Сиёсат

Қонун лойиҳалари қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди

Blog Image
Email : 5 0

Ҳафта бошланиши билан депутатлар учун ҳам иш жараёни қизғин тус олади. Қонунчилик палатасида кун тартибига киритилган масалалар, янги қонун лойиҳалари ва аҳоли манфаатларига дахлдор ташаббуслар муҳокама майдонига чиқади. Партия фракциялари эса бу жараёнда ўз ёндашув ва таклифлари билан иштирок этади. Бу ҳафта ҳам истисно эмас.

Одатдагидек, душанба куни ЎзХДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди. Депутатларимиз кун тартибидаги қонун лойиҳаларини муҳокама қилиб, уларнинг мазмун моҳияти ва амалиётдаги аҳамиятига тўхталди. Йиғилиш давомида турли таклиф ва мулоҳазалар ўртага ташланди. Шу тариқа парламентдаги ҳафта боши бу сафар ҳам мазмунли муҳокамаларга бой бўлди.

Дастлаб миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилотининг Санитария ва фитосанитария чораларини қўллаш бўйича Битимига мувофиқлаштириш, интеллектуал мулкни ҳуқуқий муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Фракция аъзолари лойиҳаларни кўриб чиқиш давомида Ўзбекистон Халқ демократик партияси электорати манфаатлари ва фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тадбиркорлик субъектлари учун тенг ва адолатли шароит яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратишди.

Хусусан, интеллектуал мулкни ҳуқуқий муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.

Ташаббускорлар томонидан саноат мулки ва муаллифлик ҳуқуқи соҳасидаги айрим қоидаларни халқаро амалиёт ва шартнома эркинлиги тамойилларига мувофиқлаштириш зарурати юзага келаётгани таъкидланди. Шу боис, тадбиркорлар ва инвесторлар учун қулай ҳуқуқий муҳит яратиш, хизмат асарларига бўлган мулкий ҳуқуқларнинг 10 йил ўтгач автоматик равишда муаллифга ўтишига оид қоидани бекор қилиш, бу масалани томонларнинг келишуви асосида белгилаш таклиф этилмоқда.

Қонун лойиҳасида, энг аввало, хизмат асарларига нисбатан мулкий ҳуқуқларни тартибга солувчи нормаларни такомиллаштириш кўзда тутилган. Шу билан бирга, интеллектуал мулк объектлари бўйича давлат экспертизаси натижалари юзасидан қабул қилинган қарорлардан норози бўлган шахсларга Апелляция кенгашига мурожаат этиш билан бир қаторда, мазкур қарорлар устидан бевосита судга шикоят қилиш имкониятини бериш таклиф этилмоқда.

Депутатлар фикрича, хизмат асарларига бўлган мулкий ҳуқуқларни белгилашда томонларнинг келишуви устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда, ходимнинг меҳнати натижасида яратилган интеллектуал маҳсулотга нисбатан унинг ҳуқуқ ва манфаатлари кафолатланиши масаласи ҳам эътибордан четда қолмаслиги зарур. Чунки ходим томонидан яратилган ҳар қандай интеллектуал маҳсулот, аввало, унинг меҳнати, билими ва тажрибасининг натижасидир.

Жараёнда фракция аъзолари бир қатор саволлар билан ташаббускорларга юзланди.

Жумладан, депутат Зокиржон Зоҳидов интеллектуал мулк эгалари томонидан патент олиш учун қилинган мурожаатларнинг рад этилиш сабабларини апелляция шикояти кўриб чиқилгунига қадар очиқлашга нималар тўсқинлик қилиши, шу билан бирга, экспертларнинг қайси мезонлар асосида жалб этилишига қизиқди.

Фракция аъзоси Анвархон Темиров интеллектуал мулк эгалари патент бўйича давлат божини тўламаслик сабаблари таҳлилига эътибор берган бўлса, фракциянинг яна бир аъзоси Фирдавс Шарипов нега қонун лойиҳаси билан патентларни ўз кучида сақлаш учун белгиланган божларни беш йиллик давр учун олдиндан тўлаш имконияти яратилаётганига изоҳ сўради.

Ташаббускорлар саволларга изоҳ ва тушунтиришларини берди. Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватланди.

Шунингдек, депутатлар Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирига чет эл инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш жараёнларини мониторинг қилиш, инвестициявий самарадорликни баҳолаш ва инвесторлар билан ишлаш механизмларини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида парламент сўровини юборишни маъқуллашди.

Якунда кун тартибидаги масалалар бўйича Халқ демократик партияси электорати манфаатлари ҳамда партия дастурий ғояларидан келиб чиқиб тегишли қарорлар қабул қилинди.

Лазиза Шерова,
“Ўзбекистон овози” мухбири.