Uncategorized

Қадриятимиз қайси бекатда тушиб қолди?

Blog Image
Email : 9 0

Тошкент метроси. Одам гавжум. Навбатдаги бекатдан ёши етмишларга борган, ҳасса тутган отахон киради. Кейингисидан эса қўлида оғир сумкаси бор онахон… Вагон ўриндиқлари тўла. Ўтирганларнинг аксарияти эндигина ўн саккиз-йигирма ёшларни қоралаган, кучга тўлган навқирон йигит-қизлар. Қулоқларида қулоқчин, кўзлари смартфон экранига михланган. Кимдир “Pubg” ўйнаяпти, кимдир ижтимоий тармоқларда лентани варақлаяпти. Яна кимдир эса кексалар кирганини кўриши биланоқ секин кўзларини юмиб, ўзини мудраётганга солиб олади.

Отахон индамайди, темир устунга суяниб, оғир хўрсиниб қўяди. Онахон индамайди, юкларини жимгина манзилигича кўтариб, бошини оҳиста ирғаб боради…

Метро карнайидан эса шу сўзлар қайта-қайта бонг уради: “Илтимос, ёши катта, ногирон ва ёш болали кишиларга жой беринг!”

Айримлари ўрнидан туриб жой беради, аксарияти эса туки ҳам қимирламай, ўтириб кетишда давом этади. Юридик нуқтаи назардан олиб қарасак, ҳаммаси жойида. Улар ҳам йўлкира тўлаган, уларнинг ҳам ўтиришга, ўз манзилига қулай етиб олишга тўла ҳаққи бор. “Талаба бошимга керак бўлса оширилган 2500 сўмини ҳам тўлаб қўйдим” дейдиганлар ҳам учрайди. Ҳеч қайси кодексда “Ёши улуғлар кирганда жой бўшатилсин, акс ҳолда маъмурий жавобгарликка тортиласиз” деган модда йўқ. Ҳақиқатан ҳам, қонун уларга “Ўрнингдан тур!” демайди.

Аммо бизда қонундан-да қудратлироқ, асрлар давомида қон-қонимизга сингиб кетган, ҳеч бир қоғозга ёзилмаган “қонунлар”имиз бор! Уларнинг номи — меҳр-оқибат, андиша, катталарга ҳурмат деб аталади. Шу ёзилмаган қоидаларимизни негадир бугунги ёш авлоднинг кўпи ўзлаштирмаган бўлиб чиқяпти.

Катта авлод вакилларининг бугунги кунда “Бизнинг пайтимизда бундай эмас эди, ёшларга нима бўляпти ўзи?” деган ноласида жуда катта ва оғриқли ҳақиқат яширинган. Чиндан ҳам, бир пайтлар жамоат транспортига ёши улуғ инсон чиқса, ўтирган жойида худди “пружинаси” бор одамдек сапчиб туриб кетадиган ёшлар авлоди бор эди. “Катталар турганда боланинг ўтириши уят” деган тушунча гўдакликданоқ онгимизга қуйиларди.

Хўш, бугун нега бундай манзара тобора ноёб ҳодисага айланиб бормоқда? Аслида, бу бепарволикнинг илдизи қаерга бориб тақалади?

Эҳтимол, изланишни жамиятдан эмас, ўз хонадонимиздан бошлашимиз керакдир. Ахир, бугунги авлод — «ҳамма нарса муҳайё қилинган» даврнинг болалари. Катталар “Биз кўрган қийинчиликларни фарзандимиз кўрмасин”, деб уларни ҳаддан ташқари асраб-авайлаб ўстиргани бор гап. Яна уларнинг қўлига энг сўнгги русумдаги гаджетни тутқазиб, хонасига телевизор ўрнатиб беришган, аммо йиқилганда бировга суянчиқ бўлишни, ўзидан заифроққа ёки кексага елка тутишни ўргатишга вақтлари етмагандир. Эрталабдан кечгача пул топиш дардида бўлган ота-она боласи билан дилдан суҳбатлашиш ўрнига, уни планшет билан овутишни афзал билгандир. Таассуфки, бу каби болалар ҳақиқатан шу жар ёқасига етгач, тафаккурида фақат “Мен” деган тушунча… “Бошқалар” деган тушунча эса смартфон экранидан ташқарида қолиб кетган.

Яна бошқа ракурсдан қарасак-чи? Ўша вагон ўриндиғида кўзини телефонга қадаб олган йигитнинг миясидан нима ўтяпти ўзи? Фикримизча, қулоқчинни тақиб олган бола аслида реал дунёдан узилган, унинг виртуал оламида ҳамма нарса чиройли, унда қариялар, хасталар, ёрдамга муҳтожлар йўқ. Телефон экранидаги ранг-баранг ва тезкор глобал янгиликлар олдида тепасида ҳассага суяниб турган отахон унинг учун шунчаки ҳиссиз бир фон, холос. Афсуски, бугун биз ёшларда “эмоционал карлик” – ўзганинг ҳолатини ҳис қилмаслик, ҳамдардлик ҳиссининг йўқолиб бориши кузатилаётганига гувоҳ бўляпмиз. “Менинг ҳуқуқим” деган замонавий тушунчани зўр ёдлаб олган баъзи ёшларимиз, “Менинг бурчим” деган азалий қадриятни унутиб қўйишди.

Балки, кимдир уларни оқлаб: “Ҳозирги ёшлар ҳам чарчайди, репетитор, ўқиш, ишдан толиқиб қайтишади”, дея сабаб келтирар. Тушунамиз. Тунги сменада ишлаб, вагоннинг бир бурчагида мудраб кетаётган талабани ҳам тушуниш мумкиндир. Лекин юзидаги ажинлари ҳаётнинг қанчадан-қанча синовларидан, машаққатларидан сўзлаётган отахон тепангизда зўрға чайқалиб турганда, йигитлик ғурури ёки ўзбекона нафсоният қандай қилиб қулай ўриндиқда хотиржам ўтиришга йўл қўяди? Ахир, сенинг вужудингдаги ёшлик ва куч-қувват олдида бир неча дақиқа тик туриш ҳеч нарса эмас-ку!

Гапнинг индаллосига ўтсак, катталарга жой бериш – бу ўзидан олдинги авлод босиб ўтган машаққатли йўлга, уларнинг меҳнатига кўрсатилган эҳтиром рамзи. Бу ўзингнинг кимлигингни, қайси миллат, қандай қадрият эгаси эканлигингни билдиришнинг энг оддий усулидир.

Ёшлик – ўткинчи. Бугун қулоқчин тақиб, ўзини ўтиришга энг ҳақли деб билаётган йигит-қизлар ҳам қачондир йилларнинг юкидан қадди эгилган, сочига оқ тушган қарияга айланади. Кун келиб уларнинг ҳам мадори қурийди, транспортда таянч излаб қолади. Ўшанда уларнинг қошида ўзидан-да бепарвороқ ёшлар ўтирган бўлади. Ҳаётнинг қайтар дунё эканлиги айнан шундай оддий бекатларда намоён бўлаётгандек…

Жамоат транспорти – бу шунчаки манзилга элтувчи восита эмас. У – жамиятнинг кичик бир модели, унинг маънавий қиёфасини, оилавий тарбияни кўрсатиб берувчи очиқ-ойдин ойна.

Ва бу ойнага қараб, баъзан юзимиз қизаради…

Азим АХТАМОВ,
“Ўзбекистон овози” мухбири.