Сиёсат

ДАСТУРДАН НАТИЖАГА: халқ манфаатига қаратилган ислоҳотлар самараси

Blog Image
Email : 9 0

Сиёсатда энг оғир масъулият — ваъда бериш эмас, берилган ваъданинг ортидан боришдир. Шу боис сайловолди дастури қоғозга битилган мақсадлар мажмуи бўлиб қолмасдан, вақт ўтиши билан жамият ҳаётида ўзининг амалий ифодасини топиши керак.

Бугун Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг 2025–2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурига ана шу нуқтаи назардан қараш учун асос бор. Дастурда илгари сурилган қатор ташаббуслар мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар билан уйғунлашиб, қонунлар, қарорлар ва янги давлат механизмларида ўз аксини топмоқда.

Дастлабки икки йилдаёқ Сайловолди дастурида белгиланган айрим вазифаларнинг ҳуқуқий асоси яратилди, баъзилари амалиётга кирди, яна бир қисми эса босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ МАНЗИЛЛИ ЁРДАМДАН БОШЛАНАДИ

Халқ демократик партияси дастурининг муҳим йўналишларидан бири — ижтимоий ҳимоя тизимини янада такомиллаштириш, эҳтиёжманд аҳоли қатламларини аниқ белгилаш ва уларга кўрсатилаётган ёрдамнинг манзиллилигини таъминлашдир.

Кейинги йилларда бу борада янги ёндашув шаклланмоқда. Унга кўра, ижтимоий ёрдам умумий мезон асосид а эмас, оиланинг реал ижтимоий-иқтисодий ҳолатидан келиб чиқиб белгиланишига тобора кўпроқ эътибор қаратилмоқда.

2026 йил 1 февралдан “Ижтимоий реестр”ни юритиш тартибининг ўзгариши бу жараёндаги муҳим қадам бўлди. Унда оилаларнинг ижтимоий ҳолати баҳоланиб, давлат таъминотидаги, камбағал ва камбағаллик чегарасидаги оилалар алоҳида тоифалар сифатида шакллантирилмоқда. Бу эса ижтимоий хизмат ва ёрдамни муайян оиланинг эҳтиёжига мослаштириш имконини кенгайтиради.

Ижтимоий сиёсатда аниқ мезоннинг бўлиши принципиал аҳамиятга эга. Чунки кимга, қачон ва қандай ёрдам кераклигини аниқ билмасдан туриб, ҳақиқий манзилли ижтимоий ҳимояни таъминлаш қийин.

Бу ёндашув партия дастурида илгари сурилган “ижтимоий диагностика” ғоясига мазмунан уйғун механизм сифатида намоён бўлмоқда.

Ижтимоий ёрдам кўрсатиш жараёнларининг рақамлаштирилаётгани ҳам жуда муҳим. Оилалар ҳолатини электрон ба ҳолаш, маълумотларни идоралараро алмашиш, айрим ҳолларда қўшимча ариза талаб қилмасдан тўловларни давом эттириш, фуқарони реестрга киритиш ёки ундан чиқариш натижаси ҳақида SMS орқали хабар бериш каби механизмлар инсон омилини камайтириш ва хизматларни соддалаштиришда муҳим омил бўлаётир.

Дастурда алоҳида урғу берилган минимал истеъмол харажатлари масаласи ҳам амалиётда мустаҳкамланмоқда.

2026 йил учун бир киши ҳисобига ойлик минимал истеъмол харажатлари 715 минг сўм этиб белгиланди. Ушбу кўрсаткич камбағаллик чегарасини, эҳтиёжманд аҳоли гуруҳларини аниқлаш, ижтимоий ёрдам ва нафақаларни белгилашда мезон сифатида қўлланилмоқда.

Демак, партиянинг Сайловолди дастурида илгари сурилган “аҳолининг реал эҳтиёжини аниқлаш ва шунга қараб ижтимоий ёрдам кўрсатиш” ғояси тобора аниқ институционал механизмга айланмоқда.

ТЕНГ ҲУҚУҚ ВА ИМКОНИЯТЛАРНИ КЕНГАЙТИРИШ ЙЎЛИДА

Ижтимоий давлат тушунчасини фақат моддий ёрдам ёки имтиёзлар билан чеклаб бўлмайди. Инсоннинг таълим олиши, тиббий хизматдан фойдаланиши, муносиб меҳнат қилиши ва жамият ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун тенг имкониятлар яратилиши ҳам ижтимоий давлатнинг муҳим белгисидир.

Шу нуқтаи назардан, Халқ демократик партияси дастурида ногиронлиги бўлган шахслар ва ўзгалар парваришига муҳтож болаларнинг оилалари учун муносиб шароит яратиш, тўсиқсиз муҳитни шакллантириш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.

Бугун бу ғоялар ҳам амалий ислоҳотларда ўз ифодасини топмоқда.

Хусусан, “Мурувват” уйларини босқичма-босқич “Ғамхўрлик” марказларига трансформация қилиш, эрта аралашув, кундузги қатнов, уйда парваришлаш, “Мадад” уйлари ҳамда “Ижтимоий таътил” каби янги хизматларни жорий этишга киришилди. Парвариш билан банд бўлган қонуний вакилларга ҳар ойлик нафақа тўланаётгани эса бундай оилалар учун муҳим молиявий ва ижтимоий кўмак бўлмоқда.

Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни инклюзив таълимга жалб этиш ишлари ҳам такомиллаштирилмоқда. 2025 йилда қабул қилинган қарорлар билан инклюзив синфларда таълим олаётган болалар учун қўшимча машғулотлар ташкил этиш, махсус педагоглар ва ассистент-ўқитувчилар фаолиятини йўлга қўйиш, педагогларни рағбатлантириш механизмлари янада аниқлаштирилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил декабрда қабул қилинган 818-сон қарори билан алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга сифатли таълим бериш, уларни жамиятга интеграция қилиш ва индивидуал ривожланишини қўллаб-қувватлаш бўйича янги чоралар белгиланди. Жумладан, инклюзив синфларда таълим олаётган ногиронлиги бўлган ўқувчилар учун қўшимча фан, касб ва коррекцион машғулотларни йўлга қўйиш назарда тутилди.

Шунингдек, 2026 йилда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни аниқлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларни оила муҳитида тарбиялаш учун зарур шарт-шароитларни яратишга қаратилган қонун қабул қилинди.

Буларнинг барчаси ижтимоий ҳимоя тизими моддий ёрдам билан чекланиб қолмасдан, инсоннинг ҳаёт шароити, ҳуқуқлари ва келажагини қамраб олувчи комплекс ёндашувга ўтаётганини кўрсатади.

Шу билан бирга, жамоат жойлари, жамоат транспорти ва шаҳар инфратузилмасида тўсиқсиз муҳит яратилиши устидан назоратни кучайтириш масаласи ҳам долзарб бўлиб қолмоқда.

ИЛМ-ФАН ВА ИНТЕЛЛЕКТУАЛ САЛОҲИЯТ

Бугун дунёда давлатларнинг рақобатбардошлиги нафақат табиий бойликлар, балки илм-фан, технология ва интеллектуал салоҳият билан ҳам белгиланмоқда. Шу маънода, илмга яратилган ҳар бир имконият — келажакка киритилган инвестициядир.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўз Сайловолди дастурида илмий тадқиқотчиларни ортиқча бюрократик тўсиқлардан халос этиш, олий таълимдан кейинги таълим тизимини такомиллаштириш ва илмий кадрлар тайёрлаш жараёнини замонавий талаблар асосида ташкил этиш вазифасини илгари сурган эди.

Бугун бу дастурий ғоялар амалий мазмун касб этмоқда. 2026 йил май ойида қабул қилинган Президент фармони билан илмий кадрларни тайёрлаш ва аттестация қилиш тизимида туб ўзгаришлар белгиланди.

2027 йилдан бошлаб автореферат чоп этиш каби ортиқча талаблар бекор қилиниши, “амалиётга жорий этилди” каби маълумотнома ва далолатномаларни йиғиш билан боғлиқ бюрократик жараёнларни қисқартириш, илмий ишни тақдим этишдан ҳимоягача бўлган жараёнларни ягона электрон тизимга ўтказиш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, илмий даража дипломини Давлат хизматлари маркази ёки my.gov.uz портали орқали олиш имконияти яратилади. Илмий кенгашлар рейтинги очиқ эълон қилиниб, ягона онлайн реестр шакллантирилади.

Бу ўзгаришларнинг аҳамияти шундаки, олимнинг вақти қоғозбозликка эмас, илмий изланишга сарфланиши учун шароит яратилади. Тадқиқотчининг фаолияти ортиқча маълумотномалар сони билан эмас, унинг илмий натижаси ва жамиятга қўшаётган ҳиссаси билан баҳоланиши учун замин яратади.

Бу — партия дастурида илгари сурилган ғояларнинг ҳаётдаги амалий ифодасидир.

ИНСОН ФАРОВОНЛИГИНИ КАФОЛАТЛАШ МЕХАНИЗМЛАРИ

Инсон фаровонлиги ҳақида гап кетганда, унинг бошпанаси, коммунал шароити, тоза суви ва тиббий хизматидан тортиб, мулкий манфаатларигача бўлган масалаларни қамраб олиш зарур.

Халқ демократик партияси дастурида ҳам ана шу ҳаётий эҳтиёжларга алоҳида ўрин берилган.

Уй-жой соҳасида фуқароларнинг қурилишга киритган маблағларини ҳимоя қилишга қаратилган “эскроу” механизмининг жорий этилиши шу жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга.

2026 йил 1 январдан қурилишга улушдорлар маблағларини жалб қилиш фақат “эскроу” ҳисобварақлари орқали амалга оширилиши белгиланди.

Мазкур тизимнинг моҳияти оддий: уй-жой учун маблағ тўлаётган фуқаронинг пули қурилиш жараёнида ҳимояланган бўлиши керак. Бу эса уй-жой харидори ва қурилиш ташкилоти ўртасидаги муносабатларда фуқаро манфаатларини кучайтиришга қаратилган.

Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишга қаратилган партия ташаббусларидан бири — Сув кодексини қабул қилиш масаласи ҳам ўзининг амалий ифодасини топди.

2025 йил 30 июлда Ўзбекистон Республикасининг Сув кодекси тасдиқланиб, 31 октябрдан кучга кирди.

Тиббиёт соҳасида эса аҳоли учун кафолатланган тиббий ёрдам ҳажмини аниқлаштириш, электрон тизимларни кенгайтириш ва дори воситалари нархини назорат қилишга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда.

ТАЛАБА ТАШВИШИ, МИГРАНТ МУАММОСИ — БУ ҲАМ ДОЛЗАРБ

Бугун ижтимоий сиёсатнинг янги манзиллари пайдо бўлмоқда. Шулардан бири — талабаларнинг турар жойи ва ижара масаласидир.

Талабалар турар жойларини давлат-хусусий шериклик асосида кўпайтириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлаш каби механизмлар шу нуқтаи назардан муҳим аҳамият касб этади.

Асосий мезон талабанинг оилавий иқтисодий имконияти унинг билим олиш ҳуқуқига тўсиқ бўлмаслиги керак. Меҳнат миграцияси билан боғлиқ ўзгаришлар ҳам ижтимоий сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2025 йил 22 апрелда қабул қилинган 252-сон қарор билан хорижда меҳнат қилаётган ва меҳнат қилиш учун кетаётган фуқароларга субсидия, компенсация, микрокредит ва таълим кредитлари ажратиш тартиби белгиланди.

Бу ёндашув меҳнат миграциясини шунчаки “хорижга чиқиб ишлаш” масаласи сифатида эмас, инсоннинг меҳнат ҳуқуқлари, касбий тайёргарлиги, хавфсизлиги ва ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ комплекс жараён сифатида кўришга имкон беради.

ҲАР БИР ҒОЯНИНГ ЎЗ ЎРНИ БОР

Дастур ижроси ҳақида сўз юритганда, уни қонунлар ва қарорлар рўйхати билан ўлчаб бўлмайди. Чунки ҳар бирдастурий таклиф ортида муайян инсон, муайян оила ва муайян ҳаётий муаммо турибди.

Масалан, Ижтимоий реестр ортида — давлат ёрдамига муҳтож оила бўлса, инклюзив таълим ва «Ғамхўрлик» марказлари ортида — тенг имконият ва муносиб шароитга муҳтож бола ҳамда унинг оиласи тақдири ётибди.

Илм-фандаги ислоҳотлар ортида — ортиқча бюрократик тўсиқлардан халос бўлиб, янги илмий натижа яратишни истаган олим ва тадқиқотчи манфаати мужассам бўлса, талабалар турар жойи ортида оиласидан узоқда таълим олаётган ёшлар ташвишини кўрамиз.

«Эскроу» масаласи ортида — уй-жойли бўлиш учун йиллар давомида маблағ тўплаган фуқаронинг манфаати турган бўлса, меҳнат миграцияси ортида эса оиласи фаровонлиги учун хорижда меҳнат қилаётган инсон ва унинг яқинлари тақдири бор.

Шунинг учун дастур ижросининг асосий мезонини “Нечта банд бажарилди?” деган саволдан излаш тўғри эмас.

Биз учун асосий мезон амалга оширилган ўзгариш инсон ҳаётини қай даражада енгиллаштирди, унинг ҳуқуқ ва имкониятларини қай даражада кенгайтирди, деган тамойилга қаратилган.

ЭНДИГИ МАСАЛА — ЭЗГУ ЎЗГАРИШЛАРНИ ҲУДУДЛАРГА ЕТКАЗИШ

Беш йиллик дастур ижросининг дастлабки даврида кўплаб дастурий ташаббуслар давлат сиёсати ва қонунчиликда ўз ифодасини топмоқда. Аммо қонун ёки фармон қабул қилиниши жараённинг якуни эмас. Аксинча, инсон ҳаётида сезиладиган натижани таъминлашнинг янги босқичи шундан кейин бошланади.

Эндиги масала — қабул қилинган қарорлар мазмунини ҳар бир ҳудудга, ҳар бир маҳаллага ва энг муҳими, ҳар бир эҳтиёжманд инсонга етказишдан иборат.

Ижтимоий давлат ғояси ҳужжатларда қолиб кетмаслиги, у инсоннинг кундалик ҳаётида сезилиши керак. Манзилли ёрдам ҳақиқатан ҳам муҳтож оилага етиб борса, инклюзив таълим болага янги имконият очса, олим бюрократиядан холи муҳитда изланиш олиб борса, талаба муносиб турар жойга эга бўлса, уй-жой харидорининг маблағи ҳимоя қилинса — ана шунда ислоҳотнинг ҳақиқий самараси намоён бўлади.

Шу маънода, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг 2025–2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастури ижроси бугунги бажарилган ишлар сарҳисобидан кўра кенгроқ мазмунга эга. У давлат сиёсатида инсон манфаатига қаратилган ёндашувларни янада кучайтириш, мавжуд механизмларни такомиллаштириш ва уларнинг натижадорлигини ошириш учун аниқ вазифаларни белгилаб бермоқда.

Сиёсий дастурнинг ҳақиқий қиймати унда қанча банд ёзилгани билан эмас, унинг қанча инсон ҳаётида амалий ўзгаришга айлангани билан ўлчанади.

Шунинг учун олдимизда турган бугунги вазифа – ғояни қарорга, қарорни амалга, амални эса инсон манфаатига хизмат қиладиган натижага айлантиришдир.

Зеро, халқпарвар сиёсатнинг бош мезони ҳам, бош мақсади ҳам — инсон фаровонлигини таъминлашдир.

Аброр Қурбонов,
ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари.