МЕҲНАТ ХАВФСИЗЛИГИДА ЯНГИ БОСҚИЧ

Инсон учун бу дунёда яшаш ҳуқуқи қанчалар табиий ҳуқуқ бўлса, меҳнат қилиш ҳуқуқи ҳам ҳаётий аҳамияти жиҳатидан худди шундай асосий ҳуқуқларидан ҳисобланади. Меҳнат муҳофазасини таъминлаш орқали эса уларнинг муносиб меҳнат шароитларида ишлашига эришилади. Айниқса, иқтисодий ўсиш ва технологик тараққиёт тез суръатларда ривожланиб бораётган бир пайтда бу масала нафақат жисмоний, балки руҳий жиҳатдан ҳам жуда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Меҳнат муҳофазаси деганда – ишчиларнинг саломатлиги, хавфсизлиги, иш ҳақи, иш вақти ва ижтимоий ҳуқуқлари нуқтаи назаридан ҳимояланишини таъминлайдиган сиёсат ва амалиётлар тушунилади. Бу ҳимоя нафақат алоҳида шахслар, балки жамиятнинг умумий фаровонлиги учун ҳам зарурдир.

Aгар бу тизим ишламаса, кам иш ҳақи, ортиқча иш соатлари, кафолатсиз меҳнат ва иш жойидаги бахтсиз ҳодисалар каби жиддий муаммолар юзага келади. Бундай шароитда нафақат ишчиларнинг ҳаёт сифати, балки умумий иқтисодий унумдорлик ҳам пасаяди. Меҳнат кучига сармоя киритмайдиган тизим узоқ муддатда барқарор ишлаб чиқаришдан ҳам маҳрум бўлади.

Бошқа томондан, яхши ишлаб чиқилган меҳнатни муҳофаза қилиш сиёсати ишчиларнинг мотивациясини оширади, иш берувчи билан ишчи ўртасида ишонч муҳитини яратади. Касаба уюшмалари, меҳнат хавфсизлиги тўғрисидаги қонунлар ва ижтимоий суғурта тизимлари бу борада муҳим воситалардир. Демак, меҳнатни ҳимоя қилиш фақат инсоний бурч эмас, балки иқтисодий ва ижтимоий барқарорликнинг асосидир. Давлат идоралари ҳам, хусусий сектор ҳам бу борада масъулиятни ўз зиммасига олиши, ишчи ҳуқуқларини ҳурмат қилувчи, адолатли ва барқарор сиёсатни жорий этиши лозим.

Шундан келиб чиқиб, куни кеча Вазирлар Маҳкамасининг “Меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор мамлакатимизда меҳнат муҳофазаси соҳасидаги муносабатларни тартибга солишда муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳужжат саналади. Бу орқали, аввало, турли жароҳатларнинг олди олинади, сони камаяди.Чунки шу кунгача бахтсиз ҳодисанинг сабаби ва оқибатлари ўрганилган бўлса, эндиликда хавф олдиндан аниқланиб, иш берувчиларга уларни бартараф этиш мажбурияти юклатилади.

 

Жароҳатлар камаяди, хатарларнинг олди олинади

Анвар НУР МАТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Бугун давлат сиёсатида мамлакатни тараққий эттиришда халқни рози қилишдек эзгу мақсад мужассам. Масъулларга одамларнинг эртага ёки яқин келажакда эмас, бугун бахтли яшаши учун шароит яратиш талаби қатъий қўйганлиги замирида ҳам шу ният бор. Муаммони қисқа даврда ҳал қилиш ва натижага эришишнинг асосий шарти камчиликларга тик қарай олишдир.

Биргина мисол, мамлакатимизда 2020 йил аҳолининг муайян қисми камбағал экани тан олинди. Уларга кўмаклашиш чоралари кўрила бошлади. Тегишли тизим жорий қилингани самара берди. Натижада узоқ йиллар оғир вазиятда бўлган уч миллион нафардан зиёд одамнинг шароити яхшиланди.

Куни кеча камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг Ўзбекистон Республикаси Президентига қилган тақдимотига кўра, биринчи ярим йилликда 3 миллиондан зиёд аҳоли даромадли меҳнатга жалб қилинган. 2024 йил якунида камбағаллик даражаси 8,9 фоизгача камайганди. Мақсадлар катта. Натижа ўз-ўзидан бўлавермайди. Бунинг учун кўрилган ҳуқуқий, молиявий ва ташкилий чоралар такомиллаштирилиб борилиши керак.

Бироқ иш ўрни яратишга урғу берилиб, аҳолига турли даражада зарар берган масалаларни ҳам кўздан қочирмаслик лозим. Жумладан, юртимизда иқтисодиётнинг турли тармоқларида ислоҳотлар жадал суръатларда амалга ошириляпти. Янги ишлаб чиқариш қувватларининг ишга туширилиши, замонавий технологияларнинг жорий этилиши меҳнат шароитларига янги талабларни қўймоқда. Шунингдек, ишлаб чиқариш жараёнида хавфсизликни таъминлаш, ходимларнинг соғлиғини сақлаш масалалари доимо долзарб бўлиб келган. Афсуски, ўтган йиллар давомида меҳнат муҳофазасига етарлича эътибор қаратмаслик, эскирган усуллар ва стандартлардан фойдаланиш оқибатида ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар, касб касалликларининг юзага келиши ҳолатлари сақланиб қолганди.

Бу эса, ўз навбатида, иқтисодий зарар келтириб, мамлакатнинг ижтимоий ривожланишига ҳам салбий таъсир кўрсатган. Шуларни инобатга олган ҳолда, меҳнат муҳофазаси соҳасидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, халқаро стандартларга мос келувчи замонавий бошқарув тизимини жорий қилиш зарурати юзага келди. Ҳукуматнинг тегишли қарори билан эса мазкур масалаларнинг ҳуқуқий асоси кафолатланди.

Қарор билан биринчи навбатда, ходимнинг ҳаёти ва соғлиғи устуворлигини таъминлаш бўйича аниқ чоралар назарда тутилган. Хусусан, меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этилиши устидан давлат назорати ва текширувини амалга ошириш, ходимларни ҳимоя қилувчи хавфсиз техника, технология ҳамда воситаларнинг ишлаб чиқилиши ва жорий этилишини рағбатлантириш қайд этилган.

Шунингдек, меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимини халқаро стандартлар талаблари асосида жорий этишни назарда тутади. Бу эса ўзбек корхоналарининг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади. Яна бир муҳим жиҳати, қарор корхона раҳбарларининг меҳнат муҳофазаси бўйича масъулиятини оширади. Эндиликда раҳбарлар нафақат қонун талабларига риоя қилиш, балки ММБТнинг самарали фаолиятини таъминлаш учун ҳам жавобгар бўладилар. Қарор ММБТни жорий этиш ва амалга оширишда ходимларнинг фаол иштирокини таъминлайди. Бу эса, меҳнат муҳофазаси бўйича чора-тадбирларнинг самарадорлигини оширишга ёрдам беради.

Қолаверса, қарор меҳнат муҳофазаси бўйича давлат назорати органларининг ваколатларини кенгайтиради. Бундан буён назорат органлари корхоналарда ММБТнинг жорий этилиши ва фаолиятини назорат қилиш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар бериш ҳуқуқига эга бўладилар.

Бу қандай амалга оширилади?

Шукурулло МАВЛОНОВ, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича бош давлат техник инспектори:

– Аввало, айтишни истардимки, Ўзбекистоннинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича қонунчилиги Халқаро Меҳнат Ташкилотининг 155-сонли конвенцияси талаблари билан уйғунлаштирилди. Бу нима дегани? Энди ҳар бир ташкилот иш жойида мавжуд хавфларни аниқлаши, уларни баҳолаши ва камайтириш чораларини белгилаши шарт бўлади. Яъни, илгари бахтсиз ҳодиса содир бўлгач, сабаблари ўрганилган бўлса, бундан буён хавфлар олдиндан аниқланиб, улар бартараф этилиши шарт.

Бунинг учун ташкилот раҳбарлари меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимини жорий этиш бўйича буйруқ чиқаради, масъул шахсни тайинлайди. Ташкилотнинг Меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизими тўғрисидаги низомини қабул қилади. Ҳар бир иш жойида мавжуд механик, кимёвий, физик, эргономик хавфлар аниқланади. Сўнг хавфлар “хавф матрицаси” орқали баҳоланади ва меҳнат хавфсизлиги бўйича ички аудитлар йўлга қўйилади. Бу орқали хавфларнинг устуворлиги белгиланади ва уларга ечим топиш чоралари режалаштирилади. Энг муҳими, ноқулай меҳнат шароитлари аниқланса, зудлик билан бартараф этиш механизми йўлга қўйилади.

Хўш нима ўзгаради? Энг муҳими, иш жойларида бахтсиз ҳодисалар, жароҳатлар ва касбий касалликлар камаяди. Шунингдек, ҳар бир ходим ўзини ҳимояланган ҳис қилади. Чунки иш бервучи ходимларни меҳнат хавфсизлиги бўйича ўқитиб, иш жойларидаги хавф-хатар ҳақида олдиндан хабардор қилиб боришга мажбур бўлади. Қолаверса, ходимлар шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланади ва ҳар қандай вазиятда хатарга қарши тайёрликка эга бўлади. Бу эса меҳнат унумдорлигини оширади, хавфсиз иш муҳитини яратади.

Шуни ҳам айтиш керакки, энди бахтсиз ҳодиса содир бўлганида иш берувчи “мен билмай қолибман” дейиши мумкин эмас. Сабаби, у хавфларни олдиндан аниқлашга, баҳолашга ва зарарсизлантиришга мажбур. Бу эса иш берувчининг масъулиятини ва ходимлар хавфсизлиги учун шахсий жавобгарлигини оширади.

Шу билан бирга, давлат назоратига муқобил ички назорат тизими шаклланади. Янги тартиб — бу қоғоздаги ислоҳот эмас, балки реал ҳимоя! У ходимлар саломатлигини кафолатлайди. Бу қарор ташкилотларда меҳнат хавфсизлиги маданиятига ўтишнинг бошланишига асос бўлади. Натижада Ўзбекистоннинг халқаро майдонда меҳнат хавфсизлиги муҳитини ярата олган ишончли мамлакат сифатидаги нуфузини оширади.

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

Қорақалпоғистонни ўзгартирган 8 йил

Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида саккиз йил олдин бошланган кенг кўламли ислоҳотларимиз туфайли жамиятимизнинг ижтимоий-сиёсий манзараси бутунлай ўзгариб бораётгани ҳақида ўйлаганимда, кўз ўнгимда, энг аввало, Қорақалпоғистон гавдаланади. Оролбўйидаги ўзгаришларнинг ёрқин ифодасини бугун бу заминга ташриф буюрган киши борки, ҳар қадамда кўради, қувонади, ғурурланади.

…Қуриб қолган денгиз, қовжираган атроф- муҳит, ўнқир-чўнқир кўчалар, тўкилиб турган уйлар, шаҳар деб айтишга тил бормайдиган Нукус, деярли унутилган Мўйноқ, олисда бўзлаган Бўзатов, файзи кетган туманлар…. Яқин ўтмишдаги бу дилгирлик энди гўё тушга ўхшайди.

Бугунги яшилликка бурканаётган саҳро, жонланаётган табиат, ҳақиқий пойтахтга айланган Нукус, дунё эътиборини тортган Мўйноқ, “Қорақалпоғистоннинг Швейцарияси” дея таърифланаётган Бўзатов, умуман, барча ўзгаришлар янги Қорақалпоғистонга узукка қўйилган кўздек ярашиб турибди.

Барчани Оролбўйида бирлаштирган ташаббус

Биламизки, Орол денгизи ўтган асрнинг 60-йилларидан қурий бошлаган. 80-йилларга келиб “денгиз” дегулиги қолмаган. Тўғри, 2017 йилгача ҳам уни қутқариш бўйича турли таклифлар билдирилган, муҳокамалар, йирик тадбирлар ўтказилган, аммо бари самарасиз бўлган. Шу йиллар давомида ҳудуд аҳолиси “Бизга ҳам кимдир ёрдам берар”, деган умид билан яшаган.

Эсимда, 2018 йил май ойида Орол денгизининг қуриган тубидан кўтарилган тузли бўрон нафақат Қорақалпоғистон, балки Хоразм вилоятининг ҳам катта ҳудудини қоплаб, деҳқончилик ва одамлар саломатлигига катта зарар етказди. Ноябрь ойида эса Президентимиз Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи доирасида Мўйноқ туманида бўлиб, Орол денгизининг қуриган майдонига саксовул экиш ташаббусини илгари сурди. Вазият, нуқтаи назар, муносабат буткул ўзгарди.

“Ҳар бир Ўзбекистон фуқароси шу ҳудудга бир марта бўлса ҳам келиб, ўзининг инсонийлик ҳиссасини қўшиши шарт”, деган даъват бутун халқимизни оёққа турғазди. Мамлакатимизнинг барча вилоятларидан ҳашарчилар, ёшлар, 3 мингдан ортиқ фидойи инсонлар денгиз ҳудудини яшнатишда фаоллик кўрсатиш учун етиб келди. Қуриган Орол юрт фарзандларининг меҳр нури билан тўлиб-тошди. Ёшларнинг куч-ғайрати, шижоати, оташ қалби совуқ шимоллар шаштини қайтариб, илиқлик киритди.

Ўшанда куз-қиш мавсумининг ўзида 400 минг гектардан зиёд майдонга саксовул уруғи экилди. Ишлар кўлами йил сайин кенгайди. Орол денгизининг қуриган тубида «яшил қопламалар» барпо қилиш мақсадида уруғларни йиғиш ва ҳимоя ўрмонларини яратишда ҳар йили мингдан ортиқ машина-механизмлар, кичик авиация ва ишчи кучи иштирок этди. Ҳатто авиация самолётларида учиб, Орол денгизини кўклардан кузатиб, унинг дард-ҳасратларига малҳам бўлиб, ҳаводан саксовул уруғларини сепдилар. «Орол чекинса ҳам, инсон чекинмайди», деган эзгу ғоя халқимизни ортга чекинишга йўл қўймади. Меҳнатлар зое кетмади. 2018 йилдан бугунги кунга қадар салкам 2 миллион гектар майдонда саксовул ва бошқа чўлга чидамли ўсимликларнинг уруғ ва кўчатлари экилди.

“Дунёда денгизи, дарёси қуриб қолган эллар бўлган, бироқ бундай ишлар ҳеч қаерда қилинмаган. Юртбошимизнинг бу ташаббуси бутун дунёга ўрнак бўлмоқда. Агар келажакда қайсидир юртда шундай офат юз берса, албатта, Ўзбекистон тажрибасини намуна қиладилар”, деган эди Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси, марҳум Шараф Уснатдинов 2020 йилда Оролбўйида ўтказилган нуфузли тадбирда.

Шу ўринда Орол муаммосига оид халқаро ташаббусларни ҳам эътироф этишимиз зарур. Президентимиз 2017 йил сентябрда биринчи марта БМТнинг юксак минбаридан туриб, бутун дунё ҳамжамияти эътиборини Оролбўйи муаммоларига қаратгани ва уларни ечиш учун биргаликда ҳаракат қилишга чақиргани қорақалпоғистонликларнинг чексиз қувончига сабаб бўлган эди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан БМТ шафелигида Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст фонди ташкил этилгани, “Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди” деб эълон қилиш ҳақида БМТ Бош ассамблеясининг махсус резолюцияси қабул қилингани ва бошқа қатор халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатлар тарих саҳифаларида муҳрланиб қолади. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Траст фондининг ташкил қилинишини “Жабрланган минтақа тарихида янги саҳифа” деб баҳолаган эди. Бу бежиз эмас, албатта.

Янги ҳаётга қайтган Мўйноқ

Президентимиз Мўйноққа илк ташрифидаёқ маданият Мўйноқдан бошланади, дея мўйноқликлар кўнглида эртанги кунга катта умид уйғотди. “Орол фожиасидан энг кўп зарар кўрган асли шу — Мўйноқ аҳолиси. Уларнинг сабр-қаноати, ватанпарварлиги, меҳнаткашлиги учун раҳмат айтишимиз, шунга муносиб хизмат қилишимиз керак”, деган эди давлатимиз раҳбари. Рости, ўша дамларда бу ерга келган киши бефайз ва қолоқ инфратузилмани, оғир ижтимоий шароитни кўриб, хафсаласи пир бўлар эди. Аммо давлат раҳбарининг қатъий иродаси билан ҳам кўлами, ҳам аҳамияти жиҳатидан жиддий ислоҳотлар бошланди.

Аҳолини қийнаётган асосий муаммо экология бўлса, ундан кейингиси ишсизлик эди. Ана шу муаммони ҳал этиш мақсадида қишлоқ хўжалигига ихтисослашган «Мўйноқ келажаги бунёдкорлари» масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди. Жамиятга 20 минг гектар ер майдони ажратилиб, ишсиз юрган минг нафарга яқин ёшларнинг бандлиги таъминланди. Хотин-қизлар учун доимий даромад манбаини яратиш мақсадида эса «Мўйноқ порлоқ текс» тикувчилик фабрикаси ишга туширилди. Бошқа қатор корхона ва заводлар қурилиб, ўз фаолиятини бошлади. Қисқа фурсатда Мўйноққа Қўнғиротдан 104 километрлик ичимлик суви тортилди. Янги турар жойлар, “Мўйноқ сити” барпо этилди.

Айниқса, Мўйноқ аэропорти янгиланиб, фойдаланишга топширилгани яна бир тарихий воқеа бўлди. Бу “ҳаво порти” 1947 йилда қурилган бўлиб, илгари кичик самолётларни қабул қилган. Кейинчалик умуман ишламай қолган. Аэропортда 50 нафар йўловчига мўлжалланган янги терминал қурилди, учиш-қўниш йўлаги ва майдончалар таъмирланди. Мажмуа атрофи кўкаламзорлаштирилди. 30 йилдан сўнг қайта бунёд этилган аэропортга илк бор 2022 йил 23 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг самолёти келиб қўнди.

Туман марказида янги 245 ўринли маданият уйи, минг ўринли стадион ва 800 ўринли амфитеатр аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Кейинги йилларда туманда «Балиқдан 99 турли таом», «Стихия», «Мўйноқ ралли тур» каби халқаро нуфузли тадбирлар ўтказилиши анъанага айланди.

Муҳими, бугун мўйноқликлар тузли шамоллар анча пасайганига гувоҳ бўлишмоқда. Атрофда янги кўллар, қамишзорлар пайдо бўлган, натижада ёввойи ҳайвонлар кўпаймоқда, биохилмахиллик ривож топяпти. Буларнинг барчаси Мўйноқ янги ҳаётга қайтганидан далолатдир.

Қайта тикланган Бўзатов

Бугун Қорақалпоғистонда кўркамлиги, қадимий ва осмонўпар дарахтлари, баҳаволиги билан дунё эътиборини тортаётган яна бир ҳудуд – бу Бўзатовдир. Давлатимиз раҳбари бу ерга Қорақалпоғистоннинг Швейцарияси”, дея таъриф бергани ҳам бежиз эмас. Лекин унинг тарихи кишини ажаблантиради.

Бўзатов тумани илк бор 1979 йилда ташкил топган ва 1988 йилда тугатилиб, 1990 йилда яна туман сифатида тузилган. Сўнг 2004 йилда Кегейли тумани таркибига қўшиб юборилган. 2019 йил Мустақиллик байрами арафасида Президентимиз ташаббуси билан Кегейли тумани «Қусқанатов», «Еркиндарья», «Аспантай» овулларининг, «Бўзатов» шаҳарчасининг ҳамда Чимбой тумани «Кўк-сув» овулининг ҳудудлари бирлаштирилиб, Бўзатов тумани қайта ташкил этилди. Узоқ йиллар давомида гоҳ ташкил этилиб, гоҳ тугатилиб келинаётган туманнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи, одамлар ҳаёти ҳам шунга яраша эди. Лекин 2020-2021 йилларнинг ўзида бу ерда кўп қаватли уйлар, савдо мажмуалари, минг ўринли амфитеатр, спорт майдони, Ёшлар маркази қурилди, йўллар таъмирланди. Тўқимачилик корхонаси иш бошлади.

2022 йилда Президентимиз ташаббуси билан Қорақалпоғистонинг туманлари вилоятларга бириктирилди. Бўзатов тумани бириктирилган Фарғона вилояти кўмагида ҳудудда кўплаб лойиҳалар амалга оширилди. Яъни, 2023-2024 йилларда жами 22,1 миллиард сўм ҳисобидан қатор ижтимоий соҳа объектлари қурилди, таъмирланди ва жиҳозланди. Айниқса, ер унумдорлигини ошириш, ёввойи тўқайзорлар атрофида янги экин майдонларини ўзлаштириш, сув танқислиги муаммосини бартараф этиш масалаларига эътибор қаратилди. Олис масофалардан сув олиб келинди. Ўн йиллар давомида фойдаланилмай ётган ариқлар тозаланди. Қисқасини айтганда, Бўзатов тумани “Фарғона тажрибаси” асосида ривожлантирилмоқда.

2020 йили давлат раҳбари қорақалпоғистонлик ёшлар билан мулоқот чоғида ёш истеъдод эгалари мана шу гўзал масканга келиб, туманнинг обрўсини ва довруғини бутун дунёга танитиши учун “Ёшлар овози” танловини ўтказиш ташаббусини илгари сурган эди. 2021 йилдан бошлаб ушбу танловни ўтказиш анъанага айланди. Танлов бахшчилик, анъанавий ижро, опера ва эстрада йўналишлари бўйича ўтказилади. Президентимизнинг холис нияти рўёбга чиқиб, шу кўрик-танлов жараёнларида бутун дунё санъат, маданият, адабиёт аҳлининг диққати Бўзатовга қаратилади. Хорижликларнинг ҳам унда иштирок этаётгани бу элни дунё таниётганидан далолатдир.

Ўтган вақт давомида танловнинг республика босқичида фахрли ўринларни эгаллаган ёшлар “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, “Шуҳрат”, “Келажак бунёдкори”, “Мард ўғлон”, “Ниҳол”, Зулфия номидаги давлат мукофотлари соҳиби бўлишди.

Обод бўлган Нукус

Қорақалпоғистоннинг маркази – Нукусдаги ислоҳотлар ҳақида сўз юритишдан олдин шаҳар марказидан ўтган “Дўстлик” каналининг қисқа тарихига назар соламиз. Бундан 25-30 йиллар муқаддам “Қизкетган” деб аталувчи мазкур каналнинг икки соҳили чакалакзорлар билан қопланган, кишида ваҳима ва қўрқув уйғотадиган бир аҳволда эди. Қадимги даврда унга бир қиз чўкиб кетгани учун шундай номлангани ҳақида ривоятлар юрарди.

Шавкат Мирзиёев Бош вазир бўлиб ишлаган даврида, Қорақалпоғистонга ташрифларининг бирида бу ердаги аянчли аҳволни кўриб, шу каналнинг номини “Дўстлик” деб ўзгартириш ва унинг атрофини обод қилиш бўйича топшириқ берганини одамлар ҳануз эслашади. Шундан кейин канални бетонлаш, икки соҳилини ободонлаштириш ишлари бошланган. “Ёшлар маркази” ва бошқа дам олиш масканлари бунёд этилган. Бугун эса каналнинг шаҳар ҳудудидан ўтадиган 2,5 км қисми бўйида аттракционлар, яшил ҳудудлар, музей, умумий овқатланиш нуқталари кун сайин кўпаймоқда. Атрофда уй-жойлар, мехмонхоналар барпо этилди. Бу ер нафақат нукусликлар, балки, шаҳар мехмонларининг ҳам севимли дам олиш масканига айланди.

Тўғриси, яқин йилларгача Нукус Қорақалпоғистоннинг пойтахти бўлса-да, ички йўллар, ободонлаштириш, ичимлик суви, оқова сув, хуллас, маиший-коммунал масалалар билан боғлиқ муаммолар жуда кўп эди. Айниқса, чанг-тўзонли, ёғин-сочинли кунларда йўллардан юриб бўлмасди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 23-24 февраль кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида ана шу муаммоларни ҳал этишга қаратилган қатор вазифалар белгиланди. Аввало, ўрганиш ва таҳлиллар ўтказилиб, шаҳардаги 64 та маҳалланинг 38 таси ички йўллар ва ободонлаштириш нуқтаи назаридан “оғир”, 8 таси эса “ўта оғир” деган хулосага келинди. Қисқа муддатда йўллар асфальтланди, қум-шағал тўшалди, тунги ёритгичлар ўрнатилди. Газ, электр энергияси тармоқлари таъмирланди. Бир сўз билан айтганда, инфратузилма яхшиланди. Бу эса нукусликларнинг мамнуниятига ва ҳаётдан рози бўлиб яшашларига замин бўлди.

Бундан ташқари, Нукуснинг қиёфасига кўркамлик, замонавийлик бахш этадиган бунёдкорликлар амалга оширилди. Бунга мисол сифатида шаҳар ҳудудидаги “Оққуш” мажмуасини келтиришимиз мумкин. Қисқа вақт ичида эллик гектардан ортиқ майдон обод қилиниб, кўплаб ўтовлар барпо этилди. Энг катта ўтовнинг диаметри 42, баландлиги 22 метр. Бу ерда турли маданий тадбирлар, форумлар ўтказиш мумкин. Бир замонлар шунчаки бошпана сифатида яратилган қорақалпоқ халқининг миллий “қора уйи” ана шундай муҳташамлик касб этиб, жаҳон миқёсида эътироф этилишини ким ўйлабди, дейсиз?!

Ҳа, ўтган йил 22 августда Нукус шаҳри ҳудудидаги «Оқ қуш» мажмуасида барпо этилган дунёдаги энг катта диаметрли қорақалпоқ халқининг миллий “қора уйи” (ўтов) Гиннеснинг рекордлар китобига киритилди.

Ҳозир Нукусда бу каби иншоотларни кўплаб учратиш мумкин. 17 қаватли IT маркази, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти, Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази Қорақалпоғистон филиали, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Нукус филиали бинолари каби қатор янги иншоотлар нафақат шаҳар кўркига кўрк қўшиб турибди, балки, аҳолига сифатли таълим, тиббий ва бошқа хизматларни кўрсатишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Барча шароитларга эга замонавий кўп қаватли уй-жойлар эса одамларнинг ҳаётини безамоқда.

Бугун баён этганимиз – Қорақалпоғистоннинг кечаги ва бугунги қиёфасидан баъзи чизгилар эди, холос. Аслида бундай ўзгаришлар нафақат Оролбўйидаги туман ва шаҳарлар, балки маҳаллалар, овуллар, олис нуқталаргача етиб борган. Юрт обод бўлса, кўнгил обод бўлади. Бугун қорақалпоғистонликлар кўнглидаги ободлик, ҳаётдан розилик ва шукроналикнинг сабаби ҳам шудир.

Назира МАТЯҚУБОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.

 

Халққа елкадош ва таъсирчан куч

Юртимизда ҳудудларни ижтимоий- иқтисодий ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини, турмуш сифатини ошириш, инвестиция лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш дастурларининг ижросида маҳаллий Кенгашларнинг ўрни ҳамда роли муҳим. Бинобарин, маҳаллий Кенгашлар депутатлари ўз ҳудудидаги мавжуд имкониятларни, одамларни ўйлантираётган муаммо ва камчиликларни, керак бўлса, ижро этувчи ҳокимият идораларидаги бюрократик тўсиқлар-у сансалорликларни жуда яхши билади. “Инсон қадри учун” тамойилига йўғрилган ислоҳотларнинг жойлардаги ижросини таъминлашда улар катта куч ва салоҳиятга эга.

Шу нуқтаи назардан сўнгги йилларда маҳаллий Кенгашлар фаолиятини такомиллаштириш ва уларнинг давлат бошқарувидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш масаласига устувор эътибор қаратилмоқда. Давлат органларининг ҳисобдорлигини ошириш, вакиллик органларининг назоратини мустаҳкамлаш бўйича таъсирчан механизмлар жорий қилинмоқда.

Хусусан, маҳаллий Кенгашларнинг ваколатлари сўнгги 8 йилда қарийб олти баробарга кўпайиб, 120 тадан ошди. Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 2 февралдаги “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан 33 та функция ва ваколат ижро ҳокимиятидан маҳаллий Кенгашларга ўтказилди. Ушбу ҳужжатга биноан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини янги модель – “Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойили асосида ислоҳ қилиш бош мақсад қилиб қўйилди.

Чиндан ҳам, бугунги кунда маҳаллий Кенгашлар фаолиятида том маънода янги даврни кузатмоқдамиз. 2024 йилда ўтган парламент сайловлари якунига кўра, маҳаллий Кенгашлар таркиби қарийб 60 фоизга янгиланиб, 3 мингдан ортиқ юртдошларимиз илк бор депутат бўлгани, кенгашларда аёл депутатлар улуши 32 фоизга етиб, 30 ёшгача бўлган халқ вакиллари сони 3,5 карра ошгани улар ишида сифат ўзгаришларига туртки бермоғи табиий.

Жорий йилнинг 23 июнида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Президент фармони эса халқ ҳокимиятчилигини тўлақонли рўёбга чиқариш борасида давом этаётган кенг кўламли ислоҳотларга янги суръат бағишлайди.

Аҳоли манфаати – бирламчи масала

Ёдингизда бўлса, 2022 йил 20 июнда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев республика Конституциявий комиссияси аъзолари билан учрашувда давлат тараққиётининг айни босқичида Асосий қонунни янгилаш ҳаётий зарурат эканини таъкидлаб, Конституцияга давлат бошқаруви органлари ваколатларига тегишли ўзгартиришлар киритиш юзасидан ҳам ўз таклифларини билдирган эди. Жумладан, ҳокимлар ва маҳаллий Кенгашлар ваколатини бир-биридан ажратиш, «ҳокимлар бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашларига ҳам бошчилик қилиши” ҳақидаги конституциявий нормани чиқариб ташлашнинг аҳамиятига урғу берилганди.

Дарҳақиқат, ўша пайтга қадар амалиётда ҳокимнинг бир пайтнинг ўзида ҳам ижро органи, ҳам Кенгаш раиси лавозимини эгаллаши ҳуқуқий жиҳатдан ҳал қилинмасдан келинаётган эди. Бу эса “ҳокимиятлар бўлиниши принципи”га зид бўлиши билан бирга, маҳаллий даражада ҳокимиятларнинг бир-бирини тийиб туриш механизмининг бузилишига олиб келарди. Содда қилиб айтганда, туманда ҳоким ўзи раислик қилаётган маҳаллий Кенгаш йиғилишида ўзига-ўзи ҳам ҳисобот, ҳам баҳо берарди.

2023 йилда янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизнинг XXI боб, 120-моддасида халқ депутатлари Кенгашига унинг депутатлари орасидан қонунга мувофиқ сайланадиган раис бошчилик қилиши, вилоят, туман, шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашининг раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмаслиги мустаҳкамлаб қўйилди. «Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунга кўра, ҳоким ва маҳаллий Кенгаш раиси лавозимлари бир-биридан ажратилди.

Бу маҳаллий Кенгашлар ишини жонлантиришда, ҳудудлардаги деярли барча органнинг улар олдидаги ҳисобдорлигини, масъулиятини том маънода оширишда залворли қадам бўлди. Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясининг тасдиқланиши мазкур жараённинг мантиқий давом бўлиб, унда галдаги беш йилликда 7 та устувор йўналиш бўйича маҳаллий Кенгашларни ривожлантиришга оид 53 та чора-тадбирдан иборат “йўл харитаси”ни амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Шундай қилиб, юқоридаги концепцияга мувофиқ маҳаллий Кенгашлар ҳамда депутатларининг назорат фаолиятини такомиллаштириш, бюджет ва ҳудудларни режалаштириш жараёнларидаги иштирокини кучайтириш, аҳоли муаммолари ва ҳудуд манфаатларига оид муҳим ва долзарб масалаларни ҳал этишни “маҳалла еттилиги” – туман (шаҳар) Кенгаши –вилоят Кенгаши – Сенат” тамойили асосида жадаллаштириш устувор йўналишлардан ҳисобланмоқда. Бундан ташқари, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг норма ижодкорлиги соҳасида ваколатининг кенгайиши, уларнинг моддий-техника базаси ва кадрлар салоҳияти мустаҳкамланиши, ўзаро ва халқаро ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши, фаолиятининг тўлиқ рақамлаштирилиши ҳозирги давр талабларига ҳамоҳанг ва уйғундир. Асосийси, маҳаллий Кенгашлар депутатлари мақомини ҳамда фаоллигини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳудудий бошқарувни “аҳоли манфаатларига хизмат қилиш” тамойили асосида ривожлантириш халқ вакилларининг пировардида халққа елкадош ва таъсирчан кучга айланишини кафолатлайди.

Ваколат – масъулият демак

Шубҳасиз, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ваколатлари янада кенгайиши уларнинг янги ислоҳотлар жараёнидаги иштирокини, фаоллиги ва ташаббускорлигини юқори босқичга олиб чиқади. Хусусан, давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкаларини белгилаш, дафн этиш жойларини сақлаш қоидаларини ва дафн этиш хизматларини кўрсатиш бўйича тарифлар миқдорини тасдиқлаш, ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш, йўлларнинг айрим қисмларида ҳаракатланиш тезлигини ошириш ёки камайтиришга (тегишли йўл белгилари ўрнатиб) рухсат бериш каби қатор ваколатлар амалда аҳоли ва тадбиркорлар манфаатларига хизмат қилувчи қарорларни ҳаётга татбиқ этишга замин яратади.

Ёки бюджет лойиҳасини ишлаб чиқишда маҳаллий бюджет харажатларининг муайян қисмини маҳаллий Кенгаш депутатлари ташаббуси асосида шакллантириш амалиётининг йўлга  ўйилишини олиб кўрайлик.

Депутатлик фаолиятимиздан биламизки, оддий одамларни қийнаётган ижтимоий-маиший муаммоларни ҳал этишда кўпинча маблағ масаласи “оёққа тушов” бўлади. Маҳаллий бюджет харажатларини шакллантиришда эндиликда депутатларнинг ҳам таклиф-ташаббуси инобатга олиниши кўнглигимиздаги иш бўлди. Масалан, вилоятимизнинг олис Томди тумани Кенгаши депутатлари аҳоли мурожаатлари асосида бир нечта овулга ичимлик суви тармоғини тортишни таклиф қилса, маҳаллий бюджет лойиҳасида шу йўналиш учун ҳам зарурий маблағ ажратилади. Яъни, маҳаллий аҳолини қийнаётган бир муаммо айнан депутатлар иштирокида тезкор ечим топади.

Шунингдек, маҳаллий Кенгашлар қошида Ёшлар гуруҳлари ташкил этилиши ёш авлод манфаатларини қуйи бўғиндан самарали ҳимоя қилиш қамровини оширади. Маҳаллий Кенгаш ҳузурида нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамда илмий доиралар вакилларидан иборат Маслаҳат гуруҳларининг иш бошлаши эса Кенгаш қарорларини илмий-амалий жиҳатдан таҳлил этиш ва экспертлик хулосасидан ўтказишда муҳим ўрин тутади.

Умуман олганда, маҳаллий Кенгашларга берилаётган ваколатлар уларнинг халқ ва давлат ўртасида кўприк вазифасини бажаришида ҳал қилувчи роль ўйнайди. Натижада одамлар ўзлари сайлаган депутатлар қиёфасида муаммо ва таклифларига ечим бера оладиган, ваколати масъулиятидан кам бўлмаган ҳақиқий вакилни кўради.

Бахтиёр ТАШЕВ,

Ўзбекистон ХДП Навоий вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.

 

Ўзбекистон ва Франция стратегик ҳамкорга айланди

Ўзбекистон ва Франция ўртасида 1992 йил март ойида дипломатик муносабатлар ўрнатилган бўлса, кейинги йилларда кенг қулоч ёйди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил Францияга амалга оширган расмий ташрифи ўзаро муносабатларнинг янги босқичини бошлаб берган бўлса, давлатимиз раҳбарининг 2022 йилдаги ташрифи олий даражадаги учрашув ва музокараларга бой бўлди. 2023 йилда Франция Президенти Эммануэль Макроннинг мамлакатимизга ташрифи барча соҳалардаги сиёсий мулоқот ва ҳамкорликни изчил ривожлантиришга янги суръат бағишлади.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган тараққиёт стратегиясининг Франция раҳбарининг ислоҳотлар дастури билан яқинлиги, йирик халқаро ва минтақавий муаммоларни ҳал қилишда икки давлат ёндашувларининг ўхшашлиги ўзаро муносабатларнинг ривожланиб боришига замин бўлди.

Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан конструктив ва яхши қўшничилик муносабатларига эришишга қаратилган минтақавий сиёсати Франция ташқи сиёсатининг Марказий Осиё йўналишидаги интилишларига ижобий таъсир кўрсатадиган мутлақо бошқа минтақавий муҳитни яратди. Юқори даражадаги алоқалар ҳам янги ўсувчанлик касб этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Францияга давлат ташрифи чин маънода янги тарих яратди, десак тўғри бўлади. Париж шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар якунида икки мамлакат етакчилари Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларацияни қабул қилди.

Давлат раҳбарлари ҳузурида Мутахассислар ва талабалар ҳаракатчанлиги тўғрисидаги ҳукуматлараро битим, Франциянинг етакчи компаниялари билан Ўзбекистонда 6,5 миллиард евролик истиқболли кооперация лойиҳаларини амалга оширишни назарда тутувчи Инвестиция ва инновация соҳаларидаги ҳамкорлик дастури алмашилди. Ўзбекистон – Франция университетини ташкил этиш тўғрисида ҳукуматлараро битим, соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида декларация, мусиқа, кино ва театр соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида тасдиқланган декларациялар нафақат давлатлар, айни пайтда халқларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ва дўстлик ришталарининг янада ривожланишига хизмат қилади.

Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасида «Ўзбекистон – Франция» дўстлик гуруҳлари фаол фаолият кўрсатмоқда. Икки давлат парламентлари аъзолари ўзаро ташрифлар алмашуви доирасида парламентлараро мулоқотни чуқурлаштириш истиқболларини мунтазам муҳокама қиляптилар. Ўзбекистон ва Франция БМТ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Европа Иттифоқи ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида ҳам шериклар ҳисобланади.

Париж шаҳрида соғлиқни сақлаш, фан ва таълим, маданият, туризм ва бизнес соҳаларида форум ва анжуманлар ўтказилмоқда. Буларнинг барчаси Ғарбдаги асосий ҳамкорларимиздан бири – Франциянинг юртимизга билдираётган юксак ишончини кўрсатади. Президентимизнинг давлат ташрифи икки томонлама муносабатларни стратегик даражага кўтариш учун мустаҳкам замин яратди.

 

Анваржон НУРМАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

Икки томонлама муносабатларда юксалиш даври

Мамлакатимиз Президентининг Францияга тарихий давлат ташрифи жаҳон жамоатчилигининг диққат-эътиборини тортди. Зеро, Ўзбекистон ва Франция ўртасида ўзаро ҳамкорлик бўйича кейинги йилларда мисли кўрилмаган натижаларга эришилмоқда.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ҳамкорлик сезиларли даражада мустаҳкамланиб, турли соҳаларда қатор қўшма лойиҳалар амалга оширилаётгани кўплаб мамлакатлар матбуотида кенг ёритилмоқда. Масалан, Ўзбекистон Президентининг Францияга давлат ташрифи олдидан “London Post” нашрида эълон қилинган мақолада икки давлат ўртасидаги яқин муносабатлар, иқтисодиёт, сиёсат соҳасидаги лойиҳаларни ва гуманитар ташаббусларни амалга оширишда муҳим стратегик шериклиги ҳақида сўз боради.

Хусусан, 2023 йилда Ўзбекистон ҳукумати ва Франция тараққиёт агентлиги ўртасида 2025 йилгача мўлжалланган янги Стратегик ҳамкорлик дастури имзоланган бўлиб, умумий бюджети 1 миллиард евродан ошган дастур доирасида қишлоқ хўжалиги, энергетика, яшил иқтисодиёт, шаҳарсозлик, сув таъминоти, банк-молия сектори, транспорт тармоқларида самарали лойиҳалар татбиқ қилинмоқда.

Франция бизнесининг иштироки республикамиз иқтисодиётининг коммунал хўжалик (Veolia, Suez, Eiffage), энергетика, жумладан, “яшил” энергетика (EDF, Total Eren, Voltalia, Orano), озиқ-овқат саноати (Lactalis) каби муҳим соҳаларида сезиларли даражада ошди. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссия ва Ўзбекистон – Франция Савдо палатаси икки томонлама алоқаларни ривожлантиришнинг муҳим механизмлари ҳисобланади.

Шунингдек, маданий-гуманитар соҳалардаги яқин алоқалар ҳам фаол кенгаймоқда. Сўнгги етти йилда туризм, археология, дизайн, мода, лингвистика, таълим, бизнес-менежмент, соғлиқни сақлаш ва спорт каби йўналишларда 50 дан ортиқ келишувлар имзолангани бунга мисолдир. Бундай келишувлар натижасини Ўзбекистонга келаётган франциялик сайёҳлар сони йилига 20 минг кишига яқинлашганида ҳам кўриш мумкин.

Яна бир эътиборга лойиқ жиҳати, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарида Франция парламенти билан ҳамкорлик гуруҳлари ташкил этилган бўлиб, ўз навбатида Франция Сенатида ҳам “Франция – Марказий Осиё” парламентлараро гуруҳи, қуйи палата – Миллий ассамблеяда эса “Франция – Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи фаолият юритмоқда.

Албатта, олий даражадаги учрашувлар Ўзбекистон ва Франция ҳамкорлигини янги поғонага олиб чиқмоқда. Ушбу ҳамкорлик сиёсий ва дипломатик мулоқот ҳамда савдо-инвестициявий, иқтисодий шерикликни ривожлантиришда, таълим, фан соҳаларидаги ўзаро алмашинувни мустаҳкамлашда янада кенг истиқболларни очади.

 

Имомназар ТУРСУНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

Наврўз халқларни бирлаштиради

БМТ маълумотларига кўра, ҳар йили дунё бўйлаб 300 миллионга яқин одам Наврўз куни дастурхон ёзади. Бу кунни қаршилайдиган ҳар бир мамлакатда ўзига хос анъаналар мавжуд.

 

Дунёда кўклам анъаналари

Жаҳондаги миллат ва элатларнинг ҳар бирида кўклам фасли ва янги йилга бағишланган анъана-ю урф-одатлари бор. Уларнинг барчаси ўзига хос ва жозибали. Жумладан, Хитойда янги йил айёми январь ойи охири, февраль ойи бошларига тўғри келади. Янги йилни нишонлаш “уй тозалаш”дан, эскирган буюмларни чиқариб ташлашдан бошланади. Бу қадимий юртда янги йил тантаналари “Чунь чзе” – баҳор байрамига уланиб кетади. Эрамиздан аввалги иккинчи асрдан бери нишонланиб келинаётган “Чунь цзе” байрамининг мазмун-моҳияти, яъни, хонадонларда меҳмон кутиш, меҳмонга бориш, қарияларни зиёрат қилиш, болаларни хурсанд қилиш, деҳқончилик ишларига киришиш кабилар худди бизнинг Наврўз удумларини эслатади.

Хитойда баҳор байрамида шовқинли халқ фестиваллари ва ярмаркалари кетма-кет бир неча кун давомида ўтказилади. Шер ва аждаҳо рақслари, “қуруқлик қайиқлари”нинг доира бўлиб қўшиқ куйлашлари, ёғочоёқлардаги намойишлар хурсандчилик руҳиятини янада кўтаради.

Японияда 21 март (кабиса йилларида, 20 март) баҳорги тенг кунлик «Шумбун но ҳи» ёки «Ҳиган но туничи», деб номланади. Бу давлат байрами бўлиб, табиатга ва барча тирик мавжудотларга муҳаббатни ифодалайди. Шу куни кўплаб японлар ота-боболарининг қабрларига бориб, тартибга келтиради ва гуллар қўйишади. Японияда, шунингдек, баҳорнинг дастлабки кунлари сакура дарахтининг гуллаши алоҳида байрам қилинади. Боиси мамлакат аҳолиси сакура гулларини турли тушунчалар ва ғоялар билан боғлайди. Сакуранинг гуллаши деҳқонлар асосий озиқ-овқат манбаи бўлган шоли экиш вақтига тўғри келади. Шуни ҳисобга олсак, сакура омад, фаровонлик ва мўл ҳосил рамзидир. 1873 йилгача Японияда янги йил баҳорда, сакуранинг гуллаш даврида нишонланган.

Эронликлар Наврўзни 13 кун давомида байрам қилиб нишонлайди. Аҳоли асосий вақтни хурсандчилик қилиш, қариндошлари ва дўстларини бориб кўришга бағишлайди. Ўн учинчи куни табиат қўйнига чиқишади. Шаҳарлар олов рамзлари билан безалади, гулханлар ёқилади, фонарлар осилади ва мушакбозлик қилинади. Байрам давомида эронлик аёллар махсус маросимда қатнашади. Яъни гулхан устидан сакраб ўтадилар. Бу тадбир азалдан покланиш ва гўзаллик, саломатликка чорловни англатади. Эркаклар қизил кийимларни кийиб, юзларига кул суртишади ва шаҳар кўчаларида сайр қилишади.

Туркиянинг Истанбул шаҳрида апрель ойида Лолалар фестивали бўлиб ўтади. Ингичка учли барглари бўлган қизил гуллар миллий рамз, кўп асрлик маданиятнинг бир қисмидир. Ҳар баҳорда 100 дан ортиқ навдаги миллионлаб лолалар очилади. Фестивалнинг асосий тадбирлари Эмирган боғида ташкиллаштирилади. Энг маҳоратли ландшафт дизайнерлари бутун шаҳар бўйлаб, лолалардан иборат ҳайратланарли композицияларни яратишади.

Бутун дунё бўйлаб баҳорий анъана ва байрамлар қандай кўриниш ҳамда кўламда нишонланмасин, Наврўз айёмидаги сингари барчанинг чеҳрасида табассум, самимият, ҳушнудлик кайфияти уфуриб туради.

 

Хуршидабону НАЗАРОВА,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

 

 

“Бизнесни ривожлантириш банки”: Аҳоли билан «хонадонбай» ишлашда самарали ёндашув

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан йўлга қўйилган “маҳалла банкири” тизими аҳоли манфаатларини самарали қўллаб-қувватлаш ва иқтисодий фаолликни оширишни янги босқичга олиб чиқди. “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ томонидан Фарғона вилоятидаги “маҳалла банкир”лари фаолияти ҳамда уларнинг лойиҳалари билан яқиндан таништириш мақсадида ташкил этилган пресс-тур давомида бунга яна бир бор амин бўлдик.

Аслида “маҳалла банкири” банкларнинг маҳалла даражасига тушиб, одамларнинг даромадини оширадиган тизим. «Маҳалла банкири» “хонадонбай” ишлаб, ҳар бир оилага тайёр лойиҳалар ёки бизнес режалар таклиф қилади. Лойиҳанинг барча занжирида – кредит олиш, бизнес очиш, маҳсулот сотиш жараёнларида аҳолига ҳамроҳлик қилади. Содда қилиб айтганда, нолдан даромадга киргунича ўша лойиҳани қўллаб-қувватлайди.

Пресс-тур иштирокчилари дастлаб Фарғона шаҳри “Сурхтепа” МФЙдаги “Хайрихон Камол орзу” оилавий пойабзал ишлаб чиқариш корхонасига ташриф буюрдилар.

– Фаолиятимизни уйимизда 2022 йил бошида 20 нафар ишчи билан бошлагандик – дейди корхона раҳбари Камолиддин Зокиров. – Ишлаб чиқаришни кенгайтириш, қурилиш ва янги техникаларни харид қилиш учун “Бизнесни ривожлантириш банки”дан имтиёзли 300 миллион сўмлик кредит олдик. Бунда «маҳалла банкири»нинг ёрдами катта бўлди. Корхонамизда бир кунда минг жуфт, 20 турдаги аёллар пойабзаллари ишлаб чиқарилмоқда. Ишчилар сони 150 нафарга етди. Уларнинг 17 нафари “Аёллар дафтари”да турса, 45 нафари олдин хорижда ишлаб қайтганлар ҳисобланади.

Узоқ йиллар олис ўлкада ишлаб қайтган, сўнг бир муддат “Хайрихон Камол орзу” корхонасида меҳнат қилган Акромжон Ғойипов ҳам «маҳалла банкири» кўмагида оилавий уй-боғча очиб, ўз бизнесини бошлади.

-Аввалига “Бизнесни ривожлантириш банки” ажратган 33 миллион сўм кредит маблағига зарур жиҳозларни келтирдик, – дейди А. Ғойипов. – Болалар учун барча шароитни яратдик. Ҳозирда боғчамизда тарбияланаётган кичкинтойлар асосан “Хайрихон Камол орзу” корхонасида ишлаётган аёлларнинг фарзандларидир. Бир пайтлар мусофир юртда қийналиб юрган оддий ишчи эдим. Энди эса оилам бағридаман ва тадбиркорман.

“Сурхтепа” МФЙдаги яна бир тадбиркор – Алишер Баҳромов ташкил этган туристик маскан ҳам ОАВ вакилларида катта қизиқиш уйғотди.

– Хонадоним канал бўйида ва сув ёқалаб сўрилардан иборат дам олиш жойларини очганман, – дейди А. Баҳромов. – Бундан ташқари, «маҳалла банкири» кўмагида “Бизнесни ривожлантириш банки”дан 60 миллион сўм кредит олиб, маҳалладошларимиз учун 300 ўринли тўйхона ҳам қуряпмиз. Тўйхона ишга тушса, 15 нафар ёш ишли бўлади.

Фарғона шаҳрида бетон маҳсулотлари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган “Besh bola beton” МЧЖ фаолиятини кенгайтиришда ва юздан ортиқ иш ўринларини яратишда “Бизнесни ривожлантириш банки”нинг молиявий кўмаги катта мадад бўлди. Айни пайтда кўп қаватли уй-жой қуриш билан шуғулланаётган корхона келгусида янада катта режаларни кўзламоқда.

“Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ томонидан Фарғона вилоятида банкка бириктирилган маҳаллаларда “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш ҳажмини ошириш, аҳолининг ижарага олинган ер майдонларидан самарали фойдаланишини қўллаб-қувватлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида ҳудудларда тупроқ иқлим шароити, фуқароларнинг деҳқончилик маданияти, маҳсулот сотиб олувчи кластер, кооперациялар, қайта ишлаш ва экспортёр корхоналарнинг маҳсулот турига бўлган талаби ҳамда ички истеъмол бозори эҳтиёжидан келиб чиқиб қишлоқ хўжалик экинлари жойлаштирилмоқда, – дейди Қўқон шаҳридаги “Тепалик” МФЙ «маҳалла банкири» Муҳаммаджон Шокиров. – Ҳудудда уч гектар ер майдон 20 нафар фуқарога 15 сотихдан аукцион орқали узоқ муддатли ижарага берилган. Бу экин майдонларида эртапишар шолғом етиштирилмоқда, Ҳисоб-китобга кўра, ҳар бир ер эгасининг оладиган соф фойдаси бир йилда 30 миллион сўмни ташкил этади. Эртапишар шолғом апрель ойида сотиб бўлинади. Иккинчи ҳосил – дуккакли экинлардан бўлган ловия маҳсулоти орқали 15 миллион сўм ишлаб топилса, учинчи экинга ҳам 40 кунлик дуккакли экин уруғи ерга қадалади. Бу орқали ҳам 15 миллион сўм даромад топиш мумкин. Шу тариқа ҳар бир оиланинг 15 сотих ер майдонидан жами йиллик даромади 60-70 миллион сўмга айланади. Бундан ташқари, “Бизнесни ривожлантириш банки” томонидан “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида деҳқончиликни йўлга қўйган фуқароларга 60 миллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилмоқда.

Худди шундай, Бувайда тумани “Жов” МФЙда «Бир контур – бир маҳсулот» тамойили асосида эртапишар сабзи етиштирилар экан.

Юқоридаги икки маҳаллада аҳоли турмуш даражасини ошириш йўлида қилинаётган мана шундай тизимли ишлар пресс-тур иштирокчиларини бефарқ қолдирмади.

Кейинги манзил Қўқон шаҳридаги “Бастом бува сиҳатгоҳи” МЧЖ бўлди. Ҳар йили ушбу масканга мамлакатимизнинг турли нуқталаридан ҳамда қўшни республикалардан минглаб инсонлар саломатлигини мустаҳкамлаш учун келади.

– Санаториймизда даволаш ишлари 2850 метр чуқурликдан олинадиган йод-бромли шифобахш сув ёрдамида амалга оширилади, – дейди МЧЖ раҳбари Шерзод Исмоилов. – Бу шифобахш сув бўғим касалликлари, бел чурраси, нерв шамоллашлари, остеохондроз, артрит, артроз, бавосил, асаб, урологик хасталикларни даволашда катта натижа беради. Бир йилда 4 ярим минг нафар беморга хизмат кўрсатамиз. Санаторий қошида қўшимча замонавий дам олиш маскани фаолиятини йўлга қўйиш учун «Бизнесни ривожлантириш банки»дан ўтган йили 3 миллиард сўм кредит олдик. Айни кунда қурилиш ишлари кетяпти.

Журналистлар икки кун давомида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ салмоқли ҳисса қўшаётганига, татбиқ қилинаётган лойиҳалар халқимиз турмуш фаровонлигини яхшилаш ва маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантиришда муҳим роль ўйнаётганига гувоҳ бўлишди. Аҳоли билан «хонадонбай» ишлашда эса «маҳалла банкир»лари яқин ёрдамчи бўлаётгани айни муддаодир.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

 

 

Меҳр-оқибат ва хайр-саховат айёми

Миллий қадриятларимизнинг олий намуналаридан бири бўлган Наврўзи олам бу йил ҳам ўзгача шукуҳ билан кутиб олинмоқда. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 21 февралдаги “2025 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори баҳорий байрамга ҳозирлик кўриш ҳамда хайр-у саховат ишларига янги руҳ ва янги мазмун бағишламоқда.

Айни дамда юртимизнинг барча ҳудудларида, ҳар бир хонадонда кўклам юмушлари қаторида Наврўз билан боғлиқ анъаналар, байрамона тадбирлар қизғин бошлаб юборилган. Водийларда, воҳаларда сайиллар ташкил этилмоқда. Опа-сингилларимиз “илик узилди” паллада танга мадор бўлгувчи сумалак, ҳалим, кўк сомсалар каби миллий таомларни тортиқ этишса, йигитларимиз теварак-атрофни обод қилиш, кўчат ўтқазиш, экин-тикин юмушлари билан банд бўлади. Энг муҳими, байрам баҳонасида меҳр-оқибат ришталари янада мустаҳкам илдиз отади. Баҳорга, Наврўзга етказганига шукроналик туйғуси кўнгиллардан кўнгилларга кўчади.

 

Анвархон ТЕМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Наврўз одамни, оламни эзгуликка чорлайдиган кун сифатида ҳам азиз ва қадрли. Эзгулик, муҳаббат, хайр-саховат, мурувват, шафқат ва шафоат, янгиланиш ва яшариш айёми қалбларга сурур, олам-олам қувонч ва янги-янги орзу-ҳаваслар бахш этади.

Бу байрам шарқона йилнинг биринчи куни, янги фасл ва деҳқончиликнинг дебочаси сифатида нишонланади. Бу кунларда одамлар бир-бири билан дийдорлашади, совғалар ҳадя қилади, қариялар, касалманд, меҳрга муҳтож кишилар ҳолидан хабар олишади.

Бу йилги байрам тантаналари ҳам мамлакатимизда олиб борилаётган улкан ўзгариш ва янгиланишлар жараёнига ҳамоҳанг тарзда нишонланмоқда. Табаррук кексаларимизнинг дуосини олиш, ногиронлар, ёрдамга муҳтож инсонлар кўнглини кўтариш, ҳашарлар уюштириш, юртимизни янада обод қилиш каби савобли ишларимиз Наврўз тадбирларига уланиб кетмоқда. Муборак Рамазон ойи муносабати билан хонадонларда хайр-саховат йўлида ёзилаётган ифторлик дастурхонлари ғоят файзли бўлмоқда.

Ҳақиқатан ҳам бу айём инсонларни эзгуликка ундайди. Борлиқнинг янгиланиши, яшариши инсонни меҳнат қилиб, ризқ-рўз яратишга даъват қилади.

 

***

Халқ демократик партиясининг кўп минг сонли аъзолари, фаоллар ва депутатларимиз ҳам Наврўзолди хайрли тадбирларда иштирок этиб, эзгу ташаббусларга бош қўшишмоқда. Фаолларимиз айём арафасида ҳашарга чиқиб, кўча-кўйларни обод қилиш, қабристонлар, зиёратгоҳларни тартибга келтириш ишларида намуна кўрсатишмоқда. Турфа хил гул ва дарахт кўчатлари ўтқазишиб, янги боғлар яратишмоқда. Кексаларни ҳар томонлама эъзозлаш, кўмакка муҳтож инсонларга беғараз ёрдам бериш, турли хайрия тадбирлари ҳам партиямиз вакилларининг диққат марказида турибди.

 

Қувонч ва меҳр улашайлик

Ҳар йили Наврўз байрами олдидан ЎзХДП ташаббуси билан жойларда турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилади, кексалар ва ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳолидан хабар олинади. Анъанага кўра, бу йил ҳам барча ҳудудларда “Қувонч ва меҳр улашайлик” акцияси доирасида хайр-саховат тадбирлари ўтказилмоқда.

 

Малика РАШИДОВА,

ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи:

– Эҳтиёжмандларни суяш, ёрдам қўлини чўзиш, савоб учун хайр-эҳсон қилиш халқимизга хос эзгу фазилатлардан саналади.

Ижтимоий бирдамликни кучайтириш, ногиронлиги бўлган инсонларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, уларга кўмак бериш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларига жамоатчилик эътиборини жалб этиш мақсадида ушбу акцияни ўтказяпмиз.

Партиямиз фаоллари ва депутатлар электоратимиз вакилларининг хонадонларига боришмоқда. Партиянинг волонтёр ёшлари томонидан ҳашарлар ўтказиляпти, халқ вакиллари томонидан ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжлари ўрганилиб, тегишли ташкилотларга мурожаат қилиш орқали уларга амалий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилмоқда.

Шунингдек, республикамиз бўйича «Мурувват» ва «Саховат» уйларида истиқомат қилувчи ногиронлиги бўлган шахслар учун маданий-маънавий тадбирлар ташкил этилмоқда. Зарур буюмлар, совғалар тортиқ қилинмоқда. Бунда ҳар бир вилоят, туман-шаҳар Кенгашлари депутатлари билан ҳамкорликда ушбу ижтимоий муассасаларнинг реал ҳолати, моддий-техник таъминоти, тиббий хизматлар сифатини ўрганиш масаласи ҳам эътибордан четда қолмаяпти.

 

***

ЎзХДП Марказий Кенгаши маълумотларига кўра, ҳозирга қадар республика бўйича 9 та «Мурувват» ҳамда 3 та «Саховат» уйларида депутатлар ва ҳомийлар иштирокида хайрия тадбирлари ташкил этилди.

Тадбирларда кексаларга, ногиронлиги бор инсонларга байрамона кайфият улашилди. Улар учун қизиқарли ўйинлар, кўнгилочар чиқишлар ташкиллаштирилди. Албатта, байрам совғалари ҳам топширилди.

Юртимиз бўйлаб Наврўз тадбирлари уюшқоқлик ва кўтаринкилик билан давом этмоқда.

 

Лазиза ШЕРОВА,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

 

 

Прагматик ташқи сиёсат – тинчлик кафолати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 март куни Францияга давлат ташрифи доирасида БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) бош директори Одри Азулени қабул қилди.

БМТ тизимидаги ушбу нуфузли тузилма билан самарали ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари, шунингдек, жорий йилнинг кузида Самарқанд шаҳрида ташкилот Бош конференциясининг 43-сессиясига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.

Кўп қиррали шериклик бугунги кунда юксак даражада экани мамнуният билан қайд этилди. Яна бир муҳим масала, Ўзбекистон ташаббуси билан ахборотдан фойдаланиш ва болалар таълими масалалари бўйича резолюциялар қабул қилинди.

Мамлакатимиз Маданий бойликларни сақлаш ва реставрация қилиш бўйича халқаро марказга аъзо бўлди. Бухоро “Креатив шаҳарлар тармоғи”га қўшилди. Самарқанддаги Ипак йўли университетида ЮНЕСКО кафедраси очилди. Ўтган йили таълим, маданият, рақамли ва инновацион технологиялар соҳаларида 7 та янги лойиҳани амалга ошириш бошланди.

Турон чўллари ва Зарафшон-Қорақум йўлаги, ипакчилик, кулолчилик, рубоб чалиш ва ифторлик анъаналари, “Бухоро амири девонхонаси архиви”, “Туркистон альбоми”, “Худойберган Девонов фотоальбоми” ЮНЕСКОнинг махсус рўйхатларига киритилди.

Таъкидлаш жоизки, Самарқанд шаҳрида бўлажак Бош конференциянинг 43-сессияси сўнгги 40 йил ичида биринчи марта ЮНЕСКОнинг Париж шаҳридаги қароргоҳидан бошқа жойда ўтказилади. Бу воқеа ташкилотнинг 80 йиллигига тўғри келади.

Бош директор Одри Азуле Ўзбекистон билан сермаҳсул ҳамкорликни юксак баҳолаб, бўлажак тадбирга кенг кўламли тайёргарлик кўрилаётгани учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.

Амалий ҳамкорлик дастурларини янада кенгайтириш, шунингдек, ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасидаги форум ва тадбирларни ташкил этиш бўйича яқиндан ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.

Бу ишларнинг барчаси, айтиш керакки, жаҳон ҳамжамиятининг юртимизга эътибори ва ишончидан далолат беради. Давлатлараро муносабатлар ривожи халқлар ўртасидаги дўстликка, минтақада тинчликни сақлашга ва прагматик ташқи сиёсат юритишга асос бўлади.

 

Гулнора МАЪРУФОВА,

Олий Мажлис Сенати аъзоси,

Ўзбекистон ХДП аъзоси.

 

 

Эзгулик тантанаси

Навбаҳор насимида қиш уйқусидан уйғонган дарахтлар, қуёш тафтида эркаланиб юз очган гулу чечаклар, ниш урган майсалар, қушларнинг чуғурчуғуриАйни шу палладан табиат моҳир мусаввир каби бутун борлиққа ажиб тароват бахш этишга киришади. Бу уйғониш фаслига уйғун ҳолда инсон ички олами ҳам гўё қайтадан янгиланади, энг покиза, эзгу туйғулар қалбларда жўш уради. Жамиятда тенглик, ҳамжиҳатлик, тотувлик тантана қилади.

Ҳар баҳор бу кунни ўзгача интиқлик, соғинч ва энтикиш билан қарши оламиз. Буюк мутафаккир, шеърият мулкининг султони Ҳазрат Мир Алишер Навоий бежизҲар тунунг қадр ўлубон, ҳар кунунг ўлсун Наврўз”, дея лутф қилмаган.

Байрамлар азалазалдан ҳар ўлканинг, ҳар миллатнинг маданиятини, анъана ва қадриятларини, орзуумидлари ва турмуш тарзини ўзида мужассам этади. 3 минг йилдан ортиқ тарихга эга Наврўз халқимиз асрлар давомида катта шодиёна ва хурсандчилик билан нишонлаб, ардоқлаб келаётган байрамлар сирасига киради.

 

Юнон олими Страбон (милоддан аввалги 63/64 йилда туғилган)нинг ёзишича, икки дарё оралиғида яшаган қадимги аждодларимиз Наврўз куни оташкада, яъни, оловга топинадиган ибодатхоналарда тўпланишган ва йилбошини 12 кун давомида нишонлашган. Байрамда ҳар бир кишининг елкасига офтоб нури тушиши йил бўйи тўкин-сочин, баракали ҳаёт кечиришидан дарак беради, деб қаралган. Байрам тантаналари экин-тикин юмушларининг бошланиши билан ўз ниҳоясига етган.

Абу Бакр ибн Жаъфар Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асарида ҳам Наврўз ўлкамизда бир неча минг йил давомида узлуксиз нишонланиб келинаётганини тасдиқлайдиган муҳим далиллар бор.

Маълумки, Наврўз шарқ халқларининг энг қадимий ва умрбоқий байрами ҳисобланади. Тарихий манбаларда, жумладан, буюк аллома Абу Райҳон Берунийнинг “Осорул-боқия” (Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар), Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғотит-турк”, Фирдавсийнинг “Шоҳнома”, Умар Ҳайёмнинг “Наврўзнома” асарларида Наврўзни азалдан Турон замин халқлари катта шодиёна билан нишонлаганлари алоҳида қайд этилган.

Инсоният тамаддунининг қадимги бешикларидан саналган Месопотамияда ҳам бундан минг йиллар аввал йилбоши катта байрам сифатида нишонлангани қадимги шумер манбаларида ўз аксини топган. Айрим тахминларга кўра, шумерликлар иқлимдаги ўзгаришлар сабаб шимолий минтақалардан Яқин Шарқ томонга кўчиб борган қадимги туркийлар авлоди саналади. Қадимги шумер манбаларида 300 дан ортиқ туркий тиллардаги сўзлар аниқлангани ҳам тасодиф бўлмаса керак.

Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғотит-турк” асаридан ўрин олган Қиш ва Ёз мунозарасида ҳам айнан баҳорги тенг кунлик назарда тутилган. Асосан туркий халқлар, шунингдек, хитой, мўғул ва бошқа Шарқ халқларида кенг қўлланадиган мучал тақвимида йиллар айнан баҳорги тенг кунликдан бошлаб янгиланади.

Англаш мумкинки, Наврўз байрамининг пайдо бўлиши қуёшнинг Ҳамал буржига кириши, тун ва куннинг тенглашуви каби қатор табиат ўзгаришлари билан боғлиқ. Бу эса мазкур байрам чуқур астрономик илмий асосларга эга эканини билдиради.

Мамлакатимизда Наврўз умумхалқ байрами сифатида 1990 йилдан бошлаб расман кенг нишонланиб келинади. Мазкур байрам 2009 йил 30 сентябрда инсоният маданий меросининг ажралмас қисми сифатида ЮНЕСКО томонидан умумжаҳон номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган. 2010 йилнинг 19 февраль куни БМТ Бош Aссамблеясининг 64-сессиясида 21 март — “Халқаро Наврўз куни”, деб эълон қилинди ҳамда бу байрам турли халқлар ўртасидаги маданий алоқалар ва ўзаро ҳамжиҳатликни рағбатлантириш, қўни-қўшничилик муносабатларини, дўстликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга экани эътироф этилди.

Қувонарлиси, сўнгги йилларда Наврўз, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ўзининг ўлмас руҳи, умуминсоний ғоялари билан башарият ҳаётидан тобора чуқур ўрин эгалламоқда.

Келинг, шу ўринда мазкур айёмнинг юртимиз ва минтақамизда қандай нишонланишига доир қизиқарли маълумотлар билан танишсак.

 

Оролбўйида Наврўз

Оролбўйи халқлари, хусусан, қорақалпоқлар ҳам Наврўз (Наўрыз) байрамини баҳорги тенг кунлик, тўкин-сочинлик, бахт-у саодат, эзгу орзу-умидлар рамзи сифатида ардоқлаб келадилар.

Наврўз кириши билан Оролбўйи деҳқонлари яхши ниятлар билан ерга уруғ қадайдилар, боғбонлар кўчат ўтқазади. От чоптириш, кўпкари, кураш, қўчқор уриштириш сингари халқ ўйинлари ҳар йилги Наврўз тантаналарига айрича жўшқинлик бахш этади. Араз-гиналар унутилади, муҳтож кишиларга меҳр-мурувват кўрсатилади. Бахши-жировлар дўмбира чертиб, барҳаёт достонлар, ўлан ва лапарларни куйга соладилар. Дошқозонларда сумалаклар қайнайди. Қорақалпоқларнинг севимли байрам таомларидан яна бири “Наврўз гўжаси”, деб аталади. Бу таом етти хил дондан тайёрланади. Ҳар бир хонадонда ана шундай таом пиширилади ва қўни-қўшниларга, овулдошларга тарқатилади. Кишилар, айниқса, қариялар “Наврўз гўжаси”дан тотиб, йилнинг баракотли бўлишини тилайдилар.

 

Олти бақан”,”Қиз қуу”…

Қозоқларда ҳам Наврўз (наурыз) билан боғлиқ ана шундай анъаналар, урф-одатлар кўп. Хусусан, қозоқлар байрам арафасида биринчи бўлиб учиб келадиган қушни “Наврўзкўк”, биринчи бўлиб очиладиган гулни “Наврўзчечак” деб номлашган. Қадимда қозоқларда Наврўз тантаналари 3-9 кунлаб давом этган. Бўйи етган қизлар бу куни йигитларга атаб “Уйқи ошар” деган лаззатли таом пиширадилар. Йигитлар эса уларга турли-туман байрам совғалари тортиқ қиладилар. Қариялар ёшларнинг бахт-у иқболини тилаб, хайрли дуолар қиладилар.

Мамлакатимизда истиқомат қилаётган қозоқ миллатига мансуб минглаб юртдош­ларимиз бу санани кўтаринки кайфиятда, шод-хуррамлик билан қарши олади. Турли-туман халқ ўйинлари, спорт мусобақалари ташкил этилади. “Олти бақан”,”Қиз қуу” мусобақалари, айниқса, катта-ю кичикда бирдек қизиқиш уйғотади. Шу куни дошқозонларда бешбармоқ, сумалак, паловхонтўралар пиширилиб, дастурхонларга тортилади. Катталар кичкинтойларни от ва туяларда сайр қилдиришади.

 

Кўкармаган гиёҳлар кўкариб равон пайдо…

Наврўз (Nowruz) туркман халқининг ҳам энг қадимий, гўзал ва бетакрор байрамларидан биридир. Туркманлар азалдан Наврўзни табиат қўйнида, хушманзара гўшаларда, қир-адирларда нишонлаб келишган. Момолар тайёрлаган семени – сумалак, доғрама, пишме, палов сингари лаззатли миллий таомлар байрам дастурхонини бе­зайди. Туркман элининг тўй-у байрамларини от – улоқ-кўпкари мусобақаларисиз тасаввур этиб бўлмайди.

Мамлакат пойтахтида, вилоят ва этрап (туман) марказларида ташкил этиладиган миллий спорт ўйинларида минглаб чавандозлар, полвонлар ўз куч ва маҳоратларини намойиш этадилар. Бахшилар, оқинлар Наврўз, баҳор, тинчлик, тотувлик, ҳамжиҳатликни тараннум этувчи достон, айдим, лапарларни ижро этадилар. Айниқса, тантаналарда катта-ю кичик “Қушт депди” миллий рақсига тушиб, хурсандчилик қилади. Дарахт шохларига осилган ҳалинчаклар хотиржамлик, фаровонлик, бахт-саодат тимсоли ҳисобланади. Айниқса, йигит-қизлар байрам арғимчоқларида учиб, ўзларига омад, бахт сўрайдилар. Деҳқонлар оқсоқол – ёшуллилардан дуо олиб, кўкламги ишларни бошлайдилар.

Наврўзнинг умрбоқийлиги, бетакрорлиги туркман халқ оғзаки ижодида, мумтоз адабиётида ҳам ўз ифодасини топган. Буюк туркман шоири Махтумқули бу ҳақида шундай нафис мисраларни битган:

Келди наврўз оламга, ранг қилар жаҳон пайдо,

Булутлар овоз уриб, тоғ қилар туман пайдо,

Бежонлара жон кириб, этарлар даҳон пайдо,

Кўкармаган гиёҳлар кўкариб равон пайдо…

 

Йилда бир Наврўз ўлур

Туркий адабиётнинг мумтоз вакилларидан яна бири, буюк озарбайжон шоири Муҳаммад Фузулийнинг дилбар ғазалларида ҳам Наврўзи олам вафсини учратамиз.

Ҳар кун очар гўнглуми завқи висолинг янгидан,

Гарчи гуллар очмаға ҳар йилда бир Наврўз ўлур.

Наврўз қадим-қадимдан озар қардошларимизнинг севимли байрами бўлиб келган. Бу юртда Наврўз тараддуди, у билан боғлиқ тадбирлар анча эрта бошланади. Қиш чилласи чиқиши билан ўтказиладиган «Хизр Наби» маросими шулар жумласидандир.

Наврўзга бир ой қолганда озарбайжонлар ҳафтанинг ҳар чоршанба куни гулхан ёқиб, унинг атрофида ўйин-кулги қилишади. Байрамолди сўнгги чоршанбасида ёш-у қари олов устидан ҳатлаб ўтади. Ҳатто уй ҳайвонларини ҳам ёниб турган олов устидан олиб ўтишади. Халқ ақидаларига кўра, шу тариқа ҳар бир кишининг дард-аламлари, ташвишлари шу оловда ёниб кул бўлади. Марҳумлар ёдга олиниб, уларнинг руҳи шод этилади.

Байрам кунлари халқ қизиқчилари – «кал» ва «кўса»лар елкаларига хуржун осиб, миллий кийимларда овул ва маҳаллаларда, қишлоқ ва гузарларда ичакузди ҳангомалар айтиб беришади, турли кулгили томошалар кўрсатишади. Томошабинлар уларни ўз ҳимматига яраша сийлайди. Байрам сайилларида ошиқлар – озар бахшилари даврада чордана қуриб, соз чалиб, халқ достонларидан ўқийдилар. Кичкинтойлар ҳовлима-ҳовли юриб, девор оша бош кийим – папоқларини ирғитадилар. Уй эгаси эса болаларнинг папоғини ширинлик, қанд-қурсга тўлдириб қайтаради.

 

Муштарак қадриятлар

Эрон, Афғонистон ва Марказий Осиёда истиқомат қилувчи форсийзабон халқларда Наврўз билан боғлиқ турли-туман маросимлар, урф-одатлар ҳозиргача сақлаб қолинган. Масалан, афғонлар «ҳафт син» яъни син (с) ҳарфи билан бошланувчи етти хил таом тайёрлаб дастурхонга тортадилар.

Наврўз билан боғлиқ қўшиқлар, байт-у ғазалларни халқ оғзаки ижодида кўплаб учратиш мумкин:

Наврўз шуду лолайи хушранг баромад,

Булбул ба тамомшойи дафу чанг баромад,

Мурғони ҳаво жумла бикарданд, чу парвоз,

Мурғи дили мо аз қафаси танг баромад.

(Наврўз келиб, қирмизи лолалар очилди, булбуллар даф ва чанг каби чолғулар навосини томоша қилгани келишди. Ҳаво қушлари кенг самога парвоз қилганидек, бизнинг кўнглимиз қушлари ҳам тор қафасидан учиб чиқди).

Қардош халқлар ҳаётида Наврўзи олам билан боғлиқ ўхшаш ва ўзига хос жиҳатлар ҳақида кўп ва муфассал гапириш мумкин. Бу муштарак қадриятлар халқларимиз ўртасидаги дўстлик, биродарлик, ҳамжиҳатликнинг азалий ва абадий эканидан ҳам ёрқин далолатдир.

 

Олийжаноб ғояга ҳамоҳанг

Шу кунларда халқимиз шарқона янги йил бошланадиган қутлуғ сана — Наврўзи оламни янги умид ва янги орзулар билан қарши олмоқда. Зеро, бу мунаввар айём кейинги йилларда Ватанимизда амалга оширилаётган «Инсон қадри учун, инсон бахти учун» деган олийжаноб ғояга ҳамоҳанг бўлиб, том маънода умумхалқ байрамига айланди ҳамда мамлакатимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларида кенг нишонланмоқда. Ушбу фасл фалсафасидаги инсонпарварлик, одамзотни бутун борлиқнинг гултожи сифатида эъзозлаш, она замин ва табиатни асраб-авайлаш тамойиллари бугунги кунда ҳаётимизда янада ёрқин намоён бўлмоқда.

Президентимизнинг “2025 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан ушбу айём мамлакатимиз бўйлаб “Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!” деган бош ғоя асосида халқ сайиллари шаклида юқори савияда нишонланади. Байрам олдидан, қолаверса, муқаддас Рамазон ойи руҳидан келиб чиқиб, айни кунларда кекса авлод вакилларини йўқлаш, ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларнинг, «Меҳрибонлик» , «Саховат» ва «Мурувват» уйларида яшаётган ҳамюртларимизнинг ҳолидан хабар олиб, турли хайрия тадбирларини ўтказиш ишлари бошлаб юборилди. Шаҳар ва қишлоқларимизда ҳашар йўли билан ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш юмушлари қизғин давом этмоқда.

Доимий анъанага айланган бу Наврўзолди тадбирлари, шубҳасиз, жамиятимизда ҳамжиҳатлик, оқибат, меҳнатсеварлик ва тинчликсеварлик муҳитини сайқаллаштириб, ўсиб келаётган авлод қалбида эзгулик, она заминга, табиатга меҳр туйғуларини камол топтиришга хизмат қилади.

Наврўз миллий ва умуминсоний қадриятлари билан халқимиз ҳаётида ҳамиша беқиёс ўрин тутади, асрлар оша шаклланган урф-одат ва анъаналаримизни келажак авлодга етказишда кўприк вазифасини ўтайди. Бу айёмнинг бебаҳо қадри-қиммати ҳам мана шунда аслида.

 

Рустам ЖАББОРОВ,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори.

«Ўзбекистон овози», 19.3.2025, №11