Ўтган ҳафтада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, хусусан, партиямиз фракцияси аъзолари ҳудудларга чиқиб, сайловчилар билан очиқ ва жонли мулоқотлар ўтказди. Учрашувлар давомида фуқароларнинг мурожаатлари, таклиф ва ташаббуслари бевосита ўрганилиб, аҳолини кундалик ҳаётда қийнаётган муаммоларга алоҳида эътибор қаратилди.
Мулоқотлар жараёнида Қонунчилик палатасининг қонун ижодкорлиги, парламент назорати ва таҳлил фаолияти, қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳияти ҳамда уларнинг аҳоли ҳаётидаги аҳамияти ҳақида кенг маълумотлар берилди. Шу билан бирга, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, кундалик ҳаётда дуч келаётган ҳуқуқий масалалар бўйича зарур тушунтириш ва амалий маслаҳатлар бериш ҳам назардан четда қолмади.
Даштободда ижтимоий соҳа объектлари ўрганилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Муқаддас Ўразалиева Жиззах вилояти Зомин тумани Даштобод шаҳарчасидаги 11-сонли мактабгача таълим ташкилотининг моддий-техника базаси ва тарбияланувчилар учун яратилган шарт-шароитлар, шунингдек, мазкур ҳудудда жойлашган спорт мажмуасига штат бирликлари ажратилиши бўйича мурожаатни жойига чиққан ҳолда ўрганди.
Ўрганишлар давомида мактабгача таълим ташкилоти биносининг мавжуд ҳолатини яхшилаш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш ва тарбияланувчилар учун янада қулайлик яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Маълум бўлишича, шаҳарчада 2024 йилда ихтисослаштирилган таэквондо WT маркази сифатида ташкил этилган спорт мажмуасида болалар учун барча имкониятлар мавжуд бўлса-да, уни тўлиқ қувватда ишлатиш учун зарур штат бирликлари етишмаган. Бу эса ўз навбатида машғулотларни сифатли ташкил этиш ва мажмуа имкониятларидан тўлиқ фойдаланишга тўсқинлик қилаётган эди.
Мазкур масала депутатимиз томонидан назоратга олиниб, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда муҳокама қилинди. Натижада спорт мажмуасининг тўлақонли фаолиятини таъминлаш учун 7 та штат бирлиги ажратилишига эришилди.
– Ҳар бир мурожаат ортида сайловчини ўйлантираётган муаммо ва натижадан умидворлик бор, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Муқаддас Ўразалиева. – Шунинг учун депутат сифатида мурожаатни эшитишнинг ўзи етарли эмас, унинг ечимигача бориш керак. Бу масалада тегишли ташкилотлар билан биргаликда иш олиб бордик. 7 та штат бирлигининг ажратилиши спорт мажмуасининг тўлиқ ишлаши учун муҳим қадам бўлди. Энг қувонарлиси, бу қарордан 200 нафардан ортиқ бола манфаат кўради. Болаларнинг спорт билан шуғулланиши, ўз истеъдодини ривожлантириши учун қандай имконият бўлмасин, ундан самарали фойдаланишимиз керак.
Навбатдаги манзил – Кўкдала
Ҳудуддаги ҳақиқий ҳолатни билиш учун мутасаддилардан олинган рақамлар ва ҳисоботнинг ўзи етарли эмас. Бунинг учун одамлар билан учрашиш, уларнинг дардини эшитиш, муаммони жойига бориб кўриш керак. Чунки халқни ўйлантираётган масалаларнинг асл моҳияти жойида аниқ ва яққол кўринади.
Шу мақсадда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Шарофиддин Назаров Қашқадарё вилояти Кўкдала туманида бўлди. Депутат бу ердаги туғуруқ мажмуаси ва 1-сонли техникумда сайловчилар билан учрашувлар ўтказди. Туман IТ-парк марказида эса ёшлар билан очиқ мулоқот қилиб, уларнинг фикр ва таклифларини тинглади.
Учрашувларда партия фракцияси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилган ҳамда қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича тушунтиришлар берилди. Шунингдек, коррупциявий омилларни бартараф этиш, қонун устуворлигини таъминлаш ва жамиятда жазо муқаррарлиги тамойилини кучайтириш масалалари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Депутатнинг ҳудудга ташрифи фақат учрашувлар билан чекланиб қолмади. 1-сонли техникумда янги ўқув устахонасининг қурилиш жараёни ҳам жойига чиққан ҳолда ўрганилди. Масъуллар билан объектнинг белгиланган лойиҳа асосида, сифатли ва ўз вақтида фойдаланишга топширилиши юзасидан фикр алмашилди.
Депутат таъкидлаганидек, ажратилаётган маблағнинг ҳар бир сўми, қурилаётган ҳар бир объект охир-оқибат инсонга хизмат қилиши керак. Шу нуқтаи назардан, бундай объектлар устидан жамоатчилик ва депутатлик назоратини кучайтириш натижанинг сифатли ва самарали бўлишини таъминлайдиган муҳим омилдир.
Аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, объектдаги қурилиш ишларини белгиланган муддатда ва сифатли якунлаш бўйича масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди. Энг муҳими, ишлар фақат қоғозда эмас, амалда натижа бериши, яратилган шароитлар сайловчилар ва ёшлар манфаатига хизмат қилиши учун мазкур йўналишдаги ишлар депутатлик назорати остида изчил давом эттирилиши таъкидланди.
Олтиариқда бандлик ва инклюзив таълим масалалари таҳлил қилинди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шокиржон Аҳмедов маҳаллий Кенгаш депутатлари билан биргаликда Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида бўлиб, барқарор иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича ташкил этилган штаб фаолиятини ўрганди.
Ўрганиш жараёнида “Ижтимоий реестр”га киритилган оилалар ва ишсиз фуқаролар билан манзилли ишлаш, уларни даромадли меҳнатга жалб этиш ҳамда оилаларни камбағалликдан чиқариш бўйича индивидуал режалар ижроси муҳокама қилинди.
Хусусан, тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш, ажратилаётган кредит, субсидия ва бошқа молиявий кўмаклар ҳисобига қанча фуқаро доимий даромад манбаига эга бўлаётгани, яратилган иш ўринларининг барқарорлиги ва амалга оширилаётган лойиҳаларнинг амалий самараси таҳлил қилинди. Чунки берилган кредит ёки ажратилган маблағнинг ўзи натижа эмас. Асосий натижа — инсоннинг доимий даромадга эга бўлиши, оиланинг иқтисодий аҳволи яхшиланиши ва одам ўз меҳнати билан муносиб ҳаёт кечириш имкониятидир.
Туман маҳаллалари кесимида “маҳалла еттилиги” томонидан эҳтиёжманд оилалар билан ишлаш, меҳнат миграциясидаги фуқаролар оилаларининг ҳолати, ишсиз аҳолини даромадли меҳнатга жалб этиш ҳамда микро лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада ҳар бир оиланинг ҳолатидан келиб чиқиб ёндашиш, мавжуд имкониятларни ишга солиш ва бошланган ишларни якунига етказиш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати томонидан тумандаги 1-сонли умумтаълим мактабида инклюзив таълимни ривожлантириш учун яратилган шароитлар ҳам ўрганилди. Алоҳида таълим эҳтиёжларига эга болаларнинг сифатли билим олиши, мактаб биносида эркин ҳаракатланиши ва зарур шароитлардан фойдаланиши масалалари диққат марказида бўлди.
Мактабда пандус йўлаклари барпо этилгани, алоҳида синф хонаси ва гигиена хонаси ташкил этилгани, шунингдек, инклюзив таълим учун зарур махсус жиҳозлар билан таъминлангани қайд этилди.
– Бундай шароитларнинг аҳамиятини фақат қурилган объект ёки ўрнатилган жиҳоз билан ўлчаб бўлмайди. Гап, аввало, алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган боланинг мактабга бемалол келиши, тенгдошлари билан бирга таълим олиши, ўзини жамиятдан четда эмас, балки унинг тўлақонли бир қисми сифатида ҳис қилиши ҳақида кетмоқда. Бу эса боланинг нафақат бугунги таълими, балки унинг эртанги ҳаёти учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Инклюзив таълимда асосий эътибор боланинг қобилиятини ривожлантириш ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилиши керак. Мактабда яратилган ҳар бир қулайлик, ҳар бир махсус жиҳоз ва шароит болага билим олиш, ўз истеъдодини намоён этиш ва келажакда мустақил ҳаётга тайёрланиш имконини берса, ана шунда уларнинг ҳақиқий самараси намоён бўлади, – дейди депутат.
***
Партиямиз фракцияси аъзолари бўлган бошқа депутатлар ҳам ҳудудларда сайловчилар билан очиқ мулоқотлар ўтказиб, аҳолини ўйлантираётган масалаларни жойида ўрганди. Билдирилган таклиф ва мурожаатларнинг ҳар бири депутатлар томонидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ечимини топиш ва ижросини назорат қилиш учун эътиборга олинди.
Одамлар билан учрашувларнинг энг муҳим натижаси — кўтарилган масалалар рўйхати эмас, уларнинг ортидаги инсонни кўра билишдир. Кимгадир иш керак, кимгадир ўз бизнесини бошлаш учун имконият, яна кимгадир фарзанди учун муносиб таълим шароити — талаблар турлича, аммо мақсад битта: муносиб ҳаёт кечириш.
Депутатлик фаолияти ҳам айнан шу нуқтада маъно-мазмун касб этади.
Лазиза Шерова,
“Ўзбекистон овози” мухбири.
