Ёшларнинг келажаги бир кунда ҳал бўлмайди. Аммо баъзан бир учрашув, бир яхши суҳбат, бир устознинг гапи ёки ўз ғоясини эркин айтиш имконияти унинг қарашини ўзгартириб, янги қадам ташлашига сабаб бўлади.
Сирдарёда ўтказилган “Истиқболли ёшлар” форуми айнан шундай муҳитни яратишга қаратилгани билан аҳамиятли, деб айтиш мумкин. Бу ерда ёшлар шунчаки тадбир иштирокчиси эмас, ўз фикри, ғояси, саволи ва орзуси билан майдонга чиққан фаол қатнашчи бўлди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ва Сирдарё вилоят партия кенгаши ҳамкорлигида Ширин шаҳрида ташкил этилган форумда минг нафардан ортиқ ёшлар иштирок этиб, турли йўналишларда тайёрланган лойиҳаларни тақдим этишди. Муҳими, бу лойиҳалар қоғозда қолиб кетадиган ғоялар эмас, ёшларнинг ўз қизиқиши, билими ва келажак режалари асосида шаклланган ташаббуслар сифатида намоён бўлди.
Касбнинг ҳақиқий манзилида
Форумнинг энг ҳаётий қисмларидан бири ёшларни бевосита иш жойлари билан таништириш бўлди. Иштирокчилар дастлаб “Сирдарё ИЭС” корхонасига ташриф буюриб, бу ерда меҳнат қилаётган ёш мутахассислар билан суҳбатлашишди, уларнинг иш жараёни, меҳнат шароити ва касбий ўсиш имкониятларини кўришди.
Касб танлаётган ёш учун бу каби учрашувлар оддий экскурсия эмас, албатта. Чунки касбни китобдан ўқиш бошқа, шу касб эгасини кўриб, унинг бир куни қандай ўтишини, нималарга эришганини эшитиш бошқа. Айниқса, ўзи билан қарийб тенгдошининг меҳнат қилиб, тажриба орттириб, ўз соҳасида ривожланаётганини кўриш ҳар бир ёш учун катта илҳом ва рағбат беради.
Тажрибали мутахассислар билан суҳбатлар давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Қандай қилиб касб эгаси бўлиш, иш жараёнида нималарга эътибор бериш, тажриба қандай тўпланиши ва мутахассис сифатида ўсиш мумкинлиги ҳақида фикр алмашилди.
Мухсиддин Низомиддинов,
ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи:
– Баъзан бир инсоннинг ҳаётий тажрибаси ўнлаб маслаҳатдан кўра кўпроқ нарсани англатади. Ишлаб чиқаришда ўз ўрнини топган ёш мутахассиснинг бугунги фаолиятини кўриш эса касб танлаш остонасида турган йигит-қизга “Мен ҳам қила оламан” деган ишончни беради.
Аслида, ёшлар билан ишлашнинг мазмуни ҳам шунда — уларга тайёр жавоб эмас, ўз йўлини топиши учун имконият бериш лозим. “Истиқболли ёшлар” форуми ана шу имкониятни яратиш, ёшларнинг овозини эшитиш ва уларнинг ғояларини қўллаб-қувватлаш йўлидаги амалий қадамлардан бири бўлди.
Форум давомида ёшлар билан бевосита мулоқот қилганимизда бир нарса яққол кўринди: уларга ўзини синаб кўриш учун имконият керак. ИЭСда ишлаётган ёш мутахассислар билан суҳбатлашганимизда ҳам, техникум ва мактабдаги ўқувчилар билан гаплашганимизда ҳам уларнинг касб, таълим ва келажакка қизиқиши сезилди. Менимча, ёшларнинг ташаббусини қўллаб-қувватлаш дегани фақат тадбир ўтказиш эмас, уларнинг фикрини эшитиш, яхши ғоясига амалий кўмак бериш ва натижасини кўришгача ёнма-ён бўлиш керак. Бугун биз учрашган ёшларнинг кўпчилигида мақсад бор. Энди шу мақсадга етиши учун уларга имконият яратиш муҳим.
Танловдан натижага
Форум иштирокчиларининг навбатдаги манзили Ширин энергетика техникуми бўлди. Бу ерда қатнашчилар ёшларнинг касб танлаши ва танлаган касбини амалиёт билан боғлаши учун қандай имкониятлар яратилаётгани билан танишишди.
Бугун ёш учун дипломнинг ўзи етарли эмас. У ўз касбини билиши, қўлида амалий кўникмаси ва меҳнат бозорида ўрнини топа олиши керак. Техникумдаги таълим жараёни, замонавий йўналишлар ва амалий машғулотлар айнан шу мақсадга қаратилган. Бу ерда ёшлар қобилиятини синаб кўриш, қизиқишига мос касбни танлаш ва келажакда талаб юқори бўладиган мутахассисликлар ҳақида тасаввурга эга бўлиш имконига эга.
Форум иштирокчилари Ширин шаҳридаги 1-сонли мактабда ҳам бўлиб, таълим жараёни ва ўқувчилар учун яратилган шароитлар билан танишишди. 11-синфда таҳсил олаётган 4 нафар ўқувчининг 189 балл натижа қайд этгани алоҳида эътиборни тортди.
Олий таълимга киришга тайёрланаётган бу ўқувчиларнинг натижаси бошқа тенгдошлар учун ҳам яхши намуна бўла олади, дейишди иштирокчилар.
Мактабда “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида ўқувчиларнинг касб-ҳунар ва меҳнат кўникмаларини ривожлантиришга мўлжалланган замонавий синфхоналар ташкил этилгани диққатга сазовор. Чунки бола касбни фақат китобдан ўқиб эмас, кўриб, синаб ва бажариб ўрганса, унинг қизиқиши ҳам, ишончи ҳам ортади.
Шу маънода, мактаб ва техникумларда яратилаётган бундай имкониятлар ёшларнинг эртанги ҳаёти учун муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади. Бугун касб ўрганган, билим олган ва ўз қобилиятини синаб кўрган ёш эртага меҳнат бозорида ўрнини топиши осонроқ бўлади.
Иштирокчилар Ширин шаҳрида ёшлар учун ташкил этилган турли тўгараклар фаолиятини ўрганишди. Спорт, санъат, маданият ва бошқа йўналишлардаги машғулотларда ёшларнинг қизиқиши ва қобилиятини ривожлантириш учун яратилган шароитлар кўздан кечирилди. Тўгаракларда шуғулланаётган ёшларнинг танлов ва мусобақаларда қўлга киритаётган ютуқлари ҳақида маълумотлар берилди.
Форум доирасида ёшлар билан очиқ мулоқот ҳам ташкил этилди. Унда таълим, касб-ҳунар, бандлик, ижтимоий фаоллик, жамоатчилик ташаббуслари ва келажак режалари ҳақида очиқ гаплашилди.
Бу мулоқотнинг энг муҳим жиҳати — ёшлар фақат тингловчи бўлиб қолмади. Улар ўзларини қизиқтирган масалаларни ўртага ташлади, савол берди. Депутатлар, партия вакиллари ҳамда Ёшлар парламенти аъзолари билан бевосита мулоқот қилиб, фикр алмашди.
Форум давомида турли соҳаларда фаолият юритаётган 20 нафарга яқин ёш билан алоҳида суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг фикр ва таклифлари, келгусидаги режалари тингланди. Бу суҳбатларда ҳар бир ёшнинг қараши, муаммоси ва мақсади бир-биридан фарқ қилиши яққол сезилди.
Айниқса, ногиронлиги бўлган 4 нафар ёшнинг ўз таклифлари билан чиққани эътиборга молик бўлди. Уларнинг фикрини эшитишнинг ўзи етарли эмас, бу фикрлар кейинчалик амалий ечимга айланиши муҳим. Чунки ёшлар сиёсати барча йигит-қиз учун бир хил қолипда эмас, ҳар бир инсоннинг имконияти ва эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда қурилгандагина ўз самарасини беради.
Ислом Мамадиев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси, Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш бўлими етакчи мутахассиси:
– Ёшлар билан очиқ мулоқотда бир нарса яққол сезилди: уларга, аввало, чиндан ҳам эшитадиган одам керак. Баъзи ёшлар ўз муаммосини очиқ айтиб берди, кимдир келажакдаги режаси билан ўртоқлашди, яна кимдир “Мана шу масалада бизга ҳам имконият бўлса” деган таклифини билдирди.
Айниқса, ногиронлиги бўлган ёшлар билан суҳбат менда катта таассурот қолдирди. Уларнинг орзуси, режаси, ҳаракати бор. Фақат баъзи ҳолларда уларга бошқалардан кўра кўпроқ имконият ва қўллаб-қувватлаш керак бўлади. Шунинг учун уларнинг фикрини эшитиб, кейин яна ўз ҳолига ташлаб қўйиш тўғри эмас.
Менимча, бугун ёшлар билан гаплашиб, эртага нима қилишимизни ўйлашимиз керак. Чунки ёш “менинг гапимни эшитишди” деб эмас, “менинг гапимдан кейин бирор иш ўзгарди” деб ҳис қилсагина мулоқотнинг қадрини сезади. Партиямиз фаолиятида ҳам шу тамойил устувор бўлиши керак — ёшни фақат тадбирга чақириш эмас, унинг ёнида туриш, ғоясига ишониш ва имкони борича амалий ёрдам бериш.
Янги ташаббуслар сари
Форумнинг яна бир муҳим жиҳати — ёшларнинг инновацион ғояларига алоҳида эътибор қаратилганидир. Бугун оддий кўринган бир ғоя эртага янги лойиҳа, янги иш ўрни ёки бошқалар учун ҳам фойдали ечимга айланиши мумкин. Шунинг учун ёшнинг “менда бир ғоя бор” деган сўзини эшитиш ва уни ривожлантиришга имконият бериш — ёшлар билан ишлашнинг энг муҳим вазифаларидан биридир.
12 та ёшлар лойиҳасининг тақдимоти форумнинг энг қизиқарли жараёнларидан бири бўлди. Ёшлар ўз ғояларини ўртага ташлаб, уларнинг мазмуни, амалий аҳамияти ва келгусида қандай натижа бериши мумкинлиги ҳақида фикр юритдилар. Бу жараёнда улар нафақат ўз лойиҳасини ҳимоя қилди, балки саволларга жавоб берди, бошқаларнинг фикрини эшитди ва ўз ғоясига бошқача назар билан қараш имконига эга бўлди.
Форумда ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва уларни партия ҳаётига жалб этиш борасидаги ишлар ҳам амалий натижа билан намоён бўлди.Тадбир давомида 35 нафар ёш Ўзбекистон Халқ демократик партияси сафига қабул қилинди.
Шунингдек, партия фаолиятида иштирок этиб, тенгдошларини фойдали ташаббуслар атрофида бирлаштириб келаётган, жамоатчилик ишлари ва ижтимоий лойиҳаларда фаоллик кўрсатаётган 30 нафар иқтидорли ва ташаббускор ёш тақдирланди. Уларга ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
Бу ерда гап фақат совға ёки ташаккурномада эмас. Ёшлар қилган меҳнати эътиборсиз қолмаганини ҳис қилиши ҳам муҳим. Бундай эътироф унинг ўз ишига бўлган ишончини мустаҳкамлаб, янги мақсадлар сари интилишига туртки беради.
Форум давомида “Ёшлар қаноти”нинг 20 нафар фаол ёшларини Тошкент шаҳрига илмий-маърифий саёҳатга олиб бориш ташаббуси илгари сурилди.
Форум иштирокчиларининг Ширин шаҳридаги Ёшлар марказида жойлашган кутубхонага ташрифи рамзий аҳамият касб этди. Бу ерда китобхонлар учун яратилган шароитлар, кутубхона имкониятлари ва китоб фонди билан танишилди. Ёшлар билан китобхонлик, мутолаа маданияти ва билим олишнинг аҳамияти ҳақида суҳбатлашилди.
“Истиқболли ёшлар” форумининг якуний қисми эса кўтаринки ва байрамона руҳда давом этди. Учрашувлар, суҳбатлар, лойиҳа тақдимотлари, янги танишувлар ва ғоялар билан бойиган тадбир иштирокчилар учун оддий бир форум эмас, ўз салоҳиятини кўрсатиш, янги тажрибаларни ўрганиш ва келажак режалари ҳақида яна бир бор ўйлаб кўриш имкони бўлди.
Кун давомида таълим, касб, бандлик, инновация, ижтимоий фаоллик ва ёшлар ташаббуслари ҳақида жиддий фикр алмашилди. Тадбирнинг сўнгги қисмида саҳнада куй-қўшиқлар янгради. Куй-қўшиқлар, санъаткорларнинг чиқишлари ва ёшларнинг фаол иштироки шаҳарга байрамона кайфият олиб кирди. Ёшлар бирга қўшиқ куйлади, рақсга тушди, дўстлари ва тенгдошлари билан қувончли лаҳзаларни баҳам кўрди.
Шу тариқа “Истиқболли ёшлар” форуми нафақат фикр ва таклифлар муҳокама қилинган, балки ёшларни бирлаштирган, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга хизмат қилган тадбир сифатида якунланди.
Бир кун давомида Ширин шаҳрида турли авлод ва турли соҳа вакиллари ёшлар атрофида бирлашди. Ишлаб чиқариш корхонасида меҳнат қилаётган ёш мутахассислар, техникум ўқувчилари, мактаб ўқувчилари, лойиҳа муаллифлари, фаол жамоатчи ёшлар, Ёшлар парламенти аъзолари ва партия фаоллари бир майдонда учрашди.
Ханна Утемуротова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талабаси:
– Мен учун бу форум жуда қизиқарли ва фойдали ўтди. Айниқса, биз, ёшларга ўз фикримизни эркин билдириш, таклиф ва ғояларимизни айтиш учун имконият берилгани айни муддао бўлди.
Форум давомида турли мавзуларда суҳбатлашилди, янги лойиҳалар билан танишдик. Бошқа ёшларнинг ғояларини эшитиб, ўзим учун ҳам кўп нарса олдим. Айниқса, замонавий касбларни ўрганиш, инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ва ёшларга яратилаётган имкониятлар ҳақидаги фикрлар менда катта қизиқиш уйғотди.
Форумда ўз тенгдошларимнинг фаоллигини кўриб, яна бир ҳақиқатни ҳис қилдим: ёшларга имконият берилса, улар албатта ҳаракат қилади ва яхши натижа кўрсата олади. Бунинг учун энг муҳими — қўллаб-қувватлаш ва ишонч.
Шундай тадбирлар кўпроқ ташкил этилса, ёшлар ўзларини жамиятнинг бир қисми сифатида янада теран ҳис қилади, янги ғоялар пайдо бўлади ва уларни амалга оширишга интилади. Мен ҳам бу форумдан кейин ўз олдимга янги мақсадлар қўйдим ва ўзим қизиққан йўналишда янада кўпроқ изланишга қарор қилдим.
Лазиза Шерова,
“Ўзбекистон овози” мухбири.
