Партия ҳаёти

Мурожаатлар – жамият кайфиятини кўрсатувчи муҳим кўзгу

Blog Image
Email : 59 0

Мамлакатимизда аҳоли билан мулоқот маданиятини янада мустаҳкамлаш, фуқароларнинг мурожаатларини тизимли ўрганиш ва уларга ўз вақтида ечим топиш масалалари давлат бошқарувидаги устувор йўналишлардан бирига айланмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, Халқ қабулхоналари фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш ва жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бу борадаги ишларнинг навбатдаги муҳим босқичи бўлди.

Сўнгги йилларда юртимизда “давлат халқ учун хизмат қилиши керак” деган тамойил амалда ўз ифодасини топаётгани барчамизга маълум. Аҳолининг ижтимоий фаровонлигини ошириш, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, одамларнинг турмуш даражасини кўтаришга қаратилган кенг кўламли дастурлар изчил олиб борилмоқда. Жумладан, жорий йилда маҳаллаларда инфратузилма ва аҳоли турмуш шароитини яхшилаш учун 56 триллион сўм маблағ ажратилаётгани давлат сиёсатининг инсон манфаатларига йўналтирилганини яна бир бор тасдиқлайди.

Йиғилишда шунча имконият ва механизмлар мавжуд бўлишига қарамасдан, айрим ҳудудларда аҳоли мурожаатларига ўз вақтида ечим топилмаётгани, баъзи ҳолларда муаммолар ижтимоий тармоқларда катта муҳокамага сабаб бўлганидан кейин ҳаракат бошланаётгани жойлардаги ижро интизоми ва масъулият масаласини жиддий кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Аслида мурожаатлар — бу фақатгина ариза ёки шикоят эмас. Улар жамиятдаги реал кайфият, одамларнинг кундалик ҳаётида учраётган муаммолар, айрим соҳалардаги тизимли камчиликларни намоён этувчи кўзгудир. Шу боис мурожаатларни фақат расмий тартибда кўриб чиқиш билан чекланиб қолмасдан, уларнинг келиб чиқиш сабабларини чуқур таҳлил қилиш, тизимли муаммоларни бартараф этиш давлат бошқарувининг муҳим вазифасига айланмоқда.

Йиғилишда алимент масаласи, энергетика ва коммунал инфратузилма, йўллар ҳолати, ичимлик суви таъминоти каби соҳалар бўйича мурожаатлар кўплиги алоҳида қайд этилди. Бу эса мазкур йўналишларда хизматлар сифати ва мавжуд муаммоларни чуқур таҳлил қилиш, манзилли чора-тадбирларни кучайтириш зарурлигини англатади.

Айниқса, Халқ қабулхоналарини фақат мурожаат қабул қилувчи идора сифатида эмас, балки жойлардаги муаммоларни тизимли таҳлил қиладиган, масъул идоралар фаолиятига таъсир кўрсатадиган ва амалий ечимлар ишлаб чиқадиган марказга айлантириш ҳақида билдирилган фикр ва ташаббуслар давлат бошқарувида сифат жиҳатидан янги босқични бошлаб бериши шубҳасиз.

Бу жараёнда сиёсий партиялар вакиллик органлари фаолияти ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Чунки аҳоли мурожаатларини тизимли ўрганиш ва уларни давлат қарорлари қабул қилиниши жараёнига етказишда партиялар муҳим кўприк вазифасини бажаради. Шу маънода, Ўзбекистон Халқ демократик партияси учун аҳоли мурожаатлари билан ишлаш партиянинг дастурий мақсадлари ва ижтимоий адолат тамойилларини амалга оширишнинг муҳим механизми ҳисобланади.

Партиянинг жойлардаги кенгашлари, маҳаллий Кенгашларда фаолият юритаётган депутатлари ҳамда Жамоатчилик қабулхоналари аҳоли билан доимий мулоқот ўрнатиш, уларни ўйлантираётган муаммоларни ўрганиш ва бу масалаларни парламент ҳамда маҳаллий вакиллик органлари кун тартибига олиб чиқишда янада фаол бўлиши зарур.

Бугунги кунда партия Жамоатчилик қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, фуқароларни энг кўп ташвишга солаётган масалалар иш билан таъминлаш, коммунал хизматлар сифати, уй-жой таъминоти, ижтимоий ҳимоя ва тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари билан боғлиқ. Бу эса, ўз навбатида, партия депутатлари ва кенгашлари олдида турган устувор вазифаларни янада аниқ белгилаб беради.

Шу нуқтаи назардан, партия депутатлари жойлардаги мурожаатларни чуқур таҳлил қилиш, уларнинг сабабларини ўрганиш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш юзасидан маҳаллий ҳокимликлар ва тегишли идоралар фаолияти устидан депутатлик назоратини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиши лозим. Шунингдек, аҳолини ўйлантираётган масалаларни маҳаллий Кенгашлар сессиялари кун тартибига киритиш, улар бўйича аниқ қарорлар қабул қилинишига эришиш ҳам партия вакилларининг муҳим вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда.

Айни пайтда партиянинг барча даражадаги кенгашлари ва депутатлик корпуси аҳоли мурожаатлари билан ишлашда фақат уларни кўриб чиқиш билан чекланиб қолмасдан, муаммонинг илдиз сабабларини аниқлаш ва уларни бартараф этишга қаратилган амалий таклифлар ишлаб чиқишга ҳам алоҳида эътибор қаратиши зарур.

Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, оила манфаати, ижтимоий адолат масаласи туради. Шунинг учун ҳам Халқ демократик партияси аҳоли мурожаатларини жойлардаги ижтимоий муаммоларни аниқлаш, уларни ҳал этиш бўйича самарали парламент ва жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг муҳим манбаи сифатида кўради.

Одамларнинг дарди эшитилган, муаммолари ўз вақтида ҳал этилган жамиятда давлатга бўлган ишонч мустаҳкамланади, ижтимоий барқарорлик ва адолат тамойиллари янада кучаяди.

 

Аброр ҚУРБОНОВ,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари.