ҚОНУНЛАРДА ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ ЮКИ ОРТМОҚДА

Кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси ўтказилди. Анъанавий тарзда кун тартибидан ўрин олган масалалар кетма-кетлик асосида кўриб чиқилди. Шу куни парламент минбарида тўртта масала муҳокама марказига қўйилди.

Қайсидир депутат сўз сўрайди, яна бир халқ вакили фикр айтади, муносабат билдиради. Ҳукумат вакили қонун ҳақидаги мулоҳазаларини тугатиши билан бошқа бир депутат сайловчилари, партия электорати манфаатларидан келиб чиқиб изоҳ талаб қилади ёки эътироз билдиради. Бу гал ҳам фаоллар қонун лойиҳасига нима сабабдан эҳтиёж борлигини ва ундаги меъёрларнинг мазмуни тушунтириб берилишини сўради.

 

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш – долзарб вазифа

Озиқ-овқат инсон учун ҳаво ва сувдан кейинги энг муҳим эҳтиёждир. Шу маънода айтадиган бўлсак, ҳар бир фуқаронинг тоза ва соғлом овқатланишга ҳаққи бор. Қолаверса, сифатли озиқ-овқат маҳсулотларига эга бўлиш истеъмолчилар ҳуқуқларининг ажралмас қисмидир. Аммо ҳозир озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ниҳоятда долзарб масалага айланди.

Кун тартибига кўра, дастлаб депутатлар томонидан “Озиқ- овқат маҳсулотининг хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси атрофлича кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси билан мазкур соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, принциплари, давлат органларининг ваколатлари аниқ белгилаб берилмоқда.

Озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги соҳасидаги санитария чоралари, қоида ва нормаларини ишлаб чиқиш ҳамда қўллаш тартиби эса халқаро қоида ва нормалар билан уйғунлаштирилмоқда.

Мажлисда қайд этилганидек, ушбу қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг шу йил 29 июль куни бўлиб ўтган мажлисида кўриб чиқилиб, ундаги айрим нормалар, хусусан, мактабгача ва мактаб ёшидаги болаларга тавсия этилмайдиган озиқ-овқат маҳсулотларининг маркетинг ва реклама маълумотлари болаларни қизиқтирмайдиган тарзда ифодаланиши ёки уларга қаратилган бўлмаслиги кераклигига оид модда қизғин баҳсларга сабаб бўлган эди.

Масъул қўмита томонидан депутатлар билдирган қатор таклифлар чуқур таҳлил қилиниб, улар асосида лойиҳадаги айрим нормалар такомиллаштирилди.

Қонун лойиҳасида белгиланаётган нормалар озиқ-овқат маҳсулоти хавфсизлиги соҳасидаги муносабатларни Жаҳон савдо ташкилоти қоидалари ва халқаро стандартларга мувофиқ тартибга солиш, соҳада давлат бошқаруви ва назорати механизмларини замон талаблари асосида такомиллаштириш ҳамда ваколатли давлат органларининг вазифаларини аниқ белгилашга хизмат қилади.

Қизғин муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси қабул қилинди.

Кам таъминланган шахслар давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиши мумкин

Кун тартибидаги иккинчи масала бўйича депутатлар кам таъминланган шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқишди.

Мазкур қонун лойиҳаси билан давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тоифаси кенгайтирилмоқда. Хусусан, кам таъминланган шахслар муайян ишда ўзига нисбатан суд томонидан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш тўғрисида Конституциявий судга мурожаат этганда, улар давлат ҳисобидан юридик ёрдам олишлари мумкинлиги белгиланмоқда.

Мажлисда қайд этилганидек, лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида депутатлар томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазалар инобатга олиниб, унинг матнига аниқлаштирувчи, таҳририй ҳамда юридик-техник характерга эга бўлган ўзгартиришлар киритилди.

Қонун лойиҳасида белгиланаётган нормалар фуқароларнинг конституциявий одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтиришга, давлат ҳисобидан малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини таъминлашга ҳамда ижтимоий давлат тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Реновация билан боғлиқ кафолат ва мажбуриятлар аниқ белгиланади

Очиғи, охирги пайтларда уйлар бузилиши билан боғлиқ кўп муаммолар юзага келди, мурожаат кўпайди, одамларимизда норозилик кайфияти келиб чиқди. Чунки, фуқароларнинг давлат эҳтиёжлари учун, дея олиб қўйилган ҳовлилари ўрнида кўп қаватли уйлар тикланди. Ўртада инсонлар сарсон-саргардон бўлди, вақт ва асаб кетди. Аслида ҳеч ким бировнинг уйини шунчаки келиб буза олмайди. Бунинг талаблари, қонунан тасдиқланган меъёрлари бор.

Мажлисда қайд этилганидек, республикада 42 мингдан ортиқ кўп квартирали уйларни ўз ичига олган турар жой фонди мавжуд бўлиб, уларнинг қарйиб 31 минги 1991 йилгача қурилган ҳамда 17 мингтаси 2-3 қаватдан иборат.

Шу билан бирга, ҳар йили 145 мингта турар жойга бўлган талабни қондириш учун 2019-2023 йиллар давомида ўртача 60 мингта, 2024 йилда эса 100 мингта янги турар жойлар қурилган бўлиб, бу борада ўсиб бораётган эҳтиёжларни қондириш учун қўшимча ер ресурслари талаб этилмоқда.

Сейсмик жиҳатдан заиф, эскирган ва фойдаланишга яроқсиз паст қаватли биноларни реновация қилиш учун ҳуқуқий асосларни яратиш келгуси йилларда қуриладиган уй-жойларни камида 5-7 фоиз қисмини реновация ҳисобига амалга ошириш имкониятини беради. Натижада, замонавий қурилиш тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда реновация орқали тахминан 20 минг гектар ер тежалади ва 4,5 миллион кишини уй-жой билан таъминлаш имконияти пайдо бўлади.

Мажлисда қонун ташаббускорлари қайд этганидек, ҳар йили 145 мингта турар жойга бўлган талабни қондириш учун 2019-2023 йиллар давомида ўртача 60 мингта, 2024 йилда эса 100 мингта янги турар жойлар қурилган бўлиб, бу борада ўсиб бораётган эҳтиёжларни қондириш учун қўшимча ер ресурслари талаб этилмоқда.

Шу сабабдан эскирган ва авария ҳолатидаги уй-жойларни қайта қуриш (реновация қилиш) орқали шаҳар ва маҳаллаларимизни ободонлаштириш, инфратузила объектларини замонавийлаштириш мақсадида мазкур қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Мажлисда шаҳарсозлик ҳужжатларига мувофиқ ҳудудларни меъморий, ижтимоий, иқтисодий ва экологик жиҳатдан яхшилаш, эскирган, яшаш ва фойдаланиш учун яроқсиз, авария ҳолига келиб қолган бино-иншоотларни янгилаш, қулай ва энергия самарадор ҳолатга келтириш мақсадида ишлаб чиқилиб, ҳукумат томонидан киритилган — “Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида концептуал жиҳатдан биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Мазкур қонун лойиҳаси билан шаҳарсозлик реновацияси асослари ва мақсадлари, мажбурий шартлари, асосий принциплари, реновация босқичлари, бу борада лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тартиби, соҳада давлат бошқаруви асослари белгиланмоқда.

Маълум қилинишича, қонун лойиҳаси уйи реновацияга тушган мулкдорларга бир қатор кафолатлар бермоқда. Масалан, сиз яшайдиган кўп квартирали уй реновацияга тушди. Қурувчи икки йил муддат ичида янги уйни қуриши, ўша уйдан сизга эски уйингизнинг ҳажмидан кам бўлмаган ва тайёр таъмирланган хонадонни пастки қаватдан бериш мажбуриятини олади. Бундан ташқари, қурувчи янги уй қурилгунча сиз ижарада яшаб турадиган уйнинг ижара пулини ҳам қоплаб беради.

Шунингдек, реновация қурилиш муддати қонун билан 2 йил этиб белгиланмоқда. Агар қурувчи 2 йилда қуриб улгурмаса, кечиккан ҳар бир кун учун мулкдорларга мулк қийматининг 0,5 фоизи миқдорида пеня тўлайди.

Лойиҳада турар ва нотурар жой мулкдорларига адолатли компенсация бериш тизими назарда тутилмоқда. Яъни, компенсация янги қуриладиган турар ва нотурар жой объектидан ёки бошқа жойдан мулк қилиб берилиши ёхуд турар ва нотурар жой объектларининг бозор қийматида пул маблағлари берилиши белгиланмоқда.

Яна бир аҳамиятли томони, қонун лойиҳасида ҳеч ким реновацияда иштирок этишга мажбурланмаслиги ҳамда реновация ихтиёрийлик принципига асосланиши мустаҳкамланмоқда. Яъни, шаҳарсозлик реновацияси лойиҳасини бошлаш учун барча ҳуқуқ эгалари билан нотариал тартибда келишув битими имзоланиши белгиланмоқда.

Шунингдек, лойиҳада шаҳарсозлик реновациясини амалга оширишда ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйиляпти. Хусусий мулк дахлсиз ва давлат ҳимоясида эканлиги, давлат хусусий мулкнинг бут сақланишини таъминлаш учун барча зарур шароитларни яратиши, давлат органлари, уларнинг мансабдор шахси ёки хизматчиси томонидан ҳуқуқ эгаларининг ҳуқуқларини бузишига йўл қйилмаслиги қатъий кафолатланмоқда.

Муҳокама жараёнида ЎзХДП фракцияси аъзоси Дилбар Мамажонова шундай савол берди:

Халқ демократик партиясининг электорати кам таъминланган, эҳтиёжманд қатлам ҳисобланади. Ушбу қонун лойиҳаси электоратимиз бўлган аҳолининг эҳтиёжманд қатлами манфаатларига бевосита таъсир қилади. Чунки реновация ҳудудида асосан ўзини яшаш имкониятини яхшилашга шароити бўлмаган аҳоли қатлами истиқомат қилиб келмоқда. Фракциямизнинг жиддий хавотири шундан иборатки, ушбу қонун лойиҳаси уларнинг вазиятини янада қийинлаштириб, мавжуд уй-жойидан ҳам маҳрум бўлиб қолишига олиб келмайдими? Қонун лойиҳасида белгиланган тартиб, кафолатлар эҳтиёжманд аҳоли қатлами манфаатларини етарлича ҳимоя қила оладими?

Ушбу саволга Адлия вазири ўринбосари Маҳмуд Истамов шундай жавоб берди:

Тўғри таъкидладингиз, реновация ҳудудида асосан моддий имконияти чекланганлиги сабабли уй-жойни яхшилаш имкониятига эга бўлмаган аҳоли тоифалари тушиш эҳтимоли катта. Биз ҳисоб-китоб қилдик, оддий икки хонали уйни капитал таъмирлаш учун ўртача 50-60 миллион сўм маблағ талаб этилади. Албатта, эҳтиёжманд аҳолининг ҳаммасининг ҳам бунга имконияти етмайди.

Шунинг учун бу қонуннинг пировард мақсади – аҳолининг турмуш даражасини ошириш. Яъни, реновация лойиҳасини амалга оширишда эҳтиёжманд аҳоли нимага эга бўлади? Пул сарфламасдан янги, шинам уйга кўчади. Реновация пайтида у бошқа ҳудудга кўчиб кетадиган бўлса, вақтинчалик уй учун ижара тўловлари ҳам тўлиқ ташаббускор зиммасида бўлади. Шунингдек, кўчиб ўтиш билан боғлиқ бир марталик товон мол-мулки қийматидан келиб чиқиб тўланади.

Қизғин муҳокамалар давомида қонун ташаббускорлари депутатларнинг саволларига атрофлича тушунтиришлар бериб, билдирилган таклифлар қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда маромига етказишда инобатга олинишини таъкидлашди. Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

 

Бола ҳуқуқлари устувор масала

Ялпи мажлисда болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда консептуал жиҳатдан муҳокама қилинди.

Қонун лойиҳасида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларини етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни аниқлаш, уларнинг ҳисобини юритиш ҳамда  муқобил жойлаштириш шаклларига бериш борасидаги ваколатлари белгиланмоқда.

Болаларга тарбия, таълим бериш ва соғлиғини сақлаш бўйича масъул шахсларга ўз мажбуриятларини бажармаганлик учун маъмурий жавобгарликни белгилаш назарда тутилмоқда. Шунингдек, васий ёки ҳомийни белгилаш ваколатини ҳокимлардан “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази директорига ўтказиш таклиф этилмоқда.

Лойиҳада нотариуслар зиммасига болани фарзандликка бериш (олиш), болани васийликка ёки ҳомийликка бериш ҳақида аризадаги имзонинг ҳақиқийлигини шаҳодатлаш бўйича мурожаат қилингани тўғрисидаги маълумотларни “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларига тақдим этиб бориш мажбуриятини юклатиш белгиланмоқда.

Мажлисда қонун лойиҳасининг қабул қилиниши болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилишни таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Лазиза Шерова,

“Ўзбекистон овози”мухбири.

РИВОЖЛАНИШНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

Янги Ўзбекистонда отаётган ҳар бир янги тонг хайрли мақсадларимиз сари йўл очаётгани халқимизнинг осойишта ва фаровон ҳаётида яққол акс этмоқда. Мана шундай шукуҳли кунларда миллий истиқлолимизнинг ўттиз тўрт йиллик шонли санасини ҳар томонлама муносиб, юксак савияда нишонлаш тадориги шаҳар-у қишлоқларимизда, ҳар бир маҳаллада қизғин бошлаб юборилди.

34 йил тарих учун кўз очиб-юмгулик фурсат. Аммо ушбу қисқа даврда, аввало, эл-у юртимизнинг хоҳиш-иродаси, куч- қудрати, машаққатли ва бунёдкорона меҳнати эвазига жаҳон харитасида янги, ўз кучи ва салоҳиятига таянган, тараққиёт йўлидан барқарор суръатлар билан ривожланиб бораётган суверен Ўзбекистон давлатининг пайдо бўлиши, ҳеч шубҳасиз, халқимизнинг тарихий ғалабасидир. Айниқса, сўнгги саккиз йилда Ватанимиз ривожланишнинг том маънода янги босқичига қадам қўйди. Мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий-ижтимоий, маданий соҳаларидаги ислоҳотлари халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланаётганига барчамиз гувоҳмиз.

Ўзбекистон ўз олдига қўйган узоқ муддатли мақсадлар орқали халқ фаровонлигини таъминлаш, иқтисодиётни янада мустаҳкамлаш ва сиёсий барқарорликни сақлашга интилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган “Ўзбекистон-2030” стратегияси асосида жамиятимизда тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини кучайтириш, инсон қадри, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, минтақамизда яхши қўшничилик алоқаларини янада ривожлантириш, дунё мамлакатлари билан фаол ҳамкорлик қилиш жараёни изчиллик касб этмоқда.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда мамлакат иқтисодий ва ижтимоий ҳаёти кескин ўзгарди. Барча жабҳада инсон қадри ва халқ манфаати устуворлигини таъминлаш йўлидаги дадил ислоҳотлар натижасида қисқа муддатда иқтисодиётимиз шиддат билан ўсиб, ялпи ички маҳсулот ҳажми тарихда биринчи марта 110 миллиард АҚШ долларидан ошди. Юртимизда “яшил” ва инновацион иқтисодиётга ўтиш, муқобил энергия манбаларини яратиш бўйича улкан дастур ва лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Шунингдек, таълим тизимида янги ривожланиш босқичи йўлга қўйилди. Халқ таълими, олий таълим ва илмий-тадқиқот соҳаларида замонавий имкониятлар яратилмоқда. Ёш авлодга сифатли таълим бериш учун давлат бюджетидан салмоқли маблағлар ажратилмоқда.

Мустақиллик куни – Ўзбекистон халқининг миллий байрами. Ҳар йили бу кун ўзгача тантана билан нишонланади, мамлакат бўйлаб турли маданий тадбирлар, концертлар, кўргазмалар ва илмий-амалий анжуманлар ўтказилади. Ушбу байрам халқимизнинг ўз эрки, юртга муҳаббати ва келажакка бўлган ишончини нишонлаш куни ҳамдир. Зеро, миллий суверенитет ва мустақиллик Ватан учун, миллат учун, халқ учун хизмат қиладиган мустаҳкам сиёсий- ижтимоий замин ҳамда куч-қудрат манбаи ҳисобланади.

Дилбар МАМАЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

САВОБЛИ АМАЛ САРОБГА АЙЛАНМАСИН

Мактаб қурган ва шифохона бунёд этган саховатпеша инсонларни кўрганмиз. Кам таъминланган оилаларга уй совға қилган-у беморларнинг энг қиммат жарроҳлик амалиётлари харажатини бўйнига олган олижаноб юртдошларимиз ҳақида тез-тез эшитамиз. Узун туманининг “Гулистон” маҳалласида яшовчи Илҳом Омонов ҳам ана шундай савобталаб замондошларимиздан. Жорий йилнинг бошида у тумандаги 8-умумтаълим мактаби филиалига ўз ҳисобидан кичик ўйингоҳ (мини стадион) қуриб беришга бел боғлаган эди. Орадан ярим йилдан ортиқ вақт ўтибдики, ҳамон амалий иш бошлангани йўқ.

Сабаби билан қизиқдик. Масалани атрофлича ўрганиш мақсадида аҳоли вакиллари ва ота-оналар билан учрашдик. Тадбиркорнинг фикрларини тингладик.

– Олтмиш беш ёшдаман, – дейди “Гулистон” маҳалласида яшовчи Абдуқаҳҳор Омонов. – Беш фарзандим, ўндан ортиқ набирам бор. Ўтган асрнинг 65- йилларида ҳашар йўли билан қурилган мана шу мактабда таълим-тарбия олган бўлсак, ундан кейин фарзандларимиз ўқишди. Бугун набиралар қатнаяпти. Аҳволни кўриб турибсизлар, бу ерда на 10 нафар ўқитувчига, на билим олаётган 108 нафар ўғил-қизга шароит бор.

…Ҳов анови жой – стадион. Эни – 10, узунлиги 15 метр келадиган супадек майдонда тўртта темирдан бошқа ҳеч вақо йўқ.

Қаровсиз жойда ўйингоҳ қуришни мақсад қилгандик. Барака топгур, қишлоқдошимиз Илҳом бунга бажонидил рози бўлганди ҳам. Нима бўлди-ю ишлар бирдан “тақа-тақ” тўхтади.

– Ўйингоҳ биз учун 60-65 йиллик орзу, – дейди яна бир меҳнат фахрийси Жўрақобил Йўлдошев. – Аслида, ўз даврида 8-мактаб ҳудуди 15 сотихча бўлган. Йиллар ўтиши билан майдони негадир қисқариб кетди. Фақат Узун туман прокуратурасининг аралашуви билан 2023 йилда 5 сотихча жой даргоҳ тасарруфига қайтарилган эди. Ҳозир 8 сотихдан нари- бери бўлса керак…

– Маҳалламизда 4 минг 500 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади, – дейди гулистонлик Намоз Қоржовов. – Уларнинг олтмиш фоизга яқинини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Навқирон авлод вакиллари учун на стадион бор бизда, на дам олиш маскани қурилган, на сайилгоҳни учратасиз. Болалар бегона ўтлари “жизғанак” бўлиб, тиканлар “бўй” кўрсатган мана шу бир парча жойда футбол ўйнашга мажбур. Яқинда тўп бехосдан электр симига тегиб кетибди, денг. Қисқа туташув натижасида шунақанги “жар-жур” бўлдики, асти қўяверинг. Трансформатор куйиб, бир кеча зимистонда қолдик. 15 миллион сўм эвазига ускуна созланди. Биз учун армон бўлган ўйингоҳ набираларга насиб қилсин, деб куюнамиз-да.

– Кўп йиллардан буён тадбиркорлик билан шуғулланаман, – дейди Илҳом Омонов. – Бир неча йил хорижда ҳам меҳнат қилдим. Жорий йилнинг бошида маҳалла фаоллари футбол майдончасини қуриш учун қарийб олтмиш йилдан буён фойдаланилмай турган бўш жой танлангани ва ҳомий зарурлигини айтиб қолишди. Фарзандларимизнинг соғлом бўлиб вояга етишларини ўйлаган ҳолда бу қурилишни зиммамга олдим. Ҳамжиҳатликда ҳикмат кўп, деганларидек бирпасда ҳомийлар кўпайди. Икки-уч кунда 220 миллион сўмдан ортиқ маблағ тўпланди.

Ҳужжат ишларига келганда эса Узун тумани ҳокимлиги масъуллари жиддий қаршилик қила бошлади. Ташландиқ жой гоҳ фуқарога тегишли эканлиги айтилса, гоҳ ирригация бошқармасига қарашли, деган баҳоналар рўкач қилинди. Диллар хира тортиб, кўнгил совиди. Ҳудуд ҳеч кимнинг тасарруфида эмаслиги аниқлангач, яна масъуллар эшигини қоқдим. Буни қарангки, тағин фойдаси бўлмади.

Шу ўринда бир гапни айтай. Бу ерда ҳеч қандай моддий манфаатдорлик йўқ. Ўйингоҳ қуриб, бир-икки сўм ишламоқчи ҳам эмасман. Худога шукр, бари етарли. Мактаб учун, ўқувчилар учун, маҳалла учун хайрли ишга бел боғлагандим, холос.

Тадбиркорнинг ранжиганича бор. Ахир саховатпеша ва олийҳиммат инсон ўйингоҳ барпо этмоқчи экан, бунинг нимаси ёмон? Аксинча, унга тасанно айтиш керак эмасми? Ҳолатга ойдинлик киритиш ва шу саволларга жавоб олиш мақсадида Узун туман ҳокимлиги мутасаддиларига учрашдик.

– Сиз айтган масала юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда, – дейди Кадастр агентлигининг Узун туман филиали масьул ходими Камол Набиев. – Тегишли ҳужжатларнинг асосий қисми тайёр бўлган. Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 августдаги “Ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланишга ажратишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига асосан ҳудудни мактаб тасарруфига ўтказиб бериш чоралари кўрилаяпти. Вилоят ҳокимининг қароридан кейин масала узил-кесил ечим топади.

Бунга қанча вақт талаб қилиниши билан қизиқамиз.

– Тахминан икки ойча кетса керак, – дейди К.Набиев.

– Савобли амал кун келиб саробга айланмайдими, ишқилиб? – сўраймиз ундан.

– “Гулистон”да ажойиб ўйингоҳ қурилишига кафолат бераман…

Масъулнинг ваъдасидан кўнглимиз бироз ёришади. Гулистонликлар орзу- ниятини Узун тумани ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимликлари масъуллари қўллаб-қувватлашига умид уйғонган ҳолда ортга қайтдик.

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

 

МУСТАҚИЛЛИК – ЮРТИМИЗ ТАРАҚҚИЁТИНИНГ КАФОЛАТИ

Мустақиллик – бу халқнинг тарихи, бугунги барқарорлиги ва келажаги таянчидир. Мустақиллик сабаб Ватанимиз тарихида янги давр бошланди – давлатчилигимиз тикланди, миллий қадриятларимизга асосланган янги сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тизим шаклланди.

Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси асосида қўлга киритилаётган ютуқлар мустақиллигимизнинг ҳаётий ва амалий самараси сифатида намоён бўлмоқда. Демократик, ижтимоий давлат барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, фуқароларнинг ҳаёт сифати ва имкониятларини кенгайтириш бугунги сиёсатнинг устувор йўналишига айланган.

Партиямиз бугунги янгиланиш ва тараққиёт жараёнларида ўзининг дастурий мақсадлари, ғоявий йўналишидан келиб чиқиб, фаол иштирок этмоқда. Партиямиз учун Мустақиллик байрами — халқ манфаатларини таъминлаш, ижтимоий барқарорлик ва тенгликни мустаҳкамлаш, адолатли кучли жамият барпо этиш йўлидаги ҳаракатларимиз билан ҳамоҳанг руҳда ўтказиладиган ғоявий-маънавий тантанадир.

Бу улуғ сана партиямизнинг “Кучли ижтимоий сиёсат – адолатли жамият таянчи” деган шиори мазмунини янада аниқ ва самарали акс эттиришга хизмат қилади.

Президент қарори асосида давлат мустақиллигимизнинг 34 йиллиги “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган эзгу ғоя билан нишонланиши – биз учун муҳим илҳом ва масъулият манбаидир.

Шу муносабат билан партиямизнинг Тошкент шаҳар кенгаши томонидан кенг кўламли тарғибот-ташвиқот тадбирлари ташкил этилади. Депутатларимиз, партия фаоллари иштирокида пойтахтимизнинг турли ҳудудларида, маҳаллаларда, бошланғич партия ташкилотларида аҳоли билан очиқ мулоқотлар, маънавий- маърифий суҳбатлар ва истиқлол ғояларини ёритувчи байрам тадбирлари ўтказилади.

Ёшлар – бизнинг энг катта бойлигимиз, эртанги кунимиздир. Шунинг учун “Ёшлар – Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” шиори остида учрашувлар, мулоқотлар ўтказилиб, уларга истиқлол тарихи, истиқболдаги мақсадлар, уларни амалга оширишда ёш авлоднинг роли, ҳуқуқ ва имкониятлари ҳақида кенг маълумотлар берилади. Партиямиз ёшларни замонавий билим ва касб-ҳунарларга, фуқаролик фаоллиги ва ватанпарварликка даъват этади.

Шунингдек, 34 йиллик байрам муносабати билан партия томонидан кам таъминланган оилаларга, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларга амалий ёрдам кўрсатиш, ҳашар ва ободонлаштириш ишларини ташкил этиш орқали халқ билан яқин алоқа янада мустаҳкамланади.

Мустақиллик – бу халқнинг эрки, миллий ғурури ва келажакка бўлган ишончи. Биз бу неъматни асраб-авайлаш, унинг мазмун-моҳиятини ёш авлод онгига сингдириш, юртдошларимиз ҳаётида ижобий ўзгаришлар ясашга ҳисса қўшишни ўзимизнинг устувор вазифамиз, деб биламиз.

Сирожиддин ШОНАЗАРОВ,

Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси в.в.б.

 

МЕҲНАТ ХАВФСИЗЛИГИДА ЯНГИ БОСҚИЧ

Инсон учун бу дунёда яшаш ҳуқуқи қанчалар табиий ҳуқуқ бўлса, меҳнат қилиш ҳуқуқи ҳам ҳаётий аҳамияти жиҳатидан худди шундай асосий ҳуқуқларидан ҳисобланади. Меҳнат муҳофазасини таъминлаш орқали эса уларнинг муносиб меҳнат шароитларида ишлашига эришилади. Айниқса, иқтисодий ўсиш ва технологик тараққиёт тез суръатларда ривожланиб бораётган бир пайтда бу масала нафақат жисмоний, балки руҳий жиҳатдан ҳам жуда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Меҳнат муҳофазаси деганда – ишчиларнинг саломатлиги, хавфсизлиги, иш ҳақи, иш вақти ва ижтимоий ҳуқуқлари нуқтаи назаридан ҳимояланишини таъминлайдиган сиёсат ва амалиётлар тушунилади. Бу ҳимоя нафақат алоҳида шахслар, балки жамиятнинг умумий фаровонлиги учун ҳам зарурдир.

Aгар бу тизим ишламаса, кам иш ҳақи, ортиқча иш соатлари, кафолатсиз меҳнат ва иш жойидаги бахтсиз ҳодисалар каби жиддий муаммолар юзага келади. Бундай шароитда нафақат ишчиларнинг ҳаёт сифати, балки умумий иқтисодий унумдорлик ҳам пасаяди. Меҳнат кучига сармоя киритмайдиган тизим узоқ муддатда барқарор ишлаб чиқаришдан ҳам маҳрум бўлади.

Бошқа томондан, яхши ишлаб чиқилган меҳнатни муҳофаза қилиш сиёсати ишчиларнинг мотивациясини оширади, иш берувчи билан ишчи ўртасида ишонч муҳитини яратади. Касаба уюшмалари, меҳнат хавфсизлиги тўғрисидаги қонунлар ва ижтимоий суғурта тизимлари бу борада муҳим воситалардир. Демак, меҳнатни ҳимоя қилиш фақат инсоний бурч эмас, балки иқтисодий ва ижтимоий барқарорликнинг асосидир. Давлат идоралари ҳам, хусусий сектор ҳам бу борада масъулиятни ўз зиммасига олиши, ишчи ҳуқуқларини ҳурмат қилувчи, адолатли ва барқарор сиёсатни жорий этиши лозим.

Шундан келиб чиқиб, куни кеча Вазирлар Маҳкамасининг “Меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор мамлакатимизда меҳнат муҳофазаси соҳасидаги муносабатларни тартибга солишда муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳужжат саналади. Бу орқали, аввало, турли жароҳатларнинг олди олинади, сони камаяди.Чунки шу кунгача бахтсиз ҳодисанинг сабаби ва оқибатлари ўрганилган бўлса, эндиликда хавф олдиндан аниқланиб, иш берувчиларга уларни бартараф этиш мажбурияти юклатилади.

 

Жароҳатлар камаяди, хатарларнинг олди олинади

Анвар НУР МАТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Бугун давлат сиёсатида мамлакатни тараққий эттиришда халқни рози қилишдек эзгу мақсад мужассам. Масъулларга одамларнинг эртага ёки яқин келажакда эмас, бугун бахтли яшаши учун шароит яратиш талаби қатъий қўйганлиги замирида ҳам шу ният бор. Муаммони қисқа даврда ҳал қилиш ва натижага эришишнинг асосий шарти камчиликларга тик қарай олишдир.

Биргина мисол, мамлакатимизда 2020 йил аҳолининг муайян қисми камбағал экани тан олинди. Уларга кўмаклашиш чоралари кўрила бошлади. Тегишли тизим жорий қилингани самара берди. Натижада узоқ йиллар оғир вазиятда бўлган уч миллион нафардан зиёд одамнинг шароити яхшиланди.

Куни кеча камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг Ўзбекистон Республикаси Президентига қилган тақдимотига кўра, биринчи ярим йилликда 3 миллиондан зиёд аҳоли даромадли меҳнатга жалб қилинган. 2024 йил якунида камбағаллик даражаси 8,9 фоизгача камайганди. Мақсадлар катта. Натижа ўз-ўзидан бўлавермайди. Бунинг учун кўрилган ҳуқуқий, молиявий ва ташкилий чоралар такомиллаштирилиб борилиши керак.

Бироқ иш ўрни яратишга урғу берилиб, аҳолига турли даражада зарар берган масалаларни ҳам кўздан қочирмаслик лозим. Жумладан, юртимизда иқтисодиётнинг турли тармоқларида ислоҳотлар жадал суръатларда амалга ошириляпти. Янги ишлаб чиқариш қувватларининг ишга туширилиши, замонавий технологияларнинг жорий этилиши меҳнат шароитларига янги талабларни қўймоқда. Шунингдек, ишлаб чиқариш жараёнида хавфсизликни таъминлаш, ходимларнинг соғлиғини сақлаш масалалари доимо долзарб бўлиб келган. Афсуски, ўтган йиллар давомида меҳнат муҳофазасига етарлича эътибор қаратмаслик, эскирган усуллар ва стандартлардан фойдаланиш оқибатида ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар, касб касалликларининг юзага келиши ҳолатлари сақланиб қолганди.

Бу эса, ўз навбатида, иқтисодий зарар келтириб, мамлакатнинг ижтимоий ривожланишига ҳам салбий таъсир кўрсатган. Шуларни инобатга олган ҳолда, меҳнат муҳофазаси соҳасидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, халқаро стандартларга мос келувчи замонавий бошқарув тизимини жорий қилиш зарурати юзага келди. Ҳукуматнинг тегишли қарори билан эса мазкур масалаларнинг ҳуқуқий асоси кафолатланди.

Қарор билан биринчи навбатда, ходимнинг ҳаёти ва соғлиғи устуворлигини таъминлаш бўйича аниқ чоралар назарда тутилган. Хусусан, меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этилиши устидан давлат назорати ва текширувини амалга ошириш, ходимларни ҳимоя қилувчи хавфсиз техника, технология ҳамда воситаларнинг ишлаб чиқилиши ва жорий этилишини рағбатлантириш қайд этилган.

Шунингдек, меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимини халқаро стандартлар талаблари асосида жорий этишни назарда тутади. Бу эса ўзбек корхоналарининг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади. Яна бир муҳим жиҳати, қарор корхона раҳбарларининг меҳнат муҳофазаси бўйича масъулиятини оширади. Эндиликда раҳбарлар нафақат қонун талабларига риоя қилиш, балки ММБТнинг самарали фаолиятини таъминлаш учун ҳам жавобгар бўладилар. Қарор ММБТни жорий этиш ва амалга оширишда ходимларнинг фаол иштирокини таъминлайди. Бу эса, меҳнат муҳофазаси бўйича чора-тадбирларнинг самарадорлигини оширишга ёрдам беради.

Қолаверса, қарор меҳнат муҳофазаси бўйича давлат назорати органларининг ваколатларини кенгайтиради. Бундан буён назорат органлари корхоналарда ММБТнинг жорий этилиши ва фаолиятини назорат қилиш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар бериш ҳуқуқига эга бўладилар.

Бу қандай амалга оширилади?

Шукурулло МАВЛОНОВ, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича бош давлат техник инспектори:

– Аввало, айтишни истардимки, Ўзбекистоннинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича қонунчилиги Халқаро Меҳнат Ташкилотининг 155-сонли конвенцияси талаблари билан уйғунлаштирилди. Бу нима дегани? Энди ҳар бир ташкилот иш жойида мавжуд хавфларни аниқлаши, уларни баҳолаши ва камайтириш чораларини белгилаши шарт бўлади. Яъни, илгари бахтсиз ҳодиса содир бўлгач, сабаблари ўрганилган бўлса, бундан буён хавфлар олдиндан аниқланиб, улар бартараф этилиши шарт.

Бунинг учун ташкилот раҳбарлари меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимини жорий этиш бўйича буйруқ чиқаради, масъул шахсни тайинлайди. Ташкилотнинг Меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизими тўғрисидаги низомини қабул қилади. Ҳар бир иш жойида мавжуд механик, кимёвий, физик, эргономик хавфлар аниқланади. Сўнг хавфлар “хавф матрицаси” орқали баҳоланади ва меҳнат хавфсизлиги бўйича ички аудитлар йўлга қўйилади. Бу орқали хавфларнинг устуворлиги белгиланади ва уларга ечим топиш чоралари режалаштирилади. Энг муҳими, ноқулай меҳнат шароитлари аниқланса, зудлик билан бартараф этиш механизми йўлга қўйилади.

Хўш нима ўзгаради? Энг муҳими, иш жойларида бахтсиз ҳодисалар, жароҳатлар ва касбий касалликлар камаяди. Шунингдек, ҳар бир ходим ўзини ҳимояланган ҳис қилади. Чунки иш бервучи ходимларни меҳнат хавфсизлиги бўйича ўқитиб, иш жойларидаги хавф-хатар ҳақида олдиндан хабардор қилиб боришга мажбур бўлади. Қолаверса, ходимлар шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланади ва ҳар қандай вазиятда хатарга қарши тайёрликка эга бўлади. Бу эса меҳнат унумдорлигини оширади, хавфсиз иш муҳитини яратади.

Шуни ҳам айтиш керакки, энди бахтсиз ҳодиса содир бўлганида иш берувчи “мен билмай қолибман” дейиши мумкин эмас. Сабаби, у хавфларни олдиндан аниқлашга, баҳолашга ва зарарсизлантиришга мажбур. Бу эса иш берувчининг масъулиятини ва ходимлар хавфсизлиги учун шахсий жавобгарлигини оширади.

Шу билан бирга, давлат назоратига муқобил ички назорат тизими шаклланади. Янги тартиб — бу қоғоздаги ислоҳот эмас, балки реал ҳимоя! У ходимлар саломатлигини кафолатлайди. Бу қарор ташкилотларда меҳнат хавфсизлиги маданиятига ўтишнинг бошланишига асос бўлади. Натижада Ўзбекистоннинг халқаро майдонда меҳнат хавфсизлиги муҳитини ярата олган ишончли мамлакат сифатидаги нуфузини оширади.

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

Қорақалпоғистонни ўзгартирган 8 йил

Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида саккиз йил олдин бошланган кенг кўламли ислоҳотларимиз туфайли жамиятимизнинг ижтимоий-сиёсий манзараси бутунлай ўзгариб бораётгани ҳақида ўйлаганимда, кўз ўнгимда, энг аввало, Қорақалпоғистон гавдаланади. Оролбўйидаги ўзгаришларнинг ёрқин ифодасини бугун бу заминга ташриф буюрган киши борки, ҳар қадамда кўради, қувонади, ғурурланади.

…Қуриб қолган денгиз, қовжираган атроф- муҳит, ўнқир-чўнқир кўчалар, тўкилиб турган уйлар, шаҳар деб айтишга тил бормайдиган Нукус, деярли унутилган Мўйноқ, олисда бўзлаган Бўзатов, файзи кетган туманлар…. Яқин ўтмишдаги бу дилгирлик энди гўё тушга ўхшайди.

Бугунги яшилликка бурканаётган саҳро, жонланаётган табиат, ҳақиқий пойтахтга айланган Нукус, дунё эътиборини тортган Мўйноқ, “Қорақалпоғистоннинг Швейцарияси” дея таърифланаётган Бўзатов, умуман, барча ўзгаришлар янги Қорақалпоғистонга узукка қўйилган кўздек ярашиб турибди.

Барчани Оролбўйида бирлаштирган ташаббус

Биламизки, Орол денгизи ўтган асрнинг 60-йилларидан қурий бошлаган. 80-йилларга келиб “денгиз” дегулиги қолмаган. Тўғри, 2017 йилгача ҳам уни қутқариш бўйича турли таклифлар билдирилган, муҳокамалар, йирик тадбирлар ўтказилган, аммо бари самарасиз бўлган. Шу йиллар давомида ҳудуд аҳолиси “Бизга ҳам кимдир ёрдам берар”, деган умид билан яшаган.

Эсимда, 2018 йил май ойида Орол денгизининг қуриган тубидан кўтарилган тузли бўрон нафақат Қорақалпоғистон, балки Хоразм вилоятининг ҳам катта ҳудудини қоплаб, деҳқончилик ва одамлар саломатлигига катта зарар етказди. Ноябрь ойида эса Президентимиз Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи доирасида Мўйноқ туманида бўлиб, Орол денгизининг қуриган майдонига саксовул экиш ташаббусини илгари сурди. Вазият, нуқтаи назар, муносабат буткул ўзгарди.

“Ҳар бир Ўзбекистон фуқароси шу ҳудудга бир марта бўлса ҳам келиб, ўзининг инсонийлик ҳиссасини қўшиши шарт”, деган даъват бутун халқимизни оёққа турғазди. Мамлакатимизнинг барча вилоятларидан ҳашарчилар, ёшлар, 3 мингдан ортиқ фидойи инсонлар денгиз ҳудудини яшнатишда фаоллик кўрсатиш учун етиб келди. Қуриган Орол юрт фарзандларининг меҳр нури билан тўлиб-тошди. Ёшларнинг куч-ғайрати, шижоати, оташ қалби совуқ шимоллар шаштини қайтариб, илиқлик киритди.

Ўшанда куз-қиш мавсумининг ўзида 400 минг гектардан зиёд майдонга саксовул уруғи экилди. Ишлар кўлами йил сайин кенгайди. Орол денгизининг қуриган тубида «яшил қопламалар» барпо қилиш мақсадида уруғларни йиғиш ва ҳимоя ўрмонларини яратишда ҳар йили мингдан ортиқ машина-механизмлар, кичик авиация ва ишчи кучи иштирок этди. Ҳатто авиация самолётларида учиб, Орол денгизини кўклардан кузатиб, унинг дард-ҳасратларига малҳам бўлиб, ҳаводан саксовул уруғларини сепдилар. «Орол чекинса ҳам, инсон чекинмайди», деган эзгу ғоя халқимизни ортга чекинишга йўл қўймади. Меҳнатлар зое кетмади. 2018 йилдан бугунги кунга қадар салкам 2 миллион гектар майдонда саксовул ва бошқа чўлга чидамли ўсимликларнинг уруғ ва кўчатлари экилди.

“Дунёда денгизи, дарёси қуриб қолган эллар бўлган, бироқ бундай ишлар ҳеч қаерда қилинмаган. Юртбошимизнинг бу ташаббуси бутун дунёга ўрнак бўлмоқда. Агар келажакда қайсидир юртда шундай офат юз берса, албатта, Ўзбекистон тажрибасини намуна қиладилар”, деган эди Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси, марҳум Шараф Уснатдинов 2020 йилда Оролбўйида ўтказилган нуфузли тадбирда.

Шу ўринда Орол муаммосига оид халқаро ташаббусларни ҳам эътироф этишимиз зарур. Президентимиз 2017 йил сентябрда биринчи марта БМТнинг юксак минбаридан туриб, бутун дунё ҳамжамияти эътиборини Оролбўйи муаммоларига қаратгани ва уларни ечиш учун биргаликда ҳаракат қилишга чақиргани қорақалпоғистонликларнинг чексиз қувончига сабаб бўлган эди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан БМТ шафелигида Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст фонди ташкил этилгани, “Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди” деб эълон қилиш ҳақида БМТ Бош ассамблеясининг махсус резолюцияси қабул қилингани ва бошқа қатор халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатлар тарих саҳифаларида муҳрланиб қолади. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Траст фондининг ташкил қилинишини “Жабрланган минтақа тарихида янги саҳифа” деб баҳолаган эди. Бу бежиз эмас, албатта.

Янги ҳаётга қайтган Мўйноқ

Президентимиз Мўйноққа илк ташрифидаёқ маданият Мўйноқдан бошланади, дея мўйноқликлар кўнглида эртанги кунга катта умид уйғотди. “Орол фожиасидан энг кўп зарар кўрган асли шу — Мўйноқ аҳолиси. Уларнинг сабр-қаноати, ватанпарварлиги, меҳнаткашлиги учун раҳмат айтишимиз, шунга муносиб хизмат қилишимиз керак”, деган эди давлатимиз раҳбари. Рости, ўша дамларда бу ерга келган киши бефайз ва қолоқ инфратузилмани, оғир ижтимоий шароитни кўриб, хафсаласи пир бўлар эди. Аммо давлат раҳбарининг қатъий иродаси билан ҳам кўлами, ҳам аҳамияти жиҳатидан жиддий ислоҳотлар бошланди.

Аҳолини қийнаётган асосий муаммо экология бўлса, ундан кейингиси ишсизлик эди. Ана шу муаммони ҳал этиш мақсадида қишлоқ хўжалигига ихтисослашган «Мўйноқ келажаги бунёдкорлари» масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди. Жамиятга 20 минг гектар ер майдони ажратилиб, ишсиз юрган минг нафарга яқин ёшларнинг бандлиги таъминланди. Хотин-қизлар учун доимий даромад манбаини яратиш мақсадида эса «Мўйноқ порлоқ текс» тикувчилик фабрикаси ишга туширилди. Бошқа қатор корхона ва заводлар қурилиб, ўз фаолиятини бошлади. Қисқа фурсатда Мўйноққа Қўнғиротдан 104 километрлик ичимлик суви тортилди. Янги турар жойлар, “Мўйноқ сити” барпо этилди.

Айниқса, Мўйноқ аэропорти янгиланиб, фойдаланишга топширилгани яна бир тарихий воқеа бўлди. Бу “ҳаво порти” 1947 йилда қурилган бўлиб, илгари кичик самолётларни қабул қилган. Кейинчалик умуман ишламай қолган. Аэропортда 50 нафар йўловчига мўлжалланган янги терминал қурилди, учиш-қўниш йўлаги ва майдончалар таъмирланди. Мажмуа атрофи кўкаламзорлаштирилди. 30 йилдан сўнг қайта бунёд этилган аэропортга илк бор 2022 йил 23 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг самолёти келиб қўнди.

Туман марказида янги 245 ўринли маданият уйи, минг ўринли стадион ва 800 ўринли амфитеатр аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Кейинги йилларда туманда «Балиқдан 99 турли таом», «Стихия», «Мўйноқ ралли тур» каби халқаро нуфузли тадбирлар ўтказилиши анъанага айланди.

Муҳими, бугун мўйноқликлар тузли шамоллар анча пасайганига гувоҳ бўлишмоқда. Атрофда янги кўллар, қамишзорлар пайдо бўлган, натижада ёввойи ҳайвонлар кўпаймоқда, биохилмахиллик ривож топяпти. Буларнинг барчаси Мўйноқ янги ҳаётга қайтганидан далолатдир.

Қайта тикланган Бўзатов

Бугун Қорақалпоғистонда кўркамлиги, қадимий ва осмонўпар дарахтлари, баҳаволиги билан дунё эътиборини тортаётган яна бир ҳудуд – бу Бўзатовдир. Давлатимиз раҳбари бу ерга Қорақалпоғистоннинг Швейцарияси”, дея таъриф бергани ҳам бежиз эмас. Лекин унинг тарихи кишини ажаблантиради.

Бўзатов тумани илк бор 1979 йилда ташкил топган ва 1988 йилда тугатилиб, 1990 йилда яна туман сифатида тузилган. Сўнг 2004 йилда Кегейли тумани таркибига қўшиб юборилган. 2019 йил Мустақиллик байрами арафасида Президентимиз ташаббуси билан Кегейли тумани «Қусқанатов», «Еркиндарья», «Аспантай» овулларининг, «Бўзатов» шаҳарчасининг ҳамда Чимбой тумани «Кўк-сув» овулининг ҳудудлари бирлаштирилиб, Бўзатов тумани қайта ташкил этилди. Узоқ йиллар давомида гоҳ ташкил этилиб, гоҳ тугатилиб келинаётган туманнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи, одамлар ҳаёти ҳам шунга яраша эди. Лекин 2020-2021 йилларнинг ўзида бу ерда кўп қаватли уйлар, савдо мажмуалари, минг ўринли амфитеатр, спорт майдони, Ёшлар маркази қурилди, йўллар таъмирланди. Тўқимачилик корхонаси иш бошлади.

2022 йилда Президентимиз ташаббуси билан Қорақалпоғистонинг туманлари вилоятларга бириктирилди. Бўзатов тумани бириктирилган Фарғона вилояти кўмагида ҳудудда кўплаб лойиҳалар амалга оширилди. Яъни, 2023-2024 йилларда жами 22,1 миллиард сўм ҳисобидан қатор ижтимоий соҳа объектлари қурилди, таъмирланди ва жиҳозланди. Айниқса, ер унумдорлигини ошириш, ёввойи тўқайзорлар атрофида янги экин майдонларини ўзлаштириш, сув танқислиги муаммосини бартараф этиш масалаларига эътибор қаратилди. Олис масофалардан сув олиб келинди. Ўн йиллар давомида фойдаланилмай ётган ариқлар тозаланди. Қисқасини айтганда, Бўзатов тумани “Фарғона тажрибаси” асосида ривожлантирилмоқда.

2020 йили давлат раҳбари қорақалпоғистонлик ёшлар билан мулоқот чоғида ёш истеъдод эгалари мана шу гўзал масканга келиб, туманнинг обрўсини ва довруғини бутун дунёга танитиши учун “Ёшлар овози” танловини ўтказиш ташаббусини илгари сурган эди. 2021 йилдан бошлаб ушбу танловни ўтказиш анъанага айланди. Танлов бахшчилик, анъанавий ижро, опера ва эстрада йўналишлари бўйича ўтказилади. Президентимизнинг холис нияти рўёбга чиқиб, шу кўрик-танлов жараёнларида бутун дунё санъат, маданият, адабиёт аҳлининг диққати Бўзатовга қаратилади. Хорижликларнинг ҳам унда иштирок этаётгани бу элни дунё таниётганидан далолатдир.

Ўтган вақт давомида танловнинг республика босқичида фахрли ўринларни эгаллаган ёшлар “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, “Шуҳрат”, “Келажак бунёдкори”, “Мард ўғлон”, “Ниҳол”, Зулфия номидаги давлат мукофотлари соҳиби бўлишди.

Обод бўлган Нукус

Қорақалпоғистоннинг маркази – Нукусдаги ислоҳотлар ҳақида сўз юритишдан олдин шаҳар марказидан ўтган “Дўстлик” каналининг қисқа тарихига назар соламиз. Бундан 25-30 йиллар муқаддам “Қизкетган” деб аталувчи мазкур каналнинг икки соҳили чакалакзорлар билан қопланган, кишида ваҳима ва қўрқув уйғотадиган бир аҳволда эди. Қадимги даврда унга бир қиз чўкиб кетгани учун шундай номлангани ҳақида ривоятлар юрарди.

Шавкат Мирзиёев Бош вазир бўлиб ишлаган даврида, Қорақалпоғистонга ташрифларининг бирида бу ердаги аянчли аҳволни кўриб, шу каналнинг номини “Дўстлик” деб ўзгартириш ва унинг атрофини обод қилиш бўйича топшириқ берганини одамлар ҳануз эслашади. Шундан кейин канални бетонлаш, икки соҳилини ободонлаштириш ишлари бошланган. “Ёшлар маркази” ва бошқа дам олиш масканлари бунёд этилган. Бугун эса каналнинг шаҳар ҳудудидан ўтадиган 2,5 км қисми бўйида аттракционлар, яшил ҳудудлар, музей, умумий овқатланиш нуқталари кун сайин кўпаймоқда. Атрофда уй-жойлар, мехмонхоналар барпо этилди. Бу ер нафақат нукусликлар, балки, шаҳар мехмонларининг ҳам севимли дам олиш масканига айланди.

Тўғриси, яқин йилларгача Нукус Қорақалпоғистоннинг пойтахти бўлса-да, ички йўллар, ободонлаштириш, ичимлик суви, оқова сув, хуллас, маиший-коммунал масалалар билан боғлиқ муаммолар жуда кўп эди. Айниқса, чанг-тўзонли, ёғин-сочинли кунларда йўллардан юриб бўлмасди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 23-24 февраль кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида ана шу муаммоларни ҳал этишга қаратилган қатор вазифалар белгиланди. Аввало, ўрганиш ва таҳлиллар ўтказилиб, шаҳардаги 64 та маҳалланинг 38 таси ички йўллар ва ободонлаштириш нуқтаи назаридан “оғир”, 8 таси эса “ўта оғир” деган хулосага келинди. Қисқа муддатда йўллар асфальтланди, қум-шағал тўшалди, тунги ёритгичлар ўрнатилди. Газ, электр энергияси тармоқлари таъмирланди. Бир сўз билан айтганда, инфратузилма яхшиланди. Бу эса нукусликларнинг мамнуниятига ва ҳаётдан рози бўлиб яшашларига замин бўлди.

Бундан ташқари, Нукуснинг қиёфасига кўркамлик, замонавийлик бахш этадиган бунёдкорликлар амалга оширилди. Бунга мисол сифатида шаҳар ҳудудидаги “Оққуш” мажмуасини келтиришимиз мумкин. Қисқа вақт ичида эллик гектардан ортиқ майдон обод қилиниб, кўплаб ўтовлар барпо этилди. Энг катта ўтовнинг диаметри 42, баландлиги 22 метр. Бу ерда турли маданий тадбирлар, форумлар ўтказиш мумкин. Бир замонлар шунчаки бошпана сифатида яратилган қорақалпоқ халқининг миллий “қора уйи” ана шундай муҳташамлик касб этиб, жаҳон миқёсида эътироф этилишини ким ўйлабди, дейсиз?!

Ҳа, ўтган йил 22 августда Нукус шаҳри ҳудудидаги «Оқ қуш» мажмуасида барпо этилган дунёдаги энг катта диаметрли қорақалпоқ халқининг миллий “қора уйи” (ўтов) Гиннеснинг рекордлар китобига киритилди.

Ҳозир Нукусда бу каби иншоотларни кўплаб учратиш мумкин. 17 қаватли IT маркази, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти, Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази Қорақалпоғистон филиали, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Нукус филиали бинолари каби қатор янги иншоотлар нафақат шаҳар кўркига кўрк қўшиб турибди, балки, аҳолига сифатли таълим, тиббий ва бошқа хизматларни кўрсатишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Барча шароитларга эга замонавий кўп қаватли уй-жойлар эса одамларнинг ҳаётини безамоқда.

Бугун баён этганимиз – Қорақалпоғистоннинг кечаги ва бугунги қиёфасидан баъзи чизгилар эди, холос. Аслида бундай ўзгаришлар нафақат Оролбўйидаги туман ва шаҳарлар, балки маҳаллалар, овуллар, олис нуқталаргача етиб борган. Юрт обод бўлса, кўнгил обод бўлади. Бугун қорақалпоғистонликлар кўнглидаги ободлик, ҳаётдан розилик ва шукроналикнинг сабаби ҳам шудир.

Назира МАТЯҚУБОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.