.

Юқоридагиларга кўра, тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг асосий қоидаларини Қонун даражасида белгилаш, шу жумладан:

тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш мақсади, асослари, рўйхатдан чиқариш асослари, бу ҳаракатларнинг оқибатлари;

рўйхатдан ўтказиладиган субъектлар, шу жумладан, Ўзбекистон ҳудудидаги тиббиёт ва фармацевтика ташкилотларида фаолият юритаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;

рўйхатдан ўтказадиган ваколатли орган, унинг ушбу йўналишдаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

рўйхатнинг очиқ бўлиши, ундан аҳоли томонидан фойдаланиши ва бошқа масалаларни киритиш лозим.

Шунингдек, Қонуннинг 41-моддасига мувофиқ, ўз касби бўйича 3 йилдан кўп узлуксиз ишламаган тиббиёт ходимларининг тегишли фаолият билан шуғулланишига тегишли таълим ташкилотларида қайта тайёргарликдан ўтганидан ёки уларга малака тоифаси берилганидан кейин йўл қўйилиши назарда тутилмоқда.

Бироқ амалдаги Меҳнат кодексининг 502-моддаси бешинчи қисмида агар шифокорнинг мутахассислиги бўйича иш стажида 3 йил ёки ундан ортиқ танаффус мавжуд бўлса, шифокор ўз касбий фаолиятини қайта бошлашдан олдин аввалги йилларда олинганлиги тўғрисида ҳужжат билан тасдиқланган мавжуд базавий, асосий ёки қўшимча мутахассисликка мувофиқ ихтисослашув курсларидан ўтиши шартлиг белгиланган.

Кўриниб турибдики, мазкур қонуннинг 41-моддаси ва Меҳнат кодексининг 502-моддасини ўзаро мувофиқлаштириш зарурати бор.

Мана шуларни инобатга олиб сенаторлар мазкур қонун юзасидан қонунчилик палатаси билан келишув комиссияси тузиш қарорини маъқулладилар.

Бу нимани англатади? Қонунчиликдаги ҳар бир ўзгариш жамиятда у ёки бу соҳанинг ривожланишига, унда инобатга олинмаган қирраларни аниқлаштириш ва улар бўйича тартиб-таомилларни белгилашга қаратилган бўлиши лозим.

Шу билан бирга, янгилик ва ўзгартиришлар соҳада янги муаммолар, қўшимча бюрократик тўсиқларни туғдирмаслиги, киритилаётган ҳар бир янги тартиб ўзини оқлаши лозим. Мазкур қонунга нисбатан эса саволлар етарли. Олайлик, тиббий олий маълумотга эга бўлган мутахассиснинг қўшимча давлат рўйхатидан ўтказилиши талаби бир қарашда бу йўналишдаги таълим муассасасига нисбатан ишончсизлик белгиси сифатида баҳоланиши мумкин. Ваҳоланки, бу ишончсизликни бартараф этиш ҳукуматнинг рўйхатдан ўтказиш комиссияси зиммасига юкланиши нечоғлиқ мантиқли?

Аслида бу ишончсизлик замирида тиббий таълимга ишончсизлик бўй кўрсатмоқда. Унда тиббий мутахассислар етиштираётган муассасаларнинг таълим сифати, диплом бериш олдидан имтиҳонларнинг янада шаффофлантирилиши, қолаверса, тиббиётдек инсон ва жамият учун ўта муҳим йўналишга талабаликка қабул қилишда суперконтрактларни бекор қилиш йўли билан ҳал этиш, курашиш мантиқан тўғри бўлмайдими?

Сенатнинг рад этиш қарорини халқона тилга ўгирганда, худди шундай саволлар юзага келади.

Ҳусан ЭРМАТОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

92 МИНГ БИТИРУВЧИ ВА МЕҲНАТ БОЗОРИ кадрлар тайёрлашда ҳаётий ёндашувлар талаб қилинади

Марказий банк маълумотларига кўра, 2024 йил IV чорагида меҳнат

бозорида 41 мингта бўш иш ўрни эълон қилинган. Иқтисодий фаол аҳоли сони 15,1 миллион кишига етиб, бандлик даражаси 14,2 миллионга ошган. Янги иш ўринларининг аксарияти хизмат кўрсатиш ва технологик соҳалар ҳисобига яратилган бўлса-да, қишлоқ хўжалиги ва саноатда бандлик пасаймоқда.

Тўғри, меҳнатга лаёқатли аҳоли, айниқса, мамлакат тараққиётини таъминловчи энг катта ресурс ҳисобланган ёшларнинг доимий иш ва даромад манбаига эга бўлиши учун давлат томонидан зарур тадбирлар тизимли амалга оширилмоқда. Айни мақсадда ялпи ички маҳсулотда салмоқли улушга эга хусусий секторни жалб қилиш ва иш ўринлари яратган тадбиркорлик субъектларини ҳар томондан қўллаб-қувватлаш чоралари кўриляпти. Лекин ишсизлик ва унинг ортида турувчи камбағаллик муаммоси ҳали-ҳамон долзарб. Тўрт йил давлат олий таълим муассасасида таҳсил олиб, қўлидаги дипломи билан ихтисослиги бўйича иш излаб юрган кадрлар қанча?!

Олий таълимда 2019 йилдан бошлаб хусусий университетларнинг кўпайиши сабаб (ҳозирда нодавлат ОТМлар сони 71 тага етган) бозор тўйинди. Яъни, улар давлат ОТМларига кира олмай юрган ёшларимизни тўлиқ қамраб олди. Бу жараён натижаси ўлароқ жорий йилда давлат олийгоҳларига ўқишга кириш учун ҳужжат топширган абитуриентлар сонида сўнгги 7 йилдаги энг паст кўрсаткич кузатилди. Хулоса қилиш мумкинки, ҳозирги кунда мактаб битирувчиси учун олий таълимда ўқишни давом эттириш у қадар заҳматталаб иш эмас. Бироқ ёшларимиз бошқа муаммо билан дуч келяпти. Бу – дипломли бўлгач, муносиб иш топиш!

Ўтган ҳафтада Президент Шавкат Мирзиёев раислигида олий ўқув юртлари битирувчилари бандлигини таъминлаш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда мана шу муаммо атрофлича муҳокама қилинди, ҳаётий ечимлар, жиддий таклифлар илгари сурилди.

Диплом олган ёшларнинг ярмидан кўпи оддий- оддий ишларда банд

Ҳар бир мамлакат тараққиётга инсон капиталини ривожлантириш орқали боради. Даврлар синовидан ўтган энг ишончли йўл ҳам шу аслида. Бунинг учун биринчи навбатда келажак эгалари бўлган ёшларга сифатли таълим бериш, улар учун “ижтимоий лифтлар” яратиш айни зарурат. Ҳозирги рақамлаштириш асрида кескин ўзгариб бораётган меҳнат бозори кадрлар тайёрлаш тизими олдига янгидан-янги вазифаларни қўймоқда. Замонавий технологиялар соҳасида чуқур билим эгаллаган, фавқулодда салоҳиятли, яратувчанлик иштиёқи баланд мутахассисларга эҳтиёж тобора ошаётган бир пайтда олий таълимда узоқ муддатли, комплекс ёндашув ва катта ҳажмда инвестиция талаб қиладиган чора-тадбирларни амалиётга йўналтириш муҳим бўлиб қолмоқда.

Йиғилишда охирги етти йилда ОТМларга қабул 4,5 баробар ошиб, ёшларнинг олий таълим билан қамрови 42 фоизга етган бўлса-да, кадрлар тайёрлаш тизими реал эҳтиёжларга мос эмаслигига урғу берилди. Мисол учун, Жиззахдаги “BYD” заводида бугунги кунда 100 та вакант ўринларининг тўртдан бири робототехника ва бўёқлаш, роботларни дастурлаш муҳандисларига тўғри келаётир. Завод 4-5 йилда тўлиқ қувват билан ишлаб, йилига 500 минг автомобиль чиқаришни бошласа, 4 минг малакали муҳандис кадрлар керак бўлади. Юртимизда бундай замонавий саноат корхоналари йил сайин кўпайиб бораётганини назарда тутсак, уларнинг талабларига тўла жавоб бера оладиган ёш мутахассисларга эҳтиёж жадал ошса ошадики, асло сусаймайди. Хўш, олий таълим бу эҳтиёжни қондиришга қодирми?

Таъкидландики, бугун юртимизда олий таълимда ўқитилаётган кадрлар билан иш берувчилар талаблари ўртасида фарқ катта. Оқибатда эса йирик, истиқболли корхоналар хориждан ишчи кучи жалб қилишга мажбур бўляпти. Ваҳоланки, ҳар бир талабани олийгоҳда ўқитиб, мутахассис қилиб тайёрлаш давлат учун йилига 25-30 миллион сўмга “тушяпти”. Лекин, таассуф билан айтилганидек, тўрт йил умрини сарфлаб, диплом олган ёшларнинг ярмидан кўпи оддий- оддий ишларда банд.

-Яқин йилларда мамлакатимизда 83 миллиард долларлик йирик лойиҳалар ишга тушиши режалаштирилган. Уларнинг ҳисобига саноатнинг ўзида 500 мингга яқин мутахассисга эҳтиёж пайдо бўлади, – деди давлатимиз раҳбари.

Масалан, Бухоро вилоятида йирик газ-кимё мажмуаси қурилмоқда. Хорижий компаниялар билан ҳамкорликда Устюртда катта лойиҳалар бошланмоқда. Буларнинг барчаси олий таълимни соҳалар талаби даражасига кўтариш, кадрлар тайёрлаш сифати ва ёшлар бандлиги қамровини жадал оширишни тақозо этади.

Албатта, миллий иқтисодиётимиз драйверига айланаётган саноатни ривожлантириш, энерготежамкор технологияларни, ресурсларга таянган ҳолда янги, инновацион ечимларни ишлаб чиқаришга татбиқ қилиш етук муҳандис кадрларсиз амалга ошмайди. Республикамиз кимё саноати, электротехника, транспорт ва энергетика соҳаларида бундай кадрларга талаб юқорилигича қолмоқда. Қолаверса, экология, робототехника, биотиббиёт, аэрокосмик ва озиқ-овқат саноатида ҳам муҳандисларга талаб катта. Юртимиздаги тегишли олий ўқув юртлари ва саноат ўртасидаги узилиш туфайли бу муаммо ҳамон барҳам топганича йўқ. Бинобарин, айнан техника йўналишида ўнлаб давлат олийгоҳлари бўлгани ҳолда улардан йилига минглаб битирувчилар етишиб чиқади. Аммо бу олийгоҳлардаги мавжуд мутахассисликлар, ўқитиш дастурлари, эскича қолипдаги назарий машғулотлар доирасида таҳсил олган ёшлар бугунги меҳнат бозорида ўрин топа олмаётгани, ёш муҳандисларнинг 60 фоизи ўзи ўқиган йўналишда ишламаётгани олий таълим учун жиддий сигнал.

Ақлли технологиялар, жумладан, сунъий интеллект меҳнат бозорида шифокорлар, ўқитувчи-педагоглар, ҳуқуқшунослар, таҳлилчи-экспертлар, журналистлар, қурувчи-археологлар каби қатор касб эгалари ўрнини эгаллаётган ҳозирги замонда олий таълим тизими бир жойда қотиб қолмай, меҳнат бозоридаги тенденцияларга мувофиқ “ҳаракатланиши” кадрлар тайёрлашнинг асосий шартига айланди.

Янги ташаббуслар – янги тизим

Йиғилишда сўнгги йилларда 40 та олий ўқув юртига молиявий мустақиллик берилгани самарасида иқтисодиёт, ҳуқуқшунослик, тиббиёт, хорижий тиллар ва педагогика йўналишидаги муассасаларнинг ўз маблағи пайдо бўлгани қайд этилди. Лекин қишлоқ хўжалиги, ветеринария, муҳандислик, аниқ ва табиий фанлар йўналишлари ёшларимиз учун жозибадор эмас.

Тармоқлар билан боғлиқликни ошириш мақсадида 25 та муҳандислик билим юрти ҳамкор корхоналарда 438 та кафедраочди. Масалан, нефть-газ тармоғи таълим-ишлаб чиқариш кластерларини ташкил қилган. Шундай амалиёт натижасида Бухоро техника университетининг 2 мингдан зиёд битирувчиси ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлашган. Илмий тадқиқотни тижоратлаштириш 10 карра ошган.

Давлатимиз раҳбари олий маълумотли кадрлар тайёрлашдаги мавжуд бўшлиқлар ва камчиликларнинг ечими сифатида янги ташаббусларни маълум қилди. Хусусан, энди қиймати 1 миллион доллардан, ишчилар сони 50 тадан кўп бўлган лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосида соҳалар ва йўналишлар кесимида мутахассисларга эҳтиёж аниқ кўрсатилади. Бу орқали масъул вазир ва тармоқ раҳбари олий ўқув юртига буюртма жойлаштириб, кадрларни мақсадли тайёрлашни йўлга қўяди. Ушбу жараёнда олийгоҳ раҳбари-ректор буюртма асосида ўқиётган талабалар учун асосий фанлардан ташқари қўшимча таълим модулларини жорий қилади. Уларни ўқиган талабаларга кредит баллари берилади.

Талабаларнинг билими иккинчи курсдан кейин уларни ишга олмоқчи бўлган инвесторлар иштирокида йиллик баҳоланади. Битирувчи диплом ишини инвестиция лойиҳасидан келиб чиқиб, ҳимоя қилади. Бир сўз билан айтганда, инвестор талабига мос битирувчилар кафолатли ишга олинадиган бўлади.

Меҳнат бозорида хусусий сектор учун янада манфаатли тизим яратилади. Энди олийгоҳ битирувчисини ишга олганлик учун тадбиркорлик рейтингида қўшимча балл берилади. Олий таълим муассасаси ўз битирувчиларини бўш ўрин бор корхоналарга йўналтиради.

Олийгоҳда ўқитиш сифатидан тортиб, битирувчиларни меҳнат бозоридаги рақобатга тайёр қилиб етказишгача бўлган бутун бошли жараён ректорларнинг салоҳияти, тажрибаси ва масъулиятига боғлиқ. Шу маънода йиғилишда ректорлар ваколати ва масъулиятини ошириш масаласи кўриб чиқилди. Янги Ўзбекистон университетининг баҳолаш тизими бошқа муассасаларда ҳам йўлга қўйилиши белгиланди. Бунда олий ўқув юртига битирувчилар бандлигига қараб 40 балл, илмий тадқиқотлар учун тармоқ буюртмаси ва маҳсулотини сотишига қараб 30 балл, илмий салоҳияти ва тан олинган халқаро журналлардаги мақолалари учун 20 балл, жалб қилинган маҳаллий ва хорижий грант учун 10 баллгача берилади. Ушбу балларга қараб, олийгоҳни молиялаштириш тизими жорий қилинади.

Бундан ташқари, Янги Ўзбекистон университетида “Ректорлар мактаби” дастури орқали ректор ва проректорликка номзодлар мақсадли тайёрланади.

Энди барча олий ўқув юртлари ташкилий ва академик мустақил бўлади. Яъниким, ректорлар ўринбосарларини ўзи тайинлайди, белгиланган миқдор доирасида профессор-ўқитувчилар ва бошқарув ходимларини тақсимлайди. Шунингдек, ректорларга “супер контракт” миқдорини табақалашган ҳолда белгилаш ваколати берилади.

Президентимиз яна бир муҳим ташаббусни айтиб ўтди.

Маълумки, ҳужжат топширишда абитуриентлар 5 тагача олий ўқув юртини танлаяпти. Мазкур тартиб ёшлар учун жуда катта имкониятни тақдим қилди.

Янги ташаббусга кўра, эндиликда абитуриентлар танловидан бирортасига киролмаган бўлса, лекин бали бошқа олийгоҳдаги ҳали ўринлари тўлмаган йўналишга тўғри келса, уларни шартнома асосида ўқишга қабул қилиш мумкин бўлади. Бу давлат ва хусусий олийгоҳлар ўртасида рақобатнинг кучайишига ҳам олиб келади.

Йиғилишда жорий йилда ОТМ бакалавриатини битирган 92 минг нафар ёш мутахассиснинг кейинги тақдири эътибордан четда қолмади. Маълум қилинишича, ушбу битирувчиларнинг 20

минг нафари магистратура ва иккинчи мутахассислик билан қамраб олинади. Яна 20 минг нафари Бандлик вазирлиги орқали стаж талаб қилинмайдиган ишларга жойлаштирилади. Ҳар бир вилоятда “бизнес инкубаторлар” ташкил қилиб, тадбиркорлик, маркетинг, дизайн, ахборот технологияларисоҳаларида яна 10 минг битирувчини банд қилиш мумкинлиги айтилди. Шунингдек, кимё, энергетика, геология, автосаноат, металлургия, тўқимачилик, электротехника, қурилиш, транспорт, логистика каби иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳаларда ёшларни ишли қилиш имкониятлари кўрсатиб ўтилди.

Тижорат банклари орқали 20 минг битирувчининг бизнес бошлашига кўмаклашиш режалаштирилган. Хусусан, ёшлар бандлигини таъминлаш учун Миллий банк ва Алоқа банкка бу йил 300 миллион доллар ажратилган. Банклар мазкур имтиёзли кредит ресурсининг бир қисмини

битирувчиларни ишга олган корхоналарга ҳам бериш ташаббусини билдирди. Энди бундай тадбиркорларга 5 миллиард сўмгача 18 фоизли кредит берилади. Ушбу янги тизим нафақат бу йилги, балки ўқишни тугатганига 3 йил бўлмаган битирувчилар учун ҳам татбиқ қилинади.

Жамиятимизда олий ўқув юртига кира олмаган, ишсиз, ҳаётда йўлини топишга улгурмаган ёшлар қатлами бор. Уларни ўз ҳолига ташлаб қўйиш мамлакат учун қатор иқтисодий-ижтимоий муаммоларни келтириб чиқаради. Бундай ёшларга алоҳида меҳр, эътибор керак. Уларни касб ва тил тўгараклари, спорт мусобақалари, ҳарбий-ватанпарварлик тадбирларига янада жалб қилиш ёшларга оид давлат сиёсатининг самарадорлигига хизмат қилади. Йиғилишда бу масала мутасаддилар иштирокида муҳокама этилди.

Сайёра ИМАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

депутати:

– Ёшлар ўртасида бандликни таъминлаш нафақат ривожланаётган, балки ривожланган давлатларда ҳам бугун муаммо. Халқаро меҳнат ташкилотининг ўрганишича, жаҳонда 15-24 ёшгача бўлган йигит-қизлар ўртасида ишсизлик даражаси катта ёшлиларга қараганда уч баравардан кўпроқдир. Жаҳонда юз бераётган глобал ўзгаришлар, ғоятда мураккаб даврнинг таъсирида долзарб бўлиб турган ишсизлик инқирозларидан асосан ёшлар жабр кўрмоқда.

Мана шундай шароитда Ўзбекистонда ёшлар ўртасида бандлик даражасини ошириш, уларнинг ижтимоий, иқтисодий ҳуқуқларини кафолатлаш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда. Ахир республикамиз меҳнат бозорига ҳар йили ўртача 600 минг нафар навқирон авлод вакиллари кириб келаётгани, келгуси ўн йилда бу рақам нақ бир миллионга етиши ёшлар бандлиги бўйича пухта ўйланган чора-тадбирларни амалга оширишни талаб қилади. Ўзбекистон халқаро меҳнат бозорига арзон ишчи кучини етказиб берадиган давлат бўлиб қолмай, аксинча, интеллектуал капитали билан жаҳон майдонида пешқадамларга айланиши учун ҳам олий таълим тизимини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқмоқ керак. Иқтисодий юксалиш, камбағаллик ва салоҳиятли кадрлар миграциясини қисқартириш, ишсизликни бартараф этиш мана шундан бошланади.

8 август куни бўлиб ўтган йиғилишда давлатимиз раҳбари яна бир бор ушбу муаммога диққат қаратиб, олий таълим битирувчилари, шу билан бирга уюшмаган ёшлар билан ишлашнинг самарали ечимларини кўрсатиб ўтди.

Маълумотларда келтирилишича, бугунги кунда юртимизда уюшмаган ёшлардан 115 минг нафарининг бандлигини таъминлаш учун тегишли вазирликлар, вилоят ва туман раҳбарлари мавжуд имкониятларни сафарбар қилмоқда. 52 минг нафар тарбияси оғир ёшлар ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан оталиққа олингани ҳам ўзининг ижобий натижасини беряпти.

Президентимиз айни дамда 5 ярим минг нафар ишсиз, 31 минг тарбияси оғир ёшлар ва ўқишдан четлатилган 3 минг талаба ҳаётини ҳам эсдан чиқармаслик кераклигини айтиб, улар билан тизимли ишлаш масаласини кун тартибига қўйди. Мутасаддиларга ҳокимлар, маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари билан биргаликда 9 минг уюшмаган ва ўқишдан четлатилган ёшларни тадбиркорлик, хорижий тиллар ва замонавий касбларга ўргатиб, ишли қилиш вазифаси топширилди.

Йиғилишда илгари сурилган янги ташаббуслар амалиётда ўз тасдиғини топса, шубҳа йўқки, кадрлар тайёрлаш тизими меҳнат бозори талабларига мутаносиб равишда сифат босқичига чиқади. Юртимизда ҳеч бир йигит-қиз тақдири ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди. Бу эса ёшларга оид давлат сиёсатининг натижадорлигига, ўсиб келаётган авлодни тараққиёт таянчи ва жамият суянчига айлантиришга замин яратади.

Фарида МАҲКАМОВА,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

АДОЛАТ ҚЎРҒОНИГА АЙЛАНАЁТГАН СУД ҲОКИМИЯТИ

Жамиятда инсон қадр-қимматини, барча соҳада қонун устуворлигини, адолат ва ижтимоий тенглик тамойилларини мустаҳкамлаш мустақил ҳамда кучли суд ҳокимиятини шакллантиришни тақозо этади. Истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ ушбу мақсад йўлида жиддий қадамлар қўйилди. Мамлакатимизда суд ҳокимияти ва судьялар мустақиллигининг ҳуқуқий-ташкилий механизмлари яратилди. Тизим том маънода либераллаштирилиб, инсонпарварлик ғоялари билан такомиллашди. Судларни одамларни жазоловчи орган эмас, балки уларнинг қонуний манфаатлари ҳимоячисига айлантиришга бел боғланди. Ўлим жазосини бекор қилиш, «Хабеас корпус» институтини жорий этиш, адвокатуранинг ролини ошириш чора-тадбирлари одил судловни таъминлаш жараёнини жадаллаштирди.

Тарихий манбалар шуни кўрсатадики, 1917 йилга қадар юртимиз ҳудудида мустақил суд ҳокимияти мавжуд бўлган. У халқ ва давлат тизимлари томонидан эътироф этилган, адолатпарварлик ва қонунийликнинг кафолати сифатида ажралиб турган. Туркистон ўлкасида минг йиллар давомида шаклланиб келган, халқнинг ишончини қозонган бу ҳокимият 1917 йилнинг октябрида юз берган сиёсий тўнтаришдан кейин бутунлай йўқ қилиб юборилган. 1924 йилда Ўрта Осиё халқларига қулайлик яратиш мақсадида эмас, балки Марказдан туриб бошқариш осон бўлиши учун миллий чегараланиш сиёсати амалга оширилган. Натижада РСФСР Олий судининг Туркистон бўлими тугатилиб, Ўзбекистон ССР Олий суди ташкил этилади.

Афсуски, етмиш йилдан ортиқ давом этган мустабид тузуми даврида қонунлар мавжуд бўлса-да, улар фақатгина номигагина қоғозда ёзилганича қолиб келди. Амалда эса суд органи тўлиқ ҳукмрон мафкура таъсирида бўлди. Табиийки, бундай вазиятда суд ва судьянинг мустақиллиги ҳақида гапириш ортиқча баҳоланар эди. Ўша пайтдаги қонунларда “судлар қонунга буйсунади” деган сўзлар гўёки одамларга ишонч бағишлаш учун алдов руҳида ёзилган қуп-қуруқ жумла эди, холос.

Бундан ташқари, шўро даврида амалда бўлган бирорта Конституцияда суд ҳокимияти тўғрисида мутлақо эслаб ўтилмагани ҳам тасодифий ҳол эмас. Чунки суд тоталитар, маъмурий буйруқбозлик тузумининг бошқариш осон бўлган таркибга, зўравонлик сиёсатини ўтказиш қуролига айлантирилган эди. Бу эса тоталитар тузум сиёсатининг бир қисмига айланиб, Ватанимиз бошига қирғинбаротларни келтиргани тарихдан маълум.

Яқин ўтмишда, яъни, 1933-1953, 1972-1977, 1983-1989 йилларда бўлиб ўтган қатағон сиёсатидаги тазйиқлар Олий судни ҳам четлаб ўтган эмас. Бу оғир даврларда кўплаб миллат ойдинлари, маърифатпарвар жадидчилар, таниқли давлат хизматчилари ҳамда диний уламолар асоссиз равишда суд қилиниб, оғир жазоларга тортилган. Уларнинг айримларига ҳатто суд ҳукми эълон қилинмасдан туриб, ўлим жазоси ижро этилган. Шундай даврлар бўлдики, Олий суд раҳбари, айрим судьялари ҳам ноҳақ туҳматга учраб, инсоннинг ҳаёт кечириши учун оғир бўлган шароитларда жазо ўташга маҳкум қилинди. Марказ томонидан қатағонлик сиёсати қораланиб, бундай бедодликларга бошқа йўл қўйилмаслигига ваъда берилган бўлса-да, одил судлов ташқаридан қилинадиган тазйиқлардан ҳимоя этилмади, аввалгидек қарам ва ҳуқуқсиз бўлиб қолаверди.

Шукрлар бўлсинки, Ўзбекистонимиз мустақилликка эришиб, ўз тараққиёт йўлини танлаб олди. Шахсан мен қалбимда бир умр нақшланиб қолган мўътабар сана – 1991 йилнинг 31 август кунини ифтихор билан эслайман. Чунки худди шу куни “Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Шундан сўнг юртимизда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига мувофиқ ҳолда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари амалга оширила бошланди.

Мустақил суд ҳокимияти вужудга келгани, Конституциявий суд ва Ҳарбий судларнинг ташкил этилиши, судьялар ҳамжамияти органларининг суд тизимини такомиллаштириш борасидаги ҳаракатларини бирлаштириш мақсадида Ўзбекистон Судьялари ассоциациясининг тузилиши, юқори малакали судьялар корпусини шакллантириш учун масъул бўлган орган мақомидаги Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг ташкил этилиши, суд тизимини бошқаришдаги бир-бирини такрорловчи функцияларга барҳам бериш ҳамда ягона суд амалиётини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик судларининг бирлаштирилиши, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни кўриш ваколатига эга бўлган маъмурий судларнинг йўлга қўйилиши соҳадаги изчил ислоҳотларнинг ёрқин намунасидир. Қувонарлиси, бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин.

Ўзбекистонда суд ҳокимиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар 2017 йилда янада туб ислоҳотларга йўл очди. Боиси ўша йили 13 июнь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев судьялар билан очиқ мулоқот ўтказиб, юртимизнинг 1 минг 300 нафар судьяси олдига «Судларни адолат қўрғонига айлантирайлик», деган талабни қўйди.

Давлатимиз раҳбарининг “Судьянинг онгида адолат, тилида ҳақиқат, дилида поклик устувор бўлиши шарт!” деган ҳаётий ҳақиқат ва фалсафий мазмун касб этган сўзларидан сўнг тизимда инқилобий ўзгаришлар рўй берди. Ўша учрашувда давлатимиз раҳбари билан ёнма-ён ўтириб, у кишининг судлардан фақат адолат кутаётганини, суд ҳокимиятининг фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги роли ва аҳамиятини тубдан яхшилаш учун камарбаста бўлаётганини ҳаммадан кўра кўпроқ ҳис қилганман.

Ислоҳотлар самараси ҳақида гап кетганда, суд ҳокимияти томонидан чиқарилаётган оқлов ҳукмлари тўғрисида тўхталмасликнинг асло иложи йўқ. Сўнгги етти-саккиз йил мобайнида судлар томонидан 6 минг 700 нафарга яқин шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди. Таққослаш учун яна бир маълумот: ўтган асрнинг 90-йиллари бошида мустақил Ўзбекистон Олий судининг ташаббуси билан мустабид тузум даврида “Пахта иши”, “Ўзбеклар иши” деб номланган, гўёки аксилинқилобий ҳаракатлар қилишда айбланган уч минг нафарга яқин шахс асоссиз айбланган, деб топилиб оқланган.

Давлатимиз раҳбари оқлов ҳукмлари тўғрисида тўхталар экан, “Мен Президент сифатида, судьяларнинг бундай жасорати ва қатъиятини бундан кейин ҳам тўлиқ қўллаб-қувватлайман”, деган гаплари судьяларимизга куч ва рағбат бағишлади.

Адолатни қарор топтириш, аҳолининг суд идораларидан розилигига эришиш ўта масъулиятли ва шарафли вазифа. Судьялик бурчи ва виждон амрига содиқ қолиб, судни том маънода адолат қўрғонига айлантириш эса осон иш эмас. Лекин сўнгги йилларда соҳада кечаётган жадал суръатдаги янги ислоҳотлар кишилар қалбига умид ва ишонч ҳиссини бахш этадиган мана шундай эпкинларга кенг йўл очмоқда. Зотан, ҳар қандай жамиятнинг тараққиёти одил судлов сифати билан чамбарчас боғлиқ. Адолат ва қонун устуворлигини кафолатлаш тараққиётнинг тамал тоши ҳисобланади.

Убайдулла МИНГ БОЕВ,

Ўзбекистон Судьялар ассоциацияси раиси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист.

Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар сифат ва натижадорлик гарови

Жорий йилнинг 7 май куни давлатимиз раҳбари тиббиётнинг бирламчи бўғини ва ихтисослашган муассасаларда хизматлар сифатини янада ошириш, дори воситалари истеъмолини тартибга солиш ҳамда тиббий таълимни такомиллаштириш бўйича устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар” дастури бошланишини эълон қилган эди.

1 июндан амалиётга киритилган ушбу дастурга кўра, қисқа муддатда тиббиёт муассасаларида аҳоли учун қулай шарт-шароитлар яратиш, соҳа ходимлари иш самарадорлигини ошириш, кераксиз, бюрократик жараёнларни аниқлаш, одамларнинг мақсадсиз вақт йўқотишига олиб келадиган бюрократик тартиб-қоидаларни қисқартириш чора-тадбирлари кўзда тутилган.

Хўш, ўтган вақт ичида бу дастур жойларда ўзининг нечоғлик ҳаётий тасдиғини топди? Тизимда қандай янгиликлар татбиқ қилинмоқда ва бу жараёнда тиббиёт таълими вакиллари ҳам иштирок этяптими?

Ўзбекистон Фанлар академияси Иммунология ва инсон геномикаси институти Бухоро филиали директори, тиббиёт фанлари доктори Нигина ҲИКМАТОВА билан суҳбатимиз, табиийки, шу мавзудан бошланди.

– Бирламчи тиббий муассасаларда сифат ўзгаришлари соғлиқни сақлашни халққа яқинлаштиришнинг, касалликликлар профилактикаси, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришнинг муҳим шартларидан ҳисобланади, – дейди Н.Ҳикматова. – Президентимиз томонидан жорий қилинган “Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар” дастури замирида ҳам шу мақсад турибди.

Жойлардаги оилавий шифокорлик пунктлари ва поликлиникалар фаолияти билан танишганимизда, ушбу дастур асосида белгиланган ишлар изчил амалга оширилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Мисол учун, тиббий муассасаларда кутиш заллари, замон талабларига мос рўйхатхоналар ташкил қилиниб, аҳоли учун онлайн қабулга ёзилиш имкониятлари кенгайтирилиши, беморлар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча имкониятлар яратилиши, “Она ва бола” хоналари очилиши, санитария-гигиеник ҳолатлари яхшиланиши инсонлар учун қулай ва муносиб муҳитни қарор топтиришга хизмат қилмоқда. Шу дамга қадар кўпчилик, айниқса, чекка ҳудудларда яшовчилар кўриб, кўникиб қолган манзара – санитария ҳолати бир аҳволда, ҳатто қўл ювишга ҳам шароит қилинмаган, шифокор эшиги олдида турнақатор навбатлар ҳосил бўлган, кутишга эса бўш ўриндиқ топилмайдиган шифохоналар юқоридаги дастур доирасида энди замонавий ва файзли масканларга айланмоқда.

Алоҳида таъкидлашни истардимки, “Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар” дастуридаги мақсад ва вазифаларни рўёбга чиқаришда биз ҳам четда турганимиз йўқ. Хусусан, ёз мавсумида институтимизга бириктирилган маҳаллаларда ижтимоий таъминотга муҳтож оилалардаги аёлларни тиббий текширувга жалб қилиб, уларга зарур маслаҳатлар бериб келиняпти. Масалан, яқинда Шофиркон туманида бўлиб, туғиш ёшидаги юзлаб аёлларнинг саломатлигини текширдик ва оғир ҳолатдаги беморлар учун консилиумлар ўтказдик.

Малакали ва кафолатланган тиббий хизматни қуйи бўғинлардан бошлаш, одамларнинг соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлардан розилик даражасини оширишга йўналтирилган мазкур саъй-ҳаракатлар бундан кейин ҳам фаолиятимизнинг ажралмас қисми бўлиб қолади.

– Келинг, шу ўринда сиз раҳбарлик қилаётган Иммунология ва инсон геномикаси институти Бухоро филиали ҳақида ҳам ўқувчиларимизга маълумот бериб ўтсангиз?

– Филиалимиз 2023 йилда очилган бўлиб, катта-кичик илмий ходимларнинг иммунология ҳамда инсон генетикасига оид илмий-тадқиқот ишларини Бухоро шаҳрида олиб бориш имкониятини яратди. Бу эса маҳаллий аҳоли орасида тез-тез кузатилаётган иммун ва ирсий касалликларни эрта ташхислаш, даволаш ҳамда олдини олиш ишларини янги босқичга олиб чиқишга туртки берди.

Муассасамиз тиббиёт илм-фанининг энг илғор салоҳияти жамланган марказлардан бири бўлиб, бугунги кунда инновацион ютуқларга асосланган қатор лойиҳалар амалга ошириляпти. Бундан ташқари, касбий фаолиятида шу йўналишни танлаган PhD тадқиқотчилар, магистрлар ва ординаторлар учун ҳам ўзаро билим ва тажриба алмашиш майдони саналади.

– Нигина Изатуллаевна, билишимизча, сизнинг илмий ва касбий фаолиятингиз бевосита аёллар саломатлигига дахлдор. 2012 йилда мастопатия мавзусида номзодлик, 2023 йилда иммунологик бепуштлик бўйича докторлик диссертациясини ҳимоя қилган экансиз. Айнан бу йўналишни танланишингиз ҳам бежиз эмасдир?

– Тўғри айтдингиз, илмий ва касбий фаолиятим ўзагида аёлларсаломатлиги туради. Аёнки, миллат генофонди, соғлом авлод тарбияси айнан аёллар саломатлиги билан чарбарчас боғлиқ. Турли ирсий касалликлар билан туғилишнинг, ногиронликнинг олдини олишдек муҳим вазифа ҳам хотин-қизлар ўртасида саломатлик кўрсаткичларини яхшилашни тақозо этади.

Хусусан, барча ёшдаги аёлларда учрайдиган мастопатия гормонал дисбаланс кўринишида пайдо бўлиб, ўз навбатида турли асоратли касалликларни келтириб чиқариши мумкин. Статистик маълумотларга кўра, мастопатиянинг тарқалиши 40-60 фоизни ташкил этади. Кейинги тадқиқотим мавзуси – иммунологик бепуштлик эса организмнинг ўз репродуктив тўқималарига қарши иммун жавоб шакллантириши билан боғлиқ бўлиб, замонавий биотиббиётда долзарб муаммолардан бири ҳисобланади.

Мен учун бу тадқиқотлар фақат илмий изланиш эмас. Улар ортида аёллар бахти, оилалар саодати каби кенг маънавий-ижтимоий тушунчалар турибди. Бинобарин, илм — бу биргина назария эмас, балки инсоният тақдирига таъсир қиладиган, келажакка умид бағишлайдиган куч.

– Бухорода ўзингиз очган “Doktor Nigin” клиникаси ҳам илмий-тадқиқот ва тиббий таълим маскани сифатида танилганидан хабаримиз бор. Очиғи, кўпчиликнинг наздида хусусий клиникалар – бу ташхис қўйиш ва даволаш ишларини пулли хизмат асосида кўрсатадиган муассаса сифатида шаклланган. Лекин бундай фаолиятнинг тиббий таълим ҳамда илмий-тадқиқот билан уйғунлашиши камдан-кам учрайдиган ҳолат, шундаймасми?

– “Doktor Nigin” клиникаси ташкил қилинганига олти йил бўлди. Муассасамиз Бухоро давлат тиббиёт институти учун клиник база сифатида ҳам хизмат қилади. Талабалар бу ерда амалий машғулотлар ўтказади, илмий ишлар учун тажриба базаси шакллантирилади.

Бундан ташқари, бизда маҳаллий аҳоли учун чуқурлаштирилган бепул кўриклар мунтазам ўтказилади. Маҳалла институти, шаҳар-туманлардаги оила ва хотин-қизлар бўлимлари ҳамда бирламчи тиббий муассасалар билан яқин ҳамкорлик клиникамизнинг, таъбир жоиз бўлса, “ижтимоий юзи”га айланган. Клиникамизда тадқиқот, таълим ва амалий тиббиёт уйғун ҳолда ривожланмоқда.

Мен тиббиётни танлаб, шу соҳанинг қаттиқ нонини ейишни ният қилган йигит-қизларга доим бир гапни айтаман: шифокорлик – бу фақат беморларни даволаш эмас, балки инсонларни юрак билан тинглаш, тушуниш ва уларга умид бағишлашдир. Бугунги тиббиёт янги-янги ўзгаришларга юз тутаётган бир даврда замонавий билимларни пухта эгаллаш баробарида ёнимизда юрган устозлардан ҳаёт илмини, улардаги камтарликни ва халққа қайишишдек эзгу фазилатни ўрганишларини бот-бот эслатаман.

Соғлиқни сақлаш тизимининг замон талаблари даражасида ривожланишида, янги сифат ўзгаришларида оилавий шифокорлик пунктидаги ўрта тиббиёт ходимидан тортиб, тиббиёт олийгоҳларидаги профессорларгача фаол иштирок этмоғи ҳаётий зарурат. Бу орқали биз мамлакатда ижтимоий барқарорликка, асосийси, халқимизнинг узоқ ва соғлом умр кечиришини таъминлашга ўз ҳиссамизни қўшамиз.

Журналист Гулчеҳра МИРЗАЕВА суҳбатлашди.

ОДАМЛАР ДЕПУТАТДАН НИМАНИ СЎРАЯПТИ?

Инсонни тушуниш нимадан бошланади?

Турмуши ва тафаккурини ҳис қилиш-чи? Бунга одамларнинг яқинида бўлиб, ёрдам бериб, хизмат қилиш завқини туйиш орқали эришилади. Ийманган ва самимий нигоҳлар қаршисида ўзини кўрган кишигина буни чуқур англайди. Ўзбекистондаги, маҳаллаю хонадонлардаги муҳит, вазиятни ўз кўзи билан кўрмасдан, одамларимизнинг тақир-туқур рўзғорларига, камтарингина дастурхонларига яқин бўлмасдан, оилалардаги нафасни унинг ичида туриб ҳис қилмасдан туриб бу ҳақида баралла гапириб бўлмайди. Чунки ҳеч қандай изҳор одамнинг қўли билан тутиб кўргани, қалби билан ҳис этганига етмайди. “Маҳаллага бор”, “уйма-уй юр”, “муаммоларни одамларнинг ўзидан эшитиб, уларга ёрдам бер”, деган топшириқлар моҳияти ҳам аслида шу. Бунинг таг заминида одамларга самимий ҳурмат, халққа хизмат қилиш саодати турибди.

Сўнгги йилларда халқ билан мулоқот анъанавий тусга киргани қанчадан-қанча

фуқароларнинг жонига оро кирди, йиллар мобайнида эътибор марказидан қолиб кетган муаммолар ечилди. Бу жараёнда муҳим аҳамиятга эга бўлаётган омил эса изчилликдир.

Хабарингиз бор, партиямизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва партия Марказий Кенгаши вакиллари, маҳаллий Кенгаш депутатларидан иборат ишчи гуруҳи аҳоли муаммоларини таҳлил қилиш ва уларга самарали ечимлар таклиф этиш мақсадида вилоятларда ўрганишлар олиб бормоқда.

Ана шундай ўрганишларнинг бири 23-25 июль кунлари Жиззах вилоятида

ўтказилди.

Фаолларимизнинг айтишига қараганда, бевосита мулоқот, юзма-юз учрашувларда нафақат шаҳар ва қишлоқларда аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган муаммолар ўрганилмоқда, балки айрим масалалар бўйича янги ва қўшимча маълумотлар юзага чиқмоқда, таклифлар билдирилмоқда.

Бу жараёнда таълим, тиббиёт, ижтимоий ҳимоя тизими, камбағалликни қисқартириш ва бандлик, коммунал, уй-жой, пенсия таъминотида амалга оширилаётган ишлар ўрганилиши кўзда тутилган эди.

Хўш, натижалар нималар ҳақида сўзлади? Хулоса ва таклифлар ҳақида яна нималар дейиш мумкин? Ишчи гуруҳи таркибида вилоятнинг шаҳар ва қишлоқларида бўлиб, сайловчиларнинг хоҳиш-истакларини ўрганган, муаммоларни ўз кўзи билан кўрган партиямиз фаоллари ушбу саволларимизга жавоб беришди:

Мавжуда Ҳасанова,

ЎзХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи:

Жиззах вилояти мамлакатимизнинг марказий қисмида жойлашган. Барча ҳудудлардаги каби вилоятда сўнгги йилларда катта ўзгаришлар бўлди. Шаҳар

ва қишлоқлар кундан-кунга ривожланиб боряпти. Аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий ҳимоясига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биз буни жойларга чиқиб, ўз кўзимиз билан кўрдик Ислоҳотлар бўй кўрсатаётганига яна бир бора гувоҳ бўлдик.

Ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ишларни ўрганиш мақсадида ишчи гуруҳ аъзолари 1 та шаҳар, 12 та тумандаги 50 га яқин ижтимоий соҳа ташкилотларига борди, аҳоли вакиллари билан юзма-юз учрашувлар ўтказилди. Шунингдек, соҳаларда фаолият олиб бораётган масъуллар билан суҳбатлашдик.

Ҳаёт бор экан, янгиланишга эҳтиёж сезилаверади. Йилдан-йилга кўпроқ эътибор қаратилаётган йўналишлардан бири, шубҳасиз, ижтимоий соҳадаги ислоҳотлардир. Дастурий мақсадларимизга ҳамоҳанг ва бевосита электоратимиз манфаатлари билан боғлиқ бўлгани учун пенсия тайинлаш борасидаги ишлар ҳолатини ўргандик.

Маълум бўлишича, айни дамда вилоятда бир ярим миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Шундан пенсионерлар сони 37474 нафар. Уларнинг 5926 нафари ёшга доир пенсионерлар, 23969 нафари ногиронлик пенсияси ҳамда 4229 нафари боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олувчилар ҳисобланади.

Аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар давомида пенсия таъминоти билан боғлиқ

савол-жавоблар жуда кўп бўлди.

Шу ўринда айтиш керакки, вилоятда муҳтож оилалар ва эҳтиёжманд инсонлар билан манзилли ишлашни кучайтириш керак.

Шунингдек, туманлардаги ижтимоий соҳа объектларида ҳам бўлдик. Соҳа мутахассислари билан суҳбатлашдик. Масалан, 40 дан ортиқ жамоалар даврасида бўлиб, уларнинг иш фаолиятини ўргандик.

Аҳолини қийнаётган муаммолар халқнинг ичига чуқур кириб борилгандагина яққол кўринади. Ўрганишлар, учрашувлар давомида 90 га яқин камчиликлар аниқланди.

Масалан, вилоят даражасида ҳал бўладиган масалаларга тўхталамиз. Ҳудудларда аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган масалалардан бири электр энергиясини тежашда маънан эскирган, хизматини ўтаб бўлган симёғочар ва кабелларни янгисига алмаштиришдир. Шунингдек, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларида кадрлар етишмовчилиги бор. Таълим ташкилотларини таъмирлаш ва реконструкция қилиш, дастурга киритиш учун қилинадиган ишлар кўп. Тўғри, улар баъзида аччиқ, аммо рўй-рост сўзлар.

Албатта, жойларда аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганиш, уларга холис ва ҳаққоний баҳо бериш билан бирга камчиликларни бартараф этиш ҳам асосий вазифамиздир.

Муаммолар шунчаки ўрганилмайди, ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди. Уларнинг натижаси юзасидан парламент назорати, депутатлик сўрови, парламент сўрови, парламент эшитуви ташкил этиш белгиланди. Бу ҳолатда 30 та ташкилотдан 39 та таклиф олинди, 40 та масала аниқланди. Парламентдаги ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз билан бирга ушбу

муаммонинг сабабларини ипидан игнасигача ўрганишга қарор қилдик.

Зулайҳо Акрамова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

Халқ ва давлат бир мақсад йўлида бирлашса, жуда катта қудратга эга бўлади. Ҳукумат ва аҳоли ўртасидаги ўзаро ишончни сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш учун ҳам мунтазам равишда мулоқот керак. Чунки қуруқ рақамлар билан фақат ўзимизнигина алдашимиз мумкин. Бир, икки мурожаат билан муаммолар ҳақида хулоса ҳам қилиб бўлмайди. Бунинг учун одамлар билан кўз-кўзга тушиб суҳбатлашиш керак.

Шундан келиб чиқиб, партиямиз фаоллари ва депутатлар билан муаммоларни жойида ўргандик, эҳтиёжлар ҳақида одамларнинг ўзидан эшитдик. Шунинг учун ҳам таклифлар аниқ асосга эга.

Масалан, маҳаллалар томонидан ижтимоий дафтарларда рўйхатда турадиган фуқароларга субсидия асосида маҳсулотлар ажратишни ва субсидия маҳсулотлари етказиб беришнинг адолатли ва шаффоф тизимини яратиш керак. Туманларда марказий кўчаларда тунги ёритгичларни янгилаш зарур.

Шунингдек, ногиронлиги бўлган болаларнинг ота-оналари учун бепул онлайн курсларда ўқитиш орқали болаларни сифатли парваришлаш хизматини жорий қилишга эҳтиёж бор. Ногиронлиги бўлган фуқаролар ўртасида адаптив спорт турлари билан шуғулланишни хоҳловчилар кўпчиликни ташкил этишини ҳисобга олиб, уларни етарли даражада спорт анжомлари билан таъминлаш керак. Чунки жамиятга қўшилиб, ҳаётини изга солган инсонлар қанча кўпайса, жамиятимиз асослари шунча мустаҳкам бўлади.

Шунингдек, Жиззах шаҳрида “Кимёгар” маҳалласидаги 13 та, “Қассоблик” маҳалласидаги 8 та ва “Иттифоқ” маҳалласидаги 30 та кўп қаватли уйларни ҳудудлардаги марказлашган иссиқлик тармоғига улаш кераклиги маълум бўлди. Ушбу муаммо ҳал этилса, юзлаб оилалар иситиш тизимига, иссиқлик манбаига эга бўлади.

Учрашувлар давомида шу каби муаммоларни очиқ-ойдин таҳлил қиляпмиз, мурожаатлар эшитиляпти, эътиборсиз қолмаяпти. Маблағ масаласида ҳам бугун маҳаллий ҳокимликларда имконият бор, фақат ҳомийларга таяниб қолмаган, бюджетнинг орттириб бажарилган қисмидан депутатлар фикрини инобатга олиб, ҳудуд ва аҳоли манфаати учун фойдаланиш мумкин.

Айниқса, аҳоли саломатлиги, ижтимоий ҳимояси учун ажратилаётган маблағ салмоғи йил сайин ошиб бормоқда. Шунинг учун бугун ҳокимлар ва бошқа раҳбарлар, депутатлар халқнинг олдига боришдан, дардини эшитишдан чўчимайди, қочмайди. Зеро, халқ билан бундай мулоқот нафақат мурожаатларни тинглаш, балки уларни жойида бартараф этишга ҳам қаратилган.

Нуриддин Холматов,

ЎзХДП Жиззах вилоят кенгаши раиси:

Бахмал туманида назорат-таҳлил ишларини олиб борганимизда “Илонли”, “Оқтепа” ва “Сайёд” маҳаллаларида давлат мактабгача таълим ташкилоти йўқлиги маълум бўлди. Аҳоли вакиллари ушбу масала бўйича мурожаат билан ҳам чиқишди.

Ўрганишларга кўра, давлат раҳбарининг 2021 йил 18 майдаги қарорида ҳудудда боғча ташкил этиш белгиланган, аммо уни қуриш пайсалга солиб келинмоқда. Ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказиш вазифаси олдимизда турган экан, бу масалага парда ортидан қарашга ҳаққимиз йўқ.

Назорат-таҳлил давомида маълум бўлишича, бугунги кунда камбағал оилаларга ҳоким ёрдамчиларининг тавсияномасига асосан кредит маблағлари

ажратиб берилмоқда. Бироқ камбағал оила аъзолари тадбиркорлик кўникмалари йўқлиги учун олинган кредит маблағлари тўғри ишлатилмаслиги сабабли қарзга ботиб қолиши ҳолатлари кузатилмоқда.

Шуниси аниқки, одамларга ёппасига кредит бериш ёки пул тарқатиш билан камбағалликни енгиб бўлмаслигини исботлашга ҳожат йўқ, албатта.

Шундан келиб, биз ўз таклифларимизни ишлаб чиқдик. Айтайлик, кредит олиш истагида бўлган камбағал оилаларнинг аниқ рўйхатини шакллантириш, шу асосида уларни тадбиркорликка бепул ўқитиш керак, деб ўйлаймиз.

Яна бир муҳим масала. Бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасаларида оилавий шифокорларга эҳтиёж бор. Чунки бўш ўринларга тиббиёт институтларини битириб келган ёш шифокорлар оилавий шифокор бўлиб бир ёки икки йил ишламасдан, ойлик маоши камлиги туфайли кетиб қолиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Шунингдек, туман марказий шифохонасида кардиология ҳамда лаборатория жиҳозлари эскирганлиги сабабли сифатли тиббий хизмат кўрсатишнинг имкони йўқ. Марказий шифохонада портатив УЗД ва портатив рентген, замонавий флюография ускуналарига эҳтиёж бор.

Кўриниб турибдики, жойларда ечимини кутаётган масалалар оз эмас. Қачонки, ҳар бир ҳудуд ва соҳадаги реал манзара, асл ҳолат ўрганилиб, муаммо юзага чиқсагина мутасадди ташкилотларнинг масъулияти, ҳисобдорлиги ҳам ошади.

Биз ушбу масалаларни ҳал этиш бўйича ишчи гуруҳи туздик. Маҳаллий Кенгаш депутатлари ва партия ҳудудий тузилмалари раҳбарлари ҳам аниқланган муаммо ва камчиликлар юзасидан ўзларига чора-тадбирлар белгилаб олишди. Уларни доимий комиссиялар ва сессиялар муҳокамасига ҳам киритамиз.

Чунки ўрганилган муаммоларнинг сессияларда муҳокама этилиши масаланинг илдизига янада чуқурроқ етиб бориш, уларни бартараф этишга қаратилган таклифларнинг кўпайишига хизмат қилади.

Мамат Гулбоев,

халқ депутатлари Жиззах вилоят кенгашидаги ЎзХДП депутати:

Аҳоли билан мулоқотлар давомида мурожаатларни кўриб чиқишда фуқароларнинг реал эҳтиёж ва талабларини чуқур таҳлил қилиш, уларнинг йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларини аниқлаш ва тизимли ҳал этишга алоҳида урғу берилди.

Назорат-таҳлил давомида маълум бўлдики, Жиззах шаҳридаги 2, 3, 11, 13, 20, 21- сонли умумий ўрта таълим мактабларининг моддий-техник базасини янгилаш зарур. Ҳудуддаги 18-, 29-сонли умумий ўрта таълим мактабларида эса янги қўшимча бинога эҳтиёж бор. Қолаверса, қатор таълим масканлари тўлиқ қайта таъмирлаш дастурига киритилиши зарур.

Шу билан бирга, Жиззах шаҳридаги мактабларнинг рус синфлари учун бошланғич таълим, кимё, биология, физика, география, математика, информатика фанларини ўқитадиган педагоглар мутахассисларга эҳтиёж бор.

Ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказиш вазифаси олдимизда турган экан, мактабларнинг моддий-техника базасини яхшилаш, ўқувчилар учун барча шароитларни яратиш масаласини энг олдинги ўринларга қўйишимиз керак. Бусиз мақсадга эришиб бўлмайди.

Яна бир муаммо. Вилоятимизга хорижий давлатлардан 120 та замонавий автобуслар келтирилган. Аммо Жиззах шаҳрида уларнинг йўналишлар бўйича

ҳаракатланишида кутиш бекатлари етишмайди ва мавжуд автобекатларда йўл белгилари тўлиқ ўрнатилмаган. Тўғри, транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга эътибор ниҳоятда катта. Аммо автомобиллар ва йўловчилар, пиёдалар учун қулайликни ошириш ҳам муҳим талаблардан бири.

***

Партиямиз фаолларининг айтишича, вилоятда олиб борилган ўрганишлардан яна кўплаб маълумот ва рақамлар бор. Гап кўрсаткичларда эмас, аниқланган

муаммоларни вақтида бартараф этишда.

Шунинг учун партиямиз фаоллари, депутатларимиз парламент қуйи палатасидаги фракциямиз билан ҳамкорликда ҳудудларда назорат-таҳлил ишлари доирасида маълум бўлган муаммоларни бирин-кетин ҳукуматга олиб

чиқиш чораларини кўради.

Лазиза Шерова ,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

ҲАР ОЙНИНГ ОХИРИДА ЭШИК ҚОҚИШ халққа хизматнинг бир кўриниши

Депутатлик бу фақатгина парламентда қонунлар ёзиш ёки минбарларда нутқ сўзлаш эмас, халқнинг дардига дармон бўлиш билан амалга ошадиган фаолият тури ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, ҳар ой якунида парламент вакиллари қоғозлардан ҳоли ҳолатда аҳоли, яъни, сайловчилар билан учрашувлар ўтказади. Парламентдаги мақомидан ҳақиқий ҳаёт сари йўналган эътибор эгалари бу сафар гапириш билан чегараланмайди, тинглайди, таклифлар тайёрлайди, масалаларга ечим топади. Қисқа қилиб айтганда, одамларни рози қилиш йўлларига бош уради. Чунки депутат унга овоз берган халқнинг қўли, тили ва юрагидир.

 

Тизим “ғилдираги”ни айлантирувчи таклиф

Халқ ноиблари айни шу кайфият билан жорий йилнинг 30 июль ва 2 август кунлари сайлов округларида бўлиб, одамларнинг дардига қулоқ тутди. Ижтимоий соҳа объектларида назорат-таҳлил тадбирлари олиб борилди. Улар бу сафар қандай масалаларга дуч келди? Жамият ҳаётини янада яхшилаш, одамларга қулайликлар яратиш ва муаммоларни ҳал қилиш бўйича қандай таклифлар илгари сурилди? Бир нечта ҳудудлар мисолида бу саволларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз.

Андижон Ўзбекистоннинг ҳудудий жиҳатдан энг кичик бўлишига қарамай, аҳоли сиғими бўйича биринчи ўринда турадиган, жуда зич вилояти саналади. Ҳудуднинг тор географик чегараси аҳолининг кўпайиши билан биргаликда бир қатор ижтимоий- иқтисодий муаммоларни юзага келтириши ҳам табиий жараёндир. Масалан, хизматларга бўлган юқори талаб натижасида инфратузилма имкониятларига юклама ортиши мумкин. Бу эса давлат хизматларидан фойдаланишда ҳақли эътирозларга сабаб бўлади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Анвар Нурматов ҳам ана шундай масаладаги мурожаат билан юзма-юз келди. Депутатнинг шу ойги ҳудудий ўрганишларида кадастр хизмати ходимлари томонидан хатлов ишларини олиб боришда тасдиқланган маҳаллалар режасидан ортда қолинаётгани маълум бўлди. Гап шундаки, бирор-бир ернинг харитаси қоғозда чизилган бўлса-да, уни ҳужжатлаштиришга келганда эса ортга суришлар кузатилмоқда.

Бу кечикишнинг асосий сабабларидан бири кадастр муҳандислари ҳар куни тушаётган аризалар босимида қолган, қурилиш ишлари эса тобора ортиб бормоқда. Иккинчи томондан, ҳар бир янги бино ва иншоот – бу ўлчовчилар учун ортиқча иш, ортиқча вақт, ортиқча босим демакдир. Жойларда алоҳида ўлчаш ва чизмалар чизиш жуда кўп вақт талаб этмоқда. Натижада одамлар амалда бор нарсанинг қоғозда тасдиқланиши ортидан сарсон бўляпти.

Депутат бу ҳолатни инобатга олиб, режалаштириш жараёнини тезлаштириш ва белгиланган муддатларни ўтказиб юбормаслик учун амалий ечим таклиф қилди.

– Масалан, хариталаш жараёнлари фақат ер майдонининг чегараларини аниқлаш билан чекланиб туриши керак, – дейди Анвар Нурматов. – Яъни, дастлаб биноларни батафсил ўлчаш ўрнига, Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган маъмурий меъёрларга мувофиқ равишда бинолар ва иншоотлардан фойдаланиш асосга олиниши ўринли бўлади, деб ўйлайман. Бунда ер майдонига нисбатан ҳуқуқ этироф этилгандан сўнг белгиланган маъмурий регламенга асосан бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш мақсадга мувофиқдир.

Шу тарзда, ерга эгалик ҳуқуқи ўз вақтида ҳужжатлаштирилади, бинолардан фойдаланиш эса кейинчалик қонун-қоидалар асосида олиб борилади. Бу ечим орқали на халқнинг мулк ҳуқуқи кечикади, на давлатнинг режалаштириш ишлари тўхтайди. Қисқаси, тизимнинг “ғилдираги” ўз вақтида айлана бошлайди, ишда барака ва унум бўлади.

 

Халқ корига ярайдиган натижа

Ургут, Булунғур, Жомбой бу партиядан сайланган яна бир депутатнинг учрашув ўтказган ҳудудлари рўйхати. ЎзХДП фракцияси аъзоси Жамол Очилов ҳам ўтган ҳафта якунида Самарқанд вилоятидаги сайловчилар билан мулоқотлар ўтказди. 10 дан ортиқ учрашувда 15 га яқин масала кўтарилди. Аҳоли вакиллари бандлик, тиббий хизмат, даволаниш учун йўланма, ижтимоий хизматлар сифатини яхшилаш каби кундалик ҳаётий эҳтиёжлари юзасидан мурожаатлар қилди. Эътиборлиси, мурожаатларнинг асосий қисмига жойида ечим топилди. Туман ҳамда вилоят даражасидаги масалалар эса белгиланган тартибда ва вақтда ҳал этиладиган бўлди.

– Ҳар сафар ҳудудларга учрашувларга чиққанимда бахтли, хотиржам яшаш учун юртдошларимизга кўп нарса керак эмаслигига такрор ва такрор гувоҳ бўламан, – дейди депутат Жамол Очилов. – Кимдир ишга киришда ёрдам сўраса, яна кимдир кўчасини асфальтлашда кўмак кутади. Депутат эса халқ хизматчиси, унга ёрдам қўли етиб бориши учун муҳим воситачи. Бу ишлар бир боланинг мактабга қийинчиликсиз қатнаши учун йўлни асфальтлаштиришдан тортиб, онахоннинг тиббиёт масканига тез ҳамда осон етиб олиши билан боғлиқ барча масалани қамраб олади. Баъзида эса давлат идорасидаги бирор муаммони ҳал этиш, айрим ҳолларда маҳаллага сув олиб келишга кўмаклашиш ҳам ишимизнинг бир парчаси саналади. Халқ бизга парламент деворлари ичида ёзган қонунларимиздан кўра, уларнинг ҳаётий эҳтиёжларини таъминлашга бош қўшиш масаласидаги хизматларимизга қараб баҳо беради. Оғзаки ваъдаларимиз, ҳужжатларни тасдиқлашимиз эмас, амалий натижалар уларда ишончни оширади.

Масалан, Жомбой туманидаги ҳолатни олайлик. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг “Инсон” маркази томонидан ногиронлиги бўлган шахсларга ваучер асосида ногиронлик аравачаларини буюртма бериш амалиёти йўлга қўйилган. Бироқ бу амалиёт баъзи муаммоларни ҳам қаршимизга чиқармоқда. Гап шундаки, ҳозирги кунда берилаётган аравачалар 110 килогача бўлган кишиларга мўлжалланган. Натижада ушбу вазндан ортиқ бўлган шахслар улардан фойдалана олмаяпти. Шу сабабли фуқароларнинг эҳтиёжларини ўрганган ҳолда тадбиркорларга буюртма бериш тизимини йўлга қўйиш керак, деб ўйлайман.

Иккинчи бир масала шуки, агентликнинг “Инсон” маркази томонидан ёшга доир пенсия олувчи эр ва хотинларга санаторийга рўйхатга бир вақтда ариза топширилгани ҳисобга олиниб, айни саналарга белгиланган тартибда йўланмалар бериш тартибини жорий қилиш ҳақида ҳам мурожаатлар бўлди. Ушбу масала юзасидан “Инсон” марказлари фуқаролар билан келишиб, уларнинг эҳтиёжларини ўрганган ҳолда амалга оширилса, мақсадга мувофиқ бўлади, менимча. Бу борада тегишли ташкилотларга таклифларимизни бердик. Умид қиламанки, навбатдаги учрашувлар ҳам халқ корига ярайдиган натижалар билан ниҳояланади.

Ярим асрлик муаммо ҳал этилди

Мирзачўл тумани ташкил топганига ярим асрдан ортиқроқ вақт бўлди. Кескин континентал иқлимга эга бўлишига қарамай, бу вақт давомида ҳудудда талайгина ўзгаришлар амалга оширилди. Айниқса, сўнгги йилларда бу ислоҳотлар бор бўй-басти билан намоён бўлмоқда. Биламизки, аҳоли сони динамикаси иқтисодий-ижтимоий ривожланишнинг суръатига таъсир қилувчи омиллардан биридир. Зеро, ўсиш бу эҳтиёжнинг ҳам ортиши, демакдир. Айниқса, ижтимоий соҳа объектларига, хизматларига бўлган талаб анча юқори. Жиззахда ҳам айни ҳолат кузатилаётганини таъкидлайди фракциямиз аъзоси Муқаддас Ўрозалиева.

Бунга Мирзачўл туман тиббиёт бирлашмаси мисолида назар солсак. Маълум бўлишича, у 1974 йилда ташкил топган бўлиб, тумандаги 48 801 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.

Тиббиёт бирлашмаси 115-ўринли туман марказий шифохонаси, 250 қатновга мўлжалланган кўп тармоқли марказий поликлиника, шунингдек, ҳар бири 100 қатновга мўлжалланган 2 та оилавий поликлиника ҳамда ҳар бири 50 қатновга мўлжалланган “Ипак йўли” ва “Гулзор” оилавий шифокорлик пунктларини ўз ичига олади.

– Мирзачўл туман тиббиёт бирлашмасининг қабул бўлими биринчи, унинг таркибидаги 6-ўринли реанимация бўлими эса иккинчи қаватда жойлашган экан, – дейди депутат Муқаддас Ўрозалиева. – Бино ўтган асрда қурилгани учун замонавий имкониятлардан бебаҳра қолган. Яъни, лифт ўрнатиш учун алоҳида жой назарда тутилган бўлса-да, шу кунгача бу иш якунига етмаган. Ваҳоланки, бу вақт орасида бино бир неча бор капитал таъмирланган, янги тиббий анжомлар билан жиҳозланган. Бироқ бу масала ортга суриб келинган.

Натижада беморларни тор тикка зинапоялардан замбилларда юқорига кўтариб чиқишга тўғри келган. Бу вазиятда беморнинг қариндошлари бўлмаса, кичик тиббий ходимлар ёки шифокорларга қўшимча қийинчиликлар келтириб чиқараётган экан. Февраль ойининг охирида туманга бориб, ўрганишлар ўтказганимизда ушбу муаммога дуч келгандик. Аҳоли мурожаати ҳамда таҳлиллар асосида Соғлиқни сақлаш вазири А.Худаяровга депутат сўрови юборгандим. Ушбу ҳужжат асосида Тиббиёт бирлашмаси биносини лифт билан таъминлаш масаласи дастурга киритилиб, узоқ йиллар ечилмаган муаммо ҳал бўлди.

Бу сафарги учрашувларим айни ушбу маскандан бошланди. У ердаги аҳоли ва ходимлар кайфиятидан куч олиб, вилоятимизнинг бошқа жойларидаги сайловчиларни тинглашга ошиқдим. Чиндан ҳам, халққа қанча яқин бўлсак, шунча ўзимизда ишонч, ишимизда самара бўларкан. Ечимини кутаётган масалалар оз эмас, лекин уларнинг ҳаммасига чора бор. Босқичма-босқич баҳамжиҳатликда камчиликларни бартараф этиш қўлимиздан келади. Ижтимоий-сиёсатнинг бош мезони ҳам шу аслида – халқ ичида бўлиш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш.

 

Ҳаракат хавфсизлиги бўйича эшитув режалаштирилди

Йўллар ҳаётий эхтиёжларимиздан бири саналади. Чунки улар орқали манзилимизга етамиз. Бироқ ҳудудлардаги айрим йўлларда фуқароларнинг хавфсиз ҳаракатланиши учун етарли шарт-шароит яратилмагани аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Бу каби норозиликларни фуқаролар томонидан ижтимоий тармоқларда билдирилаётган кўплаб фикр ва муносабаларда ҳам кузатиш мумкин. Ушбу масала сайлов округларида депутатлар ўтказган учрашувларда ҳам муҳокама қилинади. Сайловчилар томонидан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида кўплаб мурожаат ва таклифлар илгари сурилади. ЎзХДП фракция аъзоси Улуғбек Шерматов уларнинг хавотирида асос бор эканини қайд этди.

– Қачонки йўлларимиз равон бўлса, манзилимиз яқинлашади. Ҳаракат хавфсизлиги таъминланса, хотиржамлигимиз ортади. — дейди депутат. – Чунки бир оиланинг ҳаловати ишга ёки ўқишга кетган яқинларининг соғ-саломат уйга қайтиши билан боғлиқдир. Бу эса хоҳлаймизми, йўқми йўлларнинг талабга жавоб бериш даражаси билан ҳам ўлчанади. Аҳоли вакиллари билан учрашувларда йўл чизиқлари ва белгилар, ер ости ёки ер усти пиёдалар йўлаклари мавжуд эмаслигидан шикоятлар эшитамиз. Баъзи аҳоли яшаш жойларида транспорт воситаларининг юқори тезликда ҳаракатланиши ҳақидаги эътирозлар ҳам ўринсиз эмас.

Шундан келиб чиқиб, таҳлилий назорат тадбирларини олиб бордик. Ушбу масала бўйича ўтказилган ўрганишларда йўл инфратузилмасининг лозим даражада ташкил этилмагани сабабли инсон ҳаётига хавф солувчи кўплаб йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлаётгани маълум бўлди. Шунингдек, тирбандликлар ва ҳаракат хавфсизлиги билан боғлиқ қатор масалалар аниқланди. Муаммолар ечимини таъминлаш учун ҳуқуқий асосларимиз эса етарли.

Хусусан, 2022 йил 11 февраль куни Президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини камайтириш бўйича Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига қатор вазифалар юклатилган эди. Бундан ташқари, Президентнинг 2022 йил 4 апрелдаги қарори билан Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳузурида “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” республика жамғармаси ташкил этилган.

Ушбу жамғарма маблағлари шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчаларида йўл чизиқларини чизиш, йўл ҳаракатини ташкил этишнинг техник воситаларини ўрнатиш, йўл инфратузилмасини ривожлантириш йўналишидаги лойиҳаларни молиялаштириш каби мақсадлар учун сарфланиши белгиланган.

“2022 – 2026 йиллар давомида республика ҳудудида амалга оширилиши мўлжалланган “Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастури”да эса йўл инфратузилмасини такомиллаштириш ва хавфсиз ҳаракатланиш шароитларини яратиш орқали йўлларда авария ва ўлим ҳолатларини кескин қисқартириш, шу жумладан, ҳаракатни бошқариш тизимини тўлиқ рақамлаштириш ва жамоатчиликнинг ушбу соҳадаги ишларда кенг иштирокини таъминлашга қаратилган вазифаларни амалга ошириш назарда тутилган. “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг 87-мақсадида ҳам жиддий оқибатлар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари сонини камида 50 фоизга камайтириш белгиланган.

Бугунги кунга қадар нима ишлар қилинди? Қандай чоралар кўрилмоқда? Нега ҳануз муаммонинг илдизига тўлиқ етиб боришнинг имкони бўлмаяпти? Шу каби саволларнинг жавоби табиийки тегишли мутасаддиларда. Аниқланган камчиликлардан келиб чиқиб, ушбу масала бўйича йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга жавобгар субъектларнинг ахборотини фракция йиғилишида эшитиш режалаштирилган. Умид қиламанки, улардан олинадиган жавоблар сайловчилар ҳузурига ёруғ юз билан боришимизни таъминлайди.

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

Таълим ва ёшлар – Янги Ўзбекистон пойдевори

Мустақиллик – беқиёс неъмат, у халқимизнинг нафақат давлатчилик тимсоли сифатида, балки миллий ўзлигини, маънавиятини, қадриятларини тиклаш ва янги босқичга олиб чиқишда катта аҳамиятга эгадир.
34 йилда мамлакатимизда таълим соҳасини ислоҳ этишга қаратилган давлат сиёсати фақат замонавий талабларга жавоб бериш билан чекланиб қолмади, балки халқимизнинг асрий орзулари, маънавий эҳтиёжлари ва миллий руҳияти билан ҳам чамбарчас боғлиқ бўлди. Бугун таълим соҳаси фақатгина бир йўналиш эмас, балки жамият тараққиётининг асосий мезонига айланмоқда.
Ҳозирги кунда олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан, ёш авлодда интеллектуал салоҳият, миллий ўзлик, тарихий хотира ва замонавий билимларга интилишни рағбатлантириш – янги давр талаби сифатида ҳаётга жорий этилмоқда.
Aйниқса, қамров даражасидаги ўсиш рақамлари ўзига хос тараққиёт салоҳиятини акс эттиради. Мактабгача таълим қамрови сўнгги етти йил ичида 27 фоиздан 77 фоизга, олий таълим қамрови эса 9 фоиздан 42 фоизга етди. Бу рақамлар ортида – юз минглаб фарзандларимизнинг маърифатга, тенг имкониятларга, замонавий билимга эришиш йўлидаги орзу-умидлари мужассам.
Президент мактаблари, ихтисослаштирилган ва ижод мактаблари каби янги авлод таълим муассасалари тизими яратилди. Ушбу муассасалардаги таълим нафақат юқори савиядаги билим беришни, балки ёшларнинг ҳар томонлама баркамол шахс сифатида шаклланишини таъминламоқда.
Замонавий фан, ахборот технологиялари, инновациялар, чет тиллари, тадбиркорлик соҳаларида билим олаётган ёшларимиз халқаро олимпиадаларда муносиб иштирок этиб, юртимиз шарафини юксакка олиб чиқмоқда. Бу еса таълим ислоҳотларининг узвий натижасидир.
Ҳақиқатан ҳам, бугун таълимга берилаётган кенг эътибор – бу соҳага қилинган сармоя эмас, балки келажак авлодга, Янги Ўзбекистоннинг пойдеворига қўйилаётган ишонч ва масъулиятдир.
Мустақилликнинг 34 йиллиги арафасида юртимизда илм ва маърифат билан барпо этилаётган Янги Ўзбекистон ғояси барчамиздан янада масъулият, фидойилик ва ҳамжиҳатликни талаб қилмоқда.
Чунки бизнинг энг катта бойлигимиз ҳам, энг устувор сармоямиз ҳам – бу билимли, ташаббускор, фидокор, юртини севувчи ёшлар. Улар таълим масканларида тарбия олмоқда ва келажакнинг ҳақиқий эгаларига айланмоқда.
Шунинг учун ҳам, Янги Ўзбекистон пойдевори – илм, маърифат ва ёшлардир. Бу йўлда олға интилиш, ўзлигини англаган, билимли, ташаббускор ва юртига садоқатли ёшларни тарбиялаш — энг устувор мақсадимиз бўлиб қолади.

Малика РAШИДОВA,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири.
«Ўзбекистон овози».

 

УЛКАН САЛОҲИЯТДАН САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНМОҚ КЕРАК

Бозорларимиздаги маъмурчилик, дастурхонларимиздаги тўкинлик ортида омилкор деҳқонларимиз меҳнати турганини барчамиз яхши биламиз. Қолаверса, табиати мўътадил, йилнинг 300 кундан ортиқ даври қуёшли бўлган юртимиз замини саховатли. Соҳибкор-боғбонларимиз етиштираётган мева-сабзавотлар мазасининг қиёси йўқ. Айни пишиқчиликда етиладиган сархил меваларимиз қишнинг қаҳратон кунларида ҳам худди шохидан энди узилгандек барра ҳолда сотилиши, шифобахш резаворлар, ошкўклардан тортиб полиз маҳсулотларигача йил давомида бозорларимиздан узилмаслиги – бу мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида илғор ёндашувлар миллий тажриба билан уйғунликда амалиётга татбиқ этилаётганини кўрсатади.

Хусусан, иссиқхона деҳқончилиги озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажмини оширишда драйвер тармоқлардан бирига айланди. Лекин бугун бу тармоқ дуч келаётган муаммолар ҳам бор. Қиш мавсумида иссиқхоналар эгалари иситиш мақсадлари учун экологик жиҳатдан зарарли, аммо арзон ёқилғилардан – кўмир ва мазутдан фойдаланишга мажбур бўлаётгани сир эмас.

Бу эса яқин-атрофдаги ҳавонинг кескин ифлосланишига олиб келмоқда. Иссиқхона хўжаликларининг салмоқли қисми Тошкент вилоятида жойлашгани ҳолда уларда мана шу тажрибанинг қўлланилаётгани, неча йилдирки, мазкур хўжаликлар атрофидаги ҳудудлар ва Тошкент шаҳри аҳолиси учун «тоза ҳаво» муаммосини келтириб чиқаряпти. «Пойтахт атрофида “яшил ҳалқа“ ўрнига амалда иссиқхона хўжаликларидан иборат “кулранг ҳалқа“ шаклланди”, дея бонг ураётган экологларимиз хавотирида жон бор.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 30 июль куни мева-сабзавот ва озиқ-овқат экспортини кўпайтириш масалалари муҳокамаси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида экологик вазиятдан келиб чиқиб, Тошкент вилоятидаги иссиқхоналар фаолиятининг ҳаво сифатига салбий таъсири билан боғлиқ муаммоларни узил-кесил ҳал қилиш вазифаси қўйилгани алоҳида эътиборга моликдир.

Таҳлилий-танқидий руҳда ўтган йиғилишда таъкидланганидек, ҳозирда юртимизда 5 минг 100 гектар иссиқхоналар бўлиб, сўнгги етти йилда уларда етиштирилган маҳсулот ҳажми 110 минг тоннадан 546 минг тоннага кўпайган. Лекин тадбиркорлар кредит юки оғирлиги, ўғит нархи қимматлиги, узлуксиз газ таъминоти йўқлиги сабабли қийинчиликларга учраётгани ҳам кўз юмиб бўлмайдиган ҳақиқат. Хусусан, 600 гектардан ортиқ майдондаги иссиқхоналар фаолиятини тўхтатган, 128 гектари қарздорлик сабабли банк тасарруфига ўтган.

Давлатимиз раҳбари томонидан шу ва шу каби муаммоларнинг ечими ўлароқ иссиқхона хўжаликларини қўллаб-қувватлаш юзасидан қатор чоралар белгилаб берилди. Эндиликда ички бозор билан бирга экспортга ҳам маҳсулот етиштириш мажбуриятини олган, табиий газда ишлайдиган иссиқхоналар қишки мавсумда газ билан кафолатли таъминланиши, кўмир ёки бошқа муқобил ёқилғига ўтган ҳолатда эса табиий газга қайтиш имконияти яратилиши, иссиқлик насослари технологиясидан фойдаланаётганларга харажатларнинг 20 фоизгача қисми, бу ишлар кредит ҳисобидан бўлса, кредит ставкасининг 4 фоизи қоплаб берилиши шулар жумласидан. Бундан буён иссиқхоналар учун ер солиғи қишлоқ хўжалиги ерлари ставкасида тўланиши, 2028 йилга қадар иссиқхона ишчилари учун ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизга туширилиши иссиқхоначиларни мамнун қилаётган яна бир янгиликдир.

Ҳар бир экспорт бозори муҳим

Табиатга антропоген таъсирнинг тобора ортиб бораётгани, иқлим ўзгаришлари, сув танқислиги, геосиёсий қарама-қаршиликлар туфайли савдо, инвестиция соҳаларида тўсиқларнинг мавжудлиги озиқ-овқат хавфсизлигига сезиларли даражада таҳдид солмоқда. БМТ маълумотларига кўра, ўтган йили Ер юзида тўйиб овқатланмасликдан азият чекканлар сони 673 миллион кишини ёки дунё аҳолисининг тахминан 8,2 фоизини ташкил этди. 2,3 миллиард одам озиқ-овқат хавфсизлиги етарли даражада таъминланмаган шароитда яшаётганини ҳисобга олсак, вазият янада оғирроқ эканини англаш мумкин.

Ушбу глобал муаммога қарши юртимизда истиқболли чора-тадбирларни ишлаб чиқишга жиддий ёндашилмоқда. Йилига қарийб бир миллион нафарга ўсиб бораётган аҳолининг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжини кафолатлаш, бунинг учун аграр сиёсатнинг самарадорлигини ошириш мақсадида бор куч ва имконият сафарбар қилиняпти. Ер ҳамда сув манбалари чекланган бир шароитда бу мақсадга эришиш осон эмас, албатта.

Юқорида келтирилган йиғилишда мамлакатимиз учун жаҳон аграр ва озиқ- овқат бозорларига интеграциялашувни ҳамда валюта тушумини таъминлаб берувчи тармоқлардан бири бўлган мева-сабзавотчиликни ривожлантириш масаласи атрофлича таҳлил қилинди. Қўшимча имкониятлар кўрсатиб берилди.

Унда келтирилишича, сўнгги уч йилда мамлакатимизда 250 минг гектар пахта ва ғалла ерлари қисқартирилган ва озиқ- овқат маҳсулотлари учун ажратилган. 160 минг гектар янги боғ ва токзорлар барпо этилган, эскирган 107 минг гектар боғлар янгиланган. 1 миллиард долларлик 1 минг 500 та озиқ-овқат лойиҳаси ишга туширилган.

Мана шундай дадил ва жадал суръатдаги ислоҳотлар халқаро миқёсда ҳам муносиб баҳоланяпти. Яқинда Ўзбекистон БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти – ФАО Кенгаши аъзолигига сайлангани бунга мисол.

Дарҳақиқат, мева-сабзавотларимиз жаҳон бозорида қадрланади. Ташқи бозорларда “Ўзбекистонда етиштирилган” деган бренд шаклланган. Айниқса, юртимиз қуритилган олхўри ва ўрик, шафтоли, майиз, гилос, дуккакли маҳсулотлар экспорти бўйича дунёда юқори ўринларда туради.

Жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистоннинг озиқ-овқат экспорти 44 фоиз ўсиб, 1 миллиард 326 миллион долларга тенг бўлган. Экспорт географияси 16 та давлатга кўпайган.

Бироқ соҳада бу кўрсаткичларни янада ошириш бўйича улкан салоҳият мавжуд. Ахир, йиғилишда урғу берилганидек, ҳар бир экспорт бозори, ҳар бир доллар иқтисодимиз учун муҳим. Чунончи, Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон озиқ-овқат маҳсулотлари экспортининг суръати бўйича бошқа ҳудудлардан ортда қолгани, Навоий вилояти эса ўтган йилги кўрсаткичларга етмагани, 21 та туманда бу борада ўсиш 70 фоизлик маррани ҳам эгалламагани танқид қилинди.

Ёки, бу йилги мева-сабзавот экспортининг 80 фоизи 5 та давлатга бўлган. Буюк Британия, Италия, Швеция, Япония, Ҳиндистон, Қатар каби талаб юқори ташқи бозорларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кам экспорт қилинган. Бу эса ўз навбатида хориждаги элчихона ва консулхоналар, савдо маслаҳатчилари олдига ҳам долзарб вазифаларни қўяди.

Йиғилишда ҳудудлар кесимидаги таҳлиллар асосида экспорт бўйича янги захира ва имкониятлар кўрсатиб ўтилди. Об-ҳаво инжиқлари ва мавжуд шароитга мослашиб, иссиқ ва совуққа, сувсизликка чидамли маҳсулотлар етиштиришга ўтиш ғоятда зарур. Бинобарин, соҳада эскича усулда ишлашдан воз кечиш, инновацион технологияларни кенг жорий қилиш вақти аллақачон келган.

Дейлик, ўтган йили ўлкамиз мева-сабзавот экспортининг 75 фоизи май-октябрга, бошқача айтганда, жаҳон бозори бу турдаги маҳсулотларга тўйинган даврга тўғри келган. Бозор қонуни шундай: таклиф кўпайса, нарх тушади, камайса, нарх ошади. Демак, табиий ва такрорланмас таъмга эга мева-сабзавотларимизни қимматроқ сотиш, бир маромда етказиб бериш учун эса қайта ишлашни ривожлантириш мақсадга мувофиқ.

Ўзбекистон тўғридан-тўғри денгизга чиқиш имкониятига эга эмас, шу боис мева-сабзавотларни хорижий харидорларга сифатли етказиб бериш учун транспорт- логистика тизимларини такомиллаштириш, “яшил” йўлакларни барпо этишдан тортиб, маҳсулотлар имижини яратишгача бўлган жараёнда инновацион технологияларга талаб сезиляпти. Айниқса, пишиқчиликда мўл ва арзон бўлиб кетадиган мева-сабзавотларимизни қайта ишлайдиган корхоналарни кўпайтириш баробарида импортёр давлатлар томонидан маҳсулотларга қўйилаётган сифат, сертификатлаш, фитосанитария ва қадоқлашга оид талабларни бажариш экспорт ҳажми ва географиясини кенгайтиришнинг муҳим омилларидандир.

Йиғилишда бу йил жойларда 16 та замонавий қадоқ тайёрлаш корхонаси ишга тушгани, лекин бу етарли эмаслиги, экспортга чиқарилаётган мева-сабзавотларнинг атиги 18 фоизи замонавий қадоқланаётгани қайд этилди. Мутасаддиларга йил якунигача мазкур йўналишда яна 15 та корхонани ишга тушириш вазифаси қўйилди.

Бундан ташқари, ҳар йили ташқи бозорга 450 миллион долларлик ловия, мош, тариқ ва нўхат чиқарилаётгани, ваҳоланки, дуккакли маҳсулотлар катта экспорт захираларимиздан бири экани, деҳқонларимиз етиштирган бу экинлар ҳосилини йиғиб-териб олишда ривожланган давлатлар тажрибасини қўллаш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.

Бугунги кунда янги боғлар барпо қилиш ва эскиларини янгилаш учун 350 миллион дона серҳосил ва экспортбоп мева кўчатларига эҳтиёж бор. 16 та туманда ташкил этилган “Агростар” компаниялари шу мақсадга қаратилган. Улар ишни, аввало, шундан – уруғ, кўчат ва ўғитдан бошлаши кераклиги таъкидланди. Шу боис “Агростар” компаниялари учун “in vitro” лабораториялари, мазкур туманларда сақлаш, қадоқлаш, саралаш ва қайта ишлашни ўз ичига олган замонавий агро мажмуалар барпо этиш бўйича масъулларга аниқ топшириқ берилди.

Ризқ-рўзимиз ва фаровонлик манбаи

 

Мухтор ИЛҲОМОВ, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати:

– Бугун сайёрамизда чўлланиш ва қурғоқчиликнинг ортиб бораётгани ҳар бир давлат учун озиқ-овқат хавфсизлигини ҳаёт-мамот масаласига айлантирмоқда. Ушбу ҳолат қишлоқ хўжалиги, ичимлик сув таъминоти ва табиий экотизимларга жиддий таъсир кўрсатмоқда.

Видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари мана шундай мураккаб даврда энг бебаҳо ресурс – сувдан тежамкорона фойдаланиш ҳаётий зарурат эканига диққат қаратди. Юртимизда ҳозиргача 224 минг гектар экин майдонларида сувни тежовчи технологиялар жорий қилингани яхши самара бераётгани, натижада 420 миллион кубметр сув иқтисод қилиниб, қўшимча 65 минг гектарда мева-сабзавот етиштириш имконияти яратилгани эътироф этилди. Йил якунигача яна 10 минг гектар майдон томчилатиб ва ёмғирлатиб суғоришга ўтиши сувнинг ҳар бир томчиси қадрли бўлган ҳозирги кунда мақбул чоралардан биридир.

Дарахт экиб, боғ яратиш халқимизнинг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган, қадрият даражасига кўтарилган анъаналаридан. Бу анъана нафақат атроф-муҳитнинг ободлиги ва яшилликнинг кенгайишига хизмат қилади, балки озиқ-овқат хавфсизлигида ҳам муҳим ўрин тутади. Юртимизнинг қайси манзилига борманг, қайси хонадонга кирманг, бир қарич ер бўлса ҳам, мевали дарахт экилгани ёки экин-тикин қилинганини кўрасиз. Ҳатто 2 сотихли томорқасидан йил давомида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириб, мўмай даромад олаётган омилкор ҳамюртларимиз кўп. Улар ўз эҳтиёжидан ортганини бозорга олиб чиқиб, эл дастурхонига тортиқ қилмоқда, ризқ-рўз улашмоқда.

Халқимизнинг толейини қарангки, еримиз унумдор, адашиб чўп суқсангиз ҳам кўкариб, ҳосил беради. Аслида буларнинг бари мева-сабзавотчиликни ривожлантириш ва деҳқонларимизнинг ўз маҳсулотларини экспортга чиқаришини янада жадаллаштириш учун бемисл имконият! Фақат бу имкониятдан оқилона фойдаланиш, мавжуд муаммолар ечимини пайсалга солмаслик керак.

Йиғилишда бу бўйича ҳукуматга экспортчи, иссиқхоначи ва мева- сабзавот етиштирувчилар билан доимий мулоқотни йўлга қўйиб, давлат идораларига боғлиқ барча муаммоларини аниқлаб, жойида ҳал қилиб бориш вазифаси қўйилгани айни муддао бўлди. Ушбу вазифаларнинг сўзсиз ижроси қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш тармоқларида муқим, юқори ҳақ тўланадиган иш ўринларини яратишда, юртимиз аҳолисининг салмоқли қисми яшайдиган қишлоқ жойларда ишсизликни ҳамда камбағалликни камайтиришда қўл келади.

Фарида МАҲКАМОВА,

“Ўзбекистон овози” мухбири.