Ижтимоий ҳимоя: аниқ таклифлар ва қатъий позиция

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадлари ижтимоий масалаларни кенг қамраб олган. Партия жамиятда ижтимоий тафовутларни камайтириш, муҳтожларга ёрдам бериш, камбағалликни қисқартириш, аҳолини янги иш ўринлари ва кафолатли даромад манбаи билан таъминлаш бўйича самарали сиёсатни амалга ошириш ташаббусини илгари суради.

Партиянинг парламентдаги вакиллари ҳам, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлари ҳам айни шу мақсад йўлида фаолият олиб боради. Жорий ҳафта бошида бўлиб ўтган фракция йиғилишида ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида бу принцип яна бир бор амалий ифодасини топди. Депутатлар ижтимоий ҳимоя масалаларида аниқ таклиф ва қатъий позиция билдирди.

 

Бош вазир ўринбосари ахборот берди

Мажлисда дастлаб Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамованинг оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш борасида қилинаётган ишларга доир ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда оила институтини қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш, касб-ҳунарга ўргатиш, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга кўмаклашиш, гендер тенгликни таъминлаш борасида тизимли чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Фаол ислоҳотлар натижасида аёлларнинг давлат бошқарувидаги улуши 35, тадбиркорлик соҳасида 45, сиёсий партиялар таркибида эса 49 фоизга етди. Ҳисобот даврида олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган хотин-қизларнинг улуши 52,2 фоизни ташкил этди.

Олийгоҳларда, техникум ва коллежларда 2022–2024 йиллар давомида 397 минг нафар хотин-қизга 4 трлн 298 млн 400 минг сўм миқдорида 7 йил муддатга фоизсиз таълим кредитлари ажратилди. Қўмита тавсияномаси билан давлат гранти асосида 8 минг 653 нафар эҳтиёжманд хотин-қиз ОТМга ўқишга қабул қилинди.

Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик ғояларини амалга оширишига кўмаклашиш бўйича ҳам муайян ишлар қилинмоқда. Бу борада республика бўйича 6 та туман тажрибаси оммалаштирилган. Хонадонларда учтадан ортиқ даромад манбаларини яратиш бўйича Сайхунобод, ҳунармандчиликни ривожлантириш орқали Жондор, хонадонда молиявий пакетларни жорий қилиш бўйича Нишон, Шофиркон, хотин-қизлар бандлигини таъминлашга қаратилган кооперациялар ташкил этиш борасида Бағдод, каштачилик мактаби ва қўй жунини қайта ишлашни йўлга қўйиш бўйича Шаҳрисабз тажрибаси шулар жумласидандир.

Муҳокамаларга бой бўлган мажлисда депутатлар амалий ишларни эътироф этиб, оилаларда соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни қарор топтириш, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш бўйича таклиф ва тавсиялар берди. Кун тартибидаги масала юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олиниб, парламент эшитуви якуни бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

 

Бюрократик тўсиқлар сабаб дориларни етказишда узилишлар бор

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси йиғилишида дастлаб «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларининг ногиронлиги бор шахсларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ фаолияти, ўзаро ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.

Фракция аъзолари жойлардаги ўрганишлар натижасида аниқланган камчиликлар ва уларни бартараф этиш йўллари ҳақида саволлар, фикр-мулоҳазалирини билдирди.

Депутат Қизилгул Қосимова «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари партия электорати манфаатлари ҳимоясини кучайтириш йўлида катта ислоҳот бўлганини таъкидлади ва Оҳангарон тумани мисолида бу борадаги таҳлилларга тўхталиб ўтди.

Албатта, айрим камчиликлардан кўз юмиб бўлмайди. Мисол учун, ногиронлиги бор шахсларга кам миқдорда олинадиган дори-дармон воситаларининг тендер орқали реализация қилиниши белгиланган. Бироқ турли бюрократик тўсиқлар сабаб тендерга қўйилишида кечикишлар кузатилмоқда, одамларга дориларни вақтида етказиб беришнинг имкони бўлмаяпти. Депутатга кўра, бу борадаги механизмни қайта кўриб чиқиш керак.

Шунингдек, ижтимоий муассасаларда беморларнинг сони меъёридан кўп. Навбатда турганлар ҳам оз эмас. Даволаниб бўлган, кимсасиз шахсларни ижтимоий уйларга жойлаштириш орқали бу борада вазиятни енгиллаштириш мумкинлиги ҳамда хизмат кўрсатишга масъул ходимларнинг иш ҳақи масаласи юзасидан фикрлар билдирилди.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг масъуллари бу борада ўз муносабатини баён этди. Қайд этилишича, техник ходимларнинг ойлик маошини белгилаш тизимини аутсорсингга ўтказиш режалаштирилган. Ногиронлиги бўлган шахсларга техник хизмат кўрсатадиган ходимларнинг ойлиги жорий йилда қайта кўриб чиқилган бўлиб, муассасадаги беморлар сонига қараб белгилаш тартиби жорий этилган.

Тартибга кўра, «Саховат» ва «Мурувват» уйларига ўзгалар ёрдамига муҳтож шахслар жойлаштирилади. Аммо ўзгалар парваришига муҳтож бўлмаган, уйсиз шахслар ҳам ушбу марказларга олиб келинган. Натижада бу муассасаларда даволанаётганлар ва навбат кутаётганлар сони кўпайиб кетган.

Агентлик масъулининг таъкидлашича, ижтимоий уйлар масаласида ҳам муаммолар бор. Ўзбекистонда 509 та ижтимоий уй-жой бўлиб, уларда 10 мингта хонадон бор. Ҳозирда бу хонадонларнинг 9 минг 600 таси банд, талаб камлиги, узоқ масофада жойлашгани ва таъмирталаблиги боис 400 таси бўш ҳолатда. Айни пайтда ижтимоий уйларга жойлаштириш тартиби тўғри эмаслиги қайд этилди. Сабаби, 9 тоифадаги фуқаролар ижтимоий уйга жойлаштирилиши кўрсатилган бўлиб, одамларнинг иқтисодий ҳолати инобатга олинмаган. Натижада айни пайтда 500 га яқин хонадондан бошқа мақсадда фойдаланилмоқда. Масалан, ўз хонадонини ижарага бериб қўйиб, ижтимоий уйда яшаётганлар ёки дўкон сифатида ишлатаётганлар ҳам бор. Кимлардир эса бошқа давлатга ишлаш учун кетган, аммо ўз буюмларини қўйиш учун жой қилиб олган.

Фракция аъзоси Ирина Токарева Тошкент шаҳри мисолида «ижтимоий карта»ларни олиш ва улардан фойдаланиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари етарли даражада эмаслигини қайд этди. Мутасаддилар ушбу масалалар бўйича аниқ маълумотлар етказишга ваъда берди.

Фракция раҳбари Улуғбек Иноятов Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва Ижтимоий ҳимоя агентлиги ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолаш режалаштирилганини, шунингдек, депутатлар ва агентлик ходимлари биргаликда ўрганишлар ташкил этиши, доимий мулоқот кераклигини алоҳида таъкидлади.

Йиғилишда қонун лойиҳалари ҳам муҳокама қилинди. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимининг такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Фракция аъзоси Имомназар Турсунов аҳолига ижтимоий ёрдам кўрсатишда шахсларнинг (оила) иқтисодий ҳолатини аниқлашда бўшлиқлар мавжудлиги, хусусан, ижтимоий ёрдам ёки хизмат олиш учун мурожаат қилган шахснинг (оила) тижорат банкларидаги омонатлари, пул ўтказмалари бўйича (маблағ қабул қилиш ёки жўнатиш) маълумотлари ва ҳисоб рақамларидаги қолдиқ маблағларини ўрганиш эҳтиёжи юзага келаётганини урғулади.

Мутасаддилар ушбу масалалар ечими назарда тутилаётгани, «ижтимоий карта» тизимини йўлга қўйишга доир янгича ёндашувларга ўтилаётганини айтишди.

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари ҳар бир қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирди, тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 19.3.2025, №11

 

Халқ эҳтиёжларидан узилиб қолмайлик…

СўзЎзХДП етакчиларига

 

Тошкент вилояти партия кенгаши раисини эшитамиз!

Бугун жойларда ҳаёт қайнаган, ислоҳотлар кўлами кенг. Ҳар қадамда ўзгаришларга гувоҳ бўламиз. Ана шундай муҳим паллада маҳаллий Кенгашлардаги ХДП депутатлари нималар билан машғул, жойлардаги партиямиз ташкилотлари-чи? Ана шу саволларга жавоб топиш мақсадида ЎзХДП Тошкент вилоят кенгашига бордик. Мақсадимиз вилоят партия кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП депутати Акмал Умаралиев билан суҳбатлашиш эди.

Партия биносига кириб борганимизда вилоят партия кенгаши раиси ўз хонасида бир гуруҳ сайловчилар билан гаплашиб турган экан. Бизга маълум бўлишича, шу куни оҳангаронлик сайловчилар мурожаат билан келишган. Уларнинг айтишича, тумандаги «Нуробод» маҳалласида жойлашган техникум биноси таъмирталаб ҳолатда, спорт зали ҳам ачинарли аҳволда. Сайловчилар техникумни таъмирлаш масаласида ёрдам сўрашган.

– Ушбу мурожаат ижобий ҳал этилиши учун астойдил ҳаракат қиламан. Аввало, муаммо юзасидан таклифлар тайёрлаймиз, мутасадди ташкилотлар раҳбарларига депутатлик сўровлари жўнатамиз. Одамларимизнинг хоҳиш-иродаси амалга ошмагунча тинчимаймиз, – деб партия кенгаши раиси бизни хонаси томон бошлади.

Гап орасида яна шундай деди:

– Энди тасаввур қилинг, ҳар бир туман, шаҳар, вилоятнинг қанчадан-қанча депутати, халқ сайлаган вакиллари бор. Ҳамма юраги ёниб ишласа, ишончни оқлаш учун беҳаловат бўлса, қанчадан-қанча мурожаатлар ҳал бўлади, одамларни ўйлантираётган кўпдан-кўп муаммолар ечилади. Шундай масалалар борки, вақт ҳам, катта маблағ ҳам талаб этмайди. Шунчаки эътиборнинг ўзи уни ҳал қилиш учун етарли. Фақат депутат сайловчилари учун жон куйдирса бўлди…

– Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларда ХДП катта куч ва салоҳиятга эга. Сиз етакчилик қилаётган партия ташкилоти ана шу имкониятдан қай даражада фойдаланмоқда? Кўзга кўринарли ташаббуслар ҳақида нима дейиш мумкин?

– Айтиш керакки, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларимиз жойларда Халқ демократик партиясининг сиёсий манфаатларини ифодалайдиган, ҳимоя қиладиган энг муҳим кучдир. Маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз фаолиятига назар ташласак, мақтовлар ҳам, танқидлар ҳам бор…

Ўтган йилнинг октябрь ойида ўтказилган сайлов натижасига кўра, халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашига иккинчи ўринда 13 нафар депутат сайланди. Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларида ЎзХДП депутатлари 106 нафарни ташкил этади. Шундан 35 нафари хотин-қизлардир.

Бугун ўзгаришлар катта, ислоҳотлар кўлами кенг. Депутатлар ҳам шунга яраша фаол бўлиши, ўзгаришларга тайёр туриши керак, деб ўйлаймиз. Бу кўпнинг вакили учун муҳим масалалардан бири ҳисобланади.

Шундан келиб чиқиб, аҳолининг ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ масалаларда парламент ва депутатлик назорати тизимли йўлга қўйилган. Таҳлил қилиб кўрадиган бўлсак, кейинги пайтларда мамлакатимизда ислоҳотларнинг марказий нуқтасига чиқаётган муҳим соҳаларда депутатлик назорати олиб борилди ва улар сессиялар кун тартибига киритилди.

Масалан, партиямизнинг амалий Ҳаракатлар дастури ижросини таъминлашда Тошкент вилоят партия ташкилотлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари томонидан бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди.

Дастурда бандлик, таълим, соғлиқни сақлаш, транспорт, қурилиш, уй-жой, коммунал, қишлоқ хўжалиги ва жойларда хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш масалаларига оид 92 та масала қамраб олинди.

Амалий Ҳаракатлар дастуридаги йўналишлар бўйича Ўзбекистон Республикасининг тегишли қонунлари, бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси жамоатчилик ва депутатлик назорати сифатида ўрганилди ва шундан келиб чиқиб, 90 та масала партия гуруҳлари, 90 та масала доимий комиссия йиғилишига ва 82 та масала сессия кун тартибига олиб чиқилди, партия электорати манфаатларига доир тегишли қарорлар қабул қилинишига эришилди.

Шунингдек, ҳудудлардаги мавжуд муаммоларни ҳал этишга қаратилган 275 та депутатлик сўровлари юборилиб, шундан 197 таси ижобий ечим топди. Бундан ташқари, 88 маротаба жойлардаги ҳудудий раҳбарлар ва мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари ва ахборотлари эшитилди.

Амалий Ҳаракатлар дастури туманлар кесимида таҳлил этилганда Пискент, Тошкент, Юқори Чирчиқ, Бўстонлиқ туман ва Чирчиқ шаҳар Кенгашлари партия гуруҳлари самарали ва тизимли иш олиб боришди.

Рақамлардан кўриниб турибдики, жойларда ечимини кутаётган масалалар оз эмас. Фуқароларни ўйлантираётган ижтимоий масалалар қай даражада самара ва натижа бераётгани депутатлик назоратини олиб бориш давомида янада яққол, аниқ кўринади. Қонунлар, қарор, дастурлар ва бошқа муҳим ҳужжатларнинг ижроси, яъни, рўёбини билиш учун кўпроқ одамлар орасида бўлиш, ҳар бир маҳаллага, ҳар бир хонадонга кириб бориш керак.

Кўзга кўринарли муҳим ташаббусларга тўхталадиган бўлсам, биз бир қатор лойиҳаларимиз билан маҳаллаларга, сайловчилар орасига кириб боряпмиз, улар билан елкама-елка туряпмиз.

Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга маҳаллий Кенгаш депутатларини бириктирган ҳолда уларнинг муаммосини босқичма-босқич ҳал этиш, ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш мақсадида «Аёлларга кўмак» лойиҳаси ўтказилди. Мазкур лойиҳа доирасида 122 та тадбир ташкил этилиб, 435 нафар ижтимоий кўмакка муҳтож, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларнинг муаммолари ўрганилди. Жумладан, 15 нафар ногиронлиги бор хотин-қизларга аравача, 12 нафарига қўлтиқтаёқ ва эшитиш мослама си олишга кўмак берилди. Шунингдек, депутатлар кўмагида 3 нафар хотин-қиз янги уй-жой билан таъминланди. 6 нафарига тикув машинаси олиб беришда ёрдам кўрсатилди. 178 нафар аёлга ҳуқуқий-психологик ёрдамлар кўрсатилди.

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ҳа ётига интеграция жараёнидаги мавжуд муаммоларни ўрганиш ва уларни ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида «Тенг ҳуқуқ – тенг имкониятлар» лойиҳаси доирасида 44 маротаба тадбир ташкил этилди. Тадбирларда 150 нафар ногиронлиги бўлган шахсларга амалий кўмаклашилди.

Аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, камбағалликни қисқартириш, муаммоларни тезкорлик билан жойида ҳал этишга қаратилган 87 маротаба «Депутат маҳалла да» лойиҳаси амалга оширилди. Депутатлар томонидан аҳоли муаммоларини ўрганиш мақсадида 95 маротаба сайёр қабуллар ўтказилиб унда 2152 нафар фуқаро қатнашди, ушбу сайёр қабулларда 635 та муаммоли масала кўтарилиб, шундан 540 таси ижобий ҳал этилди, қолган масалалар депутатлар томонидан назоратга олинди.

Муҳими, қанча йиғилишда иштирок этганимиз эмас, одамларнинг мушкулини осон қилувчи таклифлар, масалаларни кўтарганимизда, деб ўйлайман. Қайси тизим, қайси соҳа яхши ишламаётгани, аҳоли нималардан норози эканини кўпроқ уларнинг ўзидан эшитамиз. Фуқаролардан олинган маълумотлар асосида камчиликларни туман ҳокимига айтган вақтларимиз кўп бўлади.

– Сиз вилоят партия кенгаши ишидан шахсан ўзингиз қониқасизми? Партия кенгаши йўл қўйган хатолар сизнингча, нималардан иборат? Камчиликлар қандай ва қайси пайтда ижобий тенденция томон силжийди?

– Эътиборга молик ишлар кўп, албатта. Аммо бу — соҳада барча ишлар рисоладагидек дегани эмас. Янада фаол ишлаш, катта-катта ташаббуслар билан чиқиш учун ишга солинмаган имкониятларимиз бор, шундан унумли фойдаланишимиз керак.

Бир нарса аниқки, мамлакатимизда йилдан-йилга демократик муҳит тобора мустаҳкамланиб боряпти. Бир пайтлар қуруқ ҳисобот бериш, шунчаки қўл кўтариб, тасдиқлаш билан ўтган сессияларимиз ҳозир жонланган. Депутатларимизнинг сессиялардаги иштироки анча фаоллашган.

Шундай ҳоллар ҳам бўладики, сессияда фикр-мулоҳаза ва таклифларимиз қабул қилиниши учун тортишишга, баҳслашишга тўғри келади. Чунки депутат кўп, уларнинг ҳар бири ўзи сайланган сиёсий партиянинг манфаати, электорати истакларидан келиб чиқиб, қарор қабул қилинишини истайди. Шунга қарамай, тўғри айтилган фикрни қўллаб-қувватлаш, ягона тўхтамга келиш йўлини топамиз.

Вилоят партия кенгаши ташаббуси билан «Депутатнинг бир куни», «Кенгаш раисининг фаолияти», «Депутатлик сўровлари натижадорлиги» каби мавзуларда вилоят, туман, шаҳар кенгашларида тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. Шунингдек, ишимиз натижадорлигини сарҳисоб қилиш учун ҳар чорак охирида депутатлар билан анжуман ташкил қилинади. Бу анжуманда фаол депутатлар ўз фаолияти ҳақида маълумот беришади. Бу эса янги сайланган депутатлар учун амалий дарс бўлади.

Очиғини айтиш керак, муаммо ва мурожаатлардан қочиб юрадиган депутатлар ҳам йўқ эмас. Айтайлик, ўзига юклатилган вазифаларга эътиборсиз қараб келаётган партия гуруҳлари ҳам бор. Масалан, вилоятимизда ичимлик суви муаммосидан қийналиб келаётган ҳудудлар мавжуд.

Қишлоқларда, маҳаллаларда ички йўлларни таъмирлаш, шунингдек, иссиқлик таъминоти масаласи, электр энергия, тунги чироқлар йўқлиги билан боғлиқ қатор муаммолар аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўляпти.

Ушбу масалаларда давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари раҳбарларининг ахборот ва ҳисоботлари етарлича эшитилмасдан қолмоқда. Аксарият ҳолларда партия гуруҳлари масалани муҳокамаларга олиб чиқиш билан чекланиб, қабул қилинган қарорлар ижроси назоратсиз қолиш ҳолатлари кузатиляпти. Ваҳоланки, энг муҳими эришиладиган натижадир. Ўз ишига виждонан ёндашадиган депутат эртага сайловчилар ҳузурига нима, деб бориши ҳақида ҳам ўйлаб кўради.

Партия сафига янги аъзоларни жалб қилиш борасида қилинадиган ишларимиз кўп. Сайловчилар билан мулоқотларни кўпайтириш, сайёр қабуллар ташкил этиш, вилоятнинг ҳар бир ҳудудига кириб боришга ҳаракат қиламиз. «Депутат маҳаллада», «Уйма-уй», «Тиббий кўрик», «Депутат ва ёшлар», «Сафимизда ёшлар» лойиҳалари асосида амалий тадбирлар режасини туздик.

– Ютуқлар ҳақида гапирдик, хато ва камчиликларни санаб ўтдик. Келинг, энди бевосита партиянинг жамиятдаги нуфузини янада ошириш масаласига тўхталсак. Бундан кейин нимани кутсак бўлади? Яна бир савол. Юқорида муаммоларни айтдингиз.

Хўш, сиз бу муаммоларни тўлиқ бартараф этишга ваъда бера оласизми?

– Яқинда вилоятимиздаги 33 та ташкилотда партиямизнинг янги бошланғич ташкилотлари тузилди. Йил охиригача қуйи бўғинлар сонини 969 тага етказиш мақсадимиз бор.

Партиямиз тизимида ўтказиладиган «Ёш сиёсатчи» кўрик-танлови орқали бизга хайрихоҳ бўлган ёшлар сафи кенгайиб бормоқда. Ўтган йили ушбу лойиҳа орқали минглаб янги аъзолар партиямиз атрофида бирлашди.

Бугунги кунда партия сафида 63126 нафар аъзо бўлиб, улардан 29748 нафарини аёллар, 18962 нафарини ёшлар ташкил этади. Январь ойида 2109 нафар аъзо қабул қилинган бўлиб, уларнинг 862 нафари аёллар, 560 нафари ёшлар. Шунингдек, қуйи бўғин электоратимиз билан «Сиёсатчи аёл» кўрик-танлови, «Сиёсатдаги ёшлар» интеллектуал турнир ўтказишни режалаштираяпмиз.

Депутатлик бирлашмалари ва партия ташкилотлари маълум мурожаатларни ҳал этиш билан бирга, ҳудудларда партия электорати манфаатларига хизмат қиладиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижро ҳолати ҳақида аниқ хулосани шакллантириши керак, деб ўйлайман.

Шу муносабат билан фаолиятимизнинг барча даражасида депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтиришни режалаштирганмиз. Бу орқали маҳалла, туман ва шаҳарларнинг ижтимоий ривожланиш ҳолатини тизимли равишда мониторинг қиламиз.

Умуман олганда, камчиликлар устида ишлаб, партия ташкилотлари фаолиятини янада кучайтириш, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари нуфузини ошириш бўйича қатъий режаларимиз бор. Имкониятларимиз кўп, ваколатларимиз ҳам етарли. Ишонаманки, режаларимизнинг барчаси амалий натижаларимизда акс этади. Энг муҳими, халқ эҳтиёжларидан узилиб қолмасликка ҳаракат қиламиз.

 

***

 

Тўғри, амалга оширилаётган эътиборга молик ишлар кўп, лекин жараён тўхтаб қолмаслиги, вақт ўтгани сари изчил тус олиши керак. Йил бошланганига ҳали кўп бўлмади, олдинда ҳали вақт ҳам бор. Кўрамиз, кузатамиз, биринчи ярим йилликда вилоятдаги барча депутатларнинг ташаббусини фаол ёритишга биз ҳам умид қиламиз.

Хўш, депутат сифатида сиз ишингиздан қай даражада қониқяпсиз? Маҳаллий Кенгашлардаги бугунги вазият, ҳақиқий манзара аслида қандай? Кейинги сонларимизда бошқа вилоятлардаги депутатларимиз, маҳаллий партия ташкилотларимиздан шу саволларга жавоб излаймиз. Кутинг, кейинги манзил сизнинг ҳудудингиз бўлиши мумкин.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Лазиза Шерова

суҳбатлашди.

«Ўзбекистон овози», 12.3.2025, №10

 

Юртимизнинг яшиллик даражаси янада ортади

2025 йилАтрофмуҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йили

 

Ҳавонинг ифлосланиши инсон саломатлиги учун энг жиддий таҳдидлардан бирига айланди. Маълумотларга кўра, дунёда ҳар йили 9 миллионга яқин одам ҳаво, тупроқ ва сувнинг ифлосланишидан вафот этади. Экологик муаммоларнинг чуқурлашиши, истеъмолга яроқсиз сув, чангтўзонлардан яна миллионлаб кишилар, биринчи навбатда болалар, аёллар, кексалар соғлиғига зиён етмоқда.

Мана шундай шароитда глобал иқлим ўзгаришлари, атмосферанинг ифлосланиши, қурғоқчилик ва чўлланишга қарши курашнинг бирламчи ечими яшил иқтисодиётга ўтиш, энергия самарадорлигини ошириш, экологик тоза транспорт турларини ривожлантириш ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда 2030 йилга қадар яшил майдонларни 30 фоизга етказиш режалаштирилган. Ушбу мақсадда сўнгги уч йилда республика бўйича жами 736 млн туп дарахт ва бута кўчатлари экилди.

Бу ишларни фаол давом эттириш, «Ўзбекистон–2030» стратегиясини Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифаларни изчил ҳаётга татбиқ қилишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Давлат дастурига кўра, жорий йилда маҳаллаларнинг экологик қиёфасини яхшилаш, кўчаларнинг яшиллик даражасини ошириш, экологик жиҳатдан қулай ва фаровон яшаш муҳитини шакллантириш чора-тадбирлари янги босқичга кўтарилади. Аҳоли учун барпо этилаётган пиёдалар ва алоҳида велосипед йўлаклари бўйида дарахтлар ва ўсимликларни экиш орқали «Сояли сайр кўчалари» тармоғи яратилади, соҳил ва дарё бўйларида 80 та инфратузилма объекти ва 110 километрдан ортиқ соғломлаштириш йўлаклари барпо этилади. «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси ва «Менинг боғим» лойиҳаси доирасида 200 миллион туп дарахт ҳамда буталар экилиши, «яшил боғлар» ва «яшил жамоат хиёбонлари»да қуёш панеллари ёрдамида қувватланувчи ёриткичлардан фойдаланиш ҳам кўзда тутилмоқда.

 

Бу саъй-ҳаракатлар замирида чўлланиш, ҳаво ифлосланиши каби муаммоларни юмшатиш, ҳудудлар қиёфасини гўзаллаштириш, яшилликка бурканган манзилларни кўпайтириш ва одамлар ҳаёти сифатини яхшилаш мақсадлари мужассам.

 

Одилжон ИМИНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

– Яшиллаштиришнинг асосий афзалликларидан бири ҳаво сифатини яхшилашдир. Зотан, экологик муаммолардан биринчи навбатда ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳоли кўпроқ зиён кўради. Чунки, оддий мисол, ҳамма ҳам уйига сувни ёки ҳавони тозаловчи фильтрларни қўйиш имкониятига эга эмас. Агар биз экологик муаммоларнинг самарадор ечимларини амалиётга йўналтирсак, ўз-ўзидан жуда кўплаб ижтимоий масалаларда ҳам янги қадамларни қўйган бўламиз.

Яна бир жиҳат. Кўчат экиш мавсумларида ҳақ тўланадиган жамоат ишларига ишсиз аҳолини, биринчи навбатда «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларни фаол жалб этишга эътибор қаратилади.

Шунингдек, экология соҳасига ихтисослашган олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш масаласи ҳам долзарб бўлиб турибди. Айтайлик, эколог-биолог, экохимик, экологик аудитор, нутрицолог каби кўплаб замонавий касбларга кундан-кун эҳтиёж ортмоқда. Шуни инобатга олиб, олий таълим бўғинида минглаб ёшларни экология билан боғлиқ касбларга йўналтириш учун янги мутахассисликлар очилиши айни муддаодир.

 

Баҳорда 125 миллионта кўчат

Шу кунларда айни кўчат экиш мавсуми қизғин паллага кирмоқда. Юртимизда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида олиб борилаётган ишлар тобора кенг қамров касб этмоқда. Лекин бу ишлар кутилган натижани беряптими? Экин мавсумида нималарга эътибор қаратиляпти? Кўчатлар қандай парваришланяпти ва қандай танланяпти?

Бу саволларимизга жавоб олиш учун соҳа мутахассисларига юзландик.

 

Ўлмас СОБИРОВ,

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги бўлим бошлиғи:

– Биласиз, Ўзбекистон иқлими жуда ўзгарувчан. Баъзи ҳудудларимизда намлик юқори ёки меъёрида бўлса, баъзи жойлар қурғоқчиликка мойил. Кўчатларни экишда ва танлашда биринчи ўринда шу масалага эътибор қаратяпмиз. Сўнг уларнинг ҳар бирини парваришлаш учун масъуллар бириктирилиб, «yashilmakon.eco» электрон платформасига киритиб борилмоқда. Ўтган йиллар давомида бу борада етарлича тажриба тўпладик, хатолардан сабоқ чиқардик.

Жумладан, вазирлигимиз томонидан 2024 йил кузги кўчат экиш мавсуми илмий асосланган ҳолда эълон қилинди. Вегетация муддати тугаши билан 8 ноябрда республикамизнинг тоғли ҳудудларида, бошқа ҳудудларда 12 ноябрда, Сурхондарё вилоятида эса 15 ноябрда кўчат экиш ишлари бошлангани яхши натижа берди. Йил давомида 253 та сув қудуғи қазилиб, 3,2 минг км суғориш тармоғи барпо этилди. Сувсиз ҳудудларга 1900 дан ортиқ махсус техника жалб қилинди. Республикамизнинг шаҳар ва туманлари марказларида жами 347 гектар майдонда «яшил боғлар» яратилди.

Жорий йилда орттирган тажриба ва билимларимиздан янада самарали фойдаланишни мақсад қилганмиз. Баҳор мавсумида 125 млн, кузда 75 млн туп дарахт ва бута ниҳоллари экиш, «Яшил боғлар» сонини 700 тадан ошириш режалаштирилган. Хусусан, йирик саноат корхоналари ва уларга туташ ҳудудларда 10 миллион туп кўчатдан иборат «яшил белбоғ»лар яратилади. Йил давомида ўрмон муҳандиси, биолог-ботаник, дендролог, тупроқшунос, ирригатор, гидрогеолог, гидролог каби мутахассислар иштирокида тегишли ҳудуд тупроқ-иқлим шароитига мос кўчат турларини танлаш, экиш, парвариш қилиш ва суғориш бўйича илмий-амалий семинарлар ташкил этилади.

 

Галофит боғлари барпо этилади

Бобур ҲУСАНОВ,

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги масъул ходими:

– Бу йилдан бошлаб яна бир янгилик жорий этилмоқда. Яъни, Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Бухоро, Навоий, Қашқадарё вилоятларининг танланган ҳудудларида 1 тадан, жами 5 та галофит боғлари ташкил этилади. Хўш, галофит боғлари нима ўзи?

Шўр ва сувсизликка чидамли ўсимликлар тури галофитлар дейилади. Мутахассисларнинг фикрига кўра, дунёда у ёки бу тарзда галофитларга тегишли бўлган 3 мингга яқин ўсимлик турлари мавжуд. Галофитларнинг аксарияти ўсимлик, аммо бутун бир ўрмонларни ҳосил қиладиган наботот турлари ҳам мавжуд. Тупроғи шўр ерларимизда улардан фойдаланиш самарали натижа бериши аниқ.

Бундан ташқари, барча ҳудудларда кўчатчилик фаолияти билан шуғулланувчи субъектларни тўлиқ хатловдан ўтказиб, экиладиган ниҳолларнинг захираси яратилмоқда.

Баҳор мавсумида кўчат сотиш ярмаркалари ва савдо нуқталари фаолияти йўлга қўйилади. Республиканинг мавжуд иқлим зоналари ва улардаги шароитлардан келиб чиқиб Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Сурхондарё, Жиззах, Фарғона ва Тошкент вилоятларида «ин-витро» лабораториялари ташкил этилади. Бу эса ўрмон зоналарини кенгайтиришга хизмат қилади.

 

Орол тубида «яшил қопламалар»

Зафар ЭШОНҚУЛОВ,

Ўрмон хўжалиги агентлиги масъул ходими:

– Бу йил ана шундай ҳудудларининг ўзида 250 минг гектарда «яшил қопламалар» – ҳимоя ўрмонзорларини барпо этмоқчимиз. Шунингдек, тоғли, водий, тўқай ҳудудларда ҳам ўрмонларни кенгайтириш тадбирлари олиб борилади.

Орол денгизи тубида 100 минг гектар флора ва фаунадан иборат «яшил қоплама» яратилиб, Оролбўйи минтақасидаги ўрмонзорлар майдони 2,1 миллион гектарга етказилади. Бунинг учун биринчи навбатда ўсимликлар дунёсини яратиш, 1 йиллик, кўп йиллик, кўкка бўй чўзадиган дарахтларни экишимиз зарур. Яшиллик бор жойда тириклик бор, ҳаёт бор. Шу маънода юқорида санаб ўтилган аниқ чора-тадбирлар самарасида республикамизда яшиллик даражасини жорий йил якунига қадар янада оширишни мўлжаллаяпмиз.

Инсон саломатлигини таъминлашнинг 17 фоизи экологик омилларга боғлиқ бўлгани каби жамиятда ижтимоий барқарорликни қарор топтириш бу масалага жиддий ёндашувни талаб қилади. Айни соҳадаги ислоҳотлар мазмун-моҳиятан Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг ғоя-ташаббуслари билан ҳам уйғундир.

 

Хуршидабону НАЗАРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 12.3.2025, №10

 

 

Оилада – оқила, жамиятда – илғор

Анъанага кўра, нафосат ва гўзаллик айёми – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан меҳнат фаолияти ва жамоат ишларида намуна кўрсатган бир гуруҳ опа-сингилларимиз Президентимизнинг тегишли Фармонига мувофиқ давлат мукофотлари билан тақдирланди.

Улар орасида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг аъзолари ҳам бор.

 

Сўз – мукофотланганларга!

 

Гулзар МАМБЕТНИЯЗОВА,

Чимбой туман ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи,
“Дўстлик” ордени соҳибаси:

– Озми-кўпми меҳнатим юксак қадрланиб, “Дўстлик” орденига муносиб кўрилганимдан ниҳоятда бахтиёрман. Бу мукофот менга янада куч беради, янги ўзгаришларга дахлдорлик туйғусини каррасига оширади. Бор билимимни, бор кучимни юрт тараққиёти учун бағишлашга ҳаракат қиламан.

Бугун мамлакатимизда биз, аёлларга барча соҳада ўз салоҳиятимизни намоён этишимиз учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Хотин-қизлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланяпти. Бу эса амалда ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Оилада оқила ва фидойи аёлларимиз ҳамма соҳада фаол, етакчига айланаётир. Масалан, ўтган йилги парламент сайловларида Чимбой туманидан сайланган депутатларнинг 40 фоизини аёллар ташкил этди. Олдин бундай кўрсаткич кузатилмаган. Ёки юртимиз олий ўқув юртларида таҳсил олиш учун қорақалпоғистонлик ёшларга 10 мингта қўшимча квота ажратилиб, унинг 67 фоизи хотин-қизларимиз ҳиссасига тўғри келгани ғоятда қувонарли.

Давлатимиз раҳбари Кўксарой қароргоҳида Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилган байрам тадбирида уй-рўзғор ишлари ва фарзанд тарбиясидан ортиб, таълим олаётган, меҳнат қилаётган ва тадбиркорлик билан шуғулланаётган хотин-қизлар замонамизнинг ҳақиқий қаҳрамонлари эканини алоҳида таъкидлади. Янги Ўзбекистонда хотин-қизларнинг оғирини енгил қилиш, улар учун барча соҳаларда зарур шароитларни яратиб бериш доимо давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолиши қайд этилди. Бу давлат ва жамият ҳаётида ташаббускор, шижоатли аёлларимиз сафи тобора кенгайиб боришига замин ҳозирлайди. Ҳар бир аёл оиланинг, жамиятнинг таянчи, умиди, бахтидир.

 

Гавҳарой ТОЖИХОНОВА,

Марҳамат тумани «Янги ҳаёт» маҳалла фуқаролар йиғини ҳоким ёрдамчиси,
“Шуҳрат” медали соҳибаси:

– Тўғрисини айтсам, бундай эътиборни кутмаган эдим. Кўксарой қароргоҳида ўтган байрам тадбирида иштирок этиб, Президентимизнинг қўлларидан мукофот олаётган чоғимда кўнглимда ўтган ҳаяжон ва қувончни сўз билан таърифлай олмайман. Ниҳоятда мамнун бўлдим. Ундан ҳам кўпроқ масъулиятни ҳис қилдим. Бу ишончни оқлаш ва ҳамиша муносиб бўлиш учун ўз олдимга янги мақсадларни қўйдим.

Бугунги кунда мамлакатимизда аёлларнинг жамиятдаги ўрни кенгайиб бормоқда. Оила мустаҳкамлиги, фарзанд тарбияси каби масалаларга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояга муҳтож, оғир ижтимоий аҳволда қолган, жумладан, оилавий муаммоларга, турмушида зўравонликка дуч келган аёлларни аниқлаш, улар билан якка тартибда профилактик тадбирлар ўтказиш ва шу орқали соғлом турмуш тарзига қайтариш энг долзарб масалага айланди. Буни чуқур англаган ҳолда иш фаолиятим давомида ҳудудимиздаги ҳар бир аёл ҳаётидан, орзу-мақсадлари, ташвиш-муаммоларидан бохабар бўлишга, турли оғир вазиятларга тушиб қолган опа-сингилларимизга ёрдам қўлини чўзишга вақтимни ҳам, кучимни ҳам аямайман.

 

Ойгул ШОМУРАТОВА,

Термиз туман ободонлаштириш бошқармаси гул етиштирувчиси,
“Дўстлик” ордени соҳибаси:

– Орден билан мукофотланганимни эшитганимда хурсандлигимдан ичимга сиғмай кетдим. Неча кун ўтдики, ҳали ҳам ҳаяжоним босилгани йўқ. Бундай юксак даражада меҳнатим эътироф этилади, деб ҳеч ўйламаганман. Бу Термиз тумани ободонлаштириш бошқармасида иссиқни иссиқ, совуқни совуқ демай меҳнат қилаётган барча аёлларнинг ҳам ютуғи, ҳаммамизга берилган рағбатдир. Шу билан бирга юртимизда ҳар бир хотин-қизнинг ўз ўрни, қадри борлигини яна бир карра тасдиқлайди.

Чиндан ҳам сўнгги йилларда биз, аёлларнинг оилада ва жамиятда ўрнимизни, мавқеимизни янада ошириш йўлида қилинаётган ишларни ҳаётимиздаги яхши ўзгаришлар, яратилаётган енгиллик ва қулайликлар мисолида кўриб-билиб турибмиз. Бундай ғамхўрлик, шароит ва имтиёзлар янги мақсадларга, янги марраларга руҳлантирмоқда.

Янгиликлар яхшиликларга уланаверсин, ҳар бир аёл бахтли, саодатли яшасин, дейман. Бунга унинг тўла ҳаққи бор.

 

“Ўзбекистон овози” мухбири

Хуршидабону НАЗАРОВА ёзиб олди.

 

Маҳаллий кенгашларда. Мурожаат асосида ўрганиш олиб борилди

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан сайланган депутатлар жойларда тизимли равишда ўрганишлар олиб бормоқда.

Хусусан, халқ депутатлари Бекобод тумани Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси Ирода Қодирова “Ўрикзор” МФЙда фуқаролар мурожаатлари юзасидан ўрганиш олиб борди. Аниқландики, маҳалладаги 5 та кўча таъмирталаб ҳолатга келиб қолган.

Шунингдек, маҳалладан чиқиндилар олиб кетилмаётгани, хонадонларга ичимлик суви қувурлари тортилмагани, аҳоли маҳалла бошидаги 1 дона крандан сув ташиб фойдаланаётгани маълум бўлди. Ушбу масалалар юзасидан мутасадди ташкилотларга хат билан чиқилиши айтилди.

Депутат шу куни кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар хонадонида бўлиб, уларнинг турмуш тарзи билан танишди. Мурожаатлар юзасидан ҳуқуқий тавсиялар берди.

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.

 

 

 

Маҳаллий кенгашларда. Энг фаол БПТ етакчилари аниқланмоқда

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Фарғона туман кенгаши томонидан “Йилнинг энг яхши БПТ етакчиси” кўрик-танловининг туман босқичи ўтказилди.

Танловнинг асосий мақсади — партиянинг мафкуравий ғояларини кенг тарғиб қилиш, партия аъзолари орасида ижодий ва илмий салоҳиятга, юксак интеллектуал қобилият ва ахлоқий фазилатларга эга бўлган кадрларни танлаб олишдан иборат.

Шунингдек, партиянинг бошланғич ташкилотларида рақобат муҳитини яратиш ва фаол, ташаббускор етакчиларни рағбатлантириш масалалари ҳам мақсад қилинган.

Бундан ташқари, танлов партия аъзоларининг профессионал ва шахсий қобилиятини баҳолайди. Шу орқали партиянинг сиёсий ривожи ва кадрлар захираси юксалишини таъминлашга эришилади.

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.

 

 

Маҳаллий кенгашларда. Депутат сўрови орқали муаммо ижобий ҳал этилди

Халқ депутатлари Вобкент туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси Омон Мухторовга «Шанба» маҳалла фуқаролар йиғинидаги Ободмаҳалла, Халқобод ва Шамсиобод қишлоқлари фуқаролари томонидан мурожаат келиб тушган эди.

Унда аҳоли хонадонларида зах кўтарилиши натижасида бир қатор ноқулайликлар юзага келаётгани, шу боис ҳудуддан ўтган захкашни тозалашда ёрдам сўралганди.

Мазкур масала бўйича депутат томонидан туман сув хўжалиги бўлимига депутатлик сўрови юборилди ва махсус техниклар ёрдамида захкаш тозаланди. Натижада зах кўтарилишининг олди олинди.

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.

 

 

Маҳаллий кенгашларда. Бошланғич ташкилот сарҳисоби

Ўзбекистон ХДП Каттақўрғон шаҳар кенгаши ташаббуси билан «Чордара» маҳалла фуқаролар йиғинидаги бошланғич партия ташкилотида ҳисобот йиғилиши ўтказилди. Унда бир қатор масалалар кўриб чиқилди.

Жумладан, 2024 йилда амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот тингланди. Шунингдек, йиғилишда Ф.Низомов «Чордара» МФЙ БПТ етакчиси этиб қайта сайланди.

Худди шундай тадбир Ўрта Чирчиқ тумани «Инсон» ижтимоий хизматлар агентлигидаги бошланғич ташкилотда ҳам бўлиб ўтди.

Ҳисобот-сайлов йиғилишларида Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди.

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.