Сиёсат

ЧЕКЛАШ ЭМАС, ТЕНГЛИК ЗАРУР

Blog Image
Email : 47 0

Давлат хизматига ишга киришда ҳар доим ҳам профессионаллик асосий ўринда турмайдиган, бошқа муҳим бўлмаган омиллар тарози палласини босиб кетадиган ҳолатлар ҳам бўлади. Тенглик, шаффофлик, очиқлик ўрнида таниш-билишчилик, маҳаллийчилик, коррупциявий ҳолатлар, қариндош-уруғчилик каби иллатлар давлат хизматини ривожлантиришга тушов бўлиб келди. 

Давлат хизматини чинакам халқни рози қиладиган тизимга айлантириш, бошқарувда натижадорлик ва сифатни ошириш мақсадида 2022 йилда «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида» қонун қабул қилинди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 11 июнь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қоидаларини амалга оширишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги  қонун лойиҳаси ҳам фуқароларни ишга қабул қилишни қонунга хилоф равишда рад этишни тақиқлаш, шунингдек, меҳнат ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ва меҳнат муносабатларида қўшимча кафолатлар яратиш мақсадларини назарда тутади.

Таъкидланганидек, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар изчил амалиётга татбиқ қилинмоқда. Хусусан, Асосий қонунимизнинг 28-моддасида “Шахснинг судланганлиги ва ундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклашга асос бўлиши мумкин эмас”, деган қоида бор.

Бироқ бугунги кунда жамиятимиз ҳаётида фуқаролар яқин қариндошида судланганлик ёки тугалланган судланганлик ҳолати мавжудлиги боис ишга кира олмаётгани билан боғлиқ вазиятлар ҳам тўла барҳам топган, дея олмаймиз. Инчунун, давлат хизматига бел боғлаган номзодни ишга қабул қилишни айни важ билан рад этиш амалиёти ҳамон мавжуд.

Юқорида келтирилган қонун лойиҳаси эса бундай ҳолатларга узил-кесил чек қўйиш, конституциявий нормаларнинг реал ҳаётда ишлашига эришиш, фуқароларни ишга қабул қилишни қонунга хилоф равишда рад этишни  таъқиқлаш, уларнинг меҳнатга оид ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ва меҳнат муносабатларида қўшимча кафолатларни яратишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. 

Хусусан, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддаси “қариндошининг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг давлат фуқаролик хизматига қабул қилинишидаги ва уни ўташдаги ҳуқуқлари чекланиши учун асос бўлиши мумкин эмас”, деган жумлалар билан тўлдирилмоқда.

Аҳмад Қурбонов,

“Ўзбекистон овози” мухбири