Мамлакатимизда банк фаолияти турлари кенгаймоқда

Ҳозирда жаҳонда ҳукм сураётган мураккаб бир даврда мамлакатимиз иқтисодий ривожини жадал суръатда олиб боришда халқаро молия ташкилотлари билан ҳамкорлик масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, микромолия ташкилотлари томонидан исломий молия хизматлари кўрсатилиши учун ҳуқуқий асос 2024 йилнинг июль ойида яратилганига қарамай, исломий молия хизматларини солиққа тортиш масалалари ҳал этилмагани сабабли мазкур хизматларнинг микромолия ташкилотлари кредит портфелидаги улуши атиги 3,8 млрд. сўмни ёки 0,04 фоизни ташкил этган.

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий қилишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан исломий банк фаолиятининг ҳуқуқий асослари ва банклар томонидан исломий молия хизматлари кўрсатилиши тартиби белгиланди.

Қонун билан Марказий банкка Кредит ташкилотлари учун исломий молия стандартларини тасдиқлаш ва Исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияни бериш, қайта расмийлаштириш ва чақириб олиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ваколатлари берилмоқда.

Таъкидлаш лозимки, банклар исломий банк фаолиятини амалга ошириш лицензиясини олган ҳолда бир вақтнинг ўзида ҳам анъанавий молия операцияларини, ҳам исломий молия операцияларини амалга ошириш имкониятига эга бўлади.

Шунингдек, Бош регулятор томонидан Исломий молия фаолияти билан боғлиқ масалаларни мувофиқлаштирувчи Марказий банкнинг исломий молия кенгашини ташкил этиш ва тугатиш тўғрисида қарорлар қабул қилиши ва унинг фаолиятига доир талабларни белгилаши нормаси киритилди.

Марказий банкнинг исломий молия кенгаши МБ назорат қилиши керак бўлган шахслар томонидан амалга ошириладиган исломий молия фаолиятини мувофиқлаштирувчи коллегиал орган ҳисобланади.

Марказий банк исломий молия кенгаши исломий молия стандартларини ишлаб чиқади, ушбу соҳада норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда Марказий банкка кўмаклашади, баҳс мунозараларга сабаб бўлувчи масалалар юзасидан тушунтиришлар ва изоҳлар беради ҳамда исломий молия фаолияти билан боғлиқ низолар бўйича хулосалар тақдим қилади.

Банк томонидан банк ҳисобварақларини очиш ва юритиш, тўловларни амалга ошириш, омонатларга (депозитларга) пул маблағларини жалб этиш, ўз номидан кредитлар (қарзлар) бериш бўйича банк фаолияти операциялари бўйича банкларга нисбатан белгиланган қоидалар исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкларга нисбатан ҳам татбиқ этилиши мумкин.

Исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия орқали банклар фойдани тақсимлаш шарти асосида мижозни молиялаштириш ёки пул маблағларини инвестициявий омонатларга жалб этиш, вакиллик шартномаси орқали пул маблағларини бериш ёки инвестициявий омонатларга жалб этиш, товарни насияга сотиш орқали мижозни молиялаштириш, товарлар учун олдиндан ҳақ тўлаш орқали мижозни молиялаштириш, биргаликдаги фаолиятни (шерикчилик) амалга ошириш ёки юридик шахсларнинг устав капиталида иштирок этиш орқали мижозни молиялаштириш ва мол-мулкни исломий ижарага бериш каби фаолиятни амалга ошириши мумкин.

Исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган банкларнинг тегишли фаолияти исломий молия стандартларига мувофиқлиги юзасидан ҳар йили камида бир маротаба исломий молия бўйича ташқи аудит текшируви ўтказилиши лозим. Исломий молия операцияларини солиққа тортишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳам белгиланди, жумладан, солиққа тортиш мақсадларида банклар ва микромолия ташкилотлари томонидан исломий молия фаолияти доирасида мижозга реализация қилинадиган товарларга қўйиладиган устам ҚҚСдан озод қилинади.

Шунингдек, республикамиздаги банклардаги аҳоли омонатларини кафолатлаш механизмлари исломий молия соҳасидаги илғор амалиётларга мувофиқ исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкларга ҳам татбиқ этилиши белгиланди.

Исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия жорий қилинаётгани муносабати билан исломий банк фаолиятини лицензиялаш учун давлат божи белгиланган.

Мамлакатимизда исломий банк хизматлари босқичма-босқич йўлга қўйилиши яширин иқтисодиёт улушини камайтиришга, хорижий инвестицияларни жалб этишга хизмат қилади.

 

Эркин ГАДОЕВ,

Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси.

 

Ташаббусли бюджет электорат манфаатларига хизмат қиладиган лойиҳаларни амалга ошириш учун янги имкониятлар бермоқда

Ҳар бир давлат ва жамият аъзоларининг ўзаро ҳамкорлиги, фикрлар муштараклиги, шунингдек, фуқароларнинг ижтимоий, сиёсий жараёнларда фаол иштироки демократик ислоҳотларнинг муҳим ва асосий индикатори ҳисобланади. Айниқса, давлатнинг молия, иқтисодиёт борасидаги сиёсати шаффоф кўринишга эга бўлиши аҳолининг ишончи ошишида катта роль ўйнайди.

Бундай имкониятларни яратган мамлакатларга нисбатан «good governance» (яхши ҳукумат) ёки «рublic governance» (халқ ҳукумати) мақомини бериш амалиёти ҳам мавжуд. “Халқ ҳукумати” қарорларни қабул қилишда ва уни бажаришда фуқароларнинг кенг иштироки билан белгиланади.

1990 йилда Жаҳон банки томонидан дунёнинг ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлари учун тажриба кўринишида иқтисодий лойиҳаларда аҳолининг фаол иштирокига қаратилган биринчи дастур ишлаб чиқилган ва бунда дастлаб аҳолининг фикрини олиш ташаббуси берилган эди.

Бугун дунё мамлакатларида аҳолининг давлат бошқарувида бевосита иштирокини таъминлашда ахборот технологияларининг ўрни ва таъсири ошиб бормоқда. Аммо бу ўринда савол туғилади. Бунинг самарасини қандай баҳоланади? Унинг натижалари қандай аниқланади?

Таҳлилларга кўра, “электрон ҳукумат” ёки “электрон ҳужжат” айланмаси биринчи навбатда инсон омилининг аралашувини кескин камайтиришга хизмат қилади. Чунки кимларнидир бундай лойиҳаларга “суқилиб” киришига умуман йўл қўйилмайди. Бу биринчидан.

Иккинчидан, аҳоли лойиҳада кўрсатилаётган масала ҳақида тўлиқ ёки қисман хабардор бўлади. Буни сиёсий амалиётда “электрон демократия” ёндашуви деб ҳам номлаш урф бўлган, шу билан бирга, кўплаб ривожланган мамлакатларда бу қулай, содда механизм сифатида қўллаб келинмоқда.

Ўзбекистонда бошланган “Очиқ бюджет” лойиҳасида дастлаб 300 мингдан ортиқ аҳоли қатнашган. Бугунги кунда бу лойиҳа аҳолининг фаоллигини ошириш билан бирга, ислоҳотларда шахсан иштирок этишларини таъминлашга хизмат қилмоқда.

 

Президент ташаббуси

Кейинги йилларда Ўзбекистондаги ислоҳотлар бу борада қанчалик тўғри йўналиш танланганини кўрсатиб бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 29 августдаги “Ташаббусли бюджет жараёнларини такомиллаштириш доирасида халқ вакиллари ва сайловчилар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, “Ташаббусли бюджет” учун ажратиладиган маблағлар кўлами янада кўпайтирилиб, бу жараёнда Қонунчилик палатаси депутатларининг иштироки ва ташаббускорлигини қўллаб қувватлаш белгиланган.

Унга кўра, депутатлар ўз сайлов округларида ғолиб бўлмаган лойиҳалар орасидан бир йил давомида иккита лойиҳани танлаб, ғолиб деб топади. “Очиқ бюджет” ахборот порталида депутатлар танлови учун алоҳида бўлим очилган ва депутатларнинг танловни амалга ошириши аҳолига кўриниб туради. Бу очиқликни оширади, сиёсий фаолликни ривожлантиради.

Эндиликда ташаббусли бюджет доирасида ғолиб бўлмаган лойиҳани депутат ташаббусига кўра ғолиб, деб эълон қилиш имконияти қатор янгича ёндашувларга асосланади.

Биринчидан, бу тизим депутатларнинг сиёсий фаоллигини ва сайловчилар олдидаги сиёсий масъулиятини янада ошириш, ижтимоий масалаларни ҳал этишда ташаббускорликни янада кучайтиришга туртки беради.

Иккинчидан, депутатларнинг ҳар йили аҳолининг кундалик ҳаётига ва ҳудудни ривожлантиришга бевосита таъсир қиладиган 2 та лойиҳани танлаш имконияти яратилади.

Учинчидан, сайлов округларида ижтимоий масалаларни ҳал этиш бўйича депутатларни зарур ресурслар билан таъминлаш амалиёти йўлга қўйилади.

Тўртинчидан, ташаббусли бюджет лойиҳаларини молиялаштиришда олий давлат вакиллик органи назорати кучайтирилади.

Лойиҳанинг биринчи босқичидаёқ аҳоли ва депутатлар ўртасида ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Сайлов округларидан қайтган депутатлар ташаббуснинг аҳоли ижтимоий кайфиятига катта таъсир этганини, уларнинг мамнун эканини алоҳида таъкидлашмоқда.

Хусусан, Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари энг мақбул лойиҳаларни жойларга чиқиб, аҳоли вакиллари билан кенг қамровли мулоқотлар ўтказиш орқали танлашга эътибор қаратди. Ғолиб бўлмаган лойиҳаларнинг долзарблиги, аҳоли учун қай даражада аҳамиятли экани ҳар томонлама ўрганилди. Энг асосийси, ҳаммаси шаффоф тарзда амалга оширилди, буни жамоатчилик ҳам эътироф этди.

Фракциянинг йиғилишида қайд этилишича, давлатимиз раҳбарининг ташаббусли бюджет жараёнларини такомиллаштириш, депутатлар ва сайловчилар, айниқса, электорат вакиллари орасида ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган қарори катта ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлмоқда. Ушбу ташаббус орқали республика бўйича ижтимоий қиймати юқори бўлган, халқимиз орзиқиб кутаётган 300 та қўшимча лойиҳани амалга ошириш имконияти очилади.

Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари сайлов округларидаги фаолияти давомида турли лойиҳалар билан бевосита танишиб, электорат вакилларининг фикр-мулоҳазалари асосида қатор лойиҳаларнинг амалга оширилишини қўллаб-қувватламоқда.

Хусусан, маълумотларга кўра, таълим муассасаларини таъмирлаш, қўшимча бинолар қуриш ёки реконструкция қилиш бўйича 10 та, йўлларни таъмирлаш бўйича 7 та, ирригация ва сув тармоқларини таъмирлаш бўйича 3 та, жами 20 та ижтимоий лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.

Хулоса қилиб айтганда, ташаббусли бюджет жараёнларида депутатларнинг иштироки – бу нафақат назорат ва вакиллик вазифасини бажариш, балки жамият ва давлат ўртасида ишончни мустаҳкамлаш, қарор қабул қилиш жараёнларини янада демократлаштириш демакдир. Шу боис, ушбу жараёнларда депутатларнинг фаол иштирокини таъминлаш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Ҳақиқатан ҳам, бу янгилик муҳим сиёсий қарор бўлди, десам хато бўлмайди. Бу бизларга яна бир бор ишонч, шунингдек, халқимизнинг янада фаоллашувига асос бўлди. Яқинда ҳудудларда бўлганимизда асосий масалалар қаторида бу янгиликни сайловчилар билан ўртоқлашганимизда, уларнинг нечоғли хурсанд бўлганликларини тасаввур қилишингиз мумкин.

Хусусан, мен танланган лойиҳа аввал 15 минг овоз йиғиб ҳам юта олмаган экан. Аммо ижтимоий жиҳатдан муҳимлигини ҳисобга олиб, Денов туманидаги “Қизилжар” МФЙдан ўтувчи йўл учун овоз бердим. Сабаби, бу лойиҳа ҳудуд аҳолисининг ҳаракатланиши, айниқса, мактабларга қатнаётган ёшларимиз учун зарур.

 

Сайёра ИМОМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Туман Кенгашида, Жўқорғи Кенгесда, мана, энди Олий Мажлис Қонунчилик палатасида уч чақириқ депутат бўлиш насиб этди. Лекин шунча йиллик тажрибамда депутатни халқ билан, сайловчилар билан яқинлаштирувчи бундай механизмни кўрмаганман, десам ҳам бўлади.

Ўзим Қорақалпоғистон Республикасидан сайланганим, ҳудудни яхши билганим учун бу ташаббус мен учун катта имконият бўлди, деб ўйлайман. Энг асосийси, Президентимизнинг ташаббуси орқали яна қўшимча имконият берилиши, айниқса, алоҳида сумманинг кафолатли ажратилиши тарихий ўзгаришларнинг яна бир дебочаси эканига ишонаман.

Мен Беруний туманидаги “Мустақиллик” маҳалласида ички йўлларни таъмирлаш лойиҳасига овоз бердим, бу йўл иккита мактаб ўқувчиларининг ўқишга қатнаш имкониятини яхшилайди. Сайловчилар, минглаб ота-оналар бу лойиҳа, бу ташаббусдан жуда хурсанд.

 

Қизилгул ҚОСИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Ҳудудларга бориб, аҳоли билан учрашганимизда бир қатор ижтимоий масалаларга дуч келардикки, баъзан уларни ечишда ўзимизда ҳам имкониятлар, керак бўлса, ресурслар етишмас эди.

Президентимизнинг депутатларнинг сиёсий фаоллиги ва ташаббусларига куч берган қарори мени ҳам қаттиқ хурсанд қилди. Тошкент вилоятидан сайланганим учун Ангрен шаҳри “Кимёгар” МФЙ ҳудудидаги 1992 йилдан бери таъмирланмаётган ички йўлларни, яъни аҳоли учун сувдек зарур бўлган лойиҳани танладим, асосийси, халқ мамнун. Бу ишонч биз, депутатлар учун катта шараф.

 

Шарофиддин НАЗАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Мен ўзим иқтисодчиман. Ҳар бир сарфланган пул амалий натижага йўналтирилиши муҳим, деб ҳисоблайман. Тажрибамда мени бунчалик руҳлантирадиган бундай ёндашувлар кам бўлган. Шу боис, пулни тўғри йўналтиришда ўзим иштирок этаётганим ва буни Президент барча депутатларга ишонч сифатида тақдим этиши мени ҳам хурсанд қилди. Ўзим ҳам энг оғир, энг зарур лойиҳаларга эътиборимни қаратдим. Кўкдала туманида касб-ҳунар техникуми билан боғлиқ лойиҳага овоз бердим. Техникум бор, амалий ишлар учун устахона йўқ, жиҳоз йўқ. Бу лойиҳага овоз беришимнинг сабаби, эртага ёшларнинг касб эгаси бўлиб чиқиши, бандлиги таъминланишида катта имкониятларни яратади.

 

Шокиржон АҲМЕДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Бизнинг партиямиз электорати, яъни ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам вакиллари манфаатларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан ушбу лойиҳани депутатларга катта имконият, масъулият ва ваколат, деб қабул қиламан.

Мен Фарғона вилояти Бувайда туманидаги 39-умумтаълим мактабини жиҳозлаш, моддий-техник базасини яхшилаш лойиҳаси учун овоз бердим. Мактаб, ўқувчи ва ўқитувчилар анча йилдан бери шундай лойиҳа молиялаштирилишига муҳтож бўлиб юрган экан. Таълим ва билимга сарфланган маблағ ҳар доим ўзини оқлайди.

 

Зокиржон ЗОҲИДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Ташаббусли бюджет уникал десам, хато қилмаган бўламан. Бу сафарги сайлов округларидаги учрашувларим ҳамда сайловчиларнинг кайфиятини тасаввур ҳам эта олмайсиз.

Риштон туманидаги спорт муассасаларини таъмирлаш ва моддий-техник базасини ривожлантириш тадбирлари учун, туман болалар ва ўсмирлар спорт мактабига овоз бердим.

Амалга ошадиган лойиҳалар партиямизни, фракциямизни электоратимиз вакиллари билан янада ҳамжиҳатлаштиришга хизмат қилади.

 

Ғолибжон МАҲАММАДЖАНОВ,

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши шўъба мудири,

сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори(Phd).

 

Қардошлик алоқаларида янги босқич

Ўзбек ва тожик халқларини умумий тарих, ўхшаш маънавий қадриятлар, ўзаро ҳурмат, яхши қўшничиликнинг кўп асрлик анъаналари бирлаштириб туради. Сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик тамойиллари асосида изчил ривожланиб бормоқда. Давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.

Қардошлик ришталари ривожида мисли кўрилмаган ютуқларга эришилиб, икки томонлама алоқалар сезиларли даражада фаоллашди. Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида уч мамлакат давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартнома имзолангани минтақа халқлари ўртасида яхши қўшничилик муносабатларига кенг йўл очди.

Давлатларнинг яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ўзаро ишонч ва минтақани барқарор ривожлантиришга интилишини қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшма декларация қабул қилинди. Эришилган келишувлар кўп йиллик чегара масалаларини ҳал этиш, Марказий Осиёда барқарорлик ва шерикликни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди.

Ўзаро савдода барқарор ижобий суръат кузатилаётгани алоҳида эътирофга лойиқ. Икки мамлакат парламентлари ўртасидаги алоқалар ҳам кейинги йилларда жадал ривожланди. Парламент делегацияларининг ўзаро ташрифлари мунтазамлик касб этиб, парламентдаги дўстлик гуруҳлари доирасидаги алоқалар мустаҳкамланмоқда.

Давлатимиз раҳбари таклифига биноан Тожикистон Республикаси Президентининг мамлакатимизга давлат ташрифи кўп қиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, янги стратегик йўналишларни белгилаш ҳамда минтақавий барқарорликни таъминлаш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.

Айниқса, икки давлат раҳбарлари раислигида Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилиши ўтказилиши нафақат жорий кун тартибини мувофиқлаштириш, балки ҳамкорликнинг узоқ муддатли истиқболларини шакллантириш имконини бериб, икки томонлама ҳамкорликда янги саҳифа очди.

Ҳамкорликнинг янги йўналишлари батафсил муҳокама қилиниб, ишга солинмаган имкониятлардан фойдаланиш йўллари таҳлил этилди. Ўзаро манфаатли Ўзбекистон – Тожикистон ҳамкорлигини мустаҳкамлашга катта суръат бағишлайдиган бир қатор муҳим қарорлар қабул қилинди. Бу, ўз навбатида, иқтисодий ривожланиш, савдо ҳажмини ошириш, қўшма корхоналарни кўпайтиришга имкон беради.

Ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик орқали икки халқ ўртасидаги дўстлик янада мустаҳкамланиб, ҳудудий барқарорлик таъминланади. Энг муҳими, мазкур йиғилиш ва унда қабул қилинган қарорлар ҳар икки давлатнинг иқтисодий ўсиши, аҳоли фаровонлиги ва минтақавий тараққиётга ижобий таъсир кўрсатади.

Йиғилишда 2030 йилга келиб, ўзаро савдони 2 миллиард долларга етказиш имкониятлари кўриб чиқилди. Бу эса экспорт ва импорт ҳажмини кўпайтириш, янги бозорлар очиш ҳамда ишлаб чиқаришни кенгайтиришга туртки беради. Савдо кўпайса, корхоналар кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқаради. Бу, ўз навбатида, янги иш ўринлари яратилишига, аҳоли даромадларининг ошишига хизмат қилади.

Энергетика, сув ресурсларини бошқариш, транспорт ва бошқа кўплаб соҳалардаги шериклик атрофлича кўриб чиқилиб, ҳамкорлик истиқболлари белгилаб олинди. Бу эса келажакда энергия танқислигини камайтириш ва барқарор таъминотни таъминлашга, сувдан оқилона фойдаланишга, экологик мувозанатни сақлашга ҳамда товар айирбошлашни тезлаштириб, бизнес учун янги имкониятлар яратади.

Ташриф давомида давлат раҳбарлари йирик кооперация лойиҳаларини ишга тушириш маросимида ҳам иштирок этиб, 10 та қўшма лойиҳани бошлаб берди. Мазкур лойиҳалар икки мамлакат ўртасидаги савдо иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиришга кучли суръат бағишлайди.

Умуман айтганда, икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш бутун Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва жадал тараққиётни таъминлаш нуқтаи назаридан ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

 

Имомназар ТУРСУНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Самарали ҳуқуқий нормалар ҳаётга жорий этилмоқда

Кеча парламент қуйи палатасининг навбатдаги йиғилиши ҳам қизғин баҳслар асосида ўтди. Залда ўтирган депутатларнинг ҳар бири муҳокама қилинаётган масалалар бўйича ўз фикри, қараши ва таҳлилий ёндашувига эга. Аммо бирор қонун лойиҳасининг қабул қилиниши учун барча депутатларнинг турли фикрлари маълум бир уйғунликка келиши талаб этилади.

Бу осон жараён эмас. Чунки муҳокамаларда фикрлар хилма-хил бўлади ва ҳар бири асосли равишда илгари сурилади. Қонунчилик палатасининг биргина мажлисини кузатган инсон ҳам шуни англайдики, ҳар бир қонун лойиҳаси, ҳуқуқий ҳужжат чуқур ва ҳар томонлама муҳокамадан ўтади.

Энг муҳими, бу муҳташам ва ўта масъулиятли залда “дунёга келаётган” ҳар бир қонун, қабул қилинаётган ҳар бир қарор одамларимизнинг ҳаётини енгиллаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Йиғилиш кун тартибига кўра, дастлаб “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Ушбу қонун лойиҳаси билан “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатининг мажбуриятларини аниқ белгилаш, жамғарма томонидан сарфланган маблағларни ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судларга даъво киритишда давлат божини тўлашдан озод қилишни назарда тутувчи нормани киритиш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, лойиҳада идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишиш тартибини соддалаштириш ҳамда муддатларни қисқартириш назарда тутилмоқда.

Хусусан, бундай ҳужжатлар лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси муддатини 10 кун этиб белгилаш, 5 кун ичида таклиф келиб тушмаган тақдирда лойиҳани ҳуқуқий экспертизага киритиш имкониятини бериш, шунингдек, Адлия вазирлиги томонидан ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш муддатини 20 кунга қисқартириш таклиф этилмоқда.

Қизғин ўтган мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.

 

“Реклама тўғрисида”ги қонуннинг айрим моддаларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда

Мажлисда суғурта хизматларига оид рекламаларни такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Ушбу қонун лойиҳаси билан “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг айрим моддаларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш назарда тутилмоқда. Унга кўра, суғурта саводхонлигини оширишга қаратилган ахборотни ижтимоий ахборот этиб белгилаш ҳамда ижтимоий ахборотнинг реклама берувчилари сифатида соҳалардаги ваколатли давлат органларини ҳам киритиш таклиф этилмоқда.

Қонун лойиҳаси суғурта бозори профессионал иштирокчилари томонидан кўрсатиладиган хизматлар тўғрисида истеъмолчиларни кенг қамровли ва ишончли ахборот билан таъминлаш орқали уларнинг бу хизматлардан фойдаланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, аҳолида суғурта хизматларига бўлган ишончни оширишни назарда тутади.

Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳасининг аҳамияти ҳақида ўз фикр мулоҳазаларини билдириб, ундаги айрим нормалар бўйича қонун ташаббускорларига аниқлаштирувчи саволлар берди. Мутасаддилар барча саволларга тушунтиришлар бериб ўтди.

Муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

 

Экспорт тартиб таомиллари жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига мувофиқлаштирилади

Мажлисда “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига экспорт тартиб-таомилларини Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига мувофиқлаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Ушбу қонун лойиҳаси билан “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб таомиллари тўғрисида”ги қонунга Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати қарорларига биноан олиб чиқиладиган буюмлар ва маҳсулотларни экспорт қилишга доир рухсатнома бериш тартибини бекор қилишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Шунингдек, лойиҳа билан лицензиялаш ва рухсат бериш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга қўлланиладиган жарималар рўйхатидан экспортга оид чекловлар чиқариб ташланмоқда.

Депутатларнинг таъкидлашича, белгиланаётган нормалар маҳсулотлар экспортини кенгайтириш, экспортдаги мавжуд чекловларни бартараф этиш, рақобат ва очиқ бозор муҳитини яратишга, шунингдек, миллий қонунчилигимизни ЖСТ қоидаларига уйғунлаштиришга хизмат қилади.

Қизғин ўтган мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.

 

Транспорт вазири парламентга ахборот беради

Депутатлар транспорт вазири И.Маҳкамовнинг “Темир йўл транспорти соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда йўловчи ва юк ташиш хизматларини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги ахборотини эшитиш ҳақидаги масалани кўриб чиқдилар.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда темир йўл транспорти соҳасини жадал ривожлантириш, замонавий инфратузилмани шакллантириш, логистика тизимини такомиллаштириш, юк ва йўловчи ташиш хизматлари самарадорлигини ошириш, шунингдек, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини ишончли, узлуксиз ва сифатли транспорт хизматлари билан таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, Қонунчилик палатаси депутатларининг жойларга чиқиб ўрганишлари жараёнида темир йўл транспортида йўловчи ва юк ташиш хизматлари даражасини ошириш, вагонлар сонини кўпайтириш ва сифатини яхшилаш, вокзаллар инфратузилмасини ривожлантириш, сервис ва рақамли хизматлар билан боғлиқ айрим масалалар кузатилмоқда. Мажлисда шундан келиб чиқиб, мазкур масала юзасидан транспорт вазирининг ахборотини эшитиш ҳақида тегишли қарор қабул қилинди.

 

Лазиза Шерова,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

 

Бебаҳо қадриятларимизни асраб қолайлик

Ахборот тезлашган замонда яшаяпмиз. “Нега газета журнал ўқимайсиз?” деган саволга ҳатто ёши катталар ҳам “Ҳамма янгиликларни телевизордан кўраман, интернетдан ўқийман”, деб жавоб беришади. Демак, улар учун матбуот фақатгина ахборот олинадиган майдон.

Аслида эса газета ва журналларнинг ҳар бир сони бир асар кабидир. Шунинг учун ҳам энг ривожланган давлатларда матбуотга ёшларнинг китобхонлик кўникмасини шакллантирадиган муҳим восита сифатида қарайдилар. Ўзини зиёли санаган ҳар бир инсон эрта тонгни газета варақлаш билан бошлайди.

Бизда ҳам бир пайтлар шундай эди. Катта ва ўрта ёшли авлод яхши эслайди, болалигимизда ҳар бир хонадонга газета-журналлар кириб борар, кечқурунлари бобо-бувилар, ота-оналар дастурхон йиғилгач, уларни ўқишга киришардилар. “Гулхан”, “ғунча” сингари болаларбоп нашрлар эса деярли ҳар бир мактаб ўқувчисининг дарс столи устида турган.

Телевизор томоша қилишнинг ҳам ўз қоидаси, вақти бор эди. Бундан ташқари, оилавий бўлиб китоб ўқиш, ўша китоб ҳақида фикрлашиш, баҳслашиш мароқли эди. Ҳозирда эса оиланинг барча аъзолари қўлида биттадан телефон. Оилада ўзаро мулоқот, фикр алмашиш, дардлашиш, бир-бирига маънан-руҳан суяниш деярли йўқ.

Хусусий каналларда намойиш этилаётган иллюзиялар баъзи ёшларимизни реал ҳаётдан йироқлаштирмоқда. Улар экрандаги енгил-елпи ҳаётни кўриб, кўнгли тусагандек яшашни, меҳнат қилмаслик, илм олиш йўлида машаққат чекмасликни хоҳламоқдалар. Эътибор берган бўлсангиз, маиший мавзудаги телесериалларимизда воқеаларнинг барчаси ҳашаматли ҳовлиларда, осмонўпар қилиб қурилган ва қимматбаҳо жиҳозлар билан жиҳозланган уйларда тасвирга олинади.

Аслида ўша ҳашаматли ҳовлиларни, қимматбаҳо машиналарни сериал ташкилотчилари фалон пулга ижарага олишади. Ижара шартномаси тугаши билан тасвирга олиш гуруҳи у ҳашаматдан чиқиб кетади. Ҳалиги қасрларни, мовий ҳовузларни, фаввораларни, боғ ва ундаги товуслару, сайроқи қушларни кўрган ёшлар шинамгина бўлса-да, ўз бошпанасига норози қарай бошлайди. Ҳатто ўзини камбағал сезиб ўксинади. Экрандаги ҳаётни бера олмаган ота-онасидан норозилик кайфияти пайдо бўлади. Ота онасининг ҳалол луқма топиб келаётгани ва асл бахт шунда эканини билмайди.

Шундай ҳаётга учган ёшлар ҳаммадан айб қидира бошлайди. Гап қайтарай, деса отасига ҳадди сиғмайди. Унинг ҳаддини кўтарадиган биргина инсон — онадир. Бола онасига баланд пардада гапира бошлайди. Бола онага нисбатан қўполлашиб боради. Кундан-кунга жиззакилик билан оқибатда экранда кўрган тенгқурлари каби ҳамма-ҳаммага иззатсизлик қилади.

Дарвоқе, ўғил бола аёл зотига муомала қилишни, энг аввало, отасидан ўрганади. Отасидан аёл зотига ҳурмат кўрмаган болани мингта мактаб ҳам тарбия қилолмайди. Энг ёмони, экрандан ва отасидан юққан қўполлик ва аёл зотини пастга уриш унинг борлиғига чирмовуқдек чирмашиб, бирга ўсади. Сариқ чирмовуқ ёпишган гул хазонга маҳкум бўлади.

Онага эҳтиром, опа-сингилларга эъзоз шарқона қадриятлардан ҳисобланади. Оиладаги қадим урф-одатларни, миллий тарбияни маҳв этишга хизмат қилаётган ҳар қандай сериаллардан воз кечиш вақти келди, назаримизда.

 

Енгил-елпи сериаллар жамиятга нима беряпти?

Экран орқали ёки ижтимоий тармоқларда кўрсатилаётган сериаллар жамият ҳаётига бамисоли табиий офат кабидир.

Масалан «Seviмli» каналида намойиш этилган “Кечир” сериалида арзимаган рашкдан бошланган гумон гулдек оиланинг пароканда бўлишига олиб келиши кўрсатилган. Фильм қаҳрамонлари оила деб аталмиш қўрғоннинг муқаддаслигини бутунлай унутган. Сериалнинг бош қаҳрамонларидан бири – мулкдор эркак ўз уйида умр бўйи унга садоқат билан яшаган хотинига очиқчасига хиёнат қилади. Даволанишга ётган шифохонасида ҳамшира бўлиб ишлаётган Пари исмли оилали аёлга кўнгли тушиб, ҳар қандай йўл билан бўлса-да, уни ўзиники қилиш учун макр тузоғини ташлайди. Эркак ўз уйида унга содиқ яшаб, фарзандлар туғиб берган аёлни камситиб, хўрлайди. Энг ёмони, бош қаҳрамоннинг хотинига хиёнатини унинг ўз ўғли ёқлайди. Ўз онасининг ота томонидан қилинаётган хиёнатнинг аламли ўтида куяётганига бола бепарво. Ҳатто ўғил хиёнаткор отанинг хизматида. Сериалнинг яна бир персонажи – ҳийлакор хотин тузоғига илинган йигит ҳам оиласидан воз кечади. Хиёнатдан зарба еган яна бир шўрлик аёл бу зарбаларни кўтара олмай, жонига қасд қилади. Маккора измидаги йигит эса етим қолган болаларининг ўгай она зуғмидан қочиб, саргардон бўлиб қолишигача бепарво яшайди.

Қани бу сериалдаги эзгу мақсад? Қани вафога вафо билан жавоб бериш? Чалкаш ҳаётлар, бузилган оилалар… Менимча, одамлар онгига тескари таъсир қиладиган, миллий қадриятларимизга мутлақо ёт бўлган шу каби на бадиий қиммати, на маънавий озуқаси бор сериаллар жамиятга нима наф беради?

Оилавий қадриятларимиз ота ва онанинг бир-бирига иззат-ҳурмати, қариндош-уруғга, қўни-қўшнига марҳамат кўрсатиш, маҳалла-кўй билан елкама-елка бўлишдек эзгуликлар билан суғорилган. Буни унутиш, азалий шарқона урф-одатларимизга эскилик қолдиқлари деб қараш бир кун келиб қимматга тушади!

Дейлик, бугун баъзи қайноналарнинг ҳеч бир инсонийликка тўғри келмайдиган тутумлари, фақат моддиятга асосланган тор қарашлари туфайли кўплаб ёш оилалар ажрим ёқасига келиб қоляпти. Шунинг ўзи ҳам муқаддас қадриятларимиздан узоқлашаётганимиз белгисидир. Яъни қайнонанинг ўзи турмуш машаққатларини, баъзи ҳоллардаги етишмовчиликларни сабр-бардош ва тежамкорлик билан енгишга тоқати йўқ. ёшгина келинини эса уқувсиз, малакасизга чиқаради. Оилани энг гўзал фазилат – қаноат асрайди. Қаноат — бу энг ёруғ йўл. Бу йўлни босиб ўтиш учун телеэкранда берилаётган сериаллардаги кибор хонимлар қиёфасига кириб бўлмайди. Ҳолбуки, “миллий” деб аталаётган сериалларимизнинг аксариятида асабий, жиззаки, калондимоғ оилалар турмуш тарзи гўёки намуна қилиб кўрсатилаётгани таассуфли.

Сиз оилангизга келин туширдингиз. Оилангизга ўзга бир боғдан нав- ниҳолни кўчириб келдингиз. У бирдан сизнинг тутумингизга, феъл – атворингизга ўз болангиздек кўникиб кетолмайди. У сизнинг рўзғорингиз ғорларини бирдан ёритиб, тўлдириб ташлайдиган сеҳргар эмас. Шундай экан, унга ўзига ёт бўлган муҳитга кўникиши учун вақт беринг. Хатоларини тузатишга шароит яратинг. Энг муҳими, оилавий қадриятларни асрашда унга намуна бўлинг.

 

Муқаддас ришталар узилмасин!

Оилада фарзандлар билан бирга дарс қилиш одати ҳам йўқолиб борётганига аниқ хулосалар бор. Бу ҳам асл қадриятларимиздан бири. Бола билан ҳар кеч ўтилган дарсни такрорлаш энг масъулиятли ишлардан бири. Ҳар қандай бола уйга келиб дарсликларга яқинлашмасликни, шунчаки гаджетлар билан “дам олиш”ни истайди. Атрофдагилар ундан дарс тайёрлашни талаб қилмаса, бора–бора бола қолоқлашиб боради. Мактаб ўқитувчиси унга мактабда дарс беради. Аммо 30 нафар ўқувчининг ҳар бирининг уйига бориб, уй вазифасини тайёрлаб бера олмайди. Боланинг уй вазифасини тайёрлаши, дарсдан ташқари ўқиши, қўшимча адабиётлар сотиб олиб, ўзини ривожлантириши учун масъул шахслар — ота-оналар, бобо – бувилардир. Боланинг ўзлаштиришида бутун оила ёрдамга келиши керак. Унинг ўқишга қизиқиши ва қобилияти йўқолиб кетишига сизнинг лоқайдлигингиз, фақат ўзингизни қизиқтирган сериалларни томоша қилишингиз, телеграм, инстаграм сингари ижтимоий тармоқларга шўнғиб кетишингиз туфайли бўлиши керак эмас. Қолоқ бола бугун синфни, мактабни орқага тортса, эртага жамиятни орқага тортади. Ҳаёти буткул издан чиқади.

Баъзи оилаларда ота-она ва фарзандлар ўртасидаги ўзаро бир-бирини тушуниш, бир-бирига кўмаклашиш ҳамда ҳаё ҳисси кўтарилаётганига ҳам тийиқсиз ижтимоий тармоқлар, сериаллар сабаб эмасмикан?!

Оиладан ҳаё кўтарилмаслиги керак. Акс ҳолда бу ғоят хатарли, мудҳиш оқибатларга олиб келиши мумкин.

Бизнинг бебаҳо оилавий қадриятларимиз бор. Бу қадриятлар ўзаро ҳаё қилиш, каттага ҳурмат, кичикка иззат, жон-жигарлар ва атрофдагиларга мурувват кўрсатиш, юртга садоқат ҳисси билан яшашда яққол намоён бўлади.

Оилавий бахтимиз, ёшларнинг келажаги мана шу муқаддас ришталардан узилиб қолмаслиги учун бугун сизу биз жавобгар эканимизни унутмайлик. Бошқача айтганда, ижтимоий тармоқлару тутуриқсиз сериаллар томошасини газета журналлар ва китоб мутолаасига алишайлик!

 

Зулфия МЎМИНОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими,

Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси.

 

Халқ ўйинларида миллат руҳи яшайди

Баҳор, Наврўз деганда кўз олдимизда гўё ранг баранг манзаралар жонланади: сумалак иси анқиган ҳовлилар, кулгуга тўлган сайиллар, миллий либосларда безанган одамлар… Яқиндагина шукроналик туйғуси билан ҳаммамиз учун қадрли айём бўлмиш Наврўзни, Рамазон ҳайитини нишонладик. Шундай қутлуғ кунларга етказганига шукр, деб оила аъзоларимиз, фарзандларимиз, дўст ва яқинларимиз билан сайилларга чиқдик, қувончли учрашувлар ўтказдик.

Ана шундай паллада хаёлимга халқ ўйинлари келади. миллий ўйинлар, пойгалар, беллашувлар, турли мусобақалар, маросимлар авлоддан-авлодга ўтиб, тарихий меросга айланиб, сақланиб келмоқда. Улар шунчаки ўйин эмас. Улар — одамларимизнинг руҳи, тарихи ва тарбиясини ўзида мужассам этган бебаҳо меросдир. Ҳар бир ўйинда аждодларимиздан қолган донолик, жасорат ва бирдамлик ҳисси яширинган.

Қизиғи шундаки, биз болалигимизда бу ўйинларни фақат Наврўзда эмас, деярли ҳар куни ўйнар эдик. Кўчаларда кулгу, баҳс, шовқин-сурон авж олар, дўстлар билан тортишиб-тортишиб бўлса ҳам ўйинни давом эттирар эдик. Бугунги болалар эса бундай ўйинларни камроқ билади, камроқ ўйнайди…

Шу ўйлар билан болалигимизни, ўша беғубор кунларни эсладим. Дўстларимиз, тенгдошларимиз, ака-укаларимиз, опа сингилларимиз билан талашиб, кулиб, баъзан ранжишиб ҳам ўйнаган миллий ўйинларимиз хотираси яна бир бор кўнглимни тўлқинлантирди. Шунинг учун ҳам шу унутилмас ўйинлар, улар ортидаги самимий хотиралар ҳақида ёзмоқликка қарор қилдим.

 

Ўтмишга назар

Азалдан халқ ўйинларининг тарихий илдизлари ота-боболаримизнинг ҳаёт тарзи, меҳнат фаолияти ва урф-одатлари билан чамбарчас боғлиқ бўлиб келган. Аввалги замонларда аждодларимиз кундалик ҳаётда зарур бўлган чаққонлик, куч ва эпчилликни ошириш учун турли машқларни бажаришган. Вақт ўтиши билан улар аста-секин ўйин шаклига кириб, халқ орасида оммалашиб кетган. Шу тариқа миллий ўйинлар шаклланиб, авлоддан авлодга мерос бўлиб ўтган келган.

Халқ ўйинлари ўзининг хусусиятларига кўра, шартли равишда гўдакликда, болалик ёшида, ўсмирликда ва йигитлик ёшида ўйналадиган жисмоний ва ақлий ўйинларга бўлинади. Масалан, илгариги замонларда ёшларни жасоратли, чидамли ва жисмонан бақувват қилиб тарбиялаш муҳим ҳисобланган ва шу сабабли кўплаб ўйинлар кураш, чавандозлик, куч синашга асосланган.

Фольклоршуносларнинг ёзишича, тарихий манбаларда халқ ўйинларининг келиб чиқиши ҳамда ривожланишига доир қизиқарли ҳикоялар, воқеалар талайгина. Айрим олимлар ҳаттоки халқимиз севиб ўйнаган ўйинлар эрамиздан аввалги даврларга бориб тақалишини ҳам асослаб берган. Уларнинг фикрини археологик, этнографик, фольклор ва бошқа манбалар тўла-тўкис тасдиқлашига тааллуқли асослар мавжуд. Улардан бирида ёзилишича, саклар, массагетлар ва бошқа қабилалардаги ўйинлар, мусобақаларни бугун ҳам халқимиз севиб ўйнайди. Отлар иштирокидаги ёки кураш услубидаги ўйинлар ана шулар жумласидандир.

Кураш, кўпкари сингари ўйинлар қадимдан саховат белгиси сифатида қаралган. Сабаби, ўша пайтларда машҳур улоқчилар, полвонлар ва бошқа иштирокчилар тез-тез мусобақалар ўтказиб, тўпланган маблағ ёки совринни етим-есирлар, кўп болали оилалар ҳамда қарияларга ҳадя этган. Шундан бўлса керак, халқ ўйинлари ёшларни жасорат ва адолат, ватанни севиш, халққа хизмат қилиш, меҳнатсеварлик, меҳр-саховат, ҳалоллик ва поклик руҳида тарбиялайди. Шунингдек, улар жамиятда бирлик, дўстлик ва ўзаро ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилган.

Демак, ўйинларнинг тарихий илдизлари халқнинг узоқ ўтмиши, турмуш тарзи ва маданияти билан узвий боғлиқ. Улар орқали биз аждодларимизнинг ҳаёти, қадриятлари ва дунёқараши ҳақида тасаввур ҳосил қиламиз. Шу сабабли ўйинлар нафақат кўнгилочар фаолият, балки халқ тарихининг жонли акс-садоси сифатида ҳам катта аҳамиятга эга.

 

Юрагимизга яқин ўйинлар

Ўзбек халқининг ўзигагина хос ўйинлари жуда бой ва ранг-баранг. Улар орасида жисмоний куч талаб қиладиган, зеҳнни чархлайдиган ҳамда жамоавий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлайдиган турли ўйинлар мавжуд.

Миллий ўйинларимиз қадимдан халқ ҳаётининг ажралмас қисми бўлиб келган. Бу ҳақда буюк аллома Маҳмуд Кошғарийнинг “Девони луғотит турк” асарида ҳам қимматли маълумотлар учрайди. Ушбу асарда 150 га яқин миллий ўйинлар ва 20 дан ортиқ болалар ўйини тавсифлангани бежиз эмас. Жумладан, “қоранғуни” (қоронғида қўрғон олиш), “бандол” (асир олиш), “ўтиш-ўтиш” (давра ўйини), “чавгон” (тўп ўйини), “ўт бандал” (таёқ ўйини), шунингдек, қиличбозлик ва найзадорлик каби ўйинлар ҳақида ҳам маълумотлар келтирилган. Мавсумий ўйинлардан “толбаргак”, “гул ўйини”, “қорхат”, “ёмғир ёғалоқ”, “топишмоқ топ”, “тез айтиш”, “ким айтди” кабилар ҳам шулар жумласидандир.

Ўғил болалар одатда “Чиллак”, “Тортишмачоқ” каби ҳаракатли ўйинларни севиб ўйнашган бўлса, қизлар “Супур супур”, “Оқ теракми, кўк терак?”, “Ҳаппак тош” каби ўйинларга кўпроқ қизиқиш билдиришган. Бу ўйинларга эътибор берсак, уларнинг деярли барчаси ҳаракат, жисмоний фаоллик ёки ақлий машқ билан боғлиқ эканини кўрамиз. «Беркинмачоқ», «Ошиқ», «Бойчечак», «Хола-хола», «Қорхат», «Кўпкари» каби ўйинлар рўйхатини мингга етказиш мумкин.

Вақт ўтиши билан бундай ўйинлар янада такомиллашиб, янги кўринишларда намоён бўла бошлади. “Тош кўтариш”, “От устида кураш”, “Кўпкари”, “Ланка”, “Арқон тортиш”, “Чиллак” каби халқ ўйинлари халқ сайиллари ва байрамларининг ажралмас қисмига айланиб, ёшларнинг севимли машғулоти ва мусобақалари сифатида давом этиб келмоқда.

Энг, муҳими, уларнинг ҳар бири болалар учун фойдали. Масалан, “тез айтиш” орқали болалар нутқидаги айрим нуқсонлар тўғриланган, топишмоқлар эса уларнинг зеҳнини чархлаган. “Тортишмачоқ”, “Чиллак” каби ўйинлар эса болаларнинг жисмоний бақувватлиги ва чаққонлигини оширишга хизмат қилган.

Кўриш, эшитиш, ҳис қилиш каби туйғуларни ривожлантиришга хизмат қилувчи ўйинлар ҳам талайгина. “Оқ теракми, кўк терак”, “ғозлар” каби ўйинлардаги қўшиқ ва шеърларнинг куйланиши нуқтни ўстириш, томоқ йўлларини чиниқтириш каби хусусиятларга эга.

Биз болалигимизда кўп ўйнаган “Гулчамбар” ўйинини олайлик. Бу ўйин баҳорнинг айни гуллар очилган пайтида ўйналади. Унда тахминан 10 нафар бола иштирок этарди.

Ҳар бир иштирокчининг қўлида исталганча турли-туман гул бўлиши мумкин. Ўйинбоши доира шаклида турган болаларнинг ўртасига чиқиб, бир гулнинг номини айтади. Шу гулни ушлаб турган иштирокчи гулнинг ўсиш шароити ҳақида гапириб беради.

Бундай ўйинлар болаларнинг табиатга меҳр уйғотиш, қолаверса, сўзларни тўғри талаффуз қилиш, кўпчилик орасида ўз фикрини қўрқмай айта олиш қобилиятларини шакллантиради.

Бундан ташқари, болалар ўйин пайтида ижодий фаолият кўрсатиш орқали ўзларидаги ташкилотчилик қобилиятини ҳам шакллантириб борган. Айниқса, жамоавий ўйинларда бу яққол акс этган. Мисол учун, етакчи ва ақлли болалар мақсадга эришиш йўлида ўртоғига ёрдам беришни ўрганган ва бу борада тўғри қарор қабул қилиш кўникмасини оширган. Бу эса ижодий ташаббускорлик саналади.

 

Холида ЗИЯЕВА,

ЎзмУ ижтимоий фанлар факультети доценти, PhD.

– Халқимиз азалдан табиат билан уйғун яшаб келган ва шу боис экологик мазмунга эга ўйинларни ҳам ардоқлаган. Асрлар давомида табиатни асраш, уни авайлаш ва унга меҳр қўйиш ота-боболаримиз томонидан юксак қадрият даражасига кўтарилган. Шунинг учун ҳам турна, қарға, олмахон, лайлак каби қуш ва ҳайвонлар билан боғлиқ ўйинлар халқимиз орасида кенг тарқалган.

Халқ ўйинларини ўрганар экансиз, уларнинг аксариятида тошдан фойдаланилганини ҳам кўриш мумкин. Айниқса, қизлар ўйнайдиган бундай ўйинлар жуда кўп. Масалан, ҳаракатли ўйинлардан асфальтга чизилган катаклар ва рақамлар билан жанубий вилоятларда “Ҳаппак”, водий тарафларда “Лаппак” деб аталадиган ўйинлар ўйналган. Шунингдек, майда тошчалар билан ўйналадиган “Тўп тош”, бир нечта иштирокчи ва копток ёрдамида ўйналадиган “Жамбил” каби ўйинлар ҳам болаларнинг севимли машғулотларидан бўлган.

Ёшлигимизда байрамда дугоналар билан кўришиш ва шу асносида тўдалашиб ўйинлар ўйнаш имкони пайдо бўларди. Улар орасида энг осони “5 тош” деб аталиб, 5 та тошни ҳар хил шаклда қўлдан қўлга ўтказиш, тўп ёрдамида 2 гуруҳга бўлиниб, ўртага кирган рақибларни тўп билан уриш, резинка ёрдамида ўйин қисмларини ўзимизча 1 дан 11 гача бўлган ҳолда сакраб рақиблардан ўзиб кетиш каби ҳаракатлар билан кун кеч бўлиб қолганини ҳам сезмасдик. Байрамлар дўстлар ва улар билан ўйналадиган ўйинлар сабаб янада завқли эди.

Бу каби ўйинлар нафақат болаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишга хизмат қилган, балки уларни чаққонликка, эпчилликка, сабр-тоқатга ва жамоада ҳаракат қилишга ҳам ўргатган. Айниқса, жамоавий ўйинлар орқали болалар ўзаро дўстлик, ҳамжиҳатлик ва бир-бирини қўллаб қувватлаш каби инсоний фазилатларни ҳам ўрганишган.

Умуман олганда, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос урф-одат ва анъаналари бўлгани каби, ўша ҳудудларда оммалашган миллий ўйинлар ҳам шу муҳитга мос равишда шаклланган. Шу боис айрим ўйинлар бир вилоятда бошқача ном билан аталса, бошқа ҳудудда унга ўхшаш, лекин бироз фарқ қилувчи қоидалар асосида ўйналган. Бу эса миллий ўйинларимизнинг қанчалик бой ва ранг-баранг эканидан далолат беради.

 

Қизилгул ҚОСИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Миллий ўйинлар нафақат болаликнинг шодон кулгуси, балки халқнинг унутилмас хотираларидир. Биз ҳам болалигимизда “Мак-мак” “Оқ теракми, кўк терак” ўйинларини кўп ўйнардик.

Илгарилари болалар кўчаларда тўпланиб, турли миллий ўйинларни қувноқлик билан ўйнар эди. Ҳозир эса уларнинг ўрнини кўп ҳолларда турли гаджетлар, телефон ва компьютер ўйинлари эгаллаб бормоқда. Таҳлилларга кўра, 2010 йилдан кейин деярли ўйналмай қўйган ва улар компьютер, телефонларга кўчган. Лекин, шуни унутмайликки, миллий ўйинларнинг болани жамиятга қўшишдаги ўрнини ҳеч нима билан тўлдириб бўлмайди.

Тўғри, биз ХХI аср – ахборот, фан ва техника юксак тараққий этган даврда яшаяпмиз. Хоҳлаймизки, йўқми ҳозир рақамли технологияларсиз ҳаётимизни тасаввур қила олмаймиз. Аммо унинг ҳам меъёри, чегараси бўлиши керак. Айниқса, болаларимиз компьютер, телефондаги ўйинларига ружу қўймаслиги лозим. Чунки бу уларнинг соғлиғига ҳам зарар.

Технологияларга термулиб эмас, табиат қўйнида чопиб, ҳайқириб ўйнаб юришга нима етсин? Сабаби, ҳаракат ўйинлари инсонни фаол ва соғлом бўлишига ҳисса қўшади.

Яна бир афзаллиги, халқ ўйинлари фақат кўнгилочар машғулот эмас, балки болаларни жисмонан бақувват, зеҳнан теран ва жамоада ҳамжиҳат бўлиб улғайишига хизмат қилувчи муҳим тарбия воситасидир. Улар болаларни чиниқтиради ва соғлом бўлиб вояга етишига хизмат қилади.

Психологлар бу ўйинлар болаларнинг руҳиятига ижобий таъсир кўрсатишини, уларни қувноқ, фаол, эпчил бўлишида муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлайди. Шу сабабли миллий ўйинларни мактаб дарсликларига, боғча машғулотларига янада кўпроқ киритиш лозим. Боғчаларда эса ҳар жума болаларга халқ ўйинларини ўргатадиган маданий кун сифатида белгиланса яхши бўларди. Чунки бу ўйинларнинг тарбиявий аҳамияти ниҳоятда катта.

Шунинг учун ҳам бу ўйинларни асраб авайлаш, уларни яна болалар ҳаётига қайтариш ва келажак авлодга етказиш барчамизнинг муҳим вазифамиздир.

Истардимки, фарзандларимиз югурсин, қувласин, сакрасин, кулсин, куйласин, умуман, кўпроқ ҳаракатда бўлишсин. Бунда эса биз катталарнинг ўрни ва эътибори талаб этилади.

 

***

Албатта, халқ ўйинлари бу шунчаки ўйин эмас, балки тарихимиз, маданиятимиз ва тарбия мактабини ўзида мужассам этган бебаҳо меросдир. Шунинг учун ҳам уларни унутмаслик, байрамлар, сайиллар, мактаб ва маҳалла тадбирларида кенг тарғиб этиш, энг муҳими, ёш авлодни улар билан янада кўпроқ таништириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Ана шундагина аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган халқ ўйинлари келажак авлод қалбида ҳам яшаб қолади.

 

Лазиза ШЕРОВА,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

 

Ҳаёти – мен учун ибрат мактаби

Ёшликда бирга ўниб-ўсган дўстинг ҳақида сўзлаш осон. Чунки бақамти кечирган воқеа-ҳодисалар, ҳис-туйғуларни баён этиш билан кўз олдингда ўша даврлар гавдаланади, сўзлаш ҳам, ёзиш ҳам осон.. лекин ўзингдан олдин бир-икки кўйлакни йиртиб, кечмоқчи бўлган дарёларингни сендан олдин сузиб ўтган, забт этмоқни орзу қилган чўққиларга аллақачон байроқ қадаган инсон ҳақида фикр билдириш кишини ўйлантириб қўяр экан. Аслида, бундай зотларнинг олган унвонлари ва бошқа эришган натижаларини жамлаб, баён этишдан-ку осони йўқ, аммо Устоз – Қаландар Абдураҳмоновнинг муборак айёми муносабати билан улар ҳақида ўзим билганларим ва эшитганларимни баён этишда анча масъулият қаршисида қолдим, бироқ нима бўлганда ҳам уларни қоғозга туширишни афзал билдим.

Устоз Қаландар ака билан Чироқчи туманида бир вақтда бўлмаса-да бир мактабни (ўша пайтларда “Тельман номли 1-мактаб” деб юритилар эди) тамомлаганимиз менга ҳар доим ғурур бағишлаб келган. Мактабнинг 9-10 синфларида ўқиб юрган (70-йилларнинг иккинчи ярмида) пайтларда ўқитувчиларимиз бизга намуна сифатида шу мактабни битириб, айни пайтда Тошкент ва Самарқанд олийгоҳларида таҳсил олиб, илм ва амалиётда катта ютуқларга эришган инсонларни намуна қилиб кўрсатишар, улар қаторида биринчилардан бўлиб Қаландар акани алоҳида зикр этишар эди. Айниқса, устозимиз ёқуб Ҳамроев георграфия фанидан дарс ўтганларида Чироқчининг Қалқама тоғ бағрида жойлашган Лангар, Тарағай, Қуруқсой, Говхона ва бошқа қишлоқлари тўғрисида жўшиб гапирар экан, Тўлақул қишлоғига алоҳида тўхталиб: “Бу қишлоқ ўзи кичкинигина, лекин одамлари жуда қизиқувчан, зийрак ва ҳаракатчан. Биласизларми, ким чиққан бу қишлоқдан? Қаландар Абдураҳмонов чиққан, у мактабимизнинг битирувчиси. Ҳозир иқтисодиёт бўйича номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилиб, Тошкентдаги нуфузли институтнинг катта домласи бўлиб ишламоқда”, дея фахр билан Устозга таъриф берганлари ҳеч эсимдан чиқмайди.

Мактабимизда нафақат Чироқчи, балки бутун вилоятда юқори савияга эга бўлган математика, физика, химия, география ва адабиёт ўқитувчилари фаолият олиб боришар эди. Бир куни адабиёт ўқитувчимиз ҳамда мактаб директорининг ўринбосари Жўра Лутфуллаев “Иншо ёзишни қишлоқдан келиб ўқиётган болалардан ўрганинглар. Мана, Тўлақулдан Қаландар Абдураҳмонов қандай иншолар ёзар эди. Таппа тайёр журналист эди-я, лекин ўзини иқтисодиётга уриб кетди. Шунда ҳам хато қилмабди, фан номзоди бўлди, қандини урсин”, деб қўярди.

Физика ўқитувчимиз Эшман Абдалов даср оралиғида ёки пахта даласида юрганимизда қишлоқдан Тошкентга бориб, илм олишнинг машаққатлари ҳақида кўп гапириб берар эди. Марказда қолиб, давлат хизматида ишлаётган, илм-фан, ижод билан шуғулланаётган мактабимиз битирувчилари Жаббор Рўзиев, Муродулла Нормуродов, Мусақул Усмонов, Жовли Ҳакимов ва бошқалар қаторида Қаландар акани ҳам тилга олар экан, мен бундай тиришқоқ, интилувчан, илмга берилган ва шу билан биргаликда одамохун йигитни кўрмаганман, деб таъриф берар эди. Шунда биз: “Нега у кишини одамохун дейишган, бу сўз нимани англатади”, деб сўраганимизда: “Одамохунлик хислати инсонпарвар, инсонларга ҳурмат кўрсатувчи, олижаноб, саховатли кишиларга хос фазилат”, деганлари эсимда қолган.

Устозга нисбатан бундай таъриф бежизга берилмаган экан. Ўтган асрнинг 60-70-йиллари, Тошкентда қолиб илм билан шуғулланишга ҳар кимнинг ҳам юраги дов бермаган. Кўпчилик: “Илм қиламан деб Тошкентда қолсам-у, лекин эплолмасдан қишлоғимга шумшайиб қайтиб борсам ким деган одам бўламан?”, қабилидаги андиша билан юрган. Шу тахлит қобилияти бўлса ҳам дипломни олиб кетворганлар кўп бўлган. Қолганлар эса илмда ёки амалда ўз ўрнини топиши учун не-не синовлардан ўтиши керак бўлган. Ана шундай пайтларда ўзини аллақачон тутиб олиб, катта давраларга қўшилишга улгурган Қаландар ака кўпгина толиби илмларга, аспирантларга, ҳаттоки олимлик йўлига кирган ёш домлаларга ҳам қўлидан келган ёрдамни аямаганлигини кўп эшитганмиз.

Ўрта мактабни битиргунимга қадар Қаландар акани ҳеч кўрмаган эканман. Лекин у киши тўғрисида жуда кўп яхши фикрларни эшитардик. Мана шу эшитганларимдан у киши жуда ўзига ишонган, виқорли, салобатли, олдига унча-мунча одам ҳадди сиғиб бора олмайдиган, образли қилиб айтганда, худди “қуёшдек кўзни қамаштирадиган” инсон бўлса керак, деган тасаввур шаклланган эди менда.

Тақдир тақозоси билан 1978 йил Тошкент халқ хўжалиги институтига ўқишга кирдим. Кутубхонада айрим “тақчил” адабиётларни уйга олиб ўқиш учун деканатнинг рухсати керак экан. Биз, шаҳарни энди кўриб, довдираб юрган талабалар учун деканнинг олдига кириш жуда катта матонат талаб этар эди.Мана шундай бир ҳолатда деканнинг эшиги қаршисида мен ва яна бир нечта талабалар навбат кутиб турганимизда, хонадан бир домла чиқди-да, “Сизлар бу ерда нимани кутиб турибсизлар?”, деб сўраб қолди. Бизнинг масаламизни эшитгандан сўнг, “Унда, юринглар орқамдан”, деб ҳаммамизни кабинетига олиб кирди ва бир зумда масаламизни ҳал қилиб берди. Чиққанимиздан кейин, “Бу киши ким?”, деб суриштирсак, умумиқтисодиёт факультети деканининг ўринбосари Қаландар Хўжаевич Абдураҳмоновнинг ўзи экан. Ўшанда у кишида кўрганим оддийлик, самимийлик мени ҳайрон қолдирди ва физика ўқитувчимизнинг “Одамохун” деган таърифларини қайта эсладим. Энди менинг тасавуримдаги “виқорлилик” ўрнини “оддийлик”, кўзни қамаштирадиган қуёш нурини эса илиқлик эгаллаган эди.

Устоз билан биринчи учрашишимиз мана шундай бўлган. Яна бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Мен олийгоҳни битираётган пайтимда устоз менга: “Агар хоҳласангиз Давлат режа қўмитаси қошида илмий-тадқиқот институти бор. Меҳнат муносабатлари билан шуғулланадиган бўлимга тавсия қиламиз, ўша ерда илмий иш билан машғул бўлаверасиз”, деб таклиф билдирди. Мен ўйлаб кўришга вақт сўрадим. Тошкентда қолиб ишлаш учун “прописка” талаб қилинар экан, нима қилса бўлади, деб ўйлаб кетаётганимда олдимдан диплом ишим бўйича раҳбарим Мирсоли ака Ҳайдаров чиқиб қолди ва “Давлат имтиҳон комиссияси раиси сени Фанлар академиясидаги кибернетика институтига ишга таклиф қилаяпти, бормайсанми?” деб қолди. Улардан ҳам ўйлаб кўриш учун вақт сўраб, уйдагилар билан маслаҳатлашиш учун Чироқчига қараб йўл олдим.

Уйдагилар ҳам менга аниқ бир маслаҳат бериша олмади. Лекин “Кибернетика янгича, жарангдорроқ эшитилаяпти”, дейишгани худди “Шуни танлай қол” дегандек туюлди менга. Тақдирнинг изми билан Кибернетика институтида илмий ишим битгунга қадар Қаландар ака билан рўпара бўлишдан чўчиб, ўзимни олиб қочиб юрдим. Олдиларига бориб, узримни айтишга ботинолмадим. Орадан тўрт йил ўтиб, номзодлик илмий ишимни тугатиб, автореферат чиқарганимдан сўнг, минг истиҳола билан билан домла нима дер экан, деб қўрқа-писа олдиларига бордим. Устоз ўзининг самимийлиги ва очиқ кўнгилилиги билан мени яна бир бор лол қолдирди. “Ҳамма ишларингиздан хабарим бор, нега келмайсиз, балки бирор ёрдам керакдир, иш битиб қолдими?”, деб саволга тутди. Қўлимдаги авторефератни узатганимдан кейин, “Эй, яшанг, мана бу бошқа гап, зўр иш бўлибди”, деб самимий қутлади ва ишларини бир четга суриб, авторефератимга тақриз ёзиб берди. Четдан қаралса, бу хотиралар кундалик, оддий бир ҳол сингари туюлар, лекин мендек илм қиламан деб Тошкентда “дарбадар” бўлиб юрган аспирант учун бу катта бир мадад эди.

Устоз шогирдлари билан суҳбатлашганда Имом Бухорийнинг “Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай” деган сўзини кўп қайтарганларининг гувоҳи бўлганмиз. Устознинг ўзлари ҳам Буюк Муҳаддиснинг ушбу шиорига содиқ бўлиб, бутун ҳаётини фақат илм-маърифатга бағишлаганлигини бу борада эришган ютуқлари амалда исботлаб турибди.

Бугун умидларга тўла, ҳаяжонли кунларни эслар эканман, ўша пайтларда кўз олдимда улкан чинор бўй кўрсатаётганини ҳис қилганман. Аввало, одамгарчиликдан сабоқ берган Устоз илмий фаолияти давомида юксак бир чўққини ҳам забт этганига ўзим гувоҳ бўлиб турибман. Академик Қаландар Абдураҳмоновнинг номи иқтисодиёт илми билан шуғулланаётган дунё афкор оммасига яхши маълум, десам муболаға бўлмайди. Бунга Устоз яратган илмий меросни қисқача таснифлаб, тўла ишонч ҳосил қилиш мумкин. Академик Қ. Абдураҳмонов умумий ҳажми 1600 босма табоқдан ошиқ кўплаб илмий асарлар муаллифи саналади. Устоз олиб борган тинимсиз илмий изланишлар натижалари рус, ўзбек, инглиз тилларидаги йирик илмий монографиялар, дарсликлар, ўқув қўлланмаларида ўз аксини топган. Унинг Буюк Британиянинг “Scientifie Publishing House IVG” нашриётида инглиз тилида чоп этилган “Labour economics” китоби айни пайтда кўплаб мамлакатларда дарслик сифатида фойдаланилмоқда. Муаллифнинг “Меҳнат иқтисодиёти” китоби Ўзбекистонда ва Россия Федерациясида бир неча маротаба қайта нашр этилган ва кўплаб олийгоҳларда дарслик сифатида қўлланилмоқда.

Юқоридагилардан ташқари, Қаландар Абдураҳмонов томонидан тайёрланган “Меҳнат иқтисодиёти”, “Ташкилот персоналини бошқариш”, “Персонал менежментининг назарий асослари”, “Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш”, “Аҳолининг турмуш даражаси”, “Демография”, “Инсон тараққиёти”, “Меҳнат иқтисодиёти ва социологияси”, “Ижтимоий соҳа иқтисодиёти”, “Меҳнат бозори” каби дарсликлар нафақат олийгоҳларда, шунингдек, бошқарув соҳасида кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш борасида Давлат бошқаруви академияси ва бошқа малака ошириш институтлари томонидан дарслик ва ўқув қўлланмалари сифатида кенг фойдаланилмоқда.

Умуман олганда, иқтисодиёт фанида олиб борган кўп йиллик меҳнати натижасида академик Қаландар Абдураҳмонов мактаби яратилганлигини нафақат мамлакатимиз, шунингдек, хориждаги илмий доираларнинг йирик вакиллари ҳам эътироф этишган. Устознинг бевосита раҳбарлигида 100 га яқин фан номзоди ва докторлар етишиб чиқди. Тошкент давлат иқтисодиёт университети қошида академик Қ.Абдураҳмоновнинг “Меҳнат иқтисодиёти ва инсон капитали” илмий мактаби фаолият олиб бормоқда.

Қаландар Хўжаевич кейинги йилларда меҳнат иқтисодиёти билан биргаликда меҳнат социологияси фанини ривожлантириш соҳасига ҳам катта эътибор қаратмоқда. Олим “Бозор ислоҳотлари шароитида меҳнат иқтисодиёти ва социолигияси” соҳасидаги янги иқтисодий назария ва амалий тавсияларни шакллантирибгина қолмасдан, уларнинг халқаро майдонда кенг тарқалишига ҳисса қўшиб келмоқда. Унинг раҳбарлигида кейинги йилларда 7 марта халқаро илмий конференция ўтказилди.

Устознинг илмий ишлари РИНЦ ва SCOPUS халқаро илм-фан манбалари индексига эга ҳамда ушбу манбалар орқали чет эл олим ва тадқиқотчилари ҳам олимнинг илмий натижаларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмоқда. Бундан ташқари, Устоз Муҳаммад Мусо ал Хоразмий ижодига катта қизиқиш билан қараб математик таҳлил, хусусан, эконометрик усулларни иқтисодий тадқиқиотларга кенг қўллаш борасида ҳам изланишлар олиб бормоқда. Эконометрика фанининг иқтисодий таҳлилда муҳим аҳамиятга эга эканлигини ҳисобга олган ҳолда ушбу фан дарслик сифатида университет программасига киритилган.

Ўзбекистоннинг улкан туризм салоҳиятига эга эканлигини ҳисобга олиб, Устоз Қ.Абдураҳмонов томонидан иккита йирик “Manajement of Tourism” ва “Manajement and marketing of Tourism” ўқув қўлланмалари тайёрланиб, 2013 йилда Индонезия ва Малайзия давлатларида нашрдан чиқарилди. Ушбу қўлланмалар Германия ва Россия Федерациясининг олийгоҳлари ва илмий-тадқиқот институтлари ва марказлари томонидан ўқув ва амалий тадқиқотларда қўлланма сифатида ҳам фойдаланилмоқда.

Қаландар Хўжаевичнинг илм фан соҳасидаги ютуқларини ҳисобга олиб Россия Федерациясининг гуманитар фанлар ҳамда табиий фанлар академиялари ўзларининг ҳақиқий аъзолигига қабул қилишган, шунингдек, 1998 йилдан Олий мактаб халқаро академиясининг ҳақиқий аъзоси ва шу академиянинг илмий котиби, 1999 йил апрель ойидан бошлаб Нью-йорк университетининг академиги бўлиб сайлангани биз ўзбекистонликларга фахр ва ғурур бағишлайди.

Ўзбекистон иқтисодиёти ва тараққиёти юксалишини таъминлашда ўзининг сермаҳсул илмий ва маърифий ютуқлари билан муносиб иштирок этиб келаётган Устоз кенг қамровли фаолият олиб бормоқда, десак муболаға бўлмайди. Олий ўқув юрти талабалари ва малакали илмий ходимларни тайёрлаш билан биргаликда Қ. Абдураҳмонов ўзининг лидерлик ҳамда ташкилотчилик қобилиятларини ҳам намоён этиб келмоқда. Унинг раҳбарлигида Тошкент шаҳридаги Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг филиалига асос солинди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистонда илк халқаро даражадаги етакчи олий ўқув юртининг филиалини ташкил этишга ҳар ким ҳам жазм эта олмас эди. Бунинг учун жуда кўп тўсиқ ва ғовларни енгиб ўтиш талаб этилар эди.

Қ.Абдураҳмонов Тошкент шаҳридаги Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг филиали ректори лавозимида иш бошлаганидан кейин кадрлар тайёрлаш миллий дастурини ҳаётга самарали татбиқ этиш билан бирга таълим соҳасидаги интеграцион алоқаларни ривожлантиришга катта эътибор қаратиб келмоқда.

Қаландар Абдураҳмоновни хориждаги илмий доиралар иқтисодиёт назарияси, туризм менежменти, ижтимоий-меҳнат муносабатларини ташкил этиш ва бошқариш муаммолари бўйича таниқли олим сифатида тан олишади.

Шарқда, хусусан, мусулмон дунёсида “Олимнинг қаламидан томган сиёҳ томчиси шаҳидларнинг қонидан муқаддасроқ” деган ҳикмат азалдан маълум. Дунёнинг роҳат–фароғатидан ўзини чеклаб, деярлик 60 йил мобайнида илм йўлида изланган Қаландар Абдураҳмонов Ўзбекистоннинг иқтисодиёт фанида ўз номини олтин ҳарфлар билан тарих саҳифасига битиб бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Юқорида айтганимдек, ёшликда журналистикага бўлган иштиёқ Устоз етук иқтисодчи олим бўлиб шаклланганда ҳам сўнмаган экан. Вақти келиб, у Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг аъзолигига ҳам қабул қилинди ва бу шунчаки фахрий аъзолик эмас эди. Устознинг “Ўзбекистон: кеча, бугун ва келажакда” номли китоби нафақат Ўзбекистонда, шунингдек, Жанубий Корея ҳамда Германия мамлакатларида инглиз тилида чоп этилди. “Оламни маҳлиё айлаган диёр” номли китоби Ўзбекистондек жаннатмакон юртни англамоқчи бўлган чет элликлар учун ўзига хос “йўл кўрсатувчи” бўлиб хизмат қилаётганлиги билан таҳсинга лойиқ бўлди. 2017 йилда “Ўзбекистонда инсон омили ва манфаатлари – энг олий қадрият” номли китоби, 2018 йил ва 2021 йилларда Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов хотирасига атаб “Буюклар каҳкашонида”, “Ўзбекистон – дилбар Ватаним” каби бадиий асарларни чоп этиб, китобсеварларнинг юксак ҳурмат ва эътиборига сазовор бўлди.

Устознинг илмдаги машаққатли синовларни енгиб ўтиб, бугун биз сиз билан гувоҳи бўлиб турган даражага етиши, энг аввало, уларнинг авлодларидан мерос бўлиб ўтиб келаётган маърифий салоҳият, ота-онаси ҳамда устозлари томонидан берилган таълим ва тарбиянинг самараси, деб биламан. Нафақат Тўлақулда, дарҳақиқат, бутун Чироқчи туманида Устознинг падари бузрукворлари – Абдураҳмон бобони билмаган, эшитмаганлар топилмайди. Туманимизда ул зот қишлоқ оқсоқолларининг (ўша даврдаги қишлоқ совети раисларининг) ичида энг саводли, халқнинг дарди ва ғами билан яшаган инсон сифатида эсланади. Қашқадарёча қилиб, бир сўз билан айтганда – “Кайвони инсон бўлган”, деб таърифлашади.

Хуллас, Қаландар аканинг ибратли ҳаёти ва илмий асарлари ўсиб келаётган ёш авлодга таълим ва тарбия беришда қимматли манба бўлиб хизмат қилади. Устоз Қаландар аканинг илм йўлидаги машаққатларни енгиб ўтиб эришган ютуқлари, таълим ва тарбияга нисбатан ёндашувлари шахсан мен учун катта ибрат мактаби бўлган, деб баралла айта оламан. Устоздан илм олишда бардавомлик, маслаҳатсиз иш бошламаслик, илмни доимо мукаммаллаштириб бориш, илм йўлида машаққатга сабр ва бардошли бўлиш, илм ҳосилидан бошқаларни ҳам баҳраманд қилиш каби хислатларни ўрганиш мумкин.

Президентимиз ташаббуслари билан олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар Устоз сингари илму маърифат йўлида хизмат қилаётган инсонлар учун ёш авлодни соф эътиқод, чиройли ахлоқ ва одоб соҳиби бўлиши борасида катта масъулият юклайди. Устоз Қаландар Абдураҳмонов доимо таълим-тарбия масаласини ўзининг жамият олдида турган муҳим вазифаси ҳисоблаб келган. ёшларга таълим беришда Устознинг ибратли ҳаёти ва илмий асарларини ўрганиш, ёшларимизда илм-маърифатга бўлган қизиқишни юксалтириб, уларни юксак маънавиятга тарғиб этишига ишончим комил. Шунингдек, Устознинг меҳнат иқтисодиёти фани соҳасида юксак даражани забт этган таълим методикаси бу борада малакали иқтисодчилар ва социологларни етиштириб чиқишда катта аҳамият касб этади.

Ушбу муборак дамларда Устозга ўзлари яратган илмнинг юксак натижаларини узоқ йиллар давомида кўриб юришини ҳамда буюк аждодларимизга хос кўплаб ворислар тайёрлаш борасида улкан зафарлар тилайман.

 

Шарофиддин НАЗАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.

 

Меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик манзили

Қўли калталик – бу танлов эмас, қисмат. Ҳар бир инсон тақдирнинг тайёрлаб қўйган синовларини темир иродаси, заҳматли меҳнати билан енгиб, таъбир жоиз бўлса, қувонч ва ташвишларга тўла ўз асарини битишга ҳаракат қилади. Қимирлаган қир ошади, албатта. Бироқ орамизда ҳаёт машаққатлари қаршисида қаддини тик тутиб, уларни ёриб чиқишга маълум бир имкониятлари чеклангани сабаб куч топа олмайдиган инсонлар ҳам бор. Улар бундай паллада жамиятнинг, давлатнинг кўмагига, мурувватига, мададига суянади. Ўз навбатида инсонпарвар, ижтимоий адолат тамойиллари олий мезон саналган давлат бу эҳтиёжманд шахслар манфаатларини тўла-тўкис таъминлашга интилади.

Якунига етган мўътабар Рамазон ойи мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий сиёсатнинг изчиллиги, манзиллилиги ва, табиийки, натижадорлигини яққол амалда намоён этган, жамиятда меҳр-оқибат, саховат ва ўзаро қўллаб-қувватлаш муҳити янада кучайган давр сифатида муҳрланди. Бинобарин, давлат раҳбарининг 16 февралдаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорида “Рамазон — меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” деган эзгу ғоя асосида қатор чора-тадбирларни рўёбга чиқариш белгилангани ушбу даврда юзлаб ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга умид ва шодлик улашишдек хайрли ишларга туртки берди.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бўлим бошлиғи Фарид НАЗАРОВ бу борада қуйидагиларни баён қилади.

– Қон-қонимизга сингиб кетган қадриятларимизга кўра, улуғ Рамазон ойида халқимизнинг кам таъминланганларга ёрдам қўлини чўзиш, кишиларнинг бир-бирига янада эътиборли ва меҳрли муносабат бўлиш фазилатлари бир қадар юксалади, – дейди Ф. Назаров. – Айниқса, ижтимоий ҳимоя тизимида фаолият юритаётган ижтимоий ходимлар учун мана шу ўттиз кун юксак инсонпарварлик қадриятларини амалда намоён этиш ойига айланади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя тизими тубдан ислоҳ қилиниб, унинг марказида инсон манфаати ва унинг қадрини улуғлаш тамойили мустаҳкам ўрин олди.

Ижтимоий хизматларни ташкил этишда замонавий ёндашувлар жорий этилди, аҳолига кўрсатиладиган хизмат турлари кенгайтирилди ва энг асосйси, ижтимоий ходим институти шакллантирилди. Бугунги кунда тизимдаги ходимларимиз инсон тақдири билан ишлайдиган, ижтимоий муаммоларнинг илдизигача етадиган ва уларни ҳал этиш учун давлатнинг мавжуд имкониятларини сафарбар қиладиган муҳим ижтимоий институтга айланди.

Айни пайтда юртимиздаги маҳаллаларда 8 мингдан ортиқ ижтимоий ходимлар фаолият юритмоқда. Уларнинг 60 фоиздан ортиғини аёллар ташкил этяпти. Маҳаллада фаолият юритаётган ижтимоий ходимлар аҳолининг ижтимоий ҳолатини ўрганиш, эҳтиёжманд оилаларни аниқлаш, уларга комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатиш ҳамда инсонларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда ҳал қилувчи ўрин тутаётирлар. Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда жаҳон амалиётида ижтимоий ходимлар жамиятдаги энг муҳим касблардан бири сифатида эътироф этилган. Ўзбекистонда ҳам сўнгги йилларда мазкур институтнинг ҳуқуқий ва институционал асослари яратилди. Ижтимоий ходим бугун маҳалладан бошлаб республика даражасигача бўлган ижтимоий ҳимоя тизимининг муҳим бўғинига айланиб, унинг вазифаси фақат моддий ёрдам кўрсатиш билан чекланмасдан, аксинча, ижтимоий ходим инсонларнинг турмуш тарзини, маиший ҳолатини комплекс баҳолайди, муаммонинг сабабларини таҳлил қилади ва уни ечиш учун турли давлат органлари ва ташкилотларини бирлаштирувчи механизмни ишга туширади. Ижтимоий ҳимоя тизимида амалга оширилаётган устувор ислоҳотлардан бири ижтимоий хизматларни ягона нуқтада ҳисобга олиш ва мувофиқлаштириш механизмидир. Илгари аҳоли турли давлат органларига мурожаат қилиб, ҳар бир хизматни алоҳида тарзда олишга мажбур бўлган бўлса, бугунги кунда мазкур жараён анча соддалаштирилди. Яъни яхлитлаштирилди. Мана шу ўзгариш ва янгиланишлар, хусусан, давлат раҳбарининг Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказишга доир қарори ижросини самарали таъминлашда ҳам айни муддао бўлди, десак, янглишмаймиз. Рамазон ойи ижтимоий ҳимоя тизимида фаолият юритаётган мутахассислар учун алоҳида масъулиятли даврга айланди. Бу ойда аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига ёрдам бериш қамрови бир карра ортди.

Президентимизнинг юқорида келтирилган қарорида Рамазон ойи муносабати билан эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш бўйича манзилли ижтимоий ёрдам чоралари назарда тутилган. Шунга кўра, оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган фуқароларга жарроҳлик амалиётларини ўтказиш, тиббий даволанишни ташкил этиш, шунингдек, бир марталик моддий ёрдам ажратиш каби кўмак турлари тизимли йўлга қўйилди.

Жумладан, Бир марталик моддий ёрдам дастури доирасида эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида 696 мингдан ортиқ фуқаролар рўйхати шакллантирилди, уларга ажратиладиган маблағлар умумий ҳисобда 467,2 млрд сўмни ташкил этмоқда.

Янада аниқроқ айтганда, мазкур дастурга 216 мингдан ортиқ давлат таъминотида бўлган оилалар, 415 мингдан ошиқ камбағал оилалар, 17 мингдан зиёд ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, 4 мингдан ортиқ етим болалар яшайдиган хонадонлар, 43 мингдан ортиқ “маҳалла еттилиги” томонидан шакллантирилган қўшимча рўйхатга киритилган эҳтиёжманд фуқаролар қамраб олинди.

Тиббий кўмакка муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида олиб борилган ўрганишлар натижасида 1 минг 668 нафар фуқаро даволанишга муҳтож экани аниқланиб, улар соғлиғини тиклаш ва зарур тиббий ёрдам билан таъминлаш мақсадида босқичма-босқич тиббий чора тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳозирга қадар 1 минг 310 нафар фуқаро вилоят шифохоналарида, 358 нафар ҳамюртимиз эса республика ихтисослаштирилган тиббий марказларида чуқур тиббий кўриклардан ўтказилиб, зарур даволаш ишлари, жарроҳлик амалиётлари бажарилди.

Бу каби ишлар эҳтиёжманд фуқароларнинг саломатлигини асраш, уларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш ҳамда ижтимоий ҳимоя тизими инсонпарварлик тамойилларининг амалдаги ёрқин намунасидир.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, жамиятда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш мақсадида “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан озиқ-овқат харажатларини қоплаш бўйича ҳам манзилли ишлар амалга оширилди.

Маълумки, “Саховат ва кўмак” жамғармасининг асосий мақсади оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган, моддий ёрдамга муҳтож фуқаролар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларга манзилли кўмаклашишдан иборат. Жамғарма томонидан Рамазон ойида республика бўйича 50 мингта оилага озиқ-овқат маҳсулотлари (ҳар бир оилага 412 минг сўм миқдорида маблағ ажратган ҳолда) тарқатиш белгиланди. Бу ташаббус саховат, бағрикенглик ва инсонларга ғамхўрлик қилиш каби қадриятларнинг жамият ҳаётидаги устунлигини кафолатлашга хизмат қилмоқда.

Мазкур жараёнда “маҳалла еттилиги” маҳаллалар кесимида оилаларнинг ижтимоий ҳолатини ўрганиб, ҳақиқатан ҳам ёрдамга муҳтож фуқароларни аниқлаш, рўйхатларни шакллантириш ва ажратилаётган ёрдамнинг манзилли ҳамда адолатли тарзда баҳолаб, уларнинг эҳтиёжларини аниқлаш ва тегишли қўллаб-қувватлаш чораларини ташкил этиш орқали эзгу ишларга салмоқли ҳисса қўшди.

Яна бир масала. Ҳозирга келиб, янги давр руҳи ва талабларига мувофиқ ижтимоий хизматларнинг наинки кўлами, балки мазмуни ҳам ўзгармоқда. Илгари асосан моддий ёрдамга эътибор қаратилган бўлса, бугунги кунда инсонларни мустақил ҳаётга қайтариш, уларнинг имкониятларини очиш ва ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган хизматларга устуворлик берилмоқда. Рамазон ойида бу борада ҳам кўп ва хўп ишлар қилинди.

Ижтимоий ҳимоя тизимининг самарали ишлаши фақат давлат органларининг фаолияти билан чекланиб қолмайди. Бу жараёнда жамоат ташкилотлари, хайрия фондлари, фуқаролик жамияти институтлари ва оддий фуқароларнинг иштироки ҳам сув ва ҳаво каби зарур.

Жамиятдаги саховат ва меҳр-оқибат муҳити ижтимоий ҳимоя тизимининг имкониятларини янада кенгайтиради. Ижтимоий ходимлар бу жараёнда кўприк вазифасини бажаради. Улар давлат, жамоат ташкилотлари ва аҳоли ўртасидаги ҳамкорликни таъминлаб, ёрдамнинг манзилли ва самарали бўлишига хизмат қилади. Шу маънода, файзу баракали ўтган Рамазон ойи юртимиз ижтимоий ҳимоя тизими ходимлари учун нафақат маънавий, балки катта амалий аҳамиятга эга бўлди.

 

Миннатдорлигимни сўз билан таърифлай олмайман”

Бекободлик Моҳира Пўлатова кўп йиллардан буён юриш билан боғлиқ муаммодан азият чекиб келаётган эди. У учун уй остонасидан ўз оёғида кириб чиқиш ушалмас бир орзудек туюлар, тўшакка михланиб қолганидан руҳан синиб борарди. Лекин бу йилги муборак Рамазон ойи кўплар қатори у учун ҳам хайрли келди. Маҳалладаги ижтимоий ходим ва “маҳалла еттилиги” томонидан унинг турмуш шароити ўрганилиб, жарроҳлик амалиётига эҳтиёжи борлиги аниқлангач, тиббий ёрдам кўрсатиладиган фуқаролар рўйхатига киритилди.

Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида Моҳира Пўлатованинг жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказилди. Айни пайтда у ўзини жуда яхши ҳис этмоқда. Муҳими, энди у юра бошлади.

– Миннатдорлигимни сўз билан таърифлолмайман, – дейди Моҳира. – Менинг ҳолатимни мен каби узоқ вақт юриш орзусида яшаган, шифтга тикилганча Яратгандан умидини узмаган инсонлар тушунади. Тўғри, баъзан “Бошқалар каби юролмасам, оиламдагиларга юк бўлиб, яшаб нима қилдим?” деган тушкун хаёлларда кун ўтказган пайтларим ҳам бўлди, яширмайман. Аммо юртимизда ҳеч бир инсон давлатнинг эътиборидан четда эмаслигини бугун ўзимнинг ҳаётим мисолида кўриб, ҳис қилиб турибман. Мана, бепул жарроҳлик амалиётидан кейин ўша оғир кунларим ортда қоладиган бўлди. Бунинг учун давлатимизга, ўзгалар дардини ўзиникидек қабул қилиб, биз каби эҳтиёжмандлар ҳаётига нур олиб кираётган яхши инсонларга раҳмат дейман.

 

Оламни тингламоқ бахти

23 ёшли Озода Римбаева Қорақалпоғистон тиббиёт институтида ўқийди, бўлғуси шифокор. У юқори синфда ўқиб юрган чоғларида хасталик асорати ўлароқ эшитиш қобилиятини йўқотган. Тасаввур қилинг, кечагина ота-онасининг, ўртоқларининг овозини, қушларнинг чуғур-чуғурини, дарахтларнинг шовқинли тебранишини, бу оламдаги жамики сас садони тинглаб, ўйнаб-кулиб юрган қиз бирдан эшитмай қолса…

Озода тақдирга тан бериб, бор кучини, вақтини ўқишга бағишлади. “Эшитмасам ҳам, дунёни кўряпман-ку!” деди ўзига ўзи. Билим ва интилиши билан тиббиёт олийгоҳига ўқишга кирди. Кейинчалик ўқиб-ўрганиб билдики, эшитиш қобилиятини тиклаш мумкин экан. Фақат бу қиммат операция бўлиб, яхшигина маблағ талаб қилар эди. Оилавий шароит эса буни кўтармасди.

Рамазон ойи муносабати билан Президентимизнинг тегишли қарори асосида эҳтиёжманд беморларнинг даволаниш харажатлари қоплаб берилаётганидан хабар топгач, онаси билан бирга пойтахтга, Республика ихтисослаштирилган оториноларингология ва бош-бўйин касалликлари илмий-амалий тиббиёт марказига етиб келди.

Марказда зарур тиббий текширувлардан сўнг унда кохлеар имплантация амалиёти муваффақиятли ўтказилди. Яъни хасталик туфайли зарарланган нерв толалари ўрнига махсус датчиклар киритилиб, ички қулоқ қисмига кохлеар имплант ўрнатилди. Муолажа жараёнидан кейин Озоданинг эшитиш қобилияти тиклана бошлади.

– Кўнглимдаги кемтиклик ариди, -дейди Озода. – Энди мен ҳам бошқалар каби одамлар билан бемалол мулоқот қиламан, мусиқа тинглайман… Бунинг қанчалар бахт эканини билсангиз эди… Келгусида яхши шифокор бўлиб, дардига дармон излаётган инсонларни соғлом ҳаётга қайтаришга ҳисса қўшишни, яхшиликка яхшилик билан жавоб беришни ният қилганман.

 

Фарида МАҲКАМОВА,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

 

Саратонга қарши кураш: Тошкент шаҳрида бу борада вазият қандай?

Тирик жон борки дардга чалинади, шифо излайди. онкология мавзусига таҳлилий ёндашганда, энг аввало, бир муҳим фикрни таъкидлаш лозим, у инсоният учун жиддий муаммо бўлса-да, мутлақ ҳукм ёки умидсизлик белгиси эмас. илмий асосларга кўра, бу касаллик ҳужайраларнинг назоратсиз кўпайиши натижасида юзага келади, аммо замонавий тиббиёт уни аниқлаш ва даволаш борасида катта ютуқларга эришмоқда.

Ўзбекистонда ҳам ана шундай ютуқлар туфайли онкологик касалликларни эрта аниқлаш, самарали даволаш ва беморларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш имкониятлари сезиларли даражада кенгаймоқда.

Айни пайтда мамлакатимизда онкология соҳасини ривожлантириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш ва касалликни эрта босқичларда аниқлаш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ихтисослаштирилган онкология марказларини модернизация қилиш, замонавий ташхислаш ускуналари билан таъминлаш, скрининг дастурларини кенг жорий этиш ҳамда малакали мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2024 йил 22 ноябрдаги “Аёллар орасида онкологик касалликларни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида мамлакатда аёллар саломатлигини муҳофаза қилиш, онкологик касалликларни эрта босқичда аниқлаш ҳамда уларни самарали даволаш тизими тубдан такомиллаштирилмоқда.

Мазкур қарор ижросини ўрганиш, тизимдаги самарадорликни баҳолаш ва аниқланган муаммолар юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши ташаббуси билан депутатлар ва партия вакилларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилди.

Ишчи гуруҳ фаолияти қарор ижросини фақат ҳисоботлар асосида эмас, балки бевосита жойига чиқиб, тиббиёт муассасалари фаолиятини кўздан кечириш, масъул раҳбарлар ва тиббиёт ходимлари билан мулоқот қилиш ҳамда реал ҳолатни аниқлашга қаратилди.

 

Назорат-таҳлил натижалари…

Ишчи гуруҳ томонидан пойхатимизнинг Шайхонтоҳур, Миробод ва Мирзо Улуғбек туманларида манзилли ўрганиш ишлари амалга оширилди. Хусусан, Шайхонтоҳур тумани тиббиёт бирлашмасида аёллар ўртасида онкологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича олиб борилаётган скрининг тадбирлари ўрганилди.

Ўрганиш жараёнида туман тиббиёт бирлашмасининг стационар маммографик ускунаси орқали аёллар орасида скрининг ва маммография тадбирлари ўтказилаётгани кузатилди. Бу ҳолат қарорда белгиланган стационар ва мобиль маммографик скринингни жорий этиш вазифалари муайян даражада амалга оширилаётганини кўрсатади. Шу билан бирга, мазкур тадбирлар доимий ва оммавий тус олмагани, қамров чеклангани ва скрининг асосан акциялар ёки алоҳида тадбирлар доирасида ташкил этилаётгани маълум бўлди.

Миробод туманида қарор ижроси депутатлик назоратининг институционал механизми – депутат сўрови орқали ўрганилди. Яъни халқ депутатлари туман Кенгашидепутатлари томонидан туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокорига расмий депутат сўрови юборилди. Президентимизнинг тегишли қарори ижроси, скрининг тадбирларининг қамрови, кадрлар билан таъминланганлик ва ташкилий масалалар юзасидан маълумотлар сўралди.

Тиббиёт бирлашмасидан келиб тушган расмий жавоб таҳлил қилинди. Таҳлил натижаларига кўра, қарор ижроси бўйича муайян ишлар амалга оширилган бўлса-да, айниқса, маммографик скрининг қамрови, икки сменали иш тизимини жорий этиш ва бирламчи бўғинда аёлларни фаол жалб қилиш масалаларида қарор талаблари тўлиқ таъминланмагани кузатилди.

Мирзо Улуғбек туманидаги назорат-таҳлил натижаларига кўра, туман кесимида бачадон бўйни саратони ва кўкрак бези саратони бўйича 2025 йил учун алоҳида тармоқ режалари ишлаб чиқилган, режалар оилавий поликлиникалар ва КТМПлар кесимида ойлар бўйича тақсимлангани ҳужжатлар асосида тасдиқланган.

Масалан, Мирзо Улуғбек туманида 30–65 ёшдаги аёллар сони 63 минг нафардан ортиқ бўлиб, бачадон бўйни саратони скрининги учун 2025 йилга 15 минг нафардан ортиқ аёлни қамраб олиш режалаштирилган, кўкрак бези саратони скрининги бўйича эса 11 минг нафардан ортиқ аёл қамраб олиниши кўзда тутилган. Бу ҳолат қарор талабларига мувофиқ режалаштириш ишлари амалга оширилганини кўрсатади.

Бироқ ишчи гуруҳ ўрганишлари шуни кўрсатдики, режаларнинг мавжудлиги уларнинг амалда тўлиқ ва сифатли бажарилаётганини англатмайди. Саволнома асосида олиб борилган таҳлилларга кўра, Тошкент шаҳрида аёллар ўртасида онкологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича скрининг ишлари икки йўналишда – маммографик скрининг ва “онко-назорат” хоналари орқали клиник кўриклар шаклида амалга оширилмоқда.

2025 йилда шаҳар бўйича маммографик скрининг орқали 11 688 нафар аёл қамраб олинган бўлса, “онко-назорат” хоналари орқали 120 171 нафар аёл клиник кўрикдан ўтказилган. Маммография орқали 63 нафар аёлда кўкрак бези саратони аниқлангани ушбу усулнинг юқори самарадорлигини яққол кўрсатади.

Шу билан бирга, қарорга мувофиқ 45-65 ёшли аёлларда кўкрак бези саратонини аниқлашда асосий усул сифатида маммография белгиланган бўлса-да, амалда скринингнинг асосий юки клиник кўриклар ҳисобига тўғри келмоқда. Бу эса қарорда белгиланган скрининг кўрсатгичлари билан амалдаги ҳолат ўртасида муайян тафовут мавжудлигини кўрсатади.

Саволнома натижалари шуни ҳам кўрсатдики, “онко назорат” хоналари фаолияти ҳудудлар кесимида бир хил эмас. Айрим поликлиникаларда клиник кўриклар фаол ўтказилаётган бўлса, айрим жойларда тиббиёт ходимларининг онкологик ҳушёрлиги ва скрининг кўрсатгичлари бўйича билимлари етарли эмас. Шубҳали ҳолатларни ўз вақтида маммографияга ёки ихтисослаштирилган муассасаларга йўналтиришда узилишлар борлиги аниқланди. Электрон рўйхатга олиш ва мониторинг тизими ҳам барча муассасаларда тўлиқ ишламаяпти, бу эса қарорда назарда тутилган электрон база ва регистр тизимининг амалда тўлиқ жорий этилмаганини кўрсатади.

Ижобий жиҳат сифатида шуни қайд этиш лозимки, скрининг жараёнида касаллик аниқланган беморлар билан ишлаш тизими Тошкент шаҳрида нисбатан барқарор йўлга қўйилган. Беморлар Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказига йўналтирилиб, чуқурлаштирилган диагностика, морфологик тасдиқ, консилиум ва комплекс даволаш билан давлат бюджети ҳисобидан таъминланмоқда. Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар учун бепул диагностика ва даволаш имкониятлари мавжудлиги қарор ижросидаги муҳим ижобий натижа ҳисобланади.

Шу билан бирга, кадрлар билан таъминланганлик масаласида ҳам муаммолар бор. Туман даражасида врач онкологлар етишмовчилиги, айрим “онко-назорат” хоналарида тўлиқ штат билан ишламаслик ҳолатлари қарор талабларининг тўлиқ бажарилишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ахборот маърифий ишлар эса асосан мавсумий характерга эга бўлиб, қарорда белгиланган доимий ва тизимли тарғибот талабларига тўлиқ жавоб бермайди.

Ўрганиш хулосаларига кўра, Президентимизнинг тегишли қарори ижроси асосида туманларда ижобий натижалар мавжуд. Бироқ қарорнинг асосий мақсади — аёллар ўртасида онкологик касалликларни оммавий ва самарали равишда эрта аниқлаш ҳали тўлиқ таъминланмаган. Маммографик скрининг қамровини кенгайтириш, бирламчи бўғинда фаол жалб қилиш механизмларини кучайтириш, икки сменали иш тизимини тўлиқ жорий этиш, кадрлар билан таъминлашни яхшилаш ва электрон мониторингни амалда ишлайдиган тизимга айлантириш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

 

Партия фаоллари ва депутатлар нима дейди?

Мавжуда ҲАСАНОВА,

ЎзХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи:

– Очиғи, Ўзбекистонда ҳам ўсма касалликларини даволаш нафақат соғлиқни сақлаш тизимининг, балки бутун жамиятнинг доимий эътиборини талаб қиладиган соҳа эканлиги маълум.

Ҳудудларда олиб борилган кенг кўламли таҳлиллар, яъни ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилган манзилли ўрганишлар, саволнома асосида тўпланган маълумотлар ҳамда тиббиёт муассасалари раҳбарлари ва соҳа мутахассислари билан амалга оширилган мулоқотлар аёллар орасида онкологик касалликларнинг ҳолати ва уларни назорат қилиш тизимидаги мавжуд камчиликларни очиқ кўрсатди.

Партиямиз депутатлари ва ҳудудий мутахассислар фикрларини инобатга олган ҳолда, қарор ижроси самарадорлигини ошириш бўйича қатор стратегик таклифлар ишлаб чиқдик.

Аввало, қисқа муддатли чоралар сифатида аёллар ўртасида онкологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича скринингни ташкил этишда “фаол чақирув” механизмини кучайтириш зарур ҳисобланади. Қарорда белгиланган 30-65 ёшли аёллар электрон базаси асосида ҳар бир оилавий поликлиника ва маҳалла кесимида аниқ мақсадли рўйхат шакллантирилиб, SMS-хабарнома, қўнғироқ ва патронаж орқали скринингга таклиф қилиш амалиётини жорий этиш лозим. Бу чора қисқа муддатда скринингга келувчи аёллар сонини ошириш, қамров кўрсаткичларини барқарор ўсишга олиб чиқишга хизмат қилади.

Шу билан бирга, қисқа муддатда маммографик ускуналарнинг икки сменали иш режими тўлиқ жорий этилиши лозим. Бу қарорда тўғридан тўғри белгиланган бўлиб, унинг амалга оширилиши ишловчи аёллар учун қулайлик яратиш орқали маммографик скрининг қамровини кенгайтириш имконини беради. Натижада клиник кўриклар билан чекланиб қолиш ҳолатлари қисқариб, аниқ ташхис қўйиш улуши ортади, бу эса диагностика сифатини яхшилайди.

Қисқа муддатли чоралар қаторида бирламчи бўғин тиббиёт ходимларининг онкологик ҳушёрлигини оширишга қаратилган мақсадли ўқувларни ташкил этиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Қарорда белгиланган скрининг алгоритмлари бўйича қисқа модулли ўқувлар жорий этилса, шубҳали ҳолатларни ўз вақтида аниқлаш ва юқори бўғинларга йўналтириш яхшиланади. Бу эса эрта босқичда аниқланган касалликлар улушини ошириш орқали даволаш самарадорлигини кўтаради ва кейинчалик юқори харажатли даволаш эҳтиёжини камайтиради.

Шуни унутмайликки, давлат томонидан тизимга кўрсатилаётган эътибор саратонга чалинган юртдошларимизнинг тузалиб, яшаб кетиш даражасининг ортишига салмоқли ҳисса қўшади. Фақат қарор ижросини қатъий таъминлаш, белгиланган текширувларни вақтида олиб бориш зарур. Ахир, шифокорлар жуда кўп айтишади: саратон хасталиги қанча эрта аниқланса, уни даволаш имкони шунча ортади.

 

Мухтор ИЛҲОМОВ,

халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП депутати:

– Онкология соҳасидаги илмий изланишлар ҳар йили янги натижалар бермоқда. Янги дори воситалари, генетик тадқиқотлар ва инновацион терапия усуллари келажакда бу касалликни янада самарали даволаш имкониятини кенгайтирмоқда.

Президентимизнинг 2024 йил 22 ноябрда қабул қилинган қарори мамлакатда онкологик касалликларга қарши курашишда янги босқични бошлаб берди.

Назорат-таҳлил натижаларидан келиб чиқиб шуни айта оламанки, ўрта муддатли стратегик чоралар сифатида, аввало, ушбу қарорда назарда тутилган электрон мониторинг ва регистр тизимини тўлиқ ишлайдиган ҳолатга келтириш зарур. Скринингдан ўтган ҳар бир аёлнинг натижаси, қўшимча текширувлар, ташхис ва даволаш босқичлари ягона электрон тизимда акс эттирилса, скрининг натижадорлигини баҳолаш имконияти ошади. Бу орқали ресурслар мақсадли йўналтирилиб, такрорий текширувлар ва асоссиз харажатлар қисқартирилади.

Ўрта муддатда кадрлар билан таъминланганлик масаласини тизимли ҳал этиш ҳам долзарб ҳисобланади. Хусусан, “онко-назорат” хоналари ва маммографик скринингда ишловчи мутахассислар учун мақсадли қайта тайёрлаш, рағбатлантириш ва иш юкламасини қайта тақсимлаш механизмларини жорий этиш таклиф этилади. Бу чора хизмат сифати ошишига, кадрлар алмашинуви камайишига ва скрининг жараёнларининг барқарор ишлашига хизмат қилади.

Шунингдек, қарорда белгиланган тарғибот ишлари йил давомида узлуксиз ташкил этилса, аёлларнинг онкологик касалликлар ҳақидаги хабардорлиги ошади, профилактик кўрикларга муносабат ўзгаради. Бу эса қамровнинг ошиши, касалликларни эрта аниқлаш ва умумий ўлим кўрсаткичларининг пасайишига олиб келади.

Бу борадаги қонунчилик, имтиёз ва имкониятларни маҳалларга бориб, аёллар, умуман, аҳоли орасида тарғиб қилиш керак, деб ўйлайман. Учтепа туманидаги маҳаллаларда соҳа мутахассислари билан тушунтириш тадбирларини ўтказишни режалаштирдик. Бу жорий йилдаги муҳим вазифаларимиздан бири этиб белгиланди.

 

***

Ҳақиқатан ҳам, сўнгги йилларда онкологик касалликларни даволашда сезиларли ютуқларга эришиляпти. Тошкентдаги клиникаларда бу йўналишда муҳим жарроҳлик амалиётлари ҳам ўтказилмоқда.

Дунёда давосиз дарднинг ўзи йўқ. Ишонч, сабр ва ҳаракат ҳар қандай дардни енгади. Белгиланган чоралар ижроси ўз вақтида ижро этилса, бу соҳада катта ютуқларга эришиш, минг минглаб одамлар ҳаётга, оиласи бағрига қайтиши учун имконият яратилади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва унинг депутатлари мазкур масалани доимий депутатлик назоратига олади. Президент қарори ижросини таъминлашга, аёллар саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган чора-тадбирларнинг самарадорлигини оширишга, партиямизнинг Сайловолди дастурида белгиланган ижтимоий адолат ва аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш бўйича устувор вазифалар нуқтаи назаридан жиддий эътибор қаратишда давом этади.

 

Лазиза ШЕРОВА,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

 

 

 

Депутатлар кўмаги билан одамларнинг ташвиши аримоқда

Маҳаллий кенгашлар олдида бугун бир қатор масъулиятли вазифалар турибди. Хусусан, халқимизнинг ҳаётий талаб ва эҳтиёжларини таъминлаш, одамларни рози қилиш, инсон манфаати ҳар нарсадан улуғ, деган эзгу ғояни изчил давом эттириш орқали дуч келинаётган муаммоларни ўз вақтида аниқлаб, ҳал қилишга кўмаклашишда маҳаллий кенгаш депутатларидан ташаббускорлик, жонбозлик ва фаоллик талаб этилади.

Хўш, бугун халқ депутатлари маҳаллий кенгашлардаги депутатларимиз ва партия ташкилотлари фаолиятига назар ташласак, нималарни кўрамиз?

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, жамоатчилик қабулхоналари орқали келиб тушган мурожаатлар, депутатлик сўровлари ҳамда маҳаллий Кенгашлар сессияларида кўтарилаётган долзарб масалалар орқали ҳудудларда аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилган амалий ишлар изчил олиб борилмоқда.

2026 йилнинг январь-февраль ойларида партия кенгашлари қошидаги 217 та жамоатчилик қабулхонаси орқали 1486 та мурожаат қабул қилиниб, уларнинг 1305 таси ёки 88 фоизи ижобий ҳал этилган.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан 142 та депутатлик гуруҳи йиғилиши, 102 та доимий комиссия муҳокамаси ва 67 та сессия ўтказилиб, жойлардаги муҳим ижтимоий масалалар муҳокама қилинган.

Шу ўринда айтиш керакки, барча йўналишларда фаоллиги ва амалий натижалари билан ажралиб турган Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Навоий, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари тажрибаси алоҳида эътиборга лойиқ.

 

Қорақалпоғистонда ташаббуслар амалий натижа бермоқда

Қорақалпоғистон Республикасида партия депутатлик гуруҳлари томонидан аҳоли мурожаатларини ўрганиш ва уларга амалий ечим топишга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Жумладан, 2026 йил январь–февраль ойларида партия кенгашлари қошидаги жамоатчилик қабулхоналарига 166 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 160 таси ижобий ҳал этилган, бу эса 96 фоиз натижадорликни ташкил этади.

Аҳоли мурожаатлари асосида жойларда қатор масалалар ўрганилиб, уларни ҳал этиш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинмоқда.

Жумладан, Мўйноқ тумани “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини, Бердақ кўчаси 15-уй 18-хонадонда яшовчи фуқаро В.Комекова томонидан ўз уйида яшамаслигига қарамасдан чиқинди пули ҳисоблангани юзасидан мурожаат қилинган. Масала депутатлар иштирокида ўрганилиб, “Nukus Eko City Trans” МЧЖ Мўйноқ тумани филиали билан биргаликда кўриб чиқилган ва фуқаро мурожаати ижобий ҳал этилган. Амударё туманида ҳам фуқаролар мурожаатларига ижобий ечимлар топилиб, қатор ижтимоий муаммолар бартараф бўлган.

Умуман олганда, маҳаллий Кенгашларда партия депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан 15 та депутатлик гуруҳи йиғилиши, 11 та доимий комиссия муҳокамаси ва 10 та сессия ўтказилган. Шунингдек, 82 нафар депутат томонидан 66 та депутатлик сўрови юборилиб, уларнинг 51 таси ижобий ҳал этилган.

Бу каби амалий ишлар депутатлик корпуси аҳоли муаммоларига бефарқ эмаслигини, жойлардаги долзарб масалаларни ҳал этишда депутатлик назоратининг таъсирчан механизми шаклланаётганини кўрсатади.

 

Андижонда ижтимоий ҳимоя ва бандлик масалаларига алоҳида эътибор

Андижон вилоятида партия депутатлик гуруҳлари томонидан аҳоли мурожаатларини ўрганиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб қувватлаш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган амалий ишлар изчил давом этмоқда.

2026 йил январь-февраль ойлари давомида вилоятда партия депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан 21 та депутатлик гуруҳи йиғилиши, 6 та доимий комиссия муҳокамаси ҳамда 8 та маҳаллий Кенгаш сессияси ўтказилди. Шунингдек, депутатлар томонидан 22 та депутатлик сўрови юборилиб, уларнинг 9 таси ижобий ҳал этилди. Қолган депутатлик сўровлари бўйича депутатлик назорати ўрнатилди.

Аҳоли билан мулоқотни кучайтириш мақсадида ташкил этилган жамоатчилик қабулхоналари орқали ҳам фуқароларнинг долзарб муаммолари ўрганилди. Ҳисобот даврида вилоят бўйича 155 та мурожаат келиб тушиб, уларнинг 148 таси ижобий ҳал этилди, бу эса 95 фоиз натижадорликни ташкил этди.

Мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, фуқаролар асосан ижтимоий ёрдам, бандлик, тиббий хизмат, пенсия ва нафақа, уй-жой коммунал хизматлари билан боғлиқ масалаларда кўпроқ мурожаат қилишган.

Жумладан, Андижон шаҳри “Пистамозор” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Дилбар Набиева кам таъминланганлиги сабабли ижтимоий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Мурожаат 5-“Водий” сайлов округи депутати Дилдорахон Талипова иштирокида атрофлича ўрганилиб, маҳалла фаоллари ва ҳомийлар билан ҳамкорликда фуқарога зарур амалий кўмак кўрсатилди. Шўрбулоқ маҳалласида яшовчи Азизбек Хурбоевга эса депутатлар ташаббуси билан озиқ овқат маҳсулотлари ҳамда ногиронлар аравачаси берилди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари ҳам депутатлар диққат марказида бўлиб келмоқда. Жумладан, Андижон тумани Қўқонлик маҳалласида яшовчи Маҳамматжон Ашуров “Мухтор” МЧЖга, Ўғилой Мирзакаримова 29-сонли умумтаълим мактабига, Бекобод маҳалласида яшовчи Шохсанам Абдуманнопова эса 12-сонли мактабгача таълим муассасасига ишга жойлаштирилди.

Шу билан бирга, аҳоли мурожаатлари асосида инфратузилмани яхшилашга доир масалалар ҳам кўриб чиқилди. Масалан, Асака тумани “Чек” маҳалласи фуқаролари томонидан Ҳамдўстлик кўчасини шағаллаштириш ва ички йўлларни асфальтлаш масаласи кўтарилди. Мазкур мурожаат асосида депутатлик сўрови тегишли ташкилотларга юборилиб, масала назоратга олинди.

Шунингдек, ушбу маҳалладаги “Ҳумо” кўчасини шағаллаштириш бўйича мурожаат асосида ободонлаштириш, техникалар жалб этилган ҳолда йўлни текислаш ишлари амалга оширилди.

 

Навоийда депутатлик сўровлари орқали инфратузилма яхшиланмоқда

Навоий вилоятида партия депутатлик гуруҳлари аҳоли мурожаатларини ўрганиш ва жойлардаги ижтимоий иқтисодий муаммоларни ҳал этишга қаратилган депутатлик назоратини изчил амалга оширмоқда. Хусусан, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш ва ҳудудларни ободонлаштиришга қаратилган масалалар мунтазам муҳокама қилиб келинмоқда.

2026 йил январь-февраль ойлари давомида вилоятда партия депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан 8 та депутатлик гуруҳи йиғилиши, 8 та доимий комиссия муҳокамаси ҳамда 8 та маҳаллий Кенгаш сессияси ўтказилди. Шу билан бирга, масъул идоралар раҳбарларининг 13 та ҳисоботи эшитилди.

Ҳисобот даврида туман ва шаҳар Кенгашларидаги депутатлар томонидан 52 та депутатлик сўрови юборилиб, уларнинг 46 таси ижобий ҳал этилди. Бу эса депутатлик назорати орқали жойлардаги муаммоларни бартараф этиш самарадорлиги юқори эканини кўрсатади.

Аҳоли билан мулоқотни кучайтириш мақсадида ташкил этилган жамоатчилик қабулхоналари орқали ҳам фуқароларнинг долзарб муаммолари ўрганилди. Ҳисобот даврида вилоят бўйича 76 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 66 таси ижобий ечим топди.

Мурожаатлар асосида жойларда яна қатор амалий ишлар бошлаб юборилди. Жумладан, Хатирчи туманидаги маҳаллалар инфратузилмаси яхшиланмоқда. Шунингдек, Навоий шаҳрида оғир касаллик билан даволанаётган фуқаро томонидан қилинган мурожаат депутатлар томонидан ўрганилиб, унга жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун молиявий ёрдам ажратиш масаласи ижобий ҳал этилди.

Маҳаллий Кенгашлар сессияларида эса аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилган қатор масалалар муҳокама қилинди. Хусусан, маҳаллаларни кўкаламзорлаштириш ишларини кенгайтириш, тиббиёт муассасаларини замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш, шунингдек, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича дастурлар ижроси юзасидан масъул идоралар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди.

Фарғонада долзарб масалалар муҳокама қилинди

Фарғона вилоятида партия депутатлик гуруҳлари томонидан жойлардаги муаммоларни ўрганиш, аҳоли мурожаатларини тезкор ҳал этиш ва ижтимоий масалаларга амалий ечим топишга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Ҳисобот даврида вилоятда партия депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан 15 та депутатлик гуруҳи йиғилиши, 12 та доимий комиссия муҳокамаси ва 2 та маҳаллий Кенгаш сессияси ўтказилди. Ушбу йиғилиш ва муҳокамаларда ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммолар, аҳоли бандлигини таъминлаш ва инфратузилмани яхшилашга қаратилган масалалар атрофлича кўриб чиқилди.

Жамоатчилик қабулхоналари орқали аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ҳам самарали ташкил этилган. Ҳисобот даврида 129 та мурожаат қабул қилиниб, уларнинг 118 таси ижобий ҳал этилди.

Масалан, Қўқон шаҳридаги маҳалла аҳолиси томонидан ички йўлларни таъмирлаш масаласида қилинган мурожаат депутатлар иштирокида ўрганилди. Натижада маҳалла ҳудудидаги ички йўллар таъмирланиб, тартибга келтирилди.

Маҳаллий Кенгаш сессияларида эса аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилган қатор долзарб масалалар муҳокама қилинди. Хусусан, аҳоли бандлигини таъминлаш дастурлари ижроси, коммунал хизматлар сифатини ошириш, таълим муассасаларини таъмирлаш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш каби масалалар юзасидан масъул идоралар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

***

Юқорида келтирилган таҳлиллар шуни кўрсатадики, маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлари фаолияти жойлардаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишда таъсирчан ва амалий механизмга айланмоқда. Жамоатчилик қабулхоналари орқали фуқаролар мурожаатларини ўрганиш, депутатлик сўровлари орқали масъул идоралар фаолиятини назорат қилиш ҳамда маҳаллий Кенгашлар сессияларида долзарб масалаларни муҳокама қилиш амалиёти аҳоли манфаатларини таъминлашга хизмат қилаётгани яққол намоён бўлмоқда.

 

Сирожиддин ШОНАЗАРОВ,

ЎзХДП марказий кенгаши бўлим бошлиғи.